Байрам Айтмурод. Акамнинг шумлиги (ҳикоя)

Жумамурод акам қўнғироқ қилиб, эртага уйга келишини айтганида қувониб кетдим:
– Ие, зўр бўпти-ку. Биздай фақирларни ҳам йўқлайдиганлар бор экан-эй?
– Бормиз, бормиз, – кулган овози эшитилди, сўнг – Кўришмаганимизга ҳам анча бўлиб кетди, соғиндим, бир маза қилиб ўтирайлик, – деди энтикиб.
– Шундай қилгин-да, ака!
Телефонни ўчириб, бола-чақага “Тадори­гингни кўр”, дедим-у, ўзим “туятовуқ сўйсаммикан ё бир жонлиқ чалсаммикан?” деб ўйлаб қолдим.
Бундан, чамаси, икки ойча аввал акамга қўпол гапириб, хафа қилиб қўйгандим. Шундан бери мен билан гаплашмай, тескари қараб юрганди. Бугун қўнғироқ қилгани яхши бўлди. “Қариндошнинг озори бор, безари йўқ” деган гап бекорга айтилмаган-ку.
Жумамурод – амаким Тиловбой бобом­нинг ўғли, у билан бир йилда туғилганмиз. Мендан бир ярим ойга катта. Айдаримиз ҳам бирдай, кийимларимиз ҳам бирдай, худди эгизаклардай бўлиб тушган суратларимиз бор. Иккимиз оналаримизни алмашиб эмиб, бешикларимизда алмашиб ётиб, ҳатто, кийимларимизни ҳам алмашиб кийиб ўсганмиз.
Кўп узамай отамнинг ўқиши бошланиб, бизлар шаҳарга кўчиб кетдик.
Ҳар кузги, қишги, баҳор ва ёзги таътилда овульга борар. Болалигим Тиловбой бобомнинг уйида, Жумамурод нима еса шуни еб, нима қилса, шуни қилиб ўтди.
Ажем (бувим) (Жумамураднинг онасини аже, деб чақирамиз):
– Женгис келди, Жумамуроднинг Худоси берди. Энди товуқ ҳам, эчки ҳам бир ёқда қолади, – деб кулади. Лекин бизларни ҳеч уришмайди, қайта қолган амакиваччаларим бизга иш буюрмоқчи бўлса, уларга: “Булар билан ишинглар бўлмасин, бориб ўзингларнинг юмушларингни қилинглар!”, деб койийди.
Шундан қолган амакиваччаларим тишланиб турса ҳам, бизга ғинг деёлмайди. Нима хоҳласак шуни қилиб юраверамиз: хоҳласак эчки боққан бўлиб, чўмилишга, қўшнилар­нинг томорқасига қовун ўғирликка борамиз, истасак ўзимизни томорқада пиёзни ўтоқ қилган бўлиб, ўрикнинг тагида “трактор” ўйнаймиз.
Жумамурод болалигидан жуда оқкўнгил, содда. Қайдам, кимдан юққан бу хулқ? Беш яшар болада бор шумлик бунда йўқ. Баъзида унинг жуда соддалигидан уялиб кетсанг (ёши ўттиздан ошган кап-катта киши муштдай болалар билан қўшилишиб балиқ овлайдими-эй, тўп тепадими-эй), баъзан ку­­йип-пишиб кетасан (овулнинг тўй-маракаларида ўзидан ёш йигитлар эшик олдида гердайиб туради, бу бўлса қачон қарама ўчоқ бошида ўтинчи бўлиб юргани юрган). Лекин шуни юзига айтсанг, синини бузмай, тиржайиб тураверади.
Болалигимизда овулнинг биздан бир-икки кўйлак бурин тўздирган болалари унинг соддалигидан кўп фойдаланиб, устидан куларди.
Ҳали увизимиз кетмаган пайтимиз “Жумамурод Жеки Чан, ҳозир бориб ҳўв анави дарахти бир тепади” ёки “Жумамурод Терминатор-ку, ҳозир анави деворни боши билан уради” деса, ўзига фавқулодда бир ишонч билан ғўддайиб бориб, шуни қиларди. Овулнинг болалари силласи қуригунча кулиб: “Ҳеч қаеринг оғримадими?” деса, бизни Жума: “Йўғ-э, йўғ-э” деб кўзларидан милт-милт ёш қалқиб турарди.
Кейинчалик, сал эсайиб, пахта ўтоқ билан терим пайтида овульга туман ё шаҳардан келадиган студент қизларга “ов”га чиқиб бошлаган кезларимиз ҳам Жумамурод панд еб юрарди.
