Азонда Дунётепани сел ютди. Тўпалангдарё аввал-бошдан шўх эди, лекин бунчалик ҳаддидан ошмаганди. Сув терак бўйи кўтарилиб пишқирди, гумбурлади ва қабатидаги тепани ютиб кетди. Одамлар ашқол-дашқолини елкалаб, илла, қочиб-қутулди. Бир нечови оқибам кетди…
Жала тонгда тинди. Қарашса, улкан тепалик ўрнида қип-қизил бўтана қайнаяпти. Одамларнинг юраги ачишди, эти увишди. Хотин-халаж дод солди. Шунда Бўри оқсоқол тепадошларига:
— Қий-чув қиманглар, биродорлар, фалакнинг ишига шак йўқ, — деди. — Азалдан шундай: бошга тушганни кўз кўради. Ҳали Дунётепаданам баланд тепада яшаймиз. У ерларга Тўполангнинг қулочи етмайди. Дунётепа абадий гуркирайди. Дунёнинг энг зўр тепаси бўлади. Мениям айтди, дейсизлар.
Оқсоқолники бир таскин. У яхши билади: ҳали кўнглида армонлар тўнглайди. Эндиги Дунётепаси осмон баробар бўлмайдими, барибир, сел урган қишлоғини қумсайверади. Асов бўлса-да, Тўполангниям соғинади. Ана шу дамларда бобоси айтмиш ҳикмат ёдига тушади: “Мардумни ватанидан айирмасин! Одам тупроғидан ажрадими, тамом, юраги куйиб адо бўлади”. Бўрибой шуни ўйлайди-ю, тин олади. Булутли осмонга қараб тўлиқади, холисроққа бориб ёриладики:
— Уккағарнинг Тўполанги, дарё бўлсанг тек оқ-да! Шўримизни қуритдинг-ку! Сен ўзи тентак дарёсан!.
Дунётепаликлар уч кун тугал йўл босиб, дарё сувини ичганмасми, боз яна Қизилсув дарёси бўйидаги баланд дарага қўнди. Қизилсувнинг шашти паст, ёйилиб оқади. Ўнг бетида қадим Чағониён қалъасининг харобаси — Оқмозортепа, ундан нарида Заҳартепа, Кулолтепа, Қисиртепа бор, сўнг бепоён яйлов. Унинг ортида Сурхони азим олтиндай товланади.
Дарёнинг сўл тарафи улкан дара. Унда кўкламги майса денгиздай тўлғанади. Буни кўриб, Бўрибойнинг гуппилиги тутди. Қулочини кенг йириб:
— Мана, биздинг янги юрт. Жодраб-жодраб, дунёнинг ярмини эгаллаб яшанглар, — деди хушнудлик билан тепадошларига. — Кўрганларинг тўй, еганларинг ош бўлсин, бовурларим. Бугундан бу даранинг оти — Дунётепа. Шу ерда ковулдай томир ёзинглар.
Овулдошларнинг юзига қон югурди. Айни дамда ватанга бўлган меҳр ийди, андак кўнгли бўшроқлари кўзёш қилди. Оқсоқол қиблага юзланиб тағин жўшиб айтдики, бир-бировингга эл, яхши-ёмон кунларда эш бўлинглар, ғайирлик нелигини билманглар, азизларим. Ҳаргиз яхшилик қилинглар. Яхшиликнинг умри боқий. Дунётепамиз дунё тургунча турсин, гуллаб-яшнасин, дея дуога қўл очувдиямки, Дўса кайпангнинг ўртанчаси Эшмўмин шоирнинг гажирлиги тутди-ку, ҳов, Бўри бува, шу Дунётепадан бошқа от қуриб қолдими? Ана, Париж, Римга ўхшаш отни қўйсак-чи? Дунётепаси нимаси? Ахир, у энди йўқ, ному нишони билан сел ютиб кетди, дея оғиз йиртди.
