Ҳалимжон Тоҳиров. Болали йўловчи (ҳажвия)

Шаҳарлараро қатновчи автобус бир бекат юрар-юрмас ўртароқдаги ўриндиқда ўтирган шоп мўйловли йўловчининг қўлидаги икки ёшлар чамасидаги бола аста-секин йиғисини бошлади. Катта йўлга чиққан автобус тезлигини оширди. Боланинг йиғиси ҳам тобора авж олди. Унинг овози шу қадар ўткир эдики, автобус моторининг гуриллаши ҳам унинг олдида ҳолва бўлиб қолди. Болали йўловчининг ёнида кетаётган кишининг охири сабри чидамай, атрофни бепарво томоша қилаётган ҳамроҳига юзланди:
–Ўғлингизни у деб, бу деб юпатсангиз бўларди.
–Бе-е, – деди болали киши, – ҳозирги болаларни осонликча юпатиш қийин. Гўдаклигидан бери чакаги очиқ. Бола – пошшо дейдилар. Манзилга етгунимизча сабр қилиб турасиз-да.
–Шундай-куя, лекин манзилга етгунча нақ беш соат йўл юришимиз керак. Бу аҳволда янги йил байрамини ҳам бурнимиздан чиқарасиз шекилли.
–Буёғидан хотиржам бўлсинлар. Ўғлим ўзи яхши кўрган нарсани қўлига олса бирпасда юпаниб қолади. Шошилишда йўлга ҳеч нарса ололмабман. Сизда бирор-бир егуликми ё шунга ўхшаш нарса йўқми?
Ҳамроҳи ёнидаги халтасини титкилаб бир дона олмани олдида болага узатди. Бола олмага бир зум қараб тургач, афтини бужмайтириб, яна йиғлашга тушди. Отаси олмани боланинг қўлидан олиб чўнтагига тиқди-да, хотиржамлик билан деди:
–Айтдим-ку сизга ҳозиргилар анойимас деб. Олмани кейин ейди шекилли. Тўрхалтангизда яна нима бор? Қизғанчиқлик қилмасдан олаверсангиз-чи! Боланинг кўнглини олиш савоб бўлади, биродар.
Бола йиғисидан хуноб бўлаётган йўловчи зўракилик билан, ноилож илжайиб майизли булочка, тўрт дона қурт олиб узатди. Аммо улар ҳам кор қилмади – боланинг йиғиси авжига чиқди. Ён-атрофдаги йўловчилар бирин-кетин қулоқларини бекитишга тушдилар. Бироқ бу аҳвол кўпга чўзилмади – уларнинг ҳам тоқатлари тоқ бўлди.
–Йиғи деганлари шунақа ҳам бўладими? Вей, тинчлантирсангиз-чи! Янги йил, бир дам олайлик деб йўлга чиқувдик.
–«Муножот»га ўхшаб юракни эзворди-ку, а?! Ўзингизни болангизми, ё…
–Бай-бай-бай! Катта бўлса бу болангиздан роса зўр операчи чиқади-да!
–Ўнта бола боқиб ҳам бунақанги йиғини эшитмагандим. Икки соатдан бери қулоқни қоматга келтиряпти-я!
–Боланинг ўзи ростдан ҳам йиғлаяптими, ё магнитафонга ёзволганмисиз!?
Ота боласини юпатишга уринмасин барибир фойдаси бўлмади: йиғи кучайса кучайдики, асти тўхташидан дарак йўқ эди. У ёлворгудек бўлиб яна йўловчиларга термулди:
–У деб, бу деб ранжишинглардан наф йўқ, – деди уф тортган бўлиб. – Бир вақтлар ўзинг-лар ҳам мана шундай бола бўлгансизлар. Ҳа, ундан кўра, ёнингларни ковлаб, топган-тутганинг-ларни узатинглар-чи, кўриб зора тинчиса.
Автобусда «болани тинчлантириш ҳашари» бошланиб кетди: кимдир иккита сомса, бир ҳовуч майиз, яна кимдир тешиккулча, шоколадли вафли, аллаким печенье, қанд-қурс узатди. Орадан кўп ўтмай боланинг ён-вери ёймачи тижоратчининг дўконига ўхшаб кетди. Аммо йиғи тинмасди.
