– Қизлар, бўлди, тура қолайлик. Тўққиздан кейин ётоқхонага киритишмайди.
– Ростдан ҳам, кетдик. Умиданиям кўрдик. Тўйига келганимиздан хурсанд бўлди. Қани, омин қилайлик.
– Ҳанифа, сиз дуо қила қолинг. Ҳаммамиздан каттароқсиз… ҳажм жиҳатдан, – қизлар даврасида кўтарилган гуррос кулгу бошқа столдагиларнинг эътиборини тортди.
– Ҳазилни кўтарганингиз учун ҳазиллашамиз-да. Яна хафа бўлманг.
Дугоналарига нисбатан тўлароқ Ҳанифа бундай гапларга кўникиб қолган эди. У майингина табассум қилди-да, қўлини дуога очди:
– Омин, дугонамиз ўзи истаган гўзал бахтга эришсин… – ҳаяжонли бир хўрсиниш олиб, аста пичирлади: – Худо бизни ҳам шунақа кунларга тезроқ етказсин.
Қизларнинг “Ў-ў-ў” деб қийқиришганидан сергакланган Ҳанифа ичимда айтдим деб ўйлаганини эшитиб қолишганидан дувва қизарди.
Қизлар дугона-келин ва унинг онаси билан хайр-хўшлашгач, тўйхонадан чиқишди. Йўловчи чорлаб чироқ липиллатаётган турнақатор машиналардан бири, ниҳоят, улар айтган нархга кўнди. Машина ичи тўйхона, тўй, келиннинг кўйлаги, столларнинг тўкинлиги, тўй эгаларининг кийимлари, куёв ва куёв жўралар ҳақида ғийбат аралаш суҳбатга тўлиб, бирозгинаси очиқ деразадан чиқиб, тўйхонага қайтиб ҳам кетди. Қизлар илмоқли гаплар ташлаб ҳайдовчи йигитни ҳам гурунгга тортишга уринишди. Йигит уларнинг саволларига кўзини йўлдан узмай қисқа-қисқа жавоб берди.
Орқа ўриндиқда ўз хаёллари билан ўтирган Ҳанифанинг нигоҳи бехосдан машина олд пештоқидаги ойнадан ҳайдовчи йигитга тушди. Нигоҳи кўзгудаги аксни кўрди-ю, ортга қайтишни унутди, бир неча дақиқа ундан узилмади. “Юсуф пайғамбарнинг ўғли, йўғ-э авлоди эмасмикан”. Хаёлига шу фикр келган ҳам эдики, кўзгуда ҳайдовчининг нигоҳи ҳам Ҳанифанинг нигоҳига қадалди. Жиноят устида қўлга тушган ўғридай Ҳанифа ўзини қўярга жой тополмай, ташқарига қаради. Бу қилиғи учун ўзини беҳаёликда айблади. Имкони бўлса-ю, машинадан тушиб қолса. Йигитнинг нигоҳидан тушиб қолган бир парча чўғ уни борган сари ёндира бошлади. “Уҳ… Эй Худо! Ҳанифа, тинчлан. Сенинг айбинг йўқ. Шунчаки тасодифан бўлди. Ёнимдаги гулдай очилиб ўтирган дугоналарим қаерда-ю, мен қаерда”. Чўғ тафти бундай овутишлардан сўнг бироз пасайгандек бўлди. Манзилга етиб боргунча ўша шафқатсиз кўзгуга бошқа қарамади.
Қизлар пулни узатишаркан, ўпкалаган кўйи:
– Яхши йигит бўлсангиз ҳам, яхши ҳамроҳ эмас экансиз, – деб ҳайдовчи билан хайрлашган бўлишди. Ҳанифа чекига тушган пулни берди-ю, биринчилардан бўлиб ташқарига отилди. Орқадан келаётган “Матиз” чийиллаганча бурилиб ўтди. Ҳанифанинг ҳуши учди.
– Ҳой, эҳтиёт бўлинг, синглим. Яхшиямки, ҳеч нарса қилмади, Худонинг ўзи асради, – йигитнинг хавотир билан айтган бу сўзлари уни баттар карахт аҳволга солиб қўйди. У кейин қандай қилиб йўлдан ўтганию ётоқхонага кириб борганини ҳам сезмади. Ухлашга ётаркан, нигоҳлари тўқнашган ўша лаҳзани хаёлида қайта-қайта гавдалантирди. Йигитнинг айтган гапларини минг бир бўлакка бўлиб таҳлил қилди. “Нега ўшанда менга қарадийкин-а? Ахир, табиий-ку, кимдир тикилиб турганини ҳис қилсанг, сен ҳам унга қарайсан. Унда ҳам шундай бўлган-да. Лекин табассум ҳам қилгандай бўлдими? Йўғ-е, менга-я? Кўп ўйлайверганимдан шундай туюляпти. Аммо… мени қайғуриб айтган гаплари-чи… Индамаслиги ҳам мумкин эди-ку? Ахир, унга нима эди? Мени машина уриб кетадими-йўқми… “Эҳтиёт бўлинг, синглим”, деди. Қандай меҳрибон! Уф… бўлди, тентак бўлма, Ҳанифа. Ўрнингда бошқа қиз бўлганда ҳам унга шундай деган бўларди. Лекин… ”
Ҳанифа эртасига ҳам ўша афсунли хаёллар оғушида юрди. Бетўхтов нималарнидир ўйлар, қандайдир тўхтамларга келар, кейин уларни рад қилиб, яна бошқа фикрлар кетидан эргашар, улардан яна қайтарди. “Эҳ, яна бир қарашим керак эди. Нега чўчидим-а? Балки кейин у йўл бўйи менга тикилиб, менинг ҳам нигоҳимни кутгандир. Нималар деяпман?.. Уҳ, нега ажинадан қочгандай тезда тушиб кетдим-а? Менга айтадиган гапи бўлгандир. Охирроғида тушганимда яна бирор нарса дермиди. Тентак бўляпман, йигит-қиз бир марта бир-бирига қараса, дарров кўнглидагини айтадими? Лекин “Яхшиямки, Худонинг ўзи асради”, деди-ку. Демак, менга ҳали кераксиз, демоқчи бўлган!.. Агар мени ўша машина уриб кетганида қандай аҳволга тушарди? Қанийди, шундай бўлиб қолганида. У нима қиларди? Тавба де, нималар деб алжираяпсан? Эҳтимол, кўзгудан умуман қарамагандир менга. Лекин…” Орадан бир неча кун ўтгачгина, имконсиз бир туйғуга, саробга берилиб кетаётганини англаб етди. Кейинчалик эса бу дард устини чанг қоплади….
– Қизлар, бир илтимос, домла келса, узримни айтиб қўйинглар. Учинчи парага киролмайман-да. Бугун қишлоқдош дугонамнинг туғилган куни. Боласи касал экан, ёрдамга эртароқ чақирган эди, шунга. Майли, яхши қолинглар, – деб Ҳанифа шоша-пиша аудиториядан чиқиб кетар экан, орқасидан айтилган: “Тавба, кимнинг у билан неча пуллик иши бор”, деган писандани эшитмади.