Оқсоқол довдиради. Одамлар дам-тек, деди. Лекин шоир гапга кўнмади. Пойинтар-сойинтар гапираверди. Ватан шаъни билан ўйнашиб бўладими? Оламон Эшмўминни калтаклаб, сафидан қувиб чиқарди. Ҳамманинг ғазаби қайнади. Бир Дўса кайпанг чидаб туролмади. Ота-да, гапга етар одамларга ўдағайлаб, бир оғиз гапга шунчама-а? Қутурган итдай қопасан, ҳамманг. Дунётепанинг бошига Тўполанг етди. Гапинг бўлса, ана, дарёга бориб айт! Боламда нима айб?
Эшмўмин маломатга қолди. Эсариям, бесариям ёвқараш қилиб юрди. Тўй-маъракага айтмай, яккалаб қўйди. Элнинг қилиғи шоирга ёмон ботди. Узлатга чекиниб, ич-этини еди. Охири чидолмай, тепадошларини лаънатлай-лаънатлай, Заркентга кетди…
* * *
Одамлар тошдан уй, пахсадан молхона солди. Ҳар уй ораси товуш етар узоқликда. Қўшнилар бир-бировини имласа кўрди, ҳорманг-саломат қилди. Шу зайл янги Дунётепа қишлоғи бино бўлди.
Кеч кузакдаги тўйга теваракдаги овуллар ёппа хабар қилинди. Бири қўй, бири эчки етаклаб келди. Тўй баҳона кўришиб-танишиб, бовурлашдилар. Бўрибой меҳмонларга эли ҳақида гапирди. Тоқчининг қатағон уруғимиз, мард, танти, тупори дунётепаликлармиз, деди.
Шунда писмиқроқ бир меҳмон:
— Оқсоқол, бу теп-текис дара бўлса, нимаси Дунётепа?, — дея иршайди.
Писмиқнинг луқмаси оқсоқолга ёқмади. Унга ҳумрайиб қаради-да, томоғини қирди ва дунётепаликлар афсонани айтиб берди:
— Дунётепа — ота юртимиз. Бир замонлар Тошбўри бобом Ҳисорга чиқиб қишлоғимизга қараса, худди дунёдай кенг бўлиб кўринибди. Шунгача бир ғариб тепа экан. Кела солиб элдошларига маслаҳат соптики, қишлоғимизни бугундан Дунётепа деб атасак. Бобойлар маъқуллабди. Қурғур, кўкси баланд тепа эди. Оёғи остидаги Тўполангни кўрдим демасди. Охири шу дарё ювди-кетди.
Аслида афсонанинг тафсилоти сал бошқача кечган. Яъники, саодатманд Тошбўри чол чўбир отида икки кунлик йўл босиб, қиру адирлардан ўтиб, осмон тоқига бўйлашган Ҳисорга етади. Тоғмисан, тоғ. Гўё ҳаёт уммонининг қирғоғи. Орти йўқлик эмиш. Секин ортига бурилиб қараса, Дунётепаси шундай рўпарасида, савлат тўкиб турганмиш. Суюниб йўлдошларига айтибдики, и-я, Дунётепани қаранг-а, Ҳисор билан бўйлашаман, дейди. У билмасдики, қишлоғигача беҳисоб адирлару қирлар нисор ётибди, бунинг устига уларнинг бари бир тусда. Шунданми, тоғ қабатидаги тепани, мана бизнинг қишлоқ, деб атайди. Тепанинг дунёдай кенглиги ана шундан.
* * *
Эшмўмин ўспирин эди. Бир кўзи кўр эшшакни миниб мактабга қатнар, мук тушиб китоб ўқийди. Бир неча гал мункиган эшшакдан думалаб, қўлини синдирган. Аммо у аҳволига парво қилмайди. Жизғанак сўқмоқ оралаб лиқиллаганча кетаверади. Уйга келгач, тапчанга чузилиб, шеър битади, энасининг кўзи тушади, сўнг у ҳар кунги жоврашини қилади:
— Шуям касбба, йигитнинг ишини қилсанг-чи?! Ана, от мин, улоқ чоп.
