Бахтиёр Нуриддинов. Шодон куз (қисса)

 

Биринчи қисм

Кириш ўрнида

Бугун ишдан бўшади.
Ҳаммасига мана шу – адоғи йўқ, тубсиз муҳаббат сабаб. Ўзининг ҳам айби бор: ўта таъсирчан. Дунёнинг бўлар-бўлмас ташвишларига қўл силтолмайди. Шу феъли ўзгармади-ўзгармади. Қон билан кирган жон билан чиқар экан-да. Феъли-ҳуйининг олдида ўзи ҳам ожиз баъзан. Уни эса айблолмайди. Тушунган одамнинг садағаси кетса арзийди. Бу юрак амри ахир. У ҳам бундай бўлишини истамаган-ку ҳеч қачон. Нимаям қила оларди. Қисматида шу ҳам бор экан-да. Ҳеч ким пешонасига ёзиб қўйилганидан қочиб қутулолмайди-ю, яна.
Ким ўзини аъмолини ўзи ёзибди?..
Буни тақдири азал дейдилар.
Яна қайдам. Чаманни учратиб қолмаганида ҳаёти бугунгидан бошқача кечармиди, балким. Шундай деб ўзига тасалли беради доим. У билан қачон боғланиб қолганини ўйлаб ўйига етолмайди…

* * *

…Сокин, худди ҳомиладор аёл сингари эҳтиёткор кузнинг олтин кунлари бошланган; атроф-жавониб заъфарон тусга кириб, дарахтлар заминни хазонга буркаган; мева-чевалар эса айни ғарқ пишган фусункор пайтлар эди. Гапнинг дангалини айтадиган бўлса уни худди шу паллада илк бор шаҳарнинг қоқ марказидаги Сайилгоҳ кўчасида учратди. Тиббиёт академиясида ўқишларни тугатиб, амалиётга чиққанди. Янглишмаса, янги иш жойига эндигина кўникиб, атрофга тортинмай, жўжахўрозларча хезланиб такаббуррона кўз ташлай бошлаган кезлари эди. Ҳар куни шифохонадан чиқиб, хиёбон орқали шаҳар чеккасида жойлашган ижара уйига қайтарди. Йўлида бир гала гулчилар ислари дунёни тутувчи анвойи, баҳорий гуллар билан савдо қилишарди. Аввалига йўлакдаги гул сотувчисига унчалик ҳам аҳамият бермай юрди. Ўрта бўйли, қорачадан келган, кўзлари қисиқ, сочлари эса тим қора бу қиз бир четда ўтириб олиб, ийманибгина харидор чорларди. Кейин-кейин унинг нозик ҳаракатлари, чаққонлик билан гулдаста ясашлари, пастдан эринибгина кўз сузишлари эътиборини торта бошлади.
– Гул олиб кетинглар, чиройли гуллар! Яқинларингизга совға қиласиз. Бу гуллар бахт келтиради. Тонг саҳарда терилган. Шудринглари қуриб улгурмаган ҳам ҳали!
Ҳар куни – ҳар тонг, ҳар оқшом шаҳар шовқинлари орасидан фақатгина шу товуш қулоғига кирадиган бўлиб қолди. Ўта майин ва ишонч билан айтилаётган бу сўзлар ҳаёт ташвишида юрган хоҳлаган одамни чалғитиб, ўзига тортмай қўймасди. Кун ўтган сайин бу сеҳрли овоз шууридан бутун умр жой олишини қаёқданам билибди. Унга ипсиз боғланганини ҳатто сезмай қолганди.
Қиз жудаям тортинчоқ ва уятчан эди. Ҳақиқатан ҳам, ҳали гулбозорга кўпам мослашиб улгурмагандек кўринарди кўзига. Бу унинг катта ҳаётга қўйган илк кунлари бўлса ҳам ажаб эмас. Чунки у беғубор ойдек эди. Бир куни ундан, эҳтиёжи бўлмаса-да, кичикроқ гулдаста сотиб олишга қарор қилди.
– Бу сизга бахт келтиради. Чиройли гулларни танладингиз. Албатта, ҳадя қилган кишингиз хурсанд бўлади, – деди ўта мулойим ва соддадиллик билан.
Унинг гаплари жуда самимий эди. Овози бўлса беғубор ва жарангдор, худди одамни ҳушидан айирарди гўё. Очиғи қизга қандай илтифот кўрсатишни ҳам билмасди ўша чоқ. Ниҳоят:
– Раҳмат, – дея олди зўрға.
– Келиб туринг, – деди у ҳам оддийгина қилиб, барча мижозларга айтадиган сотувчиларга хос такаллуф ва ширинсуханлик билан.

* * *

Ораларида бўлган бор гап шу. Айтарли ҳеч вақо юз бермаганди. Кимларнингдир тушунчаси каби осмон ҳам узилиб ерга тушмаган. Аслида, ана шундан кейин бошланганди бари. Унинг жилмайишлари, уялинқираб қарашлари, нозик ҳаракатлари билан мижоз чорлашлари бора-бора хаёлини, тўғрироғи, ҳаётини ҳам буза бошлади. Ҳар кеч уйга кетар маҳал ҳорғин оёқлари ўзига бўйсунмай қўярди: истаса-истамаса кунора бутун вужудига қўшиб, зил-замбилдек келадиган борлиғини беихтиёр унинг ёнига судрарди. Бўлғуси касби боис болалигидан одам анатомиясини жуда яхши ўқиганди. Аммо бу қандай инсон аъзоси бўлди-ки, инсоннинг ақлига эмас, қалбига қулоқ солса?! Шунақа пайтлари ўзидан ҳам ҳижолат тортиб қоларди баъзан. Одамлар кимнингдир меҳрини, муҳаббатини қозониш учун гуллар сотиб олишса, у эса, аксинча, мана шу гулчини ўзига ром қилиш ниятида бу ишни қиларди. Ҳаш-паш дегунча хонаси китоблар билан бирга дунёнинг нафис, хушбўй ҳидларига чулғанди. Очиғи, табиатнинг бу каби мўъжизакорлиги-ю, гулларнинг шунчалар тури кўплигидан ўзи ҳам ҳайратга тушарди. Беихтиёр шу зайлда уларнинг ранглари билан номларига қизиқа бошлади: қизил, сариқ, оқ, пушти, заъфарон… сафсар, сиёҳранг; атиргул, гултожихўроз, аноргул, чиннигул… хризантема, бинафша, лолагул… Санаса адоғи йўқ. Яна алламбалоларми-ей. Асти сўраманг. Уларнинг тури кўп. Аммо-лекин бариси гўзал ва фусункор эди. Айниқса кўҳна куз инъомлари киши кўнглини яйратмай қўймасди. Бу эрмак ўзига ҳам ёқиб қолганди. Шу тахлит бир ой ўтди. Ё унинг дилтортар овозиданми, ёки гулларнинг ёқимли тароватиданми доим уйга масрур ҳолда келарди. Ундан тез-тез, ҳеч бўлмаганда биттагина атиргул ёки чиннигул сотиб олишни одат қилиб ҳам улгурганди. Секин-секин бу гуллар ҳаётининг мазмунига айлана борди. Қўни-қўшнилар табиий ҳайратда эди. “Бечора талаба”, дейишарди таниган-билганлари. Тушунмаганлари “Талабамас, телба бу!” деб ошкора кулишарди. Баъзилари “Жинни бўлибдими тентак бола”, дея масхаралашардиям. Тўғрида, телба ошиқ ёки мажнундан бошқа ҳе йўқ, бе йўқ кўча-кўйда ким ҳам гул кўтариб юрарди ҳозирги замонда. Устига устак ҳар куни бир хил – шу аҳвол такрорланаверса. Бора-бора бунга кўникиб қолишди чамаси, кейин-кейин аҳамият ҳам бермай қўйишди. У эса, гуллар билан юришни канда қилмасди.
Энди оқшомлари уйга кетмасдан гулчилар қаршисидаги чойхонада – бир пиёла чой ичиш баҳонасида, ўша гул сотувчисини кузатарди. Хаёлан у билан сўзлашар, унга дардини – ёқтириб қолганлигини айтарди гўё. Воажаб, қиз ҳам унинг эътиборини тортаётганини сезибми, ора-сира унга ўғринча кўз қирини ташлаб, зимдан табассум қилиб қўярди. Яна ким билади. Унга шунақа туюларди-да. Бунинг устига қош-кўзлари, лабларига бўёқ суриб – кундан-кун ўзгариб, очилиб бораётганга ўхшарди. Бир куни унинг ёнига келиб:
– Бугун жудаям чиройлисиз, – деди журъат билан.
У ўзини эшитмаганга солиб, ерга қаради. Очиғи унинг қалбида бунақа такаббур сўзларга жой йўқдек эди. Қиз уялди чоғи, тимирскиланиб кўзини олиб қочди. Шу топда тепасида савлат тўкиб турган тайёр харидордан ҳам айрилгиси келмаётгандай эди.
– Қанақа гуллардан берай, – сўради бироз ҳаяжонини босиб олиб, бепарво тутишга уриниб.
Энди унинг ўзи довдираб қолганди шунда.
– Ўзингиз ёқтирганидан… – деди мардонавор, худди ўзини қаҳрамон жангчилардек тутиб.
Қиз бироз қизаринқиради. Киприклари пирпираб, қалтироқ тутди. Ҳаракатлари тезлашгандан тазлашди. Ҳаяжонланганиданми ё табиийми, қўллари билан ушлаган чиннигулларнинг нозик новдалари бирма бир сирғалиб тушиб кетарди. Бу ҳолат бир неча бор такрорланди. У эса:
– Ҳар галгидан чиройли, кичкинароқ гулдаста бўлсин! – деди қизнинг ўзини йўқотиб қўйганини кўриб, вазиятни юмшатмоқчидек. Аслида эса унинг қалтироқ қўлчаларини томоша қилиб, завқланарди. Яна бу гапи билан ўзини доимий мижоз эканлигини ҳам билдириб қўймоқчи эди.
Қиз қатъий ишга киришди. Тез-тез, ҳар хил гуллардан танлаб, гулдаста ясашга тутинди. Шу орада уни кузатиб, бироз хаёлларини жамлаб олишга вақт пайдо бўлганди.
– Исминг нима? – деб сўради дабдурустдан телбаларча сенсираб, ўктам овозда. У ҳаяжонланганидан буткул ақлини йўқотиб қўйганди.
Қиз ҳайрон боқди. Яна унга шундай ўқрайиб қаради-ки, йигит йиқилиб тушишига сал қолди. Жавоб бергиси келмади, шекилли, индамади. Жаҳлданми ё табиий тарздами битиб қолган гулдастасининг новдаларидан баргларини битта-битта мўтай бошлади. Сўнг чиройли қоғоз ўрамларга ўраб: оқ, пушти аралаш чўғдек қип-қизил гулларни унга узатаркан:
– Чаман! – деди кулимсираб.
Бу жилмайишлар замирида яширин маънолар ҳукмрон эди. Уни уқиб олиш эса, эндигина муҳаббат боғига қадам қўйган ўзи каби ошиқлар учун осон эмасди. Гулдастанинг номими ё ўзининг исми “Чаман”ми, билолмади. Тафаккур қилишга бўлса, ўзида куч тополмасди. Назарида ўқ аниқ нишонга теккан эди. Пул узатганди олмади.
– Буниси совға, – деди у худди устидан кулгандек қилиб. Бу гаплардан сўнг у баттар тентираб, нима қиларини билмай қолди. Чаманнинг жасорати олдида ожиз эди. Ундан ўтиб қаҳрамонлик кўрсатиш бефойда эканлигини жуда яхши тушуниб турарди. Агар жоиз бўлса, бу жангда қиз мутлақ ғолиб ҳам эди.
– Меники Лочин, – дея олди зўрға.
Шу тариқа Чаманга ён беришга мажбур бўлди.

