Ғози Раҳмон. Тазарру (ҳикоя)

Шамолни сўкма,
Нон-тузингни тўкма.
Бурунги нақлдан.

Кўзи хира тортиб қолган Пирман чол беҳасса йўлга чиқиб, сув ювиб кетган жарликка бехос тушиб кетди. Буни қарангки, ўзи ёмон кўрадиган қўшниси Жаббор мерган боғига сув очаётиб кўриб қолди-ю, бобони қутқарди. Бели лат еган экан, ёш боладай елкасига опичлаб уйига элтди. Тоғдан тураётган шамол эса довулга айланиб, боласидан айрилган қашқирдай увлай бошлади. Адирдан эсадиган шамол кўпинча беда ўроғини кўзлайди. Арратиш тоғ чўққилари тарафдан деярли ҳар йили гоҳо бир ой, гоҳида йигирма кун изиллаб турадиган шамол қуриб-қовжираган ёввойи ўт-ўланни, айниқса таги бўш карракларни, кирпидай ғужанак бўлиб ўсадиган хушбўй шивитларни илдизи билан суғуриб, ҳандақларга тиқиб кетади. Ёз шамоли дон боғлаб улгурган ўт-ўлан уруғини юлиб-юлқиб, уста деҳқон каби ер бетига сочади. Агар шамол бўлмаса, қисир булутларни ким ҳайдаб келиб, бир-бирига қўшади. У бўлмаса қору ёмғир қаёқда? Хут шамоли-да, дов-дарахтларни силаб-сийпаб, аллалаб уйғотадиган. Куз шамоли-да, япроқларни тўкиб, дарахтларни узоқ уйқуга тайёрлаб қўядиган. Жавзонинг охирида бошланган шамол эса узумзор токлар танасида пайдо бўлган ҳашоратларга қирон келтиради. Ҳамма шамолга кўникиб кетган.
Тоғ этагидаги қишлоқ одамлари, боғ-роғлар майнинг ўртасидан ёзнинг қоқ белигача оқиб турадиган дарёчалар ҳам чашмалардан сув олади. Бу йил Чашмиобда баҳор камёғин бўлди. Қишдаям тузук-қуруқ қор бўлмади. Бироқ ҳар йилгидай ўрикларни совуқ урмади, шиғил мева тугди. Ўрик мўл бўлганда арпа-буғдойнинг баракаси бўлмайди, деган гап рост шекилли, адоқдаги даштларда лалми ғаллазорлар бош чиқараман, деб турганида ёмғир тушмай, қовжираб қолди. Бозорда арпа-буғдойнинг баҳоси ҳаволаб кетди. Мол-ҳол боқиб кун кўрадиган ўртакентликлар хас-хашакнинг камлигидан ташвишга тушиб қолдилар. Қўлидан иш келадиган ёш-яланг иш қидириб йўл олишган. Пирман чолнинг ҳар икки ўғли Тошкент тарафдаги қурилишда ишлайди. Ҳар замонда пул юбориб туришади.
Уқувсиз, пахса девордан тикланиб устига қийшиқ-қинғир тўсин ташланиб, шох-шабба билан ёпилган, ҳаммаёғи очиқ боғхона томда ётган Пирман чол инқиллаб-синқиллаб қўяди. Шамол эса кечаю кундуз тинмай увиллайди. Офтоб бетиним қиздирганидан тоғ-тоғ харсанглар мисдай қизиб кетади. Гўё тоғдаги ҳамма ғорларда бирваракайига оташ тўла тандир қизийди. Ундан чиққан аланга қайдадир — ҳеч ким билмас унгурда ҳосил бўлаётган шамол ёрдамида пасту баландга олов гармсел бўлиб ёғилади. У шунчалик бешафқатки, яшнаб турган дов-дарахт баргини, жилға бўйидаги ўт-ўланни, ҳатто жилғанинг ўзини ҳам, каптар кўзли чашмаларни ҳам чўғли тили билан ялаб-юлқаб қуритиб юборади. Бундай довулга бардоши етмаган бобоёнғоқлар тошни ёриб ўтган ўқ томиридан узилиб, қарсиллаб қулайди. Ҳали меваси пишиб улгурмаган ўриклар, хом-хатала олмалар дув-дув тўкилади. Жанда-жанда бўлиб узум туккан ертоклар қалин барглари билан мевасини шамолдан яширмоқчи бўлади. Эви келмайди. Қанча чиранса ҳам барглари қовжираб, узумлари пўлқинчоқ бўлиб қолади. Войиш қилинган токлар эса ҳаммадан бурун бор-будидан айрилиб шип-шийдон бўлади. Ёз бошида учирма бўлган полапонлар тўхтамай эсаётган шамолда бир арғамчи бўйича ҳам уча олмай, тап-тап ерга қулайди.
