Фарид Усмон. Ғилдиракли уй (ҳикоя)

Бир замонлар тоғ ва водий туташган жойдаги кўркам қишлоқда бир деҳқон яшаркан. У пастдаккина, кўримсиз гувалакдан қилинган айвони йўқ уйчасида хотини-ю болалари билан умр кечираркан. Деҳқон бўш қолган пайтларида кўчага чиқиб супачада ўтиришни, ўткан-кетган билан лақиллашни қиш кунларини шундай ўтказишни хуш кўраркан.
Водий ёнбошидаги кўркам қишлоққа баҳор келибди. Ҳаммаёқ кўм-кўк бўлибди. Боғларда гуллар очилибди. Гулларга шайдо қушлар сайрай бошлашибди. Ишлар қизигандан қизиб кетибди. Деҳқон эрта тонгдан то қоронғи тушгунча терлаб-пишиб ишлай бошлабди. Ердан мўл-кўл ҳосил олиш учун қўли-қўлига тегмай меҳнат қилишга киришибди.
Ана шундай тиғиз кунларнинг бирида хотини унга:
– Бу қандай ҳаёт бўлди,- дебди.
– Қачонгача биз бу паст, гувалак уйда яшаймиз. Ахир биз ҳам чиройли, қурчоқдаккина уйда истиқомат қилсак бўлмайдими?! Еб-ичаримиз бўлса. Пулимиз бўлса. Қани янги уй қурайлик. Усталарни чақириб келинг! Қиш келгунча янги уйга кўчиб чиқишимиз керак. Ҳамманинг ҳаваси келсин.
Деҳқон мўмин-қобил, ювош одам эди.
– Хўп,- деди у. Бошини солинтирганча усталарни излаб кетди. Излаб-излаб уй қиладиган усталарни топибди ва мақсадини айтибди.
Усталарга ҳам ўша фурсатларда ҳозиргидек иш йўқ экан. Улар ҳам иш топилганидан хурсанд бўлишибди:
– Яхши,- дейишибди.- Эртага эрта тонгдан иш бошлаймиз. Уй қуриладиган жойни кўрсатсангиз бас. Ерни кавлаймиз-да, бетонини қуямиз. Сўнг девори урилади, томи ёпилади. Кўрибсизки, ҳаш-паш дегунча янги уйнинг калити қўлингизда бўлади.
– Дарё бўйини кўзлаб қўйганман. Сўлим, шинам жой.
– Жуда соз. Ишни бошлаганимиз бўлсин.
Усталар эрталабдан асбоб-ускуналари билан келишибди-да, енг шимариб ишга киришиб кетишибди. Астойдил меҳнат қилишиб туш бўлгунча пойдеворга бетон қуйиш учун чуқурларни тайёрлай деб қўйишибди. Тушга яқин қуёш чарақлаб турган бир пайтда деҳқоннинг қоп орқалаган ён қўшниси усталар ишлаётган жойга яқин сўқмоқдан ўтиб қолибди.
– Ҳе, хорманглар усталар дебди. – Хўш нима қуряпсизлар?
– Бор бўлинг! Уй қуряпмиз.
– Топган жойларингни қаранглар. Э, аттанг. Уйни шунақа жойга қурадими? Бир томони дала, бир томони дарё бўлса. Ахир, заҳ уриб деворлар тезда нурайдику. Қолаверса, уй ичи қишин-ёзин совуқ бўлиб соғлиққа таъсир қилади. Уйни ҳов анави, кўриниб турибдику, ўша қирга, дарахтнинг ёнига қуриш керак.
У қўли билан бир туп тут дарахти ўсиб турган баландликни кўрсатибди.
– Раҳмат сизга,- дебди деҳқон.- Яхши маслаҳат бердингиз. Ўйлаб кўрсам ҳақиқатдан ҳам номақбул жойни танлабман. Илгари фикр қилмабман-да. Бир томони дарё бўлса, бир томони дала…
Хотинимга ҳам сал ёқмай турган эди. Ҳой, азамат устажонлар! Қани ишни бир зум бас қилинглар. Асбобларни йиғиштириб ҳов анави дарахт ёнига кўчамиз. Уйни ўша жойга қурамиз.