Шоир безиллаб қолган. Секин уйдан сирғалиб чиқади-да, тўғри Олтинпетага ўрлайди ва қош қорайгунча ўқийди. Бўрибой буни кўриб, қувонади:
— Шу уккағарнинг боласидан бир нима чиқади-ёв. Нуқул Олтинтепада ўқийди. Олтинтепада хислат кўп, болам, ғайрат қип ўқи, кам бўмийсан!.
Оқсоқолга шоир боланинг айни шу тепада китоб ўқигани ёқади. Олтинтепани оқсоқол кашф этган-да. Бир кўкламда қовоқ экаётиб хумча топиб олади. Қараса, ичи тўла танга. Кўкиш, қизғиш тангалар. У шоша-пиша танганинг бировини тишлаб кўради, из қолади. Қуёшга тутиб қарайди — ялтиллайди. Шунда Бўрибой мард кетади. “Бу Дунётепанинг бойлиги”, дейди ва қишлоқдошларига биттадан улашади. Шундан кейин тепа Олтинтепа номини олади.
Шоир поездда кетаётиб шуларни ўйлайди ва хўрсинади.
— Эй, Олтинтепанггаям сенинг… Қаерга қарама, тепа — Фалончитепа, Писмадончитепа. Тепасиз қишлоқ йўқ бизда, — дейди у. — Агар ойнадай яланглик бўлса, унгаям от топилади: Ялангтепа.
* * *
Оқсоқол босинқи тушлар кўрди. Тушида отаси койиди. Аввалига буни ҳеч кимга айтмади. Боз кўравергач, аёлига ёрилди:
— Кампир, — деди ўсмоқчилаб. — қарияпмизми-а?
Момо парво қилмади. Сабаби чолининг феъли маълум. Бир қарасанг қарияпман, бир қарасанг яна бировига уйлансам-чи, дейди. Хуллас, айланади-ўргилади, кампирининг жиғига тегади.
— Беҳазил, момоси. Уйқу бети кўрмаяпман.
— Шундай бўлса, пашикасталарни камроқ ўйланг-да! Яхши ухлайсиз.
Оқсоқолнинг жаҳли чиқди.
— Уккағарнинг кампири, — деди овозини баландлатиб. — бослиғаяпман, уқдингми, бослиғаяпман. Тушимга отам кираяпти. Оқибатсиз улини койияпти. Сен бўлса пашикаста, дейсан.
Кампир сергак тортди.
— Қаердан билай, эски жиртакилигингизми, депман-да. Бундай экан, ирим-сиримини қилиш керак.
— Эй, ирими нимаси?! Кўнгил отаюртни тусаяпти. Дунётепа кўзимдан нарига кетмаяпти.
Оқсоқолнинг ичи тор келди. Кўринганга Ватандан гап очди. Охири уларниям илҳақ қилдики, болали хотинга ўхшаб улар-да кўнгли алағда бўлиб қолди. Бир Холлазибойгина хо-хо-лаб кулди:
— Бу дейман, ҳар туш кўрганингизда Тўполангга бориб-келарканмиз-да, а, оқсоқол?!, — дея пичинг қилди.
— Сен буни тушунолмайсан, — деди Бўрибойнинг ғазаби тошиб. — Икки дунёдаям тушунмайсан. Сенга қўшга қўшилган хўкиздай ҳорсиллаб юриш бўлса, бас. Бу хил гаплар сенга хайф.
Аммо қаватидаги Дўса кайпанг шўрқиллаб юборди. Ватандан айиргандан кўра, жондан айирсанг бўлмасмиди, дея ўкинди. Тақдирнинг изми қўлимда эмас, йўқса, ҳозир бораманда Тўпалангга ўзимни ташлардим. Дунётепа не бўлса, мен ҳам шуман. Афсус, бунга ҳаётнинг ўзи йўл қўймайди.