Ҳанифа дугонаси Роҳиланикида уйни тозалашга, пишир-куйдирга ёрдамлашди. Ўша куни ҳамма ишлар тугагач, қуёш ботмасдан кетишга шайланди. Шу пайт телефонига хабар келганини билдирувчи какку овози янгради. Одатдагидай уяли алоқа компаниясидан рекламалар ёки ФВВдан хабар, деган ўй билан беэътиборгина телефонига назар ташлади. Йўқ, номаълум рақам. “Салом, Ҳанифа. Яхшимисиз? Мен сизни анчадан бери кузатиб юрибман. Лекин сиз мени танимайсиз, балки кўргандирсиз. Ҳозир қаердалигингизни ҳам биламан. Йўқ демасангиз, сизни пастда кутиб тураман. Ишларингиз тугагач, жавоб ёзинг, илтимос”. Аввалига Ҳанифа ҳайратдан энтикиб кетди, сўнг мийиғида кулиб қўя қолди: “Қандай яхши, кимдир адашиб бўлса-да, шундай SМS ёзиб турса. Йўқ, тўхта. “Ҳанифа” деган-ку. Ҳам “ишларингиз тугаса” деган. Ички бир ҳаяжон билан яна қайта ўқиди. Роҳила тамадди қилмасидан уни қўйвормаслигини айтиб, хаёлларини тўзғитиб юборди. Овқатдан тотинган бўлиб ўрнидан турди. “Кетиб қолмасин-да”, деган ўй Ҳанифанинг ўзига ҳам сездирмасдан уни шоширар, тезроқ кўчага чорларди. У қўлига телефонини олди: “Кимлигингизни билмадим-у, лекин илтимос қилганингиз учун ёзяпман. Ишларимни тугатдим, тушяпман”. Ким бўлса ҳам, кўчада турган бу йигитнинг шунча йилдан бери кутаётган шаҳзодаси эканига негадир қаттиқ ишонарди шу тобда. Дугонаси билан шоша-пиша хайрлашди. Зиналардан гўё учиб тушаётганда дугонасиникига турнақатор чиқиб келаётган меҳмонларга дуч келди. Ораларидаги гул кўтарган иккита қишлоқдош қизни таниди, саломлашди. Эркак ларнинг чеҳралари лип-лип ўтди. “Яхшимисиз?”. Саволни ким бергани-ю, ўзининг нима деб жавоб қилгани эсида ҳам қолмади. Қандайдир қўрқув остида ташқарига аста қадам қўйди. Енгил шабада унга далда бергандек бошини силаб ўтди. Фарзандларини ўйнатиб юрган ёш жувонлардан, ўриндиқларда суҳбатлашиб ўтирган уч-тўрт кекса аёлдан бошқага кўзи тушмади. Ҳанифа атрофга хавотир билан қаради. Яна бир-икки қадам ташлади. Кутилган одам йўқ. Оқшом тушаётгани ҳақида хабар тарқатиб гала-гала учиб ўтаёган қушлар чуғурлаб, гўё келаётган тунга йўл бўшатишарди Ҳанифа бекатга қараб қадамларини тезлатди. Бекатда ўтирган ёши элликларга борган аёл билан эркакнинг ёнига оҳиста чўкди. Кейин кимнидир кўрмай қолишидан ёки кимдир уни кўрмай қолишидан чўчиб дарров ўрнидан турди. Эҳтиёткорлик билан гоҳ ўнг, гоҳ чап, гоҳ орқа томонга нигоҳини қидирувга юбора бошлади. Бир оз ўтгач, ёнидагиларнинг суҳбатидан уларнинг эр-хотин эканлигини англади. Улар катта қизларини даволатиш, операция ҳақида асабийлашиб суҳбатлашишар, гоҳ талашиб тортишишар, ора-орада аёлнинг йиғламсираган товуши эшитилиб қоларди. Узоқдан автобуснинг қораси кўринган ҳам эдики, эр-хотин ўрнидан силжиди.
– Сен автобусда кетавер, мен орқангдан етиб оламан. Бугун жуда чарчадинг, – деди-да, эркак норозинамо қараётган аёлини автобусга чиқариб юборди. Сўнг автобус ортидан шахдам қадамлар билан юриб кетди.
Ҳанифа кўзида эндигина ёнган, сўнишни истамаётган умид учқунларини ўтиб-қайтаётганларга улашишдан чарчамасди. “Шу вақтгача эътибор бермаган эканман. Нега одамлар роботга ўхшайди. Нигоҳлари қотиб қолган. Улар ҳам бир пайтлар севган ёки мендай севилганмикан? Юзларида бирор туйғу аломати сезилмайди. Гўёки юриб кетаётган ҳайкаллар. Ахир, ҳаёт гўзал-ку! У билан мен бир умр завқланиб яшаймиз, юзимизда доимо қувонч, шодлик балқиб туради. Ҳамманинг бизга ҳаваси келади…”. Ҳанифа илк бора атрофдагиларга баҳо бераётган, келажаги ҳақида мафтункор хаёлларга берилаётган эди.
Ўтаётган ҳар бир лаҳза “У ҳозир ёнингга келади” деган умидни Ҳанифага сахийлик билан тақдим қилар, тобора қуюқлашаётган қоронғилик эса у кутаётган, ёнида тургандек ҳис қилаётган сиймони аста-секинлик билан ундан нарига олиб кетарди. Ниҳоят вақт алламаҳал бўлганда навбатдаги тўхтаган автобус уни бағрига олди. Чиқиб, дераза томондаги ўриндиққа чўкди. Аммо нигоҳи кимгадир илиниб қолиш илинжида манзилга етгунча ташқарида қолди. Ҳанифанинг кўзидан ёш томчилари ўзига ҳам сездирмай думалаб тушди.
Хонасига киргач, анча вақтгача давом этган уйқусизлигига “Айтувдим-ку, хабар адашиб келган” деган хулоса чек қўйди…
– Берган вазифам бўйича фақатгина Ҳанифанинг, Маҳлиёнинг, Дониёр ва Сухробнинг жавоби қониқтирди. Қолганларнинг тайёргарлиги яхшимас. Майли, ҳаммага рухсат, – деб иккинчи соатга кирган профессор чиқиб кетди. Шу пайт Ҳанифа эшик қиясидан кимдир имлаётганини сезиб қолди. Қараса, курсдоши Маҳлиёнинг синглиси Гулҳаё. У пастки курсда ўқийди.
– Салом, яхшимисиз, Гулҳаё? Опангиз пастга овқатлангани тушиб кетди-ёв. Ё у-бу фандан ёрдам керакми, тортинмай айтаверинг…
Гулҳаё у ёқдан-бу ёққа жовдираётган кўзларини Ҳанифанинг кўзларига тикди-да, хижолатли жилмайиб, орқасида яшириб турган бир даста атиргулни олиб тутқазди.
– Ҳанифа опа, бу гулни сизга бир йигит бериб қўйишимни тайинлади-ю, кўздан ғойиб бўлди. Лекин уни танимайман.
Ҳанифа гулдан-да баттар қизарди. Кечаги илинжу умидсизликлардан ҳамон пароканда хаёллар гулга талпинган капалаклардай яна қайтиб келди. Қалбида уйғонган қувонч туйғуси унга бир қучоқ атиргулнинг завқини бергандек бўлди. Гулҳаё кетгач, Ҳанифа маликалардек яшнаб турган атиргулларга қайта-қайта термулар, қайта-қайта ҳидлаб ифорига тўймасди. Сўнг уни қўлида авайлаб ва баландроқ кўтарганча аудиторияга қайтиб кирди.
– Чиройли экан. Қаердан уздингиз? – деди орқа партада ўтирган қиз. Ҳанифа “Менга гулни кимдир бериши мумкинлиги буларнинг хаёлига ҳам келмайди”, деган ўйдан маъюсланиб турган ҳам эдики, шошилиб кириб келган Маҳлиё гулни кўриб:
– Ў, чатоқсиз, Ҳанифа. Ким берди? – деди.