Усталар янги танланган жойга йўл олишибди.
– Албатта, қаерни кавлатиш, қаерга уй қуриш бу сизнинг ихтиёрингизда. Сиз бизга хўжайин.
Иш яна қизиб кетибди. Усталар дарахт тагидаги салқинда тушлик қилиб олишгач,астойдил ишга киришиб кетибдилар. Курак, кетмонлар шундай тез ишлатяптиларки, кеч бўлар бўлмай чуқурлар, чуқурлар ёнида ўркач-ўркач тупроқ уюмлари пайдо бўлибди. Худди шу пайт усталар қаршисида чўққи соқол, паст бўйли, бошида кирланган дўпписи бор тўрт, бешта қўйни олдига солиб олган қўлида бир ярим, икки газ келадиган таёғи бор киши пайдо бўлибди. Салом-аликдан сўнг:
– Э, аттанг, аттанг,- дебди у соқолини ўйчан силаб.- Уй учун танлаган жойларингиз нобоп. Нимага дейсизларми?! Ахир бу ер нақ шамолнинг конику. Яп-яланглик бўлса. Шамол бир зум ҳам кўз очирмайди бу жойда. Ҳа, ҳали мени айтди дерсизлар…
Бу сўзларни эшитиб турган деҳқон:
– Ҳақиқатни айтяпсиз, оқсоқол! Бу ернинг шамоли ҳаммага маълум. Айниқса изғиринли кунларда,- дебди деҳқон. – Хўш, қандай маслаҳат берадилар.
У қўйларини қирнинг бу томонига қайтараркан баланд, жарангдор овозда маслаҳат берибди:
– Уйни ўрмон ортига қуриш керак. Дарахтлар шамолни тўсади. Шамол тўсилган жой иссиқ бўлади. Ҳов яшил жойни кўряпсизларми?! Ўша жой роса уй бопда.
– Раҳмат сизга. Вақтида маслаҳат берганингиз учун. Бетон қуйишни бошлаганимизда ортиқча иш бўларди.
Деҳқон усталарга ишни тўхтаттириб, уларни ўрмон орқасига кўчирибди.
Ҳақиқатдан ҳам ўрмон орти осойишта, қулоқлар остида ғувуллаб турадиган шамол йўқ кўм-кўк сўлим бир гўша эди. Дарахтзорларда чағ-чағлашаётган қушларнинг хонишлари эса бирам ёқимли, бирам ёқимли эдики…
Қумрилар, булбуллар ва бошқа талай қушлар “Баҳор” валсини аллақачон ижро этаётган ансамблнинг худди ўзгинаси эди.
Ўша ерда ҳам сал ўтмай бир йўловчи пайдо бўлди.
– Ҳе, хорманглар! Нима уриндичилик-а. Ҳа, уй қурмоқчимисизлар дейман. Эсинглар жойидами ўзи?! Ахир бу ер дарахтзор бўлса. Қуёш нури умуман йил ўн икки ой бу ерларга тушмаса. Қолаверса, бу ерларда ер ости сизот сувлари ер сатҳига жуда яқин бўлади… уйни водийга қурган маъқул…
Бу хил дам ўнгга, дам чапга, у ёққа бу ёққа деб кўрсатишлар ҳеч нарсани ҳал қилмапти. Ҳеч ким уйни қаерга қуриш кераклигии аниқ кўрсата олмабди. Чунки одамлар орасида бу хил маслаҳатгўйлар кўп ва улар ўз билгича маслаҳатлар берар экан.
Тун борлиққа ҳукмрон бўлибди. Қишлоқ аҳли уйқуга кетибди. Шулар қатори деҳқон ҳам дам олгани ётибди. Эрта тонгда, ҳали энди ғира-шира олам ёришаётган бир пайтда деҳқоннинг эшиги тақиллаб қолибди. Эшикни тақиллатаётганлар кечаги усталар экан.
