Фазлиддин Воҳид. Оралиқ (ҳикоя)

1

Шодиқулни томи булутлар билан бўйлашиб турган бино томонга тийиқсиз ва изтиробли истак етаклаб келди. Бинонинг биринчи қаватидаги лифт олдида навбатга тизилганларнинг боши узра енгил оппоқ туман айланиб турарди. Шу боис уларни бир-бирларидан ажратиш қийин бўлса-да, Шодиқул навбатда турганларнинг гулдаста кўтариб олган йигитлар ҳамда оппоқ йўргакпўш қучоқлаган ёш аёллар эканлигини тусмоллади.
Навбат охиридаги жуфтлик Шодиқулнинг кўзига жудаям иссиқ кўринди, лекин қанча уринмасин, уларни қаерда кўрганини эслай олмади. Аёлнинг қўлидаги йўргакда тамшаниб ётган чақалоққа кўзи тушгач, ўзини бутунлай йўқотиб гўё атрофни ўраб турган оппоқ туман ичида сузиб кета бошлади. “Наҳотки бу гўдак менман” деган фикр борлиғига ёпишиб олган эди Шодиқулнинг.
Лифтга чиқиб олганларнинг кўпчилиги хурсанд. Ҳадеб бир-бирини табриклар, қутлашар ва нималардандир баҳслашар эдилар.
Биринчи ва иккинчи қават ортда қолган бўлса-да, Шодиқул атрофидагиларнинг сўзларига тушунмас, фақат уларнинг юз ифодаларига қараб жиддий тортар ёки жилмайиб қўярди. У лифт чироғидаги уч рақамини тиниқ кўрди. Энди атрофдагиларнинг сўзлари ҳам тушунарли ва аниқ эшитила бошлади. Тунда ғалати туш кўрди, тушида Қирққиз дарасида юрган эмиш. Баҳорнинг эрта тонги анча салқин бўлса-да, оппоқ ҳарир кўйлак кийиб олган қизлар уни ҳадеб имлаб чақирар, яқинлашгани сари қиқирлаб кулишиб тоғ чўққиси сари ўрлаб боришар эмиш. Тоғ чўққилари ортидан кўтарилаётган қуёшнинг заррин нурлари баҳор осмонидаги оппоқ булутларга урилиб нақшлар ясар ва бу нақшлар Шодиқулнинг кўзига рим рақамидаги ўн етти шаклида кўринарди.

2

Шодиқул уйқудан сархуш бўлиб уйғонди. Кўзи ўн еттинчи қаватни кўрсатиб турган лифт чироғига тушди. Энди лифт саҳнидагилар турфа кишилар бўлиб, ҳар ким ўз фикри хаёли ва ташвишлари билан банд. Ёнидаги фетр шляпа кийиб, узун бўйинбоғ таққан кишига Шодиқул секин шипшиди: “Айтинг-чи, домла, нега биз тор лифтдамиз?”
Бу саволни эшитган киши Шодиқулга бошдан-оёқ шубҳали разм солди, уни синчиклаб обдан кузатгач, кўрсаткич бармоғини қалин лаблари устига босди-да, нари кетди. Айнан ушбу саволни эшитган қалин кўзойнакли тепакал киши эса Шодиқулга кўзойнак остида йилтираб турган кўзлари билан совуқ термилганча: “Жим юрмасанг, бундан ҳам торроқ жойга олиб бориб қўйишади”, дея тескари бурилди. Ўзини қийнаётган саволга жавоб тополмаган Шодиқулнинг кўнгли совиди.
Йигирма учинчи қаватда у учратган Лайлонинг сиймоси қалбига ишқ ўтини ёқди, аммо шаддод қиз бечора ошиққа заррача парво қилмас, унинг учрашув ҳақидаги таклифларини рад этарди. Шундай пайтларда Шодиқул:

– Мабодо келмасанг, азизам,
Осмон қолади қорайиб,
Ҳилол ҳам тарк этиб фалакни
Ишқ дашти қолади торайиб, –

деб ўзини овутарди.

