— Хайр, дадажон, кечқурун яна ўзингиз келинг. Кутиб ўтираман!
Папкасини елкасига осиб мактабга кетаётган Ҳамида товуш келган томонга ўгирилди. Сал наридаги боғча дарвозаси ёнида бир қизалоқ дадасининг бўйнидан қаттиқ қучиб олган, дадаси эса: ”Хўп, қизим, сени олиб кетгани албатта ўзим келаман”, деб қайта-қайта такрорларди.
Ҳамида ота-боланинг бу ҳолатидан таъсирланди. Негадир маъюс тортди. Боғчага қатнаб юрган пайтларини эслади. Ўшанда қандоқ яхши эди-я! Дадаси ҳар куни ишга кетаётиб уни боғча эшиги ёнида қолдирар, у ҳам худди манави қизалоққа ўхшаб дадасини ҳеч қўйиб юборгиси келмасди. Кечқурун эса “Ҳамида, мен келдим!” деган қадрдон товушни эшитса бас, ирғишлаб дадаси томон югурарди. Дадаси байрамларда, баъзан дам олиш кунларидаям уни паркка олиб борарди. Йўл-йўлакай у Ҳамиданинг ҳамма саволларига жавоб қилар, бундай гаштли суҳбатлар кеч кирганда уйда ҳам давом этарди. Онаси эса уларнинг гап-сўзларига асло қўшилмас, укаси Шерзоднинг парвариши билан банд эди. Яхши кунлар доим яхшилигича давом этавермас экан. Кейин ҳаммаси ўзгариб кетди. Дадаси билан ойиси тез-тез жанжаллашадиган бўлиб қолишди. Айниқса бир куни… Ўшанда Ҳамида бошини кўрпага буркаб, ўзини ухлаганга солиб ётди. Ичкарида эса қаттиқ-қуруқ гап-сўзлар тобора кучаймоқда эди.
— Атрофимдагилар шама қилишганда ишонмагандим. Аниқладим, сен менга хиёнат қилиб юрибсан, — деди дадаси.
— Бировларнинг гапига ишониб, ҳаммадан рашк қилаверасизми? Мен архитекторман, эркаклар билан ишлайман. Бўлганим шу! — деди ойиси.
— Кеча икковингни яна бирга кўрдим. Буям ёлғонми? Айт!
Ойиси гап топиб беролмай ҳиқ-ҳиқ йиғлай бошлади.
“Мана энди бариси жойига тушади” деб ўйлади Ҳамида ҳамма гапни эшитиб ётаркан. Чунки илгарилари ҳам улар урушишганда доимо ойиси йиғлар, шунда дадаси: “Бўлди жоним, кўз ёшларингга ҳеч тоқат қилолмайман. Мендан ўтган бўлса кечир”, дерди. Шу-шу иккаласи яна апоқ-чапоқ бўлиб кетишарди. Ҳозир ҳам ойисининг йиғлаётганидан Ҳамида қувонди. Кўнглининг чеккасида бир умид “йилт” этди. “Ҳозир улар ярашишади!” Бироқ дадаси шаштидан тушмаганди.
— Бас, йиғлама! Барибир сени энди кечиролмайман! — деди у қаҳр аралаш.
Ойиси шарт ўрнидан турдию нариги хонага чиқиб кетди. Дадаси бошини чангаллаганича узоқ ўтирди. Оғир “уҳ” тортди. Сўнг кийимлариниям ечмасдан диванга чўзилди. Буларни эшик тирқишидан кўриб турган Ҳамида оёқ учида диван томонга юрди.
— Ие, ҳали сен уйғоқмидинг қизим? — деди дадаси аллақандай сергак тортиб.
— Йўқ, ухлаётгандим. Ҳалиги… чанқаб кетдим-да.
— Келақол ёнимга…
Дадаси унинг сочларини силади. “Ўзимнинг доно қизим” деб эркалади.
— Дадажон, сиз жудаям яхшисиз, — деди Ҳамида.
