Қишлоғимиз адоғи қалин ажриқзорга туташиб кетган. Бахмалдек кўклаб ётган бу каттагина майдонда ҳар куни тонг саҳардан қишлоқ хонадонларининг подаси тўпланади. Болалар вақтли туриб, қўй-қўзиларини ана шу чимзорга ҳайдайди.
Ростини айтсам, саҳармардондан уйғонишни, айниқса, кўчага пода қўшгани чиқишни ёқтирмайман. Лекин бунча қўй-қўзи, эчки-улоқ кун бўйи қўрада қоладиган бўлса, уларнинг “оғзига урадиган” ўт топиб бериш ташвиши ҳам бор. Шунинг учун бугун ҳам чорвамизни олдимга солиб, малолат билан чимзор томон жўнадим. Жилла қурса, эски қўрғон биноси олдидаги кўприкдан ўтказиб қўйсам, бас. У ёқда подахона шундоққина кўриниб турибди – серканинг ўзи етаклаб боради. Баъзида подачилар инсоф юзасидан кўприкка яқин жойга келиб турган бўлади ва кечиккан тўданинг ёш эгасини баланд овозда “Ҳе, уйқучи, эринчоқ!” дея ёлғондакам койиб, сўнг бутун подани номозшомга қадар ўтлатиш учун шитоб билан Қўшқирга ҳайдаб кетади.
Қўйларимни “қўш-қўш”лаб энди кўча бошига чиққандим ҳамки, подахонадан қайтаётган амакиваччаларимга дуч келдим. Бу опа-сингиллар мендан бир ёшга катта-кичик.
– Ариқ тўла балиқ оқиб кепти, – деди мени кўриши билан бидиллаб синглиси. – Билакдек-билакдек экан…
– Ҳозир ариқди суви бойланган, балиқди эса тутиб бўлишди-ёв, – деди ҳовлиққанча опаси унинг гапини чўрт кесиб. Сўнг синглиси гўё катта сирни айтиб қўйганини хушламагандай бир оҳангда қўшимча қилди: – Акамга айтгани келоммиз. Бизаям пиччи тутсайдик.
Улар ортга, мен олдга шахд билан жилдик. Қишлоғимиз ўртасидан оқиб ўтадиган Хушвағариқда тенгқурларим билан йилнинг иссиқ дамлари уззукун чўмилиб, биёр1 билан балиқ тутиб ўрганганмиз. Аммо ҳеч ким, бирон марта бўлсаям, бармоқдан йирикроқ балиқ тутмаган. Шу боис бу ариқда “билакдек” келадиган балиқларнинг “тўлиб оққани” ҳақидаги хабар чиндан ҳам қизиқарли ва ҳайратомуз эди.
Кўприкка яқинлашганимда катта-кичик бир неча одам – ҳаяжон ичра – биров қўли, биров қўлидаги уст кийими, яна биров паншаха билан ариқнинг лойқа кўлмаклари атрофида гирдикапалак бўлаётганига кўзим тушди. Кўприк устида тўпланган катта ёшли беш-ўн нафар қишлоқдошларимизнинг юз-кўзи ва гап-сўзидан ҳам кутилмаган ҳайрат аломатлари сезилиб турарди.
– Эрталаб пайтавамни чайқай деб ариқ рошига чиқувдим, – дерди Йўлдош тоғам, – сув ўшандаёқ тўхтаган экан. Кўлмакка қўл солишим билан иккита катта балиқ пайтавамга ўралиб чиқса бўладими. Аввалига имоним бир газ сапчиди-я.
– Ҳали кир пайтава билан тутган балиғингизни пишириб, бизди меймонга ҳам чақирарсиз? – қочирим қилди даврадагилардан бири. Ва кулги янгради.
Йўлдош тоғам ўзи содда одам эмасми, боз устига кечаси даладан бемаҳал қайтган бўлса керак, бироз уйқусираб турар ва шунданми, журъатсизроқ жавоб қайтарди:
– Ҳа энди, балиқни луқмаи ҳалол, дейди-ку. Пайтава билан тутган бўлсамам, ана, супадаги тиниқ сувли сатилга солиб қўйибман…
Аммо тоғамнинг гапи оғзида қолди. Бирдан бутун эътибор кўприкка энг яқин ҳовлида яшайдиган Зиёд тоға сари кўчди. У укаси ва сингиллари билан бирга ариқ томон шахдам келмоқда эди.