– Хўжайин энди қаерни кавлайлик?- деяётган эмиш асбоб-ускуналарни кўтариб олишган усталар.
Деҳқон эшик олдида туриб дебди:
– Ҳурматли усталар. Ростини айтсам, туни билан ухламай ўйлаб чиқдим. Ўйлаб-ўйлаб шундай қарорга келдим. Агар иложи бўлса уйни арава устига қурдирмоқчиман. Мана шу эшак арава устига қуриб берасизлар.
У девори ёнида турган эски эшак аравасини кўрсатибди.
– Ягона йўли шу. Ана ўшанда одамлар қаерга десалар ўша ерга аравани олиб бориб яшайвераман.
Усталарга ҳам бу гап маъқул тушибди.
– Яхши,- дебди улар.- Бизга иш бўлса бўлди. Пул бўлади.
Улар ишга тушибдилар. Ёғочларни ташишибди. Аралашибди. Рандалашибди. Теша, болталарни ишга солишибди. Хулласи калом арава устида чиройли ёғоч уй битибди. Уй деҳқоннинг хотини, болаларига ҳам ёқибди. Улар қўшниларининг ҳавасини келтириб аравага қурилган янги уйда мазза қилиб яшай бошлашибдилар.
Агар биров деҳқонга:
– Яшаётган жойингизни мазаси йўқ деса у аравасини судраб йўлга тушиб қолар экан ва ғилдиракли уйчасини хоҳлаган ерига қўйиб ўша ерда яшар экан. Кунлар деҳқон учун шу йўсинда ўтаверибди.
Кунлардан бир кун деҳқон хотини ва унинг болалари ҳали уйқудан уйғонмаган бир дақиқада эрта тонг ғира-ширасида шамол шундай кўтарилибдики, симёғочлар хуштак чалибди. Дарахтлар эгилиб-эгилиб ғувиллабди. Шамолмисан шамол бўлибди. У араванинг ғилдиракларига урила-урила чунонам увиллабдики, худди бўри увлагандек бўлибди. Ана шунда уйча қияликдан пастга қараб юриб кетибди. Шамол эса ғилдиракли уйчанинг юрганини кўриб завқи келгандан тезлагандан тезлабди. Шунчалик тезлабдики, бир зумда далаларни, жарлик, тепаликларни, дарахтзор, ялангликларни, шаҳар, қишлоқларни, кўчалар томликлари ҳамма ҳаммасини ортда қолдириб учиб бораверибди-бораверибди. Ғилдиракли уй ҳам шамолда ғилдираб-ғилдираб бориб-бориб дарёга тушиб кетибди. У дарёда сувни оқимига қараб сузиб кетаверибди. Шунақа тез сузибдики, ҳали тонг энди ёришаётганда сузиб денгизга етибди.
Қуёш ўзининг заррин нурлари билан денгиз сувларини жилвалантира бошлаган бир пайтда деҳқон уйқудан уйғониб ғилдиракли уйча деразасидан мундоқ бир қараса ҳаммаёқ тип-тиниқ сув эмиш. Тип-тиниқ сувлар жилвасида унинг кўзлари қамашибди:
– Хотин! Хотин! Тур, қара! Ажойиб,- дебди у ҳаяжонланиб.
Хотини уйғонибди, болалари ўрнидан туришибди. Ҳаммалари ҳайрон қолишибди. Уйчалари денгизда сузиб кетаётганлиги уларга шоду-ҳуррамлик баҳш этибди.
Тинч-осойишта ҳаёт кечира бошлашибди. Аввал мазза қилиб чўмилишибди. Балиқлар овлашибди. Бекор қолган пайтларида эса ҳаёлга берилишиб сувга тикилишибди-да, беғубор осмонни томоша қилишибди. Энг муҳими бу жойда “ундай қил, бундай қил” дейдиган маслаҳатгўйлар йўқ экан.