* * *

Бу ҳолат узоқ давом этмади.
Яна бир куни Чаман ҳаммани ўзига қаратиб, жудаям чиройли кийимлар кийиб келди. Оппоқ, ҳарир кўйлаклари салгина шабада эсса ҳилпираб, кўзни ўйнатарди. Бошидаги шафтоли гулли рўмоли ҳам Чаманга жуда-жуда ярашганди. Устига устак баланд пошналар уни ҳаддан ортиқ кўркам, офатижон қилиб юборипти. Ўша куни Чамандан кўзларини буткул узолмади. Ҳа-ҳа. Худди шундай. Ҳатто уни югуриб бориб қучоқлаб олгиси келарди. Аммо ўзини тийди. Хоҳишларини зўрға жиловлади. Шу топда қўли ишга бормай қўйди. Бари юмушини йиғиштириб, рўпарасидаги чойхонада унга узоқ термилиб, ўй суриб ўтирди. Гўё орзулар оғушида осмонларда сузарди… Бироқ бироздан кейин хаёллари чиппакка чиқди. Бу ясан-тусанларнинг бари ўзи учун, деб ўйлаганди. Ундай эмас экан. Тушга яқин бир барзанги, кўринишидан жудаям такаббур, анча-мунча одамни менсимайдиган олифтанамо йигит Чаманнинг ёнига келди. Узоқдан юзини кўролмади. Ҳарчанд ҳаракат қилмасин, уни тиниёлмади ҳам. Ўша нусхани бу атрофларда авваллари кўрмаганди. Аммо нигоҳлари билан таъқиб қилишни тўхтатмади. Улар хиёбон бўйлаб юриб, одамлар орасига кириб кетишди. Шундан сўнггина кўздан қочирди. Ортларидан боришга ғурури йўл қўймади. Чунки Чаман унга қаршилик қилмаётганди. Демак, иккови ҳам бир-бирини танишади, қолеверса, жуда яхши тушунишадиганга ҳам ўхшашарди. Уларга ҳалал беришни ўзига эп билмади. Аммо ҳар хил хаёллар барибир тинчини бузганди. Туни бўйи мижжа қоқмай ич-этини еб чиқди. “У менга ҳеч ким эмас, ҳеч киммас!” – дерди ўзига-ўзи, ич-ичидан вулқондек отилиб келаётган саволларга жавобан. Қоронғида юраги яна ҳам сиқила бошлади. Қани энди тезроқ тонг отса-ю, ҳаммаси бутунлай тугаса. Борган сайин унга бўлган ҳис-туйғуларидан заррача нишон қолмаётганди. Уларни ўйласа фақат ғазаби қайнарди. Ўтган кунлар ҳақидаги ширин хотираларни эса, тонгга яқин буткул калласидан қувиб чиқарди.
Шундай бўлса-да, эртасига барибир яна уни кутди. Кутгандаям узоқ кутди. Аммо Чаман келмади. Ўрнида тўлачадан келган, ҳаракатлари ҳам бесўнақай, Чаманнинг бутунлай тескариси бўлган, ўзига умуман нотаниш бўлган бир аёл гул сотарди. Бир томондан қараганда қиёфа-тузилиши унга ҳам ўхшаб кетарди. Қариндошларидан бўлса керак ҳойнаҳой. Ҳа-ҳа. Шунақага ўхшайди. Бориб сўрашга юраги бетламади. Хўш, билганда унга нима? Бирон нарса ўзгариб қолармиди? Кута-кута ҳафсаласи пир бўлди. Эртасига эътибор бермасликка ҳаракат қилиб кўрди. Бўлмади. Барибир ҳар хил хаёлга борди. Охири ўйлай-ўйлай зерикди. Қўлини ювиб қўлтиққа урди. Ўзининг кундалик ишларига шўнғиди.
Уч-тўрт кун ўтиб эса, кутилмаганда Чаманнинг ўзи пайдо бўлди. Бу сафар олдига боришни истамади. Эркаклик ҳамияти йўл қўймади. Ўша кунги ишларга ана шундай қилиб муносабатини билдириб қўймоқчи бўлди унга. У учун энди ҳаммаси бир пул эди. Дунёга ўт кетмайдими… Ҳаммаёқ ёниб кулга айланса ҳам майли эди. Дунёни куни кўкка совурилса, унга нима!? Ўзини бутунлай бефарқ тутишга ҳаракат қилиб кўрди. Аммо ичини нимадир тимдаларди. Унинг азобидан ҳеч қутулиб бўлмасди. Кун бўйи Чаманни зимдан кузатиб, вақтни ўтказди. Ниҳоят бир фикрга келиб, ўзини йиғиштириб олди. Чаманнинг ёнига боришга қарор қилди.
– Уни яхши кўрасанми?.. – сўради тўсатдан унинг олдига бориб.
Қиз тушунмай гарангсиди. Атрофга олазарак қараб, қип-қизариб кетди. Юзлари чўғдек ловулларди гўё. Ёнидагилардан нажот излади. Ҳеч кимдан садо бўлмагач:
– Кимни?.. – дея олди аранг.
– Тунов кунги олифтани!?
Чаман яна довдиради. Бироз ўйланиб, тарашадек қотиб қолди. Эсига тушди чоғи, сўнг баралла кулди.
– У менинг акам – деди сўнгра.
– Ишонмайман.
– Ишонмасангиз ана… – у аланг-ажаланг яна атрофга қаради. Кимнидир қидириб, тополмади шекилли: – …ўзидан сўранг! – деди.
– Алдамаяпсанми? Ростдан аканг-а?.. – сўради гўлларча ундан, худди шу жавобни кутиб тургандек хурсанд бўлиб.
– Акам дедим-ку!
– Наҳотки!?..
– Ҳа-аа!.. Ҳа, ҳа, ҳа!!
Бундайин кескин жавобдан кейин бошқа гапга ҳожат йўқ эди. Яна синчиклаб сўрашдан ўзи ҳам қўрқарди. Агар бошқача бўлганда юраги тарс ёрилиб кетадигандек эди.
– Ёлғон гапирсанг Худо жазолайди! – деди болаларча қувлик билан. Бу гапни эшитиб, Чаман ширингина жилмайди.
Унга жуда-жуда ишонгиси келарди-ю, аммо қалбининг туб-тубида барисини инкор этувчи куч ғимирларди. Уларнинг бир-бирига суйкалиб юришлари ака-сингил ўртасидаги муносабатларга ўхшамасди асли. Тасаввурида ўша кунги воқеалар тасвирини чизишга ҳаракат қилиб кўрди. Аммо ҳа деганда уларнинг қиёфалари гавдалана қолмади. Нима бўлса бўлсин энди. Ҳаммасидан Чаманнинг гапи муҳим-ку унга. Қоронғи кўнгли оҳиста ёриша бошлади. Бироз ўтиб, бу ифода юз-кўзига кўчди шекилли, Чаман ҳам мийиғида жилмайди. У бўлса хурсандчилигини яширолмади. Энди икковлашиб қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборишди. Сайлгоҳ гавжумлашиб борарди. Назарида ҳамма уларга қарашаётгандек эди. Қоронғи тушса ҳам одамлар тарқай дейишмасди. Ўчакишгандай харидорларам кўпайгандан кўпаярди. Чаман билан биргалашиб алламаҳалгача гулдасталар ясаб сотишди. Ора-сира у ёқ-бу ёқдан гаплашишгаям вақт топишди.
– Қаерда турасан ўзи? – сўради ундан гап орасида.
– Гулзорда.
– Гулзорда-а? – унинг сўзларини қайтарди у, “Гулзор” тахминан шаҳарнинг қайси томонида жойлашганини чамалаб. – Арча кўчадагими?..
– Ҳа-а. Худди ўзи. Ўша томондаги. Биз тарафларни биласизми?.. – соддаларча сўради Чаман.
– Албатта, – гердайди Лочин.
– Қаттан биласиз?
– Ҳар куни ўқишга қатнайман-ку маҳаллангдан ўтиб.
– Ҳмм…
– Мани кўрмаганмисиз?
Лочин кулди. Унинг соддадиллиги ўзига жуда-жуда ярашарди. Сурати қандай бўлса, сийрати ҳам ўшандай эди. Энди Чаман кўзига бошқачароқ бўлиб кўрина бошлади. Жозибалироқми-ей… Билолмади. У янаям очилиб кетганди назарида. Овозлари ҳам мулойим, қўнғироқдек эди. Қараган сари қарагиси келарди. Термилавериб кўзлари қамашиб ҳам кетди. Ёки узоқ кун кўрмаганига шунақа туюлдими, ҳарқалай жудаям ёқимли ва мафтункор эди у. Ҳеч қурса юраги алдамаса керак. Чунки тез-тез урганидан гупиллаб безовталанарди.
Очиғи гул сотиш унга мақул келиб қолди. Чунки бу ишда ёмонликни кўрмади. Одамлар яхши ниятда гулдасталар олишарди: бири яқинига, бири севгилисига… Хуллас Чаманнинг гуллари фақат яхшиликка сотиларди ҳисоб.
– Гул олиб кетинглар, чиройли гуллар! Яқинларингизга совға қиласиз. Бу гуллар бахт келтиради.

* * *

Энди ҳар кунги одати ўзи сезмаган ҳолда бошқа тарафга қараб ўзгарди. Чунки у гул сотиб олмасди. Аксинча бир думалаб, гул сотувчисига айланди-қолди. Бўш пайтлари Чаманга ёрдамлашиш учун чопарди. Икковлашиб гул сотишарди. Вақт ўтган сайин у ҳам бунга кўникиб қолди. Бу ҳол тез-тез такрорланаверарди. Чаман ҳам Лочин келмагунча бир чақалик савдо қилмай, зерикиб ўтирарди. Уни кутарди. Кечикканда худди яқин кишисини йўқотиб қўйган одамдек, атрофга жовдирарди. Одамлар орасидан кимнидир излаб, қидирарди. Узоқ кутарди. Бир куни юрагини ҳовучлаб шошиб, унга ошиқиб келса, ҳомуш ўтирибди. У билан гаплашгиси ҳам йўқ. Ўтган-кетган гулларнинг нархини сўрашади. У бўлса, жавоб қайтармайди.
– Чаман, нимага савдо қилмаяпсан? – сўради ажабланиб. У жим эди. Лочиннинг гапини эшитмаганга олиб тумтайди. Қовоқлари билан ёнига ўтиришга имлади.
– Нега индамайсан? – яна сўради хавотир олиб. Чаман бўлса тескари ўгирилиб олди. Чап қўли билан чиннигулнинг дастасидан маҳкам ушлаб, ўнг қўли билан унинг гулбаргларини битта-битта юлиб ташларди. Лочин:
– Нима қиляпсан, жинни-пинни бўлдингми? – деди тоқати-тоқ бўлиб. Ниҳоят Чаман жилмайди.
– Бу учинчиси. Биринчисида адашиб кетдим. Иккинчиси тўғри чиқди. Учинчиси янаям аниқроқ, – деди хушчақчақ овозда чинқириб. Атрофдагилар ҳам Чаманни эшитиб, анграйиб қолишди. Лочин ҳеч нарсани тушунмай, бақрайиб турарди.
– Буни шу ерда ўрганганман. Гулчиларнинг бари шунақа қилиб фол кўришади, – деди у пичирлаб. Лочин шундагина уни тушунди. Савдоси юришмаган гулчиларнинг “жинни” ўйини-ку.
– Вой тентакво-ей. Ҳали шунақа қилиқларимам бор дегин?!
– Нима қипти?..
– Фолга ишонасанми? – сўради таажжубини яшириб ўтирмасдан.
– Унчаликмас. Аммо фолга ишонма, фолсиз юрма дейишган-у.
– Ким айтибди буни. Эсипас гулфурушларни гапи бу!
– Ишонмайман.
– Қани айт-чи, бу гулбаргларинг нимани дарак қилди сенга? – сўради қизиқсиниб.
– Айтмайман, – деди у эркаланиб.
– Айтақол, – ялинди у ҳам ўша оҳангда.
– Ҳа майли. Биринчиси алдади. Иккинчисида кўнглимдаги чиқди. Яна ишонмасдан учинчиси билан текширдим.
– Шунда нима бўлди?
– Менинг истаганим, – деди Чаман ишонч билан жилмайиб.
– Биргина истагингга учта чиннигулни нобуд қилибсан-а? – ҳазиллашди у, оёқ остида қалашиб ётган қип-қизил гулбаргларга ишора қилиб.
– Бошқа нима қилай? – деди Чаман ҳам чақчақлаб кулиб.
– Сафсата буларнинг бари, – деди норози оҳангда Лочин. – Тур яхшиси гул сотамиз. Бўладиган ишни қилсанг-чи. Қанча харидорни қочирдинг.
Бу гаплардан кейин Чаман даст ўрнидан турди. Тура солиб баралла овоз билан бақириб, харидор чорлашга тушди. Чаманга қўшилишиб у ҳам гулларни мақтади.
– Гул олиб кетинглар, чиройли гуллар! Яқинларингизга совға қиласиз. Бу гуллар бахт келтиради. Тонг саҳарда терилган. Шудринглари қуриб улгурмаган ҳам ҳали, – дейишарди икковлашиб.
Чаманнинг гуллар ҳақидаги мақтовлари худди ўзи каби кўпчиликни эътиборини тортмай қўймасди. Чунки унинг овози ўта латиф ва чиройли эди. Чаманнинг бу сўзлари қулоқларига қўрғошиндай қуйилиб, ўзининг ҳам хотирига ўрнашиб қолган экан. У билан узоқ кўришмай қўйганида ўша кунги хушчақчақ ҳолдаги, жарангдор овози билан мана шундай мижоз чорлашларини унутолмай юрди.

* * *

– Гул олиб кетинглар, чиройли гуллар! Яқинларингизга совға қиласиз. Бу гуллар бахт келтиради.
Кейинчалик ҳам унинг шунақа ёқимтой қилиқларини эслаб, завқланарди. Туни билан соғиниб хатлар ёзарди-да, тонгга яқин уялганидан майда-майда қилиб йиртиб ташларди. Очиғи қоғозга битилган сўзларни Чаманга ўқитиш учун ўзида журъат топмаганди ҳали. Тиббиёт академиясини битириб, қишлоққа қелганидан бери пойтахтга қайтиб кетишни ўйлайди. Лекин иложиси йўқ. Чунки шартноманинг уч йил ишлаб бериш шарти бор. Қаёқданам шу дардисар шифокорликни танлади-я! Ўқишни тамомлаб, йўлланмани қўлларига олишганда бари дўстлари ўзида йўқ хурсандчилик қилишди, аммо унга ҳеч нарса татимади. Дунё қоронғи бўлиб кетди кўзига. Шаҳарда қолишга ҳарчанд уринмасин, мақсадига етолмади. Устозларига ялиниб-ёлворди, баҳоналар қилиб кўрди, бўлмади. Тартиб-қоида шунақа, ахир, дейишди. Шундай бўлса-да бир Наримон Юсуфни, бир Раҳим Ниёзни олдига қатнаб ҳоли-жонига қўймади. Барибир устозларидан иш чиқмади. Мана энди чегарадаги қишлоқ шифохонасида жарроҳ. Нолимайди. Ишидан ҳамма миннатдор. Бироқ бутун ўй-хаёли Чаманда. Тошкентдан кетар чоғи у билан учрашишга ошиқди. Алламаҳалгача биргалишиб, гулдаста ясаб сотишди. Орада у ёқ-бу ёқдан гаплашишди. Унга Тошкентдан кетаётганлигини айтишга қийналарди. Пайт пойлаб, вақт ўтказди. Ниҳоят:
– Биласанми, эртага Андижонга жўнаб кетаман. Бормасам бўлмайди, – деди.
– …
– Нимага индамайсан, Чаман? Тўғрисини айтсам, сен хоҳласанг ҳам қололмайман. Вазият шундай. Ўқишни битирдим. Энди мени юборишган жойда ишлашим керак.
– …
– Истасанг сениям олиб кетаман. Туғилиб ўсган қишлоғимни кўрсатаман. Жудаям сўлим – чашмалари, шовва солиб шовиллаб оқадиган дарёлари бор. Қорадарёни кўрмаган бўлсанг керак-а?.. Ҳа айтгандай. Қаёқданам кўрардинг. Ахир шаҳарданам чиқмаган бўлсанг. Қорадарё асли қора эмас, аксинча сувлари тиниқ. Одамларга ҳаётбахш этади.
Чаман барибир индамай турарди. Гап орасида у яна туғилиб ўсган қишлоғи ҳақида гапириб, уни албатта олиб боришга ваъда берди. Чаман унинг жон куйдириб гапираётган гапларини қовоқлари солиқ бефарқ тингларди. Ўзини иш билан машғулдек кўрсатиб, тинимсиз ғимирларди. Ҳатто сўзларига аҳамият бермасди. Унга ҳам у билан ажрашиш осонмасди назарида. Хуллас Чаманга тушунтириш учун ҳар кўйга тушди. У бўлса эшитишни ҳам хоҳламасди. Ниҳоят келаси ёз унинг олдига келишини айтди. Хайрлаша туриб:
– Мени кут! – деди ёлвориб.
У бўлса кулди. Норозилигини яшириб ҳам ўтирмади.
– Нима учун? – сўради ўксиниб.
– Биласан-ку, – ҳайрон дўлайди у ҳам.
– Ҳаракат қиламан, – деди ошкора истеҳзо билан Чаман.
– Шунақами ҳали!? –зўрға жаҳлини яширолмай сўради Лочин.
– Ашнақа, – деди у ҳам масҳараомуз.
Бу унинг андижонликлигига ишора эди. Чаманнинг ундан ўрганган якка-ю ягона бисоти шу эди, ўйлашича.
Шу-шу ундан узоқлашди. Салкам беш юз чақирим эди ораларидаги масофа. Тошкентни тушида кўрарди фақат. Шууридаги хотиралар-у, ўй-хаёллардан бошқа юрагига таскин берадиган ҳеч нарса қолмаганди. Чаманни хоҳлаганча ўйлаши, у билан ўтган кунларни эслаши мумкин эди, холос. Ўзини худди қафасга тушган қуш мисол ҳис қиларди. Шаҳарга қайтгиси келарди-ю, эрки ўзида эмас эди. Ҳар кун беморлар шифохона остонасида доим унинг қабулини кутишарди. Ахир, шифокорлик мажбурияти бор. Секин аста яратганнинг тақдирига кўника борди. Бироқ Чаманни кўриш истаги барибир тинч қўймасди.
Шартта ҳаммасига қўл силтаб, кетворсамикин? Беморларичи? Улар нима қилади!? Унга ўрганиб қолишди-ку ҳаммалари. Қолаверса уларга ёрдам бериш бурчи.
Бу қишлоқ одамларининг бари самимий, очиқкўнгил эди. Келган куниданоқ уни ўз яқинларидек қабул қилишди. Ёрдам беришди. Ҳозир бўлса, жуда ҳурмат қилишади. Ишхонаси Қорадарё бўйларига жуда яқин. Дарё сувларининг шовқини эшитилиб туради. Табиати ўзгача. Дарёнинг бу ёғи Хонтоққа яқин бўлса, у қирғоғи қирғизлар яшайдиган ҳудуд. Деразасидан шундоқ Бўртоғнинг виқорли қоялари соясида уларнинг яйдоққа тиккан ўтовлари кўзга ташланиб туради. Аҳён-аҳён яйловларда чопиб юрган қирғиз болаларининг қий-чувлари-ю, катталарининг салом-аликлари ҳам қулоққа чалинади.
– Ассалом алейкум туугандар! Саламатсыздарбы!

