Абдулла Чимирзаев. Ёлғиз кабутар (ҳикоя)

Ҳалим дудуқнинг деразасига қарши тушган бир уй бор эди. Ҳалим у ерда ёлғизлик яшайди деб ўйларди.
Ўша «ёлғизлик» эрта тонгда уйғониб оларди, пиёлага чой қуярди-ю, аммо кўпинча ичмасди. Дераза пардаси тонгги шаббодани қўлтиқлаб ичкари тортарди. Сабо «ёлғизлик»нинг сочларини тортиб-тортиб безор бўлиб хонадан қочиб чиқарди. Рўпарадаги кўҳлик ошёндан шўхчан қўшиқлар овози келарди. Аммо «ёлғизлик» доимгидек ўйинбузарлик қилиб, иягига кафт тиргаб бу хонишларни хаёлчан қарши оларди. Хона ғамга ботиб кўкариб кетар эди. Шўрлик шамлар айрим кунлари кечаси билан йиғлайвериб, шамдонга етмай тош қотиб қоларди. Шундай кунларда Ҳалим дудуқнинг ҳам уйқуси қочарди. Уйига суяб қўйилган шотининг ўртанчасига ўтириб, оёғини осилтирганча у ҳам «ёлғи绬га айланарди.
…У Юмалоқ тепага ўрлади. Яшилликда оёғи тойиб бораверди. Этигининг учи билан тош қидириб олдинга мункий-мункий одимлади. Баланд тоғлар тожи оқ қор бўлса, Юмалоқ тепаники оқтош эди. Оқтошга елкасини берганча биров ўтирибди. Елвизак унинг беқасам чопони унгирларини қизғалдоқ баргидай ҳилпиратади. Тўзғин сочларини гоҳ у ён, гоҳ бу ён тарайди. Йигит чўпон таёғини бу томонга олганча Ҳалим дудуққа жой берди. Сўнг овозини баралла қўйганча бақирди.
— Ча-ай! Шохинг сингур, ча-ай, дедим!
Аммо қурғур эчки бу дўқдан ҳайиқ¬мади ҳам, энди қуёш тиғи ялаган чучмомалардан, қора бошу, кўкгуллардан саралаб кавшаниб кетаверди. Ортидан қўй-эчкилар бири қўйиб, бири бақириб қир ошдилар.
— Уфф, Ҳалим, шу Олабелни бир кунмас бир кун уриб ўлдираманда.
— Эй, қў- қўйсангчи.
— Кўрмайсанми буни.
— Бек-бекорга эй-эчкини ша-айтон қа-қавмидан дем- демайдиларда.
— Ҳмм, нимасини айтасан. Сенинг қўйларинг қани?
— А- а-ана!
— Кетдик бирга қўшиб боқамиз. Улар ёлғизоёқ йўлдан юриб Чоғот томонга йўл олдилар. Сурув олдини қайириб ташлаб, иккови қумлоқ йўлча устига чўк тушдилар.
— Ҳали-им!
— Ҳмм.
— Сенам бировни севганмисан ҳеч?
— Э-эй бор-е-е!
— Нимадан уяласан ўғил боламиз-ку.
— Ўз- ўзинг а-айт.
— Мен ҳам бир қизни ёқтираман лекин аввал сен айт- чи?
— Ней- ега ах-ах…
— Кел! Бундай қиламиз, иккаламиз ҳам тескари ўтириб ўзимизга ёққан қиз исмини ёза қоламиз.
— Бўб- бўпти.
Ҳалим кўрсаткич бармоғини хатчўп қилиб “Д” ҳарфини ёзди. Бектош зимдан уни кузатиб турган экан кулиб юборди. У ҳижолатпаз ўзини майна бўлган ҳисоблаб кафти билан қумдаги ёзувни ўчириб ташлади.
—    Эй, од- одам по- подаммас- ак- акансан қўй-э.
—    Қўйсангчи, нимасига хафа бўласан. Мана мен ҳам ёзаяпман — дея Бектош қумга “Дил” сўзини ёзди, зум ўтмай тўхтаб қолиб, сўради. – Нега сен ёзмаяпсан?
—    Ма- мана, ёз- ёзяпман.
