Арслон акамиз дунёдан ўтгандан сўнг Марина янгамиз мана шу кунни интиқиб кутадиган бўлиб қолган. Илгари онда-сондагина борарди, энди ҳар ой бир қатнамаса, кўнгли жойига тушмайди. Тараддудни уч-тўрт кун олдин бошлайди. Марказга чиқиб совға-салом олади; Лена серфарзанд, қуруқ қўл билан бориш ноқулай. Қуруқ қўл — қора косов. Ленанинг ўзига хушбўйроқ атирми, юзга чаплайдиган бирор малҳамми харид қилади, болаларига — ширинлик-пиринлик. Ювош, аллақандай тортинчоқ эри Саъдуллабойга келганда ҳар гал иккиланиб қолади: арақ олсинми ёки икки-уч шиша пивоми? Ўтган дафъа арақни кўриб, “Биз бу нарсалар билан хайр-хўш қилган эдик-ку, Маринаой”, деган эди одатича ердан кўз узмай. Эркак кишига яна нима олиб бориш мумкин? “Ичмаса ичмас. Шофёр эмиш тағин! — дейди ичида янгамиз бир шиша мусалласни тўрвасига жойлаб. — Ўзидан кўрсин, Лена иккаламиз қуритамиз!”
Йўлни ўйлаб ҳар сафар Марина янгамизни ташвиш босади. Ленанинг уйи олис, қўшни қишлоқда, сой кечиб, ўру қир айланиб борилади. Илгарилари кўйлак тиктиргани жўнаса, Арслон акамиз аломат мотоциклида элтиб ташлаб келарди; олдинда девдек бўлиб ўзи ўтиради, янгамиз орқасига мингашиб, белидан қучоқлаб олади — ке-етди. Қайтишда эса ўзи бемалол салт-сувой қайтаверарди. Эндиликда эринади, йўл босиш малол, бориб-келиб юрган манзили янада олислашиб кетгандек туюлади. Ўтириб-ўтириб, шу савил мотоцикл ҳайдашни ўрганмаганига афсус қилади. Болалигида Николь қишлоғини чангитиб ўртоқлари билан велосипед миниб юрарди-ку, буни уддалаёлмасмиди? Уялди, гап-сўзга қолишдан қўрқди. Ие, бу ер сенга Воронежми? Аёл бошига, бунинг устига — ўқувчиларга таълим-тарбия берадиган муаллима, кўчама-кўча мотоцикл тариллатиб юрса! Нима, шу шайтонаравани бутининг орасига оладиган эринг ўлганми?
Ўлди. Мана, энди ўлган. Бу ёғига нима қилсин Марина янгамиз? Анови рўпарадаги пастак омборчада чанг босиб, занг босиб ётган ордонани олиб чиқиб минсинми? Ёши бир жойга борган қопдек хотин, нафақадаги муаллима! Қаранглар, қаранглар, эрининг бошига етгач, анови кампир кўчага мотоцикл миниб чиқибди! Ўл бу кунингдан, шарманда келгинди!
Бу “тойчоқ”ни Арслон акамиз қурилишда ишлаганида мукофотга олган эди. Ўзиям оддий мотоцикл эмас, чоғроқ бир мошина деса бўлади. Бу атрофда бошқа бунақаси йўқ. Биқинидаги тепки бот-бот қақшатиб ўтирилмайди, миниб олиб худди мошина сингари калитчаси секин буралса кифоя — ғизиллаб юриб кетаверади. Роса бежирим, “ичак-чавоғи” кўринмайди, ҳаммаёғи сирланган. Юришлари ҳам бир майин, бир равон! Арслон акамиз уни бекорга “бизнинг “Чайка” деб ғурурланмасди.
Ўйлай-ўйлай, Марина янгамиз айвончасидан туриб, қўшни Зайнаб беванинг ҳовлида тўп тепиб юрган Абди ўғлини чақиради. Шу бола техникага жуда ўч, акамиз тириклигида ёнидан кетмас, вақт-бевақт мотоциклни ярақлатиб чангини артар, бошқа қора-қура юмушларига ҳам шай — эвазига ғириллатиб ҳовлини бир-икки бор айланиб келар эди.
