Маҳди-улё Сароймулкхоним туни билан ухламай йиғлаб чиқди. Куни кеча, шаъбон ойининг ўн еттисида шом билан хуфтон орасида унинг умр йўлдоши Соҳибқирон Амир Темур ҳаётдан кўз юмди. Хўш, энди маликанинг тақдири нима бўлади? Ўйлаб юрган орзу-армонлари-чи?.. Ҳеч кимга айтиб улгурмаган сирларини ким билан дардлашади? Салтанатни Пирмуҳаммад Мирзо эплаб кетармикин? Илоҳим, ўзинг шаҳзодалар, беклар, амирларга инсоф, тавфиқ бергин…
Кўк либос кийиб, юзига қоракуя суртиб олган малика зулук сочларини ёйиб, дод-фарёд қилар, канизакларидан ҳеч бири уни овута олмас эди.
Маликанинг хонасига салтанатнинг обрўли амирларидан Шоҳмалик кирди.
— Узр, малика, тинчингизни буздим. Олампаноҳнинг жасади ортилган маҳофа тайёр. Амир Хўжа Юсуф Самарқандга жўнаш учун изн сўраётир…
— Майли.
— Амир Олампаноҳнинг отини ҳам олиб кетмоқчи.
— Олиб кетсун.
— От ҳеч кимни яқинига йўлатмаяпти.
Маҳди-улё заррин либосини елкасига ташлаган ҳолда амир Шоҳмаликни орқасидан эргаштириб, отхона томон йўл олди. Не кўз билан кўрсинки, отнинг кўзларидан дув-дув ёш оқар, нуқул қозиғи атрофида айланиб, депсинар эди. Малика отнинг ёнига бориб, шоҳи рўмолчаси билан унинг ёшли кўзларини артди, пешонасини силади. От бир зумда тинчиди-қолди.
Малика ҳайрон бўлиб турган амир Шоҳмаликка юзланиб, деди:
— Қорабайирни ўзим билан олиб кетамен.
Сароймулкхоним ўзи учун қадрдон бўлиб қолган отга тикилиб қарар экан, беихтиёр 1402 йилнинг 25 июлида Анқара яқинида рўй берган бир воқеани эслади.
…Кескин муҳорабада Боязид қўшини енгилади, унинг ҳарами, хазинаси, яқин мулозимлари қўлга олинади. Воқеани тепалик устида туриб кузатаётган Амир Темур жангнинг ўз фойдасига ҳал бўлганини сезгач, Ўрдаси томон кетмоқчи бўлади. Лекин Қорабайир олдинга юрмайди, кишнайди, нуқул ер депсинади. Ҳукмдор отининг бу қилиғини тушунолмай турганда рўпарада нотаниш отлиқлар кўринади. Улар қий-чув қилишиб, бостириб кела бошлайди. Шу пайт қулоғи динг бўлган от осмонга бир сапчийди-да, қуюн сингари Ўрда томон учиб кетади. Нотаниш отлиқлар эса ортда қолишади. Қорабайир эгасини омон-эсон боргоҳига олиб келади.
Малика бир неча муддат отнинг ёнида туриб, унинг пешонаси, бўйнини силаб-сийпади, сўнгра хонаси томон йўл олди.
Тезроқ йўлга чиқиш керак. Пойтахтга бориб, ҳукмдорга аза очиш зарур…
Тарихчи Шарафиддин Али Яздий “Зафарнома”да ёзади: “Шаҳзодалар ва оқаларким, Ўтрорда эрдилар, панжшанба кечаси, ойнинг ўн саккизида (19.02.1405) номози хуфтонда тобутни қумош-қумошлар била тутуб, маҳофа ичида кийуруб, Ўтрордин чиқардилар ва Самарқанд сори мутаважжаҳ бўлдилар”, “Алар наъшини (тобутни) олиб, тез юруб, душанба кечаси, шаъбон ойининг йигирма иккисида (23.02.1405) Самарқандқа кийурдилар. Ва ўшал кеча шаръ йўсуни била гунбазға кийуруб, туфроққа тобшурдилар”.
Шу воқеадан кейин орадан бир ҳафта ўтиб, Соҳибқироннинг ҳарами саналмиш маликалар — Сароймулкхоним, Туман оқа, Тўкал хоним ва шаҳзода набиралар ҳам Самарқандга етиб келишди… Улар Муҳаммад Султон хонақосига бориб, таъзия очдилар.
