Юсуф Худойқул. Балоғат (ҳикоя)

Қиш кунлари бўлса-да, адирлар бағрида нишлаётган чечаклар кўнгилда орзиқиш уйғотади. Бу пайтлар Ҳисор кенгликларида табиат ўзгача жозиба касб этади. Мактабимиз унчалик муҳташам бўлмаса-да, аммо кенгликлардаги олд мактаблардан бири эди.
— Менга қара, ошна, сендан илтимос, менга битта шеър ёзиб бергин, йўқ дема. Биласан-ку, анави Гуллолани, жуда танноз-да. Ҳеч гапиролмаяпман, — деб қолди синфдошим Қобил.
— Эй қўйсанг-чи, бундай шеър ёзолмайман, била¬сан-ку!
— Мактабнинг шоири бўлсанг, икки қатор шеър ёзиш шунчалик қийин гапми?
Гуллола ажойиб қиз эди. Қобил айтганчалик танноз эмас. У сиз айтмоқчи бўлган гапни ич-ичидан англаб турарди. Ўзингизни тутишингиздан кўнглингиздагини дарров илғаб оларди. Мен ноилож шеър ёзишга рози бўлдим. Қишлоғимизнинг ўртасида битта артезиан қудуғи бўлиб, ҳамма шундан сув ичарди. Оқшом пайтлари ўспирин болалар, қизлар     сув олгани шу қудуққа келишарди. Синфдошим билан оқ қоғозга ёзилган икки мисра шеърни бежирим конвертга солганча қудуқбошига бордик. Гуллолаларнинг уйи эса қудуқ бўйида. У тез-тез сувга чиқиб турарди, буни билардик. Мана, у сув бўйига кела бошлади. Гўё ишқий мактубни мен тутқазаётгандек, Қобилдан кўра кўпроқ ҳаяжонланаяпман. Гуллола қизлар ичида бўлганидан, хатни беришнинг ҳеч иложини тополмадик. Шом ўтиб, уфқнинг қоши қорая бошлади. Гули эса дугоналари билан челакларига сув олганча уйига кетди.
— Энди қайтиб келмаса керак…
— Бирпас кутайлик, жон ошна, балки яна чиқиб қолар. Ахир, у бизни кўрди-ку! — деди Қобил.
Мен эса бу жойдан тезроқ кетишни истардим. Шу пайт қудуқни назорат қилиб турадиган Раҳимберди ака келиб қолди.
— Ҳа, болалар! Сувни ифлос қилманглар-а, мен қараб турибман. Тағин сувга туфлаб, у-бу нарса ташлаб юрманглар. Қулоқларингни қизитаман, — деди.
Бу менга баҳона бўлди.
— Ҳамманинг кўзига ёмон кўриниб нима қилдик. Юр ошна, кетамиз, — дедим.
Қобил ноилож ўрнидан қўзғалди. Нимагадир ич-ичимдан қувонардим. Тўғриси, нимага эканлигини ўзим ҳам билмасдим.
Уйга келганимда, осмон бағридаги юлдузлар янада ёруғроқ чарақлай бошлаганди. Отам ҳовлида экан:
— Қош қорайганда нима қип юрибсан? Қиладиган ишинг йўқми? — деб қолди.
— Қобилдан эртанги дарсларни билиб келаяпман, — дедим секин…
Кун узоғи қўй боққаним, оқшомда эса санғиб юрганим энди билинди. Ички қувончимдан асар ҳам қолмади. Апил-тапил кечки овқатни едиму дарс қилишга тутиндим. Аммо ўқиётганларим умуман калламга кирмасди. Нимани ўқияпман, билмасам…
— Отаси, қўйинг, ухлай қолсин. Қаранг, мудраб кетяпти. Дарсларини эртага эрталаб тайёрлаб олар, — деб қолди онам.
Отам оғир хўрсиниб қўйди. Бир оғиз ҳам гапирмади. Бу менинг ухлашимга розилик билдиргани эди.
Биламан, уйдагилар саҳар-мардондан уйғотишади. Сабаби, мактабга кетгунимча қўйларга қарашим керак. Сўнг бемалол нонушта қилсам бўлади. Мактаблик уст-бошимни кияр эканман, яна ички ҳаяжон бутун вужудимни қоплай бошлади.