Таклифни эшитиб Абдининг кўзлари чақнаб кетади:
— Бўпти, муаллим янга! Қачон?
— Эртага, — дейди янгамиз ва андак хаёллангач, ичкари кириб кетади-да, кўзмунчоқ аралаш бир тўп калит билан чиқиб, айвон тагида жавдираб турган ўспириннинг ҳовучини мўлжаллаб пастга ташлайди. — Эртага, Абдибой. Пешинга қараб жўнаймиз, хўпми?
Абди калитни оласолиб омбор сари чопади. Мотоциклни ташқарига судраб, ўзича у ёқ-бу ёғини текшириб кўра бошлайди. Сўнгра ўт олдириб, ҳовлини бир-икки қатла айланади ва кўнгли жойига тушиб, одатдагидек уни ялтиратиб артмоққа киришади. Ҳар-ҳар замон бошини кўтариб, айвонча тарафга қийқириқ солади:
— “Чайка”миз зўр ҳали, муаллим янга! Бугун борсак-чи?
— Эртага, эртага, Абдижон, — деб қўяди панжарага суяниб турган янгамиз паришонлик билан.
Шу кеча Марина янгамизнинг тушига ким кирибди денг — Федька! Қирқ йил бурунги Федька абжир! Синфларида унга пинҳона ёки ошкора ошиқ бўлмаган қиз йўқ эди. Ўзиям абжирмисан абжир эди-да. Бошида қалпоғи қирра, қадди ғоз, тутқичини эркин қўйиб велосипед суришларини кўрган ҳар қандай қиз ўлиб қоларди. Турникда ўйин кўрсатишлари-чи! Катта танаффус тугагунча оёқ бармоқларида тескари осилиб турарди. Ўша Федька чаққон кирибди тушига. Иккаласи велосипеднинг икки ёнида, жавдарзор оралаб кетаётганмиш. Федька ҳўнгир-ҳўнгир йиғлармиш: “Айтсанг, ўзим олиб бориб қўярдим-ку, Марин”.
Бундан ўн-ўн беш йиллар бурун — ҳали ота-онаси ҳаётлигида ёзги таътил чоғи Николга борганларида янгамиз уни пивохона олдида учратган эди. Қонталаш кўзлари чақчайиб, адои тамом бўлибди. Оёқда туролмайдиган маст. Салом бериб балога қолди: “Менга хотин бўлсанг-чи, Люська! — дея, кимгадир ўхшатибми, тармашди ўлгур. — Зойкам ўлган, биласан”.
Аранг қочиб қутулган эди. Ўша Федька абжир! Эсидан чиқиб кетганига ҳам минг йил бўлди, тушида нима қилади? Хаёли қочиб уйғонди Марина янгамиз. Қараса, кун ёйилиб қопти. Ҳадемай чошгоҳ, жўнаш керак. Ҳали торт ҳам пиширмоқчи эдинг, Марин, тур!
* * *
“Акамиз”у “янгамиз” деб гапиряпман. Ўзи, ака-укадан бизда сероб, лекин Арслон акамиз битта эди, ягона. У асли Маҳмуд жўрамизга тоға, менга эса амаки мақомида. Тўғри, бир бўғин нарироқ қариндош. Маҳмуд икковимиз болаликдан унга ҳавас қилиб, кетидан думдек эргашиб катта бўлганмиз. Велосипед ҳайдашни ҳам, сойда сузишни ҳам бизга шу одам ўргатган. Сираси, иккаламизни бир-биримизга боғлаган, дўстга айлантирган — Арслон акамиз дейиш мумкин. Ўқишдан таътилга келганларида ойна олдида туриб соч тарашларию шимини дазмоллашларига маҳлиё бўлиб термилиб ўтирардик, гапирган гапию қилиқларига тақлид қилиб чарчамасдик. Кейинчалик бизни поездга солиб Тошкентга олиб борган ҳам, ўқишга қабул этилганимизда илк бор ресторанга бошлаб, умримизда кўрмаган таомлару лимонад ва музқаймоқлар билан сийлаган ҳам ана шу Арслон акамиз бўлади. Тошкентга йўли тушганда жўраларимизни тўплаб чойхонада ош қилиб берарди, талабалик қўлимизга пул қистирарди. Таътилга борганимизда-ку бор маишатимиз акамизнинг бўйнида эди.