Бу саволдан руҳи тоғдек кўтарилиб кетди. Маҳлиёни қучоқлаб олгиси келди. Шу пайт профессор кириб қолгани боис Ҳанифа Маҳлиёга жавоб тариқасида жилмайиб қўя қолди. Дарс давомида Ҳанифанинг ўша афсунгар хаёллари уни узоқ-узоқларга олиб кетди. Аммо қисқа янграган какку овози уни яна ўз жойига қайтарди. Шоша-пиша сумкасидан телефонини олди. Ҳа, ўша рақам. “Салом, Ҳанифа. Мени кечиринг, ўша куни сизга кўринишга ўзимда куч топа олмадим. Бу гулни эса узрим белгиси сифатида қабул қилишингиздан умидворман”. Хона деразасидан мўралаб турган қиш Ҳанифанинг қалбида яшнаётган баҳордан ҳайратланди. “Эй, Худойим… у ким бўлиши мумкин? Ким экан-а? Энди нима деб жавоб ёзаман?.. Хўш, “Гул учун раҳмат. Лекин сиз кимсиз?”. Йўқ, бўлмади. Жуда қўпол чиқди. Қизболалик латофатим ҳар бир сўзимда билиниб туриши керак. Уф, бармоқларим намунча титрамаса. Ҳа, топдим. “Гул учун ташаккур! Аммо кимлигингизни билолмаяпман”. Бор таваккал – “жўнатиш”. Орқа қатордаги қизларнинг қиқир-қиқир кулгусига ҳамоҳанг қўнғироқ ҳам янгради. Ҳанифа ҳаммадан сўнг аудиториядан чиқди. Зинадан аста тушар экан, рўпарасидан чиқиб қолаётган йигитларга кўз қирини ташлаб-ташлаб қўярди. Ҳеч кимнинг у билан иши йўқ, унинг бор-йўқлигини билишмайди ҳам. Шаҳарга келгандан бери сеҳрли қалпоқча кийган кўзга кўринмас одам эди у. Ҳар ҳолда, ўзини шундай ҳисобларди. Энди ҳаммаси бошқача бўлишини, кимнингдир эътиборига тушган инсон эканлигини ўйлаб қувонди. Бу дунёга келганидан, қайсидир юракда ўзининг ҳам қиёфаси борлигини туйганидан, мана бу ўтиб қайтаётган одамларнинг, дугоналарининг борлигидан, ана шу зиналар ва оппоқ деворларнинг гўзаллигидан, ташқарида қуёш нур сочиб турганию дарахтлар ва осмон мавжудлигидан у илк бора масрур, сархуш эди. Ана, орқасидан қадам товушлари эшитиляпти. Ҳанифанинг юраги отилиб кетиш даражасида гуппиллай бошлади. “Ўша йигит бўлса-я” деган хаёл оёқларидан мажолини олди. Ортиқ юролмади, жойида тек қотди. Қадамлар жуда яқин келди. Ёнидан сумкасини титкилаганча бир қиз беэътиборгина ўтиб кетди. Ҳанифа ҳавоси чиқиб кетган пуфакдай бўшашиб қолди: “Уҳ, хайрият-эй”. У ётоқхонага кетар экан, йўл бўйи SМS эгасини сергак нигоҳ билан изларди. Хонасига минг ўй билан кирган ҳам эдики, яна какку овози эшитилди. Ҳаяжон-ла телефонини олиб қаради. Яна ўша рақам: “Ҳанифа! Сизни кўргач, кимлигимни, нима учун яшаётганимни унутдим. Мен сизга рўбарў бўлишга ботинолмай, ўз ёғига қоврилиб юрган ошиғингизман. Шунинг учун мендан ранжиманг”. Ҳанифа кутилмаган бу сўзларни ўқир экан, негадир жавон эшигига ўрнатилган бўй баравар ойнага нигоҳ ташлади. Текис таралиб, оддий турмакланган сочларидан тортиб, сийрак қошлари, нари-бери нимпушти бўёқ сурилган лаблари, кулчадай истарали юзи ва аммо тўладан келган қоматига қараб, қаҳқаҳ отиб кулиб юборди: “Ошиғим. Мени-я? Мен ҳечам биров кўриб унутиб юборадиган даражадаги қиз эмаслигимни ўзим ҳам биламан. Анчадан бери бунақа кулмагандим. Демак, аниқ англашилмовчилик бўляпти. Бу бечора бошқа Ҳанифанинг рақамини кимдандир сўраган, у одам адашиб меникини бериб юборган. Буни ҳозир янада ойдинлаштирамиз. “Сиз мени бошқа қиз билан адаштириб юборгансиз, шекилли” деган сўзларни терди-ю, бироз ўйлангач, яна ўчириб ташлади. Кейин яна шу гапни ёзди ва ёнига қўшимча қилди: “Агар ундай бўлмаса, айтинг-чи, мен бугун қандай рангдаги кийимда эдим?”. Эндиги келадиган жавоб Ҳанифанинг орзулари ё ўлишига, ё тирик қолишига сабаб бўлишини ўзи ҳам биларди. У телефонини ёстиғининг тагига қўйди-да, пастки қаватга тушиб кетди. Нима учун бундай қилаётганига ақли етмасди. Даҳлизда у ёқдан-бу ёққа бориб келди, очиқ дераза томонга ўтиб кўкка узоқ тикилди. Оппоқ булутлар аста ёйилиб, осмонга сингиб, кўздан ғойиб бўла бошлади. Ҳанифа йўқолиб бораётган бу булутларни ўз шаҳзодаси ҳақидаги орзуларига менгзади. Сўнг юрак ютиб, яна ўз қаватига, ўз хонасига чиқди ва аста ёстиғини кўтариб телефонини олди. Хабар келганди: “Ошиқларнинг юраги ҳеч қачон адашмайди. Менга шунчалик ишонмабсиз-да. Бугун қора юбка, жигарранг кофтада эдингиз. Дарсларингиз 308-хонада бўлди. Мени ҳали кўрмагансиз, ҳолатингизни тўғри тушунаман. Фақат менга вақт беринг”. Ҳанифа ўзини каравотга ташлаб, юзини ёстиққа босганча ҳўнграб йиғлаб юборди…
– Ў, душанбадан ўзгаришлар катта-ку. Гулдай очилиб кетибсизми?
– Эҳ-ҳе, Ҳанифахон, сиз ўшаму?
– Бугун y-бy танишингизнинг тўйи борми? Охирги дарсга яна кирмайсиз-ов.
Аудиторияга этаги бурама, белида ялтироқ тасмаси бор пушти куйлакда кириб келган Ҳанифа кулгу аралаш берилаётган саволларга қизаринқираган ҳолда ийманибгина қисқа жавоб бериб, жойига тезроқ ўтиришга шошилди. Бундай кийиниб келгани учун ўзига таъна тошлари ёғдирди. Дарс ҳам бошланди. Аммо Ҳанифанинг хаёли қўлида у ёқдан-бу ёққа айланаётган телефони билан бирга айланарди. Мана, ниҳоят какку овози, кутилган рақамдан SМS ҳам келди: “Салом, хайрли кун, Ҳанифа! Бугун гулдай очилиб кетибсиз. Сизни кўнгил боғимни яшнатгувчи гулим деб аташга изн беринг. Аммо шуни унутмангки, мен сизни ҳар қандай ҳолатингизда ҳам…”. Ҳанифа гулхан ўртасига тушиб қолиб, ўзини ёнаётгандай ҳис қилди. Юзи кўйлагининг ранги билан бир хил бўлди-қўйди. Беихтиёр чеҳрасига табассум югурди.
– Дилқулова, аҳволингиз яхшими? Бетоб бўлсангиз, айтинг, рухсат бераман.
– Йўқ, йўқ. Ҳаммаси жойида, яхшиман, домла. Узр.
Эътиборни тортмаслик учун ўзини тутиб олишга ҳаракат қилди. Устозга қараб ўтиргандек бўлса ҳам, кўзлари парта остидаги телефонида бўлди. Энди Ҳанифа бор диққатини жамлаб, нима деб жавоб ёзишни ўйларди. Унга бошқа дугоналари каби ардоқланиш, қизлик латофатини намойиш қилиш имконини бераётган хаёлий шаҳзодасини йўқотишни истамасди. Чунки Ҳанифа шунча йиллар давомида муҳаббат туйғусига муҳаббат қўйган эса-да, лекин ҳали унга муҳаббат қўйишмаганди. У ёзган жавобини кўп маротаба ўчириб ташлар, жумлаларни қайта-қайта тузарди. “Салом. Раҳмат, яхши. Ўзингиз яхшимисиз? Бугун ҳам мени кўрибсиз-да. Демак, шу ерда таҳсил олсангиз керак-а?”
– Шоҳиста, нимага куляпсизлар? Маҳлиё, сизга нима бўлди? Кулгили мавзу эканми?
