Эврил Турон. Кимнинг Ўзи ўзида?

Қизим, сенга айтаман, келиним, сен эшит.
Эски турк сўзи.

Дўлана

Ёш дўстим П.С.га

Музликларга ошён тоғлар. Улар табиат­нинг узоқ, совуқ хилватгоҳи. Бу оромсиз юксакликларда бўрон, жала, дўллар қўнади.
Бу қалтис жойларда дўланалар ўсади. Уларнинг илдиз, шохлари эгри-бугри, чайир, барглари кўм-кўк, мевалари йирик-йирик, ширин бўлади.
Султон шу ёввойи табиат бағридан бир туп ниҳол кел­тириб ҳовлисига қадади.
У вақти-вақти билан ниҳол тагини юмшатар, сув қуяр, шохларини бутарди. Шунга дўлана тик, силлиқ ўсди.
Лекин, лекин бу дўлананинг илдиз-шохчалари ингичка, барглари сарғиш, мевалари кичкина-кичкина, таъмсиз бўлиб қолди.
Балки…
Балки, у ваҳший яшинлар ваҳшати, фалакни тилка-тилка этгудай ўкирган момақалдироқлар даҳшати, қутирган бўронлар билан олишиб ўсмаганлиги учун шу ҳолга тушиб қолгандир?..

Саҳро

– Қорақум саҳроми?
– Саҳро.
– Қизилқум саҳроми?
– Саҳро.
– Йўқ, саҳро менинг бошим…

От

Чавандоз жиловни силтаб, отга қамчи босиб боряпти. Озғин Қорабайир дам ўнгга, дам чапга учади.
Жонивор қора терга ботган, зўрға-зўрға нафас оляпти.
Чавандоз унга заррача шафқат қилмади. Арғумоқнинг бошига қамчи урди, қорнига тепди.
Отнинг кўзидан ёш, оғзидан кўпик сачради.
Шўрлик ҳали замон йиқилади.
Аммо чавандозга озор беришни ўйлама­япти…

Уруғ

(Масал)

Чўққи этагида буғдой бошоқла­моқда. Чўққи унга ажабланиб қараб, ми­йиғида кулди. Буғдой буни сезмаганга олиб, бошоқлайверди. Фақат юлдузлар билан сўзлашгувчи чўққи:
«Бир гал шу билан гаплашсам, па­сайиб қолмасман» деб ўйлаб, уни саволга тутди:
– Эрта-индин ўрилишингни биласанми ўзи?
– Биламан.
– Шундаям бошоқлайверасанми?
– Бошоқлайвераман.
– Ё ажаб!
– Ажабланадиган жойи йўқ.
– Сен шундай деб ўйлайсанда.
– Сенчи?
– Менми?.. Мен сенинг ўрнингда бўлганимда бошоқламасдим.
– Нега?
– Барибир ўришадида.
– Бу сенинг фалсафанг.
– Хўш… сеникичи?
– Мен бошоқлайвераман. Яшашим­нинг мазмуни ҳам шунда.
– Ё ажаб!
–Тағин нега ажабланаяпсан?
– Сенга раҳмим келяпти, гўдак. Ўзингни ўйла. Ахир, умринг кўз очиб юмгунчаку.
– Ҳар ҳолда, сеникидан узоқ.
– Мен асрларни кечиб яшаб келяпманку, тентак!
– Тўғри. Лекин нурасанг, ўрнингдан бошқа чўққи ўсиб чиқмайди.
– …
– Менинг уруғларим ер тургунча яшайверади.
– …