— Мен ҳам сени жуда яхши кўраман, қизим. Буни ҳеч вақт ёдингдан чиқарма, хўпми?
Ўшанда дадаси уйдан кетишга қарор қилгани, айрилиқ олдидан Ҳамидага шу гапларни уқтирганини қиз анча кеч тушунди. Кейин дадаси уйга келмасдан ишхонасида ётиб қоладиган бўлди. Лекин кундузлари бирров боғчага кириб Ҳамидадан хабар олиб кетарди.
“Ҳиёнат дегани нимайкин? У шунчалик ёмон нарсами?” ўйларди Ҳамида. Бироқ гўдак кўнглида бу саволга ҳеч жавоб тополмайдигандек туюларди. Бир куни онаси ишга кетаётиб Ҳамида билан Шерзодни боғчада қолдирди. Сўнг “Кечқурун икковингни Ноила холанг олиб кетади, бувингникида ўтира туринглар. Мен ишдан кечроқ қайтаман”, деди. Шу куни кечки овқат маҳали бувиси Ҳамидадан секингина сўради:
— Даданг уйга келяптими?
— Йўқ…
— Ҳа, майли. Икковиям бир куни инсофга келиб қолар.
Шунда Ҳамида анчадан бери ўйлаб юрган гапини бувисига айтди.
— Ҳалиги… Хиёнат дегани нима, буви?
— Бу гапни қаёқдан олдинг, қўзим?
— Дадам ойим билан уришганларида “Сен менга хиёнат қилдинг” дедилар.
— Йўғ-е, янглиш эшитгандирсан?
— Икки-уч марта айтдилар.
— Вой, шўрим!
Бувиси бошини чайқаб яна алланарсалар деб пичирлади. Шу куйи анча вақт жим бўлиб қолди. Сўнг Ҳамидага кўзи тушиб, унга таскин бергандек деди:
— Сен хафа бўлма, жон болам. Мана кўрасан, ярашиб кетишади ҳали.
Эртасига бувиси ўзгача шахт билан Ҳамидаларникига кириб келди. Ичкарида она-боланинг қаттиқ-қаттиқ гаплашишгани эшитилиб турарди.
— Ўша билан қандай танишиб қолувдинг?
— Фирма учун қурилаётган офис лойиҳасини чизиш менга топширилганди. Иш билан борганимда уни ўша жойда кўриб қолдим. У мактабдалигимиздаёқ мени яхши кўрарди, ойи. Қизимни қариндошларимга бераман деб совчиларини қувиб солгансиз, эсингиздами? Анча вақт гаплашмадик. Уйланган экан, кўп яшамай ажрашибди. Шундан сўнг тез-тез кўришадиган бўлиб қолдик. Сени ҳалиям яхши кўраман деб ўз ҳолимга қўймади. Кейин ўзим ҳам уни…
— Бас қил! Ўзинг ҳам жуда безбет бўлиб кетибсан.
Бир пайт бувиси Ҳамидани кўриб қолиб, эшикни шартта ёпди. Кейин улар нималар ҳақида гаплашишди, қиз буни билолмади. Фақат бувиси эшикдан чиқаётиб қизига:
— Гулдай болаларингни ўйла. Ялиниб бор, кечирар ахир, — деганини эшитди.
— Ойижон, энди турмушимиз бўлмайди. Буёғини ўзим ҳал қиламан, — деди ойиси.
Кўп ўтмай, дадаси ва ойисини судга чақиришди. Уларнинг ажрашганини Ҳамида холаларидан эшитиб билди. Бир куни кичик холаси ошхонада овқат қилаётиб онасига: “Опамнинг ўзи ёмон-да. Тавба, оилали аёл ҳам бошқа эркакка кўнгил қўядими? Энди поччамга ўхшаган кишини топиб бўпди!” деётганида… остонада турган Ҳамидага кўзи тушдию индамай қолди. Ўшандан сўнг қиз ҳаммасини тушунди. Демак, айб дадасида эмас. Хиёнат деганлари ёмон нарса… Жуда-жуда ёмон!