Ҳанифа ўқитувчининг курсдошларига берган даккисидан хаёллари жиловини бир зумга торта олди. Яна какку овози… “Ҳанифа, сизни ҳар куни кузатаман. Бир кун кўрмасам, ҳаёт мен учун тугагандек бўлади. Бу ерда ўқимайман, ўтган йили битирганман. Менга кўзингиз тушган, аммо эътибор бермагансиз. Кўришганимизда ўзим ҳақимда батафсил айтиб бераман. Ҳозирча мени кечиринг”. Бу хабарни ўқигач, Ҳанифа ёзган жавобига афсусланди. “Уф, ўзимни кўришишга ўлиб турган енгилтак қизлардай тутдим-да. Уф… дарвоқе, мени кўргансиз, дедими? Шу вақтгача кўпчилик йигитларга шунчаки кўзим тушган-ку… – аммо миясига чақмоқдай урилган фикрдан сесканиб кетди. – Наҳотки… наҳотки, бу ўша бўлса?! Фақат у билангина нигоҳларимиз тўқнашган. Бу SМSлар машина уриб кетай деганда айтган сўзларига ўхшаб кетади… Шундай йигит-а? Мени-я?.. Йўғ-е, балки бошқадир. Аммо ким бўлиши мумкин? Эй Худойим! Нимадир ёзишим керак, нимадир. “Майли, қўяверинг. Сизни тушундим, кўп ҳам хижолат бўлманг”. “Хижолат”даги “х” қаттиқмиди, юмшоқмиди? Мунча довдирамасам”. Ҳанифа бошини аста орқасидаги партага бурди-да, Чаросдан “х”нинг қандайлигини сўради. Тўғри ёзган экан.
Бугунги дарслар тугагач, одатдагидай ётоқхонага қараб йўл олди. Дарахтлар Ҳанифанинг юришидаги, ўзини тутишидаги ўзгаришни кўриб ҳайратларини шамол билан шивирлашарди. Ҳанифа авваллари бефарқ ўтказадиган ҳар бир кунни энди илҳақ бўлиб кутар, ўзи ҳам билмайдиган яна қандайдир мўъжизалар содир бўлишига ишонарди…
– Ҳанифа опа, шошманг. Салом, яхшимисиз? Ў, ўзгаришлар катта-ку. Сочингизни ташлаб олганингиз ярашибди. Мана, буни яна ўша йигит бериб юборди.
– Менгами?! Тўхта, Гулҳаё. Ҳалиги… ўша йигитнинг кўриниши қанақа? Ҳали уни кўрмаганман, ким ўзи? Бу гап фақат орамизда қолсин, хўп?
Гулҳаё орқасига бир қараб қўйди-да:
– Менга ишонаверинг. Очиғини айтсам, чиройли йигит экан, – деб жилмайди. Сўнг хавотирли оҳангда: – Майли, мен кетдим, домламиз кечикканларни дарсга киргазмайди, – деганча югургилаб кетди.
Ҳанифа қўлидаги шоколад қутисига завқ билан қаради. Аудиторияга кирар экан, уни сумкасига солишни истамади. Дарс ҳали бошланмаган. Курсдош йигитлар гап ташлашди:
– Ҳанифахон, ой экансиз, шоколадга бой экансиз.
– Ширин бўлса керак, а?
Ҳанифа одатдагидай уятдан қизарди:
– Йўқ, туғилган куним эмас. Шунчаки, беришди, – деди ва қутини очиб, майл билдирганларга шоколаддан тарқатди. Ҳанифа шу пайт кимлардир унга ҳавас билан тикилиб турганини ҳис қилиб, ғурурланиб қўйди. Бироз фурсат ўтгач, хонага профессор билан бирга факультет декани, унинг ёрдамчиси кириб келди. Салом-аликдан сўнг талабаларга шартнома муддати тугаётганини, вақтида тўламаганлар дарсга киритилмаслигини эслатиб қўйишди. Ҳанифа бу борада бош оғритмаса ҳам бўлади, ота-онасининг хабари бор. Ҳозир “кўринмас одам”га қандай миннатдорлик билдириш кераклигини ўйлаши зарур. “Салом. Хайрли кун. Ширинлик учун катта раҳмат!”. Дарҳол какку овози янгради, жавоб келди: “Салом, гулим. Арзимаган нарса учун раҳмат дейишнинг ҳожати йўқ. Ҳаётимга кириб келганингиз учун сизга раҳмат!”.
– Дилқулова, доскага марҳамат. Дафтарингизни ҳам олиб чиқинг.
– Менми? Устоз, узр, бугун дарсга тайёр эмасман. Кеча… кеча мазам бўлмаганди, – биринчи марта ёлғон гапиргани учун Ҳанифа қулоқларигача қизариб кетди.
– Шундайми, майли, сизга ишонаман. Лекин кейинги дарс албатта тайёр бўлинг.
У биринчи марта ёлғоннинг ширин мазасини туйди. Танаффусда ёнига Маҳлиё келиб ўтирганини сезмай ҳам қолибди.
– Бунақа вазиятлар бўлиб туради. Ҳаётда ўқишдан ҳам муҳим нарсалар бор ахир, тўғрими, – мулойим жилмайди Маҳлиё. – Энди қачон “почча” билан таништирасиз? Уялманг, ахир курсдошмиз-ку.
Ҳанифа бу гапдан алланечук ғалати бўлиб кетди. Яна лўппи юзлари бир зумда қизарди. Аммо ҳали ўзи кўрмаган йигит билан қандай таништиришни ўйлаб, жавоб беришга оғиз жуфтлаган ҳам эдики, телефони жиринглаб суҳбатга аралашди. Ҳанифа юраги така-пука бўлиб рақамга қаради. Қўнғироқ қишлоқдан экан. Маҳлиёга узр айтиб, жавоб бергани хонадан чиқди. Отаси билан энди салом-алик қилаётган пайтда иккинчи йўналишдан ўша таниш рақам чиқиб қолди. Гарчи Ҳанифа ҳайратда қолган бўлса-да, отаси билан суҳбатни бўлишга қурби етмади. Отасининг қишлоқдошлар ҳол-аҳволи ҳақидаги, шартнома учун жўнатаётган пуллари уч кундан сўнг етиб бориши тўғрисидаги гаплари Ҳанифанинг қулоғига кирмай қўйди. Суҳбат тугагач, телефони қўллари орасидан тушиб кетишига бир баҳя қолди. Шу пайтгача у қўнғироқ қилиши ҳам мумкинлигини хаёлига келтирмаганди. Нима қилишини билмай бир нуқтага қадалиб қолди. Охири эътиборга эътибор билан жавоб бериш керак, деган қарорга келди ва қўнғироқ қилиш тугмасини босди. Мана, бир марта чақирди, иккинчиси, учинчиси… Йўқ, кўтармади. Кўзларига ёш қалқди. “Бошқа билан гаплашаётганимни билиб, нотўғри хаёлга борган. Яхшиси, SМS ёзаман: “Узр, сизга жавоб бера олмадим. Отам билан гаплашаётган эдим. Яна бошқа хаёлларга борманг”. Профессор келаётганини кўргач, хонага киришга мажбур бўлди. Жойига ўтирган ҳам эдики, какку овози янгради. Дарров қаради: “Ҳанифа, сизга ўзимдан ҳам ортиқ ишонаман. Нотўғри хаёлга умуман борганим йўқ. Фақат қайтиб қўнғироқ қилганингизда овозингизни эшитишга ҳали тайёр эмаслигимни ҳис этдим. Бу одобсизлигим учун мени кечиринг”. Елкасини босиб турган тоғ қулаб тушгандай енгил тортди.
Ҳанифанинг умр мазмуни телефонидаги какку овозига илҳақликдан иборат бўлиб қолди. У гоҳ ширин орзулар кетидан қувар, гоҳ бу орзулари жиловини “Нега кўринмаяпти?” деган ўй тортиб қўярди. “Балки уни мен билан кўриб қолишларидан чўчирмикан? Мен билан ёнма-ён туришдан ор қилса-чи?.. Йўғ-е, ундай бўлганида шу вақтгача менга бунчалик ҳиссиётли сўзларни жўната олмасди-ку. Ёки… Ўзининг бирор нуқсони бормикан… оқсоқмикан ё? Ўзи асрасин. Балки илк учрашувимиз учун махсус қайсидир кунни белгилаётгандир…”. Ёзишмаларга, ўй-хаёлларга гувоҳ кунлар эса аста ўтиб борарди…
Бугун дарсдан қайтишда Маҳлиё унга ҳамроҳ бўлди.