Мактабда «Иккисиз, икки йиллик!» шиори қўллана бошлагандан буён тартиб-интизом жуда кучайган. Ўқитувчиларимиз ўта қаттиққўл, талабчан. Биз «Б» синфда ўқирдик. Бир гал кимё ўқитувчимиз «А» синф билан қўшиб дарс ўтадиган бўлди. Уч-тўртта синфдошларим билан бор-йўғи беш дақиқа кечикиб кирдик дарсга. Ҳаммамизни доска ёнига қатор қилиб тизиб қўйди.
—    Қани «сарка»ларинг қайси биринг? Дарс пайти йўлакда ҳиринглашиб юришга уялмайсизлар, дарс¬га ўз вақтида киришга вақт тополмайсизлар, шунақами?! Билиб қўйинглар, бу жой сенларга карвонсарой эмас, сен тушундингми? — дея чеккада турган синфдошимдан сўради. У жим. Шу пайт қарсиллаган овоз эшитилди. Ҳамма ялт этиб ўша томонга қаради. Кафти билан қизариб кетган чап юзини бекитганча Қўлдош ерга қараб турибди. Аммо бу бошланиши экан…
Мактаб остонасида мени Қобил кутиб турарди.
— Менга қара, бир ажойиб нарса ўйлаб қўйдим. Биласанми, хатни папкасига солиб қўямиз, хўпми! Сенинг ёрдаминг керак.
— Қанақа?
— Синфда ҳеч ким йўғида, тушундингми, сен эшик ёнида қараб турсанг бўлди.
Мен рози бўлдим. Нима бўлганда ҳам оқибати қандай тугашини жуда-жуда билгим келаётганди. Буни қаранг, шу куни дарслар силлиқ, бир меъёрда ўтди. Ҳеч бир ўқитувчи мендан уйга вазифани сўрамади. Бир томондан, бундан қувонсам, иккинчи томондан, Гуллоланинг муносабати ҳаяжонлантирарди.
Мана, учинчи дарс тугади, катта танаффус бошланди. Ҳамма ўқувчилар ўзларини буфетга уришган. Қобил иккимиз эса сергакмиз. Эшик ёнида пойлоқчилик қилиш менинг вазифам. Ошнам эса минг хавотирда Гуллоланинг папкасини очиб, хатни жойлаш би¬лан овора. Режамиз осон кўчаётганидан иккаламиз ҳам хурсандмиз. Ишқилиб, охири бахайр бўлсин.
Тўртинчи дарс — адабиёт. Пушкинга суиқасдни ўтишимиз керак. Гули эса синфда кўринмасди. Ўқитувчимиз аввал уйга вазифани текширди. Тайёрланиб келганлар қўл кўтариб жавоб беришди. Тайёрланмаганлар эса навбатдаги даккини эшитишди. Мендан яна сўрамади. Эндигина янги дарс бошланган эди, синфга Зулхумор опа билан Гуллола кириб келишди.
— Қобил ким? Қани, тур-чи ўрнингдан! Эй, сенми? Бўйинг бир қаричу, севгини ким қўйибди сенга, тавба. Буни қаранглар-а, шеърий мактуб йўллабди. Нима эмиш, «Қоши қаро, кўзи қаро Гулигина, Қарасам ҳам қарамайсан, ўтдимикан биздан гина». Эй, сени қара-ю, бурнингни артиб ол! — деди Зулхумор опа. Зулхумор опа — мактабимиз директори.
Гулининг қилиғи ҳаммасидан ўтиб тушди. У хатни олдию майда-майда бўлакларга бўлиб Қобилнинг юзига сочиб юборди.
— Шеърни ўзинг ёздингми? — сўраб қолди ада¬биёт ўқитувчимиз.
— Йўқ.
— Унда ким ёзди?
— Ана у, — мени кўрсатса бўладими ярамас Қобил.
— Эй, сенми, индамас бола. Индамасдан қўрқ, деб шуни айтсалар керак-да! Ҳали сен топиштирадиган бўлдингми? Ўзингга бир қара, она сути оғзидан кетмаган гўдаксану… Севги ҳақида шеър ёзишга бало борми? — ўқитувчимиз бу шеърни мен ёзганимга ишонгиси келмасди-ю, ноилож Қобил мени кўрсатиб турганди.
Рости, шеърни мен ёзганимни билгач, Гуллоланинг юзлари қизаргандек бўлди, лекин энди кеч эди…