Ҳазрати бобосининг васиятига хилоф равишда Самарқанд тахтини эгаллаган Халил Султон ҳам 1405 йилнинг 20 мартида мотам маросимини қайта бошлади. Соҳибқирон руҳига хатми Қуръон қилиниб, етим-есирлар учун хайр-садақа улашилди. Хонақо деворларига Амир Темурнинг кийимлари ва қурол-аслаҳалари илиб қўйилди. Улар орасида фақат салтанат ҳукмдорининг гардишига “Рости-русти” (Куч адолатда) деб ёзилган муҳрузуги ва қиличи кўринмас эди.
Мотам маросими тугагач, маликалар ва набира шаҳзодалар Боғи Дилкушога жўнадилар. Улар орасида амир Шоҳмалик ва шайх Нуриддинлар ҳам бор эди.
Тарихчи Шарафиддин Али Яздийнинг далолатига кўра, “Боғ ниҳоятда дилкушо ва гўзал тарзда барпо этилгач, безавол иқбол тили унинг исми-жисмига монанд бўлсин учун “Боғи Дилкушо” деб аталди”.
Амир Темур 1398 йили Ҳинд сафаридан қайтиб, шу боғда оила аъзолари билан учрашади. Сўнгра амир Хизрхўжанинг қизи Тўкалхонимга уйланиб, маликанинг шарафига боғнинг ўртасида маҳобатли қаср қурдиради.
Маликалар ва набираларнинг ҳар бири ўз ётоқларига кириб кетишди. Қаср тўридаги кенг хонада маҳди-улё Сароймулкхоним, амир Шоҳмалик, шайх Нуриддинлар қолишди.
— Малика, менга бир масала тинчлик бермайдур, — оҳиста сўз бошлади амир Шоҳмалик.
— Дилингиздаги гапларни яширманг, амир, неки бўлса барисини айтинг, — деди Сароймулкхоним.
— Валиаҳд Пирмуҳаммад Мирзо пойтахтга етиб келмай туриб, Халил Султон Мирзо Ҳазрати бобосининг васиятини бузиб, тахтга ўтирди. Энди эл-улус, раиятнинг ҳоли не кечгай?
— Мен ҳам шундан қўрқамен, — суҳбатга аралашди шайх Нуриддин. — Олампаноҳнинг севимли оти, муҳрузуги, қиличи, кийимларининг “тақдири” не бўлур?
Даврага сукунат чўкди.
Сароймулкхонимнинг қовоқлари уюлиб, шаҳло кўзларида ғазаб учқунлари чақнади:
— Соҳибқиронга тегишли бўлган нодир буюмларни Халил Султон Мирзонинг илкига топшириш гуноҳи азимдур.
Маликанинг сўзларини шайх Нуриддин қўллаб-қувватлади.
Маҳди-улё қатъият билан деди:
— Амир Шоҳмалик, сиздан ўтинч шулки, эрта ўтиб, индин Олампаноҳнинг оти, узуги, қиличи ва кийимларини бизга яқин мулозимлар орқали Ҳирийга жўнатинг. Бу ҳақда Шоҳруҳ Мирзога ўзим мактуб битурмен. Ана шунда улуғ амирнинг руҳлари тинч бўлғай. Лекин бир шарт бор, Қорабайирни Ҳирийга еткунга қадар одамларингиздан ҳеч бири мина кўрмасин.
Тонг саҳарда ўнта навкар эгар-жабдуқлари қимматбаҳо тошлар билан безатилган Қорабайирни етаклаб, шаҳардан чиқиб кетишди.
…Хуросон ҳукмдори самарқандлик меҳмонларни иззат-икром билан кутиб олиб, уларнинг шарафига зиёфат уюштирди. Қорабайир учун махсус сайис тайинланди.
Орадан йиллар ўтди.
1419 йили Ҳиротга Хитой императорининг элчилари келдилар. Улар юртига қайтиб кетишлари олдидан Шоҳруҳ Мирзо билан суҳбат қурадилар. Учрашув чоғида элчиларнинг бошлиғи ҳукмдорга нозик бир ўтинчи борлигини айтади.
— Соҳибқирон Амир Темурни бир неча ўлимлардан сақлаб қолган учқур тулпори ҳақида жуда кўп эшитганмиз. Ўшал машҳур отдан насл қолганми эркан?..
Шоҳруҳ Мирзо Хитой элчисининг нимага шама қилаётганини дарров тушунди.
— Ҳазрати отамизнинг севимли оти Қорабайир наслидан бўлган учқур тулпорлардан бирини император ҳазратларига туҳфа қилиш ниятимиз бор.