– Сиз ҳам ётоқхонагами? Кеча йўқ эдим, декан келиб мажлис қилибди-а? Йўқларга индамадими? – деб сўради у.
– Давомат қилмади, умумий йиғилиш бўлди. Кейинги ҳафтада қилиниши керак бўлган ишлар ҳақида гапирди.
– Унда яхши. Дарвоқе, Ҳанифа, байрамни “почча” билан нишонласангиз керак-а?!
Ҳанифа бундай гапларга кўникиб қолган бўлса-да, қизариш ҳали ҳам унга бегона эмасди:
– Қўйинг, бунақа гапларни.
– Биламан сизни. Балки, “почча” катта совға билан келар, дейман-да.
Ўз қаватларига чиққач, хоналарига тарқалишди. Бугун овқат қилиш Ҳанифанинг навбати бўлгани учун кийимларини алмаштириб ошхонага борди. Ҳали хонадоши келмаган ҳам экан. “Ўша куни у менга нима дер экан? Байрамда учрашувга таклиф қилиб қолса, нима қиламан? Қайси кўйлагимни кийиб чиқаман? Ҳар эҳтимолга қарши, кимдандир қарз олиб турай. Куйиб кетган пиёзнинг ҳиди сураётган ширин хаёлларининг таъмини бузиб юборди. Нима овқат қилаётганини бир зум эслади-да, қозонга сув солиб, хонасида қолиб кетган телефонини олгани югурди. Кутганидай орзубахш рақамдан хабар келган: “Яхшимисиз, қалбим зулматини ёритган Ҳанифам? Чарчамаяпсизми? Афсуски, сизга ўзим учун нохуш бўлган хабарни етказмоқчиман. Хорижга магистратура учун ҳужжат топширгандим. Боягина эртага эрталаб Англияга учиб кетишим ҳақида хабар қилишди. Олдингизда жудаям хижолатдаман. На сиз билан кўриша олдим, на байрамни нишонлаш насиб қилди. Ўша кунни интизорлик билан кутаётгандим. Фақат мендан ранжиманг”. Ҳанифа руҳи чиқиб кетган жонсиз танага айланиб қолди. Жойидан жилишга мадори етмади. Кўзини деразадан кўриниб турган мовий осмонга қаратди. Шу даражада тип-тиниқки, гўёки кўм-кўк уммон самога айланиб қолгандек. Ҳанифага аста-секин ранг кирди, яна ўша қувноқроқ ҳолатига қайтди ва жавоб ёзишга киришди: “Раҳмат, яхши. Табриклайман, эшитиб хурсанд бўлдим! Бемалол эcон-омон бориб келаверинг. Асло хижолат бўлманг”. Какку овози куттириб ўтирмади: “Тушунганингиз учун раҳмат, Ҳанифа. Март охирларида қайтсам керак. Сиз билан у ердан боғланишга ҳаракат қиламан. Ўзингизни эҳтиёт қилинг, гулим. Майли, яхши қолинг”. Ҳанифа номаълум шаҳзодаси нафақат уни севишини, балки хорижда ҳам ўқишини эшитиб, унга қанчалик ҳавас қилишларини ўйлаб юрагидаги ғашликни ҳайдашга уринди.
Кеча отаси шартнома пулини киракаш-таксичидан бериб юбораётганини айтди. Бироздан сўнг Ҳанифа келишилган манзилга бориши керак. Устозидан рухсат олиб, шошилганча зиналардан тушиб кетаётган эди, кимнингдир “Ҳанифа” деган чорлови уни таққа тўхтатди. Гурс-гурс ураётган юрагини ҳовучлади, аммо орқасига қарашга ўзида куч тополмади. Яна йигитнинг ўша чақирувидан сўнг аста бурилди. Қараса, деканатда ишлайдиган, ўттиз ёшлардаги, бўйи пастаккина, Ғанишер ака қўлида қоғоз билан турарди. – Яхшимисиз, Ҳанифа? Сизни излаб чиққандим. Шошяпсиз, шекилли. Кўп вақтингиз кетмайди. Мана бу анкетани тўлдириб беринг. Фақат сизники қолган.
Ҳанифа чуқур хўрсинди-да, қоғозни шоша-пиша тўлдиришга киришди.
– Мана бу ерига исм-фамилиянгиз, кейин туғилган жой, сана, йилингиз, бу томонига ота-онангизнинг исм-шарифлари ва телефонлари, бу ёққа доимий ва ҳозирги яшаш манзилингиз, охирига ўзингизнинг телефон рақамингиз. Мабодо, айрим курсдошларингизга ўхшаб бир нечта рақамингиз бўлса, ўшаларни ҳам ёзинг.
Ҳанифа ҳаммасини тўлдириб, қоғозни узатар экан, бехосдан кўзи таниш рақамларга тушиб қолди. Бу рақамлар ҳар сафар какку овозидан сўнг юрагини ҳаприқтириб пайдо бўладиган, номаълум соҳибининг умидбахш муждалари билан оромини ўғирлаган, туну кунга айланган хаёлларидан гўзал эртаклар тўқиган ва уни дунёда севилиш деган бахт борлигига ишонтирган ўша сирли рақамлар эди. Ҳанифа хатосини тузатиш баҳонасида қоғозни қайтариб олди. Аввалига, шунчалик боғланиб қолганим учун кўзимга кўринди, деб ўзига ишонмади. Сўнг бутун вужуди кўзга айланди. Бу сонлар кимнингдир иккинчи телефон рақами сифатида ёзилганди. Адашмаслик учун Ҳанифа титраётган кўрсаткич бармоғини аста юргизиб, ўша қатордаги исм-фамилияга олиб борди… Йўқ, адашди, шекилли. Ич-ичидан бир туйғу адашган бўлишини Худодан ёлвориб сўрарди. У исм-фамилияга қайта-қайта кўз югуртирар, лекин рақам соҳиби ўзгармасди. Сумкасидан дарров телефонини чиқарди-да, рақамларни биттама-битта солиштирди…
Эртага хотин-қизлар интизорлик билан кутадиган сана – 8-март. Айрим қизлар бугунданоқ байрамни нишонлашни бошлаб юборишган. Шундай бўлса-да, қаттиққўллиги билан ном чиқарган домланинг дарсига ўн беш дақиқа олдин ҳамма йиғилган. Мана, эшик аста очилиб, сочини ўзгача турмаклаган, пардоз-андози ўзига ярашган, эгнида янги кўйлак, бир қўлида даста атиргуллар, яна бир қучоғида катта оппоқ айиқни қўлтиқлаганча Ҳанифа кириб келди. Сукунат ўтирганларни ўзига ўхшаб гунг ва соқовга айлантирди. Биров вақтни тўхтатиб қўйгандек бир зумга ҳеч ким қимирлай олмади. Ҳанифа аста юриб қўлидагиларни бўш турган орқа партага қўйди-да, жойига келиб ўтирди. Айниқса, унинг юзига яқинда чизилган кибрли табассумнинг сиёҳи ҳали қуримаганди. Шундан сўнг атроф яна ҳаракатга келди. Ҳамма япроқ кемираётган бир уй пилла қуртига ўхшаб пичирлашга тушиб кетди. Фақатгина Маҳлиё ҳали-ҳануз қимир этмасди.
Дарслар тугагач, Ҳанифа билан бирга ётоқхонага кетувчи қизлар сафи кенгайди. Йўл бўйи гоҳ униси, гоҳ буниси унинг қўлидагиларни кўтаришиб юборишга рухсат сўрар, атиргулларни эса ҳидлайвериб безор қилишганди. Ётоқхона ёнига етганда Ҳанифа таққа тўхтади:
– Дарвоқе, қизлар, малол келмаса, буларни хонамга киритиб қўя оласизларми? Ҳозир кетишим керак, мени кутишяпти.
Қизлар ҳавас билан табассум қилганча, “албатта” деб чуғурлашди. Шу пайтгача бир четда лом-мим демай келаётган Маҳлиё бирдан жонланди:
– Сиз ҳам чатоқсиз… – Маҳлиё ниқобсиз гапираётганига бирдан ақли етди. – Байрамни “почча”миз билан нишонласангиз керак, деб тўғри топган эканман-да. Мен учун муҳими, бахтли бўлсангиз бас.