Ер бағирлаб қараб турган Ҳалимнинг ичига олов тушди. Қўли беихтиёр ёза бошлади. Бектошни ҳайрат билан қичқириши уни бироз ўнглади.
— Ҳей! Сен ёқтирган қизни исми ҳам “Дил” дея бошланадими? Мабодо сен ҳам қўшни қиз Дилоромни а, кўзлаб юрган бўлма тағин.
Ҳалим муштлашишда таслим бўлган боладай бир қадам ортга чекинди.
— Йў-ўқ! М-мен, — дея хаёлига келган “Дил” сўзи билан бошланувчи исмни қизариб, бўзариб ёзиб ташлади. Лаҳзада ҳаммаси ойдин бўлди. Бектош Дилоромни ёқтираркан, Ҳалим эса ўзи ҳам яхши танимайдиган Дилдора исм¬ли қизни. Сўнгра улар кўм-кўк майсаларга чўзилиб узоқ хаёл сурдилар. Бектош Дилоромнинг кўзларини Қоратўрининг кўзларига қиёслади. Ҳалим бунга қўшилмади. Унинг нигоҳини оҳуникига менгзади. Бектош Дилоромнинг узун сочларини отининг ёлига ўхшатди. Ҳалим тағинам унинг фикрига қўшилмади. Дилоромнинг сочлари Ҳасанбуванинг ҳовлисидаги мажнунтол шохларини эслатади, деди.
Икковлон тоғдан қалин дўст бўлиб қайтди. Бири- бирисиникига тез-тез қатнайдиган одат чиқарди. Айниқса Бектош бир кунда икки марталаб келгич бўлди. Дўсти келди дегунча онасининг ҳай-ҳайлашига ҳам парво қилмай болохонага чиқиб оладиган бўлдилар. Нима эмиш “кабутар боқар” эмиш. Бир куни азбаройи куйинганидан онаси койиб: “Отанг қиладиган ишни қилсангчи”, деб дакки ҳам берди. Аммо фойдаси бўлмади. Онаси доим шу ҳақда гап очгудай бўлса, топиб олган гапи битта:
— Кабутар қуш бўлмаганида фаришта бўлар эмиш. Томимизда фаришта яшаса ёмонми она, — дейдиган бўлди.
Кабутарнинг Ҳалимга аён хислати кўп эди. Патир-путир учиб ҳаммани осмонга қаратар, бу икки дўст учун айни муддао эди. Булар учун қишлоқ аҳли эътиборидан ҳам Дилоромники муҳим эди. Режа ўзини оқлай бошлади. Қўшни қиз гоҳ деразадан, гоҳ ҳовлини супираётиб кабутарларга, сўнг йигитларга жилмайиб қўярди. Ҳалим бир куни қўлини соябон қилиб, кабутарларни кузатаётган қизга “Дон берсанг, сенга ҳам ўрганади демоқчи бўлди-ю,” дудуқланиб гапини адо қилолмади. Унинг ўрнига қизга бу гапни Бектош чиройли қилиб тушунтириб бера қолди. Ҳалим осмонга қаради, гўёки ўзини “фаришта”ларни кузатаётганга ўхшаб кўрсатди. Аслида ўз уйидан ўғирлик қилиб чиқиб, бегона болага конфетини олдириб қўйган болага ўхшарди.
Ҳазин япроқларни ерга тўшаган куз кетидан, бироз ўйинқароқ баъзан қаҳри қаттиқ феъли Дилоромга ўхшаб кетадиган қиш кириб келди. Бу орада учовлон жуда аҳил бўлиб кетдилар. Ҳалим одатига қарши бироз ҳушчақчақ бўлиб қолди. Йигит билан қиз бир-бирига араз қилган дамларда, у масхарабозлик қилиб, уларни яраштириб қўядиган бўлди. Хуллас улар чироққа, Ҳалим парвонага айланди.