— Бундан ортиқ совға бўлмас эди, — деди қувончини яшира олмай элчилар бошлиғи.
1419 йил. Куз ойининг бошлари. Беш юзга яқин хуросонлик ва мовароуннаҳрлик беклар, амирлар, сипоҳийлар, табиблар, алломалар, наққошлар, хаттотлар элчиларга қўшилиб, Хитой томон йўл олдилар.
Шоҳруҳ Мирзонинг фармони олийсига кўра, амир Шодихожа элчилар бошлиғи қилиб тайинланди. Ғиёсиддин Наққошга сафар давомида кўрган-кечирганларини бўяб-бежамай ҳаққоний ёзиш вазифаси топширилди.
Бу ҳақда Абдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаи Саъдайн ва Мажмаи Баҳрайн” китобида ҳам сўз юритилган:
“Подшоҳ (Хитой императори — П.Ш.) қора тусли, тўрт оёғи оқ катта отга минди; от устига зар тикилган сариқ рангли ёпиқ ташланган ва иккита ахтачи шоҳона зарбоф кийимлар кийишиб, отнинг чапу ўнг тарафидан жиловини ушлашган, от эса оҳиста-оҳиста, бир-бир қадам ташлаб борар эди. Подшоҳ қизил рангли зарбофт қабо кийган ва қора атласдан ғилоф тиктириб, соқолини шу ғилофга солган. Усти беркилган еттита кичик тахтиравонни (кишилар) елкаларига кўтариб, подшоҳ орқасидан олиб келмоқдалар. Тахтиравонлар ичида подшоҳ билан бирга овда бўлган қизларини олиб келмоқда эдилар. [[Булар кетидан]] эса битта катта тахтиравонни етмиш киши кўтариб келарди. Подшоҳдан бир тўқмор отими миқдордаги масофа оралиқда чап ва ўнг тарафда отлиқлар саф тортишган, улардан ҳеч бири (сафдан ташқари) орқа ёки олдинга бирон қадам қўймас эди. Сафлар кўз етган жойгача чўзилган ва ҳар бир саф бошқасидан йигирма қадам оралиқда борарди. Шу тарзда шаҳар дарвозасигача саф-саф бўлиб бордилар;; [[сафлар]] ўртасида эса подшоҳ ўнта до-жи, мавлоно (Юсуф) қози, Ли-дожи ва Жон-дожилар билан бирга борарди. Қози элчилар олдига келиб: “Отдан тушинглар ва подшоҳ етиб келганида бошларингизни эгинглар”, — деди. Элчилар шундай қилдилар. Подшоҳ: “Отга мининглар”, — деб буюрди. Элчилар отга миниб, подшоҳга ҳамроҳ бўлдилар. Подшоҳ гина қилишга бошлаб, Шодихожага айтди: “Тортиқ ва совға, ҳадяга юборилган от ва овчи қушлар ғоятда яхши бўлмоғи лозим, токи икки орада муҳаббат ортмоғига сабаб бўлсин;; сен келтирган от эса, мен унга ов вақтида минган эдим, ғоятда қарилигидан мени улоқтириб ташлади;; менинг қўлим оғрияпти, кўкариб кетди, кўп дори суртган эдим, алами бир оз таскин топди”, — деди.
Шодихожа узр айтгандек бўлиб:
“ — Бу от улуғ амир ҳазратлари Темур Кўрагондан ёдгор қолган, Шоҳруҳ жаноблари ғоятда ҳурмат кўрсатиб, бу от (сизнинг) улусингизда отларнинг саромади бўлар, деган умид билан юбордилар”, — деб арзга етказди. [[Бу гап]] подшоҳга ёқиб тушди ва таҳсин айтди”.
Тарихчи Абдураззоқ Самарқандийнинг қайд этишича, “дастлаб Қорабайир Хитой императорини ёнига йўлатмайди, сўнгра овга миниб чиққанида, уни ерга отиб уради”.
Хуросонлик ва мовароуннаҳрлик элчилар икки йил-у икки ой ва беш кундан кейин омон-эсон юртларига қайтиб келишди.
Ҳиротда қолган Амир Темурнинг Қорабайири эса доимо ҳоқони Саид Шоҳруҳ Мирзо эътиборида бўлди.
Бир куни сайис Қорабайирни хизматкорига қашлатиб чўмилтираётган эди, шу пайт ташқарида маликалардан бири уни сўраётганини айтди.