* * *
Шу ерда бир тўхтаб ўтгим келяпти.
Қизим рассомликка ўқимоқчи бўлди. Туни билан ухламай этюд чизишни машқ қиларди. Бир кеча алламаҳалда хонамга кирди, кўзлари киртайиб кетган.
— Дадажон, эсингиздами, ҳув ёшлигимда қишлоққа борганимизда анув гавдали амакингизникида меҳмон бўлувдик. Уйларидаги деворда бир расм кўрувдим. Ғалати расм эди.
Эсламай нима! Чамаси, минг-минглаб нусхада тарқалган плакатсимон бир тасвир-да. Бир ёни пуштинамо аллақандай йирик шафтоли, кўкмак бутоғи тиккайиб турибди. Шуни учтами-тўртта қипяланғоч, қийиқкўз митти болакай худди копток мисол қаёққадир думалатиб кетаётир. Ёнбошида хитойчами, тикка тушган бир ёзув, холос.
Сарғайиб кетган шу расмга кўп йиллар муқаддам Арслон акамизнинг бўйдоқхонасида ҳам кўзим тушган — деворга осиғлиқ турарди. У менга негадир ёқмасди, сабабини ўйлаб кўрмаганман.
— Хўш?
— Ўша расмни кўргим келяпти, — деди кап-катта қиз кўзлари ёшланиб, эркалик билан.
— Ҳай, кўрарсан, — дедим ажабланиб, — қишлоққа борган-қолганда.
— Бериб турсалар, нусха кўчириб олардим.
— Оббо, намунча! Оддий бир плакат-да. Ўқишга кирсанг, биратўла ўзини ҳам келтириб беришим мумкин.
— Алдамайсиз-а?
Қизим ўқишга кирди. Қишлоққа борганимда ваъдам эсимга тушиб, Арслон акамиздан расмни сўрадим. “Жоним керак бўлса, мана — сеники, лекин уни бермайман!” деса бўладими кутилмаганда қизишиб! Мен уни сира бунақа ҳолатда кўрмаган эдим, ҳайратда қолдим.
Қизим негадир қайтиб расмдан сўз очмади. Мен ҳам индамадим. Аммо ҳануз таажжубда юраман.
* * *
Арслон акамиз ўзи ҳам бир арслондек девқомат одам эди. Кўкраги баланд, эррайим, чапани. Лекин, болаликда “бешиккертти” қилинганига қарамай, аммаси унга қизини бермади. Аниқроғи, Тошкентда дўхтирликка ўқиган қиз, шевасига маҳлиё бўлдими, хоразмлик биттасига тегиб кетди. Арслон акамизнинг арслонникидек кўнгли ана шунда синди — у ҳам ёшлигидан бу эски маталларга ишониб, бошқасини дилига яқинлаштирмай юрган экан-да. “Бир нуқсони бордирки, жондек аммаси қизини аяди” деб, ўзгалар ҳам бирин-кетин уни кўкрагидан итара бошлади.
