Телефон жиринглади. Гўшакдан аёл кишининг ниҳоятда ёқимли, мулойим ва ийманиш оҳангидаги овози эшитилди. Билсам, у бизнинг соҳамизга унчалик тегишли бўлмаган масала юзасидан қўнғироққилибди. Чекка вилоятдан эканлиги, кимга мурожаат қилишни билмаганлигини айтиб, иложи бўлса ёрдам беришимизни сўради. Телефон орқали ҳал қилса ҳам бўладиган иш экан. Йўқ деёлмадим.
Орадан икки кун ўтиб, у яна қўнғироққилди. Мушкули ҳал бўлганини эшитиб қувонди. Қайта-қайта раҳмат айтди. У ниҳоятда хурсанд эди. Хайрлашаётиб менга қўнғироққилиб туришига изн сўради. Яна йўқ дея олмадим.
Ҳафта-ўн кун ўтиб, телефон гўшагидан яна ўша овозни эшитдим. Ёқимли, йўқ, бу сўз тўғри келмайди… Жозибадор, йўқ, бу сўз ҳам бўлмайди. Сеҳрли десам тўғри бўлар. Ҳа, айнан сирли-сеҳрли овоз эди у. Оҳанрабо эди, мафтункор эди… Саломлашишидан танидим. Яна ийманганнамо сўзлади. Безовта қилгани учун қайта-қайта узр сўради. Арзимаган хизматимни эслатиб, яна миннатдорчилик билдирди. Шу тахлит ҳол-аҳволлашган бўлдик. Кўпроқ у сўзлади, мен тингладим. Энди бу суҳбат унутилмади. Иш билан ўзимни банд қилдим, у овоз қулоғимда турди. Уйда хўжалик ишлари билан чалғидим, у овоз хаёлимни тарк этмади. Хуллас, бошқача одам бўлиб қолдим. Хаёлим паришон. Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас, дейман. Оилам бор, фарзандларим бор, худога шукур. Лекин ўша овознинг сеҳридан қутулолмасдим. Телефон жирингласа юрагим ҳаприқадиган бўлди. У овоздан эса дарак бўлмади. Ўзим қўнғироққилай десам, сабаб йўқ, баҳона йўқ. Ғурур бор, андиша бор…
Нима бўляпти дейман. Ўзимга ўзим савол бераман. Беш-олти кун шундай кечди. Ниҳоят сеҳрли овоз қулоғимдан узоқлашгандай бўлди. Хотиржам бўла бошладим. Телефон қўнғироқларини ҳар доимгидай, ҳаяжонсиз қабул қиладиган бўлдим. Яхши бўлди дедим ўзимча. Агар яна қўнғироққилгудай бўлса, гапни қисқа қиламан, совуқ гаплашаман…
Орадан икки ҳафта ўтиб, яна ўша овозни эшитдим. Бу гал ҳам ихтиёрим ўзимда бўлмади. Овоз сеҳрига берилдим. У энди бир қадар эркин сўзлар, гўёки мен билан суҳбатлашишдан завқ олар эди. Ҳатто қўнғироққилишимни кутганини айтиб, гина ҳам қилиб ўтди. Суҳбатимиз анчайин “жонли” бўлди. Сирли овоз оҳангида мунгли нолани илғагандай бўлдим. Меҳрга ташна қалбнинг изтиробларини ҳис қилдим. Инсон учун энг аянчли қисмат — ёлғизликнинг фожеий сувратини кўргандай бўлдим бу овозда.
Уч кун ўтди. Вақт эмаклаб юрди. Вақт судралиб юрди. Вақт тўхтаб қолди уч кун ичида… Айниқса, “овозингиз бошқача, энди ҳатто нафасингиздан сизни танийман” деган гапи эс-ҳушимни ўғирлади. Ўзимни ҳар қанча чалғитмай, сеҳрли овоз асирига айланган эдим. Учинчи кун ўзим қўнғироққилдим. Уни нафасидан танидим. Энтикиб кетдим, юрагим яна ҳаприқди. Сездим, у ҳам севинди. Очилиб-очилиб сўзлади. Севиниб-севиниб сўзлади. Сеҳрли овоз оҳангидан шодликка айланган ғаму андуҳни беркитмоқчи бўлган қувонч жилваларини туйдим. Билдим, суҳбат тугаши билан жилва-да сўнади. Яна армон, яна ҳижрон, яна ғам… Наилож… Тақдир…
Ростакамига у ҳақда ўйлай бошладим. Унинг овозисиз кунлар файзсиз бўлди. Унинг овозисиз тунлар бедор ўтди. Унинг сиймосини тасаввуримда чиздим. Нақадар гўзал чеҳра. Нақадар мафтункор…
Ишқ-муҳаббат деган туйғуга асир бўлмай яшаб келдим. Ҳавас қилса арзигулик оилам бор. Гулдай фарзандларнинг отасиман. Наҳот бу ғойибона ишқ бўлса?! Ё жодумикин? Агар бу ишқ бўлса, ишқнинг борлигига имон келтирдим. Агар бу жоду бўлса, жодунинг борлигини-да эътироф этдим. Ҳар ҳолда сеҳрли овознинг домига илинган эдим. Бора-бора ҳар куни сўзлашадиган бўлдик.