– Ҳа, “почча”нгиз ҳоли-жонимга қўймаяпи, керакмас, десам ҳам. Ҳозир ҳам кутиб турибдилар. Майли, мен кечикмай… – деди-ю, машина тўхтатиб, турфа ниятли нигоҳлар кузатуви остида жўнади.
Курсдошлар ўз ҳайратларини ўртоқлашиб, йўл бўйи бу қиз китобдан бошини кўтармайдиган, бировлар устидан кулса-да жилмайиб қўядиган, ўзига ярашмайдиган кийимлар киядиган, уларнинг наздидаги “лаққи” Ҳанифа эканлигига ўзларини ишонтириб боришди. Ҳамма ўз хонасига тарқалиб кетгандан сўнг ҳам бу мавзу улар билан бирга анча вақтгача хоналарда айланиб юрди. Фақат Маҳлиё қўли ҳеч ишга бормай хонасида ўтириб қолди. Бу ҳодисага асло ақли етмас, ўзига тинмай саволлар ёғдирар эди. Эшикнинг шаҳд билан очилишидангина ўзига келди. Дугонаси Шоҳиста ҳовлиққанча кириб ёнига чўкди-да, унинг хаёлларини ўқиб тургандай гап бошлади:
– Нима бўляпти ўзи, Маҳлиё? Ахир, қанақасига?.. У фақат сиз жўнатган SМSларга жавоб ёзарди, телефонда ҳам гаплашса уйдагилари билан гаплашарди-ку.
– Билмадим, менинг ҳам бошим қотган. Умуман ақлим етмаяпти. Ҳанифага анови атиргулни, шоколадни синглингиз орқали биз берган бўлсак… Чет элга кетиш ҳақидаги SМSни ўтган куни ёзган бўлсам. Қисқа фурсат ичида бирортани топган бўлиши мумкинми? Бунақа қиммат совғаларни ким бериши мумкин?
– Тўсатдан ўзига ўхшаган семиз бахт қуши қўнди десак, биров ёқтириб қоладиган аҳволда ҳам эмас. Кийиниши, пардози учун ёнида ҳемири бўлмаса. Уйдагиларимдан пул сўрамай деб кун бўйи оч юрган пайтларини ҳам биламан… Нимаси борки, биров ёқтириб қолса… Тўғри, бошлаган ўйинимиздан сўнг сал ўзгаргандай бўлувди. Лекин бугун умуман бошқа қизга айланиб қолибди.
– Уф, ҳозир жинни бўлиб қоламан. Унда ким Ҳанифага бунчалик хуштор бўлиши мумкин? Ким?
– Майли қўяверинг. Ҳали келади-ку, шунда аниқлаштириб оламиз. Дарвоқе, “Мажнун”ингиз байрамга нимадир бердими?
– Ўқишдан сўнг ётоқхона олдига бораман, деганди. Ишқилиб, ўтган сафаргидай китоб кўтариб келмасин-да. Ўзингизники-чи?
– Меникиям сизникидан қолишмайди, шекилли. Аввалига бойроқдай туюлганди-да. Бўлмайдиганга ўхшайди бу… – деб икки дугона анча вақтгача ҳасратлашиб ўтирди. Шоҳиста кетишга чоғланиб, дераза томонга яқинлашди:
– Ў, ниҳоят бизнинг қурбақадан маликага айланган дугонамиз келяпти. Қўлида яна алланима.
Маҳлиё дераза ёнига югурди. Дарҳақиқат, Ҳанифа қўлида каттароқ қути билан ичкарига кириб кетди. Икки дугонанинг кўзлари анча вақтгача бир-бирларига сўзсиз қадалиб қолди. Орадан чой қайнар вақт ўтгач, хонадаги сукунатни Ҳанифанинг қувноқ овози бузди:
– Яхшимисиз, қизлар? Ие, тинчликми, хомуш кўринасизлар? Ширинлик билан чойга чақираётган эдим, юринглар. Кайфиятингиз ҳам кўтарилади. Яна уч-тўрт қизни айтдим.
Кутилмаган таклифдан каловланиб қолган дугоналар қизиқсиниб унинг ортидан эргашдилар. Стол устида айрим талабаларнинг фақатгина тушларига кириб чиқадиган, мевалар билан безатилган катта торт савлат тўкиб турарди. Қолганлар ҳам келишди. Ҳанифа тортни бамайлихотир бўлаклаб, кетма-кет узатди. Қизлар боядан бери ичларида тошиб кетиш арафасида турган саволларини ёғдира бошладилар. Ҳанифа сирли табассум билан уларни тингларди.
– Хуллас, келишилган жойимизда учрашдик. Борсам, кафедаги стол ва стул усти атиргуллар билан тўлдирилган. Шундай гўзал эдики! Кейин мен отини билмайман, аллақандай овқатлар, ширинликлар буюрдилар. Тамадди қилдик, суҳбатлашдик. Мана бу тортни дугоналарингизга олиб боринг, деб бериб юбордилар.
Ҳанифа қисқагина қилиб, хотиржам оҳангда шуларни айтиб берди. Ўзини бундай тутиши унга янада сирлилик бахш этарди. Кейин гап гоҳ домлаларга, гоҳ курсдошларга, гоҳ дарсларга кўчар, аммо ҳар замонда Ҳанифанинг мавзусига қайтиб келарди. Кечга яқин дугоналар унга миннатдорлик билдиришганча ўз хоналарига тарқалишди. Бу сафар уйқусизлик Маҳлиёникида тунашга қарор қилди.
Ҳанифадаги бу ўзгаришлар, номаълум йигитнинг унга ошиқ бўлиб қолгани кўпчиликнинг оғзида чайналар, курсдошлари орасидаги мавқеи ҳам анча кўтарилганди. Ҳанифа борган сари ўзини совуқ тутар, шунга қарамай атрофидаги ”парвона”лар сони ошиб борарди. Ҳар куни гоҳ дарсхонага, гоҳ ётоқхонага кўзни қувонтирадиган тортлар, телевизордан рекламаси тушмайдиган қимматбаҳо ширинликлар олиб келар ва, албатта, уларни курсдошлари, айниқса, Маҳлиё билан баҳам кўрарди. Маҳлиё ўйлайвериб, эти суяги билан бир бўлай деганда тақдирга тан берди ва у ҳам гирдикапалак бўлувчилар сафидан жой олди. Аммо ҳаммадан ўзини устун билувчи Маҳлиё Ҳанифанинг табассумли юзини, номаълум йигитдан олаётган совғаларини кўрганда, ичини нимадир қаттиқ тирнаб қўярди. Чунки у ҳали-ҳануз Ҳанифани юксак эътиборга, муҳаббат туйғусига нолойиқ деб ҳисобларди.
Кунлар ўзаро қувалашиб Ҳанифанинг туғилган куни ҳам етиб келди. Бугун курсдош қизларни ўзлари берадиган совғадан ҳам кўра Ҳанифанинг нима кўтариб келиши кўпроқ қизиқтирарди. Ҳаттоки, бу борада ўз тахминларини айтиб, гаров ҳам боғлашган. Вақт ўтган сари ётоқхона деразасидан мўралаб турган талабалар сонининг ортиб бориши худди асалари инини эслатарди. Мана, шом юзига қизғиш пардасини ёпган бўлса-да, кутилаётган инсондан дарак йўқ. Одатда Ҳанифа ҳеч қачон бунчалик кеч қолмасди.
– Ана, ана, келяпти, – қичқирди кимдир. Бир-бирларига тиқилишиб бошларини деразадан чиқаришди. Гўёки улар кимсасиз оролда чорасиз қолишган-у, қутқаргани халоскор пайдо бўлгандек эди. Кўтарилган чуғур-чуғурдан қушлар ҳам ҳайратда жим бўлиб қолди. Ҳамманинг кўзи Ҳанифанинг қўлидаги нарсага қаратилган.