Шу орада Россиянинг ҳар жойидан беш-ўн қиз қишлоқ мактабларига муаллимликка келади. Туман марказидаги, ҳовлиси Тургенев севги қиссаларида тасвирламиш азим дарахтларга кўмилган, аммо ташландиқ кўҳна чорбоғларни эслатадиган қатор оқ бинолар — “келгиндилар уйи”дан уларга жой берилади. Кетма-кет уйланган укалари ота ҳовлини эгаллагандан кейин ана шу бўйдоқхонада сўққабош яшаб юрган, боз устига араққа ҳавас қўйган (бир чети шунга кўра ҳам эл қиз бермагандир) Арслон акамиз оқшом чоғлари бу сирли чорбоғда ўз-ўзидан бошланиб кетадиган оврупоча базмларда бояги салт-сувойлардан ройишроқ бирига илакишиб, бирга истиқомат қила бошлайди. Номусга қолган ота бир товоқ ош билан уларни мусулмончасига никоҳлаб қўяди. Мана, энди ростакам эр-хотин. Марина янгамиз ҳам ўшшайиб турмай, ярашса-ярашмаса, сариқ атласдан кўйлагу лозим кийиб, бинойидек янга бўлиб кетди. Уни мақтамаган, ҳавас қилмагани йўқ эди. Саранжом-саришта, эрга меҳрибон, ширинсўз, киришимли. Тағин нима керак, бир рўзғорга бўлади-да!
Лекин бу дунёда акахонимизга яна бир бало тайёр турган экан: шундай азамат одам бепушт чиқди. “Анови”нинг касригами ёки кўп йиллардан сўнг асорат кўрсатган дарди бедаво сабабми, у ёғи худога аён. Эр-хотин ноилож етимхонадан ота-онасиз бир қизалоқни асраб олдилар. Ўзиям дурагаймикан, афт-ангори қорача-ю, кўзлари пистоқинамо — бир ҳисобда буларга мос, биров “нега бунақа?” деёлмайди. Меҳр қўйиб, ювиб-тараб катта қилдилар. Бироқ, эрка ўсган қиз, Тошкентда ўқиб юрганида уни-буни баҳона тутдию Россия томонларга кетиб қолди. Дараклаб борган отанинг билгани шу бўлдики, боққан онасига товон тушгиси келганми ё пистоқи кўзларига урган бегона қон тортганми, ишқилиб, бир Андрейга кўнгил бериб, ўшанинг изидан жўнаган экан; “Папа, я его люблю!” деди, вассалом.
Самарадан шалвираб қайтган ота кўп ўтмай ётиб қолди. Девдек одам уч-тўрт ой ичида чўпдек озиб, ранги заъфарон бўлиб кетди. Қон айниган, талоқ ишдан чиққан эди. Ана шунда барчаси аён бўлди: акамизнинг сариштаси асли ҳув ёшлигида, коинотга училадиган жойларда хизмат қилиб юрганида бузилган экан.
Икки йил чамаси кечаю кундуз янгамиз унинг бошида турди, ёш болага қарагандек қаради, боқди. Бўлмади. Акамиз кетди. Армонли дунёдан армонсизигами йўл тортиб!
Мана, энди Марина янгамиз ёппа-ёлғиз! Кўнгли сув сўраб борадиган ягона жойи — қўшни қишлоқлик Лена дугонасиники. У билан бир йиллари бозорда танишиб, чиқишиб қолган. Лена “модачи” армиядан орттирилган хотин; қишлоқ қиз-жувонларининг жону дили — очиқ-сочиқ кўйлаклар тикади, чевар. Ўзиям ўзбекнинг ўзбеги бўлиб кетган. Айниқса, болаларини қарғашини кўрсангиз!
* * *
— Сен шу атрофда бир-икки соат айланиб турарсан-а, — дея Абдини этакда қолдириб, Марина янгамиз совға-салом жойланган тўрвасини судрай-судрай, майишибгина дўнгликка қараб ўрлайди.
— Бўлди, муаллим янга, сиз қанча десангиз — шунча! — дейди худо берган Абдибой оғзи қулоғига етиб ва мотоциклни адир ёқалатиб учириб кетади.
Янгамиз ёнбағирда жойлашган боғ-роғли, кенг-мўл ҳовлига кириб борганида Лена модачи тандир бошида нон ёпмоқда экан. Аниқроғи, ёпиб бўлгану хонтахтага ёйиб қўйилган қип-қизил нонларини дасталаб дастурхонга ўраётган экан. Аммо, кун қизиб турганига қарамай, эгнидаги қопдек кўйлагию бет-бошини чирмаб ўраган увада, доғ-дуғ рўмолини ҳали ечмаган. Ҳовурдан қизарган, асли қовжираб кетган бир бурдагина юзда иккита киртайган яшилтоб нуқта йилтиллаб кўринади — бамисоли икки томчи ўсма суви!