Яна ўша бизлардан бир-икки ёш катталар ёки тенгқурларимиз “Жума, сен анави бригаднинг уйида ётган фалончини яхши кўраркансан-ку” дейишса, гоҳида қалампирдай қизариб: “Йўғ-э, ким айтди буни?” деб очувланиб қолар, гоҳида эса тишининг сариғини кўрсатиб иршайиб қўярди. Энди унга “Жума, сени ўша фалончи деган қиз мақтаяпти, нон билан қовун-тарвузидан берса, кечқурун дискотекада бирга рақсга тушаман деяпти-ку” дейишса, шунга ишониб, томорқадан энг яхши қовун-тарвузни сайлаб, ёнига бўрсиллаган нонлардан қўшиб, ўша “хабарчи”дан жўнатиб юборар, кечқурунги ўйин-кулгу маҳали бо­­яги фалончи билан рақс тушишга борса, у қиз бунга бурнини жийириб, бизни Жума кўп кулгуга қолиб юрарди.
Мана шу соддалигидан уялиб, қаттиқроқ гапириб қўйгандим, мендан ўпкалади. Бир томондан ўзидан ҳам бўлди. Ҳозир айтганимдай елпарракдай ҳилпираб, ким нима деса, югуриб кетаверганига жаҳлим чиқди-да.
Шу денг, овулда кичикроқ марака ўтказ­ятувдик. Бир қарасам мол сўйишга ҳам пичоқни олиб, ўзи чопиб кетяпти, сув та­­шишга ҳам флягани кўтариб олиб, елиб боряпти, чойни ҳам ўзи ташияпти, қўлга сув олиб, меҳмонларга сочиқ тутаяпти. От қўшчи ҳам ўзи, ўт ёққич ҳам ўзи.
– Вей, мана шу ерда, ёнимда турсанг­чи-эй. Ёшуллилар сўрашса тополмай қоляпмиз-ку! Қилади анави майда-чуйдалар, сал бир босиқ-салмоқли бўлиб ўтирсангчи бир жойда, ҳар қаёққа ирғишлайвермай! – деб юборибман.
Бирдан кўнглига олишини қаердан билибман. Индамай қолди. Уни-буни айтяпман, кулдириб ҳам кўряпман, ҳеч сас йўқ. Бироздан кейин жуда хафа бўлиб:
– Сен нима, мени ўзидан ўзи тўпдай ю­малаб кетаверади деб ўйлайсанми? Мен билмаяпманми мана бу ерда қаққайиб ту­­ришни, ё меҳмонларнинг ёнида савлат тўкиб ўтиришни? Мен ҳам биламан. Лекин мен ҳам ўтирсам, сен ҳам ўтирсанг, бошқалар ҳам қимирламаса, бу ишларни ким қилади? – деди.
– Қўйсангчи-ей, шу сенга қараб қолмагандир? – деб жеркиб юбордим.
Ўзи зўрға турган одам баттар қизишиб кетди: “Майли, мен аҳмоқ бўлақолай, мен елпаррак бўлақолай! Бир овульга шунақа – ҳамма аҳмоқ қиладиган, устидан куладиган одам керак-ку ”, деб тўнғиллаб кетди.
Ўша куни мен билан шаҳарга ҳам қайт­мади. Гаплашмай қўйди. Бир қайсарлиги тутди – ёмон тутди.
Лекин шу содда акамиз ҳаётида икки марта шумлик қилган экан.
Бирисида тоғасини боплаган. Тоғаси – қўшни қишлоқнинг мулласи. Бу туғилганида, қулоғига азон айтиб, исмини қўйган. Қўйганда ҳам Тиловбой бобомнинг ниятлаб юрган исмни қўймай “Ўғлингиз жума куни туғилди, хосиятли кунда муродингиз ҳосил бўлди, исми Жумамурод бўлсин” деб билганини қилган. Ўша пайт ювошлигига бориб индамаган Тиловбой бобом кейинчалик анча йил аёлининг ҳам, ўғлининг ҳам юзига солиб юрди:
– Отингни тоғанг қўйганига, тоға қавмга тортгансан-да, қўлингнинг эпақайи йўқ. Бир нарса ушласанг бузасан, бир ишга қўл урсанг расво қилиб юрасан. Одамлар ўзининг боласига от қўйиб юрса нима қилар экан, бировнинг боласи билан нима иши бор экан-а!?
Акамнинг исмини ҳам айтмайди, “Ҳой”, “Ҳов” дейди, ҳеч бўлмаса ўзи қўя олмаган исм билан чақиради, лекин ҳеч Жумамурод демайди.
Ўша гаплар акамнинг суяк-суягидан ўтиб юрган кунларнинг бирида (мактабда пайтими ё ундан кейинми) велосипед билан шаҳардан келаётганида йўлда тоғасини кўриб қолади. Одатда эшак миниб юрадиган тоғаси ўша сафар овулига пиёда кетаётган экан. Саломлашгач, “Ўтиринг тоға, яқинлатиб қўяй!” деб велосипедига мингаштиради.
Йўлда бораётиб, хаёлига бир шумлик келади. Секин гап бошлайди.
– Тоға, менинг исмимни сиз қўйган экансиз, а?
Кўнглида ҳеч гап йўқ тоғаси “Ҳа, чироғим” деганини билади, велосипед қарс этиб бир чуқурга тушади. Олдига мингашиб келаётган тоғасининг ёмбошини болта билан чопгандай бўлади: – Ҳой, секин! Кўзингга қараб ҳайдасангчи!
