“Порахўрликни тугатиш чора-тадбирлари” деган илмий анжуманда иштирок этишимга тўғри келди. Аслида бу йиғилишда идорамизнинг бошлиғи қатнашиши ва нутқ сўзлаши мўлжалланган экан. Муҳтарам зотимиз бетоб бўлиб қолганлари боис зерикарли машваратга бориш каминанинг чекига тушди. Масъул лавозимда ишлайман – йўқ деёлмадим.
Анжуман нуфузли ҳуқуқий идоранинг маҳобатли мажлислар залида бўлди. Унга анчайин жиддий бир муассасанинг раҳбари раислик қилди. Нотиқлар бири олиб, бири қўйиб, “ундоқ қилиш керак, бундоқ қилиш зарур”, дея юз йилдан бери айтиб келинаётган гапларни такрорлашди. Энсам қотди. Ҳаммаси эски гаплар: бири жазони кучайтириш керак, дейди, бошқаси маошларни кўпайтириш лозим, дейди. Агар шу чоралар билан порахўрликни йўқотиш мумкин бўлганида, у иллатдан бир аср олдин қутилар эдик.
– Булар бари – сафсата.. ришватхўрликка барҳам бериш учун каллани ишлатиб, мутлақо янгича, ўзига хос чоралар қўллаш керак, – деб луқма ташладим мен ўтирган жойимда.
Гапим мажлис раисига малол келди.
– Агар сизнинг каллангиз шу ерда иштирок этаётганларникидан зўр бўлса, чиқинг мана бу ерга, бизга йўл-йўриқ кўрсатинг, – деди таҳдидли товушда. – Қани марҳамат! Таклифларни айтинг!
Бир хаёлим: “Менда ҳеч қанақа таклиф йўқ, шунчаки ҳазиллашмоқчи эдим”, деб қутулмоқчи бўлдим. Қарасам раис жаноблари каминага ўта нописандлик ва нафрат билан масхараомуз тикилиб турибди. Авзоидан мени минбарга чиқариб кулги қилмоқчи. Агар кулги бўлишни истамасдан жаҳлини чиқарсам: “Нима, сен бизнинг тартибот идоралари бу иллатга қарши олиб борилаётган курашда эришилаётган муваффақиятларларни радду инкор этмоқчимисан?” дея сазойи қилишни, ҳатто “бу одам порхўрликни ҳимоя қиляпти”, дея ошкора айб қўйиб, устимдан иш қўзғатиб юбориши ҳам мумкин. “Кел майли, шу зоти киромининг сазаси ўлмасин, ҳажв бўлсам бўлақолай”, деган фикрда саҳнага кўтарилдим.
– Хўш, айтинг, нима қилайлик? Қулоғимиз сизда! – деди раис жаноблари йиллик маошини емай-ичмай тўплаган чоғда ҳам ақалли ярим нархига етмайдиган швейцарча “Ролекс” тилла соати тақилган қўли билан бўйинбоғига қадалган бриллиант тўғнағичини оҳиста тўғирлаб қўяр экан. Камина бир пайтлар ўқишга киролмай икки йилча тилла магазинда шогирдлик қилганим учун қимматбаҳо зеб-зийнатларнинг унча-мунча фарқига борадиган бўлиб қолгандим. Шу боис раис ҳазратларининг енгига қадалган ажнабийча олмос кўзли олтин илматугма ҳам назаримдан четда қолмади.
– Порхўрликка қонунан рухсат бериш керак! – дедим мен афтимга иложи борича жиддий тус бериб.
Зал бир қалқиб тушди. Раис жаноблари бақрайиб қолди.
– Нима? Ўйлаб гапиряпсизми? – деди бир лаҳзалик саросимадан сўнг. Бу нима деганингиз?
– Мен… таклифимни айтаяпман. Уни қабул қилиш-қилмаслик – Сизларнинг ишингиз. Агар рухсат этсангиз, таклифимни мантиқан асослаб беришим мумкин.
– Ўчиринг овозингизни! Ақлдан озиб қолганга ўхшайсиз. Ҳеч бир замонда, ҳеч бир мамлакатда порахўрликка қонунан рухсат берилганми? Бу қанақа бемаънигарчилик! – деди жаҳл билан раис. – Боринг, ўтиринг жойингизга! Сиз билан… кейин гаплашамиз.
Залда ғала-ғовур бошланди. Кимдир кулди, кимдир сўкинди. Кимдир кафтларини бир-бирига ишқалаб паст овозда: “О-о қанийди шу кунларга етсак”, деб қўйганини ҳам илғаб қолдим. Ногаҳон энг охирги қатордан ўктам бир овоз эшитилди:
– Ҳамонки, минбарга чиқибди, гапини охиригача айтсин-да, ахир бизда сўз эркинлиги қонунан мустаҳкамлаб қўйилган-ку, – деди.
Раис иккиланди.