* * *

Бу жойлар ўзига ҳам ёқиб қолганди. Чеккатошлоқ деган номини ҳисобга олмаса, қолган ҳаммаси кўнгилдагидек, жудаям яхши эди. Келган пайти унга шифохона яқинидан шинамгина хизмат уйи ҳам беришган. Ёлғиз ўзи яшайди. Қўшнилари ҳам оқибатли. У-бу юмушларига қарашиб туришади. Ҳали ўзининг турмушда унчалик уқуви ҳам йўқ. Одатда уйда кам бўлади. Фақат ишига боғланиб қолган. Бу ерларда беморларидан бошқа ўзига яқин ҳеч кимни ҳам танимайди. Баъзан оғир касаллар келганда тунни ишхонада ўтказишга тўғри келарди. Шифокорнинг ҳаёти шунақа экан-да! Чеккатошлоқ чегара қишлоқ бўлгани учун ҳарбийлар ҳам анча-мунча. Уларнинг кўпи шу шифохонага қатнашади. Айримлари билан дўстлашиб ҳам олди. Айниқса Жасур исмли зобит билан чиқишиб қолишди. Тошкентдан экан. Яқинда оила қурибди. У билан фақат Тошкент ҳақида гаплашарди. Оғзини кўпиртириб ўзи яшаган даҳани мақтарди. Гўё дунёда Лабзакдан бошқа яхши жой йўқ у учун. Эски шаҳар, Бешёғоч, Себзорда ўтган болалигини эслаб завқланарди. Сассиқҳовуз тарихини чала-чулпа қилиб, айтиб берарди. Чорсу бозордаги шумликларини ҳар кўришганда қайта-қайта такрорларди: қовун-тарвуз сотгани-ю, бошига тарвуз тушиб ёрилгани ҳақидаги хотираларини кулиб эсларди. Унга ҳам у билан ҳамсуҳбат бўлиш ёқарди. Иккисини ҳам бир туйғу бирлаштирарди асли. Билади. У ҳам яқинларини соғинган. Лочин эса Чаманни. Бу ердаги ҳаёти тўғрисида кам гапирарди. Билгани ҳарбийлар шаҳарчасида туришаркан. Алоҳида қўриқланадиган ҳудуд у ерлар. Рухсатсиз кириб чиқиш амримаҳол. Тушунтиришича, шифохонадан унчалик узоқмас. Ҳар гал уни меҳмонга таклиф қилгани-қилган. Қани вақти бўлса. Унинг устига шу пайтгача бирон кишининг уйига ёлғиз меҳмонга бормаган. Меҳмондорчиликка ўрганмаган ҳам тўғриси. Болалигида ота-онаси билан у-бу жойларга бориб туришарди. Ҳозир кимларникида меҳмон бўлганиниям эслолмайди. Кўпроқ қариндошлариникига боришганди, адашмаса. Жасурнинг ўзиниям иши бошидан ошиб-тошиб ётганини билади. Қачон қарама шошади. Айтишича қўл остида юзлаб аскарлар бор. Уларнинг ҳар бирини ҳаётига – еб-ичиши, ётиб-туриши, хизмат ўташига масъул экан.
– Оғирмасми ишинг? – деса:
– Ўрганиб кетганман, – дейди кулиб.
Мижозлари асосан ҳарбийларнинг оилалари. Туб аҳолидан кўра улар кўпроқ. Бариси ўзига ўхшаган у ёқ-бу ёқдан келган, яқинларидан узоқдаги одамлар. Фақат ишини, уйини билишади. Ўзи истамаса-да, секин-секин қишлоқ ҳаётига киришиб боряпти. Ҳали кетишни ўйламаса ҳам бўлади. Негаки эндигина бир йил ўтди. Бу ёз таътилга чиқади. Ана ўшанда ваъда қилгандек Чаманнинг ёнига қанот ёзиб учади. Уни жудаям кўргиси келганди. Қаниийди шу бир ой дегани ҳам иммилламасдан тезроқ ўта қолса…

* * *

Май охирлаб, ёзнинг жазирама июнь ойи ҳам бошланди. Ниҳоят узоқ кутилган кун келди. Шифохонадан тўғри уйига қайтди-ю, лаш-лушларини елкага ташлаб, апил-тапил Тошкентга равона бўлди. Хурсандчилигидан танаси терисига сиғмасди. Ёрилиб кетади ҳозир. Ахир ҳар кунни бирма-бир санаб, не азобда ўтказгани ёлғиз Яратганга аён-ку. Боғишамолга етганда бироз нафасини ростлаб, нонушта қилиб олмоқчи бўлди. Лекин вақтдан қизғанди. Боғишамол Андижоннинг кўҳна, сўлим гўшаси. Жазирама иссиқда доим гавжум бўлади. Андижонда ошхоналар хўроз қичқирмай туриб иш бошлайди. Ёзнинг иссиғида Боғишамолга ҳам келувчилар кўп бўлади. Бу ёғи Ўш, бу ёғи Фарғона одамлари тонг саҳардан дам олишга шошишади. Эрталабданоқ чойхона-ошхоналарда одам қайнайди. Ортда қолаётган тоғлар, қир-адирлар оралаб борар экан: “Қайдасан, Тошкент! Қаердасан, Чама-а-аан!!” – деб бақиргиси келарди. Чекатошлоқдан узоқлашган сайин ўй-хаёллари бузилиб, чувалашиб кетди. Ақли ўзига бўйсунмай қўйди. Чаманни кўриш ишқида ёнарди. Уни хаёлан қучоғига олар, сочларидан сийпалар, юзларига тўйиб-тўйиб термуларди. Тўғриси Чаманни росаям соғинганди. Бир йил қандай чидаганига ўзининг ҳам ақли бовар қилмасди. Унинг ишқида чеккан азобларини Чаман билмайди-да. Бардошигаям қойил! Вақт бунчалар секин ўтмаса-я. Шошиб қанчалик тез юрмасин, йўллар ўшанча чўзилиб, борар жойи янаям узоқлашаётганга ўхшарди назарида. Аслида ҳам шунақадек эди. Қамчиқ довонига етганда бироз хаёли қочди. Тоғлар ёнбағридаги Чодак қишлоғи эътиборини тортди. Табиатнинг мўъжизаси эди бу. Одамлар худди ибтидоий даврлардагидек улкан тошлар ораларида ҳаёт кечиришаркан. Йўллари тош, уйлари тош. Ҳатто иморатларининг деворлариям тош эди. “Одамзот яшаш учун нималар қилмайди. Азалдан не-не ерларни маскан тутмаган”, хаёл сурарди у. Тоғ-у тошлар, чўл-у биёбонлар, ҳатто узоқ музли ўлкаларгаям инсон оёғи етиб борган-а.
– Айтишларича Чодакни шуҳрати қадимда олис Чингача довруғ солган экан, – деди ёнида кетаётган ҳамроҳларидан бири худди унинг хаёлларини англагандек.
– Шунақа дейишади, – унинг гапини маъқуллади Лочин.
– Одамниям қўли гул-да, қаранг! Шундай баҳайбат тоғни бағрини ёриб йўл қуришганига қойил!
– Тўғри. Одамни ишонгиси келмайди.
Ҳақиқатан ҳам ҳамроҳининг гапида жон бор. Одамзот ҳамма нарсага қодир. Қияликдаги илон изи йўллар ҳар қандай йўловчини эътиборини тортади. Шундай ўйлар оғушида шомга яқин шаҳарга етиб келди.
Пойтахтнинг сершовқин кўчалари уни анча чалғитди. Ўтган бир йил ичида шаҳар бутунлай ўзгарган, катта-катта қурилишлар бошланибди. Ҳали битиб улгурмаган, бири-биридан баланд бинолар худди Бўртоғнинг қоялари мисол виқорли кўринарди кўзига. Тошкент янаям чирой очибди. Очиғи бегонасирай бошлади. Бошқа бир шаҳарга келиб қолгандай ҳис қиларди ўзини.
Унинг борар манзили аниқ эмасди. Сабаби Чаманнинг уйини билмайди ҳам. Тўппа-тўғри ўзига қадрдон бўлиб қолган хиёбон сари юрди. Гулчилар растасидан топади уни. Ўша ерда бўлиши керак ахир. Наздида у ҳамон ўзини кутиб, йўл қараб ўтиргандек туюларди гўё. Шундай эканлигига шак-шубҳасиз ишонарди. Ҳозир узоқдан уни кўриб қолади-да, севинганидан ўқдек қучоғига отилади, хаста қалбига чиппа ёпишиб, малҳам бўлади. Ҳа-ҳа. Шундай бўлиши аниқ. Чунки унинг ҳам соғинганига шубҳа йўқ. Ҳар куни кутаётган бўлсаям ажаб эмас. Бироқ… Хаёл бошқа, ҳаёт бошқа. Лочиннинг ўйлари бирдан тарқаб кетди. Чунки хиёбондаги аввалги гулчилар растасида озиқ-овқатлар, турли ширинликлар сотилаётган эди. Энди Чаманни қайдан излайди. У карахт ҳолда бироз иккиланиб, туриб қолди. Кимдир ортидан туртиб: “Бирон нарса керакми, оғайни?” – деди. Шунда беихтиёр ўгирилди. Лочин нима дейишга ҳам ҳайрон эди. Рўпарасида офтобдан юзлари қорайиб, қуёш нурларидан кўзлари қисилиб кетган бир қандолатпаз қараб турарди. Ростдан ҳам нима керак унга ўзи!? Қишлоқдан не мақсадлар билан шаҳарга қараб йўлга чиққани-ю, ҳозирги ҳолатдаги аҳволи бир бўлди.
– Гулчилар… Гулчиларни қидираётгандим! – деди талмовсираб паст овозда.
– Ҳа-а, гулбозорми!? Ҳў-ўв кўчани бошига кўчган. Ярим йил бўлди-ку! Бу жой озиқ-овқат.
Лочин раҳматниям насия қилиб, қандолатпаз ишора қилган тарафга қараб шошди. Гулчилар растаси хиёбонга кириш-чиқишда эди. Бахтга қарши гул сотувчиларнинг деярли бариси бошқалар экан. Фақат биттасини аранг таниди. У ҳам бўлса, Чаман савдога чиқмаган пайтлари унинг ўрнида гул сотадиган, қўполдан-қўпол ўша “қариндош”и эди. Авваллари доим сўрашга ийманарди. Бу сафар тўғри олдига бориб суриштирди.
– Шу жойда бир қиз гул сотарди, опажон! Кичкинагина, қорачадан келган. Гаплариям… нима десам экан, – каловланди у юмшоқлик билан телбаларча.
– Нима қиласан уни? – чўрт гапини кесди аёл. Овози эркакларникига ўхшаш йўғондан-йўғонлиги уни баттар эсанкиратиб қўйди.
– Ҳалиги… таниш эдик! – дейишини билади аёл заҳрини соча кетди.
– Яна қанақа таниш. Нимага алдайсан. Сандақа қишлақи танишлари йўқ уни. Кимсан ўзи? Қаттан кеб қолдинг? – деди жеркиб уст-бошига назар солиб. Гуллари сотилмай, савдоси ўхшамаган шекилли, аламини ундан ола бошлади.
– У билади. Бирга…
– Манга қара ҳў-ўв бола. Нималар деб валдиравоссан ўзингча. Ман аммасиман, тушундингми? Сан катта холасини боласи бўласанми!? Қорангни ўчир бўттан. Чаманни этвотган бўсанг аллақачон эрга теккан. Кеч қолдинг ҳарип. Сур, йўқол! – деди ҳаммага эшиттириб.
Аёлнинг росмона жаҳли чиққан эди. Энди қочмаса бўлмайди. Аёл ортидан яна нималардир деб ғудрана бошлади.
– Санга ўхшаган келгиндиларга қизимиззи қўшқўллаб ушлатиб қўядиган аҳмоқ боракан-да, Тошканда! Танишимиш-а, – деди баралла бақириб. Лочиннинг гапи оғзида қолди. Аммасининг ғўлдирашларидан англагани олти ой олдин Чаманнинг турмушга чиққани-ю, бошқа гул сотиш учун бу ерларга келмаётгани бўлди, холос.
Шу онда унинг ҳолини тасаввур қилиш унчалик қийин бўлмаса керак. Лекин у иложи борича ўзини тутишга ҳаракат қилди. Шундаям дунё кўзига зим-зиё кўрина бошлади. Бундан бир неча сониялар олдин кўзига чап-чароғон кўринган шаҳар назарида нақ зимистонга айланганди. Бу ёғига нима қилади?! Чамансиз қандай яшайди? Бундай бўлиши ҳатто хаёлига келмаганди. Ҳамма умидлари сўнди, ўйлаганлари чиппакка чиқди.
“Бевафо! Бир йил сабр қилолмадингми, а? Ёлғончи!” – деб сўроққа тутарди ғойибона уни.

* * *

У телба алфозда хиёбонни қанча кезганини билмайди. Шу орада ҳар доим Чаманни кузатиб ўтирадиган чойхонада ҳам алламаҳалгача вақтини ўтказди. Ундан чиқиб яқин атрофда дайдиб юрган итлар галасига дуч келди. Баъзи лайчалари акиллаб-аккиллаб ортидан эргашиб, қувган бўлишди. Ўзи шу кам эди унга. Улардан қочиб, нон растасига бориб қолди. Ақлу ҳуши ўзидамас эди. Хиёбонда деярли ҳеч ким қолмаганди. Охирги нонларини сотиб бўлиб, ашқол-дашқолларини йиғиштираётган новвой унга қараб:
– Қаёққа борасан ошна? – деб сўради эринибгина.
У индамади.
– Борар жойинг бўлмаса бизникига юрақол. Мусофирга ўхшайсан. Новвойхонада уч киши яшаймиз. Сенгаям жой топилар. Ҳозир шаҳарда итам қолмади. Яна бироз тентирасанг, опкириб қўйишади.
Лочин бояги лайчалар галасига бир қараб қўйди ва лом-мим демай новвойга эргашди. Чунки итлар ҳам уялари томон одимлашарди чоғи. Гапиришга ҳоли бориди-ю, иштиёқи йўқ эди.
Талабалигидаям бозорни энг охири тарк этадиган новвойлар бўларди. Ўқишдан чарчаб келиб, дум тушиб ухлаб қоларди. Қорин таталаб уйғонганда вақт алламаҳал бўларди. Ана шунақа пайтлар бозорга чопишарди. Новвойнинг қолган-қутган, кўпчиликнинг қўллари теккан арзон-гаров нонлари талабанинг ризқи эди. Йўлда новвой бир неча бор унга қараб гап қотмоқчи бўлди, аммо аҳволини кўриб индамай қўя қолди. Улар новвойхонага етиб келгунча орқама-орқа шу тахлит анча юришди. Ниҳоят ичкарига киришаётганда:
– Соқов-поқовмасмисан, ишқилиб!? – сўради новвой таажжубини яшириб ўтирмай шартта. У беихтиёр кулиб юборди.
– Тилим бор, – деди ўзига келиб.
– Кармонингни йўқотдингми унақада?
– Йўқ. Бироз хаёлим қочибди.
– Бекоргамасдир!? – бақирворди ичкарида хамир қораётган шериги. Дарчадан унинг кулимсираган самимий юзи кўриниб турарди.
– Бирон дардингиз бўлса айтинг! Ҳушингизниям, хаёлингизниям жойига келтириб қўямиз, тўғрими, ака? – ёнидаги шерикларига қаради умидвор, тандир ёнига кўмир тераётган новвойлардан бири. У булардан ёшроқ бўлгани учун шашти анча баландлиги билиниб турарди.
– Ака, водийданмисиз? – дабдурустдан сўради ичкаридаги новвой бола бошини дарчадан чиқариб.
– Шунақа.
– Қаттан?
– Анжандан.
– Биз Қўқонданмиз, ака. Ҳўқанди латифдан, – урғу берди новвой. – Шатта новвойчилик қиламиз.
– Яхшида.
– Аҳмаджон акамга ким бўласиз? – сўради яна қораётган хамирини устига шаппатилаб. У тушунмай атрофга олазарак қаради. Буни англаган тандир олдидагиси уни ноқулай вазиятдан чиқарди.
– Аҳмаджон акам яна кўчада танишибди, шекилли, а? Бегона таниш, – деди.
– Ҳали улгурмадик. Келгунча оғзига толқон солволганакан, лом-мим демади.
– Наҳотки, ака, наҳотки! Одамни ишонгиси келмайди. Кун бўйи жағингиз тинмайдиган одам, биттагина одамни гапга сололмабсиз-да!?.
– Э-э, менам қойил қолмадим, Аҳмаджон ака. Барибир ишонтиролмайсиз. Тилсиз жониворниям гапиртирворардингиз-ку. Меҳмон акамизниям омади боракан-да, тўғрими? – яна дарчадан бошини чиқариб тандир ёнидаги шеригига юзланди қўлларини сурпа четига ишқалаб.
– Энди бас қилларинг, эй лақмалар! – деди жиддийлашиб Аҳмаджон ака дегани. – Буларга қўйиб берсанг эрталабгача латта чайнашади.
– Жа-а-а унчаликмас, ака! – норози оҳангда деди кўмир хумлаётган новвой бола.
– Хафа бўлмадингми ука. Буни оти Алижон. Ичкарисидагиси Ботиржон. Меники булар айтгандай Аҳмаджон.
– Отим Лочин, – деди у ҳам чўзиб ўтирмай мақсадни тушуниб.
– Чиройли исминг бор экан. Буларни гапига қулоқ солма.
– Яхши болалар экан. Беғубор.
– Энди ўзингдан сўрасак. Нима қилиб адашиб юрибсан ярим тунда? Алламаҳалгача довдираганингга қараганда жиддийроқ муаммонг боро-ов!..
– Ҳа, бир одамни излаб келгандим. Ишим юришмади.
У шундай деб юзини олиб қочди. Кўзларида ҳали ҳам ховотир бор эди. Бунинг устига бу ҳақда ҳеч ким билан дийдиёлашишни истамаётганди.
– Ҳа майли. Шунақаси ҳам бўп туради. Гапиргинг келмаса гапирма. Ҳой икковинг! Чой-пой қўймайсанларми!? Қорнингам очдир?..
– Йўқ. Унчаликмас. Чой бўлса ичаман ома.
Алижон билан Ботиржон бир зумда дастурхон ёзишиб, ўзлари ёпган нонлардан олиб келиб қўйишди. Бироз ўтиб чой ҳам шарақлаб қайнади. Алижон чойнакка дамлаб чиқди.
– Биз шу ерда тирикчилик қиламиз. Новвойлармиз. Улар ёпади, мен сотаман. Булар шогирдлар. Ҳозир устасига дарс беришяпти, – деди кулиб. Чойни қайтариб бироз тиндирди. Сўнг пиёлага қуйиб узатди.
Эрталабдан бери йўл юриб чарчаган эканми, ичига иссиқ кириши билан танаси яйради. Яна бир неча бор пуфлаб-пуфлаб, мириқиб хўплади. Новвойларнинг ўзлари ёпган нондан бир бурдасини олиб, тишлади. Шу пайтгача тандир ноннинг бу қадар хушбўйлигига аҳамият ҳам бермаган экан. Ҳар куни нонушта пайти оддий егуликдек еб қўярди, холос. Ноннинг ширин таъмини ҳис қила бошлади. Балким новвойхонани ўзида еяётгани учун шундай туюлаётгандир?.. Билмади. Ҳарқалай ҳаммаси ўзгача мазали эди. Новвойлар билан чой ичиш-у, улар пиширган иссиқина обинонни тандирхонанинг ўзида тановвул қилиш, тушига ҳам кирмаганди. У бари ташвишларини унутиб юборганди. Шаҳарга нимага келгани, ҳозирда новвойхонада қорин тўқлаб ўтиргани у учун аҳамиятсиз эди. Ўзиям анча очқабди. Буни кўрган новвой шогирдларига имлади. Ботиржон ишорани тушуниб, югуриб бориб тандир жағидаги кулча нонни узиб келди. Уста бўлаклаб дастурхонга қўйди. Бу новвойларнинг гўштли, гижда нони эди. Лочин ортиқча мулозимат ҳам кутмай, таомланишни бошлаб юборди. Ҳали совиб улгурмаган гўштли нон янаям тотли туюлди унга. Ажойиб. Бунақасини ҳаётида биринчи ейиши эди. Қорин ғами олдида дунёники ҳеч нарса эмас экан. У бундан бир неча соат илгари умуман бошқа муҳитда ҳаёт кечирарди, энди эса ўзга оламга тушиб қолгандек ҳис қиларди гўё. Ҳаммаси худди шундай эди. Калласига яшиндек келган бу фикрларни бутунлай инкор қилишниям, алдаб-сулдаб қайтаришниям ўзига эп билмади.