– Зиёд полвон ҳозиргина бир халта балиқ тутиб, орқалаб кетувди.
– Бу гавдага бир халта балиқ урвоқ ҳам бўлмайди-да…
Полвон ва унинг “команда”си кўприкдагиларнинг бу каби илмоқли гапларига парво қилмай, вақтни беҳуда ўтказмай, жадал ишга киришди.
Кўприк остида иккита ғўлва2 бўлиб, сув асосан пастдаги ғўлвадан оқар, кейинги ғўлва эса сув кўп келиб қолса ўтиши учун юқорироқда кўмилган эди. Ака-ука қуйи ғўлванинг сув чиқиш жойидаги кенгиш чуқурлик – гумдан сувни сатиллаб олиб, йўл устига сепа бошлади.
Томошани кўринг: ҳар сатил сув билан кўприк устидаги асфалтга 2-3 тадан йирик балиқ биланглаб тушар ва бундан ҳамманинг оғзи карракдек очилиб қолганди. Полвоннинг сингиллари эса худди одатий ишларини қилаётгандек – даштдан ўтин терган ёки полиздан бегона ўтларни юлиб олган каби – бамайлихотир, айни пайтда ўзига хос бир уқув ва чаққонлик билан балиқларни териб халтага жойламоқда.
Ана-мана дегунча халта тўлди. Сингиллар уни ўттиз қадамча нарига, ўзларининг ҳовли девори олдига олиб бориб, суяб қўйишди. Халтага худди тирик қовунлар жойланганга ўхшар, ҳаракат сезилиб турар, ҳатто қизлар ортга қайрилиб улгурмай, халта ағанаб ҳам тушди. Бироқ улар ишни пухта қилган экан, оғзи боғлиқ халтадан ҳеч нарса тўкилмади. Қизлар эса навбатдаги халтани тўлдиришга ўтди.
Бу ҳолни кузатиб турганларнинг кўнглида ов иштиёқи янада кучайди. Фақат менинг балиқ тутиш хоҳишим йўқ, аввалбошдаги қизиқиш ва ҳайратим ҳам негадир сўниб қолган эди. Қўй-қўзиларимнинг подага қўшилганига ишонч ҳосил қилгач, ариқдан узоқлашиш учун ортга бурилдим.
— Қўрқдингми?
Бу кескин ва кесатиқли саволни катта амакиваччам берган эди.
— Ҳечам-да, – дедим мен ҳам дағал оҳангда.
— Қочиб кетопсан-ку?
— Ким қочопти? Шунчаки, балиқ тутгим кемади.
— Унда менга тутишгин, амак, – гапимизга аралашди синглиси.
Маҳмадана опа-сингилларнинг ғавғосидан қутилишнинг йўли битта, у ҳам бўлса, иккаласига балиқ тутиб бериш эди.
Қирғоқдан туриб ариқ ичини кузата бошладим. Бирдан яқинимиздаги, эгасиз қолдирилган кўлмак ичида қандайдир ҳаракатни сездим. Сездиму тез пастга тушдим. Лойқа сувни астойдил пайпасладим. Шу пайт кутилмаган воқеа, аниқроғи, ноқулай вазият юз берди. Кўлмакдаги балиқ шимимнинг почасидан кириб, юқорига сакради. Мен эса уялганимдан ва силлиқ, муздек тана этимни сескантирганидан дарров сувга ўтириб олдим. “Томошабинлар”имнинг кўзини шамғалат қилиб, балиқни озодликка чиқардим. Лекин, ўзимга келиб олгунимча, балиққа эга чиқиб бўлган эди.
Бу орада овчилар ўлжаларидан мамнун ҳолда, уй-уйларига тарқала бошлаган, Зиёд полвон ва укаси кўприк устига чиқариб ташлаётган “тирик қовун”лар сони ҳам анча сийраклашган эди.
Амакиваччаларим эса – бири синовчан, бошқаси умид кўзи билан менга қараб турибди. Нима қилиш керак?
