Эркин Усмон. Ғор (ҳикоя)

Ҳаммаси собиқ курсдоши Дўнанбой бола-чақаси билан худди осмондан тушгандек лоп этиб пайдо бўлган кундан бошланди.
Бир вақтлар у мактаб ўқувчиларининг баҳорги таътилида болаларига: «Тошкентга олиб бораман!» деб қўйган экан. Икки-уч йил ишдан ортмай, ваъдани ана шунақа катта қилиб юрган экан, бўлмабди. Қараса, болалари хафа. Шунинг учун бу йилги таътилда саккизта боласини олдига солиб: «Ҳайёҳуйт» деб йўлга чиқаверибди. Хотини: «Бирон меҳмонхонага қўна қолайлик», деган экан; «Ўртоғим Абдурасул эшитса хафа бўлади», деб кўнмабди.
Расулжон «юз сўмлик пулдай кўринмай кетган» ўртоғининг ташрифидан тоза қувонди. Онда-сонда, байрамларда хатми, откритками ёзишиб туришарди-ю, аммо яқин ўн йилдан бери кўришмаган эдилар. Дўнанбой анча озибди, қорайибди, «будённийча» мўйлов қўйворибди. Аммо ўша-ўша Дўнанбой!
Расулжон район халқ маорифи бўлимининг югур-югурлари, мажлисбозликлар ва зиёлиларнинг минғир-минғир гап-сўзларидан чарчаган эканми, ғойибдан пайдо бўлиб қолган бу беғараз, болалардек содда ва оқкўнгил йигитнинг самимий сўзларидан дили ёришиб кетди. Дўнанбой гап орасида Расулжонни чеккароққа олиб, «саккизта болам билан ботинка қутичадек кавартирангга сиғармиканмиз», деганди, Расулжон: «Э, саккизта экан-у, тўққизта бўлса ҳам сиғасизлар», деб ҳазилга йўйди. Шу гап сабаб бўлди-ю, Дўнанбой ош устида оиласида юз берган бир воқеани эслаб, ҳаммани роса кулдирди.
Дўнанбой ҳар куни кечқурун болаларини сафга тизиб, санаб уйга киритаркан. Аввало, ким қайси фандан неча баҳо олган, кимнинг пешонаси қашқа, кимнинг бурни қонаган, кимнинг юзи тимдаланган, обдон текшириб, ким-ким билан уришиб, ким зўр чиққанигача аниқлаб, кейин уйга киритаркан. Бир куни санаса, болалари тўққизта чиқибди. Ҳайрон бўлиб қолибди. Қайта санабди. Яна тўққизтамиш. Кейин маълум бўлишича, қўшниларининг икки яшарлик ўғилчаси ҳам болаларига эргашиб, сафга тизилганча кириб қолган экан…
Расулжон ҳам, хотини Малика ҳам қотиб-қотиб кулишди. Шу сабаб бўлиб, райондан келган лекторнинг қишлоқ клубида «кўп болаликнинг мода эмаслиги» ҳақида ўқиган лекциясини эслашди. Дўнанбойнинг: «Бэ, эр-хотинлар нечта бола кўришни лектор билан маслаҳатлашиб ўтиришармиди», деган луқмаси ҳаммасидан ошиб тушди. «Тўғрида, — деди яна Дўнанбой соддадиллик билан, — ўзбакнинг боласи кўп бўлади-да!..»
Эртаси шаҳар айланишди. Циркка тушишди. «Ҳайвонот боғи»га боришди. Олдинда икковларининг хотини, ўртада ўнта бола (энди уларга Расулжоннинг қизи билан ўғилчаси ҳам қўшилганди), орқада Дўнанбой билан Расулжон. Ўтган ҳам қарайди, кетган ҳам…
Кечаси иккала оғайни студентлик йилларини эслаб, балконда сигарет тутатиб ётишди.
Хуллас, Дўнанбой бола-чақаси билан уч-тўрт кун меҳмон бўлди-ю, Расулжон билан Маликадан ёзда отпускани Яккақояда ўтказишларига ваъда олиб кетди.
Мана шундай қилиб, саратоннинг илк кунларида эр-хотин болаларини лагерга жойлаб (аксарият шаҳарликлар каби сафарда бола етаклаб юришга тоқатлари йўқ эди), «Яккақоя қайдасан?» дея сафарга отланишди…