Акамизни парвойи фалак, ҳеч нарса бўлмагандай яна савол беради.
– Ўшанда бобой билан бир оғиз маслаҳатлашмабсиз-да?
– Маслаҳатлашиб деганда, исмингнинг нимаси ёмон? Ҳеч, ўша ёмон отангдан қандай маслаҳат чиқарди?
Велосипед яна уч чуқурдан сакраб ўтади, ҳар сакраганида тоғасининг сонини кимдир синдиргандай, додлайди. Яна шундай беш-олти марта “сакратган”дан кейин тоғаси жон ҳолатда велосипеддан сакраб тушади ва дарров ер сийпалаб, кесак излай бошлайди.
– Сен бола мени мазах қиляпсанми, а мен билан ҳазиллашяпсанми?
Қўлига хасми, тезакми, майда кесакми илинса, жиянига қарата ота бошлайди.
– Э, падарингга…
– Отамга тил теккизманг, – акам велосипедини мингга қўйиб ҳайдаб, қочиб кетади.
Тоғаси кейинроқ бир меҳмонга борганида синглисига:
– Сут қуритган бола деб, жуда эркалатиб юборгансизлар! – деб бўлган воқеани айтиб беради. – Ҳалигача ёмбошимни ололмай юрибман.
Отаси мийиғида бир кулиб, сир бермаган бўлса ҳам, акамга меҳри ийидими билмадим, шу кундан бошлаб уни исми билан чақирадиган бўлди.
Иккинчи шумликни уйланишида қилган. Ўша йили овулимизга Нукусдан чиройли қизлар пахтага келади. Сулувлар ичида энг сулув бир қизга ўша Нукусдан келган талаба йигитлар билан овулнинг йигитлари қўшилиб ошиқ бўлади. Ҳар қадамида бир ошиқ, ҳар бир сўзига жонини суғириб беришга тайёр бир девона, ҳар қиё боқишига осмондан юлдуз териб, оёғининг остига тўкишга ҳозир бир мард. Овулнинг йигитлари талабалар билан, талаба йигитлар овулдагилар билан жиққамушт бўлиб юрганида, ҳамма мазах қиладиган бизнинг Жума аллақачон ўша гўзалнинг кўнглига қўл солиб, қалбига йўл топиб, улоқни олиб кетади. Ўша сулув – ҳозирги янгамизнинг ўзи ҳам “акангиз соддалиги билан кўзимни бойлаб ташлаган-да” деб кулиб қўяди.
Учинчи шумликни эса менга – бирга тепкилашиб ўсган “ука”сига қилди. Каттароқ улоқни сўйиб, калласини алоҳида, шўрвасини алоҳида қайнаттириб, қовурдоқни бостириб, бир-икки кун қоламан деганига “Қоратов”дан мўл қилиб олиб, дастурхон ёйиб, бу ёқда ота-онамни, қариндошларни, у ёқдан Тиловбой бобом билан бувимни чақириб кутиб ўтирсам, қўнғироқ қилиб “бормайман” деб қараб турибди-да.
“Қўй энди, ундай қилма”, деб бир ялинаман, “Мошин юборай, ё ўзим бориб олиб келай”, деб бир ёлвораман, қани кўнса. Топиб олгани бир гап: “Йўқ, ўзинглар бемалол ўтираве­ринглар”.
Бир-икки аччиқ гап қилгандим, “Бормайман, бўлганим шу!” деди-ю телефонини ўчириб ташлади.
Кайфиятим тушиб, жаҳлимни сездирмаслик учун аёлимга қовурдоқни тортавериш кераклигини айтдим.
– Ҳа тинчликми, келмас эканларми, – деб савол берарини берган аёлим авзойимни кўриб, қўрққанидан ошхонага зиппиллаб кетди.
Бошим эгилиб, меҳмонхонага кириб кетмоқчи эдим, ташқари эшик очилиб, Жумамурод акам кириб келди. У менинг довдираб, анқайиб қолганимни кўриб, кулимсираб, болаликда овулда юрган пайтларимда уни йўқотиб қўйсам дарров пайдо бўлганида, ўсмир пайтимиз нукуслик талабалар билан ўчакишиб, бир ўзим уришишга қўрқиб турган пайтим келиб қолганида, мактабни битирган дастлабки йили ўқишга киролмай, ёки учинчи босқичда ўқиб юрган кезларим яхши кўрган бир қиз бошқага турмушга чиқиб кетганига жаҳл қилиб, шаҳарнинг бир чеккасидаги емак­хонада ўтириб, чақирганимда кўп ўтмай кириб келганидаги, ундан кейин ҳам ҳаётимда қандай қувончли ё ташвишли кун бўлса, қаёқ­­да бўлса ҳам дарров йўқлаб келганидаги мен яхши кўрадиган гапни айтди: Келмай қолади, деб ўйладингми, тентак!

«Ёшлик» журнали, 2020 йил, 9-10-сон