Сиз аёлни заифа дедингизми? Сўзингизни қайтиб олинг. Бу борада бироз ўйлаб гапиришга тўғри келади. Йўқ, мен уларни шахсий ҳимоямга олмоқчи эмасман. Чунки улар менинг ҳимоямга зор эмас. Аммо шунга қарамай, гапингизни қайтиб олишингизга тўғри келади. Нега дейсизми?
Тебса-тебранмас, дунёни сув босса, тўпиғига чиқмайдиган эркаклар аёлларни деб… одамга айланганларини эшитмаганмисиз?
Жияним бор. Сабрдан кейин туғилган. Бир жойда ўтиролмайди. Ҳар куни учта пайпоқ йиртади. Кутиш деса лабига учуқ тошади. Ҳеч қачон айтилган вақтда келмайди, керак пайти излаб тополмайсиз. Диплом ишини домлалари аудиторияга қамаб қўйиб ёздиришган. Шу жияним бир офатижон туфайли «қолип»га тушди-қолди.
Итдан жуда қўрқардим. Ишонасизми, аёл туфайли бу қўрқувдан батамом халос бўлдим. Воқеа бундай бўлганди. Бўлажак келинингиз билан учрашувдан қайтаётган эдик. Ка-атта бир кучук бола бизга қараб пилдираб қолди-ку! Дамим ичимга тушиб кетди. Шу пайт ёнимдаги хоним итдан қўрққан одамларни жини суймаслигини айтиб қолди. Бирдан дадилландим, ёнимиздан бепарво ўтиб кетаётган бечора итни шундай қувладимки, худди у одаму мен итдек…
Ҳарбий хизматдалигимда бир эҳтиётсизлик туфайли хизматдошимнинг оёғи лат еди. Докторларга олиб бориш менинг зиммамга тушди. Боргунимизча у оҳ-воҳлари билан ҳаммамизни «қон» қилди.
Тиббий бўлимда эса аҳвол бутунлай ўзгарди. Бахтимизга бизни шунақа ҳамшира қаршиладики, беморнинг ёдидан оёғи, бизнинг ёдимиздан бемор чиқиб кетди.
Хуллас, келгунча тинимсиз вой-войлаган хизматдошимиз уни кўриб тиржая бошлади. Ҳайрон қолдим. Нима қиларкин деган ўйда ярамаснинг лат еган оёғини жўрттага бир-икки туртиб қўйдим. Оғриққа чидолмай чинқириб юборишини кутгандим…
Чинқириш қаёқда, қаҳ-қаҳ отиб кулади, аблаҳ. Буям етмагандай ҳамширанинг «кўп гапирманг уриниб қоласиз» деган гапига ийиб, «сизнинг қўлингизда ўлишгаям розиман» деса бўладими!
Газетадан ўқиб қолдим. Бир аёл ўғлини топтаб ташламоқчи бўлган бегемотни бир уришда нариги дунёга равона қилибди. Агар у заифа бўлса, шундай баҳайбат махлуққа бас кела олармиди?
Хуллас, аёл — заифа эмас. Заифа бошқа?
Ким дейсизми? Қўйинг нима қиласиз, гапни кўпайтириб?!