Чошгоҳ.
Кенг ҳовли ўртасидаги ўрик дарахти тагидаги супачада ака-ука тортишарди.
– Нима?!. Отамни ўзи шундай дептими-а? Уйланармикан?! Қариганида-я… Бу нимаси энди? Ё Худо, қишлоқда шу гап етишмаётувди ўзи. Ана шармандалик, э, қўйсанг-чи, яна ҳазил қилаётган бўлма, – дея қўлидаги дўпписини ғижимлади ака.
– Ҳазил эмас, чин. Оқсоқолнинг гапини эшитганимда оғзим очилиб қолди ўзиям. Нима деб жавоб беришниям билмай қолдим. Кейин, майли, маслаҳат қилайлик-чи, деб қўя қолдим.
Шундай дер экан, ука дарахтга суяниб қолди. Сўнг калишини ечиб, ичига тўлган тупроқни ерга уриб қоқди. Пешонасидаги реза-реза терни бўйнига доим ташлаб юрадиган рўмолга артиб қўяр экан, ногоҳ онасини эслади.
Эҳ, қанийди, онасини яна бир бор кўрса, бағрига бош қўйганча, дийдорига тўярмиди?.. Мана уч йилдирки онаси йўқ. Уч йилдирки, онасининг уйдаги, қишда пахта чигитлаб, ёзда ип йигириб ўтирадиган жойи бўм-бўш.
Кичик ўғилнинг кўзи соғинчдан ёшланди. Лекин буни акасига билдирмаслик учун ўрнидан турди-да, кетмонни елкасига ташлаб, тушлик ҳам қилмай далага отланди.
– Ўзинг нима дейсан, балки оқсоқол ҳақдир, – деб ортидан минғирлаб қолди тўнғич.
Акасининг бу гапи унинг юрагини куйдирди. Нималардир демоқчи бўлди-ю ўзини тўхтатди, ахир акасида айб йўқ-ку, умуман, бировни айблаб ўтирадиган пайт эмас.
Бепоён дала… Кошки шу далалар онасини эслатмаса. Бу тупроқ онасининг пешона тери билан суғорилмаганми ахир?! Ҳар бир яшил ўт-ўлану гиёҳлар онасидан эсдалик, унинг босган изларидан униб чиққан.
Ўғил кетмонни ерга бир-бир уриб чопар экан, кўз олдида онаси, олис ўтмиши гавдаланаверди. Қўли ишга бормади.
Болалик даврлари…
Куннинг қизиғида юрмасин, бошидан кун ўтади, дея онаси уни уйда, энасининг ёнида қолдирар эди. Ўзи эса анчайин улғайиб қолган болалари билан қуёш аёвсиз олов пуркаб турган далага кетарди. Қани энди кенжатой уйда индамай қолаверса, менам қолмайман, далага бораман, дея хархаша қилиши оламни бузгудек, қари энасининг ҳай-ҳайлашига ҳам қарамай, ака-опаларининг ортидан чопарди.
Эҳ, она-я она, ўғлини бу иши учун койигани билан, елкасига опичлаганча барча дала ишларини шу кўйи битирар эди. Боласини опичлаганча, пахтаям терарди, чопиғам чопарди.
Онасининг жони тошдан қаттиқ бўлган-да ўзиям. Ўшанда онанинг қадрига етмаган экан. Олдингда оққан сувнинг қадри йўқ, деб шунга айтишган. Ўғилнинг ҳеч ёдидан кетмайди; болалигида шўхлик қилиб, онасини қаттиқ ранжитиб қўйганди.
Уларникидан икки-уч уй нарида Холмурод бова турарди. Негадир ёлғиз яшарди. Айтишларича, анча йиллар олдин уйига ўт тушиб, куйиб кулга айланган экан. Хотини ва болалари ёнғинда вафот этишган экан. Фақатгина бованинг ўзи тирик қолибди. Ҳалиям ўша ёнғин туфайли юзларида куйик изи қолган.
Хуллас, Холмурод бованинг токлари қиёмат мева солди. Қишлоқдаги барча уйлар қатори бованинг ҳовлисиям девор ўрнида номига шох-шаббалар билан айлантириб чиқилган эди. Маржондай тизилиб турган узумлар шодаси ўтган-кетганнинг кўзини ўйнатар эди.
Холмурод бова ток соясидаги темир каравотида, бир отим носни тили тагига ташлаб олиб, узумларини қўриқлаб ётарди.
“Бова, узум ейлик!” дея сўраб келган болалар, энасининг учқўрғонини кўрарди: ё яхшилаб калтак ерди, ё бўралатиб сўкиш эшитар эди. У ёмон чол эмас, фақат ўлардай зиқна эди.
