Ҳотам Хуррамов яхши ходим бўлгани билан сал тўқимтабиат одам. Айтишларига қараганда, шу ерда ишлаётганларига қирқ йилдан ошибди.
Кеча Ҳуррамовни Эгам Рабиевич чақирибдилар. «Сиз шу соҳанинг пирларидансиз — суягингиз шу ерда қотган. Хўп десайиз, сизни мукофотга тавсия этмоқчимиз. Бир-иккита жой билан гаплашдим, улар ҳам сизни маъқуллашди, — дебди Эгам Рабиевич уч қаватли бақбақасини қашиб. — Ҳозир шундоқ чиқинг-да, адлкадр Ҳамрохонга учрашинг, у сизга анкета тўлдиради… Яна бир гап — пака буни биров билмасин…»
Ҳотам Хуррамов шошиб қолибди.
— Мани ҳурмат қилибсиз, сизни Худо ҳурмат қилсин. «Пака» деяпсиз, кейин оғизга тушса сизга гап тегиб юрмасин. Яхшиси, местком раиси Қодирқулни…
— Қодирқул! Қодирқулингизни қўйинг, яқинда Чимёнда ўйнаб келди. У ҳали ёш, мукофот олишга улгуради. Гал ҳозирча сизники!
— Буғолтиримиз Умрияхон-чи? Саккизта боласи бор,ишга мендан бир йил олдин кеган…
— Қанақасиз ўзи, Ҳотам ака! Биров бераман деса, ноз қиласиз-а! Нима, масъулиятидан қўрқаяпсизми ё?..
Хуллас, Эгам Рабиевич Хуррамовнинг кўнглини тоғ қилиб, кадрлар бўлимига чиқариб юборибди. У лапанглаганча Ҳамрохоннинг олдига борса, Ҳамрохон тоғдай кўнгилни «талқон» қилибди-қўйибди. Ўрталаридан нима гап ўтган, ҳеч ким билмайди.
Ҳамрохон жиғибийрон — хонама-хона кириб, нуқул: «Мен ортиқча савол берганим йўқ. Анкетада борини сўрадим, холос. Отам тенги одамнинг гапига қаранглар — мен эрсираб қолган эмишман!» дея жавраётганмиш. Ҳамма ҳайрон: Ҳотам Хуррамов Ҳамрохонга нега бундай деган?..
Бу жумбоқ Эгам Рабиевичнинг «сир»ини фош қилди. Яъни Хуррамовнинг мукофотга тавсия этилаётганини кўпчилик билди. Табиийки, гап Эгам Рабиевичнинг ҳам қулоғига бориб етди ва тушдан кейин Хуррамов билан Ҳамрохонни хонасига чақирибди.
— Мен сизга нима деган эдим? — Бошлиқ биринчи бўлиб Хуррамовни зуғумга олган. — Пака ҳеч ким билмасин, дегандим-ку? — Хуррамов бошини қимирлатиб қўйибди. — Бошқалар нима деб ўйлайди энди! Бошлиқ бизлардан гап яшираркан, дейишмайдими? — Сўнг Ҳамрохонни ўрнидан турғизибди. — Ҳа, синглим, сизга нима дард тегди? Оғзингизга маҳкам эдингиз-ку!
— Мен ҳалиям оғзимга маҳкам, — дебди Ҳамрохон тўлиб турган ўпкасини бўшатиб. — Кап-катта одам менга туҳмат қилиб ўтирибдилар.
— Қанақа туҳмат?
— Мен… ҳалиги… эрсираган эмишман.
— Нима, нима! — Эгам Рабиевич ўрнидан сакраб турибди. — Ким ўйлаб топди буни? Қайси бир хотинбоздан чиқди бу гап?
— Мана бу кишидан, — Ҳамрохон боши билан Ҳотам Хуррамовни кўрсатибди.
— Бу нима гап! — Эгам Рабиевич бошини чангаллабди. — Мен сизни маданиятли, хотин-қизларни ҳурмат қиладиган олижаноб киши деб юрсам, ҳали бунақа салбий хусусиятларингиз ҳам бормиди? Синглимизни нега бунақа деб ҳақорат қилдингиз? Эрсираганини қаёқдан биласиз?
— Гап биринчи ундан чиқди, — дебди ҳали бирорта ҳам саволга жавоб бермаган Хуррамов Ҳамрохонни кўрсатиб. — Менга «эркакмисиз?» деди. Ҳамиятимга тегди-да! «Эркак, эркак эмаслигимни кўрмаяпсанми! Эрсираб қолган, банда!» дедим жаҳл устида. Сизгаям биров лўп этиб шундай десин қани, нима деяркансиз!
Ҳотам Хуррамовнинг бу гапи «мени ўрнимга ўзингни қўйиб кўр-чи», деган маъно беради-да. Шу боис Эгам Рабиевич ноқулай аҳволда қолибди.
— Шу ростми? Шу гап сизнинг оғзингиздан чиқдими, Ҳамрохон?..
— Рост, — дебди Ҳамрохон ер чизиб. — Лекин, мен…
— Ўзиздан ўтканакан-да, синглим, — Эгам Рабиевич тик тургани эсига тушиб, қайта ўтирибди. — Эркак кишига унақа демайдилар, синглим. Тем боле, аёл тўес, ҳали қиз боласиз… Ҳар қандай эркак ёмон хаёлга бориши мумкин-да… Сиз бўсайиз, Ҳотам акани беноват қилиб ўтирибсиз…
Ҳамрохоннинг хўрлиги келиб турса-да, кўзёшига зўр беришдан фойда йўқлигини англаб етибди.
— Эгам ака, мен бу гапни ичимдан чиқариб айтмадим, — дебди Ҳамрохон дадил-дадил. — Анкетада шунақа савол бор. Шунга асосланиб…
Эгам Рабиевичнинг юзига билинар-билинмас кулги ёйилибди. У устки лабини бир-икки бор сўриб, дебди:
— Анкетада шунақа савол бор эканми?
— Бор! — дебди Ҳамрохон ютиниб. — «Жинси: эркак, аёл», деган жой бор-да, Эгам ака. Мен ичимдан тўқиганим йўқ-ку!
— Гап буёқда денг, — дебди Эгам Рабиевич кулиб юбормаслик учун оғзининг икки четини бош ва кўрсаткич бармоғи билан тутиб. — Саволни бошқача қўймабсиз-да, сизам. Кимсиз, деса… Э, бунисиям хунук эшитиларкан. Ўзи эркаклардан кимлигини сўраш шартмикан! Эркак — эркак-да! Шу жойини ўзингиз тўлдириб қўймабсиз-да, Ҳамрохон. Ҳотам аканинг эркаклигини биласиз-ку, юз-кўзи айтиб турибди.
Эгам Рабиевич иккаласини муросага келтириб чиқариб юборибди.
Айтганча, можарога сабаб бўлган «Анкета» тўлдирилиб тегишли жойга юборилган. Ҳозирча натижаси номаълум бўлса-да, лекин бир гап маълум: мукофотни олган куни «эркакчасига ювамиз» деяптилар Ҳотам Хуррамов.