Компьютерда нимадир ёзиб ўтирган эдим, ташқарида тез-тез босилаётган қадам товуши эшитилди. Шартта туриб, кўп қаватли уйнинг иккинчи қавати деразасидан ташқарига қарадим. Пастда эса қаёққадир шошганча Мен кетиб борар эди. Баданим жимирлаб кетди, аслида, қайси бири ҳақиқий Менман?! Бу дунёда бир меҳмон, бироқ ўзини мезбондек тутадиган хотиржам Менми, ё ҳар сония ўзини ўтга, чўққа ураверадиган, гўё тезлашмаса, нелардандир қуруқ қоладигандек юрадиган кўчадаги шошқалоқ Менми?..
Дарров кўчага чиқиб, шошқалоқ Меннинг ортидан югурдим. Тахминан, икки юз қадам олдинда у кетиб борар, қадами тобора тезлашар эди. Айни дамда чекким келиб ёнимдан сигарет олиб тутатган ҳам эдим, машинанинг қаттиқ тормоз босгани эшитилди. Ялт этиб ортидан бораётганим шошқалоқ Мен томон қарадим.
Ерда кимдир ётар, уч-тўрт одам унинг тепасида ниманидир муҳокама қилишар эди. Югуриб уларнинг ёнига бордим. Не кўз билан кўрайки, ерда шошқалоқ Мен кўзлари бақрайганча ўлиб ётарди. Ҳа, эссиз, унга қанча гапларим бор эдия.. Дарвоқе, ўлик…
* * *
…Ўликдан, қабристондан, жанозадан қўрқаман. Тириклардан қўрқиш кераклигини биламан, лекин мен шундайманда. Кўзим ўргансин, деб бир жанозага бордим. Ҳа, тўғри, ҳаммаси оддий экан! Юриб, гапириб турган одам энди жимгина ётибди. Балким баридан қутилгандир, балки тутилгандир. Аммо қабрга қўйилаётган мурданинг юз тузилиши кафандан кўриниб кетди. Жасад ҳам Мен эканлигимни кўриб, рости жуда ҳайратландим. Ахир, мен юрибманку, қачон ўлдим?!
Хаёлимга тартибсиз ўйлар кела бошлади… Шу ондан ўзимни зарра деб ҳисоблай бошладим. Бошқаларни ҳам. Умуман, ҳамма нарса зарра, деган қарорга келдим. Ахир, дунё зарраларнинг жипслашувидан ташкил топган. Бир кун келиб ҳамма нарса зарраларга парчаланиб кетади. Қизиқ, ўшанда бу чексиз коинотда нима қолар экан а!?
Марҳумнинг уйида жаноза тугаб, йиғилганлар тарқалган маҳал қабристонга қараб йўл олдим. Муддао – қабрдаги мурдани яна бир кўриш. Энди олдинги қўрқувимдан асар ҳам қолмади. Ўзимда адоқсиз бир шиддат сездим. Қуёш аллақачон уфққа бош қўйган, қишлоқ аҳли ўз юмушларини битириб, уй-уйларига кириб кетган. Мозоротгача тахминан етти юз қадамни жуда тез фурсатда босиб ўтдим. Қабристон дарвозасидаги «Хуш келдинг, эй кўнгли бутун одам!» деган ёзувни ўқиб, негадир кулгим келди. Албатта, биринчи жумлага, негаки… Ҳа, майли, балки кимлар учундир, балки, ҳамма учун бу манзилга келиш, «хуш келишдир». Дарвозадан киришим билан тиргагига суяб қўйилган велосипедга кўзим тушди. Атрофга алангладим, ҳеч ким кўринмади.
Ичкарига кирдим. Ҳали тупроғининг нами кетмаган лаҳад тепасидаман. Енгларимни шимариб, қабрни кавлай бошладим. Бироздан сўнг елкамга бир қўл оҳиста тегди. Секин ортимга қарадим. Негадир мен ҳеч нарсадан қўрқмаётган эдим. Одатда, бундай ҳолларда одам сесканиб кетади. Мендаги қўрқув ҳисси қаёққадир йўқолган эди. Ортимда оппоқ соч-соқолли қария жиддий тикилиб турарди.