Бу пайтда у эндигина мактабга бораётганди. Ўша кунлари ойиси уйига бегона бир кишини бошлаб келди. Иккиси алламаҳалгача суҳбатлашиб ўтиришди. Ҳамида кичкина хонтахтага китоб-дафтарларини ёйиб дарс қилаётганди. Ўша одам худди ўз уйида юргандек ичкарига кириб уст-бошини алмаштириб чиқди. Сўнг телевизор каналларини бирма-бир айлантирди, ошхонага бориб чойни янгилаб келди, кейин диванга ястаниб ўтирганича хўриллатиб чой ича бошлади. Ҳамида кўз қири билан буларнинг барисини кўриб ўтирар, негадир ғаши келарди. Ҳалиги одам қизнинг нохуш кайфиятини сезгандек ўрнидан туриб, унинг ёнига келди. “Отинг нимайди, қизалоқ!” деди. Ҳамида индамасдан хўмрайди. Нотаниш одам гўё ҳеч нарса бўлмагандек чўнтагидан бир қути конфет чиқариб хонтахта устига қўйди.
— Бу сенга! Манави машинача укангга.
Ўзи юрар ўйинчоқ машинага кўзи тушган Шерзод югуриб келди:
— Қани, бир кўрий…
Ойиси лаганда овқат олиб кираркан, булар учовини бир жойда кўриб суюниб кетди.
— Қани келинглар, овқат совийди.
Ҳамида овқат пайтида ҳам “очилмади”. У шу топда фақат дадасини ўйлар, мана бу одам дадаси ўтирадиган стулга бемалол жойлашиб олганини кўриб, ич-ичидан ғазаби қўзирди.
Бегона киши буларникига тез-тез келиб турадиган бўлди. Ҳар келганида Ҳамидага конфет, Шерзодга ўйинчоқ беришни унутмасди.
Ҳамида унинг қўлидан ширинликни олгиси келмас, лекин ойисининг чимирилиб туришига кўзи тушиб, беихтиёр қўл чўзар, сўнг “раҳмат” деб пичирларди.
Икки ҳафта аввал бир воқеа бўлиб ўтди…
Бегона одам эшикдан чиқиши билан ойиси Ҳамидага ўшқирди:
— Нега уйга биров келса қовоғингни очмайсан?! А?! Нега?!
— У одам… келмасин! Дадамни чақирайлик, — деди у қўрқа-писа.
— Даданг йўқ энди! У ўлган, билдингми?! Мана шу одам энди сенинг даданг бўлади!
— Ёлғон айтаяпсиз, дадам ўлмаган!
— Овозингни ўчир! Маҳмадона! Шу одам уйимизга келса “дада” дейсан!
— Айтмайман!
— Айтмасанг, мана сенга!
Ҳамида юзига тушган тарсаки зарбидан чинқириб юборди.
Ўша кундан бери она-бола деярли гаплашишмайди. У мактабдан қайтаркан, уйга боргиси келмас, ойисининг қаҳрли нигоҳидан чўчирди. Кеча ўша бегона одам яна келди. Ойиси билан пичирлашиб нималарнидир гаплашди. Сўнг одати бўйича Ҳамидага конфет узатаркан, “қизим, ўқишларинг қалай?” деди. Бу сўз қизнинг қулоғига жуда совуқ эшитилди. “Қизим демасин у. Мен фақат ўзимнинг дадамнинг қизиман! — деди у ич-ичидан ғижиниб. — Бўлди, эртага бувимникига қочиб кетаман!”
Ҳамида бувисиникида бир ҳафтача яшади. Лекин кўнглидаги ғашлик бу ерда ҳам тарқалмади. Холаларининг ҳазил-ҳузул гаплари, бувисининг эркалашлари ҳам Ҳамидага таскин беролмас, юраги изтиробга тўла эди. У дадасини қаттиқ соғинарди.
— Эртага кечқурун уйларингга кетамиз, ойинг сени келсин, деяпти… Кўргиси келибди, — деди бувиси унга.
— Буви, силаникида яшасам, майлими? — деди Ҳамида секингина.