***

“Ундай қил, бундай қил” деган маслаҳатлардан қутилган деҳқон уйчасида дераза ёнида ўтириб денгизда сузиб бораркан атрофга назар солди. Сув шишадай тиниқ эди. Шамол тинган. Атроф жим-жит. Фақат ора-сира тиниқ денгиз суви қучоғида сузаётган балиқлар ва балиқчаларнинг “чўлп-чўлп” этган товушлари қулоққа чалинарди. У сирли, мўъжизавий бу товушлар оғушида ором топгандай ўтириб атрофга назар солди. Сувларни жимирлатиб бепоён денгиз этагидан қуёш кўтариларди. Унинг ўткир нурлари, тиниқ сувда чарҳлана-чарҳлана деҳқоннинг кўзларига бота бошлади. Қуёш бу ерда яшил дала, қўнғир кенгликлардагига қараганда анча беозор – бошни айлантириб, кўзини тиндирадиган даражада экан. У қуёшнинг бу-ситами-га бардош беролмай қора кўзойнагини кўзига илиб олди. Чиройли тўрт гулли дўпписини бошидан олиб қўйиб, ўтган йили шаҳарга тушганида олган анча эскириб қолган шляпасини бошига қўндирди. “Ана энди, ҳақиқий денгизчиларга ўхшадинг” хаёлланди у. Шу пайт нимадир соя ташлаб ў
тган бўлди. Энди аланглаб қараган эди товуш қулоқларига чалинди. Бир вақтнинг ўзида содир бўлган бу ҳолатни у англаб етишга харакат қилди. Соя ташлаб ўтган нарса денгиз қалдирғочлари экан. Улар нозик, ингичка кўринишда бўлиб дала қалдирғочларидан тубдан фарқ қиларди. Овоз чиқарган нарса балиқ эди. Балиқлар ўйин қиляптими ё одатлари ўзи шунақами, ирғиб шўнғишар эди. Улар ярим доира ҳосил қилиб денгиз сатҳида сакраганларида ҳавода кўринмас чизиқлар пайдо бўлар, худди биров оппоқ қоғоз юзига қора қаламда чизиб ташлаётганга ўхшарди. Эди у қора кўзойнакда ожиз ҳамда мунгли овозларга қулоқ солга ҳолда тураркан, кўзларига оғир ботолмай қолган қуёшга тик қараганча ўзича кулуматиради. Хаёлида Хемингуейнинг “Чол ва денгиз” ҳикоясидаги бақувват кекса Сантяго чол гавдаланди. У ўзи танҳо рўпарпасида деҳқоннинг денгиз сатҳида қалқиб турган ғилдиракли уйчасидан 30 қадамлар нарида қайиғида бошини мағрур тутган ҳолда турарди. Шу дақиқаларда унинг атрофида қайиқларин
и кучанишиб сувга итариб тушурган балиқчилар ҳам йўқ эди. Сувга шалоплаб урилган эшкакларнинг овозлари эшитилмайди. Денгизнинг чуқур жойларига қармоқ ташлаб ови бароридан келмаган қария бонито ва албакоре балиқлари тўда-тўда сузиб юрган жойларда ўз бахтини синаб кўришга аҳд қилаётгандай.
– Бечора Сантяго- деди деҳқон бехосдан овоз чиқариб.- Бу денгиз сенга не-не озорларни бермаганди-я.
У овозим ухлаётган хотиним, ўғилчаларимга озор бериб қўймадимикан деб ўйлади-да хаёлланди.