* * *

У тунни новвойхонада ўтказди. Тонггача шогирдларга қарашиб, ухлашни ҳам унутворди. Фақат Аҳмаджон ака чарчаганини айтиб, орада бироз мизғиб олди. Тўғрида, куни бўйи одамларга мақтаб-мақтаб нон сотишнинг ўзими? Бир пайтлар бу каби юмушни озгина бўлса ҳам ўзида синаб кўрган. Сотувчилик ҳам осонмас. Харидорни пулини олишнинг ўзи бўлмайди: не кўйга тушмайди одам. Очиғи йигитлар билан ишлаш анча ёқимли эди. Иккалови ҳам қувноқ. Бир-бирига ҳазил-мутойиба қилиб, ишини жойига қўйишарди. У ҳам анча-мунча новвойлик сирларини ўрганиб олди. Хампада хамир қориш-у, сурпада зувала олишгача қўли келишиб қолди. Одам ҳаракат қилса барчасини уддаларкан. Яна тандирга нон ёпиб, қандай узишни ҳам ўзлаштирди. Буларнинг бари қизиқарли эди. Эрталабда Аҳмаджон ака билан бирга нонушта қилишди.
– Зериктириб қўйишмадими бу хумпарлар? – сўради у дастурхон атрофида ўтиришганда.
– Уста новвой бўлиб қолди Лочин акам, – деди Ботиржон гапга суқилиб.
– Сен жим тур! – деди Аҳмаджон ака жеркиб. – Булар шунақа. Аралашмай туришолмайди.
– Ҳаммаси яхши. Йигитлардан кўп нарса ўргандим.
– Ёққан бўлса шу ерда қолақол! – деди самимий уста кулиб.
– Йўқ. Ишларим бор. Беморларим кутишади, – деди хомуш у.
– Ҳали шифокорман дегин. Ўзимиз билан бўлиб гаплашмабмизам. Бирон ёрдам керакмасми?
– Раҳмат. Шунисига ҳам катта раҳмат. Бугун қайтаман. Бу бегона шаҳарда бир мусофирни сийладинглар, сизларни Яратган эгам қўлласин, – деди ва бироз ўйланиб туриб бошидан ўтган ишларни-ю, кечаги бўлган воқеаларни ҳаммасини бир чеккадан қисқача қилиб айтиб берди.
– Воҳ-воҳ. Шунга шунчами, а? – ажабланиб сўради новвой, унинг гапларини эринмай эшитиб бўлгач. Лочинга устанинг гапи сал эриш туюлди. Энди оғиз жуфтлаганди, яна гап бошлаб қолди.
– Ранг кўр – ҳол сўр, дейишган. Кеча бир аҳволда эдинг. Мен бошингга бирон мусибат тушибдими, дебман. Бу савдо ҳаммада бор. Мана бизам юрибмиз-ку, ўлмай. Ҳаёт давом этавераркан-да. Билсанг келин аянгни тўйдан уч кун олдин кўрганман. Муҳаббат кўчада қолиб кетган ўшанда, дайди-ииб. Йўлимиз айро тушган бизниям. Мана келин аянг биланам бахтли яшаяпмиз. Ўлганимиз йўқ. Севги бўлса тарих энди. Эслашгаям арзимайди. Уйлансанг биласан. Олахуржун елкангга таппа тушади. Иккита бола туғиб берсин тағин, ана унда кўрасан муҳаббат деган савдони. Мана энди шу ерларда тирикчилик қилиб юрибмиз, ўша сен айтган бош оғриқни, деб.
Аҳмаджон ака ўзининг гапларидан ўзи нашъа қилиб, ўтган умридан миннатдорларча завқланиб, хандон отиб қўйди. Кетаётганда тонг саҳарда ёпилган биринчи тандир нонидан тўрттасини уздириб, қўярда-қўймай қўлтиқлатворди.
– Тошкентга келганда кириб тур! – деди кузатаётиб.
Йигитлар ҳам хушчақчақ хайрлашишди. Анчагача ноннинг иссиқ тафти вужуду танини илитиб борди. Шу бир кунлик саргузаштларни ўйлаб қишлоққа қандай қайтиб келганини ҳам билмай қолди. Новвойнинг сўнгги гаплари ҳаётга бошқача кўз билан қарашга туртки бўлди. Бу ёғига Чаманни унутишга аҳд қилди. Чунки энди унинг ўз оиласи бор. На шаърий, на қонуний нуқтаи назардан қаралса ҳам у ҳақида ўйлашга ҳақли эмас. Шу кундан бошлаб қатъий қарор қилди: бари-барисига нуқта қўяди.

* * *

Узоқ йўл барибир тинкани қуритади-да.
Чарчоқ элитиб, келибоқ айвондаги супачада бироз мизғиб қолибди. Алаҳсираб, уйқусида туш кўрибди. Қанақадир бегона оролдамиш. Фариштамисол гўзаллар яшармиш. Бири қўйиб, бири ўзи томон тортқилашармиш. Қўллари елкаларидан узилиб кетай деркан. Қайси бири билан кетишга иккиланармиш. Чунки уларнинг бари бири-биридан гўзал ва соҳибжамол экан. Энди ўнг томонига қараб таваккалига юришни бошлаганда қолганлари дунёни бошига кўтариб, айюҳаннос солишибди. Шу пайт қўрққанидан беихтиёр чинқирворганини англамай қолибди-ю, ўша заҳоти чўчиб уйғониб кетибди.
– Ҳайрият-э, – деб ёқасига суфлаши ҳамон, рўпарасида қўшни қиз Ипакнинг қўлида бир коса овқат кўтариб турганини кўрди. Ўзидан уялиб кетди шу топда. Ишқилиб овозини эшитмаган бўлсин. Жуда хунук иш бўлди-да.
– Аям берворганди, – деди Ипак ҳам сир бой бермай. – Йўлдан келган, қорни очқагандир, еволсин дедилар.
Лочин индамади. Тўғриси тили калимага келмасди. Ипакнинг қўлидаги косани аранг олиб, хонтахта устига қўйди. Ҳали кийимларини алмаштириб ҳам улгурмаганди. Ёнидаги елим халтада олиб келган Тошкент нонидан иккитасини чиқариб, унинг қўлига тутқазди.
– Мозорбости, – деди секин. Ипак нонларни олиб, ортига қайтди. Шу пайт яна нимадир эсига тушиб, уни тўхтатди.
– Шошмай тур, – деди у чўнтакларини тимирскилаб. Ипак жим кузатиб турарди. У узоқ кавланди. Ниҳоят топди шекилли: – Бу сенга! – деб унга кичкинагина тилла зиракча узатди. Буни Чаманга деб олиб, асраб юрганди асли. Ипак ғалати бўлиб, сал бўлмасам ўзини йўқотиб қўяёзди. Чунки унга ҳали ҳеч ким қимматбаҳо совға бермаганди.
– Олмийман. Аям уришадилар, – деди қатъий болаларча гўллик билан.
– Олавер. Бу мендан совға. Тошкентдан олиб келдим, – деди самимий.
Очиғи Ипакка бу гапларни айтаётганда қанақадир бошқача бўлиб кетди. Ўзининг айни ҳолатини тасвирлаб ҳам беролмайди. Ичида нимадир ғимирлаб, мақсадсиз ташқарига интиларди. “Шафқатсиз туйғулар” хаёлидан ўтказди у. Ҳаммаси янгидан ниш ураётган куртакка ўхшарди. Қалбидаги шу ғалаёнлар асносида Ипак зиракларни унинг қўлидан шартта тортиб олиб, овсарларча чопқиллаб чиқиб кетганини-да сезмай қолди. Ахир қандай ҳам олмасин. Бундай бежирим зиракчаларни тақиш кўп қизларнинг орзуси-ку!
У юз-қўлларини ювиб келиб, хонтахта устида ўроғлиқ турган қайноққина гулхонимларни паққос туширди. Сўнг у ёқ-бу ёқни йиғиштирган бўлди. Барибир чарчоқ енгди, шекилли, ўзини яна ўринга отди. Тинимсиз йўл юриб, мадорини олдирган эканми, узала тушиб ётиб олди. Шу кўйи қанча ухлаганини билмайди. Эрта тонгда туриб касалхонага борди. Бирма бир беморларини кўрикдан ўтказиб чиқди. Касаллар ҳам ҳайрон эди. Унинг таътилдалиги шифохона тугул, бутун қишлоққа овоза бўлиб улгурганди. Нимага кетди-ю, нима учун қайтиб келди. “Ўл!” – дегани одам йўқ. Ҳеч ким тушунмасди. Бош шифокор эса, хурсанд бўлди. Яна одатий чалақурсоқ1 ҳаёт бошланди. Энди кўпроқ касалхонада бўларди. Тунни ҳам асосан беморларга қараб ўтказадиган одат чиқарди. Қачонлардир нималардир ҳаётини ўзгартиришга ишонарди. Лекин ўша онлар қандай, қай вазиятда юз беришини билмасди, холос. Секин аста Чаманни ҳам унутишга ҳаракат қилди. Зерикканда тез-тез ота-онасига хат ёзарди. Жавоби ҳам унчалик кўп куттирмасди. Онаси хатида доим Худонинг зорини қиларди. Якка-ю ягона орзуси уни уйлантириш эди онаизорининг. “Қачонгача сўққабош юрасан! Ўқишимни тугатай дединг, тугатдинг. Иш дединг, ишлаяпсан. Яна қандай баҳонанг бор сен болани!” – деб қайғурарди хатида муштипар волидайи муҳтарамаси. Тўғрида, ҳар қандай ота-она ҳам фарзандининг бахтини кўришни истайди-да. Уларни яхши тушунади. Бу ёғи яна эл-юрт, урф-одат сингари гап-сўзларга ҳам боғлиқ. Хатининг охирида “Одамларни олдида уятга қўймагин бизни. Бирон дарди борми, дейишади унақада!” дея хотима қилибди. Аммо Чаманга нисбатан муҳаббати ҳали сўниб улгурмаган. Жоиз бўлса юрагининг бир четини тирнаб, пинҳон ётарди. Аҳмоқона бўлсаям айтади ниҳоят: уни севади – жуда-жудаям яхши кўради. Ўзи ҳам лол. Ҳатто тасаввур қилиш қийин. Айрилиқ унинг кўзини мошдек очди-қўйди. Буни ўзи ҳам энди-энди англай бошлаганди. Ҳа-ҳа. Жонидан ҳам ортиқ кўради. Яратган унга шундай муҳаббат берибди-ю, аммо умрини қисқа қилибди. Ҳамон ҳаётдан мўъжиза кутяпти барибир. Эшитганларининг бари ёлғон ҳам бўлиши мумкин-ку ахир! Шу гап унга умид бағишларди. Лекин ҳаммаси пуч хаёллардан бошқа ҳеч нарса эмаслиги ҳақида ўйлашни истамасди.