– Шунча узумни нима қилади, бекорга дайди қушлар чўқиб ташлагач, арилар ҳузурини кўради. Ундан кўра, шу болаларга берса, савоби тегади-ку қурмағур чолга, – деб қайғурадиганлар чиқарди қишлоқдан. Бундай узунқулоқ гаплар бованинг қулоғига чалиниб турарди албатта, лекин фойдаси йўқ. Бованинг ўзи айтмоқчи, “менга ўзиям чепуха, гапиям”.
Бир куни Холмурод бованинг узумларига роса ишқи кетган тўнғич ва кенжатой ўғил боғга келишди. Бовадан бир-икки бош узум сўрашмоқчи эди, холос. Иккаловининг узум сўрашга ийманибгина бир чеккада туришини кўриб, нотўғри тушунган чол юмшоқлик билан: “Келинглар, узум берайми, келаверинглар! Ана, тўйгунларингча енглар!”, деди. Сўнг оғзидаги носини тупуришга чоғланди.
Ана Худо берди! Унинг бунчалик сахийлигидан на қувонишни ва на чўчишини билмаган болалар, секин келиб тортинибгина шохга қўл чўзган эди ҳамки, бова уларни савалай кетди.
Кейин болаларни онасининг олдига судраб борди.
“Ўғриваччаларингни йиғиштириб ол! Тарбиялаш қўлингдан келмаса, ўзим тарбиялаб қўяман, туфе-ей сенларга!”, “Барибир отангга тортибсанлар-да, минг қилсаям, мол эгасига ўхшамаса ҳаром ўларкан”, деб заҳрини сочди ака-укаларга ўқрайиб.
Аввалига ҳеч нимага тушунмаган болалар боя бованинг тузоғига тушиб қолганлигини кечроқ англадилар.
– Чўлоқ, – дея қичқириб юборди тўнғич чолнинг ортидан, онасининг бир аҳволдалигини кўриб.
Бова бояги гапларига бир йил олдин ўғирликда айбланиб, туҳмат билан қамалиб кетган болаларнинг отасини назарда тутаётганди. Айниқса бегуноҳ фарзандларини “ўғривачча” дея ҳақоратлагани онанинг жон-жонидан ўтиб кетди.
– Узум егунча, заҳар есаларинг бўлмасмиди, – дея зорланиб йиғлади она, ўғилларини калтак билан сийлаб бўлгач.
Алам ўти ака-укаларни жизғанак қилаётганди. Бунинг давоси эса фақат интиқом. Шундагина аланга сўниши мумкин. Улар онасини қаттиқ ранжитиб қўйишганини сезганди. Лекин боққа ёмон ният билан бормаганди-да улар. Бова, узум бермайман, деганида, индамай қайтиб келаверишар эди. Холмурод бова ундай қилмади-да.
Албатта, бу қилмиши учун болалар ҳам уни қуруқ қўймади.
Анчайин шўх тўнғич, укаси ва кўчадаги ўртоқлари билан бованинг таъзирини бериб қўйишди.
Режа бўйича, болалардан бири, Холмурод бовани ҳовлисининг бир бурчагидан чақира-чақира қочди. Ҳассасини секин дукиллатиб, овоз келган томонга етиб боргунча, бу ёқда тайёрланиб турган болалар тўдаси узумзорни талаб кетишди. Улар чолни бир-икки шундай овораи-сарсон қилгач, урра қочишди.
Тўғри-да, ҳе йўқ, бе йўқ, мўйсафид одам, болаларни уриб-сўккани етмагандай, онасини ҳақоратлагани нимасийди?! Шу қуриб кетгур узумни деб, шундаям қиладими одам?!
Умр ўткинчи экан. Холмурод бова ўтиб кетгач, узумларига қарайдиган одами қолмади. Бир-икки йил роса мева берди, кейин қаров бўлмагач қуриб-қақшаб қолди.
Болаларнинг отаси қамоқдан қайтди. Яна бир бутун оила бўлишди. Қизлар бўй етгач узатишди, ўғилларниям уйлашди. Энди қарилик гаштини сураман деганида онаси оғир дардга чалиниб қолди. Касаллик шунчалик илдиз отиб ургургандики, она тўшакка михланди.
Оламга хира қоронғулик пардаси ёйилган маҳал. Табиат куйчилари чигиртка-ю бақалар тағин ўз куйларини гоҳ баланд, гоҳо паст товушларда, галма-гал, жўр бўлиб куйламоқда. Терак шохларига ин қурган бир тўда чуғурчуқлар галаси-ю, баъзан овози эшитилиб қоладиган бойўғли-да уларга жўр бўлмоқда. Подадан қайтаётган моллар тўдаси, қўй-қўзилар тинмай маъраб, улар ҳам ўзларининг борлигини эслатиб қўяяпти.
