Дурбек Қўлдош. Cирингизни айтинг, момо (ҳикоя)

Катта йўл бўйидаги кўркамгина дарвоза олдига келиб тўхтаган машинадан уч киши тушди: бири – бошига оқ кепка кийган ингичка мўйловли йигит, иккинчиси — сочларини ихчам турмаклаб, қўлида китоб-дафтар солинган сумка тутган ёшроқ аёл ва оқ кител кийган салобатли маҳалла оқсоқоли. Уларни бўй-басти тенг, юз-кўзлари ўхшаш, яғриндор икки йигит илиқ кутиб олишди. Меҳмонлар йўл бўйидаги ариқ четида ранг-баранг очилиб ётган анвойи гулларни ҳавас-ла томоша қилиб, бир зум туриб қолишди… Оқсоқол ҳурсандчилик билан: “Ҳасанбой, меҳмонларни ичкарига ол!” деганди, икковлари ҳам бир овоздан: “Қани, -меҳмонлар, келинглар, ичкарига киринглар!” — деб, мулозамат кўрсатишди.
Меҳмонлар бирин-кетин ҳовлига кириб боришаркан, ишкомларда новвотдай товланиб турган узумларга, саҳн четида барқ урган садарайҳонларга разм солганларича бориб, катта нақшиндор чорпоя тўрида юзларидан нур ёғилиб ўтирган момо билан сўрашдилар.
— Сарвибуви! Бу меҳмонлар вилоят телевидениесидан, телевизордан келишди! — деб таништирди оқсоқол. — Сизни зиёрат қилиб, суҳбатингизни олишмоқчи, — деб қўшиб қўйди. Момо мамнун:
— Ие, жуда яхши бўпти-да. Ҳў анов куни айтаётган меҳмонларинг шулар экан-да… Қани, қани, ўтиринглар болаларим, ўтиринглар! — деб дастурхон атрофига таклиф қилди.
Улар ёшларига қараб, жойлашиб олгач, момо бош бўлиб, эл-юртга тинчлик-омонлик, тўкин дастурхонларимиз сабабкори — зироат ишларига ривож тилаб, дуога қўл очдилар. Елкасига оппоқ сочиқ ташлаб олган йигитча келиб, одоб билан меҳмонларнинг қўлига сув қуйди.
Сарвибуви мухбир қизнинг қуйироқда ўтириб қолганига кўнгли бўлмай:
— Қизлардан иккимиз эканмиз. Кел болажоним, тўрга ўт, ёнимга чиқиб ол! — дея, унга ўзи ўтирган гулли барқут кўрпачадан жой кўрсатди. Шу орада момонинг хушрўй келинларидан бири ийманибгина: “Ассалому алайкум, хуш келибсизлар”, деб дастурхон четига чой қўйиб кетди. Момо ўтирганларни дастурхондаги нозу неъматларга таклиф қиларкан:
— Раис болам, нонни синдир, чойни ўзинг қуй! — дегунча ҳам бўлмай, оқсоқол дарров шаҳарликлар таомилида пиёлага бир қултумдан чой қуйиб, меҳмонларга узатди. Суҳбатнинг “кириш” қисми тугагунга қадар ускуналарини аллақачон созлаб, момо ўтирган тарафга қаратиб қўйган тасвирчи йигит “ҳаммаси тайёр” дегандай, маъноли томоқ қириб қўйган эди, мухбир қиз Сарвибувига юзланиб:
— Моможон, хўп десангиз энди ишга ўтсак. Мана, бу йил, роппа-роса юзинчи баҳорни қаршилабсиз! Айтингчи, аввало бундай узоқ умр кўришингиз, тетик, бардам юришингиз сири нимада?
Момо мийиғида кулиб қўяркан:
— Э, болам-а! Сенга айтсам, бунинг сир-пирини билмадим… Аммо, ишдан қочмадим, бекор қолмадим. Иссиқни иссиқ, совуқни совуқ демай меҳнат қилдик. Айниқса, уруш йиллари… Чолим пронтка кетган, қишлоқда ишга ярағлиқ эркаклар йўқ, бутун иш хотинларга-ю болаларга қолган. “Сув келса симириб, тош келса кемириб” ўтказганмиз у кунларни. Тўғрисини айтсам, ундан кейин ҳам осон бўлмади… Кетмон чопдим, сув қўйдим, пахта тердим, қурт боқдим, сигир соғдим… Шу орада уч ўғил, икки қизни катта қилиб, қаторга қўшдим. Ҳа, меҳнатимиз кўп оғир эди-ю, лекин роҳати оз эди… Бироқ ҳалолидан топганларимизнинг борига шукр қилиб, хотиржам яшаб келдик… Болажонларим, шукр қилайлик, шукр! Сизлар бахтли экансиз! Ота-буваларингиз бир умр орзу қилган ажойиб замонларда яшаяпсизлар!
— Моможон, қисматни қаранг, ҳаётингизни куч-қувватга тўла, олтин даври оғир ва машаққатли меҳнат билан ўтибди… Айтинг-чи, ўша йилларда орден ё медаллар билан ҳам тақдирланганмисиз?