* * *

Яккақоя қишлоғи Дўнанбой мақтаганча бор экан.
Бир тарафи ўркач-ўркач тоғларга туташиб кетган, бир томони адир, бир томони дарё… Худди Дўнанбой студентлик кезлари таърифлагандек, «курортнамо» қишлоқ экан. Одамлари ҳам мард, танти, ичида гап ётмайдиган, бир қоп ёнғоқ деб таърифланадиганлар сирасидан экан. Эр-хотин ҳали у қўшниникида, ҳали бу қўшниникида меҳмон бўлавериб, тоза чарчашди.
Шаҳарликлар тор ва биқиқ шароитда яшаганликлари учунми, табиатан саёҳатларга, янги-янги жойларни кўришга чанқоқ бўлишади. Шу боис, эр-хотин қишлоқ устига ағдарилгудек ваҳимали қояларга тез-тез қараб қўяётганликларини сезган Дўнанбой эртаси куни Расулжон билан Маликани эрталабданоқ тоғ тарафга бошлаб кетди. «Кун тиккага келса, кабоб бўп кетасизлар, эрталабки салқинда бориб олақолайлик», деди. Расулжон: «Қаёққа?» девди, «Секрет. Борганда кўрасизлар», деб илжайди.
Ниҳоят, йироқдан ҳолва бурдаларини эслатгувчи қоялар билан қуршалган дарага чиқишди. Бир қараганда, одам оёғи етмаган жойнинг нақ ўзгинаси. У ер-бу ерда ёввойи олма, писта дарахтлари, саватдек-саватдек наъматаклар кўзга чалинади. Бел баравар ўтлар худди теварак-атрофга қулоқ тутаётгандек, тек қотган. Осмон гумбази остида иккита бургут сас-садосиз чарх уради.
Хонтахтадек харсанг ёнига келиб ўтиришгандиямки, Дўнанбой ўттиз иккита тишини кўрсатиб, Маликага жилмайди:
— Чарчаб қолмадингизми, келин?
Малика ҳам бўш келмади:
— Лифт ишламаганда, тўққизинчи қаватга зинадан чиқавериб, пишиб кетганмиз.
Кулишишди.
— Ҳов, анави ерни кўраяпсизларми? — кўрсаткич бармоғи билан юқорига ишора қилди Дўнанбой.
— Қайси? — атрофга аланглади Расулжон.
— Мана бу сўқмоқ ҳув юқорига, тўғри ғорга олиб чиқади. Ана! Ғорнинг оғзи қорайиб кўриниб турибди, — деди Дўнанбой қандайдир қушчалар вижирлашиб ётган улкан қояни кўрсатиб.
— Хўш, у ерда ибтидоий одамлар ишлаган суратлар борми? — сўради Расулжон.
— Йўқ. Ундан ҳам қизиқ!
— Нима экан? Эртаклардагидек сеҳрлими? — сўради Малика.
— Сал яқинлашдингиз. Шунақа деса ҳам бўлади, — кўзларини қувлик билан қисди Дўнанбой.
— Вой-бў-ў, айтиб қўяқолмайсизми энди, юракни тоширмай! — деди Расулжон қизишиб.
— Чиқайлик, кейин…
Бир-бирларининг қўлларидан тутиб, ғор тарафга чиқишди.
Ғорнинг одатдагиларидан сира фарқи йўқ эди. Атрофини тошлар орасидан ёриб чиққан буталар, ўт-ўланлар қоплаган, оғзи ўпқондек ғор.
— Хўш, энди «сим-сим, оч эшигингни!» дейишимиз керакми? — кулди Расулжон.
— Йўқ, ошна, бу ерга кириш керак.
— Аттанг, қўлчироқни олволсак бўларкан, — астойдил ачинди Расулжон.
— Йўқ, шарт эмас. Ичи ёп-ёруғ.
— Қанақасига? — таажжубланди Малика.
— Шунақасига, — кулди Дўнанбой. — Лекин айтиб қўяй, бу ғорга киришга ҳамма ҳам журъат этавермайди.
— Нимага?
— Айтишларича, кимнинг бўйнида гуноҳи ё айби бўлса, у ердан чиққанда сочлари пахтадек оқариб кетар эмиш…
Орага жимлик чўкди. Эр-хотин ғорнинг оғзига тикилганча қотиб қолишди.
— Қизиқ, шунинг учун бу ерга ҳеч ким кирмайдими? — сўради Расулжон.
— Йўқ, нега? Киришади. Масалан, ўзим беш-ўн марта кирганман.
— Хўш?
— Унча-мунча гуноҳим бор экан,— Дўнанбой хохолаб кулиб юборди ва бошини эгиб, битта-яримта оқ оралаган сочларини кўрсатди. — Мана!
Кулиб юборишди.
— Балки, ростдан ҳам шунақадир? — товуши титраб сўради Малика.