Заҳматкаш бу чол неча кун тунлаб бу денгизнинг беаёв шафқатсиз оқимлари билан олишиб рисқ-рўз учун кураш олиб борган эди. Ҳаммасини енгиб ўтсада ўзи ҳеч нарсага эга бўлмай қолаверганди…
– Мен,- деди у хаёлида Сантягога жавоб қилаётгандай, тасодифан келиб қолдим. Шамол ғилдиракли уйимни суриб келиб дарёга туширди. Дарё оқизиб-оқизиб келиб мана денгиздаман. Энди унинг синовларига дош бераман шекилли сенинг цингари…
У қора кўзойнагидан сувга қаради. Хаёлдаги чайир юзли мускулдор, бақувват Сантяго кўздан йўқолди. Деҳқон энди сувга яхшилаб қаради. Бу тупроқ эмас сув эди. Сувли майдон эди. Теп-текис кетган улка ойна сатҳига ўхшаш сирли бир манзил эди. Бу сувлар ҳам худди ер каби ўзида дунёдаги барча кимёвий элементларни жамул-жам этган албатта. Унда азот дейсизми, кислород, карбонат ангидрид, инерт газлар ва шунингдек кам миқдорда бўлса-да органик моддалар ҳам мавжуд. Шу билан бирга эриган моддаларнинг сал кам юз фоизига яқини тузлардан иборат. Бу сувнинг дунёдаги сувлардан ўзига хослиги шўрлиги ва хлорлигидир. Бу ҳам бўлса унинг буюк Қудрат эгаси томонидан ақл бовар қилмас илоҳий дастур асосида яратилганидир.
Унинг илоҳий дастур асосида яратилганлиги яна сирли оқимларида намоён бўларди. Денгизнинг турли қисмларида босимларнинг турлича бўлиши натижасидаги ҳаракатлари эвазига ҳосил бўлувчи бу оқимлар эвазига қирғоқлар ювилиши чўкиндиларда янги қуруқликлар ҳосил бўлиши ва қолаверса совуқ оқим туфайли ҳосил бўлган музларнинг узоқ-узоқларга оқиб кетиши деҳқонга ойдек равшан эди. Бу оқимлар нақадар беқарорлигини ҳам биларди у. Ҳа, улар ўзгарувчан. Доимий ёки даврий. Денгиз юзасида ёки чуқурликларида ёки энг тубида… Ҳе, ҳе. Бу денгиз ҳақида соатлаб ўйлаш мумкин, бутун туну кун сўз юритса бўлади. Шунда ҳам у ҳақда гапириб тугатиб бўлмайди. Муҳими у ҳозир турган жойдаги сув ичидаги ички оқимлар соат стрелкаси йўналиши бўйича харакатда бўлишини бир пайтлар мактабда ўқиб юрганда ўқитувчиси тушунтириб қўйганди. У буни биларди.
Икки соатлар чамаси ўтди. Қуёш анча кўтарилди. Ҳаво илиб қолган. Борлиқ кўзга ёқимли кўринади. Бир пайт тепага бир қуш кўтарилгандай бўлди. Ойнадан боқиб осмон кенглигида унинг қанотларини ташлаб юборганча чир айланаётганига кўзи тушди. Қараб турди. Қуш бирдан сувга шўнғиди. Деҳқон балиқнинг сувдан отилиб чиққанини кўриб қолди. Қуш эса худди шу пайт қанотларини сув сиртига уриб жаҳд билан сувни шопиратиб учиб борарди.
– Ҳаёт учун кураш-деди деҳқон. Денгизда ҳам яшаш учун кураш қонуниятлари худди қуруқликдаги каби маълум тартибда кечишини ўйлади. Кураш унинг бағрида янада шиддатлироқ ўтади. Заррадан то улкан денгиз маҳлуқларигача бари яшаб қолиш учун ҳаракат қилади. Ҳаракатнинг мазмун моҳияти ҳаёт ва мамот. Бу тирикликнинг азалий қонунияти.
Унинг бу фикрларида бехабар арава уйча ичига қилинган сўричада хотини пишиллаб ухлар, унинг ёнида ўғилчалари ором оларди. Хотини уйғонди. Дераза олдида турган эри ёнига келди.
– Вой-вуй,- деб юборди у бирдан.- Вой ўлмасам. Бу нимаси. Ҳаммаёқ сувку!