* * *

Бу ёз Ипак ҳам тиббиёт коллежини битириб шифохонага – ҳамшираликка ишга келди. Онаси “Ёнингизга олинг!” – деб қўярда-қўймай илтимос қилиб, туриб олди. Ўзи ҳам қаршилик қилмади. Аввало юз-хотирчилик , деб “йўқ” деёлмади. Кейин бўлса қўни-қўшничилик, унинг устига бегона ҳам эмас. Ҳеч қурса иш ўрганар. Охирги пайтларда бу ерларда унга энг яқин бўлиб қолган одамлардан бири улар эди асли. Ипакни эса анчадан бери яхши билади. Жудаям одобли, ақлли қиз. Доим унинг иссиқ-совуғидан хабар олиб туради. Бир томондан у бундан хурсанд ҳам бўлди. Иккинчи томондан қўшниларининг ишончларини оқлай олармикин?..
Ипак ўзи ўйлаганидан ҳам тиришқоқроқ бўлиб чиқди. Ўта интилувчанлиги боис шифохона ишларини жуда тез ўзлаштириб олди. Асосийси беморлар билан хушмуомала. Уларни кўнглини ола биларди. Секин-секин жарроҳлик амалиётларида ҳам ҳамроҳлик қила бошлади. Очиғи буни ундан кутмаганди. Шифокорни нима демоқчи эканлигини кўз қарашларидан илғаб оларди. Жарроҳ учун шундай зийрак ёрдамчининг ёнида бўлиши олий бахт эди. Айниқса жонлантириш бўлимида ҳамширанинг бундай зукколиги бир инсоннинг ҳаёти қадар ўта муҳим масала саналарди. Қолаверса ҳақиқий касбининг фидойиси шунақа ҳаракат қилади. У ишончини оқлади. Умуман кейинги пайт ҳаёти бир текис йўлга туша бошлаганди. Кунлар, кунлар кетидан ойлар бир-бирини қувиб ўтарди. Баҳор, баҳордан сўнг ёз, ёздан кейин яна куз келарди. Қишнинг совуқдан совуқ, аёзли кунлари нақадар тез ўтишини сезмай ҳам қоларди. У учун вақтнинг аҳамияти йўқ эди мисоли. Муҳими иши, ҳаёти, соғлиги. Бу баҳор онаси холалари билан йўқлаб келишибди. Яшашини, иш жойларини бориб кўришди. Онаси “Сенга фақат келин кам, холос!” – деб яна эски дийдиёсини қилди. Холалариям бир хил гаплар билан уни ўртага олишди. Худди ҳаммаси аввалдан келишилгандай эди. Онаси тўхтаганда холалари, холалари тинганда эса, онаси бошларди. Хуллас қулоқларини қоқиб қўлига беришди. Бунга чидашнинг ўзи эмасди. Азоб.
– Қачонгача сўққабош юрасан? – деб койирди кичик холаси.
– Ёлғизлик фақат Эгамга хос! – дерди катта холаси.
Уларнинг ҳар бир сўзи юрагини найзадек тилимларди. Ҳаммаларининг мақсади битта. Ниҳоят уларнинг қарорларини сўзсиз қабул қилди. Чунки бундан бошқа иложиси ҳам қолмаганди. Охири кўндиришди – уйланишга рози бўлди.
Қайта туриб онаси Ипак ҳақида учириб илиқ гапларниям айтди. Яна кўҳликкина, кўзга яқин эканлигини қистириб ҳам қўйди. Шу вақтгача бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаган экан. Кун бўйи ёнида юради-ю, илғамаганини қаранг. Эътибор ҳам бермапти унга. Кета туриб ҳатто Ипакнинг онасига қизини мақташгаям улгурибди. Нима ҳам дерди, мингдан минг рози. Агар шундай одатлар бўлмаса, дунёдаги бари ўзбек йигитлари холалари айтгандай ростанам сўққабош бўлиб, тоқ ўтармиди, билмади.
Хуллас онаси билан холалари келиб кетишгач, Ипак ундан қочадиган бўлиб қолди. Жарроҳлик амалиётларидаям кўринмай қўйди. Имкон қадар ўзини тортиб борарди. Ипакнинг онаси эса, аксинча унинг холаларини тинмай мақтарди. Қайта-қайта яна меҳмонга келишларини сўрарди. Ҳар икки гапининг орасида онасининг ўта фаросатли аёл эканлиги, жуда одамшавандалиги тўғрисида оғзидан бол томиб гапирарди. У ҳайрон эди. Буларга нима бўлган, ўйларди ўзича. Алал-оқибат онаси хат ёзиб, ҳаммасини тушунтирди. “Яширмайман, менга Ипак ёқди. Рози бўлсанг тўйни бошлаймиз!” –дебди ўзи айтгандай икки энликкина ёзган хатида. Ана холос! Нима дейишиниям билмай қолди. Гарангсиб юрганда Ипакнинг онасиям уйларига совчи келаётганини айтиб, суюнчилади. Кўнглига ғулғула тушди. Онасига хат ёзворсамикин. Энди Ипакдан ҳам қуруқ қоладими?.. Нима қилсин экан? Ипакка келган совчиларни эшитиб тинчи бузилди. Анчагача нима қиларини билмай жинни бўлаёзди. “Илоё совчиларга ёқмаган бўлсин Ипак”, – дея ўзини-ўзи тинчлантирарди. Яна: “Қандай ёқмайди. Ипакдек қиз-а! У ҳаммага ёқади-ку!” – деб ич-этини ерди. Боши ҳам қотди. Ўзига ҳам ёқади ахир у. Тақдирнинг ўйинини кўринг! Ўшанда “Кимдан?” – деб сўрамабди ҳам шошганда. Ўзиданлигини кейинроқ билди. Онаси энди амма-холаларини эргаштириб, совчи бўлиб келишган экан. Ўзига билдирмай ҳамма ишни пишитиб кетишипти. Охирида унга билдиришибди. Хуллас тўй. Қиз бўлса шундай бўлади-да. Ипакнинг Чамандан нимаси кам. Қолаверса, онаси айтгандай ҳаётда “тоқ” ўтмайди-ку! Ёлғизлик Яратганга ярашади катта холаси айтгандай. Қолверса бунга урф-одатлар ҳам йўл бермайди. “Ана сенга ҳаёт! Мана сенга турмуш ташвишлари, Лочинбой!” – дерди ўзига ўзи. Пешонасига битилгани шу экан-да. Нима бўлса, ҳаммасига кўнди. Тақдирдан қочиб қутулиб бўлмайди-ку. Амма-холалари уни тўйгача тоза ясантиришди. Андижоннинг ҳар пайшанба куни роса катта бўладиган “жаҳон бозори”га нақ уч ҳафта қатнашди ўзиям. Пойабзалидан тортиб, сувсар телпаккача харид қилишиб, кийинтиришди. Андижон дўпписиниям бозорни ахтариб манаман деганини, чертиб-чертиб олишди. Бошга кийганда салобат тўкиб туриш керак экан. Дўппи куёвболанинг кўркимиш. Амма-холларидан ўргилсин-а. Расми-русми шундай экан-да. Келингаям сарполарни уюб ташлашди. Мол ёяр, сеп кўрдига келганларнинг бари бу латта-путталардан оғзи ланг очилиб қолсин-да энди. Шунда кўнгиллари тинчийди амма-холаларини. Бу кийим-кечакларни кийса, Ипакни таниёлмай қолса керак. Уни фақат оппоқ халатда кўриб, буни тасаввурига сиғдиролмаяпти ҳалитдан. Холаларини айтишига қараганда ўзиям шаҳзодалардек куёв бўлибди. Нимаям дерди ахир… Шу бугун тўй. (Май ойининг ўн иккинчи санаси.) Кулсинми куйсинми, куёвжўралар билан роппа-роса эллик чақирим йўл босиб, ўзининг уйига куёвнавкар бўлиб келди. Келинни, яъни Ипакни Чеккатошлоқдан олиб кетишади. Қизиқ одатлар бор-да. Нимага керак шунча дабдаба. Катта-катта харажат. Шу одатларни карнай-сурнай билан етти маҳаллага жар солмасдан, ими-жимида ўтказса бўлмасмиди?..
– Сен қайғурма! Буларнинг бари қадрият. Аждодларимиз қилган, бизам қиламиз. Эртага сенинг бола-чақанг, авлодларинг давом эттиришади. Хуллас мана шунақа бўлиб ота-буваларимиздан бизга ўтиб келяпти-да, бу тўй-тўркинлар! – деб уқтиришди яқиндан-яқин қариндошлари.
Қий-чув, тўс-тўполон-у ўйин-кулгулар билан тўй ҳам ўтди. Ҳаммасини гапириб ўтирмайди. Энг қизиғи келинни даст кўтариб – елкага олволиб, оловни айлантириш бўлди. Қаёқдан чиққан экан бу одат-а!? Ўзи ҳам тушунмайди. Сўраса “Андижонда шунақа-да”, дейишади холос.
Келиннинг уйига бораётганда қоқилиб, йиқилишига сал қолди. Ўзиям “йўлтўсар”лар орасини зўрға ёриб ўтди. Амаллаб гўшангага етказиб олиб борди-ю, келинни дугоналарига топширди. Ана ундан кейин энг эсда қоладиган иш бошланди. Куёвжўралар уни ҳовлига олиб ўтишиб, осмону фалакка чунонам отишди-ки. Во-о!.. Тоза юрагини туширишди-ю. Бунақаси бўлмаган ҳаётида. Ҳар кўтаришганда ҳайқиришарди. Ўзиниям бўлари бўлди. Майиб қилишлариям ҳеч гапмас экан ахир шунақа пайт. “Қуллуқ бўлсин! Қуллуқ бўлси-и-ин!!” – деб тинмай бақиришарди куёвжўралар. Овозлари дунёни тутди-ёв шунда.
Қутулганига шукур-а.

* * *

Тўй тугаб қариндош-уруғлар ҳам бирин-кетин тарқашди. Ҳайҳотдек уйларида фақат ўзлари қолди. Ипакни ўша кундан бери – сал-кам уч ойлар чамаси кўрмаганди. У янги кийимларда жудаям очилиб кетибди. Бироз юзлари тўлишгандекми-ей. Янаям яхши кўриб кетди уни. Муҳаббат шу бўлса керак-да. Ерга қараб уялинқираб турибди. Юзидаги чиммати ортидан кўзларидан ёш томчилари ялтираб кўринарди.
– Нимага йиғлаяпсан!? – деди зўрға.
У бўлса индамади. Бироздан кейин икки қўлидан тутиб, бағрига тортди. Расм-русм, урф-удум, қисқаси, ҳамма-ҳамаси лаҳзалар қаърига сингиб кетди. У ёғи эсида йўқ. Шу орада келин янгаларнинг ғала-ғовури эс-эс шуурида қолди, холос. Бахтдан, муҳаббатдан сармаст эди. Биринчи висол они шундай – мавҳумот билан ўтди. Эртасидан яна одатий ҳаёт бошланди. Ипак келинлик хизматларига киришди. Тўйдан кейинги маросимларниям бирма-бир ўтказишди: юз очди, келин кўрди – урф-одатлар қандай бўлса ўшандай бажарилди. Ҳаётлари баракали, бекаму-кўст бўлсин, деган маънода келиннинг қўлига буғдойни ҳам, тегирмон унини ҳам ҳовучлатишибди. Қўни-қўшни, қариндош-уруғларнинг бари қатнашди. Бу ёқда куёв оши, куёв ўтириш – ҳамма-ҳаммаси қилинди. Ўзиям, Ипагам маросимлардан чарчашди. Унинг устига Ипакнинг уйидагилар ҳар куни иссиқ овқат таширди. Урф-одатмиш. Холаларининг оғизларини кўпиртириб тушунтиришларича, Андижонда шунақамиш. “Керакмас! Ҳар қанча овқат зарур бўлса, ўзимиз пишарамиз!” – деб оёқ тираб туриб олди. Шундан сўнг у удумга чек қўйилди.
Кичик чилласи чиқиб, келди-кетдилар тингач Чеккатошлоққа қайтишди. Яқинлари “Қоронғида юрманглар, ҳали “қирқинг”лар чиқмаган!”, – деб қайта-қайта қулоқларига қуйишди. Жўнаб кетишаётганларида ўзлари тушунмайдиган – қолган-қутган исириқ тутатишдек, яна у-бу ирим-сиримларни ҳам адо этишди.

* * *

Чеккатошлоққа қайтган куннинг ўзида касалхонага борди. Бошқа нимаям қиларди. Тузук-қуруқ борар жойи ҳам бўлмаса. Ипакнинг кўзларига термулиб ўтирмайди-ку! Беморлар ҳам уни кутишарди. Ўтган вақт ичида анча-мунча ишлар йиғилиб қолипти. Ипак бўлса уй юмушлари билан банд эди. Тимирскиланиб тинмасди. Ўзлари билан олиб келишган уй-рўзғор буюмларини онаси ёрдамида хоналарга жойлаштирарди. Яқинлари айтишганидек, бидъат бўлса ҳам ирим-сиримини қилиб, “қирқи” ичи уйга эрта қайтарди. Чиллали одам шомдан кейин юриб бўлмас экан. Унинг устига Ипакни ёлғиз қолдириш ҳам одобдан эмас. Энди улар эр-хотин. Аслида кўпам якка қолмасди. Ахир қайнона-қайнотаси билан қўшни-ку! Улар жуда меҳрибон одамлар. Қайнотасининг ҳарбийлигини тўйдан кейин билди. Мудофаа вазирлигининг зобити экан. Ўта жиддий инсон. Полковник. Гаплашиш ҳам қийин. Жуда оғир ва вазмин одам.
– Шарт-шароитда камчиликлар бўлса айтасиз, куёвбола! – дейди буйруқ оҳангида доим. Бундан ортиқ яна қанақа шароит керак уларга ахир. Икки кишига давлат ҳайҳотдек уйни бериб қўйган бўлса.
Шунақа қилиб ишлар билан бўлиб, вақт ўтишини ҳам сезмасди. Касаллари бўлса бу ҳақда ўйлашга қўйишмасди. Бош қашишга “грамм” вақти йўқ эди. Чеккатошлоқ одамларига ҳам бутунлай ўрганиб қолди. Ҳаётини бошқа жойда тасаввур қилолмасди энди. Қолаверса Ипакнинг киндик қони тўкилган жой, у учун ҳам бегона бўлмаса керак. Лекин олий ўқув юрти берган уч йиллик синов муддатиям тугаб борарди. Унда яна шаҳарга қайтиш, пойтахтнинг манаман деган шифохоналарида ишлаш имконияти бор эди. Лекин у ҳаётини ўзгартирган бу гўшани ёқтириб қолганди. Чеккатошлоқликлар уни ўзгача ҳурмат қилишарди. Қўшимчасига давлат ишлаган ишига икки баробар маош тўлаётганди. Бу мамлакатнинг чекка ҳудудларида шифокорларни рағбатлантириш бўйича ҳукумат дастури асосида амалга оширилаётган эди. Очиғини айтадиган бўлса, турмуш тарзи ҳеч қайси шаҳарликникидан кам эмасди. Қаёққа кетади шунча шароитларни ташлаб. Кетмайди. Аммо…
…Аммо-лекин у кунги воқеа бўлмаганда мана шу жойда, шу одамлар билан ҳаётини бутун умр боғлаган бўларди. Эрта тонг ишхонасига кириб, кийимларини алмаштириб турса, чинқириб йиғлаётган боласини кўтариб, Жасур кириб келиб қолди. Уни кўрмаганигаям анча бўлганди. Гўдак тинмай йиғлар, кўзларидан шошқатор ёш оқарди. Болани аҳволини кўриб бошқача бўлиб кетди.
– Нима қилди? – сўради ундан шошиб.
– Билмадим-да. Билганимда сени йўқлармидим. Қорнини ушлаб олган фақат, – деди у ҳам довдираб.
Болани тезкорлик билан тиббий кўрикдан ўтказишди. Оғриқсизлантирувчи муолажалар қилишди. Бола бир ёшлар чамаси эди. Энди-энди қўшимча овқат ея бошлаган кўринади.
– Медаси бузилган чоғи, – деди у бола муолажалардан сўнг юпангач.
– Раҳмат сенга, – деди Жасур жиддий ҳарбийчасига. – Бир умр қарздорман олдингда.
– Қўйсанг-чи. Ҳозир дори-дармон ёзиб бераман. Овқатлантиришда онаси эътиборлироқ бўлсин. Болани ошқозони сеникидекмас, – деди ҳазил аралаш.
Шу пайт:
– Чаман қаравор! – дея хотинини чақирди Жасур.
У ўтирган ўрнидан бир қалқиб тушди. Буни Жасур сездими ё сезмадими, билолмади. Не кўз билан кўрсинки, қаршисида бир вақтлар қалбини забт этган, ақлу ҳушини ўғирлаган ўша “гулчи қиз” турарди. Худди ўзи!.. Чаман!! Бироз дуркунлашибди, холос. Жувон кепатаси кирибди. Аммо ҳамон гўзал ва беғубор. Боласини қўлига олаётиб, беихтиёр кўзлари тўқнашди. Нигоҳлари қаттиқ эди. Чаман уни таниб, жовдираб қолди.
– Қўрқманг!.. Ўтиб кетади. Бироз ошқозони бузилган. Шу муолажаларни қилиб турасиз, – деди унга дорилар ёзилган қоғозни узатиб, худди нотаниш одамлардек. Чаман индамай ҳайрон қарарди. Эри:
– Катта раҳмат, – дея қоғозни олмаганда Чаман яна қанча шу алфозда қотиб турарди, билмади.
– Бизникига келинни олиб ўт. Уйланибсан деб эшитдим, – деди Жасур атайлабдан қилгандек, баланд овозда.
– Шундай, – деди Лочин ерга қараб, ёш болалардек уялинқираб.
– Нега уяласан йигит? Тўйга айтсанг борардик, – деди яна ўчакишгандай. – Энди меҳмонга ўтмасанг бўлмайди. Унақада ўзимиз борамиз, тўғрими Чаман?
Чаман индамади.
– Олдингга бошқа келамиз. Чаманнинг ҳам охирги вақтлар ҳоли танг. Об-ҳаво ёқмаяпти шекилли, бир кўрикдан ўтмаса бўлмайди, шундайми?…
Жасур Чаманга юзланди. У бўлса, жавоб бермади. Аксинча эрининг енгидан ушлаб, тортқилади. Жасур тушунди.
– Майли бўлмасам. Кутамиз, – деб чиқиб кетишди.
Улардан кейин Лочиннинг хаёллари бузилди. Ўйлари чалкашиб кетди. Нима иш қилмасин шуурида Чаманнинг ҳайкалдек қотиб турган сиймоси гавдаланаверарди. У бир неча кун мана шундай алфозда гарангсиб юрди. Шу орада гўё Чаманни учратиб қоладигандек телбаларча ҳарбийлар шаҳарчаси атрофини ҳам кезиб чиқди. Ҳуши ўзида эмасди шу онда. Буни атрофидагилар ҳам сезди. Айниқса Ипак унга нима бўлаётганини сўрарди ҳар куни. Унинг ўзи ҳам тушунмасди. Ҳақиқатан нималар юз бераётганини англаб бўлмас даражада ақлидан айрилаёзганди. Ўзига келиш учун бироз дам олиш керак. Бош шифокор ҳам чақириб:
– Чарчабсан Лочин! Ўз ҳисобингдан таътилга чиқ. Ҳордиқ чиқарсанг ҳаммаси ўтиб кетади, – деди.
Тўғри таклиф эди. Қолаверса айни муддао ҳам. Чунки охирги воқеалар мажолини қуритаётганди. Ўша куниёқ ариза ёзиб, таътилга чиқди.