— Ким билади дейсиз, келин! — деди Дўнанбой бепарво оҳангда ва қўшиб қўйди. — Ҳа, энди, ота-боболардан қолган бир гап-да!
— Хурофот деймизу, бунақа гаплар бежиз айтилмайди, — деди Расулжон.
— Хўш, кирамизми? — илжайди Дўнанбой.— Худди йўлакнинг ўзи. Доминглардаги подъездга ўхшайди. Бу ёғидан кириб, у ёғидан чиқамиз.
— Йўқ, мен кирмайман, — деди шошилиб Малика. — Мен шу ерда кутиб ўтира қоламан.
— Бе, нега қўрқасиз, келин? Бу бир афсона-ку! Юринглар! — ўрнидан қўзғалди Дўнанбой.
Малика эрининг пинжига суқилиб олди. Унинг ранги қув ўчган, қўллари сезилар-сезилмас титраб турарди.
— Нима, ростдан ҳам қўрқаяпсанми? — хотинининг қулоғига шивирлади Расулжон ўзининг ҳаяжонини сездирмасликка уриниб.
— Вой, ғорда ҳар бало бўлиши мумкин-а? — деди Малика. — Илонми? Чаёнми?!
— Ҳеч нима йўқ, келин, — деди Дўнанбой уларга далда бериб. — Бир йили мактабимизнинг «тирик бурчаги»га илон қидириб шу ерга чиққандик, илон тугул чувалчанг ҳам тополмаганмиз!..
Ғорга киришлари билан моғор ҳиди димоқларига урилди. Эр-хотин Дўнанбойга эргашганча қоқила-суқила ичкари киришди. Чиндан ҳам ғорнинг ичи ғира-шира ёруғ, икки тарафдаги харсанглар худди йўниб текислангандек силлиқ, Дўнанбой айтмоқчи, «йўлакнинг ўзи» эди. Ҳув, нариги тарафдаги ғорнинг нариги оғзи ҳам шундоқ кўзга ташланиб турарди. Олдинда бораётган Дўнанбойнинг овози гулдираб эшитилди:
— Бу ғорни қадимги овчиларники бўлиши керак, деб тахмин қилишади…
Бу гап ҳам эр-хотинга тасалли бермади. Улар шу топда ғаройиб бир ўлкада сайр қилиб юрган сайёҳлардек ҳис қилардилар ўзларини. Гўё Дўнанбой эртакчи-ю, ажиб бир ривоятни ҳикоя қилиб бораётгандек.
— Қадимда ҳар бир овчи шу ғорга қўниб ўтгач, ўзидан кейин ўтинми, чақмоқтошми, туз ё ўқдорими, ишқилиб бирон нима қолдириши керак экан. Ўзидан кейин келиб қоладиган бошқа овчилар учундир-да! Бошқалар ҳам шу ёзилмаган анъанани давом эттиришган экан.
— Яхши одат экан. Ҳозир-чи? — сўради Расулжон.
Дўнанбой хохолаб кулиб юборди. Ғор гулдираб кетди:
— Ҳозир қаёқда? Қолдириб кетиш у ёқда турсин, бошқаларникини ўмариб кетишар! Жуда ов қилгилари келса, марказга — Ҳуснободга бориб «Тир»да айиқ, бўриларнинг суратини отиб, сал ҳовурларини босиб юришади. Ов қилиш ман этилган. Овчилар ҳам йўқ ҳисоб…
Расулжон йўғон ўрим сочларига ўхшаш қорамтир илдизлар осилиб ётган ғор шифтига тикилганча тўхтаб қолди:
— Дўнанбой! Бу ҳалиги… ғорга кирган гуноҳкорнинг сочлари оқариб кетади деганлари бор гапми ё одамлар тўқиб чиқаришганми-а?
Дўнанбой ошнаси тарафга ўгирилиб илжайди:
— Ким билсин, балки: «Ҳой инсон, кўзлариндни каттароқ оч!» деган бир мақсадда айтилган ҳам бўлиши мумкин. Бир олам гуноҳ билан одам саналиб юрганлар кўп-ку, ахир!
Расулжон индамади.
Ниҳоят, ғорнинг нариги оғзидан чиқишди. Маликанинг кўзлари қуёш нуридан қамашиб кетди.
— Вой-бў, Расулжон! Шунча гуноҳ билан қанақа қилиб бош кўтариб юрибсиз, ошна? — кулди Дўнанбой ва Маликага имо қилди.— Кўраяпсизми, келин?
Малика шубҳаланиб эрининг бошига кўз ташлади.
— Ие, бунақа сирни фош қилманг-да, Дўнанбой! — деди Расулжон танглайини тақиллатиб.
Иккала оғайни қийқириб кулиб юборишди.
— Меники-чи? — секингина сўради Малика эридан.
— Сени сочингда оқ нима қилади, тентак? — Расулжон кула-кула хотинининг елкасидан қучди.