Оқсоқол сал кейин билдики, бари кексанинг кўкси доғ, Ватаннинг бир чимдим меҳрига зор экан. Шу кеча тўлғанди, тўшак қаътидан чаёнлар чаққандай бўлди, азобга чидолмай ҳовлига отилиб чиқди. Оппоқ тун. Осмонда баркашдай ой ёғду сочди. Итлар чўзиб-чўзиб ҳурди, гаранда-гурандалар тинмай чириллади. Оқсоқол оқариб турган Олтинтепага қандай чиққанини билмай қолди. Чук тушди, айни чоғда Дунётепани баттар соғинди. Кўнгли бузилди, тўлиқди, ўкраб-ўкраб йиғлади. Ғимирлаган жонзотнинг бари жўровоз бўлди. Туннинг, юлдузларнинг ранги унуқди, шунда оқсоқолнинг қулоғи чиппа битди, гўё, дунё фарёдга тўлди, соғинч фарёдига.
* * *
Поезд Заркентга азонда етди. Катта шаҳарни кўриб шоирнинг оғзи очилди. Ҳаммаёқ ялтиллайди. Одамлари оқ тўш, оқ бадан — мармардай товланади. Сўнг ўзига боқди: кенг-мўл кийими, тўр босган юзи-ю қадоқ қўллари… рости уялди. Бошини эгиброқ юрди. Отаси айтган кампирнинг уйини топди.
— Вей, Дўсанинг боласимисан, яхши келдингми, ўғлим, отанг, онанг, жагирларинг яхшими — дея хурсанд кутиб олди кампир.
— Раҳмат, бари омон, — деди Эшмўмин тортиниб. — ўқимоқчиман, катта шоир бўлмасдан қишлоққа қайтмийман.
— Илм олиш — саодат, болам. Ўқи! Ўқиган — ўзади. Қалай, Дунётепаликлар, тепадошларинг? Отни қаранг, қандай ажойиб!
— Саломат. Сизни сўрашди, салом айт, дейишди.
— Бўри-чи?
— Зўр.
Шоир гап орасида Дунётепани сел уриб кетганини айтди. Кампирнинг ранги бўздай оқарди, қалтираб, гапини йўқотди. Эшмўмин уни тинчитиш учун: “Ҳамма соғу саломат, бошқа дарага кўчиб, уй-жой ҳам қуриб олдик”, деди. Барибир, беканинг кўнгли таскин топмади, Дунётепага кўп ачиниб юрди.
Кампир — тарихчи олима. Анчайин қадимий жойларни кезган. Тўполангдарё тарихини ўрганиш учун Дунётепада ойлаб яшаган. Сўнг дунётепаликлар ва оқсоқол ҳақида “Дунётепа виждони”, деган эссе ёзган. Унга бу қишлоқнинг дангал, тўпори одамлари ёқади. Шу боис ҳозиргача йўқлайди.
…Эшмўмин ўқишга киролмади. Кўнгли чўкиб, ҳафсаласи пир бўлди. Уни кўриб, беканинг ичи ачиди. Эшмўминни бесар йўлга кирмасин дедими, ҳарҳолда, яхшилик умидида ўзининг қадрдони ва қурувчилар журналининг редакторига айтдики, сал тўпори, аммо яхши гапириб ишлатса бўлади, деди. Редактор беканинг ҳурматига шоирни ҳафта ўтиб ишга олди.
Айтганча, “Аср бунёдкорлари” журнали Заркент зилзиласидан кейин чиқа бошлаган. Редактор Оқилбой Тўрабоев қурувчи-журналист. Кундузи уй қуради, кечаси газета чиқаради. У суруб бир гапни айтади: журналист кўрган-билганини ёзгани маъқул-да, руҳ бўлади.
Эшмўмин замона қурувчиларини кашф эта бошлади. Бека уни журналда ўқиб хурсанд бўлар, баъзи йўл-йўриқлар кўрсатади.
Кеч кузакда, сокин кунларнинг бирида кампирнинг тоби қочди. Шаҳарнинг четида яшайдиган, инжиқ эрининг измидан бир қадам ҳам чиқолмайдиган қизи келиб онасининг иссиқ-совуғидан хабар олиб турди. Лекин дард чипқондай ёпишди. Кампирнинг бутун танаси зирқираб оғриди. Шифохонага элтди — дарднинг учи йўқ. Шифокорлар ожиз, нима қиларини билмади. Ниҳоят уйига қайтарди.
