Дилмурод Содиқов. Изтироб (ҳикоя)

Ёзни санаторийда ўтказдим. Биринчи ҳафта икки кишилик торкунжак хонада тоза зерикдим. Устига-устак атрофимдагиларнинг бари қариялар – улар билан ниманиям гаплашардим. “Бундан кўра уйда, оёқни чўзиб ўтирганим яхши эди”, деган хаёлга бордим. Начора, даволанишим керак. Бироқ, вақт ўтган сайин кўнглим суҳбатдош тусарди.
Ниҳоят, саккизинчи кун Худо менга ҳамхона етказди. У ғўлабирдан келган йигит. Ранги қуёшда куйган, оёғини юрганда айлантириб босарди. Пешонаси туртиб чиққан, қорачиқлари чуқур тушган – қоп-қоронғу ўрани эслатарди. Юзига гулчечакнинг чандиқлари абадий муҳрланиб қолган. Унинг битта фазилати, эҳтимол, иллати бор — ўйчан одам.
У ўзини Дўлай деб таништирди. Қанча жоврамайин “ҳа” ёки “йўқ”, деган жавобни оламан. Бошқа маҳал мум тишлагандай ўтираверади.  Ҳақини талаб қилишга келганда эса, юзини сидириб ташларкан. Бир гал уколга кечикиб келгани учун ҳамширанинг устидан бош шифокорга шикоят қилди. Бошлиқ ҳамширанинг тарафини олгандай бўлганди, унга ҳам “ташланиб” қолди. Тап тортмасдан: “Ҳамманг пул гадосисанлар”, деди. Бошлиқ қизарди, қўллари титраб, тили калимага келмай қолди. Пиёладаги чойни ҳўплаб олгач, “Бу масканда порахўрлик бўлганини қачон кўрдингиз ёки сиздан биронтаси пул талаб қилдими?”, деди. Дўлай: “Ҳамширанинг сабабсиз кечикиши пул таъма қилишдан бошқа нарса эмас”, деб бақирди. Ғала-ғовур анча чўзилди. Ахийри бошлиқ: “Боринг энди, бундан кейин ҳаммаси ўз вақтида бўлади”, деб қутилди.
Ходимлар бир ҳафтада хонадошимдан безор бўлишди. Ҳамширалар, яна раҳбарнинг жиғига тегмасин, деб хизматларини вақтида бажаришарди. Ҳамхонам эса ҳамшираларнинг жиғига тегаверар, уколдан олдин: “Шошманг, бу ўзи қаерники, сифати қандай?”, деб уларнинг асабини ўйнарди.
Кечки сайрларнинг бирида ундан: “Табиатингиз нега бунақа оғир?”, деб сўрадим. У кифтини қисиб қўйди. “Бунинг боиси бордир, ахир?”, қайта сўрадим. Ўриндиққа чўкканимизда, у ўтмишидан гап очди.
“Ўн тўққиз ёшда эдим. Чўпон бўлганимиз учун кунимиз ўтовда ўтарди. Бу воқеа баҳорда рўй берди. Отам янги туғилган қўзичоқларни тўнининг этагига солиб, қўтонга жўнади. Сурув бошида мен билан укам қолдик.  Укам менга қараганда қорувли, абжир эди. Чўпонликни ҳам жуда эпларди.
Курашга овуниб, қўйлар зов бўйига кетиб қолганини пайқамабмиз. Укам қўйларнинг изидан чопди. Мен от абзалининг устига ётиб олиб, укамни қандай усул билан йиқитишни хомчўт қилардим. Укам Элўғли ҳалол, қитмирликни билмай олишарди. Чалиб йиқитишни ёқтирмасди, кўпроқ оширма усулини қўллаб, одамлардан: “Ўҳ, буни қара-я, Алпомиш бўп кет-э!”, деган олқишни эшитишни яхши кўрарди… “ Демак, уни чалиб йиқитаман!” Миямга “ярқ” этиб келган бу фикрдан қувониб кетдим.