Ўзига оро берган Ҳанифа ўша сирли табассум билан қўлида чиройли безатилган катта саватни кўтарганча ётоқхонага яқинлашди. Икки йигит дарров тушиб, ёрдамга шошилди ва Ҳанифанинг хонасига авайлаб олиб чиқиб беришди. Шу заҳотиёқ қизлар у ерга гувва ёпирилдилар. Бутун даҳлизни гулларнинг ёқимли ифори тутди. Саватда бир қучоқ қип-қизил атиргуллар бир давра гўзал қизлардек ястаниб ўтиришарди. Айримлар гулларни ҳидлашга тушиб кетган бўлса, яна айримлар уларни санашни бошлаб юборди. Шу пайт кимдир ҳайрат билан қичқириб юборди:
– Даҳшат, қизлар, кинодагидай уч юзта атиргул экан.
– Йўқ, уч юз битта, – биринчисининг хатосини тузатди кимдир.
– Адашяпсизлар, менда уч юз бешта чиқди.
– Қандай бахтли қизсиз-а? Ҳанифа, ўзингиз айта қолинг, нечта атиргул бор?
– Билмадим, лекин “Дилимдагиларни изҳор қилишга бу уч юз битта атиргул камлик қилади” дегандек бўлувдилар, – деди сокин, аммо табассум билан.
– Вой, қаранглар, ўртадаги атиргулнинг устида қизил қутича ҳам бор экан. Очсак майлими?
Ҳанифа жилмайганча бош ирғади, унинг нигоҳи қутичадан кўз узолмаётган Маҳлиёда эди…
Қутича ҳам очилди. Ётоқхонанинг бутун биносини 5-қаватда кўтарилган қийқиришлар, чалинган қарсаклар овози тутди. Бунга қутичадан чиққан бежирим ишланган тилла узук сабаб бўлганди. Кўтарилган шовқиндан ўпкасини қўлтиқлаганча ётоқхона назоратчиси югуриб чиқди ва йиғилганларни ўз хоналарига тарқатиб юборди…
* * *
– Дилқулова, декан ўринбосарининг хонасига кирар экансиз.
Ҳанифа юрагини хавотир билан ғижимлаган кўйи Жумаевнинг рўпарасига келиб тўхтади. Очиқ қолдирилган эшик ғийқиллаганча йўлакдаги талабалар шовқинига ва яна нималаргадир интиҳо ясагандек шарқ этиб ёпилди. Декан ўринбосари сийрак сочлари тарам-тарам қилиб таралган бошини ҳадеганда столдан кўтармади.
– Чақирган экансиз?
Ўринбосар ҳамон бошини кўтармасди, унинг ҳеч нарса ўқимаётганлиги, нохуш бир гапни айтишга тайёргарлик кўраётганлиги шундоқ кўриниб турарди. Ўртага асрга татигулик жимлик чўкди. Ногаҳон номсиз бир сезим Ҳанифанинг юрагидаги ғижимларни ёя бошлади ва уни хотиржамлик рангига бўяди. Қиз ўз-ўзи билан курашар, вақтинчалик аламли тантаналар ниҳоясига етганини англатувчи нуқта ҳозир қўйилажагини, йўқ, йўқ, қўйилиб бўлганини ҳис қилди. Бирдан дунё бўшаб қолди: на рақиб бор, на дўст бор. Мана бу аудиториялар, курсдошлар ҳам, олисдаги қишлоғи ҳам, эртанги кун ҳам маънисизлик қаърига ғарқ бўлди.
– Ҳанифа, – деди ўйлайверганидан чуваккина юзи бўғриқиб кетган ўринбосар, – муҳлат бердик, муҳлат бердик. Аммо тўламадингиз. Декан билан ректоратга чиқиб келдик. Аммо иложи йўқ, қоида ҳаммага бир хил, ҳайдалади, деди.
Ҳанифанинг умид чироғи осилиб турган нозик ришта узилиб кетгандай, атрофини зулмат қоплагандай бўлди.
– Аммо сизнинг аълочи талабаларимиздан эканингизни, шарт-шароитингизни тушунтирдик. Ректор охирги имконият, деди. Манави ҳужжатга танишдим, деб қўл қўйишингиз керак экан. Уч кунда тўламасангиз, унда кейин бошқа чорамиз қолмайди…
Ҳанифа қизлар келиб қолишидан хавотир ила кийимларини шоша-пиша катта сумкага жойларди. Мана бу муҳаббатга алданиш кўйлаги, мана бу интизорлик ва алам кўйлаги, мана буниси изтироб кофта-юбкаси, буниси томоқларини бўғган, ташқарига отилиб чиқолмаган хўрлик шарфи, мана бу сўнгги интиқом – қутичадаги мўъжаз тилла узук… Отаси юборган контракт пулининг дард ва ғамга эврилган парчалари. У биров қувиб келаётгандек югургилаганича катта йўлга чиқди. Бир зум иккиланиб қолди – қаёққа? Саволга жавоб ҳам, жавобга фурсат ҳам йўқ эди. Тезроқ. У нимадан қочаётганини ўзи ҳам билмасди. Ҳаллослаб борар экан, кўксидан яраланган жонзотнинг ўкиригига ўхшаш бир фарёд бўлиниб-бўлиниб, нафаси билан бирга отилиб чиқар, бу на йиғи, на дод эди. Аммо кўзида ёш йўқ, юрак изҳорининг сўнгги булоғи ҳам қуригандек эди.
Ҳанифа жуда узоқ юрди. Оёқларига суйкалиб, тап-тап урилиб, уни шошмасликка, орқага қайтишга ундаб келаётган сумкаси ниҳоят унинг қўлидаги, йўқ, йўқ, бутун вужудидаги қувватни сўриб олди-да, бор оғирлигини ташлаб, уни тўхташга мажбур қилди. Ҳанифа сумкасининг устига мажолсиз чўкди. У йўлнинг ҳаёт қўшиғи – автолар ва одамлар шовқинини эшитмас, нигоҳлари номаълум нуқтага қадалганча қотиб қолган, миясининг қайсидир қатида бошланган оғриқ бошини ёриб чиқиш пайида эди.
Шу пайт унинг онги-шуурига нимадир кирмоқчи бўлиб уринаётганини ҳис қилди. Диққатини жамлаб бунинг овоз эканини, телефонидан таралаётган какку овози эканини зўрға англади. Какку овози! Жонини биров буровга олгандай инграб юборди. Какку овози яна янгради. Дафъатан миясида бир фикр чириллаб айлана бошлади, телефонни отиб юбориб, ўзини машина тагига ташласа-чи? Ҳаммасидан қутулади. Ногаҳон дарвоза олдида жудоликни кўтаролмай йиқилиб ётган онаси, Тошкентдан тобутини олиб кетаётган бир бурдагина отасининг қиёфаси кўз ўнгида намоён бўлди. Хўрлиги келди. Яна какку овози. У нима қилаётганини ўзи ҳам англамаган, ихтиёрсиз ҳолда ярим очиқ ҳамёнидан телефонини қўлга олди. Қатор SМSлар. Ҳаммаси битта телефондан. “Ҳанифа, дарсдан чиқиб бизникига кел. Муҳим гап бор. Роҳила”. Ичидан кинояга ўхшаш бир нарса чизилиб ўтди: дунёда муҳим нарсаям борми? Какку овози яна бир неча бор янгради. Ўша хабар. Ҳанифа узоқ ўтирди. Киракашлар машинани бибиллатиб тўхтатиб, “Қаёққа?” деб сўрайвериб жонига тегди. Ниҳоят, у ўрнидан қўзғалди. Ётоққа йўл йўқ, қишлоққа йўл йўқ…
Эшикни очган Роҳила хурсандлигидан терисига сиғмай кетди.
– Хайрият-эй, келдингми, дугонажон? SМSга жавоб ҳам ёзмайсан?
– Ёзиб ўтираманми, бир кириб ўтай дедим.
– Эҳ-ҳэ, катта сумка кўтариб олибсан?
– Уйга кетмоқчи эдим.
– Эрта-индин кетарсан. Қани, ичкарига кир.