Худди шу маҳал кенжа ўғил қишлоқдошлари каби даладан қайтди.
Одатдагидай кенг ҳовли ўртасидаги катта сўрида дастурхон тўшалган, тўрдаги отасининг жойи бўш эди. Демак, ҳали масжиддан қайтмаган.
Кенжа ювиниб келгач, сўри устига тўшалган атлас кўрпачага чўзилди. Шу ерда ўйнаб ўтирган, эндигина тили чиққан қизи унга талпинди. У ўрнидан туриб қизини тиззасига олганча эркалади.
– Асал қизим, дада дегин, да-да. Кейин ҳўппа қиламан!
– Келдингми? – деди кўча тарафдан кириб келган акаси сўрига чиқар экан. У яна нимадир демоқчи бўлди-ю, қизини ўйнатиб ўтирган укасининг кайфияти бузилишидан ҳадиксираб индамади.
– Хотин, – дея чақирди кенжа, – қизимиз иштонини ҳўллаганга ўхшайди. Алмаштир!
Ўчоқ тарафда овсини билан куймаланиб юрган жувон бир зумда етиб келиб, болани олиб кетди.
Отаси масжиддан қайтди. Ўғилларига бир қараб қўйди-да, мол-ҳолдан хабар олиш учун молхонага ўтиб кетди.
– Шарофатникидан келаяпман. Эртага маслаҳатлашадиган бўлдик уларникида, – дея укасига қараб гап бошлади тўнғич. – Ҳамма келсин дедим.
– Опамларникига боришдан олдин… Балки, аввал отам билан гаплашармиз-а? – деди кенжа ҳалиям умид қилиб, – Оқсоқол айтаверади-да, отамнинг кўнглини билиб ўтирибдими? Ким билади, балки отам рози бўлмас.
– Иситманг йўқми, мабодо? – деди ака унинг устидан кулгандай. – Нима дейсан? Ота, сизга хотин керакми дейсанми-а? Ундан кейин…
– Ака, менинг кўникишим қийин онамнинг ўрнида бошқани кўришга, тушунаяпсизми шуни?
Аниқки, унинг асаблари қақшаётганди. Шунинг учун ака укаси ўзини босиб олгунча бир зум индамади.
– Тўғри, мен ҳам куйинаяпман, – деди ака секин, хомуш овозда. – Онамни эсласам, юрагим пора-пора бўлади. Синглимникига бориш қарорига келгунча, кейин уникига етгунча нималарни ўйламадим дейсан. Ўйларимдан хулоса қилдимки, биз фақат ўзимизни ўйлаяпмиз экан?
– Бу ишларимиздан онам гўрида тик турмасайди…
Ака-ука шу кўйи, то отаси оғилхонадан чиққунга қадар суҳбатлашиб ўтиришди.
Тунов куни кенжа даладан қайтаётиб, қишлоқ оқсоқолини учратганди.
“Отанг қариб қолди. Ёнида иссиқ-совуғидан хабар олиб турадиган суянч керак. Келинлар барибир келин-да, кампирнинг ўрнини босолмайди. Онангнинг ўтганигаям мана қарийб икки йил бўлди. Сезгандирсан-а, отанг шундан кейин ўзини анча олдириб қўйди. Аввалги шаштиям йўқ. Шу десанг ўғлим, кампир олиб бериш, силарнинг ҳам фарз, ҳам қарзларинг. Биламан, отанг ниҳоятда ориятли инсон. Бу масалада ўғилларига гап очиш у ёқда турсин, оғиз жуфтлаши даргумон. Шунинг учун аканг билан ўзларинг бош бўлинглар бу ишга. Отангни эса менга қўйиб беринглар. Ўзим гаплашаман”, – деган эди оқсоқол.
Фарзандларнинг йиғилишига сабаб бўлган. Ҳамма гап шу, опа-сингилу ака-укаларнинг бари йиғилди. Ҳол-аҳвол сўрашиб, майда-чуйда ҳақидаги суҳбатлардан кейин асосий мақсадга ўтилди.
– Қишлоқ оқсоқоли бизга маслаҳат солганди; “отангни уйлантиринглар, бу фарзандларнинг оталар олдидаги фарзидир” деди. Йиғилишдик, бунга нима дейсилар, – тўнғич ўғил шундай дея масалани очиб берди.