– А-а- деди -, энди уйқудан кўзи очилган ўғилчалари.
– Сув, мазза чўмиламиз.
– Қаердамиз? Ҳой эр. Бу ер қаер?
– Денгиздамиз.- деди деҳқон хомуш ҳолда.- Кечаси шамол туриб арава-уйимизни ғилдиратиб дарёга тушуриб юборибди. Дарёда оқиб-оқиб мана, кўриб турганинг денгиздамиз.
– Ура!- деди ўғилчалари чапак чалишиб.- Чўмиламиз! Балиқ овлаймиз! Делфинларни минамиз! Мазза!
– Дада, мен балиқчи бўламан,- деб қичқирди катта ўғилчаси.
– Балиқчи бўлолмайсан,- деҳқон ўйчан гапирди.- Сантяго бўлиш қийин. Денгиз ҳаёти оғир. Сен деҳқон бўласан. Ўзим цингари деҳқон. Сув ҳаётига қараганда ер ҳаёти осонроқ.
Улар тўртовлон уйча ойнасидан денгизга тикилиб туришар, ҳам ҳайрон, ҳам ҳаяжон уларни чуқур ўйга толдирганди.
Деразадан қайиқлар кўринди. Уч-тўрт қайиқда балиқчилар бўлса керак ўзларича бир-бирига нималарнидир гапиришиб улар томон сузиб келишарди. Ана эшкакларнинг сувга урилган овозлари қулоққа баралла чалиниб қолди. Одамларнинг овозлари ҳам эшитиларди.
-Хўй, ким бор уйда.
Деҳқон деразани очди.
– Биз бормиз.
– Сен кимсан.
– Деҳқонман.
– Нима, денгизга буғдой сепмоқчимисан?
– Ҳар ҳолда, балиқ овламасам ҳам, буғдой сепиб кўрсамми деяпман.
Балиқчи уларга яқинлашар экан қайиқда қаддини тиклади. Унинг йўғон денгиз қуёшида қорайган гавдаси киноларда тасвирланган Арнолд Швартс Негернинг ўзгинаси эди. Уни кўрган ўғилчаси.
– Вой-вуй,- деди.- Дада, Сантяго шуми? Йўқ. Сантяго Хемингуейнинг “Чол ва денгиз”да. Бу шу денгиздаги балиқчилардан.
Деҳқон бор тафсилотни унга тушунтирди.
– Нима қилмоқчисиз энди? Ёрдам-пордам керак бўлса айтинг.
У сув сатҳида лапанглаётган қайиғида тик турган ҳолда гапирди. Ҳали билиб билмай бу нотаниш кимсани сансираганди. Энди сизлай бошлади. Шериклари ўз қайиқларида тик туришар, унинг сўзларига қулоқ тутишганча жим қолишганди.
– Ёрдам керак,- деди деҳқон.
– Биз қуриқликка чиқишимиз зарур. Қирғоққа бориб олсак у ёғига бу уйчамизни бирор эшак топиб судратиб олиб кетамиз.
– Яхши. Демак, делфинлардан ёрдамга чақиришимизга тўғри келаркан. Биз бу уйчани қирғоққа сура олмаймиз. Кучимиз етмайди. Қайиққа боғлаган билан тортиш қийин.
У кафтларини карнайга ўхшатиб олиб денгиз ичкарисига қараб бақира бошлади.