— Келинг, келинг, Маринаой!
— Бормисиз, Ленахон, бормисиз?
Икки дугона ачом-ачом қилади, ҳол-аҳвол сўрашади.
Мезбон дарҳол ичкари кириб, кийим-бошини алмаштириб — мавридига мослаб чиқади. Кейин зипиллаб бирпасда тут тагидаги чорпояда меҳмонига жой ҳозирлайди. Дугонаси кўтариб келган совға-саломни бир-бир очиб кўраркан, миннатдорлик билан ҳар гал уни қучиб-қучиб қўяди. Ўзи ҳам уйга қатнаб, борини дастурхонга тўкиб солади.
Кифтида жилдхалтаси, боядан бери ҳовлида ивирсиб юрган, тушдан кейин ўқийдиган кенжатой қизига бир бўлак торт кесиб бериб мактабига жўнатгач, ниҳоят, келиб азиз меҳмонига рўбарў ўтиради.
Ҳовлида ўзларидан бошқа кимса қолмаган — ота икки ўғлини ёнига олиб сомон тўплагани даштга кетган, ўртанча қиз дарсдан сўнг хабарлашгани момосиникига бориши керак — тайинланган.
Ана шунда икки элдош, икки мусофир ўтириб олиб она тилларида сўйлаша кетади. Ҳеч ким йўқ, биров эшитмайди, бемалол. Орқадан кўрган одам, айниқса, ғирт жайдари қиёфадаги қишлоқи хотиннинг ўрисча чулдирашига лол қолиши турган гап.
— Кел, Мариночка, одамга ўхшаб ўзимиз бугун бир ўтиришайлик! — дейди дугонаси келтирган атирдан апил-тапил қулоқлари ортига суртиб, малҳамни дарров юзига чаплаб олган Лена модачи бирдан руҳланиб.
— Мана, ўтирибмиз-ку! — дейди Марина янгамиз беозор кулимсираб.
— Бошқача-да, — дея чорпоя бурчагидаги тўрвадан сирачли боши чиқиб турган қизил мусалласга ишора қилади мезбон. — Маданийроқ!
— Мен буни эрингга деб олиб келганман-ку?
— Заҳарни ичсин! — дейди дик этиб ўрнидан турган Лена модачи беихтиёр ўзбекчага ўтиб. — Ичадиганини ичиб бўлган у.
Мезбон уйдан икки қўлида иккита узунчоқ фужер кўтариб чиқаётганида дарвозадан қўшни қизалоқ бош суқади:
— Кўккўз хола-а, хамиртурушингизни бериб тураркансиз, энам айтдилар.
— Кўккўз холанг ҳам ўлсин илойим, хамиртуруши ҳам ордона қолсин! — дейди жавраб уй эгаси ва қўлидаги идишларни авайлаб айвон четига қўяди-да, тандир тарафга йўрғалайди.
Қизчани жўнатгач, дарвозага занжир солиб қайтаркан, у шўхлик билан дугонасига кўз қисади:
— Майлими? Ҳа, нима қипти, ўзимиз-ку!
— Ихтиёринг, — деб қўяди янгамиз елкасини учириб.
Мусалласдан қуйиб, қадаҳ уриштиришаркан, Лена модачи бехос эсига тушибми, сўрайди:
— Айтгандай, нима учун ичамиз буни? Бирор нима десанг-чи!
— Ўзинг айт.
Лена модачи фужерни баланд кўтариб, ўйга толади.
— Кел, шуни иккаламиз учун, икки шўрпешона учун олайлик!
— Ичмайман! — дейди янгамиз тўсатдан қўлидаги фужерни дастурхонга қайтиб қўйиб. — Сенинг ниманг шўрпешона экан? — У обод-ораста ҳовлига, пастак-пастак ишкомлари яшнаб турган боғ тарафга бир назар ташлайди: — Мана, ҳамма нарсанг бор! Бошингда эринг, бола-чақанг ёнингда!