Кампир узоқ яшамади. Тезда нон, сувдан қолиб, қизи билан Эшмўмининг кўз ўнгида ёруғ дунёни тарк этди.
* * *
Оқсоқол дунёни Боботоғдан Бойсунтоққача, деб билади. Болалигида отаси Боботоққа кўпкарига олиб борган. Кунчиқар томон адоқсиз ўркач, устини қалин туман қоплаб ётади. Меҳмон бола жуда ҳайратланди шунда. Ёнидаги мезбон болани туртиб сўрадики, бу товларнинг нарёғида нима бор? Боботоғлик илжайди, эй, жўра, деди, бу тоғларнинг ортида қуёшнинг уйи бор. Бўри чиппа-чип ишонди: “Демак, Боботоғ — дунёнинг боши эканда. Хўш, охири қаерда?”. Мезбондан яна сўрашга ийманди, уйга қайтаётиб, отасини қисталанг қилдики:
— Ота, дунёнинг охири қаерда?
Ота жилмайди. “Бола-да, ҳар нарсага қизиқади”, деб кўнглидан ўтказди. Сўнг содда қилиб деди:
— Кунботар томонда, болам!
Бўри ўйлади: “Кун Бойсунтоққа ботади, демак, Бойсунтоғ — дунёнинг охири”.
Қаранг-а, бу гурунггаям ярим асрдан ошибди. Бўрибой олтмишни қоралади-ю, ҳамон дунёнинг охирини кўришни истайди. Шундай орзуманд тонгларнинг бирида, шартта отини эгарлади-ю, Бойсунтоққа жўнади. Йўл юрсаям мўл юрди. Охири дунёнинг туби бўлмиш Бойсунтоққа етди. Осмон тоқига туташган чўққига чиқиб қарасаки, тоғнинг ортида шафақ нурига чўлғанган бепоён ўлкалар ястаниб ётибди. “Дунёнинг туби йўқ экан-да, а?!” — ўкинди Бўрибой. Сўнг:
— Йўқ, дунёнинг туби Бойсунтоғ, — деди ўжарлик билан. Гўё рўёга айланган ишончини хаспўшлади.
Сафардан қайтди-да, кўринган одамга айтиб юрди:
— Биродорлар, шу десанглар, бутун дунёни кўрдим. Машриқдан то мағрибгача. Кўрдимки, дунёнинг киндиги Дунётепа экан. Қуёш худди Дунётепа устида қиёмга келаркан.
* * *
Кампир дорулбақога рихлат қилдию, Эшмўминнинг иссиқ ўрнига дарз кетди. Инжиқ куёв келди-да, уни уйдан қувиб солди. У кампирникидан ғазабнок чиқиб кетди.
Шоир бошпана тополмай кўп сарсон бўлди. Бунинг устига шоирнинг ишида маза йўқ. Редакторнинг туси бирданига ўзгариб қолди. Ой якунидаги йиғилишда айтдики, бир марта туз тотган уйга қирқ марта салом бериш — қарз, йўқса, нонкўрлик бўлади. Редактори тушмагур илмоқли гапга уста эди. Гапни ўринбосарига қарата айтди-ю, нишини шоирга санчди.
Янги уйларнинг олди битди. Бир уйларки, метиндай мустаҳкам, сервиқор ва сержило. Катта Қурувчи даҳама-даҳама кезди. Бир-биридан хушқад, хушсуврат уйларга синчиклаб қаради, кайфи чоғланди, шунда димоғини қитиқлаб бир гап келдики, бу уйларда бахтли одамлар яшайди.
“Аср қурувчилари” қўлма-қўл ўқилди. Барча “бахтли одамлар”нинг қўлларига етиб, уйларнинг тўрига илиб қўйилди. Бу бир таскин эдики, шипга тақалган бир энлик газет кишиларнинг бахтли эканликларини мудом эслатиб турди.