Қанд-қурс, чой-нон қўйилганидан чеҳраси очилган дастурхон икки қишлоқдош дугонани ёнига чорлади, дугоналар рўбарў ўтиришди. Роҳила чойни қайтараркан, гапни нимадан бошлашни ўйлаб кайфиятсиз ўтирган Ҳанифага зеҳн солди.
– Рангинг бир аҳвол, мазанг йўқми?
– Йўқ, яхшиман. Шу… сессиядаги имтиҳонлар чарчатди, шекилли.
– Парво қилма. Уйдагиларни бир кўрсанг чарчоғинг чиқиб кетади. Қани ол, дастурхонга қараб ўтир. Энди… Мен ҳозир, овқатнинг тагини пасайтириб келай.
Овқат оловиними, ичидаги ҳаяжон оловиними пасайтириб келган Роҳила гап бошлади:
– Ҳанифа, шу… кимдир нимагадир сабаб бўлади. Шу… биз болаликдан дугонамиз… Тўхта, аввал сўраб олай, фақат тўғрисини айт… бирорта йигитинг борми?
Ҳанифа биров бошига тош билан ургандай карахт бўлиб қолди. “Ётоқдаги гапларни бу қаердан эшитган? Қишлоққаям етиб боргандир?..”
– Қўйсанг-чи шунақа гапларни.
– Менга қара, барибир шу савдо бугун бўлмаса, эртага бошингга келади. Аввал эшит. Туғилган кунимда келганинг эсингдами? Бу гап ўша кундан кейин бошланган.
Ҳанифа энди донг қотиб қолди. “Демак, менга келган SМSни ўқиган. Қандай қилиб? Телефон қўлимда эди-ку…”
– Нима гап бошланади?
– Менга қара, меҳмонларни кўрувдингми? Уларни бирортасини танирмидинг?
– Нима деяпсиз? Ҳеч ким келгани йўқ эди-ку…
– Гапни бўлмай тур. Зинадан тушиб кетаётганингда меҳмонлар чиқиб келаётган экан, шундайми? Ўшаларнинг ичида мен билан бирга ишлайдиган Гулнора билан акаси ҳам бор эди.
Ҳанифа кераксиз бўлиб қолган буюмларни ташлаб юборишдан олдин яна бир бор титкилагандек хотирасини титкилай бошлади. Зинадан кўпчилик чиқиб келаётганди. Икки қишлоқдош қиз билан саломлашди. Ўша пайт дарду дунёси ўзига етиб ортарди. Кимдир “Яхшимисиз?” деди. Жавоб бердими-йўқми, ташқарига отилди. Тамом.
– Ўша Гулноранинг акаси сени билар экан…
– Нима? Билар экан? Роҳила, ётоқхона шунақа ғийбатларга тўлиб ётибди, жонимга теккан…
– Ётоқхонангдаги ғийбатлар бошқа. Ҳозир гап сен ҳақингда кетяпти. Бирпас сабр қил, илтимос. Билар экан дегани учрашиб юрган экан, дегани эмас-ку, бир марта кўрган экан.
Ҳанифа бу ёғига Роҳиланинг гапларини охиригача эшитишга маҳкум эканлигини англаб, бўшлиққа қарагандай дугонасига тикилиб ўтиришдан бошқа чора топмади. Бундай пайтларда қизлар қизиқиб, “Қачон, қаерда кўрган экан?” деб берадиган саволлар ҳам бўлмаганидан Роҳила йигитнинг таърифига тушди:
– Гулноранинг айтишича, акасига ҳар қанақа қизлар ёқавермаскан. Бир-иккитасини кўрсатишган экан, бўлмайди, дебди. Яна топиб қистайверишган экан, мени тинч қўйинглар, керак пайти ўзим топаман, дебди. Келиб-келиб, кутилмаганда зинада сени кўриб қолибди. Бу қизни илгари кўрганман, студентлигиниям биламан, лекин отиниям, қаерда ўқишиниям билмасдим, суриштириб ҳеч бўлмаса телефонини олиб бер, дебди синглисига. Сен ҳақингда нима дебди дегин: кўп қизларнинг кўзида таъма бор, мен чиройлиман, мен сенга ёқдимми ёки пулинг кўпми, қаерда ишлайсан, шунга қараб муомала қиламан, деган ёзув ёзилган турармиш. У сенинг кўзингда бунақа ғубордан асар ҳам кўрмабди. Қара, қандай диққатли йигит экан, бир марта кўрганда шунча нарсани илғаб олибди. Кейин сени роса излаган экан… – Роҳила яна нималарнидир айтсамми, айтмасамми деб бироз ўйланиб турди. – Хуллас, ўша кундан бери Гулнора “Гаплашдингизми?” деб ҳолимга қўймайди. Исмингни айтдим, ўзингдан сўрамасдан институтингни, телефонингни айтмадим. Шу пайтгача ўйладим, балки йигити бордир, дедим, Ҳанифага ёқмаса-чи дедим, қишлоқда Роҳила Ҳанифага эр излабди, деган гап чиқса-чи, дедим. Кеча Гулноранинг бир-икита аччиқ гапи жонимдан ўтиб кетди. “Акамни паст кўряпсанми ёки бизнинг бирор ёмонлигимиз борми?” деди. Ухламай чиқдим… Нима дейсан, телефонингни берайми, ё бир учрашиб кўрасанми?
Роҳила дугонасидан садо кутиб узоқ ўтирди. Жавобсиз жимлик жонига тегди.
– Бир нарса десанг-чи! Ё кўнглимда биров бор деб айт…
– Роҳила, мениям, ўзингни ҳам қийнама. Ҳозир менда кўнгил ҳам йўқ, ичида биров ҳам йўқ. Биров билан учрашиш хоҳиши ҳам йўқ. Жуда чарчаганман.
– Ўқиш адойи тамом қилибди сени, – Роҳила ҳавоси чиқарилган пуфакдай бўшашиб қолди, кайфияти тушиб кетди. – Майли, дамингни ол, ўзингга кел. Кейин гаплашамиз бу гапларни.
Эрталаб Ҳанифа уйқудан турганда Роҳиланинг эри ишга кетиб бўлган, боласи боғчага қўйиб келинган эди. Икки дугона чой ичишга ўтиришди. Роҳила кечаги гапни қўзғамади, аммо одатдагидан сермулозаматроқ туюлди. Уни ол, буни ол, деб қистар, боласининг қилиқларини айтиб куларди. Лекин нимадандир безовта эди.
Шу пайт эшик қўнғироғи жиринглаб қолди. Роҳила отилиб туриб эшикка югурди.
– Ассалом-алейкум, келинглар-келинглар. Вой, нима қилиб юрибсиз овора бўлиб. Қани, ичкарига. Дугонам келиб қолган эди. Бу хонага, қани, марҳамат…
Хонага бўйи пастроқ, сочларини орқасига турмаклаб олган, истараси иссиққина қиз жилмайганча кириб келди. Орқасида бир йигит турарди.
Роҳила меҳмонларни Ҳанифага таништирди:
– Бу Гулнора, бирга ишлаймиз. Бу киши акалари…
– Юсуф акам, – деди кулиб Гулнора.
Таништирув шунчалик тез юз бердики, меҳмонлар ҳурмати учун тик турган Ҳанифа нима бўлаётганини англашга ҳам улгурмади. У аввал қизга, сўнг йигитга қаради ва… турган жойида қотиб қолди.
Машинанинг олд ойнасидан бир лаҳза тикилган ўша нигоҳлар, уйқусиз тунлардаги хаёллар, саробга айланган орзулар, какку овози ҳар янграганда кўз ўнгида намоён бўладиган сиймога айланиб қаршисида турарди.
– Яхшимисиз? – деди йигит. – Ўша куни уйга яхши етиб бордингизми?
“Ҳой, эҳтиёт бўлинг, синглим. Яхшиямки, сизга ҳеч нарса қилмади, Худонинг ўзи асради” – бир пайтлар такрорланаверганидан қўшиқдай ёд бўлиб кетган ўша сўзларнинг соҳиби!
Ҳанифанинг жавоб қилишга тили айланмас, кўзларида ёш жилоланиб турарди.
“Ёшлик” журнали, 2016 йил, 6-сон