Мўъжиза

У оддий қирлардан фарқ қилмасди: баҳорда митти кўкат ва гулларга бурканарди. Ёзда қўнғир тусга кирарди. Кузда хазон бўлган ўтларни шамоллар учириб кетарди ва ер бағирлаган тошлар кўриниб қоларди. Қишда ёғин-сочинга беланарди.
Кишилар унга эътибор беришмасди. Уларнинг ўз юмуш-ташвишлари ошиб-тошиб ётарди.
Бир куни қирда кон қидирувчилар пайдо бўлиб қолишди.
Кишилар эътибор ҳам беришмади. Фақат:
«Улуғ тоғлар турганда!.». деб тўнғиллаб қўйишди ва ўз юмуш-ташвишларига кўмилиб кетишди.
«Қир тагида кон бормиш!» деган гап тарқалди.
Кишилар ишонишмади. Фақат:
«Жой қурибдида!.». деб тўнғиллашди ва яна ўз юмуш-ташвишларига шўнғиб кетишди.
«Қир тагидан олтин кон топишди!» деган гап тарқалди.
Кишилар: «Тақир қирдана!» деб ажабланишди.
Кейин: «Ўзи ғалати қир эдия!» дейишди ва мўъжизага қарашгандай унга ажабланиб қарай бошлашди…
1983.

Асал ҳиди

– воқеа –

Куч бирликда
Ўзбек сўзи

Тоғ ўрмони четидаги эгри сўқмоқдан бораётган қўнғир айиқ қор босиб ётган чўққиларга қараб бўкирди: оқ холли кўкраги, дағал жуни, йўғон бўйни, қапишган қорни тит­раб-титраб кетди.
Яна осмонни бошига кўтариб бўкирди: тик қояда йўрғалаб юрган қизил қанот /жарқанот/ қуш тош кавагига, жилға бўйлаб бораётган қуён ўт орасига бекинди, булоқдан сув ичаётган оҳу ўрмонга қочди.
Айиқ тумшуғини ложувард кўкка баланд кўтарди: димоғига қор, равоч, асал бўйлари урилди. У кутилмаганда чап ёғига бурилди ва қизил, пушти жамбул, бўтакўзларни эзиб, янчиб ичи кавак ўрик олдига борди.
Кавакда, асалга тўла оқ ин теварагида асаларилар ғужғон ўйнашмоқда.
Айиқ асал ҳидидан маст бўлиб қолди. Кетма-кет бўкирди. Асаларилар қочмади. Айиқ нафсини тиёлмади. Тумшуғини кавакка суқиб, инни бузди. Туман-туман асаларилар унга ёпишди. Айиқ олдинги оёқлари билан уларни тепиб, кетига тисланди. Асаларилар унинг юз-кўзию оғиз-бурниларига нишларини аёвсиз санчишда давом этдилар.
Айиқ гандираклаб-гандираклаб йиқилди…
1983, Бахмал.

Фидо

Тоғнинг тиниқ суви далага етди.
Бўлинди.
Лойқаланди.
Буғланди.
Сингди.
Дала мовий куйга тўлди.
1983, Дўрмон.

Ариқ ва Терак

(Масал)

Қадимдан Қутлуғ қишлоғини оралаб бир Ариқ оқади. У Тозалик, Бойлик, Ҳаёт улашиб оқади.
Яқинда шу Ариқ лабида, симдай ингичка Теракча пайдо бўлиб қолди. У ой сайин тўла­шиб, бўй чўзиб борди.
– Эй Ариқ, – деди бир осуда тонгда Терак ке­рилиб, – мен тиниқ дарё бўйида ўсардим, унда оппоқ танам кўриниб турарди!
– Буни менинг қирғоғимга келган кунинг сезгандим.
Терак кесатиқни сезмади. Гапида давом этди:
– Бу ер бўлса хунук, зерикарли.
– Ундай бўлса, нега келдинг?
Бу гап Теракка оғир ботди.
– Сенга кўркамлик бахш этиш учун кел­дим, – деди алам билан.
– Ҳали ўзинг кўркамлик нималигини билмая? – Ажабланди Ариқ.
Терак тутоқди:
– Сен яхшиликни билмайсан, ифлос Ариқ! Мен сенинг буғланмаслигинг учун соя ташлаб турибмана!..
– Одатда кўркамлик бахш этувчилар сўкинмас эдилар.
Бу пичинг теракнинг баданини тешиб ўтди. Нима деб жавоб қайтаришни билмай қолди. Охири аламига чидолмай деди:
– Мунча лойқасан, сассиқ сув! Худди тўнғиз булғаган кўлмакка ўхшайсан!
– Бўлмаса нега қирғоғимни ташлаб кетмайсан? Кун бўйи тепамда қоққан қозиқдай қаққайиб турасан.
– Менга бундай гапни айтишга қандай ботиндинг, лойқа?! Шошма, ҳали сени жим оқишга мажбур қиламан!