* * *

Таътилнинг эртасигаёқ Ипакни олиб она қишлоғига кетди. Туғишганлари билан бироз чалғийди. Улар ҳам хурсанд бўлишди. Айниқса онаси Ипакни кўриб қувониб кетди. Унинг “боши қоронғи” эди. Тагига қат-қат кўрпачаларни солиб, ўтқазишга жой тополмасди бечора онаси. Мункиллаб қолган бўлса ҳам, югуриб-елиб дастурхон ёзди. Ипак бўлса ҳижолат чекарди. Уй юмушларига ёрдамлашай деса, қўйишмасди. Онаси оёқ тираб турволарди. “Сизга оғир мумкинмас! “Оғир оёқ” одам ўзини эҳтиёт қилади”, – дерди. Ҳар куни ёшларни кўришга қариндошлари кела бошлашди. Улар билан гаплашиб, анча яйради. Узоқ йиллар кўрмаган жиянларини кўрди. Ҳаммасиям кап-катта бўлиб қолишибди.
– Вақтнинг ўтишини қара, – деди отаси унга. – Ҳа демай фарзандли бўласан. Кечагина сен ҳам жиянларингга ўхшаб, чопқиллаб юрардинг!
Ростдан ҳам. Отаси тўғри айтади. Гапларига қўшилади. Энди эса, оила бошлиғи. Ҳадемай кўпайишади.
– Шундай, – деди у кулиб. Лекин отасига тикилиб хафа бўлди. Қарий бошлабди. Вақт аяб ўтирмабди – отасига ҳам ўз ҳукмини ўтказибди. Анча йиллар аввал бақувват ва тетикроқ эди. Боғдаги ишларни кўрдим демасди. Уста боғбон эди. Ҳозир бўлса, бироз чўкибди. Боғда ҳам ишлари аввалгидек эмас.
– Ака бугун Лочин билан келин бизникида меҳмон бўлишади, – деди амакиси. Отаси “Нима дейсан?” дегандек унга қаради.
– Кераги йўқ амаки. Овора бўлманг! – деди у ҳижолат тортиб.
– Овораси бормикан? Моманг тайёргарлик кўриб қўйган. Бунинг устига кичик жиянингни сенга ўхшаб шифокор бўлиш нияти бор. Ҳар куни кутади. Йўл-йўриқ сўрамоқчидир-да, – деди самимий.
Рози бўлмай иложиям йўқ-да ахир. Келган кунларидан бери шу. Ҳали у қариндошиникида, ҳали бунисиникида меҳмондорчиликда. Ота-онаси доим бирга, ёнларида боришарди. Уларни ер-у кўкка ишонишмасди.
– Ҳурмат қилиб чақиришади. Одатларимиз шунақа – анжанча. Бормасак уят бўлади, – дейди онаси оғзининг таноби қочиб.
Хуллас меҳмон бўлмаган яқинлари қолмади. Энди бирин-кетин қўни-қўшнилар чақириша бошлашди. Очиғи хурсандчиликлар ҳам жонига тегди. Чақир-чақирлардан ҳам зерикди. Энди кетади. Фақат қаёққа?.. Чеккатошлоққа қайтишни хоҳламасди. Бир йўла пойтахтга кетворишни ўйлаб юрибди. Уч йиллик муддат ҳам аллақачон тугаган. Бориб айтган жойида ишласа бўлади. Қолаверса анча тажриба орттирди. Устозлари ҳам хурсанд бўлса керак. Кетаётганда қачонлардир албатта қайтиш кераклигини уқтиришганди. Ўйлай-ўйлай бир тўхтамга келди: Тошкентга қайтади. Ипак дабдурустдан нима учун бундай бўлганлигини тушунмасди. Бир неча кун кўзёш ҳам қилиб олди. Ахир ота-онаси, ака-сингилларидан узоқда яшаш у учун осонмасда. Лекин кейинчалик барибир тушуниб етди. Ота-онаси ҳам: “Турмуш ўртоғинг қаерда бўлса, сен ҳам ўша ерда бўлишинг керак. Қиз бола бировнинг хасми!” дейишди. Душанба куни шифохонадагилар билан хайрлашиб, барча ҳисоб-китобларни қилиб, йўлга чиқади. Албатта Тошкент уни қучоқ очиб кутиб олмайди. Буни яхши билади. Тошкент ҳеч кимни аяб ўтирмайди. Шаҳарда қимирлаган яхши яшайди. Талабалик пайтлари ижарама-ижара, сарсон-саргардон ўтган кунлари ҳали ёдида. Унда ёлғиз ўзи эди. Энди эса оиласи бор. Икки киши. Ипакни ота-онасининг бағридан юлиб олиб кетяпти. Тўкис ҳаёт кечиришига интилиш керак. Яна зиммасида эрлик бурчи. Қолаверса туғилажак боласи учун ҳам ҳаракат қилмаса бўлмайди. Уни енгил ҳаёт кутмаётганлигини жуда яхши билиб турибди. Аммо ҳаммасига чидайди. Қийинчиликларни енгиб ўтишига ишонади. Бошқача бўлиши ҳам мукин эмас.

* * *

Душанба куни эрталабда ишдан бўшаш учун касалхонага борганда қизиқ ҳолатга дуч келди. Ҳаммаёқ тўс-тўполон. Атрофда ҳарбийлар: у ёқдан-бу ёққа чопиб юришибди. Ҳаммасининг юзларида саросима. Баъзилари асабий. Бир-бирларига жаҳл қилади. Бош шифокор уни кўриб шошиб қолди.
– Тез кийимларингни алмаштириб, жарроҳлик хонасига бор! – деди буйруқ оҳангида. Уни ҳеч қачон бундай аҳволда кўрмаганди. Яна овозидаги титроқ, одамни эсанкиратиб қўярди. Бош шифокор ўта маданиятли, яхши одам. Ҳаммани кўнглини бирдек ола билади. Кимни кўрса эринмай ҳол-аҳвол сўрайди. Ишгаям талабчан эди лекин. У бош шифокор нима деган бўлса, шуни қилди. Иш кийимларини кийиб, жонлантириш бўлимига чопди. У ерда бир сочлари тўзиб кетган, қорачадан келган, келбати отни ҳуркитадиган баҳайбат бир одам қўллари кишанланган ҳолда қонталаш ётарди. Тепасида икки ҳарбий аскар. Оёғи ва елкасидан ўқ еган кўринади. Ҳамширалар аллақачон кийимларини йиртиб, очиқ жароҳатни тозалашаётган экан. У бироз довдираб, туриб қолди. Бунақасига ҳаётида биринчи бор дуч келиши эди. Нақ жанг майдонининг ўзи-ку. Урушдагидек ҳис қилди ўзини. Бир зум нима чора қўллашни билмай иккиланди. Шу пайт ҳамшира жароҳат атрофига оғриқ қолдирувчи дори юбора бошлади. Бу унга далда берди. У ҳам ўзига келиб, тайёргарлик кўра бошлади. Ниҳоят:
– Қўлларини бўшатинглар! – деди аскарларга қараб ғайриихтиёрий тарзда. Улар бир-бирларига ҳайрон тикилишди. Сўнг чап тарафдагиси:
– Бу мумкинмас, – деди қатъий. У дарҳол тушунди.
– Зобитни чақиринглар! – деди яна буйруқ оҳангида. Аскарлардан бири оттилиб ташқарига чиқиб кетди. Ҳеч қанча ўтар-ўтмай зобит билан қириб қелди.
– Қўлларини ечинг! – деди унга қарамай.
– Мумкинмас. Бу хавфли, – деди у ҳам жиддий.
– Унақада ишлолмайман. Ҳалақит беради.
– Иложи йўқ. Шундай ишланг! – деди буюриб зобит.
– Унда ўзингиз ишланг, – деди у ҳам зарда қилиб.
– Бу ерда мен буйруқ бераман, – деди зобит унинг ёқасидан олиб, ўзига қаратиб. Бу Чаманнинг эри, уни ҳар доим меҳмонга таклиф қиладиган меҳмоннавоз ва меҳрибон ошнаси Жасур эди. Лочин индамади. Унинг қўлларини секин ёқасидан олиб, силтади. У билан ади-бади айтишишнинг мавриди эмас эди. Вақт кутиб турмасди. Жасур ўзини босишга ҳаракат қилди. Иккалови ҳам бир-бирига бошқа ҳеч нима дейишмади.
– Тунда чегара бузилган. Бу жиноятчи, – деди Жасур бирпасдан кейин.
Лочин яна индамади. Жарроҳликни бошлади. Чап тиззасининг пастидан ўқни чиқариб олди. Тортаётганда бемор қаттиқ ингради. Жароҳат жойларини тозалаб, кейин тикиб қўйди. Елкасини кавлаётганда оғриқдан шундай бақирди-ки, инсон боласи бу ўкирикка чидаши маҳол эди. Ҳамширалар ҳам бир чўчиб тушди. Аскарлар жараённи кузатиб устида туришарди. Лочин ишини тугатиб, аччиғланиб Жасурга қаради. У ҳеч нарса бўлмагандек мағрур турарди.
– Мен учун бемор, – деди ташқарига чиқаётиб Жасурга заҳарханда қараш қилиб, зарда билан.

* * *

Кетаётганда бош шифокор аризасини бир неча бор йиртиб ташлаб, тоза оёқ тиради. Ахир тайёр мутахасисдан айрилиш ҳар қандай бошлиқ учун азоб эди. У деб кўрди, бу деб кўрди, бўлмади.
– Қароринг қатъийми?- сўради охири.
– Ҳа, – деди у ҳам.
– Яна қайтиб келсанг хурсанд бўламиз. Сендай шифокорлар бу ерларда бизга жуда зарур! – деди бош шифокор.
Ҳа айтгандай. Бош шифокорнинг оти Тўлқин. Андижондаги тиббиёт институни битирган. Мутахассислиги даволовчи шифокор. Ёши қирққа борган, қорачадан келган, ҳайбатли йигит. Касбини жонидан ортиқ яхши кўради. Ҳақиқий шифокор.
Лочин бош шифокорнинг гапларига жавоб бермади. Ахир унинг ҳаёти тақдир ҳукмида. На илож. Яна Тошкентга қайтиш у учун ҳавас эмас. Шаҳарда топадиган нонини Чеккатошлоқда ҳам топса бўларди. Энг қизиғи бу ерда уй-жойи бор эди. Ижарама ижара дарбадар юрмасди. Бу ёғи тақдир. Қисматнинг қўлида не кўйга тушгани бўлса бўлсин.
Йўл эса олис. Тезроқ кетмаса бўлмайди. Чаман ҳам илҳақ ўтиргандир. У ҳомиладор. Кўпам куттириш ярамайди. Уни кўндиришни ҳам ўзи бўлмади ахир.
– Хайр Андижон! Хайр Чеккатошлоқ!.. Туз-насибангга рози бўл. Ҳаммаси учун раҳмат сенга!..