Эрталабдан буён кўприк остига, ғўлванинг сув қуйиладиган томонига ҳеч ким яқинлашмади. Шу кунга қадар ҳам қишлоғимизнинг на катта ва на кичиги чўмилиш ёки балиқ тутиш учун ғўлванинг жангалу қамишлар қоплаган бу хилват қисмига бирон марта яқин келмаган. Биров бу ҳолни кўприкнинг ўнг томонидаги эски қўрғон тарихи билан боғласа, бошқалар бунга кўприкнинг сўл қисмида қачондир мавжуд бўлган қудуқни сабаб қилиб кўрсатади. Эмишки, бир замонлар кўприк тагида қўрғонга ҳам, қудуққа ҳам олиб борадиган ерости йўли бўлган. Ана шу йўл орқали ариқ суви ўтиб, қудуқ тўлиб қолаверганидан, бола-бақра, мол-ҳол чўкиб кетмасин деб, уни кўмиб юборишган экан.
Одатда, ҳайров3 пайтида қишлоқ оқсоқоллари кўприкнинг икки томонидаги бир неча қулоч “сирли” масофадаги ариқ қазиш ишини отамга юклашади. Отам эса бу ишга ҳар гал алоҳида тайёргарлик кўрадилар. Чунки ювиниб-тараниб, озода кийинганлари ва иш бошлашдан олдин берилиб дуо ўқиганларига бир неча бор ўзим гувоҳ бўлганман. Қишлоқ одамларини чўчитадиган бу хосиятсиз жойга ҳайровчилар учун чой ташиш баҳонасида яқинлашишга журъат ҳам этганман. Ва, табиийки, бунда отамнинг сўзсиз далдасини сезиб турганман…
Менга ўша далда яна кўмакка келдими ёки амакиваччаларимнинг олдида жасурлигимни кўрсатмоқчи бўлдимми, билмайман. Ҳар ҳолда, ғўлванинг сув кирадиган қисмига журъат билан яқин бордим. Ғўлванинг баландлиги 10-11 яшар бола бўйи баравар бўлиб, мен ўз ёшимга нисбатан тикроқ эканим боис, бироз эгилиб ичкарига назар солдим.
Тиззамдан баланд келадиган сув ичида балиқлар ғужғон ўйнар эди. Кўприк кенг, ғўлва узун, устига-устак, унинг нариги, нишаброқ учи лойқа сувга ботиб тургани учун ғира-шира қоронғулик қоплаган ўрта қисмида нималар борлигини яхши кўролмадим. Ичкарига қадам қўйишдан олдин амакиваччаларим томонга ўгирилдим.
Қизлар қизғин баҳс устида: опаси мени ғўлвага киролмайди деб енгишар, синглиси эса, керак бўлса, нариги томондан чиқиб ҳам кела олишимни айтиб – ҳар бири ўзининг гапини маъқуллар эди.
“Нима бўлса бўлди” дедиму ўзим билган дуоларни пичирлаб, сув ва балиқларнинг қоронғу дунёси сари йўл олдим. Ғўлва ичида ҳақиқатан ҳам балиқ жуда кўп экан. Баъзан росмана йирик балиқларнинг устига оёқ қўйганимдан, тойиниб-туртиниб боряпман. Ичкарилаганим сайин қоронғулик қуюқлашди. Сувдаги балиқларнинг зичлиги ортаётганидан юришим янада оғирлашганди. Тўхтадим. Нафас ростладим. Товушларга қулоқ тутдим.
Зиёд полвон ва укасининг шовқини элас-элас эшитилади. Ака-укаларнинг сатилига дуч келмай, айни вақтда уларнинг ўтакасини ёрмасдан (чунки ичкарида эканимни амакиваччаларимдан бошқа ҳеч ким билмайди!), ғўлванинг нариги томонидан безиён чиқиб олишни ўйлай бошладим. Лекин…
Олдинга бир қадам қўйдиму жойимда қотдим. Қаршимда, ғўлванинг қоқ ўртасида дирилдоқ танали қандайдир сув махлуқи бир кўзи билан мен томонга қараб турарди. Дарров шуни сездимки, қорамтир-қўнғир рангдаги силлиқ, таранг танаси ҳамда сўрғичсимон ёпишқоқ оёқларининг озроқ қисми элас-элас кўриниб турган бу ваҳимали вужуд зинҳор-базинҳор балиқ эмас. Сувда лапанглаб ётган беҳисоб балиқлар орасида “ўзи хон, кўланкаси майдон” ушбу махлуқ менга гоҳ “Оламга саёҳат” телекўрсатувида томоша қилганим денгиз саккизоёғини, гоҳ “медуза”ни эслатса, баъзан “калмар” деган шафқатсиз сув йиртқичи бўлиб туюлмоқда эди. Аслида, дала-даштда, денгизу океанлардан жуда узоқда туғилиб-ўсган ёш бола бу каби антиқа сув ҳайвонларини қайдан ҳам билсин!..
