Дилмурод Содиқов. Нажот дарахти (ҳикоя)

Ўн беш ёшар бола эдим. Шапоқ лақабли эшагимни (бир кўзини оқ қоплаган эди) миниб, Сангардак шаршарасига йўл олдим. Шаршара Хонжизадан икки чақиримлар нарида. Қўёш олов пўрқайди. Кўннинг иссигига элиб, бошимни қўмнинг* устига қўйиб олганман. Энди кўзим илинган экан, қалин арчазордан олашақшақ шақиллаб юборди, учиб тушдим.
Шаршара тоғнинг кўнгай бетидан сизиб чиқади. Сув чим босган, қўнғир, сирпанчиқ қояларга урилиб тушади ва биллўрдай фаввора ҳосил қилади. Айниқса, тонг маҳали шаршара олтиндай товланар, гала-гала қушлар чарҳ уриб айланганидан нурнинг тиғлари синиб, баттар жимирлайди. Қишлоғимиздаги одамлар: “Ана, қушларам зиёрат қилишяпти”, дейишади. Лекин бунинг зиёратга ҳеч қандай даҳли йўқ эди. Ахир, қушларнинг бари йилтираган нарсани яхши кўради. Тоғам билан Боботоққа чиқсак, ёнимизда ойна бўларди. Ўни ялангликка қўйиб, ўзимиз бирор ҳарсанг ўнгирида биқиниб турардик, тоғам ойнага яқинлашган какликларни отиб оларди. Ўқ овози чиққан ерга қайтиб каклик доримайди. Шунинг учун овни бошқа дарада давом эттирардик.
Бир йили уйимизга отамнинг хонжизалик чўпон жўралари келишди. Меҳмонлар туни билан гурунглашди. Мамай чўпон: “Бир паланг шаршарага сажда қип турганини кўрганман”, деди. Мен ҳайрон қолдим. Ҳайвонлар ҳам ибодат қиладими, деб. Хуллас, ўша гурунгда кўп гаплар айтилди. Уларнинг қай бири чин, қайси ўтриқ — менга қоронғу. Очиги, бундай ҳангомалар қизиқарли. Айниқса, шаршарани яқиндан кўриш, осилиб тушган сувқапанинг тагига кириб, кўклам ҳидидай ифорни симиришнинг гашти бошқача.
Манзилга етганимда қуёш тиккага келиб қолган, лекин шаршарага яқинлашсанг этинг жунжиқади. “Ғурра-ғурра» шамол қўл-юзга тикондай санчилади. Эгилиб ўсган толларнинг бирига эшагимни қантариб, сўқмоқ бўйлаб тепага ўрладим. Оёғимнинг остида синиқ тошлар ғичирлайди, уларни сизиб тиниқ сув оқади. Зиёратчилар кўп, елкаларига тўн, сочиқ ёпиниб олишган. Мен хуржундаги беқасам чопонни кийиб олдим.
Биз турган жой сойлик эди. Атрофини тик қоялар ўраб олган. Кунчиқардаги қояларнинг ортидаги кенг дараларда одамнинг бўйи баравар юлғунлар ўсиб ётибди. Улардан ҳам наридаги тепаликларда чойнак нусха тоғ арчалари ва писта буталари тўмпайиб тўрибди. Олисдаги тоғлар бошида кўпикдай булутлар сўзиб юрибди.
Зиёратчилар шаршарадаги ҳарсангтош биқинидан ўсиб чиққан дарахтни қўрғалаб туришибди. Дарахт барглари ғуж, кўм-кўк, тикилиб тўймайсан киши. Шу ерликлар буни “Нажоткор дарахт”, деб аташар ва унга топинишаркан.
Шаршара суви буғланиб туради. Ҳарорат паст. Шунинг учун тошнинг сатҳида юпқа муз қатлами ҳосил бўлган, кун тиккага етганда ялтираб кўринади. Ҳарсанг тухумсимон, устида тик туриб бўлмайди. Бироқ дарахт шохлари ҳар хил рангдаги мато қийқимларига бўрканган. Буларни ғойибдан нажот тилаганлар илишган. Қўлини иягига тираб, палахса тошга ўтириб олган калта галстукли қиши: “Дарахтни расво қилишибди, — деди. — Бир парча латтанинг нажотга нима дахли бор? Тушуниб бўлмайди. Ахир, бу — фитишдан бошқа нарса эмас!”. Мен: бу шунчаки бир ирим, ихлос-халос, дегандай, дедим. У гапимни чўрт кесиб: “Нажотни дарахтдан кутиб бўладими?! Нажот фалакдан”, деди жаҳл аралаш. Мен индамадим. Чиндан ҳам дарахтдан нажот кутишда мантиқ йўқ-ку. Нажот — кўнгилда. Шундай экан, кўнгилни бойитиш керак, деб ўйладим. “Ирим-сирим одамларни бузаяпти, — деди яна у. — Бўлмаганда одамлар бошқача яшарди. Умуман, тасаввуримиз ҳам бошқача бўларди”. “Биз, энди шунга ўрганиб қолганмиз-да”, дедим. У кулди: “Бизнинг зил кетган жойимиз ҳам ана шунда”.