– Кимсиз? – дедим таҳдид оҳангида. У жавоб бериш ўрнига:
– Ўзинг кимсан, намозшомда бировнинг қабрини безовта қилаётган шаккок!? – деди.
– Марҳумни кўрмоқчиман, бу мен учун жуда муҳим, – дедим ўйланганча.
– Мумкин эмас, бу қонунда ҳам, шариатда ҳам тақиқланган, – дея кета бошлади. Бирпас ўлик сукунат ҳукм сурди. Мозор дарвозасидаги ёзув ёдимга тушиб, қариядан:
– Нега дарвозага «Хуш келдинг!» деб ёзгансиз? – дея сўрадим.
– Кўнглингдан саволингга жавоб топасан! Қалби бутун одамларгина буни англай олади! – деди. Дарвоза томон юра бошладим. Ўйладим. Қандай? Нега? – деган саволлар миямда айланарди.
Ортимдан «Яхши бор, кўнгли бутун одам!» деган овоз келди. Чақмоқ ургандек бўлди. «Бўлди, энди ҳаммасини сўрайман!» деб ўзимга ваъда бердим. Ундан нега менга икки томчи сувдек ўхшашини, кўнглим бутун ё бутун эмаслигини қаердан билишини сўрамоқчи эдим… Лекин энди қария ҳеч қаерда кўринмас эди…
* * *
Ёлғиз юришни яхши кўраман. Баъзида кўчаларни, бозорларни ёлғиз айланаман. Ёлғиз юришда недир синоат бордек туйилади менга. Ёлғиз юрсам, ўзимни тезроқ топадигандек ҳис этаман. Шундай кунларнинг бирида катта бетон йўл ёқалаб кетиб борар эдим. Бирдан ерда ётган оқ қоғозга кўзим тушди. Ажиб бир қизиқиш билан уни қўлимга олдим. Қоғоздаги сўзлар янада қизиқиш уйғотди. Шу тобда нега бошқалар бу қоғозга эътибор бермаган экан, деган фикр хаёлимдан лип этиб ўтди. Балки ҳамма осмонга қараб юрар, мен эса ерга…
Қоғозда «Эй кўнгли бутун одам, сени уйда кутаман! Биламан, сен, албатта, келасан!» деб ёзилган эди. Маза қилиб кулдим. Ахир буни кимдир зерикканидан ёзган ва кутган одами келиши билан машина ойнасидан улоқтирган ёки бирон талаба дарсда бекор қолиб ёзгану, уйга қайтишда чўнтагидан чиқариб отган бўлиши мумкинку, деб ўйладим. Лекин ўша болалик пайтимдан одат саргузаштсеварлигим хумор қилиб, қоғозда кўрсатилган манзилга жўнадим.
Йўлда кетар эканман, нимагадир кайфиятим зўр эди. Инсон ҳаётида меъёрларсиз ҳам яшаб кўриши керак. Шунда у меъёрнинг нақадар керак эканини англайди, деган фикр ўтди кўнглимдан.
Мана, манзилга етдим. Энди хаёлимга турли гумонлар кела бошлади. Бу ерда бирор урушқоқ аёл яшаса, умримда эшитмаган туҳматлар билан менга ёпишсая?! Ё бирор безорилар тўдаси бўлсачи!? Йўқ, дедим паст овозда ўзимга ўзим қатъият билан. Жиловсиз хаёлларимни бир жойга йиғиб, эшикни тақиллатдим. Чунки унинг қўнғироғи йўқ эди. Ичкаридан «Кираверинг, эшик очиқ», деди аёл киши. Кўнглимдаги шубҳалар яна жонланди. «Ўлдинг», дедим ичимда. «Ҳе», деди яна бир кўнглим. Таваккал, деб ичкарига кирдим. Ораста уй. Кўзимга биринчи ташланган нарса айвон деворида осиғлиқ турган кийик шохи. Шох ёғочдан ясалган бўлсада, ҳақиқийга ўхшар эди. Пойабзалимни ечмасдан бир оз туриб қолдим. «Киринг, нега жим бўп қолдингиз?» деди аёл киши ичкаридан. Туфлимни ечиб, аёл овози келаётган хонага кирдим. Катта стол байрамона безалган. Бу эртаклардаги очил дастурхоннинг худди ўзи эди.