– Қалдирғоч! Ҳа, қалдирғоч! У қалдирғоч исмли делфинни чақирарди. Китлар туркумининг делфинлар оиласига мансуб сут эмизувчиларнинг бу энг кенжа вакили узунлиги уч метрли. Қалдирғоч шериклари билан денгизнинг ич-ичкарисида, узоқлардаги чуқурликларда балиқлар ва беш оёқли молюскалар овлаб овқатланиш билан банд эди. Бу чақириқ унинг нозик эшитиш аъзоларига яшин тезлигида етиб борди. Унинг ривожланган мияси чақириқни қабул қилиб оларкан, шериклари ҳам бу товушдан ҳушёр тортганини дарҳол сезди. Инсон кўрсатмаларни дарҳол тушуниш қобилиятига эга бўлган тумшуғи чўзиқ, оғзидаги тишлари етмишдан ортиқ бу жонивор “балиқ овлаш хизматига чорлаяпти” деб ўйлади чоғи ҳаракатга тушиб қолди. Шериклари ҳам унга эргашди. Бир зум ўтмай улар кема деса кема эмас, қайиқ деса қайиққа ўхшамайдиган антиқа бир нарса (улар учун) олдида, балиқчилар ёнида пайдо бўлишди. Чўзиқ тумшуқли бошии сувдан чиқариб”нима гап” деган маънода товуш чиқарар экан айниқса Қалдирғоч ўзи
ча лапанглар ва тезроқ ишга киришишни сўрагандай бўларди.
Балиқчи кўрсатмаларига интиқ бўлиб турган делфинларни кўрган деҳқон болалари бирдан қувониб кетишди. Ўзларича чапаклар чалишиб қувонч билан қийқириб юборишди. Циркда эмас, шундоққина денгизда кўз олдиларида делфинларни кўриб турганидан улар шоду-хуррам эдилар. Ҳатто ойилари ҳам севинганидан улар билан бирга кулимсираб делфинларга боқиб турарди. Гўё денгизда тсирк ўйини бўлаётгандай эди.
Балиқчи:
– Уйчани қирғоққа олиб чиқишимиз керак,- дея яна қаттиқ гапирди. Худди у шерикларига сўзлагандай сўзларди. Аслида у шерикларига, шунингдек Қалдирғоч ва бошқа делфинларга амр этарди. Қалдирғоч лапанглаб араванинг шотиси тарафга ўтиб шоти орасига кирди.
– Бойланглар деди балиқчи яна шиддатли овозда. Балиқчилар қайиқларидан боғлам арқоларни олишиб шотини Қалдирғочнинг танасига боғлашди. Қалдирғоч аравага қўшилган (эшак десак бўлмайди) гижинглаган тойга ўхшаб қолди.
– Ана энди,- деди балиқчи,
– Биз ортидан суриб борамиз.
Уйча ҳаракатга келиб осуда денгиз сатҳида сузиб кетди. Сувларнинг икки томонга ёрилишидан ҳосил бўлган оқим оқиш тусда кўпикланиб эшила-эшила ортда қолади. Яна сув юзасидан бир оний ёриқлар ёпириладида сокин денгиз бўзрайиб туради.
Делфинлар, балиқчилар, Қалдирғоч уйчани қирғоққа олиб келишди. Кўзга лойқа тошлоқлар узуни бир метр, бир метрдан узун эни бир сантиметрча келадиган яшил денгиз ўтлари кўринди. Уйча энди ростмона қирғоққа чиқиб қолган эди.
– Яшанглар,- деди балиқчи яна баланд овозда.- Ана энди бўлди.
Қалдирғочни арава шотисидан бўшатишди. Делфинлар бир зум қирғоққа бағрини бериб турган денгиз бўйида рақсга тушдилар. Бу уларнинг ўз ишларини уддалай олганликларидан мамнун бўлганликлари белгиси эди. Балиқчилар ҳам хурсанд бўлишди. Ҳаммалари деҳқон ва унинг оила аъзолари билан хайр хўшлашиб денгиз бағрига қайтишди. Деҳқон ҳам денгиз қирғоғидаги қишлоққа бориб бир эшак топиб келди. У ғилдиракли уйнинг эшакка қўшиб кўз охирини илғамас узун йўлда ўз қадрдон қишлоғига қараб равона бўлибди. У ҳозир ҳам шу йўлда кетиб боряпти эмиш. Ҳадемай ғилдиракли уйчаси эски қурилган жойига етиб олса керак.