Шу зайлда кунлар кетидан кунлар ўтди. Ойлар кетидан ойлар ўтди. Кўришмадик. Кўришишни-да хоҳламадик. Бир-биримизнинг тасаввуримизда, қалбимизда яшайлик, дедик. Кўришгудек бўлсак, тасаввурларимиз алдамчи бўлиб қоладигандек эди. Сим орқали суҳбатимиздан завқландик.
Бирда у кутилмаган гапни айтиб қолди. Эмишки, у оғир хасталикка чалинган экан. Дўхтирлардан нажот бўлмабди. Тушкунликка тушибди, қайғуга берилибди. Ҳаётдан умиди сўнибди. Ёлғиз ўғлини ўйлабди. Отасиз ўсаётган жигарбандини ўзидан-да айро тасаввур қилиб, юрак-бағри эзилибди. Шундай кунларнинг бирида мен билан телефонда сўзлашиб қолибди. Энг қизиғи шундаки, мен билан сўзлашган дастлабки кунларданоқҳеч қандай дори-дармонсиз, муолажасиз соғая бошлабди. Мана, бир йилдирки, бутунлай тузалиб кетибди. Онаси ҳам, ишхонадагилари ҳам ҳайрон эмиш. Мен ҳам ҳайрон бўлдим. “Сиз менинг табибимсиз. Гўзал ҳаётга қайтарган нажоткоримсиз”, деди. Лекин мен айта олмадим: қалбим соппа-соғ эди, уни яраладингиз, бир йилдирки, сеҳрли овозга, ғойибона сиймога мубтало қилдингиз, деб. Нажоткоримсиз деган сўзи қалбимни ўртаб юборди. Ҳақиқий нажоткор ҳис қилдим ўзимни. Тўлқинланиб кетдим. Қалбимдаги бор ширин туйғуларни унга бахшида этдим.
Бир куни ишхонанинг топшириғи билан улар яшайдиган ҳудудга бордим. Тасаввуримдаги сиймони кўриш, сеҳрли овозни симсиз эшитиш иштиёқи туғилди. Ёзнинг авж палласи, кун иссиқ. Унинг ишхонаси қаршисида турар эканман, ҳаяжон босди. Гапни нимадан бошлашим кераклиги ҳақида обдон ўйладим. Миямга жўяли фикр келмади. Пешонамни тер босди. Шу атрофдаги чойхона олдидаги кранда юз-қўлимни ювдим. Муздай газли сув ичдим. Айтмоқчи бўлган гапларимни ичимда такрорлаганча ишхонага кириб бордим… Афсус, тақдир бизни учраштирмади. У тоғли қишлоқлардан бирида яшовчи онасиникига кетибди. Бозор ўтиб келармиш.
Бозор ўтиб, эрталабдан сеҳрли овоз яна ўзининг сеҳрига олди мени. Борганимни айтишибди. Мен тондим. Хабарим йўқ, дедим. Қизлар танишибди. Шаҳарлик эмишман, юзим оппоқ эмиш. Яна, унинг исмини айтаётганимда овозим титраб чиққан эмиш. Қизлар роса мақташибди, келишган йигит эмишман…
Бошқа важ топа олмадим. Сизни кўргани борувдим, атайин кетиб қолибсиз, деб гина қилган бўлдим. У эса, йўлингиз тушиб боргансиз, йўқса аввалдан айтган бўлардингиз, деди. Бир-биримиздан бир оз ўпка-гина қилдик. Келишингизни билганимда ҳам кетиб қолган бўлар эдим, деди. Нега, дедим. Чунки тасаввурингиздагидай бўлмасам гаплашмай қўясиз, деди у. Мен ҳам фаришта эмасман, дедим.
Унингча ҳам, менимча ҳам учрашишимиз шарт эмас эди. Бир-биримизни сўзлаш баробаридаги нафасимиздан англар эдик. Ўртадаги симлар ҳам йўқдай эди гўё. У мен учун бир олам эди. Мен унинг учун бир олам бўлдим…
Лекин… Лекин бу икки олам учрашмай айрилишди. Қўнғироқ бўлди. Суюнчи беринг, турмушга чиқяпман, деди. Овозидан қувончдан кўра ўкинчми, ўтинчми… нимадир туйдим.
Қувонган бўлдим, қутлаган бўлдим. Овозимдан қувонч туйдими, ўкинчми… билмайман.
Кейин қўнғироқлар сийраклашди. Бунга ўзим ташаббус кўрсатдим, тийилдим. Бора-бора бутунлай… Хуллас, бир-биримизни кўниктириб, секин-секин, аста-аста узилишдик. Бир-биримизни асраб-авайлаб, эҳтиётлаб тақдирга таслим бўлдик. Аммо мен унутолмадим. У юрагимнинг туб-тубида, аллақаерида ўрнашиб қолди. Юрагимнинг ўша ери, ўша нуқтаси мудом ёришиб, нурланиб ва андаккина симиллаб туради. У ҳам балки унутолмагандир, унинг ҳам юрагининг бир нуқтасида… Ким билсин… Аммо муҳими бу эмас. Муҳими — унинг бу дунёда борлиги, ғамсиз, ташвишсиз, дардсиз яшаётгани ва яна ёлғиз эмаслиги…