Ўша кун ёдимда. Куз эди. Ёмғир шориллатиб қуярди. Ёмғиркўш остида иккимиз бошларимизни бир биримизга суяб асфалтда оқаётган ёмғир сувларига тикилганча тек қотган эдик. Майин, совуқ ҳаво гўё иккимизни бир-биримизга чирмар эди. Оёқларимиз тиззаларимизгача хўл бўлсада вужудларимизда олов ёнарди. Нафис крепдешин мовий рангли кўйлагингни елканг узра ёпилиб турган жойлари кафтларимга тегиб турибди. Ёмғирпўш тутган қўлларим нозик билакларингга суркалиб кетади. Шунда вужудимда ўт ёнади. Сен қандай ҳолда эканлигингни билмайману, аммо мен чўғдек ўртанардим. Ёғаётган ёмғирнинг салқини сезилмасди. Ҳаводаги тунд намгарчилик кайфиятимни тушириш ўрнига аксинча юксакка кўтаргандай эди. Чунки ёнимда сен бор эдинг. Тўлишган ойдек чеҳрангдаги ёруғлик оламимни чароғон этган эди. Гоҳ ерга боқишинг, гоҳ кўзларимга қараб қўйишинг борлиқ оламимга нур бағишларди. Ёнимдалигингдан мамнунлигим беқиёс даражада эди. Ерга қараб туриб, баъзан атрофга алан
глай-аланглай Ги Де Мопассаннинг ҳикоясидаги “Севди, севилди” жумлаларини шивирлаб айтсам “Нима дедингиз” деганларинг ғалати туюларди. Мен ҳикоядаги жумлаларнинг охирини айтмасдим. Яна секин қулоқларингга энгашиб туриб сендан димоғимга урилаётган атир ҳидидан маст бўлган ҳолда ўша сўзларни такрорлардим. Охирги сўзни эса айтмасдим… Сен ҳикояни ўқимаганинг учун охирги сўздан бехабар эдинг. Билмасдинг. Билганинг ҳам яхши эди мен учун. Мен шуни истардим. Билмаслигинг мен учун керак эди. Шуни ҳоҳлардим ўшанда.
Туйқусдан яна “Нима дедингиз”? дединг. Яна маст бўлиш истагида қулоқларинг томон энгашдим. Сочинг толалари дудоқларимга тегди. Тўғрироғи, дудоқларим сочларингга тегиб турди. Яна секин “Севди, севилди”, дедим. Аввал тек қотдинг. Рангинда ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Оппоқ юзларинг ўша жиддий қиёфада. Кўзларинг қаерга тикилган билмайман. Қимирламасди. Шу туришинг совуқ тош ҳайкал туришига ўхшарди. Гўзал эдингу ички бир музлик вужудингда ҳукмрондек сезиларди.
Ёмғир ёғарди. Ёмғир ёғарди. Борлиқ негадир тунд эди. Ёмғирпўш остида иккимиз эдик. Бир ёмғирпўш остида икки жон, икки вужуд. Бир-биримизга яқин эдик. Бир жон эдик гўё, ҳам бир вужуд эдик…
Шунда яна сўрадинг:
– Нима дедингиз?
– Севди, севилди!
Жавобим қатъий ва аниқ эди. Овозимдан қатъият сезилиб турарди. Буни сен билгандай бўлдинг. Ўйладинг. Ёмғир сувларига тикилганча тек қотдинг. Ёмғирпўш дастасидан тутиб турган қўлинг ёнингга тушди. Даста менинг қўлимда қолди. Шунинг учун у ён буён силкинди. Ёмғир томчилари енгил эсган шамолдан юзларимизга урилди. Ёмғирпўш остида турга бўлсак ҳам шундай бўлди.
Бирдан қиёфанг ўзгарди. Юзингда алланима ҳолат пайдо бўлди. Одатда ваҳима деймизми, қўрқувми шунга ўхшаш нарсалар инсон юрагида пайдо бўлса шундай бўлади. Чеҳранг ўзгарди. Ўзгарганда ҳам ғалати ўзгарди. Ҳозир мен ҳаммасини тўла айтиб бера олмаяпман…
Кейин. Кейин. Хиёл мийиғингда кулимсирадинг ва бирдан қаҳқаҳ уриб кулиб юбординг.
Мен тушунмадим. Сени энди кўраётгандай эдим. Сен ўшамас, бошқа эдинг. Тамоман бошқа эдинг. Қаттиқ ва қаҳрли кулардинг. Кулгинг таҳқирловчи маънода эди. Юракка ҳузур бериб эмас, найзадек сайилиб жарангларди. Кулдинг. Кулдинг. Ичак узди кулгига учраган одамдек кулдинг. Тиззаларингга кафтларингни уриб, у ён бу ён тебраниб кулдинг. Ва бирда “вой “ дедингда шаррос қуяётган ёмғир ичра ўзингни урдингда кўздан ғойиб бўлдинг. Ортингдан фақат:
– Гўзал!!!- дея олдим холос…
Шундан кейин учрашмадик. Тополмадим. Топишнинг имкони бўлмади. Топиб бўлмади. Сувга тушган тошдек йўқ эдинг. Йўқолган эдинг. Ойлар, йиллар ўтди. Қалбимда қолган жароҳатга фақат бир сўз ўша ўқиганим Мопассаннинг ҳикоясидаги сўзларни такрорлаш малҳам берарди.
Энди мен уни бошқача айтардим. “Севди, севилди” эмас, … “севилди, ўлди” тарзида такрорлардим. Шу дардли юрагимга ором эди. Ҳикоянинг охирида қаҳрамонни ларзага солган жумлаларни ҳам баъзан эслаб қўярдим. Ҳикоядаги “У суюклисига хиёнат қилиб жазманиникига борди. Ёмғирда қолди шалаббо увиди ва шамоллаб қолиб касал бўлди, ўлди”, демасдим, аммо ўз ўзимга “… севилди, ўлди”, деб қўярдим. Шундай дердим…
Бир куни “Дамас”да кетардим. Машина дўмликдан тушибоқ чапга бурилди. Умумий ҳовлилар бор кўча бошланди. Машина теккис асфалт йўлда ғизиллаб учиб кетяпти. Машинадаги йўловчиларнинг ҳаммаси ўз ўйи, хаёли билан банд. Қараб кетяпман. Умумий ҳовлиларнинг бири темирдан, бири ёғочдан қилинган кенг, катта дарвозалари очиқ.
Кўзим узун деворга катта-катта ҳарфларда ёзилган ёзувга тушди. “Мени сев, мени сев”! сўзлари уйнинг орқа деворини эгаллаб ётарди. “Қизиқ” дедим ичимда ўзимга ўзим. “Одатда деворларга дарахтларга, тоғлардаги улкан тошларга “сени севаман”! сўзлари ёзиларди. Бу ерда “Мени сев”! деб ёзиб қўйибди-я” ўйладим. Бу маъшуқанинг сўзларимикин, ошиқникимикан? Аслида ошиқ “Сени севаман”, дейиши табиий. Демак…
Хаёлимда ёмғирли кун жонланди. “… севилди, ўлди”, деб пичирладим. “Мени сев”! деган ҳикоя ҳам ёзмоқчи бўлдим. Бу икки сўз ёнига “Ким” деган сўроқни қўйдиму, ёзмадим, ёзолмадим…