Нарироқдаги курситошда одамлар қалдирғочдай тизилиб ўтиришар, ораларида пўрим кийинган, ранг-рўйлари оппоқлари ҳам бор эди. Одатда, тоғликларнинг териси қизғиш, гавдаси йирикроқ бўлади. Унча-мунчага ҳайратланмайди улар. Бу одамлар шаршарага ҳайрат билан термилишарди. Демак, шаҳардан келишган. Шаҳарликлар табиат қўйнига сайр қилишни ёқтиришади. Кейин саёҳати ҳақида узоқ гапириб юришади. Биз эса эътибор бермаймиз, кўзимиз болалигимиздаёқ бундай манзарага ўрганади. Ёшимиз улғайгач, бунинг қизиғиям қолмайди.
Шаҳарликлар шаршарани ҳар тарафдан суратга олишди, кейин кулишиб сўқмоқдан сойга эниб кетишди. Сой тошлоқ кўчадан кейин, кўксини адл тутган қоядан берида оқиб ўтади, суви осмондай мовий — қараб сочингизни тарасангиз бўлади. Бир гал қизлар сувга қараб ўзига ора бераётганини кўргандим. Сой қўйига бир чақиримча оққач, иккига бўлиниб кетади. Ўртадаги қумлоқ сойлиқни қуюқ юлғунлар, ажриқ босган. Арнадан кечиб ўтган отлар шу ерда ўтлаб юради.
Тошсупада бир қари чол қолди. У қўлларини чопонининг ўнгирига тиқиб, букчайиб олган. Шаршарадан кўзини узмай, буғриқиб йўталар, тупугини чўзиб тупурарди. Бу қилиғи учун мендан узр сўрагандай ювош қараб қўйди. Мен ҳечқиси йўқ, дегандай бошимни чайқадим. У эса синиқ боқди ва ёнига бурилиб тилини осилтирган итга “чип”, деди. Ит аста қадам ташлаб, толнинг соясига бориб чўккалади. Юнглари тўкилиб, териси кўчиб, оқчил бўлиб кетган ит тек турганича шаршарага тикилиб қарар, ҳаёт шами ўчиб бораётган нурсиз кўзларида пурвиқор сувнинг акси кўринарди.
Шамол чолнинг эгнидаги чопоннинг йиртиқ елкасида идраган пахтани ҳилпиратиб ўйнарди. Қариянинг юз-кўзидан ҳаётдан кўнгли совуб қолгани шундоқ сезилиб турарди. Бир маҳал чол ўрнидан илкис турди-да, тўғри дарахтнинг олдига борди. Қарасам, авзойи бузуқ, кўзлари аламзада. Сертомир қўлларини пахса қилиб тошга ўдағайлай кетди: “Шу бугун қирқ йиллик армонимга нуқта қўяман. Етар шунча сазойилик”.
Унинг нимага бундай деяётганини англолмадим. Эси оғмароқ бўлса керак, деган хаёлга бордим. Кўнглимда ҳадик уйгонди. Илон изи сўқмоққа тушиб қочишга ҳам шайландим. Бироқ ундан ҳирилдоқ, касалманд товуш чиқарди, таққа тўхтадим. Бу — дардли товуш эди. Ортимга бурилиб чолга яқин бордим. У алланималарни гапирар, лекин гапига тушуниб бўлмасди. Мен уни жим кузатиб турардим.
“Сен манглайимга битган бало бўлдинг, — деди у. — Нега мени сарсон қиласан? Устимдан кулиб ўйнайсан! А? Елкангни бир марта тутиб берсанг нима бўларди? Билиб қўй, барибир тиз чўктираман”.
Чол, чамамда иримга ишониб дарахтдан нажот кутган ва қирқ йиллик умрини елга совурган. Буни кўриб, ҳалиги галстукли зиёлинамо одамнинг гапи чин, дедим ўзимга ўзим. Ирим умрни барбод қилади.