Шундай сурурли кунларда, Қамишзор маҳалласидаги уйларнинг бири лат еди. Балчиқзор устига тупроқ тортиб қурулмаганми, иморатнинг бир ёни чўкдию қиёмат қўпди. Кўрпани бунда-ай кўтариб қарашса, кимсан, қаҳрамон қурувчи Қўйбоқаров бунёд қилган уй. Шўри қуриди унинг. Қўли теккан иморат борки, бебурдга чиқди. Газетлар уни роса савалади. Шунда кўпчиликнинг кўнглидан бир ўй ўтди: теккина сурувни ҳайдаб юрган беҳроқмасми, ўртоқ Қўйбоқаров, бу нима кун?!
Эшмўминни айтмайсизми, бултур Қўйбоқаров ҳақида очерка ёзгани бошига бало бўлди. Редактор шоирнинг мақоласи босилган сонни олиб аямай қизилга бўяди. Жўпкарчилар гирди-капалак, редакторга қутқу солади, алланарсаларни шивирлайди, нақ шайтони-лаъин. Редактор уларга боқиб сўлқиллаган қовоғини уяди, қалин қошларини чимиради, сўнг бироз тин олганча кўрсатгич бармоғини осмонга нуқуб:
— Даҳшат, — дейди у. — даҳшатки, Дўсаев обеъктни чуқур ўрганмасдан ёзган ва кечириб бўлмас хато қилган. Иморатнинг нурашида униям ҳиссаси бор.
Эшмўмин кўчада қолди. Оч-наҳор юра-юра бир косибга шогирд тушди. Косиб инсофнинг кўчасидан ўтмаган. Шоирга кунига арзимас чақа берар, устахонада ётиб-тургани учун ярмини чегириб қолади. Эшмўмин тоза хўрланди. Шу кезларда беминнат ва меҳрибон қишлоғи тушларига кириб чиқди. Аён қилдики, оқсоқол ва қишлоқдошлари уни аллақачон кечириб юборган. Ҳатто, унинг иссиқ-совуғидан-да ҳавотирда. Эшмўмин тонггача йиғлади.
Кунларнинг бирида косиб гап топиб келдики, Қизилсув дарёси қутуриб узанидаги қишлоқларни ювиб кетибди. Эшмўминнинг бадани титраб, оёғидан мажол кетди. Кўзолди тиниб, йиқилганини билмади.
Косиб инсофга келиб, шоирни ўз ҳисобидан қишлоғига жўнатди…
* * *
… Эшмўмин қишлоққа тунда етди. Қизилсувнинг важоҳати ҳамон тинмаган. Қирғоғини ўпириб, қаватидаги Олтинтепага ҳамла қилиб турибди. У тепага ўрлади. Тиззасини қучоқлаб ўтирди. Хаёлини болалиги — сирли хотиралар банд этди. Ирғишлаб қўзи қувганлари-ю, тиркалиб минаман деганлари… Минарди ҳам. Энаси кўриб: “Жувонмарг, гўштини ҳаром қиласан, у сенга эшакмиди”, деб койирди. Эшмўмин бесар эди, гапни қулоққа илмасди. Охири оёғини қонатиб оларди. Онасининг юраги ачишиб, ярага бир сиқим тупроқ сепарди. Аввалига яра гувиллаб оғрир, кейин лўқиллай-лўқиллай яхши бўлиб кетарди. Эшакдан йиқилиб, тирсаги шилинганида ҳатто, ичи, боши оғриганида ҳам тупроқни қизитиб босарди. “Ватаннинг тупроғи — ҳамма дардга даво”, дерди у. “Эҳ, олтин болалигим, азиз Дунётепам, сендан улуғ бешик йўқ экан дунёда. Саодатнинг, муроднинг бари сенда экан. Фақат менгина буни англаб етмабман”.
Унинг ўпкаси тўлди. Қорачиғини чўғдай куйдириб ёш қалқди. Юзига оқди, қўлларига, тупроққа томиб, сингиб кетди…