— Тавба қилдим, тавба қилдим! — дея яна ўзбекчасига олади Лена модачи кафтини кўкрагига босиб. — Тўғри айтасиз, дугонажон, тўғри. Худога шукр, ҳазорон шукр!
— Демак, сен учун, сенинг эринг ва болаларинг учун оламиз!
— Раҳмат, азизим, раҳмат сенга, — дейди Лена модачи кўзлари ёшланиб ва мусалласни қулқиллатиб охиригача симиради. Оғзига таъм берадими, қадаҳини қайта тўлдириб олади: — Энди сен учун ичамиз! Арслонинг қандоқ одам эди-я! Ётган ери ёстиқ бўлсин! Бунга чўқиштирилмайди, чўқиштирилмайди — эсингдан чиқибди-да!
— Сен ўзи мен учун ичмоқчимисан ёки марҳумнинг ҳақигами?— дейди кўзлари намланган янгамиз дугонасининг довдирлигидан кулган бўлиб.
— Барибир эмасми — Арслон сеники, сен Арслонники эдинг! — дея ютоқиб фужерини бўшатади мезбон. — Бир ўзинг ёлғиз, зериксанг кераг-а, Марин?
— Йўқ, нимага — зериксам, қўни-қўшниникига чиқаман, қайнотамникига бориб келаман ёки диванда думалаб китоб-питоб ўқийман, телевизор кўраман. Бу ёқда рўзғор юмушлари!
— Воронежингни соғинарсан? Туғилган жойларингни кўргинг келар? Қизингдан дарак борми ўзи?
— Қайси саволингдан бошласам экан? — дейди ўйга чўмиб янгамиз. Туғилган юртини ким соғинмайди? Лекин соғинганда, борганда нима? Чолу кампир аллақачон оёқ узатиб бўлган; биргина синглиси бор эди, Настя, у ҳам эридан ажралиб, чет эллик биттасига илашиб кетган, Португалиядами яшайди — йўқ ҳисоби энди. Ота-она тириклигида деярли ҳар ёз эри билан меҳмонга борарди. Николсой бўйидаги ўтлоқда бутун оила жам бўлиб, балиқхўрлик қилишарди. Балиқ баҳона, икки куёви икки ёнида, ичкиликка ишқибоз кекса отага айниқса худо берарди; бадрашкроқ кенжаси можаро чиқармаса, улар гоҳо сой бўйида гулхан ёқиб, ўша ерда тунаб ҳам қолишарди.
— Мен бечоранинг эса борадиган манзилим ҳам йўқ, соғинадиган кишим ҳам. Етимхонада ўсган бир бенаво бўлсам! — Ичкилик ичмай юрган одамга бирдан таъсир қилади: кўнгли сув очиб, кўзлари ҳалқобланган Лена модачи бир вақт шартта жойидан туриб дугонасининг биқинига ўтиб олади: — Кел, азизим, ашула айтамиз.
Икковлон бир дам нимани айтиш хусусида талаша-талаша, ахийри ўша ҳамма биладиган машҳур “Подмосковные вечера”ни танлайди.
— Қани, бошла!
— Йўқ, сен бошлайсан, сен!
Икки ғариб бир-бирининг кифтига қўл ташлаб, олис юртларидан эсдалик, олис юртларининг нафасини келтирадиган соғинчга тўла шу ҳазин таронани оҳиста хиргойи қила бошлайди. Бир фурсат теварак-атроф ўзгача тус олиб, аллақандай армонли оқшом сокинлиги ингандек, қўшиқ куйлаётганлар — сирдошу жондош Марфушаларга, ҳув девор бўйлаб қад чўзган бўзтераклар ҳам оқбадан қайинларга айланиб кетгандек бўлади.
Хийлагина “ўхшаб” қолган етимхона фарзанди — нима, бу ҳовли-жой ўзиники-да! — ногаҳон овозини баралла қўйиб юборади:
Не-е-е за-абудь и ты-ы
эти летные-е-е
Подмоско-овные ве-че-ра-а-а…
Нола нолага уланади:
От этих мест куда мне деться?