Аввалига бундай ноаниқлик мени саросимага солган бўлса, аста-секин фикр юритиш асносида бир қадар хотиржам торта бошладим. Махлуқни айланиб ўтмоқчи бўлдим. Бекор қилган эканман. Махлуқ калласининг менга кўриниб турган томондаги кўзида нимадир йилт этди. Туйқус ўзимга нисбатан шиддатли таҳдидни пайқадим. Сесканиб кетдим. Баданим бўйлаб гўё сон-саноқсиз чумоли ўрмалади. Шундан сўнг беҳолланиб қолибман. Ҳаракатдан тўхтаб, нима бўлганда ҳам, ўзимни бироз чалғитишим керак эди.
… Бобомизнинг оқ тулпори йўқолиб қолганида, излаш учун шаҳардан синчи келгани ҳақидаги воқеани эсладим. Ўшанда синчи: “Менга ўғрининг излари қип-қизил ўтдек ёниб, кўриниб туради”, дея бир кундаёқ отимизни топиб берган экан. Мен ҳам махлуқни яққол кўриб олиш учун синчиклаб кузата бошладим. Бутун вужудим кўзга айлангандек эди. Махлуқ анча йирик бўлиб, танасининг катта қисми сув остида ғўлвани иккига ажратиб, балиқларнинг нариги томонга ўтиш йўлини ҳам тўсиб қўйган экан. Шу сабабли, ғўлванинг мен кирган қисмида балиқлар ғужғон ўйнар, нариги томонда эса улар анча сийрак эди. Зиёд тоға билан укасининг товушлари ҳам эшитилмай қолгани бежиз эмас, демак улар овни тўхтатган.
Зах иси ва балиқ тўла ғўлва ичида мен ва махлуқ бир-биримизга азму қатъият билан тикилдик.
“Йўл бер!”, дедим мен хаёлан.
“Қайтганинг маъқул!”, дегандек қаради у.
Махлуқ кучли эди, у ўз дунёсида – сув ичида ҳукмрон, энг ёмони, мен учун жумбоқ ва сир-синоат эди.
Мен эса ёш ва журъатли, айни вақтда тажрибасиз, билимсиз…
Рости, мен қўрқдим. Ортга қайтиш керак, аммо ориятим йўл бермасди. Шунда қаҳр билан қўлларимни сувга ботирдим. Ҳайтовур ҳар икки қўлим биттадан балиқнинг жабрасига кириб борганини ҳис этдим. Тутган балиқларим шунақа йирик ва бадбуруш эдики, ҳатто қўйиб юбормоқчи ҳам бўлдим. Ташқарида амакиваччаларимнинг интиқ ва гинали нигоҳларига дуч келишимни ўйлаб, бу фикримдан қайтдим. Балиқларни маҳкам тутганча шиддат билан ғўлва оғзидан чиқдим. Қирғоқнинг яссироқ жойидан қулай йўл топиб, ариқ рошига кўтарилдим.
Опа-сингиллар кетиб қолишган экан. Алам қилди. Начора, энди мен ҳам уйга борсам бўлар…
– Тўхта, балиқни тайла!
Ўгирилиб қарадим. Барот тоға, тракторчи. Қочдим. Қувди. Етиб келмаяптими деб, ортга қараган чоғимда, қоқилиб тушдим. Балиқлар қўлимдан чиқиб кетиб, йўлнинг икки томонида кўпчиб ётган тупроққа буланди, унга қорилди гўё. Барот тоға балиқдан қўрқар экан, питирлаётган жонзотлар тепасида сесканиб, бир муддат тараддудланиб қолди. Менга шу кифоя эди, фурсатни бой бермадим. Бурнининг тагидан иккала балиқни ҳам олдиму урҳо югурдим.