Ариқ индамади.
Лекин кўнглида бошқа ёққа оқиш истаги туғилди…
1972, Тошкент.

Битик

Ёзда Туркистон тоғига чиққандик. Дам олишга бир булоқ бошини танладик. Лаш-лушларимизни ўтлар орасига қўйдик. Шерикларим тепамиздаги қорли чўққига ўрлаб кетишди. Мен арчазор ўрмон оралаб юрдим ва кўм-кўк қояга дуч келдим. Кўзим ёғин-сочин, шамол-бўрон тегмайдиган қора тош камардаги тасвирларга тушди. Бу битиклар қояга қанча чуқур ўйилмасин, занжирли асрлар зарбидан хира тортиб қолган эди.
Тасвирларга синчиклаб тикилдим.
Биринчи битик:
Одам ўқ-ёй билан бўрининг орқасидан боряпти.
Иккинчи битик:
Одам ўқ-ёй билан бўрининг орқасидан боряпти.
Учинчи битик:
Одам ўқ-ёй билан бўрининг орақасидан боряпти.
Тўртинчи битик:
Одам ўқ-ёй билан бўрининг орқасидан боряпти.
Бешинчи битик:
Одам ўқ-ёй билан бўрининг орқасидан боряпти.
Олтинчи битик:
Одам ўқ-ёй билан бўрининг орқасидан боряпти.
Еттинчи битик:
Одам ўқ-ёй билан одамнинг орқасидан боряпти.
Булоқ бошига йиғилганимизда, бу ҳақда ҳамроҳларимга айтдим. Улар еб-ичиб, ўйнаб-кулиб ўтиришгани учунми, эши­тиб-эшитишмади. Фақат рассом йигит Исфандиёр ҳайратланди:
– Агар гапинг чин бўлса, бу ғаройиб ҳодиса! – деди ўрнидан туриб, – қани, юр, ўша битикларни менга кўрсат.
Уни қора тош камарга бошлаб бордим. У қадимги тасвирларга узоқ тикилиб қолди ва сўнг ўзгача ҳаяжон билан деди:
– Бу милоддан узун йиллар олдинги тасвирлар. Дўстим, у келажак авлодга битилган мактуб…
30-12-1983, Зомин.

У…

У қирғоқ ёқалаб боряпти. Чап томонида ўрмонли тоғ гувулламоқда. Ўнг ёғида Қораденгиз қайнаб-тошмоқда. Оққушлар оппоқ тўлқинларга тўш уриб учяпти. Киприкдай тизилган пальмалар денгиз билан ҳамоҳанг бир тарзда шовуллаётир.
У ҳайратланмаяпти.
У осмон билан дардлашаётган чўққига чиқди. Тагида сутдек оқ туман сузяпти. Туман аро туманранг оҳулар кўриниб, ўчмоқ­да. Қўшни қояда бир бургут қанотларини қоқмай, кенг ёзиб учяпти. Тоғ бошида қор тўзғиётир.
У ҳайратланяпти.
У тоғдан қайтяпти. Оёқлари остида гуллар сўлмоқда. Тиниқ-тиниқ булоқлар мунгли-мунгли қўшиқ айтиб, ёт ерларга оқяпти. Олдинда тубсиз жар кўринаётир.
У ҳайратланмаяпти…
1985, Гагра.