С любой травинкой хочется дружить.
Ведь здесь мое осталось сердце,
А как на свете без любви прожить?
Ашула айтиб толгач, дугоналар бир-бирининг бўйнига чирмашган кўйи талай замон маҳзун шалпайиб ўтиради.
— Вой, эсим қурсин! — Мезбон бир маҳал ирғиб ўрнидан туради ва уйга кириб кетиб, қўлида аллақандай қутича билан чиқади: — Қаҳва ичамиз! — Чорпояга яқинлашаркан, шоша-пиша қутичасини очиб кўради-ю, ҳафсаласи пир бўлади: — Ия, янчилмаган, донадори экан-ку бу савил! Бултурмиди, марказга тушганда роппа-роса беш минг сўмга олувдим-а. Тузук қарамаган эканман-да, эсизгина!
— Кофемолканг йўқми, нима? — дейди янгамиз ҳам ачинганнамо.
— Унақа матоҳлар нима қилсин бу уйда! — дейди ўз-ўзидан тутақиб Лена модачи. — Ҳа-а, бўлди, бўлди! Уриб-уриб янчамиз буни!
— Нима билан? Нима билан урасан?
— Уриб-уриб туядиган-чи? Анув, нима дерди? Ҳаҳ, қурғур, сира тилимга келмаяпти-я! — Ўша қурғурнинг номини тополмаганидан Лена модачи бу ёғини ўзбекча қилади: — Ҳе, қўй шу маллавойларингнинг чулдир-чулдирини! Ҳавонча бор-ку, ўзимизнинг ҳавонча!
— Ҳавонча?! — деб такрорлайди янгамиз дафъатан алланечук бўшашиб; ичида нимадир чирт узилган каби, ҳозироқ бу ердан чиқиб қочгиси келади. — Нима у ҳавончангиз?
— Ҳа, ўғир-чи, ўғир? Мана, ҳозир опкеламан, кўрасиз! — Лена модачи ҳадаҳа бурилиб, ошхонаси томон йўртмоқ бўлади.
— Ҳей, шошманг! Мен кофе ичолмайман. Жигарим оғрийди.
Мезбон саросималаниб, бурилган жойида тўхтайди.
— Мен энди турсам, Ленахон, жавоб берсангиз? Уйимда бир дунё юмуш!
Қип-қизил баҳона бу! Мана, ҳозир янгамиз ҳувиллаб ётган ўша ёлғизхонасига кириб боради-ю, бармоқ тишлаб қолади: қиладиган ишининг тайини йўқ. Сиқилганидан чиқиб қўни-қўшнисининг ул-булига қарашган бўлади. Бир маҳал юраги тошиб, яна изига чопади: “Уйимда бир дунё юмуш!”
— Ия, қўйсангиз-чи, Маринаой! Озиб-ёзиб бир келганингизда-я? Ош-чи, ҳозир ош қиламиз, ахир!
— Кейин, кейинги сафар, — дейди янгамиз кейинги сафар бу уйга қадам босмасликни дилига тугиб ўрнидан тураркан; шу тўпори хотиннинг олдига нима учун келди ўзи?!
Ҳангу манг бўлиб қолган Лена шўрлик ҳарчанд қистаб кўндиролмагач, типирчилаган кўйи тандирхонадан тўртта нон келтириб меҳмоннинг тўрвасига солади, сўнг у ёқ-бу ёққа жонсарак аланглаб, ишкомдан уч-тўрт бош узум узиб келади.
Хуллас, бояги мусалласданмикан ёки арзанда дугонасининг хурсанд-хушон кириб келганию қўққисдан бундай туриб жўнаганигами, кўнгли бехос бузилиб, у кўзида ёш билан кифту бошини силай-сийпалай уни кузатади.
Дарвозадан чиқаркан, Марина янгамиз бу ерга аслида нима учун келганинию ҳали яна кўп бора келажагини дафъатан англаб етади.
