Синфдошлар билан ўзимизча одат чиқардик, яъни ҳафтанинг ҳар шанбасида навбати билан бир-биримизникига бориб уй юмушларига қарашадиган бўлдик. Масалан, лой сувоқми, ғалла ўришми ёки ер ағдаришми, ишқилиб, овози дўриллаб қолган бир гала бўз болалар ҳашарчи деган ном чиқардик. Уйдагилар ўзларича қувонишиб, бизга алоҳида эътибор беришар ва алоҳида дастурхон тузашарди. Биз ҳам албатта бундан қувониб, ғурурланиб қўярдик. Кунларнинг бирида навбат Рустамга тегди ва у уйда ағдариладиган бир парча бедапояси борлигини айтди. Тўғриси, бизларни ишнинг оғир-енгилидан ҳам кўра унга биргалашиб боришимиз ҳамда ота-оналаримиздан ҳолироқ тарзда чақчақлашиб кун ўтказишимиз севинтирар эди. Хуллас, Рустам жўранинг уйига шомга яқин йиғилиб бордик. Ойнинг ёруғида ер ағдаришнинг ҳам гашти бор-да, ахир. Мезбон бўлмиш Рустам ўзини эркин тутганча бизларга ҳам иш кўрсатар, ҳам гап сотарди. У авваллари ҳам далли-ғулли эди асли. Бир пайт гап айланиб ҳаммамизга севимли, сеҳрли мавзуга — қизларга кўчди. Бунда ҳам Рустам устамонликни қўлдан бермасликка тиришарди.
— Ў, ростданми? Қандай қилиб кўндирдинг? Айтиб бер, ошна. Бармоғига қўлинг тегса сакраб кетади-ку, у? — дея гап ташлади Эшмат.
— Сенлар ҳамманг қуён юраксан. Қизларга гап отишниям билиш керак-да.
— Қандай қилиб кўндирдинг, жўра? Аввал исботла, сўнг ишонамиз сенга.
— Ишонмайсиларми, мана ҳозир кўрасилар,— деб қолса бўладими бир пайт Рустам.
Биз ҳам шу гапга маҳтал бўлиб турган эдик шекилли, белкуракларимизни дарҳол ерга қададик-да эндигина уфқдан кўтарилиб келаётган ой ёғдусида йўлга тушдик. Ширин қизнинг уйи унчалик узоқда эмас, қишлоқни кесиб ўтган катта йўлнинг четроғида, тутқатор тарафда эди. Кўча қоронғи экан, лекин бизга ҳар бир тошигача маълум бўлган ҳар кунлик йўлимиз ойдин кўринарди. Қолаверса, кўнглимиздаги беқарорлик ва пинҳон ниятимиз ҳам йўлни ёритарди гўё. Бизлар девор ортидаги йўлакдан пусибгина уйга яқинлашдик. Рустам эса кўкрак кериб, олдимизда ғоздай кетаётир. Биз деворга қапишганча туриб қолдик. Рустам шуъла тушиб турган деразага яқин борди. Қоронғуда фақат унинг шарпаси кўриниб турар, ўзи эса нималардир қилиб куймаланарди. Унинг нима деб пичирлаётганию ҳаракатлари бизга қоронғу эди. Орадан сал вақт ўтмай дарвоза ғичирлаб очилди ва нозик-ниҳол Ширин эмас, қўлида калтак тутган Қодир ака чиқиб келди. У Шириннинг отаси.
— Қани, қайсинг қизимни яхши кўрадиган? Бир башарангни кўриб қўяй-чи. Ҳе, отангнинг илигига сенларнинг, — дея Рустамга қараб юрди.
Биз жойимизда тошдек қотиб қолдик. Ҳатто нафас олишга ҳам қўрқардик. Бизнинг шоввоз Рустамжон эса бўйи баробар симтўсиқдан шундай эпчиллик билан сакрадики, ҳатто симтўсиқ силкиниб ҳам қўймади. Қодир ака сўкинганча ғудраниб уйига кириб кетди.
Биз худди душман пистирмасини ёриб ўтишга шайланган халоскорлардек, ҳовличадан эмаклабгина чиқдик. Ва ҳеч нарса кўрмагандек, ҳаллослаб келганча беэга қодирилган белкуракларни қўлга олдик.
— Ҳой, уйинг буғдойга тўлгурлар, қаерга кетиб қолдиларинг? Овқат совиб қолди-ку, — уй тарафдан Рустамнинг онасининг товуши келди. — Келиб бир пиёла чой ичиб олинглар, сўнг тугатасилар, тез келинглар.
Хола бизнинг ер ағдаришимиздан ҳам кўра, қорнимизни тўйдиришни кўпроқ ўйлаётгани гап авзойидан сезилиб турарди. Бир-биримизга қараганча тек қолдик. Овқатланишга борайлик десак, Рустам йўқ — сир очилиб қолади. Орамизда гавдали, гапга чечанроқ Авлоқул эди. У жонимизга ора кирди.
— Хола, озгина қолди. Тугатамизу борамиз.
Шу пайт ҳаллослаганча Рустам ҳам етиб келди. Болаларнинг гуррос кулгуси кўтарилди, гўё ҳовли яшнаб кетгандек бўлди.
— Ў-ў, сим тўсиқдан ёмон сакрадинг-ей. Роса боравериб машқини олган экансанда-а?
— Ҳолинг шу экан-ку, ошна. Айтдим-а сенга катта гапирма, деб,— мен ҳам гап қўшдим.
— Ўзларинг-чи, мен-ку уйигача бордим. Эртага пахтага борсин, кўрсатиб қўяман сенларга. — Рустам отдан тушса ҳам эгардан тушай демасди.
Эртаси куни тонгданоқ далага чиқдик. Тизилишиб эгатларга равона бўлдик. Рустамнинг кўзлари олазарак, унинг кимни ахтараётгани бизга маълум эди. Шу сабабдан кечаги ҳазилимиз ҳали тинмаганди. У эса қиёфаси жиддий, бизнинг гапларимизга эътибор қилмасди.
— Ҳа, саҳардан пахта тергиларинг келиб қолибдими, сенларнинг. Шошманглар, бироз пахтага шудринг тушибди, ҳали ҳўл. Сал кўтарилсин, — дея ёнимизга келди табелчимиз.
Аммо унинг гапига “Эрталаб терса, баракали бўлади” деб индамай териб кетавердик. Бир пайт Рустам фартугини пахтаси билан кўтарганча биздан анча илгарилаб кетган Ширин томонга юра бошлади. Биз эса томошани яқинроқдан кўриш умидида жон-жаҳдимиз билан пахта тера бошладик. Уларга яқинлашган сайин безовталаниб, айни пайтда товушимизни ҳам чиқармай жим борардик. Уларнинг шивир-шивирлари элас-элас эшитилаяпти.
— Ўртоқларимга ваъда берганман, ахир, — дерди Рустам шивирлаб.
— Йўқ-йўқ. Уят бўлади, кет, — деб шивирларди қиз ҳам.
— Шундай, қўлларингдан бир тутсам, бўлди. Ҳеч ким кўрмайди.
— Ҳозир эмас, кейин…
— Мени ўртоқларим олдида уялтирмоқчимисан, мени севасанми ўзи?
Бу пайт биз уларга яқинлашиб қолгандик. Ширин жим қолди ва қизариб кетди. Сўнгра фартугини елкасига олганча илдамлаб нари кета бошлади.
Биз барибир Рустамга тан бердик. У ваъдасини бажарган эди.