* * *

…Шу кеча Малика ажриққа юмалагандек бўлиб чиқди. Кўзини юмди, қаршисида ғор пайдо бўлаверади, қулоқлари тагида эса Дўнанбойнинг сўзлари такрорланаверади. «Айтишларича, кимнинг бўйнида гуноҳи ё айби бўлса, сочлари пахтадек оқариб кетар эмиш…»
«Нега шу ғорга кирдим ўзи?.. Ўлар, буларнинг ҳаммаси бир афсона деди-ку!.. Барибир қўрқинчли… Чунки, гуноҳ… гуноҳмиди у? Йўқ, жиноят, хиёнат эди у!..»
Малика бундан бир неча йиллар муқаддам содир бўлган, ўша мудҳиш воқеани ҳарчанд эсламасликка уринмасин, у бутун даҳшати билан яна кўз олдида намоён бўлаверди, бўлаверди…

* * *

«Қизнинг бозори бир қизийди», деганларича бор экан. Ўша кезлари совчилар Маликаларнинг эшигини бузгудек эдилар. Кунда-кун ора ясан-тусан қилган, узун-қисқа хотин-халажлар кириб келаверишарди. Маликани бўлса, бунга сари кулгиси қистарди. «Тавба! — дерди ўз-ўзига.— Танимаган-билмаган эшикни тақиллатиб: «Қизингларга харидор бўлиб келдик», деяверса! Харидор эмиш! Гўё қиз бола бирон буюму, улар сотиб олмоқчидек…» Маликанинг наздида ҳеч ким уни тушунмасди.
У институтнинг олди гўзалларидан ҳисобланарди. Орқасидан соядек эргашиб юрадиган, «ўлдим-куйдим» деб хат ёзадиганлар сон мингта эди. Аммо Малика бунақаларни жини суймасди. Тўғри, юқори синфда ўқиётган кезларида, институтнинг биринчи-иккинчи курсларида ўқиган китобларининг таъсириданми, кўрган кинолари туфайлими, ўзи севиб қоладиган йигитни машҳур ҳинд киноюлдузлари қиёфасида кўргандек бўлар, аллақаерлари уларга ўхшаш йигитларни учратганда юраги бир орзиқиб кетарди. Кейинчалик, фикри ўзгаргандек бўлди. Унинг идеалидаги йигит оғир-вазмин, мард ва олийжаноб, мағрур ва албатта келишган бўлиши керак эди. Боз устига, алоҳида квартираси, шахсий машинаси ҳам бўлса… Нотавон кўнгил экан-да! Малика шунақа йигитни учратаман деб кўп йилларни ўтказди. Учратгандек ҳам бўлди. Аммо улар, Маликага чиройли бир буюмга қарагандек, бўйдоқ йигитларга хос қизиқиш билан тикилсалар-да, парво қилмасдилар. Тегажақлик қилардилар, гап отардилар, аммо буларнинг барчаси жиддий эмас эди. Ҳатто, худди ана шунақа Малика орзу қилган йигитлардан ҳам совчилар келди. Аммо бўлмади… Бирининг олий маълумоти йўқ, иккинчиси илгари уйланган, учинчисининг олтита ака-укаси бор… «Бир камим олтита ака-уканинг майка-трусиларини ювиб юриш эди», деди. «Поварга тегмайман, ёғ ҳиди келади», деди. «Хотин қўйгани мени ўпаётганида аввалги хотинини эслайди», деб ўйлади. Худди шунақа ўз ёғига ўзи қовурилиб юрган кунларининг бирида, ўпкасини шамоллатиб қўйди-ю, касалхонага тушиб қолди.
…Азаматни шу ерда учратди. Учратди-ю, оромини йўқотди-қўйди. Хушбичим мўйловли, кўзлари ҳамиша кулиб турадиган бу йигит уларнинг палата врачи эди. У беморларга ниҳоятда меҳрибон, ширинсўз, ҳазилкаш эди. Ҳар сафар у палатага «обход»га кириши олдидан, Малика кафтдеккина кўзгусини олиб, шоша-пиша пардоз-андоз қилиб олар ва каравотда чиройли оёқларини чалиштирганча, гўё журнал ё китоб «ўқиб» ўтирган бўларди. Ҳар сафар Азамат бўйнидаги стетоскопини олиб, унга: «Қани, Маликахон, юракни бир эшитиб кўрайлик-чи, нима гаплар бор экан?» деб ҳазиллашар, Малика ҳам: «Э, Азамат ака, юракда гап кўп. Ўзимдан сўраб қўя қолмайсизми?» дея бўш келмасди. Малика ички бир туйғу билан Азаматни бошқаларга нисбатан ўзига меҳрибонлигини, алоҳида эътиборини сезар, сезган сайин бундан кўнгли тоғдек юксалиб, завқланиб кетарди.