— Узр, — деди канизаклар қуршовида келган Амир Темурнинг беваси Туман оқа, — мен Олампаноҳнинг отини кўргани келдим.
Маликанинг ташрифини кутмаган сайис бир оз довдираб қолди. Сўнгра ўзига келиб, Туман оқани ичкари бошлади.
…Жунлари ҳурпайиб, озиб-тўзиб қолган от маликани искади, кейин кишнаб юборди. Ва қозиғи атрофида икки марта айланди.
— Ипини ечинг, — буюрди Туман оқа.
— Йўқ, еча олмайман, ипини ечсам қочиб кетади.
Малика охурнинг ёнига бориб, Қорабайирнинг ипини ечди. Қозиқдан бўшаган от ташқарига отилиб чиқди ва отхона атрофини бир-икки марта айланди. Сўнгра секин қадам ташлаб, Туман оқанинг олдига келди.
Майин, юмшоқ бўлиб қолган отни сайис яна қозиққа боғлади.
Шу ўринда икки оғиз сўз малика Туман оқа ҳақида:
“Соҳибқироннинг суюкли хотинларидан бири Туман оқадир. Туман оқа бегим Сароймулкхонимнинг акаси амир Мусонинг қизидир. Хонимга жиян ўрнидадур. Туман оқа 1366 йилда туғилиб, 1378 йилда 12 ёшида Амир Темурга никоҳ қилинган.
Туман оқа ҳусн-латофатда беназир бўлган экан. Соҳибқирон Туман оқа шарафига Самарқандда махсус Боғи Биҳиштни барпо эттирган. Амир Темур вафотидан сўнг тахтга ўтирган Халил Султон Мирзо 1406 йилда шайх Нуриддин билан бўлган жангда енгилиб, сулҳга мувофиқ малика Туман оқани амир шайх Нуриддинга хотинликка берган. 1411 йилда Шоҳруҳ Мирзо тарафидан шайх Нуриддин қатл қилингач, Туман оқани Ҳиротга олиб келишган”.
Бу ҳақда тарихчи Абдураззоқ Самарқандий шундай ёзади:
“Амир шайх Нуриддиннинг биродари амир шайх Ҳасан арзихат юбориб, итоат изҳор қилди. Онҳазрат (Шоҳруҳ Мирзо) унинг олдига Тўкал чуҳрани жўнатиб: “Агар (бизга) эл бўлсанг, Туман оқани ҳузуримизга юбор”, — деб буюрди. Шунингдек, Мирзо Улуғбек ва амир Шоҳмалик Хуросонга қараб юрсин”, — деган ҳумоюн фармон содир бўлди.
Олий мавкаб давлат юлдузи ва иқбол (ҳамроҳлигида) доруссалтана Ҳиротга келиб тушди. Бир неча кундан кейин улуғ бону Туман оқа етиб келиб, онҳазрат Шоҳруҳ Мирзо у бонуни улуғлашда иззат-икром шартларини адо этиб, қусовия қасабасини суюрғол тарзида унинг ноибларига топширди. Ҳозирда у қасаба ва унинг атрофларида Туман оқанинг хайрли ёдгорликларидан бўлган мадраса, хонақоҳ ва работ бағоят маъмурдир”.
Малика Туман оқа Соврон шаҳридан Ҳиротга етиб келиши билан унга Соҳибқироннинг оти билан боғлиқ бўлган воқеаларни айтиб беришган.
Мана ўн йилдирки, Туман оқа ҳафтада бир марта келиб, Қорабайирнинг ҳолидан хабар олади.
Бир куни саҳар пайти эди. Боғи Сафедга нохуш хабар келди: “Қорабайирнинг соғлиғи пасайиб қолган эмиш…”.
Туман оқа апил-тапил кийиниб, канизаклари билан йўлга тушди.
…Қорабайирнинг ёшли кўзлари киртайиб, озиб-тўзиб кетган, у қалт-қалт титрар, нафас ололмай қийналар эди.
Малика секин отнинг ёнига бориб, унинг пешонаси ва ёлларини нозик бармоқлари билан силай бошлади. Таниш ҳидни сезган Қорабайир ўрнидан турмоқчи бўлиб олдинга интилди, лекин шу заҳоти охурининг ёнига гурс этиб йиқилди.
Қорабайир сўнгги марта маликага тикилди-ю, “хир-хир” этиб, тўсатдан тинчиди-қолди.
Туман оқа ўзини тута олмай ҳўнграб юборди. Унинг дард-алам билан тўла мунгли йиғиси қанча давом этди, уни ҳеч ким билмайди.