Қулоқларим остида ҳуштак чалаётган шамол одамларнинг гуррос кулгиси ва ҳайқириқлари анча узоқда қолгани ҳақида шивирлаб, мени хотиржам қилган пайтда ҳовлига кириб келдим. Уйда онам далага кетиш олдидан нон ёпаётган экан. Балиқларимни катта тоғорага солдим – бири сузиб кетди, иккинчиси эса тўнкарилиб қолди. Демак, кечгача сақлаб бўлмайди.
Бизга ҳамсоя турадиган дўстим балиқларимни кўргани чиқипти. Онам иши тиғизлигини, ҳозир далага кетиши кераклигини, дўстимнинг онаси даштга бормаслигини ва олиб борсак, балиқларни пишириб беришини айтдилар.
Мен ва икки укам, дўстим билан бирга уларникига йўл олдик. Дарвозахонамиздаёқ отамга дуч келдик. Эл ошини дамлаш учун дала ишидан жавоб олиб қайтибдилар. Отам эшакнинг темирқозиғи билан арқонини менга тутқазганларида, анчагина ушланиб қолишимни билдим ва хафа бўлиб кетдим. Шунда ҳам кайфиятсизлигимни на отам, на шерикларим сезди.
Эшакнинг эгар-жабдуғини ечиб, девор устига олиб қўйдим, қудуқдан сув тортиб, суғордим. Роса чанқаган экан, ўзиям уч сатилдан кўп сув ичди. Сўнг тўртоёқли даҳмазани ҳовлининг ўт-ўланли жойига илдирдим. Сатилнинг тубида қолган сувни қудуқ олдидаги тақрон майдончага сепдим. Токи бошқа мол-ҳол ичмасин ва эшагини тўйгунича суғорганимни отам сезсинлар. Ишларни саранжом этишим билан кўчага чопдим.
Бу орада хийла фурсат ўтган эди. Дўстимнинг ҳовлиси олдида ёғли лаблари йилтиллаб, турнақатор турган учовлон билан тўқнаш келдим.
– Э-э, балиқ пишганда сен биза билан билламасмидинг? – каловланди дўстим.
– Ширин экан-у, минча-минчадан тейди-да, – ўзини оқлаган бўлди катта укам.
– Ака, яна тутиб келинг, – ялинди кичкинаси.
…Кун бўйи тунд бўлиб, бўғриқиб юрдим. Ҳеч ким, ҳеч нарса ёқмайди.
Кечқурун уйга кириб, кўрпага бурканиб олдим. Онам овқатга чақирдилар, бормадим. Даладан толиқиб келган эканлар чоғи, ўзлари келиб қистамадилар, номига бўлса ҳам эланмадилар ҳатто… Хўрлигим келди. Узоқ вақтгача тўлғониб ётдим. Ҳамма-ҳамма билан хаёлан сўзлашавердим-сўзлашавердим.
“Онажон, барибир, сиздан хафа эмасман.
Отажон, сиздан асло аразламадим.
Укаларим, дўстим, дўстимнинг онаси, сизлардан гинам йўқ.
Эй, сув махлуқи, сендан зиғирча ҳам қўрққан эмасман…” Кўзим илинган экан. Сокин товушлардан бемаҳал уйғониб кетдим. Отам оҳиста, салмоқлаб гапирар, онам эса жим тингламоқда.
– Бекор қипсан, – дедилар отам. – Болани доим қўллаб-қувватлаш керак. Сен ўша балиқларини пишириб берсанг бўларди. Бутун қишлоқ фақат ўғлимизнинг балиқ ови ҳақида гапирди-я. Бунинг шаштини қара!..
– Ўзим ҳам кейин хафа бўлдим, – дедилар пушаймонлик билан онам.
Ич-ичимдан хўрсиниб юборибман. Уйғоқлигимни сездирмаслик учун нафасимни ютиб, кўзларимни маҳкам чимирдим. Сўнг оҳиста бошимни ёстиқ тагига яширдим.
…Кўнглимдаги ёруғлик тонг нурлари билан жилва талашаётган паллада мен тиниқ бир уйқунинг оғушида эдим.