Иккинчи қисм

* * *

– Салом, Тошкент – тош шаҳри!..
Бу – унинг ижарага жойлашиб, шаҳар марказидаги кўп қаватли уйларнинг баланд айвонида хотиржам туриб айтган биринчи сўзлари эди. Ҳали олдинда қандай ҳаёт кутиб турганини ўзи ҳам яхши билмасди. Эртани олдиндан кўра олганда бошқача яшармиди? Аслида-ку бунақа башоратларга ишонмайди, аммо барибир одам дегани нимадандир умид қиларкан-да. Ана шу дақиқалардан сўнг серташвиш кунлари бошланди. Бу Лочиннинг ўзи истаган, ўзи орзу қилган ҳаёт эди. Қишлоқдан Тошкентга қайтганининг эртасигиёқ талабалик пайтлари амалиёт ўтаган шифохонага ишга юборишди. Устозларининг олдида малакасини ошириш у учун улкан шараф эди. Аммо бу ердаги беморларнинг бир қисми ҳаётдан умидини узган, яна бирлари жон-жаҳди билан яшашга интилаётган одамлар бўлгани учун бироз умидсизланди ҳам. Уларнинг кўзларига термилиб, дардларига шерик бўлиш қанчалик оғир эканлигини билиш унчалик қийин эмасди. Лочин ҳар куни шифохонага борарди. У ерга ўргангунча кўп қийинчиликларни бошидан ўтказди. Шаҳар одамлари содда ва тўпори чеккатошлоқликларга ўхшамасди. Улар билан жудаям тез ва ўта хушмуомалик билан ишлаш керак эди. Ҳар бир саволларига жойида жавоб қилинмаса, баъзи беморлар асабийлашиб, аччиғланарди. Айримлари қишлоқдан келганлигини билишгач, уни “қишлоқи”дан олиб “қишлоқи”га ҳам солишарди. Бундай гап-сўзлар аввалига кўнглига қаттиқ ботди. Ҳатто дилини хира қилиб, бир муддат улардан хафа ҳам бўлиб юрди. Кейин-кейин аҳамият бермай қўйди. Ҳамма-ҳаммасига чидади. Чидашга мажбур ҳам эди. Бунинг устига касалларнинг аксарияти узоқ йиллардан буён хасталик билан курашаётган одамлар. Улар билан ўта эҳтиёткор муомала қилинмаса кўнгли ранжиб, яшашдан совиб ҳам қолиши мумкин эди. Албатта, узоқ қишлоқ шифохонасида уч йил орттирган тажрибаси бу ерда барибир қўл келди. Секин-секин касалларни кўнглига йўл топди. Соғайган сари уларнинг ҳам унга бўлган ишончи ортиб борарди. Кўпчилик беморлар сурункали, узоқ йиллар давомида даволанадиган тоифадагилар бўлгани учун улар билан тез-тез кўришишга тўғри келарди. Ҳатто айримлари билан бир-бирларига ўрганиб қолишди. Соғайиб чиқиб кетишгандан кейин ҳам уни йўқлашадиган бўлишди. Шифокор учун бу – катта бахт ва энг ёқимли эътибор эди. Беморларини соғлом кўриш, унинг устига даво топганига ишониш ўзини ҳам қувонтирарди. Устозлари ундан миннатдор эди.
– Бизни ортда қолдиряпсан. Ҳайратдамиз, – дерди устози Наримон ака доим уни кўрганда. Бу гаплар гарчи пичинг оҳангида айтилган бўлса ҳам, лекин самимий эди. Унинг ютуқларидан устозларча фахрланиш туйғуси бор эди. Ҳаммасини яхши тушунади. Мақтовлар ҳар қандай одамни талтайтирворади. Ўзи сезмаган ҳолда кибру-ҳаво сари етаклайди. Устози Наримон ака қобилиятли жарроҳ. Онкология бўйича тенгги йўқ мутахассис Ўта талабчан, қатъиятли инсон эди. Лочин ҳам талабалик йилларида устозига ҳавас қилиб тиббиётнинг шу йўналишини танлаган. Шогирд олишда ҳам тасаввур қилиб бўлмас даражада ҳушёр. Ўзида бор тажрибасини талабаларга беминнат ўргатарди. “Жарроҳ бўлиш учун одамда фавқулодда қобилият бўлиш керак!” дерди доим. Ўзи ҳам айтган сўзларига амал қиларди. Лочинга бўлса, жарроҳлик сирларини эринмай тушунтирарди. Улар билан ўзини бошқа ўзанга тушиб қолгандек ҳис қиларди у. Муҳит ҳам инсонни ўзгартиришга қодир эканлигига шу ерда ишонч ҳосил қилди. Ўзича қишлоқ билан шаҳардаги турмуш тарзини солиштириб юрди. У ёқ билан бу ёқ ўртасида ер билан осмонча фарқ бор эди. Дафъатан Чекатошлоқда ўтган йилларини ҳам бир-бир қўмсаб қўярди. Шу йўсин ҳаёти кундан-кунга ўзгариб, оҳиста ўз измига туша бошлаётганди. Ипак ҳам шаҳар ҳавосига анча мослашиб қолди. Унинг ой куни яқинлашгани сайин ваҳми ортарди. Имкон қадар уйда ёлғиз қолдирмасликка уринарди-ю, лекин кўпроқ ишда бўларди. Барибир бўш қолди дегунча ундан хабар олишга ошиқарди. Худонинг меҳрибонлигини қарангки, қишнинг учинчи ойи – дам олиш кунида Ипакнинг кўзи ёриди. Ошхонада ғимирлаб туриб, инқиллаб қолди. Лочин шошиб ёнига борди. Иккови ҳам тушунишдики бу тўлғоқ…
– Қўрқиб кетяпман, – деди Ипак бир маҳал ваҳима босиб.
– Қўрқма. Мен шу ердаман, – далда берди Лочин овози қалтираб.
– Йиғлагим келяпти… Лочин ака! – ҳиққиллади Ипак.
– Йиғлама… Йиғламай тур! Майли… майли йиғла! Йиғлайвер… Фақат қўрқма!
Лочин шифокор бўлса ҳам бошида нима қиларини билмай анча эсанкиради. Кейин ўзини қўлга олди. Биринчи ёрдам кўрсатди. Туғуруқхонага ҳам ўзи олиб борди. Ёнида бўлди.
– Мендан хавотир олманг. Сизниям ташвишга қўйдим, – дерди Ипак инқиллаб. Ўзи бир аҳволда-ку, яна уни ўйлайди. Бу ерларда ундан бошқа кими ҳам бор эди у бечорани. Онаси бўлмаса олдида. Ҳаммасини бирга енгиб ўтишди. Албатта туғиш ва туғилиш бу мўъжиза эди. Аммо ҳаммаси осон эмасди. Аёлларнинг жасорати олдида дунёнинг барча эрлари бош эгишса арзир экан. Ўзи ҳам хотини билан бирга худди тўлғоқ азобини бошидан ўтказгандек бўлди. Ҳа-ҳа. Худди шундай бўлди бари. Ипак унга Қўчқордек ўғил туғиб берди. Ўзи шифокор бўлса ҳам, унга биринчи суюнчилаган ҳамширани гапларидан сўнг терисига сиғмай кетди: у ота бўлганди. Қандай бахтиёр онлар! Бу бахтни ҳис қилиш учун ҳам ота бўлиш керак экан ўзи. Ҳаммаси ортда қолганди. Асосийси фарзанди соғлом. Хавотирлариям анча ариди. Вақт топиб қишлоққа – ота-онаси, қайнона-қайнотасига хабар юборди. Улар келгунча чақалоққа бир дунё кийимчалар сотиб олди. Яқинлари ҳам куттириб ўтирмай ўша куни кечга яқин Тошкентга етиб келишди. Онаси билан қайнонасининг оғзи-бурни қулоқларида эди. Бир-бирларини табриклашиб, тинмасди. Икки гапнинг бирида “Қуда қуллуқ бўлсин!” – деб чарчашмасди. Биргалашиб Ипакни туғуруқхонадан олиб чиқишди. Ҳаммалари келишиб болага Темур, деб исм танлашди. Барчага бу маъқул келди. Довруғи Тошкентга кетган Оқ масжидга олиб бориб, Темурбекнинг қулоғига азон ҳам айттиришди. Бу одатларни ўзи қаёқданам биларди. Икки онаси бир-бири билан талашиб-тортишиб, ҳамма расм-русмларни ўтказишаётганди. Темурбек паҳлавонлардек тетик ва дадил эди. Яқинлари уни урф-одатларга кўра бешикка белашди.
– Латта чирик, мени ўғлим тирик. Ўнг ёнидан келсинми, чап ёнидан келсинми? – деб онаси қайнонаси икковлашиб у-бу ирим-сиримларини қилишди.
Онаси бешикка белаб, қўл-оёғини боғлаётганда қайнонаси:
– Қўрқмас, ботир бўлгин болам. Соғлом ўсгин, кўп яшагин! – деб тилак билдириб, турли ширинликларни бешик тепасидан сочиб турди. Қани буларни талашиб-тортишиб териб оладиган қўшни болалар!?.. Бу атрофдагиларни танимайди ҳам. Сочқиларни бўлса, ўзидан бошқа йиғиштирадиган ҳеч кимса йўқ эди. У пастда ёйилиб ётган қант-қурсларни териб олиб, яна ўзларига бирма-бир улашиб чиқди.
Оналари бир неча кун Ипакка совуқнинг кунида болага қандай қараш кераклигини ўргатишди. Обдон чақалоқни эмизишни, парваришини тушунтиришди. У-бу удумларини ўтказишиб, албатта чилла сақлаши кераклигини уқтириб, яқинлари ҳам қишлоққа қайтишди. Уларни кузатишга чиққанда онаси хайрлаша туриб:
– Энди ота бўлдинг, болам. Бир оилани бошисан. Уларга яхши қара. Темурбек наслимиз чироғи! – деб насиҳат қилди.
Оналари қайтишгач ижара уйларида яна ҳувиллаб, жўжабирдай бўлиб ўзлари қолишди. Энди улар уч киши. Буни ўйлаб бошқача бўлиб кетяпти. Кичкинагина жони-жаҳони ҳам бор. Ипакка ҳам овунчоқ топилди. У ҳар куни бола билан овора. Темурбекни эркалатади, қорнини тўйдиради. Йиғлаб қолса юпатади. Бу ёғига у ҳам ёлғизмас. Икков бўлиб бир кунини ўтказишяпти. Ўзи ҳам беховотир ишга бориб келяпти. Кечалари қайтгач Темурбекни искаб-искаб ўйнатади. Унинг ширин-ширин ҳаракатларига қараб қувонади. Оиласига хурсандчилик олиб кирган чақалоқ исидан тўйиб-тўйиб ҳидлайди. Ҳаётнинг завқи шу-да! Яна нима керак унга. Оиласи тинч, кўнгли хотиржам. Тани жони соғ-саломат. Шумасми бахт, ахир?!..

* * *

Темурбек бўлса кундан-кунга ўсиб, улғайиб борарди. Ота сифатида энди унинг тарбияси билан шуғулланишга ҳам вақт ажратиш керак. Бу қанчалик қийин кечмасин, барибир уддаламаса бўлмайди. Чунки баъзан кечалариям ишлашга тўғри келарди. Устозлари секин-секин енгилроқ жарроҳлик амалиётларини унга мустақил топшириша бошлаган эди. Унинг устига ҳар бир касаллик тарихи бўйича тадқиқот олиб боряпти. Сабабларини ўрганяпти. Яна бу бўйича халқаро анжуманда чиқиш қилиш учун илмий маърузагаям тайёргарлик кўряпти. Мавзуси “Аёлларда кўкрак бези саратонининг келиб чиқиш омиллари”. Ўрганишлари давомида бу касалликнинг пайдо бўлиши ўта мураккаб жараён эканлигини тушуниб етди. Яна ҳудудий муҳитга ҳам боғлиқ, деган хулосага келди. Ҳали дунё олимларининг бу борада аниқ хулосалари йўқ эди. Касалликнинг ўзи эса давосиз. Энг асосийси фанда изланишлар давом этяпти. Бемор эса кўп. Касаллик бўлса йил сайин яшариб боряпти. Уларни даволаш керак. Кечалариям уйқулари бузилиб чиқади. Ҳатто тушларида унга қадалган умидвор нигоҳларни кўрарди. Лекин касалларни даволаш оддий иш эмасди. Устига-устак уларнинг бари аёллар. Кўпчилиги касалликнинг вақтини ўтказиб касалхонага келишарди. Устозлари бу ҳолатни миллий менталитетга боғлашарди.
– Бизнинг халқ жони оғриганда шифохонага келади, шуни ёддан чиқарма! – дейишарди улар.
Бунақа шароитда аксариятига ёрдам бериш қийин кечади. Шундаям устозлари билан бирга ташхис қўйиб, даво чораларини белгилашарди. Баъзилари биринчи муолажалардан сўнг кўринмай қоларди. Кейинчалик яқинларидан уларнинг вафоти ҳақида эшитишарди. Бу Лочинни янаям тушкунликка соларди. Умуман Лочин охирги пайтларда ўзининг касбига қаттиқ боғланиб қолганди. Беморларни даволаш, уларнинг миннатдор сўзларини эшитиш ҳаётининг мазмунига айланиб бўлганди. Ипак ҳам ҳамшира эмасми, уни яхши тушунарди. Кўпам турмуш икир-чикирларини айтиб, хархаша қилавермасди. Борига шукур қилиб, ҳаёт кечирарди. Тўғриси баъзан оиласидан узоқлашиб қолаётгандек ҳис қиларди ўзини. Унинг устига яна Чаманни шифохонада касал ҳолда учратишни ўйламаганди. Ҳа-ҳа. Худди шундай бўлди. Ишонаверинг. Аввалига ўзи ҳам ишонқирамади. Уни эндигина унута бошлаганди-ку! Шунча ҳаракат қилгани бир бўлди-ю, рўпарасида Чаманнинг нажоткор нигоҳ қадаб туриши бир бўлди. Бу ҳам етмагандай яна саволлар устига саволлар ёғдириб ташлади.
– Ҳа-а, қочқоқ? Қаёқларга йўқолиб қолдингиз?.. – деди дабдурустдан учрашганларида.
– Сенмисан, Чаман!? – ҳайрон сўради довдираб.
– Ҳа, мен. Нима кутмаганмидингиз?
– Йўқ!
– Гумдон бўлгандир, деб ўйлагансизда, а?
– Қўйсанг-чи, унақа гапларни?
– Хурсандмаслигингиз кўриниб турибди-ку!
– Қаёқдан била қолдинг буни?
– Сиз алдолмайсиз мени.
– Алдамоқчи ҳам эмасман.
– Кўзларингиз ҳаммасини айтиб турипти.
– Оҳ-ҳо!.. Анча улғайиб қобсан унақада.
– Сизчаликмас ҳарқалай.
– Аслида менмас, сени ўзинг қочқоқ.
– Унда ажаб бўпти.
Бирданига унинг овози ўзгариб, ўзи маъюс тортди. Юзларини четга буриб, киприклари орасидан сизаётган ёшни яширишга ҳаракат қилди. Бу Тошкентдан жўнаб кетаётганда у билан охирги учрашуви куни хайрлашаётгандаги каби ҳолатга ўхшарди. Буни кўриб, меҳри ивиб кетди.
– Нега жим бўп қолдинг? – уни бироз чалғитишга ҳаракат қилиб кўрди. Аммо Чаманнинг гапиргиси келмади. У йиғлаган сари маъюслашиб, янаям гўзаллашиб борарди. Қўллари билан юзларини силаб, кўзёшларини артиб қўйгиси келди. Аммо ўзини тортди. Ундай қилолмайди. Бу Ипакка, оиласига хиёнат билан баробар эди. Барибир борган сари кўнгли юмшаб, ғайришуурий равишда унга нисбатан муҳаббати жўшиб борарди.
– Очиғини айтсам ўша кундан кейин ўзимга келишим жуда қийин бўлди. Сендан қочганим ростдир. Бошқа иложим ҳам йўқ эди. Чунки… сабабини ўзинг яхши биласан, – деди айбдорона оҳангда.
Гапининг давомини айтолмади. Жимгина тилини тишлади. Чунки шундай қилмаса бўлмасди. Унга нима учун ўзини кутмаганини-ю, ҳе йўқ-бе йўқ бошқа бир одамга турмушга чиқиб кетганини, энг ачинарлиси у билан сал бўлмаса қалин дўст тутинишига оз қолган Жасурга хотин эканлигини юзига солмоқчи бўлганди.
У яна индамади. Ёшларини енгининг бир четига артиб, виқор билан Лочиннинг кўзларига тикка термилди. Унинг сўзларини пичинг, деб тушунганди. Очиғи, Чаманнинг бундай қарашларидан қўрқиб кетди. Унда қандайдир қатъият ва шижоат бор эди.
– Энди-чи?.. Ўша сабабларни яна кўряпсизми!? – сўради ярим ҳазил аралаш, киноя билан кулишга ҳаракат қилиб. Аммо ҳеч қайси қилиқлари бир-бирига қовушмаётганди унинг. Ўзини дадил кўрсатмоқчи бўларди-ю, ўхшамасди.
– Йўқ, – деди зўрға у ҳам. – Лекин бу ерларда нима қилиб юрибсан?! Бирон яқинингни излаяпсанми!?
– Ҳаммасини билишингиз шартма-а-ас, – деди чўзиб Чаман. – Ҳар қалай ҳеч ким бу ерга ўйнагани келмаса керак, ўртоқ доктор?.. Қолаверса қаерда юришим билан сизнинг нима ишингиз бор?!
Лочин унинг жавобидан кулди.
– Тўғри, – деди бироз ўтиб.
– Энди йўлингиздан қолманг, докторжоним!
Чаман шундай кескин жавоб қайтарди-ки, у гапириш-гапирмаслигиниям билмай эсанкираб қолди. Сўнг шартта бурилиб ортига ҳам қарамай кета бошлади. Уни ҳаёт анча ўзгартирибди. Лочин ҳатто нима бўлганини тушунмай, тошдек қотиб турарди. Аслида Чаман ҳақ эди. Бу ерга ҳеч ким ўйнагани келмайди. Буни ўзи ҳам яхши билади. Бир тарафдан қараганда у ҳақ эди. Қаерда ва қаёқда юриши ҳам унинг иши. Аммо унга нима қилган? Шу савол хавотирга солаётганди уни. Ўжарлиги, гапни чўрт кесарлиги, феъл-атвори, жозибадорлиги ҳамон ўша-ўша. Энг қизиғи у беморга ўхшамасди. Шу топда ортидан югуриб бориб қучоқлаб олгиси келди-ю, шайтонга ҳай берди.
Шундан буён яна у ҳақида ўйлайдиган бўлиб қолди. Тунлари ҳам уйқуси қочиб, тушларига Чаман кириб чиқарди. Қизиқ-да. Тушида ҳам саволларига ундан бирон жўяли жавоб ололмасмиш. Уни яна бир неча бор узоқдан кўрди-ю, олдига боришга андиша қилди. Чаман касалхонада даволанаётган эди. Барибир ўйлаб ўйига етолмасди. Унинг ўзидан сўрашга жазм қилолмаса-да, у ҳақидаги ёмон тасаввурларини ҳам хаёлидан кетказолмасди. Беморнинг касаллик варақасини текширишга эса, юраги дов бермасди. Тўғриси қўрқди. Устозларидан сўрашга эса тортинарди. Чунки у ётган бўлим касалнинг дард-у аҳволининг деярли қандай эканлигини англатиб турарди. Шифокор бўлиб у ҳақда сўраш – бу ғирт нодонликдан бошқа нарса ҳам эмасди.
Чаман даволанаётган жой аёлларнинг ўсма касалликлари бўлими эди.
Агар илм салоҳияти панд бермаган бўлса, ундаги жиззакилик ва асабийлашишнинг бари сиқилишлар оқибати. Бу эса, калласида чирпиракдек тинимсиз айланаётган касаллик ҳақидаги ўйларнинг дастлабки белгилари эди. Ҳали бариси тахмин, унинг назарий қарашлари, холос. Ахир ҳамма одам ҳам янглишиши мумкин-ку! Тўйдан олдин ноғора чалишга ҳожат йўқ. Унинг устига бирон яқинига қараб ётган бўлса-чи!?
– Яратганнинг ўзи ундан бунақа ёмон дардларни бутунлай даф қилсин!