Музлар эриб ўт-ўланлар ниш ура бошлаган дамларда Дилоромнинг ёввойи қалбидан ҳам оппоқ бойчечак каби ишқ униб чиқди. Бунга Бектошнинг бир неча бор қизга бермоқчи бўлиб ёзган хатлари инкор этилиб, Ҳалим томонидан таҳрир қилинган хатлари сабабчи бўлди. Дилором бу хатларни ҳар куни бурчакдаги хонага қамалиб олиб, қайта-қайта пичирлаб ўқийдиган одат чиқарди. “…Дилором синфхонамизнинг деразасидан гуллар яноғидаги томчиларни қувалаб келган шаббода юзингизга урилиб, сочингиздаги баҳор ифорини димоғимга тутганда мен беихтиёр титраб кетаман…” У бегона қалб сатрларидан мана шундай сармаст бўлди. Ҳаёт шундай бошланди. Ўзга қўл ёзаверди, бу ёзиқни содда кўнгил дил лавҳига кўчираверди. Ва Бектош бир қиз қалбини қурол яроқсиз асир этди. Битирувдан сўнг ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлиб кетди. Бектош портфелини қўлтиқлаб шаҳарга жўнади. Ҳалим қўй боқадиган бўлди. Дилором йўл боқадиган бўлди. Бектошдан аввал-аввал мактуб келиб турди. Кейин бутунлай келмай қўйди. Ҳалим шунда ҳам хат битишни канда қилмади. Бир куни Дилором узоқдан Бектошнинг қорасини кўриб, қўлида челак билан йўлга чиқди. Бектошнинг сўзлари совуққина эди. Сўзларидан ҳам кўзларида соввуқлик кўп эди. Дилором муз бўлиб қолди. Ҳалим буни кўрмади. Тағин хат ёзиб жўнатди. Кабутари яна ўша хатни қайтариб келди. Ҳалим қир ошиб, Бектошни сўрагани борди. Энди Бектош Бектош эмас, Тошбекка айланиб қолганди. Шундан ёлғизлар иккита бўлди. Яна нима қиларини билмай ўртада сарсон бўлган ёлғиз кабутарга ҳам қийин бўлди.
Ҳалим хотиралар дафтарини ёпиб нарвондан қўзғалганда тун алламаҳал бўлганди. У жойига бориб чўзиларкан юраги кўрпанинг оғирлигиданми ачишаверди.
Эрта тонгда сурув ортидан отланаётган Ҳалимга онаси койиниб гапирди.
— Ўғлим, намунча одамови бўлиб қолдинг. Мана, қанча вақтдан буён шу аҳвол, келасан, хонанг¬га қамалиб оласан. Эрта тонгдан яна тоққа чиқиб кетасан. Мундай, одамларга ўхшаб тўй-маъракага ҳам қатнашай демайсан-а?..
Ҳалим тағин онасининг гапини чала қолдириб тоққа ўрлаб кетди. Кун чошкада Зикир бува билан юз кўришди.
— Ҳалим полвон, ҳамсоянгникида тўй, сен қўй боқиб юрибсан.
Қа-қа-қайси? Ҳам-ҳамс…
— Анови, Абдумурод жувозкашнинг қизини чиқаришяпти, деди шекилли.
— Ним-нима? Дил-дил…
У шу сўзларни гапира туриб, Оқтовдан пастга қараб чопиб кетди-ки, ортидан ҳеч нарса англолмай Зикир бува хой-ҳойлаганча қолаверди. Пастда машиналар карвони бири қўйиб, бири сигнал чалиб, бутун тоғни ларзага келтирганча, қишлоқдан узоқлашиб борарди. У жон-жаҳди билан улар орқасидан югурди. Гўёки етиб борса, Дилоромни ўзи билан олиб қоладигандай. Аввал чўпон таёғи, сўнг чопони қайдадир қолиб кетди. Оқтошга етдим-етдим деганда оёғи нимагадир чалишиб кетиб йиқилиб тушди. Шу аснода сал қолса пешонаси тошга урилай деди. У бир муддат оппоқ тошга термулиб, расм томоша қила бошлади. Йўқликнинг суратини. Кейин ўша нуқтадан кўзни узмай тураверди. Бирдан оппоқ силлиқ тошда ўз аксини кўриб қолди. Ич-ичидан йиғилиб келган дард алами билан қичқириб юборди.
—    Дилором, мен сени севаман. Эшитаяпсанми? Мен сени севама-ан!
Кейин бирдан бошини қуйи солиб жим бўлиб қолди. Тошлар эса ҳеч қандай дудуқланмай акс садо қайтарди:
— Мен сени севама-ан!