— Вой, бувигинанг айлансин-ей, нега бундай дейсан? Бу уй ҳам ўзингнинг уйинг-ку. Ойинг, уканг сени соғиниб қийналишса ёмон-да. Қиз бола ўз онасининг ёнида бўлгани яхши, болам. Уқдингми?
Ҳамида “ҳа” дегандек бош ирғади. Шу куни унинг уйқуси қочди. Алламаҳалгача дадасини ўйлаб ётди. “Қанийди, ҳозир ёнимда бўлсангиз, дадажон. Сиз билан узоқларга кетардим. Уйимизга ҳечам қайтиб келмасдим. Мен анави одамни ёмон кўраман. Уни дада демайман! Ҳеч қачон! Нега келмаяпсиз-а? Ё чиндан ҳам ойим айтганидек… йўқ, йўқ, сиз ўлмайсиз! Биламан, ишингиз кўп…”
Ҳамида мактабга келганда эндигина дарс бошланган экан. Жойига бориб ўтирди. “Нега кечикиб юрибсан?” деди ёнидаги қиз шивирлаб.
— Ҳозир бувимникида яшаяпман-ку… Мактабга йўллари сал узоқроқ-да.
— Ҳа, шундайми.
Шу куни Ҳамиданинг қулоғига дарс ҳам кирмади. У бугун кечқурун бувиси билан уйларига боришини ўйлаб юраги сиқиларди. Яна анави бегона одамга дуч келса… “Йўқ, уйга қайтиб бормайман! Бормайман!” деб пичирлади ўз-ўзига.
Дарслар тугагач, сумкасини елкасига осаркан, партадоши Севара уни тўхтатди.
— Бугун ҳам бувингникига борасанми, бирга кетайлик.
— Ҳм-м, майли, — деди Ҳамида.
— Анави дўконга бориб музқаймоқ обкелай. Сўнг сенга етиб оламан, хўпми?
У чопқиллаб дўкон томонга кетди. Ҳамида бувисиникига борадиган йўл томон бурилди. Катта кўчанинг иккала чети тутзор, сал нарида катта канал суви оқиб ўтарди. Аввалги йили қўшниларининг тўққиз ёшли ўғли шу каналда чўмиламан деб сувга чўкиб кетган.
— Сузишни билмас экан, гирдобга тушиб қолиб чиқолмабди, — деди дадаси ўшанда азадан қайтгач.
— Тавба, кечагина ўйнаб юрган бола бугун йўқ, — деди ойиси бош чайқаб.
Ҳамида ҳозир ўша кунларни эсларкан, яна юраги сиқила бошлади. Сув тинчгина оқар, атрофда ҳеч зоғ йўқ эди. “Агар мен ҳам шу каналга тушиб кетсам… эртага йўқ бўламан!” Шу фикр хаёлидан ўтиши билан унинг бутун вужуди зирқираб кетди. Дадасининг чеҳраси кўз олдига келди. Кейин бувиси, холалари, ойиси, Шерзод, анави одам… “У ёмон одам! — титраб-қақшаб ўйлай бошлади у. — Агар ўша бўлмаганида ойим билан дадам ажралиб кетишмасмиди!” Ҳамиданинг кайфияти бузилди. У бугун кечқурун яна ўша бегона одамга дуч келишдан кўра йўқ бўлиб қўя қолишни афзал кўрарди, ҳозир.
Қиз катталар чўмиладиган тарафга ўтди. “Ҳали бу ерга ҳеч ким чўмилишга келгани йўқ. Демак, сув совуқ бўлса керак-да, деб ўйлади. Сўнг сувга қўлини ботириб кўрмоқчи бўлди. Аста пастга эгилди. Шунда оёғи тойиб кетдию… дарров ҳушёр тортиб ўзини орқага олди. Бироқ, кечиккан эди! У сувга қулаб тушаркан, қулоғига узоқдан таниш бир овоз элас-элас келиб урилгандек бўлди:
— Ҳами-и-да! Ҳами-и-й…