Пирман чол саксондан ошса ҳам, ҳали бундай шамолни кўрмаганди. Белидаги оғриқ аралаш беихтиёр шамолни сўкмоқчи бўлади. У шундай озорланиб кетадики, беихтиёр ғазаби қўзиб, бўғзига тиқилади. Бироқ шамолни сўкиб бўлмайди. У ёлғиз Яратганнинг ўзига тегишли. Уни Қодир Эгамнинг ўзи тўхтатса бўлар. Шул боис чол оғзидан такрор-такрор истиғфор тушмайди. Кейин ўйлаб кетади. Кўзи очиқ, кучга тўлган пайтлар Тоғ қоровули номини олганди. Энди йигирмадан ошган қирчиллама йигит эди. Тоғдаги ҳар бир гиёҳни, ҳар бир бутани, айниқса, арчаларни ўз боласидай асраб-авайларди. Милтиқ кўтариб чиққан ёш-яланг, ундан қутилиб кетиши қийин эди. Эски замоннинг белгиси, дея кейинроқ одамлар ёмон одат чиқарди. Янги йил арафасида тоғ арчасига ҳужум бошлашди. Оҳ-оҳ, қанча-қанча дуркун арчалар кесилиб кетди-я. Пайти келиб одамлар тоғдаги анзурпиёзни ковлаб, консерва заводига топшириб пул ишлашга киришиб кетди. Ана энди нишонага ҳам топиб бўлмайди. Сумбулгиёҳни, оқдори (иткучала)ни кимдир минг дардга даво деб эълон қилдими, уларниям ковла-ковла қилиб қуритиб юборишди. Пирман чолни тинглайдиган одам қолмади. Охирги йўлбарсни Оқтоққа қараб йўл олганини кўрганда тоғ қоровули элликдан ошиб қолган, унинг изидан термула-термула кўзида кўз қолмаган эди. Охирги қобонларни ҳам чўлоқ мерган отиб, кончиларга сотганини кўриб, ҳеч илож қилолмаганидан бир ҳафта бўғилиб юрганини ҳечам унутолмайди. Қашқалдоқни хашаки табиблар, жайрани норғул-норғул лўли йигитлар овлаб қуритишди. Дори-дармон бўлади, деб илонни пишириб ейишга ружу қўйишмаса ҳам бўларди. Зарафшон ва Ҳисорнинг қиблага узатилган қўлидай ястанган ва икки тарафидан қуёш тушиб турадиган бу тоғ доривор гиёҳлар ўсадиган қўриқхонага айлантирилса, қанийди? Унинг ўрнига одамлар бу хосиятли тоғни яйловга айлантиришди. Ўз бошига қаровсиз, сурув-сурув юрадиган отлар, тоғнинг ҳаммаёғига сочилиб кетган қорамол подалари темир туёқлари билан турнакўз булоқларнинг кўзини кўр қилиб, навқирон буталарни таг-томири билан кемириб юборди. Ўртакентликлар яйловни қўриб, навбати билан ўтлатишарди. Энди эса ҳеч кимнинг пишагини «пишт» деб бўлмайди. Дарё бўйларини айтмайсизми? Қамиш, ёввойи бута кўплигидан сув кўп бўлиб, гулмоҳи балиқлар ғужғон ўйнар эди. Сувлар иссиқдан парланиб дарё суви қуриб кетганидан гулмоҳилар тоғнинг энг баланд жилғаси томон қочиб кетганини кўриб, дод-вой, демаганнинг жонига балли. Ой балдоқли Авлиё балиғи бўладиган тошҳовузнинг балиғини тутиб еганнинг бурни қонамаганига нима дейсиз? Авваллари Пирман чолга раҳматли кампири тасалли берар эди. У қазо қилганидан сўнг, чолга