Янги костюмга буюртма бермоқчи бўлиб, кўримсизгина, тепасига “Хизматингиздамиз!” деб ёзиб қўйилган хусусий тикувчилик корхонаси биносига кирдим. Мижозга ҳурматни қаранг, ҳурматни! Мени қош-кўзлари попукдай, истаралигина аёл — маиший хизмат кўрсатиш корхонаси директори шахсан қабул қилди. У мақсадимни англаб, бу ерда фақат мижозларнинг ўзлари олиб келган матолардан буюртма қабул қилиниб, кийим-кечак тикилишини айтди.
Мен нима ҳам дердим, уларда тартиб-қоида шунақа бўлса. Қанақа материал олиб келсам экан, дея бироз хаёлга ботган эдим, аёл ўзига жудаям ярашган қошларини бир чимирдию муқовасига “Буюртмачи учун қўлланма”, деб ёзилган қалингина китобчани қўлимга тут¬қазди:
— Танишиб чиқиб, унда кўрсатилганларни олиб келсангиз, биз сиздан миннатдор бўламиз.
“Қўлланма”ни ўқиб, керакли нарсаларни ён дафтаримга ёзиб олдим.
Хуллас, орадан бир неча кун ўтгач, костюм тиктириш учун лозим, дейилган ашёларни олиб яна маиший хизмат кўрсатиш корхонасига бордим. Зил-замбил жомадонни бир ўзим эплолмасдим, барака топкур такси ҳайдовчиси ёрдамлашди. Бу сафар ҳам мени ўша соҳибжамол аёл, яъни директор кутиб олди.
— Адашмасам, сиз костюм тиктирмоқчи эдингиз, шундайми-а? — деди у шахло кўзлари чақнаб. — “Қўлланма”да кўрсатилган нарсаларнинг ҳаммасини олиб келдингизми?
— Ҳаммасини… — дедим жомадонни очиб.
— Қани, текшириб кўрайлик, — деди аёл ноз-истиғно билан ”Қўлланма”ни очиб. — Демак, материал.
— Кўрсатилганидай, мана, уч ярим метр.
— Астарлик…
— Мана, астарлик ҳам бор.
— Пахта…
— Марҳамат.
— Ёқалик мато…
— Бор, мана.
— Отнинг қили…
— Қиллар асл арабий тулпорники…
— Жуда яхши! Иплар-чи… уч ғалтак рангли ва икки ғалтак оқидан?
— Худди айтилганидай, мана, уч ғалтак: жигарранг, икки ғалтак оқ.
— Тўғнағичлар…
— Марҳамат, бош томонлари рангли.
— Ангишвона…
— Мана, иккита.
— Нега иккита? Сиз битта костюм тиктирасиз, шекилли?
— Фаҳмимча, тикувчининг иккита — чап ва ўнг қўллари бор-ку?..
— Тўғри фикр. Биз “Қўлланма”нинг кейинги нашрига бу тузатишни албатта киритамиз… Ранг¬ли бўрлар, кўраяпман. Келтириб берасиз, игналар… тугмачалар… ҳаммаси яхши, ўлчагич-сантиметрлар-чи?
— Марҳамат, клёнка ва ёғочдан ишланганлари.
— Ажойиб-а, қайчилар-чи? Катта ва кичигидан…
— Мен фақат чўнтак қайчиси ва ўртачасидан олақолдим, мана.
— Ўртачаси керакмас, майли, биз маъмуриятчи, бюрократ ҳам эмасмиз, иккаласини берақолинг, — аёл шаҳло кўзларини карашма ила тикдию фикримни маъқуллагандай бир жилмайди. — Сиз менга ёқаяпсиз, вақти келиб, сиздан намунали буюртмачи чиқади, тушунган, интизомли…
— Ғоятда мамнунман, — дедим унга қоғоз узатаётиб.
— Бу яна нима?
— Поликлиникадан маълумотнома.
— Нега, бу “Қўлланма”да кўрсатилмаган-ку?
— Биламан, лекин ҳар эҳтимолга қарши олақолдим…
— Нима тўғрида бу маълумотнома?
— Менинг ҳар иккала қўл ва оёқларимнинг узунлиги бир хил эканлиги ҳақида. Бу — бичиқчининг ишини осонлаштиради!
— Ажойиб ташаббус! — мамнун жилмайди аёл. — Шу пайтгача биронта мижоз бундай маълумотномани олиб келмаганди. Катта раҳмат, сизга!
У шодланиб қўлимни қисди, ҳатто қип-қизил бўёқдор лабларини чўлпиллатиб юзимдан ўпиб ҳам олди. Мен уялгандай бўлиб ерга қарадим, аёлнинг бўйинларидан қимматгина фаранг атри анқиб, бошимни бироз айлантирган эди-да.
Кутилмаганда директорнинг нигоҳи алланималарни излагандай олазарак бўлиб жомадон атрофларида айлана бошлади ва ниҳоят ҳайратомуз кўзларини катта-катта очиб менга боқди.
— Эҳ, сиз, — ўкинч билан чинқирди у. — Булар билан иш битмайди, энг муҳим нарсани келтирмабсиз-ку, машина қани?
— Қанақа машина?
— Қанақа машина дейди-я яна. Албатта, тикув машинаси-да?!
Мен унга ажабланиб қарадим, у ҳам менга термулиб турарди. Шу аҳволда қанча турдик, билмайман. Ахийри, мен: “Э, “Хизматингиздан” ўргилдим”, дея жомадонимни апил-тапил йиғиштирдиму кўчага отилдим. Ишбилармон аёл эса орқамдан:
— Ҳой мижоз, ҳой мижоз, тезроқ машинани олиб келинг, костюмингизни узоғи билан уч ойларда тикиб берамиз, — дея қичқирганича қолаверди…