Укам қайтавермагач, бўйнимни чўзиб, зов томонга қарадим, қўйлардан бошқа ҳеч нарсани кўрмадим. Ҳавотирланиб зов бошига бордим. Қарасам, жар тубида укам билан бир қўй қонга беланиб ётарди…
Ҳаммаси шундан бошланди. Отам бу фожеали тасодифни тушуниб етди-ю, онам эса мени қарғайверди. Унинг назарида укам мен туфайли зовга қулаганди. Ўзимни оқлашга қанча уринмайин бефойда эди. Кўзимни кўр, қулоғимни кар қилиб яшайвергим ҳам келди. Аммо онам мени кўрса, укамни эслаб эзиларди. Охири, уйдан бош олиб кетишга қарор қилдим. Икки йил дарбадар юрдим. Бошимга кўп ташвишлар тушди. Безори, товламачи, муттаҳамларга шерик бўлдим. Улар хаёлларига келган аҳмоқгарчиликларни тап тортмасдан менда синаб кўришарди. Бир гал қип яланғоч қилиб дарахтга боғлаб қўйишди. Уч кун шу аҳволда қолдим. Тўртинчи куни ҳолдан тойиб, бошим осилиб қолган экан, иссиқ тош устига чалқанча ётқизишибди. Яна эрмакка керак бўлгандирман-да, оғзимга сув томизиб, ўлимдан олиб қолишибди… Бу кўргуликлар оқибати шу бўлдики, мен одамийликни тарк этдим. Кўнглимда бошқаларга нафрат уйғонди. Дарбадарликнинг иккинчи йилида волидам тушимга кираверди. Шунда билдимки, она учун боланинг ёмони бўлмас экан. Энди кечалари ароқ ичишни одат қилдим. Барибир фойдаси бўлмади. Уйга, онамнинг бағрига қайтганимдан кейингина бу ҳолга чек қўйилди.
Хуллас, икки йиллик дарбадарлик ичимда тузалмас бир ғайирликни пайдо қилган экан, одам иси ёқмайдиган бўлиб қолдим. Мудом укам мендан норизо бўлиб кетган бўлса-чи, деган фикр тинчлик бермасди.
Чиндан ҳам унинг ўлимига ёлғиз мен сабабчи эдим. Ўша от абзали устида ётганимда хаёлан уни енгишга ҳаракат қилдим. Лекин ўшанда шунчаки кураш тушиб эмас, балки уни бутунлай йиққан ­ маҳв этган эканман.
Ишонаверинг, йўлиққан фалокатга менинг ўйим сабабчи. Ахир, кураш билан ҳаётнинг нима фарқи бор? Ҳаётнинг ўзи кураш-ку. Мен гуноҳкорман. Онамнинг қарғашлари, имонсизларнинг ситамлари, шубҳасиз, ўринли. Бу ­ менга берилган жазо”.
“Ахир, бу тасодифдан рўй берган фалокат-ку”, дедим.
“Йўқ, бу пухта ўйланган жиноят. Жамики воқеалар ибтидоси, аввало, инсоннинг онггида рўй беради. Киши дилида ниманики астойдил истаса, шу бўлади. Менинг айбим ­ рақибим укам эканлигини унутиб, ғирром усул билан уни енгишга ҳаракат қилганим”.
“Барибир фикрларингиз чигал. Сира тушуна олмаяпман. Укангизнинг ўлимида бевосита иштирок этмагансиз-ку. Қолаверса, қисматингизга бунинг нима дахли бор?”.
“Буни ҳис қилиш керак. Ўша куфрона хаёл ортидан мен ахлоқимни бузишга ҳаракат қилдим. Ажабланманг, буни ўзим хоҳладим. Ҳеч нарса кўрмагандай яшашни ўзимга эп кўрмадим. Қачондир жавоб беришимни биламан-ку. “Тавба-тазарру қилсангиз бўлмайдими?”, дейишингиз мумкин. Мен ўзимни алдаёлмайман. Одамлар ўзлари қилган ёмонликларига яраша жавоб қайтиб келмасин, деб тавба қилишади. Уларнинг дилида шундай қўрқув бор. Гуноҳкор одам гуноҳи баравар изтироб чекиши керак. Балки, шунда гуноҳи ювилар. Ҳа, биродор, ҳар бир амалнинг жавоби бор. Жумладан, менинг жинояткорона ўйимнинг ҳам”.
У бошқа гапирмади. Сайрдан қайтиб келдик-да, кароватга чўзилдик. Туни билан унинг гапларини ўйладим. Албатта, уни тушуниш қийин. Кўзим илинибди. Эрталаб турсам шеригим ўринда йўқ. Қоғозга: “Мен ёмон бўлсам, бунга сиз айбдор эмас”, деб ёзиб кетибди.