Ғала-ғовуридан қулоқ қоматга келай дейдиган давра бирданига совуди. Кайфият кенглигида хиралик ёйилди. Ҳамманинг кўнгли бир қур чўқди. Аллақачон кимларнингдир юзида норозилик аломатлари сезила бошлади. Ҳар қалай бу янгилик уларга хушхабар эмасди. Ҳар қайсининг бошида ҳар хил ўй. Кенжа ўғил эса ҳамон хомуш, онасини эсларди. Балки онаси бунга розидир… Балки…
Ойдин оилада учинчи фарзанд. Қизлар ичида ёшлигиданоқ шаддоди, шартакиси эди. Ёшлигидаям биров билан тортишиб қолдими, бетинг-юзинг демай, хаёлига келган гапни қўйвораверар эди. Ака-укалари билан тенгма-тенг олишарди. Шундай бўлса-да онасидан ўлардай қўрқарди. Онаси қовоғини бир уйса, тинчиб қоларди. Уйни ялаб-юлқашми, нон ёпишми, овқат тайёрлашми, ҳаммасини балодай эпларди. Ишдан чўчимас, дала ишидаям ака-опасидан, атрофдагилардан қолишмай ишлар эди. Ўғил бола феъли бор эди. Ҳозир эса Ойдин анчайин босиқ, аммо болалигидаги характеридан сақланиб қолганлари бор.
– Отамнинг ўзи бир нима демагандан кейин, қўйинглар шу ишни. Онамни гўрида тик турғизманглар! Мен умуман қаршиман, бўмаган гап, онамнинг ўрнига қаердаги аёл келиши.
Ойдин ўйлаганини шартта айтди-қўйди. Бу хабар ҳамма қатори унга оғир ботганди. У бошқаларнинг ичидаги гапни топиб айтди.
Ўз хаёллари билан андармон бўлган катта опа Шарофат деди:
– Отамни мен биламан, деб ўйлардим. Отам онамни унутолмайди. Бир оғиз ўзи билан гаплашиш керакмиди, а?
– “Отангни менга қўйиб беринглар“, деди-да оқсоқол. Агар отам рад қилганда, оқсоқол “қўяверинглар” дерди.
Кейин ҳар ким ҳар нима деди. Лекин бирови “майли, розимиз, отамга муносиб кампир излаш керак!” деган гап қилмади. Қизларнинг кенжаси эса шўрқиллагани-шўрқиллаган.
– Онам шўрлик тирик бўлганларида эди… Онагинам-а….
Жўяли бир фикрга келинмади.
Фақат тонг отгач ҳаммаси ҳал бўлди: барча отасини уйлантиришга рози.
Ака-ука уйга қайтди. Уларни кеча уйда кўрмаган ота сўради:
– Икковлон бўлиб қаерга жўнагандиларинг?
Бир зумлик сукутдан сўнг, уларга тикилиб турган отасининг юзига қаролмай кенжа гап бошлади.
– Опамникида…
Нимадандир хавотирланган ака дарҳол укасига ўқрайди. Унинг гапини шартта бўлиб:
– Ҳа, кечами… Шарофатникида эдик. Тўй бошламоқчи экан, – дея дадилланди тўнғич, ёлғонни отаси сезиб қўймасин учун кўзларини олиб қочиб.
– Ҳмм… Шундайми, ўғлини уйлантирмоқчими? Кап-катта йигит бўп қопти-да Шарофатнинг болалариям… – деди ота оппоқ соқолини силаганча.
Ўғиллар бир-бирига маъноли қараб қўйишди.
Уларнинг эндиги қиладиган иши – отасига муносиб жувон излаш эди. Бу ишни ўғиллар хотинларига ишонишди. Ҳатто бунга энг кўп норози бўлиб юрган Ойдиннинг ўзи келиб бош-қош бўлди, ҳаммани лол қолдириб. У келинлар билан бирга отасига кампир топди ҳам. Тўйга тайёргарлик бошланди.
Уйда бўлаётган ортиқча ғимир-ғимирларни ота ҳам сезганди албатта. Лекин у билардики, унинг маслаҳатисиз оилада ҳеч қандай тўй-марака ўтказилмайди. Шунинг учун отанинг кўнгли тўқ эди.
Отасининг лом-мим демаётганлигини ўғиллар ўзларича нималаргадир йўйишди: оқсоқол айтган экан-да! Шунинг учун ҳеч нимани сўрамаяпти ота.
Лекин бир куни…
“Каллаи саҳарлаб қассоб нима қилиб юрибди!”
Молхонадан чиқиб келаётган ўғли билан қассобни кўрган ота таажжубланди.