Чол енгини шимариб, белбоғини тортиб боғлади. Шунда унинг гавдаси таёқдай тиккайди. Орқага бир-икки қадам ташлади ва шаҳт билан ўзини тошнинг устига отди. Оёғи тошга текканда сирғалиб кетди. Худди ерга тушган парашютдай паҳмайиб қолди. Югуриб бориб тирсагидан кўтардим. Қария инқиллар, чуқур-чуқур нафас оларди, қўллари қалтирарди. Шу ҳолида қўлимни силкиб ташлаб, ўзи туришга, олға интилишга чоғланди. Мен қўлтиғидан олиб маҳқам тутиб туравердим. У қаттиқ силтанди, кейин йиғлаб юборди. Мен уни қўйиб юбордим. “Ҳаётдан армон билан кетишни истамайман, шу тошга барибир чиқишим керак”, деди у. Кўнглини кўтариш учун, албатта, чиқасиз, дедим мен. Унинг бу иши менга бемаънилик бўлиб туюлди. Начора, ихлос қўйган-да, дедим ичимда. Энди уни бу ниятидан қайтариб бўлмайди. Мен уни бундай самарасиз ҳаракатдан қайтариш учун қўлидан ушлаб, тошкурсига ўтқазмоқчи бўлдим. Бироқ у унамади. “Тегма менга”, деб жеркиб берди. Нима қиларимни билмай қолдим. Чол эса яна тошга сакраганди қуймучи билан тушиб, жим бўлиб қолди. Бўйнини чўзганча қўлига тиралиб туришга ўринди. Кейин чирт юмган кўзини аста очди ва менга, сўнг шаршарага, қояларга қаради. Унинг кўзлари азоб чекаётган одамдай илтижоли боқарди.
“Қўйинг, ўзингизни қийнаманг! Дарахтга ипни боғлашнинг нима кераги бор? Бу — бўлмағур нарса!”, дедим.
Гапим чолга ёқмади. Кўзлари косасидан чиққудай бўлиб: “Бу менинг… беримда қолган, — деб кўкрагини кўрсатди, — биласанми?! Дарахтга ипни боғласам бас, нажот шунда. Сенга ўхшаганларга бўлмағур нарса. Ахир, бу — Худонинг қудрати-ку! Ундан кўра, дарахтга кўнглингни оч! Ана шунда бахтли бўласан”.
“Биз — бахтлимиз. Чунки тирикмиз, ахир, бу оламни кўрмай қолишимиз ҳам мумкин эди”, дедим. “Тириклик бу — боши-кети йўқ синов, — деб чийиллади у. — Синовни эсон-омон енгиб чиқиш — бахт. Бироқ оқибат барибир фожеа”.
Чол шуларни гапириб жим қолди. Мен ҳам оғиз очмадим. Бир оз ўттач алланималар, деб минғирлади. Сўнг яна кўзёш қилди. Дарахтни кўрсатиб: “Синовнинг зўри шу бўлади”, деди.
У ўрнидан тўриб, яна тошга ирғиди. Сакраганда ичи “гуп-гуп” этар, буни қурган ҳар қандай одамнинг юраги эзиларди.
Мен чидолмадим. Осмонга сапчиётган чолнинг болдиридан маҳкам Ушладим-да тепага даст кўтариб юбордим. У ликкиллаб тошга чиқиб олди. Афтидан, тошга ўзим чиқдим, деб ўйлади. Мамнун ҳолда тўрт оёқлаб олдинга юриб, дарахтни қучоқлади. Шу кўйи анча турди. Қарасам, елкаси силкинаяпти. Йиғлаётган экан. “Бечора, майли тўйиб-тўйиб йиғласин! Ҳаётидаги энг катта армони ўшаляпти-ку! Қани, энди у бахтли бўла қолса? Ахир, ҳаммамиз ҳам бу ҳаётга бахт излаб келамиз-да”. Шуларни ўйлаб турганимда чол шимарилган енгидан бир парча латтани олиб, пастга эгилиб турган шохга боғлай бошлади. У менга ўгирилиб қаради, хурсандлигидан ажин тўла юзи баттар тиришарди. Шу аснода мен ҳам бахтиёр эдим. Этим жимирлаб кетди. Унинг ёш боладек:
“Одамлар-у, одамлар, менга қаранглар! Манглайи ярақлаганни бир кўриб қўйинглар!”, деб жар солишига қўшилгим келарди.
