Зимдан кузатсам, бирин-кетин уйланиб, бўйнига олахўржин тушаётган жўраларим тамоман бошқа одамга айланиб қолишяпти. Улфатларга ортиқча қўшилиш йўқ, кечқурунлари кўчага чиқиш чекланган, қадрдонларнинг яхши кунларига шерик бўлиш учун нари борса бир соатча вақт топилади.
Ана шундай камнамо бўлиб қолаётган оғайниларга бир-икки писанда қилган эдим, уларнинг ҳаммаси бир хилда жавоб қайтаришиб, гапни қисқа қилишди:
— Сен ҳозирдан катта гапирма. Ҳали уйлангин, ўшанда кўрамиз!
Шу сабаб бўлди-ю, вақти келиб уйлансам, турмуш ўртоғим билан бу борада алоҳида келишиб, иложи бўлса оилавий кучга эга бўлган «шартнома» тузиб қўйишни кўнглимга тугдим. Данғиллатиб тўй қилиб, келин болани эсон-омон «остонаси тиллодан» деб таърифланадиган ҳужрачамизга олиб кирганимдан кейин, никоҳнинг биринчи кечаси хаёлимда пишитиб қўйган шартномамнинг бандлари билан не хаёллар оғушида қалт-қалт титраётган ёстиқдошимга таништира бошладим. Оилавий муносабатларимиз мутлақо «демократик тамойиллар»га асосланиши, рўзғорда эр-хотиннинг тенг ҳуқуқлилиги, мабодо кимда бирор ерга, айтайлик, учрашувга, концертга, чойхонага, ошналарникига, хуллас, мумкин бўлган жойларга бориш эҳтиёжи туғилса, ўзаро эътироз билдирмаслик, бўлар-бўлмасга рашк қилмаслик, димоғ-фироққа изн бермаслик шартномамизнинг асосий мазмунини ташкил этар эди.
— Сиз нима десангиз шу, — деди хотиним шартлар билан танишгач.
Унинг нақ ўзимбоп эканлигидан, айни вақтда эрга итоаткорлигидан бирда хурсанд бўлсам, бирда ғурурландим. Хуллас, хотинимнинг таклифига биноан шартномага «Истиснолар, тасодифлар, фавқулодда ҳолатлар» деган янги бандларни киритдик. Чилламиз чиққунча, одатларимизга риоя қилиб, шартномага эҳтиёж сезмадик. Келишувимизга кўра, бу «ҳужжат» қирқ кун чилла сақлаганимиздан сўнг расман амалга кирди.
Аввалига роса маза бўлди. Ишонсангиз, қирқ кун ичида «уйқизи» бўлиб қолган эканмиз, нухтасини узган новвосдай, кетма-кет ошналар билан улфатчилик қилдик. Бугун туғилган кун, эртага гап, индинга «юв-юв», унинг эртасига «бош оғриқ», ундан кейин яна бир бало ўйлаб топилади…
Аммо ўн-ўн беш кундан кейин бунақа маза-бемаза кўнгилхушликлар жонга тегди чоғи, ҳамма жўралар ўзи билан ўзи овора бўлиб, чойхонадаги ошхўрликлар кескин камайди. Боз устига, ётиб еганга тоғ ҳам чидамас, дегандек, назаримда, кўпчилик даврадошларимизнинг чўнтакларида шамол ўйнай бошлади.
Бироқ, аксига олиб, хотинимнинг юришлари тобора кўпаядиган бўлиб қолди. Ҳали у ёққа, ҳали бу ёққа. Ҳар кетганда кун кеч бўлмагунча қайтай демайди. Ишдан ғижимланган газетадек бўлиб қайтганимда на ош-овқатнинг тайини бор, на уйдаги саранжомликнинг. Бу ҳам етмагандек, топган-тутганимнинг деярли ҳаммаси хотинимнинг «борди-келди»сига кетадиган бўлди. Алам қиладигани, ўзим ўйлаб топган шартнома мени эмас, кўпроқ хотинимнинг фойдасига ишлаётганди. Пора еган бошлиқдай тилим қисиқ, хумори тутган чилимкашдек бошимни қаерга уришни билмай қолдим…
Ишхонамда юмушлар билан ўралашиб, бу можароларни пича унутгандек эдим, телефон жиринглади. Кўтарсам, хотиним.
— Бегим, ўзингизми?
«Оббо, — дейман ўзимга ўзим, — «бегим-бегим»лаб жонимни олмаса гўргайди…» Асабим қўзиса-да, қўрслик қилмадим. Хотиним мақсадга кўчди:
— Бугун қизлар билан дугонам Лолахонни кўргани туғруқхонага бормоқчийдик. Барака топгур, ўғил туғибди…
— Лолахонингиз ўтган ой туғувди шекилли, — дедим ўзимни базўр тутиб. — Инкубаторми, нима бало?
— Нега унақа дейсиз, бегим, — хотиним хотиржам давом этди. Унинг бепарволигию, ўзимнинг бўшанглигим бирдай жаҳлимни қўзғарди. — Ўтган ой Аълохон туғувди, қиз. Озроқ пул берсангиз, девдим…
Энди чидолмадим, дилимдагини тилимга чиқардим:
— Хоним, дугоналарингиз ҳам, юришларингиз ҳам жонимга тегди! Қачон биз ҳам одамларга ўхшаб хотиржам яшаймиз?
— Мен нима қилай, бегим? Ахир, ўзингиз…
Хотиним нима демоқчилигини илғаб, гапини чўрт кесдим:
— Гап тамом! Ҳеч қаерга чиқмайсиз. Уйга борганимда овқат тайёр бўлсин, мен ҳеч нарсани билмайман!
Жаҳл билан гўшакни тарақлатиб қўйдим. Кечқурун бўшашганча уйга қайтдим. Ҳеч қаерга қараб бўлмайди, ҳамма нарса остин-устун, қозон сувда, хотинимнинг ўзи йўқ. Хунобим ошиб, бунақанги бетайин шартномани ўйлаб топган кунимга лаънат айтиб, ўзимга ўзим емак тайёрладим. Бир маҳал қарасам, нонушта қиладиган хонтахтамиз устида бир парча қоғоз турибди. Дарров ўқишга тушдим: «Бегим, шартномангиз шартларини сиз унутган бўлсангиз ҳам, мен унутганим йўқ. Гапингизда туринг энди. Ҳа, айтгандай, боя Мутавали Сотволди қассобникига «сабзи тўғрар»га айтиб кетувди. Бемалол бораверинг, озроқ ичиб келсангиз ҳам майли, эътирозим йўқ. Ахир, ўртада шартнома бор…»
Ичим қизиб, кўчага чиқдим.