– Бўрдоқи-ку, бўрдоқи, аммо-лекин молни зўр боқибсилар.
– Тўйни шунинг ўзи таъминлайдимикан-а?
– Таъминлаш гапми, ортиб қолади, ортиб. Кўрасан, гўшти зўр қурмағурнинг. Тўйдан кейинам мазза қилиб, еб ётишларингга етади.
“Шарофатнинг тўйи тезлашибдимикан-а? Ўғилларим тўёнага ҳўкизни жўнатишни яхши ўйлабди-я, лекин сўйиб нима қилади? Тўйхонада сўйилаверсин-да. Менга нимага маслаҳат солмаяптийкан?”
– Майли укам, тўйдан бир кун олдин кечга сўямиз молни. Айтиб келасилар, куни аниқ бўлса, – дея қаппайган қоринли қассоб лапанглаганча дарвоза томон юрди.
Уни кузатиб қайтган тўнғич ҳалигача супада ўтирган отасини кўрмаганди.
– Ўғлим, – дея ўзи чақирганидан сўнг отасининг сўридалигини билди ва супачага томон юрди.
– Тўйни тезлатибсиларда-а, шунисиям маъқул. Бўладиган ишнинг тезроқ бўлгани яхши.
Ўғил отасининг дабдурустдан айтган бу гапидан анграйиб қолди. Наҳотки отаси шундай деяпти… Демак, ўзи уйланишни истаган экан. Тўғридан-тўғри бизга айтолмай, оқсоқол орқали истагини етказмоқчи бўлипти-да… Онамни қандай кўзи қийди экан-а… Шўрлик онам-а…
– Чўзганда нима қилдик. Падаримизни уйлантириш ҳам фарзимиз, ҳам қарзимиз экан. Шуни адо қилайлик деб…
Отанинг бошига гурзи тушгандай, қалқиб кетди.
– Ўғлим, нималар деяпсан? Кимни уйлантирмоқчисан… Қанақа тўй?!
Тўнғич алам аралаш кинояли кулди.
– Ота, гапни ўзингиз бошлаб, тағин мендан сўрайсиз-а. Ундан кўра қишлоқ оқсоқолидан сўранг! Ҳар қалай меникимасдир, сизнинг тўйингиз-да, сизни…
Отанинг қулоқлари шанғиллаб кетди. Ўғлининг сўнгги гаплари ҳамон қулоғи остида жарангларди.
– Тўй дегин, тўй… Раҳмат ўғлим, минг раҳмат…
Юрагида турган санчиқ аъзойи баданини қақшатди. Оғриқнинг зўридан устихонларигача зирқираб кетди. У судралганча хонаси томон йўл олди. Тобора оғирлашиб бораётган гавдасини зўрға кўтарарди. Гўё биров елкасига оғир юк ортиб қўйгандай, оёқлари қалтирар эди. Минг азоб билан хонасига етиб келган чолнинг деярли мадори қолмаганди. Ҳали келини йиғиб улгурмаган жойига қайта чўзилди. Деворга осиғлик турган бир умрлик йўлдошининг расмига сассиз тикилди. Кўзларидан тирқираб оқаётган ёш юзини ювди.
– Кетар экансан, мени ҳам ўзинг билан олиб кетсанг бўлмасмиди, онаси… – Қуруқшаган лаблари беҳол шивирлади унинг.
Юрагини худди биров чангаллаб азоб бераётгандай эди. Ундаги бу ҳол иккинчи маротаба содир бўлаётганди. Болаларнинг онаси вафот этган куни у шу ҳолни бошдан кечирганди.
Оғриқ янада кучайди. Юрагини чангаллаб турган қийноқ уни қўйиб юборай демасди.
Шу пайт… Худди шу пайт…
Кимдир уни оҳиста туртгандай бўлди. Боядан бери қийнаётган оғриқ таққа тўхтади.
– Мени чақирдингизми?..
– Хайрият, келдингми… Фақат кетиб қолма, кетсанг мени ҳам олиб кет. Бу сафар ҳам ёлғиз қолдирма….
– Ахир ўғилларингиз…
– Улар энди ўзларини эплай олади. Мени деб кўп овора бўлишаяпти… Айниқса тўнғичим менга кўп куйинади. Улар билмайди-да ҳалиям ёнимга келиб туришингни.
– Кетдик… менинг ҳам ёлғиз кетгим келмаяпти!
Юрак уришдан таққа тўхтади.
Фарзандларнинг доду фарёди бутун қишлоқни тутди.
Фақат оқсоқол кўринмади. Куни кеча қаергадир зиёратга кетган экан.
“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 1-сон.