Чол ниятига етди, чамаси ярим соат бурунги мунгдан кўзларида асар ҳам йўқ эди. У хушкайфиятда тош устидан ўрмалаб кела бошлади, мен эса гўё омонсиз урушдан ғолиблик нашидаси билан қайтаётган жангчини бағримга босиш ниятида олдинга талпиндим. Чол сой тарафдаги одамларнинг эътиборини қаратиш учун қўлини оғзига карнай қилиб қичқирмоқчи бўлди. Мен унга: “Эҳтиёт бўлинг, йиқиласиз”, дея “ҳай-ҳай”ладим. Орадан бир неча сония ҳам ўтгани йўқ, чолнинг икки оёғи бўйи барабар кўратилди-да, тошга боши билан тушди. Сунг икки қўлини керганича, худди тўлқин юзида қалқиб кетаётган пўкакдек оҳиста пастга сирғалди…
Мен карахт бўлиб қолдим. Вужудимни қўрқув босиб, қулоғим ҳеч нарсани эшитмай қолди.
Бир зумда одамлар йиғилди. Улар ваҳимали шивирлашар, чалқанча ётган чолга ҳангу манг бўлиб қарашарди. Ёши ўтинқираган икки киши жилдираб оқаётган сувдан унинг юзига ҳовучлаб сепишди. Чолнинг юзида ҳеч нима сезилмади. Шунда қимдир қўлини унинг бўйнига солиб: “Бўлди, тамом бўпти”, деди. Капалагим учиб кетди. “Йўқ, бўлиши мумкинмас”, деб қичқириб юборибман. Улар мени чолнинг невараси деб ўйлаб, сабр-тоқат тилашди. Оқсоқолларнинг бири: “Чолни узоқ йиллардан бери биламиз. кўлбасига ҳам борганмиз. Култепада бир ўзи яшарди. Ҳеч қими йўқ эди-ку!”, деди. Мен чолнинг дунёни сўққабош тарк этишини истамасдим. “Қариндошиман”, дедим.
Чолни кийгизга ўраб, усти очиқ машинага ортишди. Култепагача бир соатлик йўл экан. Машина кучаниб етиб борди. Бортдагилар чолга етти ёт бегона бўлса ҳам кўнгиллари чўккан, кўзлари нам эди. Улар пичирлаб, аллақандай дуоларни ўқишарди.
Дафн маросими жуда тез ўтди. Худди чолдан безор бўлишгандай шарт-шўрт кўмиб қўйишди. Гап қўшмай ортга қайта бошладик. Култепадан энаётгандик, кўзимиз ҳансираб келаётган чолнинг итига тушди. Оқсоқоллар: “Вей, Бўйноқми?”, дейишди. Ит тўғри бориб якка қабрни искаб айланди ва чўзиб ғингшиди.
Мен изимга қайтиб: “Эгангдан рози бўл, Бўйноқ. Кўргўлик бўлди”, дедим. Бўйноқ менга бўйнини буриб қаради. Кўзида ёш ғилтиллаганини кўрдим.
Бўйноқни ўзимиз билан олиб кетмоқчи бўлдик. Ит қабр ёнидан бир қадам ҳам жилмади. Қариялар: “Қўй, индама, қорни очса қишлоққа ўзи эниб боради. Юр, кетдик”, дейишди.
Биз мошинага ўтириб жўнадиқ. Қариялар: “Эссиз, шундай одам-а?”, дейишди. Мен марҳумнинг илгари қандай одам бўлганлигини билмайман. Шунинг учун менда унга нисбатан ачиниш ҳисси камроқ эди.
Шапоқ мени кўриб ҳанграб юборди. Ёнига борганимда қулоғини чимириб, калласини осилтирди. Ҳафа бўлганини сездим. Бўйни аралаш яғринини қашладим. У тек турди. Мен унга миниб, уйга қайтдим.
Уйга келиб, отам билан онамга бўлган воқеани айтиб бердим. Улар: “Одам шунчаликка ҳам борадими”, деб ёқа ушлашди. Сўнг: “Итни ияртиб келмабсан-да. Жонивор дардига малҳам излайди”, дейишди.
Шу оқшом босинқираб чиқдим. Тонгда апил-тапил кийиниб Култепага отландим.
Автоуловдан тушишим билан усти ясси, кулранг тепалик томон чопдим. Қабрнинг ёнига келсам — ит йўқ. Атрофга олазарак қарандим. Не кўз билан кўрайки, ит қабриинг шундоқ адоғида “қотиб” ётарди…
Бўйноқнинг устига ҳам тупроқ тортиб, ортимга қайтдим.