— Беришмаган, десам ёлғон бўлади, болам. Беришган. Бир марта “Мусобақада ғолиб бўлдингиз” дейишиб, бир варақ сарғишроқ қоғоз, кейин,.. қайси йил эди… эсимдан чиқиб турибди, кирмошин беришган…
— Моможон, отахон бормилар?
— Чолимми? Бор эди, жон болам, бор эди. Бевафо, ташлаб кетди… — деганча, худди зорланиб йиғлаётгандай, рўмолини учини кўзларига босиб-босиб қўйди. Мухбир қиз тушунмагандай бўлиб оқсоқолга қараганди, у киши:
— Раҳматли Жўрабой отани бутун вилоят танирди!… Чолу-кампир жуда иноқ-иттифоқ яшаганлар. Отахон катта миришкор боғбон эдилар. Икки-уч йил бўляпти дунёдан ўтганларига. Ҳали кўчада кутиб олган Ҳасан-Ҳусанларнинг каттаси, ҳозир ўша ота яратиб кетган боғда фермер! — деб изоҳ бериб қўйди.
— Момо, бир нарсани сўрагим келяпти, айтинг-чи, мана бу данғиллама уй-жойларни қачон қургансизлар?
Сарвибуви ички қониқиш билан жилмайиб қўяркан:
— Қачон бўларди, болам… Ҳасанбойим фермер бўгандан кейин-да! Қара, бир пайтлар… сапхоз даврийди. Томимиз эскириб, чакка ўтадиган бўп қолганди… Чолим раҳматли идораларга ариза қилиб юриб, бир йилдан кейин саксонта шипирни зўрға олгандик… Мақтаняпти демагину, буёғини сўрасанг, Ҳасанбойим бултур маҳаллага чойхона билан ҳаммом ҳам қуриб берди!
Оқсоқол “Барака топгур, қўли очиқ бола”, деб момони сўзларини тасдиқлаб бош ирғаб қўйди.
— Моможон, қаердан келин бўлиб тушгансиз?
Момонинг ёшлик даврлари ёдига тушиб, қалби жўшиб кетдими, нурли кўзларини порпиратиб:
— Мени ҳамма шу қишлоқлик деб ўйлайди, асли, Экин-тикинликман! Бориди-ю, номи кетган мироб — Тўйчибой ака деган одамнинг кенжа қизи эдим-да! Қара-я, умрни ўтишини! От-аравада келин бўлиб шу ҳовлига тушиб кеганимгаям кеч кузда саксон уч йил бўларкан! — деганча, бироз қуруқшаб, томирлари бўртиб турган табаррук қўллари билан рўмолини тўғрилаб қўйди.
Мухбир қиз ҳаяжонли табассумини яширолмай, қўли билан лабларини беркитаркан, яна сўради:
— Невара-чеваралар нечта, моможон?
— Тўғрисини айтсам, болам, саноғини билмийман. Аммо, ҳаммасини танийман!
Бир пайт, қаердандир машҳур ҳофиз Орифхон Ҳотамов ижро этган “Дилраболардан” қўшиғи эшитилиб, ҳамма бир-бирига қараб жимиб қолди… Момонинг қўл телефонидан экан. Сарвинисо буви шошилмасдан, камзулининг ички чўнтагидан телефонини чиқарди-да, битта мурватини авайлаб босиб, қулоғига олиб келди. Кейин, пастроқ овозда “Ҳа болам, йўқ, йўқ! Ҳаммаёқ етарли… Сен бемалол ишингни қиловур! Албатта, албатта, хўп, бўпти болам”, деб ўчириб, яна жойига солиб қўйди. Кейин ҳайрон бўлиб, тикилиб қолган меҳмонларга қараб:
— Неварам, Ҳасанбой. Нима камчиликлар бор, меҳмонлар қуруқ чиқиб кетишмасин! Хорижликларни эртароқ кузатсам-ла, етиб бораман, деяпти. Уни ҳам меҳмон босибди. Чет элликлар билан мева-чевани бонкага қамайдиган омбор қуришяпти. Шу болам билан гаплашоламан, холос, — деб соддалик билан даврадагиларга қараб, кулиб қўйди.
Мухбир қиз қизиқиб:
—Ашулани ким ёздириб берган, момо? – деб сўради.
— Ким бўларди, Ҳасанбойим-да! Оподадасининг энг яхши кўрган қўшиғи шу! Раҳматли чолим мазза қилиб эшитарди… Пластинкасиям бор! — деб қўйди ғурур билан.
Қисқа “лирик чекиниш”дан кейин мухбир қиз момони яна саволга тутди:
— Моможон, суйган таомларингиз ҳам бордир?