яшашни қизиғи қолмаганидай, бирин-кетин кўзлари ҳам хира тортиб қолди. Балки шундайи дурустдир. Энг қизиғи, Пирман бобо ҳали шу ёшга кириб, уйида бир кун ҳам ётиб қолмаган. Ҳар куни «Ё пирим», деб ўрнидан туриб, бомдод намозини ўқиб, ҳассасини қўлга олиб, ўзига ёд бўлиб кетган сўқмоқлардан (яқин келган шарпани, ҳеч бўлмаса оёқ остини ғира-шира илғаши бор) юриб, довулдан озорланиб, дов-дарахтни сийпалаб юргани-юрган. Ўша куни ҳам бош чашманинг суви қанча камайганини билмоқ учун кетаётганди. Туяни шамол учирса, эчкини осмонда кўр, деганларидек, тўғри йўлдан кетаётганди, шамол итардими ёки боши оғиб гандираклаб кетдими, сув ювиб кетган жарликка тушиб кетди. Ҳуши ўзида бўлганида азалдан ёмон кўрадиган чўлоқ мерганни силтаб ташлаб, эмаклаб бўлсаям чиқиб оларди. Бугун эса лат еган белининг оғриғидан эмас, уч ойдан бери тўхтамай эсаётган шамолнинг оқибатини ўйлаб, азоб чекаётганди. Буни қарангки чолга тегишли бўлган чакалакда қишин-ёзин яшаб, ҳамма қушнинг тухумига қирон келтирадиган, февралдаёқ уясини таъмирлаб, ҳаммадан бурун тухум қуйиб очиб чиқадиган ҳакка ёки майнақушнинг болалари ҳам каттариб, кунини кўрадиган бўлиб қолган. Тўқсон кунни юзини кўрган шамол тумшуғидан думининг учигача икки ярим қарич келадиган ҳаккачаларни ҳам донлагани қўймай, тошга тоблаб ургани ҳам рост. Энг кейин тухумдан чиққан тўртинчиси эса, ҳозир титраб-қақшаб қолган калжуржидай бошини эгиб келиб, Пирман чолнинг этаги барига кириб кетди.
Пирман чол ҳакка деган зотни қанча ёмон кўрса ҳам, буям бир худонинг жонзотида, деб индамай қўя қолди. Балки шу туфайли белидаги оғриқ тўхтар…
Бурунгидан қолган ривоят бор: қуёш ҳар тонгда эрта туриб ибодатли мўминдай покланиб, юзини қиблага буриб, то шомгача тер тўкиб нур таратар, сон-саноқсиз кўзлари билан жумлаи жаҳонни кузатиб, яшнатар, кечқурун эса Тангри даргоҳига бориб, бандалар қилмиши, кирдикорини кўриб, куйиб адо бўлаётганини айтиб, эртага чиқмайман, деб арзи дод қилар экан. Яратганнинг амри эса ҳар сафар шундай бўлармиш: — Эрта тонгда туриб, баланд тоғ тепасидан қарайсан. Агар биронта бандам уйқудан уйғониб, покланиб, менинг номимни йўқлаётган, ўзига ҳам, бошқаларга ҳам инсоф ва омонлик тилаётган бўлса, ўшанинг шарофати учун жумла жаҳонни ёритгани, иситгани чиқаверасан.
Пирман чол шуларни ўйлар экан, пешин намозига таҳорат олиш учун ўрнидан қўзғалди. У чорпоя лабидаги обдастани олишга энкайганида, икки қадамча нарида — тунов куни довул йиқитган кекса тут тўнкаси ёнида янги ниҳол унганига кўзи тушди. Энди тил чиқарган баргларни кўрди-ю, кўнгли ёришиб кетди.