Малика касалхонадан чиқадиган куни телефон номерларини алмашишди. Шу-шу телефон орқали суҳбатлашиб турадиган, кўп ўтмай гоҳ хилват хиёбонларда, кинотеатр олдида, рақс майдончаларида учрашадиган, баъзан Азаматнинг «Жигули»сида шаҳар атрофига чиқадиган ҳам бўлишди.
Азамат суҳбати жонон йигит эди. Билмайдиган нарсаси йўқ. Гоҳ Италия неореализми, Антониони ва Феллини фильмлари ҳақида баҳс бошласа, гоҳ «поп» музикасию ҳозирги замон эстрадаси, гоҳ Кафка ва Пруст асарларию сўнгги модалар, муҳаббат эркинлиги ҳақида суҳбат қурарди. Малика унинг Юнусободдаги квартирасига ҳам бориб турадиган, Азаматнинг дўстлари-улфатлари тўпланадиган кечаларда ҳам қатнашадиган бўлди. Улар — ёш врачлар, актёрлар, рассомлар, шоирлар эди. Улар ярим тунга қадар танца тушишар, ичишар, чекишар, карта ўйнашарди, чет эл видеофильмларини томоша қилишарди…
Малика ҳар сафар Азаматнинг пинжига кириб, лабларига лаб босарди-ю, негадир у кўзларини олиб қочишини ички бир туйғу билан сезар, ҳар сафар юраги орқага тортиб кетарди. Аммо сўрашга ботина олмасди.
Кўп ўтмай, ҳаммаси маълум бўлди. Малика кунларнинг бирида метрода ўзи ётган касалхонада ишлайдиган Зуҳра исмли ҳамшира қизни учратиб қолиб, ундан Азаматнинг илгари уйланганини, битта ўғилчаси ҳам борлигини, яқин беш-олти ойдан бери хотини билан қўйди-чиқди бўлиб юрганини эшитди-ю, адойи-тамом бўлди. Азамат оиласини ташлаб, унга уйланаман демади. Малика ҳам унга тегаман деб осилиб олмади. Аммо кўнгли ғаш бўлиб қолди. Вужудига иркит бир нарса теккандек ҳис қилди ўзини. Юз-кўзларига алланечук маъюслик ўзининг шафқатсиз муҳрини босди…
Худди ана ўша кезлари Расулжон исмли ўқитувчи йигит унга совчи юборди. Малика ниҳоятда оғир-вазмин, камсуқум бу йигитга Анҳор бўйида илк бор учрашганларидаёқ турмушга чиқишга рози бўлди. Аслида, энди унга ҳаммаси барибир эди. Расулжон эса, тақдирнинг бу мукофотидан, толе ўзига шундай тенги йўқ гўзални инъом этганидан маст ва масрур эди. У Маликани еру кўкка ишонмасди. Кейин-кейин Малика ҳам кўникиб кетди. Мана энди бугун бўлса…
Мана ҳозир тун қўйнида, шаҳардан олис, хилват бир тоғ қишлоғидаги шийпонда ётибди-ю, яна ўша кезларни эслади. Эслади-ю, юраги тўлиқиб кетди, мижжаларида ёш йилтиради.
Хуллас, ўшандан кейин икки йил ўтмай, Расулжон район халқ маорифи бўлимига ишга ўтди. Алоҳида квартира олишди. Аввал қизлик, кейин ўғилчалик бўлишди. Ҳозир яна ҳомиласи бор. Буни фақат ўзи билади, холос. Расулжонга айтганича йўқ…
Малика шу кеча туш кўрди. Тушида фарзанд кўрганмиш. Туғуруқхонадан чақалоқни олиб чиқишаётганда, Дўнанбой ҳадеб: «Қаний, битта кўрай! Кимга ўхшаркин, сизгами ё Расулжонгами?» деб сўрармиш. Малика аста чақалоқнинг юзини очибди, қараса… чақалоқ худди қуйиб қуйгандек… Азаматнинг ўзимиш… Додлаб, боласини қўлидан ташлаб юборибди…
Малика йиғлаб уйғониб кетди. «Вой тавба! Нималар бўлаяпти ўзи, худойим?!» дерди титраб. Тонг ёришгунга қадар ухлаёлмади. Кўзини юмди, гоҳ Октябр инқилоби хиёбонининг қоронғу бир бурчида Азамат билан ўпишаётган бўлади, гоҳ Азамат билан қўл ушлашиб «Панорама» кинотеатридан чиқиб келаётган бўлади, гоҳ ҳозиргина кўрган тушини эслаб баттар ваҳимага тушади…
Эрталаб у Дўнанбойнинг қўлбола мўрчасида ювинаётиб, ойнада ўзини кўрди-ю, чинқириб юбораёзди, гангиб-каловланиб қолди. Унинг икки чеккасидаги жингалакка мойил гажаклари оппоқ оқариб кетган эди…