3

…Лайлонинг жисми ва юзидаги ўзгаришлар Шодиқул учун қанчалик қувонч келтирган бўлса, бугунги тасодифий учрашув унга яна бир қувонч бахш этди. Бу учрашув йигирма еттинчи билан йигирма саккизинчи қават ўртасида содир бўлди. Шодиқул тасодифан ўн йилдан буён кўрмаган қадрдон дўсти Шавкатни учратиб қолди. Дўстлар шу қадар самимий кўришдиларки, гўё бутун борлиқ кенгайиб кетгандай бўлди. “Наҳотки ўн йил кўришмадик?” Бу сўз ҳам савол ҳам жавоб бўлиб учар эди икки дўстнинг лабларидан. “Ҳа ўн йил” деди Шавкат энтикиб. “Шу ўн йил ичида мен кўп юртларни кездим, тижорат ишлари билан кўплаб мамлакатларда бўлдим ва дунёнинг нақадар кенглигига ишонч ҳосил қилдим. Дунё кенг бўлса-да, сен билан мана шу тор лифтда учрашиб турибмиз, дўстгинам”.
Чақалоқнинг чинқириғи “Тор дунё кенг бўлди” деган хушхабар каби янгради Шодиқулнинг қулоқлари остида. Мурғак вужуднинг “инга”си ажойиб мусиқа янглиғ жаранглар, ҳавода наволар ўйнар, мусиқага жўр бўлиб куйлаётган онанинг алласидан ривоятлар тўкилмоқда эди. Шодиқулнинг қувончига лифтнинг темир қопқалари тор келди. Унинг оппоқ матога йўргакланган зурриёди учун жуда кенг олам керак, токи бу оламнинг замини ҳам осмони каби беғубор ва мурғак гўдакнинг қалби тонг қуёши нурларини эмиб товланаётган марварид шудринг каби мусаффо бўлсин. Зурриёдига ана шундай кенг дунё истарди ота.
“Наҳотки, ўғлимга соладиган иморатим шу лаънати лифт мисоли тўртбурчак бўлса” деган фикрдан даҳшатга тушди Шодиқул. “Наҳот ўғлимга атаб экилган ва дарё эпкинида тонгни қаршилаб, барглари шивирлаб ашула айтаётган бўйчан тераклар тор дунёни янада тор айламоқ учун хизмат қилса? Лаънати тўртбурчак! Инсонни ўзига даҳшатли куч билан боғлаб ташлаган сирли хилқат. Инсон қалбидаги ҳур насим бўлиб учишга шайланган гўзал ҳиссиётларнинг машъум қафаси. Бу машъум қафасга бир умр қул инсон наҳотки ўз қўллари билан бўғизласа фарзанди каби авайлаб ўстирган теракларини?

4

Маҳзун қўшиқларининг тингловчисини йўқотган дарёга тор келди бу дунё. Тўлқинлари қирғоққа сапчиб тун бўйи ўкириб чиқди дарё. Рутубатли осмон ва атрофга даҳшат солаётган момогулдурак унга ҳамдард бўлди.
…Кўзгудан Шодиқулга мўйлови эндигина сабза ура бошлаган, қош-кўзлари худди қуйиб қўйгандек унга ўхшаб кетадиган, нигоҳидан куч ва шижоат ёғилиб турган йигитча қараб турар, Шодиқулнинг соқол олишига халақит берарди.
“Мана, нега устарам ўтмаслашиб қолибди”, деган фикрдан кўнгли ёришиб қетди Шодиқулнинг…
Лифт тўхтамай ўз йўлида давом этарди. Ҳар бир қаватдаги рақам чарақлаб ёнганида лифтдагилар бир-бирларини қутлашар, табрик нутқлари айтилар, қадаҳлар жарангларди.
Орзиқиб кутган қирқинчи қаватда лифт узоқроқ туриб қолгандай бўлди унинг назарида. Эртага Шодиқулнинг туғилган куни, қирқ ёшга тўладиган кун. Ахир инсон ҳаётида бир бора бўлади бундай дамлар. Албатта орзиқиб кутилган кунни муносиб нишонламоқ керак.

5

Машҳур ҳофизнинг “Бозорга ўхшайди асли бу дунё” деган ашуласи таралаётган бозорга кириб бораркан, бозор дарвозаси ёнида турган гадонинг садақа сўраб минғирлагани қулоғига чалинди. Гадонинг қўлига шалағи чиққан қоғоз пул тутқазаркан, гадо унга шилпиқ кўзларини лўқ қилиб “Яна битта қистирсанг, мойли жойни оласан” дея минғирлади. “Қаерда кўрганман бу нусхани” деган фикр ўтди Шодиқулнинг хаёлидан ва бирдан лоп этиб эсига бир пайтлар порахўрликда ном чиқарган амалдор тушди. Ушбу нусха шаҳар ҳокими бўлган даврда шаҳарда порахўрлик шунақа ҳам авж олгандики, одамлар пора бериш учун идоралар олдида тун-кун турнақатор навбатда туришарди. Ҳатто автобус кондукторлари ҳам йўл чипталари тарқатиш ўрнига “Йўловчилар, тезроқ пора беринглар. Пора бермаганлар жаримага тортилади”, дея айюҳаннос солишарди. Шодиқул исқирт гадодан четга буриларкан, миясидан туйқус “Балки бозор аслида дунёга ўхшаса-чи?”, деган фикр яшиндек ўтди. “Дунё бозорга ўхшайдими ёки аксинча бозор дунёнинг инсон томонидан яратилган митти макетими?” деган савол хаёлини чулғади. Бу фалсафани теран англамоқ, тушуниб етмоқ учун қирқинчи қаватда яна бир фурсат тўхтаб турмоқ, фикрламоқ ва ўзни дақиқаларга қурбон айламоқ кераклигини теран ҳис этди Шодиқул. Лекин бешафқат вақтнинг темир занжирларига маҳкам боғланган лифтни тўхтатиб туриш мумкин эмас. Аксинча бозор кезиш, тирикчилик ва рўзғор аталмиш тубсиз комга бозор пештахталаридан юлиб олинган ноз-неъматларни тинимсиз ташлаб туриш керак. Гарчи эртанги кун Шодиқулнинг ҳаётида орзиқиб кутилган кун бўлса-да, бугунги харид унга эриш туюлди, жуда оғир ботди.
Шодиқулнинг дардига шерик бўлиб:

– Ҳаёт-мамот жанггоҳи – бозор,
Пуллар – найза, пештахта – қалқон,
Оғриқлардан йиғлайди зор-зор
Тарозилар, ярадор виждон, –

дея инграрди бозорни чулғаган ҳаво.
Шодиқул бор-будини пулга чақиб қанча чиранмасин, тарозининг тош қўйилган палласи босиб кетаверди, оғиб кетаверди. У ўзини осмону фалакка ирғитиб юборилгандай ҳис қилди.

6

Бу кеча лифтдагилар тун бўйи нотинч бўлиб чиқдилар. Тонгга яқин лифт кучли бир силтанди-да, тўхтаб қолди. Темир эшиклар бирдан тарақлаб очилиб кетди. Ичкаридаги оломон ўзини ташқарига отди. Димиққан ҳаводан чиқиб, кузнинг мусаффо тонгида эсаётган майин насимларга рўбарў бўлган оломон донг қотди. Ҳаво шу қадар тоза эдики, димиққан ҳаводан нафас олишга ўрганиб қолган кишилар энтикиб қолишди. Соф ҳаводан тўйиб олишгач аста-секин ҳар тарафга тарқала бошладилар. Оломоннинг бу ҳолати узоқ вақт қафасда яшаб ундан озод бўлгач, нима қиларини, қай томонга учишни билмай турган тутқун қушнинг ҳолатини эслатарди.
Куз қуёшининг заррин нурларидан кўзи қамашган Шодиқул бироз каловланиб тургач дарё қирғоғидаги бўйчан тераклар сари югуриб кетди. Мана ўша зилол сувли, қирғоғида ялпизнинг майин ва хушбўй ҳиди таралиб турган дарё. Тераклар мусаффо тонгга салом бераётгандек япроқларини тебратиб, майин шивирламоқда. Япроқлар орасидан сузиб ўтаётган тонг қуёшининг заррин нурлари жимирлаб оқаётган сувга тушиб нақшин манзара ҳосил этмоқда эди. Шодиқул ўзини кўм-кўк майсалар устига отди.
Мовий осмон, мусаффо ҳаво, баланд тоғлар орасидан чиқиб келаётган қуёш, кенг олам. Барча-барчаси уники. Шодиқулнинг бўғзида тиқилиб ётган нидо ҳайқириқ бўлиб кенг дунёни ларзага солди. ҲУРРИЯТ! Шодиқулнинг ўз изтироблари чангалидан ҳурликка чиққан кун эди бу кун.
Кўм-кўк майсалар устида чалқанча ётганча тикилаётган ложувард осмон каби тип-тиниқ эди унинг қалби.

7

…Кейинги кунларда Шодиқулнинг кўнглида содир бўлаётган нохушлик лифт­нинг ҳаракатига ҳам кўчди. Тонгга яқин лифт қаттиқ силкинди ва шиддат билан пастга, зулмат қаърига шўнғиди. Энди лифт саҳни зах ва қоп-қоронғи эди. Қаватларни кўрсатувчи рақам чироқлари ёнмасди.
Ниҳоят, лифт тўхтаб, эшиги очилганда Шодиқул қаёққадир шошилиб кетаётган оломонга қўшилиб қолди. Кишилар елкаси узра тобут лопиллаб сузиб борарди. Оломон қабристон дарвозаси олдида бироз секинлашди-да, сўнг қабристон сари сингиб кета бошлади.
Қабрлар оралаб борар экан, Шодиқулнинг кўзи бехосдан тошдаги лавҳага тушди “Эломонов Шодиқул. 1950–1991 йиллар”.
Шодиқул қабр тош олдида чўккалади. Кўз ўнгида ҳарир матога йўргакланган, боши узра оппоқ булут сузиб юрган, атрофга беғубор кўзлари билан жилмайиб боқиб турган чақалоқ жонланди.
Туман эса қуюқлашиб, қорайиб борар эди.
Теран сукунат ичра Шодиқулнинг қулоғига яна лифт шовқини чалингандай бўлди. Бу тийиқсиз ва изтиробли юракнинг сўнгги уришлари эканлигини билар­ди у.

«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 1-сон