– Ассалому алайкум, – дедим сал енгил тортиб. Шунда беихтиёр аёлга қарадим. Қаршимда кўзи тим қора, сочи ёйиқ, юзига парда тортилган ўттиз беш ёшлардаги жувон турарди. Изн сўрамасдан стулга ўтирдим. Эрталабдан кўчада юриб чарчаганман.
– Яхшимисиз, нимага юзингизга парда тутиб олдингиз, нима учун қоғозга бундай гапни ёзиб, кўчага ташлаб келдингиз? – дедим аёлга термилиб.
– Мен сенинг келишингни билардим! – деди у саволларимни жавобсиз қолдириб.
Бу ерда қандайдир сир бор ёки шунчаки ҳазил, деган фикр ўтди кўнглимдан.
– Қаердан билардингиз? – дедим кулимсираб.
– Ҳа, билардим, чунки сен менинг эримсанку! – деди аёл кўриниши ўзгармай. Бошимга кимдир темир билан ургандек бўлди. Ана энди туҳматга қолдим, деб ўйладим ичимда.
– Мен сизнинг қандай эрингизман! Кун кўришга, нон топишга бошқа йўл қолмадими? Манави нарсаларни ҳам мендан олдинги «эрларингиз»дан ундирган бўлсангиз керак! – дедим жаҳл билан столдаги нарсаларга ишора қилиб. Аёл гапирмади.
– Сиздан инсон сифатида рози эмасман! – деб ўрнимдан турдим.
– Ўтир, ўтир қаёққа кетяпсан, кўнгли бутун одам! – деди у. Ҳо-ҳолаб кулиб юбордим.
– «Кўнгли бутун» сизнинг ов паролингиз шекилли?! – дедим.
У жимгина орқа томонидаги токчада турган суратни кўрсатди. Суратда худди менга ўхшаган одам ва мана шу аёл турар эди. Шартта айвонга чиқдим, туфлимни кийиб кўчага югурдим. Дуч келган биринчи ресторанга кирдим. Мақсадим тўйиб ичиш. Балким мен касалдирман. Бўлиши мумкинку! Масалан, шизофрениянинг бошланғич ҳолати. Бу нарсалар менинг кўзимга кўринаётгандир. Ўзи охирги пайтлар кам ухлайдиган бўлиб қолган эдим.
Ресторанга кириб барменнинг олдига бордим. Чўнтагимга қўл солдим, лекин чўнтагимда ичкиликка етадиган пул йўқ, фақат икки дона сигаретга етадиган пул бор экан. Ҳолатимни кўрган бармен:
– Ҳа, ишдан ҳайдашдими, ўртоқ? – деб сўради.
– Йўғ-эй, шунчаки, ўзим, бир ичмоқчи эдим. Пулим йўқ экан. Сигарет берақолинг! – дея чўнтагимдаги пулни узатдим. Бармен пулни олиб, икки дона сигарет узатар экан «Ҳаа, бу бозор иқтисоди, пулинг бор бўлса, яшайсан, бўлмаса, йўқ. Текин нарса фақат масжидда бўлади!» деди салмоқлаб. «Тўғри, тўғри!» дедим жилмайиб.
* * *
Бомдод маҳали азон товушидан уйғониб кетдим. Ўрнимдан туриб ўтирдим. Азоннинг кўнгилга ором берадиган овози тинди. Бирдан дин, намоз ҳақида ўй сура бошладим. Телефонимнинг календарига қарадим – жума. Мусулмонларда жума муборак кун. Шу кун мусулмон жам бўлиб ибодат қилишади. Худди шундай яҳудийлар шанба, христианлар якшанба куни жамланиб, ўз диний амалларини ибодатларда бажаради. Э, шу ҳаммаси бир кунда ибодат қилса бўлмасмикан!? Ахир, Худо биттаку!