— Бор, болам, бор! Тўхта, қизим! Ҳадеб икковимиз гаплашиб, қолганлар зерикиб қолишмасин. Қани, дастурхонга қараб, олишиб ўтиринглар, деганди ҳамки, ҳовлига чопқиллаганича, қўлида бир нима ўроғлиқ тугунча кўтариб, беш-олти ёшлардаги болакай кириб келди. Тўғри бориб, тугунни момога тутқазаркан:
— Энажон! Дилшод ошнамни аяси бериб юборди, нон ёпган эканлар, бу сизга, — деб қўйди. Момо унинг югуриб ўйнаганидан терлаб — қизариб кетган ёқимтой юзига меҳр билан боқаркан:
— Азизбек! Салом қани? — деганди, хижолатдан ерга қараб олган болажон шоша-пиша қўлларини кўксига қўйиб меҳмонларга бош эгиб салом берди-да, пириллаганча кўчага чиқиб кетди.
— Ҳасанбойнинг кичиги. Бу йил мактабга боради. Ўқишни ўрганиб олган! Умрингни бергур, олов! Отаси путболга берди. Зайниддин қиламан деяпти, — деб қўйди ортидан.
Оқсоқол тугунни очиб, эндигина тандирдан чиққан иссиқ нон билан устидаги сомсаларни аввал момога кейин, бошқаларга тутди.
Меҳмонлар ўз насибаларини тановул қилишиб олгач, момо, сўзини давом эттириб, Дилшодбекнинг онасини “оқибатли аёл” деб мақтаб, қишлоқда бундай аёллар кўплигини таъкидлаб қўйди.
— Нимага келувдик?.. Ҳа, дарвоқе, гўшман кўпам ишим йўқ! Сигиримиз бор. Сут-қатиқ, ошқовоқ, тармева, кўкат, зоғора нон, гўжа ош жони-дилим. Кейинги пайтларда кўпчилик нимагадир қора нон, зоғорани емай қўйишди! Майли-ю, қаерга борсанг оқ нон, ширинлик, пишириқ — “пирожний” дейишадими-ей! Одамлар, мунча ўч бўлишмаса шу нарсаларга!.. Улар кўзимга бироз семириб кетаётгандай… Биз, яқиндаям майиз, ўрик қоқи, асал, шиннини ширинлик дердик. Кўнгилгаям урмайди, тангаям пойда!
— Моможон, ёшлигингизда биронта касаллик билан оғриганмисиз?
— Касал бўлиб ётганимни эслолмайман. Ҳозирам, мабода тумов-пумов деган нарса илашгудай бўлса, қоқирим билан “қувиб соламиз”. Исириқ, аччиқтош, наъматакни узмаймиз. Худога шукр, болларим ҳам худди ўзимга ўхшаган қайроқи бўлишди… Касаллик қурсин! Касалликдан гапирма, жон болам! Энди, мен сенга айтсам, ёмон касалликлар ҳам бўлган. Ўзими билганим: аксари, бойди боласи дангаса бўлса, юрагини ёғ босиб қолиб, хомсемиз дўлта, хапақон, ишёқмас-такасалтанглар чиллашур, мечал… пала-партиш, нафси ёмонлар юракбуруқ ё сўлқи бўп қолишарди…
Мухбир қиз бу номларни биринчи бор эшитаётганидан, қулоғига кирганини, “кейин билиб оламан” деб, шоша-пиша қоғозга тушириб қўя қолди.
— Раҳмат, моможон! Соғ бўлинг! Омон бўлинг! Аллоҳ ёрлақаган экансиз! Энди, Худо хоҳласа, юз бирга кирганингизда, юз кўришишга келамиз, — деб тургани ижозат сўраётганди, Сарвибуви қатъият билан:
— Йўқ! Унақаси кетмайди!.. Ўзинглар энди келдинглар. Яна бир пас ўтирасизлар, — Ҳасанбойим эшитса хафа бўлади,.. — деганча келинига буюрди:
— Умидахон! Аввал, ҳамма акаларингизни, опаларингизни чақиринг! Меҳмонлар билан эсталикка расмга тушамиз! Кейин, қўлга сув қуйинг! Ош ҳам дам еб қогандир…
Оқсоқол момонинг юракдан чиқариб қилаётган таклифини қувватлаб:
— Қишлоқда бировникига келган меҳмон қуруқ чиқиб кетса, айб бўлади, — деб қўшиб қўйди.
Момонинг фарзандлари нариги ҳовлида топшириқни кутиб, одоб сақлаб турган эканлар, биргина “ҳўйт” дейишлари биланоқ, чорпоя атрофини чеҳралари бир-бирига ўхшаш, катта-кичик қоракўзлар, ясаниб олган қиз-жувонлар ўраб олишди…
Шу пайт, кутилмаганда бир йигит кўча-дарвозадан чопқиллаганча, қўлида янги газета билан кириб кела бошлади…
Момога кўзи тушгач бор овозда:
— Бувижон, буви! Суюнчи беринг! Суюнчи! Сизга медал берилибди! Мана, газетада Президент фармони чиқибди! — деганча келиб момонинг қўлларини олди. Ҳамма, бирданига юз-кўзларида қувонч Сарвинисо момога қараб қолишганди…
Момо, ажин босган фариштали юзларига оқиб тушаётган қувонч ёшларини артаркан, атрофдагиларга қараб:
— Қарайлар-а! … Юртбошимиз мениям таниркан-да!.. — дея олди холос.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 34-сон