* * *

— Ие, нега бўронда қолгандек рўмол ўраб олдинг? — сўради таажжубланиб Расулжон ичкари уйдан чиқаётган хотинини кўриб.
Маликанинг оқ-сариқ юзлари дув қизарди.
— Қулоғим оғрияпти, — деди у толғин товушда ва шу заҳоти кўнглидан кечди: «Яна алдадим!..»
— Унда, кеча тоғда шамол тегибди-да, келин, — деди Дўнанбой хижолатли оҳангда. — Гуноҳ менда, келин!
«Гуноҳ! Гуноҳкор менман-ку!» — лабларини аламдан тишлади Малика.

* * *

Малика эртаси эрталаб: «Қайтамиз!» деб туриб олди. «Болаларни туш кўрдим, хавотирланаяпман», деди, «Қулоғим ҳам босилиб қўяқолмаяпти», деди. Хуллас, Расулжон ҳам ноилож қолди. Дўнанбой қўшнисининг машинасида уларни беш чақирим наридаги Ҳуснобод шаҳарчасининг станциясигача кузатиб чиқди.

* * *

Шаҳарча станцияси одамлар билан гавжум эди.
Расулжон билан Дўнанбой майдончадаги ўриндиқлардан бирида суҳбатлашиб ўтиришаркан, Маликанинг қандай қилиб ёнларидан ғойиб бўлиб қолганини сезишмади. Малика поезд станцияга кириб келаётганида тепасига «Почта», «Буфет», «Гўзаллик салони» деб ёзиб қўйилган икки қаватли ғиштин бинодан чиқиб келди. Юз-кўзларида табассум. Унинг бошида кеча ўраб олган рўмоли йўқлигига, янгигина бўялган қопқора сочлари шамолда елкаси узра ёйилиб тушганига Расулжон ҳам, Дўнанбой ҳам эътибор беришмади.
Диктор қиз дона-дона қилиб поезднинг йўлга чиқишини такрорлаб турар, майдончада ким кузатувчию ким йўловчи — фарклаб бўлмай қолганди.
Поезд чўзиб гудок чалди. Бу товуш асрий тоғлар тепасида анчагача акс-садо бериб, фарёд чекиб турди…

«Гулистон» журнали, 1990 йил, 1-сон