Демак, бугун жума экан. «Э, яхши бўлди, мен ҳам бугун жумага чиқаман» деб кўнгилдан ўтказдим. Кейин ўйлаб қолдим: «Кеча ичмаганмидим?!» Йўқ, ўт қопим оғригани боис анчадан бери ичмаётганим эсимга тушди.
Нонушта қилиб, ишга жўнадим. Автоуловга чиқишим билан, бир нарса ёдимга тушиб, ўзимдан ўзим уялиб кетдим. Ахир, мен охирги ишхонамдан бўшаганимга энди уч кун бўлдику! Ҳали янги ишга кирганим йўқ. «Майли, жума намозигача бозорлик қилиб келаман», деб ўзимга таскин бердим.
Бозор рўпарасидаги бекатда автобусдан тушиб қолдим.
Бозорга кирдим. Шовқин аломат. Тез-тез рўзғорга керакли нарсаларни олиб бозордан чиқаётган эдим, рўмол сотиб ўтирган аёлга кўзим тушди. Рўмоллар кўзимга чиройли кўриниб кетди. Аёлимга сотиб олмоқчи бўлиб, сотувчига юзландим.
– Буни қанчага берасиз? – дедим напормон рўмолни ушлаб.
– Бир юз эллик минг! – жавоб берди сотувчи.
– Ўҳ-ҳў, – дедим ажабланиб.
– Туркияники, сифатли нарса, – деб ажабланишимга изоҳ берди сотувчи.
Беш дақиқача тортишиб савдо қилдим ва ўша рўмолни бир юз ўттиз мингга сотиб олдим. «Аёлим бир хурсанд бўлсин!» деб ўйладим ичимда.
Озроқ юрганимдан кейин бир танишимни кўриб қолдим. Эркак бўлиб, аёлларнинг ҳалиги нарсаларини сотаётган экан. Салом-аликдан сўнг унга ҳозиргина сотиб олган рўмолни кўрсатиб: «Арзон олдим, туркияники экан!» дедим мақтанганнамо. Танишим рўмолни кўраркан, кулиб: «Камида етмиш мингга еб қўйибсизда!» деди.
– Ие, нега еб қўяман?!
– Бу ҳеч қандай Туркияники эмас, ўзимизда водийдан чиқади. Ҳув, ўн метр нарида энг зўрини эллик-олтмиш мингдан сотишяпти, – деди у менга ачингандек.
Танишим билан хайрлашиб, автобусга чиқдим. Кетар эканман, хаёлимда сотувчи аёлни ўйлар эдим. «Ахир, у мени алдадим, деб ўйлайди. Эртага бирон фалокатга йўлиқади. Кейин мен ва менга ўхшаганларнинг алдаб топган пулини, керак бўлса, ундан ҳам кўпини сарфлайди. Нега у бу дунёда ҳеч ким бировнинг ҳақини биров еёлмаслигини тушунмайдия!»
Уйга келдим. Нарсаларни аёлимга бериб, соатга қарадим. Намозга қирқ дақиқа қолибди…
Жума намози бошланди. Имом сура ўқиётган маҳал унга кўзим тушди. Негадир мен имомга жуда ўхшар эканман. Тушь кўраётган бўлмай тағин, деб ўнг тарафимдаги одамга қарадим. Ҳайҳот, у билан ҳам бир хил эканмиз. Кейин чап ёнимдаги кишига қарадим, тавба, у билан ҳам икки томчи сувдекмиз. Иложсиз, мумкин бўлмаса ҳам, кўзимни юмиб олдим.
Жума намози тугади. Имом дуо қилаётганда ҳам кўзимни очмадим. Ниҳояда ўрнимдан туриб, масжиддан чиқиш эшигига қараб юрдим. Атрофга қарадим. Э, қиёмат, ҳамма одамлар бир хил кўринишда эди. Асли кўриниш кимники билмайман, аммо бир хил тусдаги одамлар, бир томонга, чиқиш эшигига интилар эди.
«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 8-сон