– Нима қиламиз, гапираверсинми? – деб сўради залга қараб.
– Майли, гапирсин-чи, яна нималар деб валдирар экан, – деди ҳайъатда ўтирган нуфузли мулозимлардан бири.
Камина унга миннатдорона разм солар эканман, ўзимизнинг пул билан ҳисоблаганда бир неча ўн миллион турувчи олтин кўзойнаги, Париждаги “Армани” модалар уйида тикилган энг сўнгги русумдаги костюм-шими ва ҳатто Италиядан келган сахтиён чармли пойабзалига эътибор бердим.
– Майли, гапиринг. Хўш, қанақа қилиб… қонунан рухсат бермоқчисиз порахўрликка? Ахир бу… жамиятни ичдан емирувчи, иқтисодиётни таназзулга элтувчи, инсонни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тубанлаштирувчи хавфли иллат-ку! – деди раис.
– Агар менинг таклифим амалга ошса бу… иллат жамиятни емирмайди, аксинча ривожлантиради, иқтисодиётни мустаҳкамлайди, мамлакат хазинасини тўлдиради.
– Ўҳ-ҳў, зўр-у! Хўш-хўш, – деди ҳайъатдаги менинг тилла кўзойнакли ҳимоячим.
– Ҳар бир амалдорга мансабининг даражасига қараб муайян миқдоргача пора олишга рухсат берилсин, – дедим мен. – Рухсат берилсингина эмас, пора олиш мажбурий вазифа қилиб қўйилсин. Бундан ташқари ҳар бир мансабдорга пора олиш бўйича ойлик, чораклик, ярим йиллик ва йиллик режалар белгилансин. Режани бажармаганлар етмаган пулни маошидан тўласин, йўқ, узр, уларга маош эмас олган пораларидан муайян фоизи улуш тариқасида ажратилсин. Режани бажармаса, улуш қисқартирилсин.
– Олинган поралар қаерга кетади? – деб сўради олдинги қаторда қўлини шимининг чўнтагидан чиқармай ўтирган яна бир пўрим амалдор.
– Давлат хазинасига-да, албатта, – дедим мен таклифим тобора кўпроқ кишини қизиқтираётганидан дадилланиб. – Ҳар куни кечқурун прокуратура ва инкассаторлик хизмати ходимлари холис гувоҳлар иштирокида ҳар бир амалдорнинг хизматхонасидаги темир сандиқни, столи ғаладонларини, чўнтакларини, пайпоқлари ичини, хуллас, пул яшириш мумкин бўлган барча тешикларни текшириб, кунлик йиғилган порани далолатнома асосида мусодара этиб, банкка топширишади.
– Ҳм-м-м, – деди раис негадир ранги-қути ўчиб. – Унақада… ҳа, майли, давом этаверинг-чи. Кейин нима бўлади?
Энди нима десамикан, дея саросималаниб турсам, “Порахўрликка катта режа-ю мажбуриятлар қўйиладиган бўлса… пора берувчиларга ҳам имконият ва имтиёзлар яратиш керак эмасмикан, акс ҳолда улар бунча порани қаердан топиб беришади?” – деб луқма ташлади олдинроқда ўтирган, кўринишидан банк хизматчиси экани сезилиб турган бир тепакал йигит.
– Балли! Долзарб муаммони дарҳол пайқабсиз. Аммо бунинг ҳам чораси бор. Банклар уларга “пора учун”, деб аталувчи кредитлар беришини йўлга қўйишади. Кредитга берилган пулларнинг рақамлари ёзиб олиниб, тегишли идораларга топширилади. Токи, берувчилар ҳам, олувчи жаноблар ҳам поралар миқдорини яширишга уринишмасин.
– Кредитни қанақа қилиб тўлашади улар? Қарзни узиш ҳам бор, ака!
– Ҳамонки олинган поралар мусодара этилиб, белгиланган йиллик фоизи билан банкка қайтариб топшириладиган бўлгач, пора берувчилар кредитларни тўлашдан озод этилади. Аксинча уларга банк томонидан муайян миқдорда мукофот ажратилади.
– Унақада… пора олишдан кўра пора бериш фойдалироқ бўлиб қолади-ку, – деди кўзойнак таққан олимнамо бир йигит. Пора берувчилар кескин кўпайиб кетмайдими?
– У томонидан хотиржам бўлаверинг, берувчи кўпайгани сари олувчи камайиб боради.
– Яъни?
– Чунки пора олишнинг мутлақо қизиғи қолмайди. Порахўрлар пора берувчилардан қочиб, яшириниб юришади. Оқибатда пора берувчилар банкдан олган кредитларини порага эмас, тадбиркорликка ва бошқа ҳалол, хайрли ишларга сарфлашга мажбур бўлишади. Сирасини айтсам, улар кредит оламан, деб банклар эшигида сарғайиб ўтиришмайди. Аксинча, банк ходимлари “илтимос, кредитни бизнинг банкдан олинг”, деб одамларнинг ортидан ялиниб, югуриб юришади. Ҳар куни ҳар бир тадбиркорнинг идораси эшиги ёнида ўнлаб банкларнинг вакиллари навбат кутиб ўтиришади.