* * *
— Мен сизни бемалол ўтирасизми десам — дарровгина чиқибсиз, муаллим янга? — дейди чўнқайиб олиб мотоциклнинг аллақаерини кавлаштираётган Абди. — Ҳали икки соат бўлмади-ку?
— Бўлди, Абдибой, ундан ҳам кўп бўлди. Кетдик.
Қайтиб йўлга тушадилар.
Сойдан ўтиб, қабристон ёқалаб бораётганларида йўл қия келиб, ғилдираклари ногаҳон тупроққа сирпаниб кетадию мувозанати қочган мотоцикл сурила-сурила ёнбош бўлиб қолади. Абди жонталваса ирғиб туриб унга ёпишади ва бир ҳамла билан тикка қилади. Чап тиззасини чангаллаб нари кетган янгамиз бориб ердан учгинаси бўртиб турган бир харсангга ўтиради.
— Билмай қолдим, кечирасиз-да, — дейди ранги ўчинқираб Абди.
— Кечирмайман, — дейди оёғининг нари-берисини сийпаб кўраётган янгамиз. Болдири салгина шилинибди, холос, бошқа бешикаст. — Кечирмасам-чи, а?
— Кечирмасангиз ҳам кечиринг, жон янга!
— Топдим! — дея қичқириб юборади шунда янгамиз илкис бошини кўтариб. — Топдим — ступка, ступка!
— Нима топдингиз? — деб сўрайди бола анқайиб. — Уступка? Нима у?
— Уступка эмас, каллаварам, ступка! Ступка, билдинг? Уриб-уриб майдалайдиган, эзиб-эзғилаб ташлайдиган нарса бор-ку, ўша. Ўзбекчасини нима деяётувди-я ҳали?
— Нимани уради? Нимани майдалаб ташлайди?
— Нимани бўлсаям-да! — дейди энсаси қотиб янгамиз. — Масалан, туйилмаган кофе ё шунга ўхшаш қаттиқроқ нарсаларни. Ҳатто — одам деганингни ҳам! — Шу гапи ўзига нашъа қилибми, у бир зум маъюс тортади. — Сен айтган “уступка” эса бошқа нарса.
— У нима дегани?
— Мана, сен ҳозир анови мотоциклни ағдариб, мени ярадор қилдинг, шундайми? Энди кечирим сўраяпсан. Мен эса сенинг қилмишингни кечиряпман. Чунки мени яна у ёқ-бу ёққа миндириб юришларинг бор! Ана шуни “уступка” дейди, тушундингми?
— Уступка, уступка, ступка, — дея чайналади-ю, барибир ҳеч балони англаёлмайди Абдибой.
— Бу дунёда уступка қилмасанг, ступкага ем бўласан, укажон. Мана, шунчасига кўнаркан-ку одамзод, — дейди янгамиз ажаб бир ўйчанлик билан. — Майли, сен энди кетавер.
— Қаёққа кетай? Сиз-чи, сиз?
— Ишинг бўлмасин, мен ўзим бораман.
Янгамиз билинар-билинмас оқсоқланган кўйи тепалик сари юради.
Қабристон дарвозасига етганда у бир зум тараддудланиб қолади. Ҳар-ҳар замон келиб турадиган жойи, бошига рўмол-пўмол ўраб олмаганини қаранг — кўрган биров нима дейди?
Нима деса дер — кир, Марин, киравер!
* * *
Қабристондан қайтиб чиққач, қиялик бўйлаб эниб келаркан, янгамизнинг кўзи “бизнинг “Чайка”га тушади. Боя турган жойгинасида турибди. Эгаси эса кўринмайди. Кейин бундай ўтиб қараса — у мотоциклнинг панасида муштдеккина бўлиб пинакка кетган.
— Нима тушлар кўряпсиз, уступкавой? Туринг энди, жўнайлик.
Бола аста кўзини очиб, бошини кўтаради:
— Ҳали айтган гапларингизни сира тушунолмаяпман-да, муаллим янга?
— Э, ўзим ҳам тушунмайман, Абдибой! Тур энди, турақол.