Болали киши келиб тушган нарсаларни ёнидаги халтага, чўнтакларига шошилмай жойлар экан, қўшимчалаган бўлди:
–Қадрли йўловчилар, ҳимматинглар учун раҳмат! Ҳамманглар болани яхши кўрасизлар экан. Биласизларми, ўғлим гоҳида пулни кўрса йиғидан тўхтаб қоларди. Агар сизларга малол келмаса…
У гапини тугатмаёқ чор-атрофдан майда-чуйда пуллар қўлма-қўл узатила бошлади: «Ишқилиб бола тинчиса бўлди!»
Аммо боласи тушмагурга йиғидан ҳам, овоздан ҳам берган экан – манзил ярим бўлди ҳамки тин олай демасди. Йўл-йўлакай радио тинглаб, машина бошқаришни хуш кўрадиган ҳайдовчининг ҳам қовоқ-тумшуғи аллақачон осилиб кетганди. Музика эшитай деса бу ёқдаги ғалва одамларга етарли бўлиб турибди. Эшитмай деса юрак қур-ғур ёзилай демайди. Унинг ҳам сабри чидамай болали йўловчи томонга бошини кескин буриб гап қотди:
–Ҳўвв акахон, бу «ашулачи»нгиз билан қаёққача борасиз?» Оббў, охирги бекатгачами?! Яна тўрт соат чидашимиз керакми?
У хуноб бўлиб автобуснинг тезлигини оширди. Сендан ортда қоламанми, дегандек боланинг йиғиси ҳам кучайди. Автобус гўё туғруқ уйига ўхшаб кетди: биғ-биғ-биғ…
Ҳайдовчи барибир сабр-тоқат қилолмади. Автобусни шартта тўхтатди-да болали йўловчига ялинишга тушди:
Жон ака, ҳали манзил узоқ. Бу аҳволда ўзин-гизни ҳам, болангизни ҳам қийнаб қўясиз. Мен йўлдан биронта енгил машина тўхтатиб берсам қалай бўлади? Ҳар ҳолда манзилингизга биздан тезроқ етиб олардингиз.
Йўловчилар орасидан «Жуда тўғри!», «Яхши бўларди!», «Бизга ҳам раҳмингиз келсин!», «Э, ҳайрият-э!» қабилидаги қувончли хитоблар эшитилди.
–Яхши-куя, – деди болали одам бироз ўйланиб, – лекин йўлкира чатоқ-да! Пулим бўлганда аллақачон «Нексия», ё «Тико»да кетган бўлардим.
Унинг гапини эшитиб ҳайдовчи суюниб кетди.
–Йўлкирани ўзим тўлайман. Мана, олинг!
У шундай деб йўловчининг олдига келди-да бир даста пул узатди. Пулни кўриб йўловчи бошини чайқади:
–Бу ўзимга етади, холос. Биз икки киши, йўғ-э уч кишимиз.
–Учинчинглар ким? – ҳайрон бўлди ҳайдовчи.
–Ана, орқамда ўтирибди! – йўловчи шундай деб бошига рўмол ташлаб олган аёлни кўрсатди. –Боламнинг онаси бўлади.
Ҳайдовчи кўзларини чақчайтириб чўнтагига яна қўлини тиқди.
Йўлдаги бекатда тушиб қолишгач, эр хотинига болани узатар экан аста шипшиди:
–Менимча ўғлимизнинг бугунги «бизнеси» ҳам чакки бўлмади. Энди бироз эмиздириб қўй. Ўн минутдан кейин Қўқондан автобус келади. Яна ортимизга қайтамиз. Ишқилиб автобусда одам кўпроқ бўлсин-да.
–Дадаси, болани ҳадеб чимчилайверманг. Мени кўрмаса ўзи йиғлайверади.
–Йиғисининг авжи пасайгандa чимчиламасам бўлмаяпти-да! Ий-йе, ана автобус кўринди. Болани тезроқ менга бер!
… Автобусда мудроқ босиб келаётган йўловчилар чўзиқ йиғини эшитишиб, болали киши томон бўйниларини чўзиб қарай бошлашди…