– Бу одамнинг эси жойида эмас, – афтини буриштирди савол берган йигит. – Ҳеч замонда банк мижозга ялинганми? Нотўғри бу!
– Мавзудан четга чиқиб кетдингиз, асосий масалага қайтинг. Шундай қилиб… пора олиш, порахўрлик бутунлай йўқолиб кетса амалдорларнинг аҳволи нима кечади? Ахир… улар фақат маошнинг ўзига яшай олмасликлари тентакка ҳам аён-ку! – деган масхараомуз савол тушди орқа қаторнинг чеккароғида бошини эмас, бўйнини қисиб ўтирган кишидан. – Улар… пора олишмаса ўлиб қолишади-ку!
– Йўқ, уларнинг ўлиб қолишларига йўл қўйилмайди. Порахўрлигини бўйнига олиб, тавба-тазарру қилиб, ўз ихтиёри билан курсисини топширган амалдорларга “Боқувчисини йўқотганлиги учун” деган махсус нафақа берилади.
– Э-э, бу одам чиндан ҳам тентак бўлган, қанақа нафақа, нима ҳисобдан, – деди авзоидан ижтимоий таъминот соҳаси ходими экани сезилиб турган қилтириқ бир қора йигит. – Умр бўйи ҳалол меҳнат қилиб нафақага чиққанларга зўрға маблағ топиб, арзимаган пул беряпмиз-у, яна порахўрларни ҳам боқиш керакми?
– Сиз “берди”сини эшитмасдан шовқин солаётирсиз, биродар. Уларнинг нафақаси ўша мансабда бўлган пайтда олган ва давлат хазинасига топширган поралари эвазига тўланади.
– Бу гапингизда ҳеч қанақа мантиқ кўрмаётирман, – деди бўш келмасдан мубоҳис йигит. – Нима ҳисобдан берилганда ҳам шунча текинхўрни боқиш осон эмас. Менинг фикримча, уларни ишлатиш керак. Далага чиқиб ғўза чопиқ қилсин, жазирама офтобда бели майишиб, орқаси терлаб пахта терсин. Тўғрими, ўртоқлар?
– Фойдаси йўқ. Биринчидан, бел оғритмай, пора ҳисобига яшашга ўтганган текинхўрлар ҳеч қандай ишни ёлчитмайди. Иккинчидан, улар йил сайин, ой сайин камайиб боргани боис далага опчиқишнинг ҳожати қолмайди. Энг маъқули – турли касбдаги, турли мансабдаги порахўрлардан бир неча нусхасини сақлаб қолиб, экспонат сифатида фойдаланамиз. Токи, келгуси авлодлар ўтмишда “пора”, “порахўр”, деган гаплар бўлганини лоақал музейларда кўриб, эслаб, огоҳ бўлиб юришсин.
Бу гапимдан сўнг гулдурос қарсаклар янграшини кутган эдим. Аммо… надоматлар бўлғайким, раиснинг сўзсиз ишорасига биноан икки барваста йигит икки қўлтиғимдан олиб, оёғимни ерга теккизмай ташқарига опчиқиб кетишди. Машинага тиқиб, тикка руҳий касалликлар шифохонасига элтиб, анчайин муҳташам олтинчи палатага жойлаштириб кетишди.
Шундан бери мана, бир йил ўтди, ҳеч қанақа руҳий касал эмаслигимни, ўша мажлисда шўхлигим тутиб, шунчаки ҳазил қилмоқчи бўлганимни билдирмоқчи бўлиб бош врач номига ёзган аризамга биноан икки марта синчиклаб кўрикдан ўтказишди. Икки марта ҳам ҳайъат аъзоларига жинни эмаслигимни исботлаб беролмадим. Яқинда палатадошлардан биттаси:
– Аризаннинг қуруқ ўзини топширадими, жинни, ёнига озгина пора қўшиб берсанг-ку, аллақачонлар чиқиб кетардинг.
– Олармикан? Ахир бизда… порахўрлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган-ку, – дедим талмовсираб.
– Ие, хабаринг йўқми, яқинда пора олишга рухсат бериш тўғрисида қонун чиқди-ку, – деди кўзини лўқ қилиб ҳамдардим.
Ишонгим келмади. Жинни-да, бунинг ўзи нима-ю гапи нима. Аммо… каминанинг ҳалиги нуфузли машваратдаги гапим инобатга олингану чиндан ҳам шунақа қилинган бўлса-чи? Ҳар қалай… бу галги аризамга пича қистириб кўрай-чи, у ёғи нима бўларкин.
“Муштум” журнали, 2015 йил ноябрь сони