* * *

Охирги учрашувдан кейин Чаман билан бошқа гаплашолмади. Ўзини ундан олиб қочиб юрди чамаси. Нима бўлгандаям ўша ҳафта кўриниш бермади-да. У ҳам қидирмади. Ҳаммасини ўз измига ташлаб қўйди. Гўё уни яна учратиб қолгудек бўлса, барча шубҳалари ҳақиқатга айланадигандек туюларди. “Аёлнинг нозидан қўрқ…” деганларича бор экан. Бир бирларидан бу қочиб юришлар барибир узоққа чўзилмади. Навбатчилиги куни кечқурун хонасига Чаманнинг ўзи кириб келди. Кайфияти яхши эмасди. Кўриниши ҳам бир аҳволда эди. Бироқ пардоз-андоз қилиб, ўзига анча оро берибди. Ясан-тусанлари ҳам байрамона эди. Худди бирон ёққа – меҳмонга кетаётганга ўхшарди. Унинг олдида ўзини жудаям ноқулай сезди. Шундай бўлсада ўрнидан туриб қарши олди. Ҳозир яна адоқсиз сўровлар ёғдириб, саволга тутса керак, деб ўйлади. Калласида қандай жавоб беришни чамалади. Назарида у яшашдан совиб бўлгандек эди. Индамасдан ўткир нигоҳларини қадаб, илтижо билан кўзларига тикилиб турарди. Бироз унинг гапиришини кутди. Шу ўтган ҳафта давомида ўзини еб адо қилганга ўхшайди у. Унинг ҳолини яхши тушунади. Бир тарафдан кўзларида ҳаётга бўлган ташналикни англаш мумкин бўлса, иккинчи томондан қараганда юзларидаги сўлғинлик одамни ларзага соларди. Уни кўриб ўзиям қўрқиб кетди очиғи. Бунга анча-мунча бағритош киши ҳам дош бериши қийин. Беморнинг бундай ҳолати шифокорлар учун янгилик эмас, аслида. Аммо Лочин Чаманни яхши билгани учун, шу топда унга қандай ёрдам беришни ҳам ўйларди.
– Обдон танишиб чиқдингизми? – деди Чаман жовдираб, Лочиннинг олдидаги тартибсиз ётган касаллик тарихи варақаларига ишора билан.
– Ҳа, – деди у кўзларини олиб қочиб, ўйлаб ҳам ўтирмай.
– Давоси борми? – сўради у яна умидвор.
– Бор, – деди қатъий. – Бу дунёда иложсиз нарсанинг ўзи йўқ. Дардини берган Аллоҳ, шифосини ҳам беради. Ҳаракат қилиш керак. Таслим бўлма. Тушкунликка тушма!.. Яхшилик ҳақида ўйла! Сен ҳали яқинларингга кераксан, – бидирлаб кетди беихтиёр у.
Бу гапларни эшитаётганда Чаман ҳўнграб йиғлаб юборди. “Хато қилиб қўйдим, гапирмаслигим керак эди”, деб ўйлади Лочин. Бир жиҳатдан айтмаса ҳам бўлмасди. Вақтида огоҳлантирмоқ – дўстнинг иши. Шу пайт Чаман ғайриихтиёр унинг қўлларини маҳкам ушлаб олди. Лочин буни кутмаганди. Бунинг устига хона эшиги ланг очиқ эди. Юраги ҳаприқиб кетди. Атрофга аланг-жаланг қараб, нима қиларини билмай жовдирарди. Бу вақтда у билан шу алфозда ёлғиз туриш ўтган-кетганда нотўғри таассурот уйғотиши ҳам мумкин эди. Яна орада Шайтони лаъин бор. Юпатай деса, ўзининг ҳам кўнгли бўшаб, тиллари калимага келмаётганди. Ноилож аста унинг пахтадеккина оппоқ, момиқ қўлларини силади.
– Бардам бўл! Ҳаммаси ортда қолади. Мана кўрасан ҳали, – деди ва ниҳоят ўзини қўлга олиб.
– Кечиринг, – деди у ҳам ҳушига келиб ва хонадан югургилаганча чиқиб кетди.
Шундан сўнг анчагача қимир этолмади. Аъзойи баданлари титраб, ҳаракат қилишга бермасди. Юрмоқчи бўларди-ю, ҳоли йўқ эди. Оёқ-қўллари ўзига бўйсунмасди. Шу кўйи қанча турганини билмайди. Ростдан ҳам сабри чидамай ўғринча Чаманнинг касаллик тарихи билан танишиб чиқаётган эди. Гап билан ош пишмайди-ку, ахир. Ҳар куни қайта-қайта кўз югуртирарди керак бўлса. Таҳлиллар қўйилган ташхисни тасдиқларди: биопис, биокимё, гистология… бари-бари аниқ натижани кўрсатиб турарди. Ҳаммасини ўқиб даҳшатга тушган эди. Чаман дардини тушунмаса керак, деб ўйлаб юрганди. Энди билса, у ўзининг касалидан хабардор экан. Чора излаётгани ҳам аниқ кўриниб турипти. Хоҳласа хоҳламаса касалликни даволашнинг ягона йўли битта. Бу унинг яшаши учун ҳам ўта муҳим, қолаверса катта имконият. Жарроҳлик билан бари-барига чек қўйиш мумкин холос. Ҳали вақт бор. Фақат у рози бўлса бўлгани. Чаманнинг олдида икки йўл қолганди: ё ҳаёт, ё мамот; ёки ҳаракат қилиб яшаш, ёки касалликка таслим бўлиш. Танлов эса, унинг ўзида эди. Энг қўрқинчлиси Худо унга берган аёллик латофатидан воз кечишга мажбур у. Бунга қанчалар кучли матонат ва ирода керак. Ҳаммасини жуда яхши билади. Лекин нима қилсин?.. Ўзи ҳам унга яхши бўлишни хоҳлайди. Чаманга ишонади. Барчасини енгиб ўтади. Унинг касаллиги тиббиёт тилида кўкрак бези саратони – мастэктомия дейиларди. Бу лўнда қилиб айтганда ўта оғир – давосиз дард эди. Айни пайтда иккинчи босқич ривожланиши кечаётганди унда. Бирдан-бир халос бўлиш йўли устози – профессор Раҳим Ниёз айтганидек жарроҳлик ва беморнинг чап кўкрагини таг-туги билан олиб ташлаш.
Буларнинг ҳаммасини Чаманга билдириш у учун ўта оғир эди. Айниқса бу сўзларни Лочиндан эшитса не кўйга тушишини тасаввур ҳам қилолмайди. Ўзининг ҳолати эса, ундан-да бешбаттарроқ. Бегона бўлгандаям майлийди-я. Шунда ҳам аёл кишига бундай хулосаларни айтиш осон, деб ўйлайсизми? Тушунган тушунади, тушунмагани доим жанжал кўтаради. Ўйлай-ўйлай боши қотганди. Лекин барибир эртами-кечми бу хулосалар Чаманнинг ўзига етказилиши аниқ эди.

* * *

Тонг саҳар кутилмаганда олдига Чаманнинг яқинлари кириб келишди. Тун бўйи навбатчилик қилиб ухламагани боис, мудраб ўтирганди. Қанчалик қийин бўлмасин гапларига қулоқ тутди. Улар ҳамма гапдан хабардор эди. Даволаш усулларини эшитишгач, ўзларини қўйишга жой топишолмай, ҳар кўйга тушишаётганди. Уларнинг саволлари бир хил эди.
– Бошқа чораси йўқми?..
– Ёрдам беринг?!
– Шифокорсиз-ку ахир!
– Бирон йўлини топинг? – деб ёлворишарди. Айниқса онаси чўк тушиб, ўтиниб ялинарди. Сочларини юлиб, айюҳаннос соларди. Йиғлаб-сиқтарди. Аммо бу ҳаракатлардан наф йўқ эди. Бу ҳақда ўйлаб ҳам кўришмасди. Ҳаммаси ақлдан озганди гўё. Лочин ҳижолат бўлиб кетди. Уялганидан Чаманнинг онаси олдига чўккалаб:
– Онажон, Чаман яшашининг ягона имкони шу, – деди секин. – Асосийси у ёнларингда бўлади.
Шу гапларни гапираркан биринчи бор танлаган касбидан афсусланиб, ўзидан нафратланиб кетди. Эркак кишига бошқа иш қуриб кетганмиди бу дунёда, деган ўй ҳам ўтди хаёлидан.
Тоғ-тоғ билан учрайшмайди, одам-одам билан учрашади, деганлари рост экан. Бир вақтлар уни қувиб солган Чаманнинг гулбозордаги аммаси Лочинни кўриб, тошдек қотиб қолганди. У эшик тоқига суяниб олиб, унга ҳайрон термулиб турарди. Ер думалоқ эканлигига иймон келтираётган бўлса не ажаб шу топда. Нигоҳлари одамни тешиб юборгудек қаттиқ эди-ки, асти сўраманг. Бир чеккада туриб олиб, хатти-ҳаракатларини обдон кузатарди. Худди тўйга келгандек ялтур-юлтур кийимлар кийиб, ясан-тусан қилволганди. Лочин унинг қарашларига дош беролмади, тўғриси. Кўзларини ундан бошқа томонга олиб қочди. Лекин шундаям ёнига келиб:
– Сени танидим. Чаманни сўраб боргандинг эсласанг, – деди уятсизларча. Ундан алламбало қиммат атирнинг ҳиди келарди. Ҳойнаҳой, заъфарон гулиники. Лочин ўзини жинниликка солди. Худди бу аёлни биринчи марта кўриб тургандек:
– Кимгадир ўхшатдингиз чоғи? – деди пинагини ҳам бузмай.
Гулчи амма росмона иккиланиб қолди. Айни пайтда ҳамма паришонхотир эди. Бир тарафдан Лочиннинг бегона одамлиги бу аёл учун ҳам яхши белги: шундан бўлса керак, мамнун юзига қон югургани шундай кўриниб турарди.
– Ўша ландовурга ўхшаркансан-да, – деб қўйди яна ўзига мос қўполлик билан. Лочин бунга эътибор ҳам бермади. Ич-ичидан кулган бўлса-да, ташида бу аёлдан осонликча қутула қолганига шукрлар айтди.
Чаманнинг отасига тушунтириш енгилроқ кечар, деб ўйлаганди. Ҳартугул, оғирбосиқ, ҳаёт синовларидан дош бериб ўтган, иродали одамга ўхшаб кўринганди кўзига. У бўлса тинмай ўзини айбдор санарди фақат.
– Уларни аямадим-а. Тирикчилигам қуриб кетсин. Қишни-қиш, ёзни-ёз демай иссиқхонадан чиқишига йўл қўймабман-а. Бола бўлиб ўйнашмабти ҳатто. Умри кечалари бозорларда ўтди. Ўзим сабабчиман барисига. Қизгинам-а! Жоним қизим-а! Сени нималар қилиб қўйдим-а! Наҳотки ҳаммаси рост бўлса-я! – деб ўзига ўзи гапирарди отаси.
Тошкент атрофида кўплаб гулчилар маҳалласи жойлашган эди. Маҳаллий аҳолининг кўпи қишин-ёзин иссиқхоналарда гул етиштиришиб, пойтахт кўчаларида сотишарди. Аксар сотувчилар ёш қизлар бўларди. Қачон қарам шаҳар кўчаларида гуллар билан изғишарди. Чаман ҳам шуларнинг бири эди. Уларнинг кундалик даромадлари асосан шундан келарди. Чаманнинг отаси ҳам турмуш деб, болаларини гул етиштирадиган иссиқхоналарда кўп ишлатганини, қишнинг қаҳратони-ю, ёзнинг саратонидаям тирикчилик баҳонасида уларни совуқни совуқ, иссиқни иссиқ демай болаликларидан маҳрум қилганидан нолирди. Энди бу гапларни ўрни эмасди, тўғриси. Эски хотиралардан, қолаверса, сўнгги пушаймондан не фойда.
– Ҳали яхши бўлади, – деди далда бериб Лочин. У ўта тушкун ҳолатда эди. Бирон гапни уқмасди.
Очиғи уларнинг бу нола-фиғонларига дош беролмай қолди. Уларни устозлари олдига бошлаб борди. Яхшики иккалалариям жойларида эди. Улар ҳам гапни чўзиб ўтирмай қисқа қилиб, лўндасини айтишди-қўйишди.
– Бу енгилмас касалликмас. Қанча-қанча одамлар даво топишяпти ахир. Ваҳима қилишни ҳожати йўқ. Фақат ишониш керак, – деди профессор Раҳим Ниёз уларга.
– Дунё ривожланяпти. Олимлар даволашнинг янги чоралари устида изланяпти. Ҳарқалай ҳаракат қилиш керак. Касал одамни умидини сўндириб қўясизлар бунақада. Унга ёрдам беринглар. Ҳозир сизларнинг кўмагингизга муҳтож у. Бу балони тўхтатишнинг ягона йўли фақат жарроҳлик. Йиғи-сиғи билан иш битмайди, – тушунтирди устози Наримон Юсуф.
Қани бу гаплар кор қилса уларга. Ҳаммалари ўзича чуғурлаб, бир нималарни тушунтиришмоқчи бўлишарди. Бири қўйиб, бири гапиришарди. Гўё шифокорларни гапларига ишонтириша олса, ҳаммаси яхши бўладигандек тутишарди ўзларини. Бошида касалликнинг оқибатлари ҳақида эшитишни ҳам исташмади. Устозлари бўлса, вазият ўта оғирлигини тушунтиришди. Ҳамма гапни эшитишгандан сўнг, охири ўзга чора йўқлигини англаб етишди чоғи, Чаманни кўндиришга сўз беришди. Лочин хурсанд бўлди. Ахир вақт ўтаётган эди. Тушунган одамга ҳар бир дақиқа ғанимат эди. Бу шундай касаллик эди-ки, кун сайин томир ёйиб, танага чуқур кириб борарди. Қанчалик тез ҳаракат қилинса, шунчалик яхши бўларди. Кета туриб Чаманнинг онаси ёнига келиб, яна ялиниб-ёдворди.
– Нажотимиз сиздан. Ёрдам беринг! Илтимос қиламан, уни ўлдириб қўйманглар! – деди ҳиққиллаб. Бу гаплардан эти жунжикиб, ғалати бўлиб кетди. Худдики Чаман билан ораларидаги муносабатлардан онасининг хабари бордек эди. У лом-мим деёлмади. “Хўп бўлади” дегандек бошини қимирлатиб қўя қолди.
Кўп ўтмай яқинлари унинг розилигини ҳам билдиришди. Энди турли муолажалар билан жарроҳликка тайёрлаш лозим эди. Бу бироз вақт оларди. Шу орада Чаман фикридан қайтиб қолмаса бўлгани. Ўжарлиги бор. У иложи борича текширувларни тезроқ ўтказишга уринди. Аммо жарроҳлик амалиётини кутаётган касаллар ҳам кўп эди. Била туриб уларга-да ноҳақлик қилолмасди. Кунига икки ёки уч кишини амалиётдан ўтказиб, даволашга улгуришарди, холос. Бу ҳам унинг яна кутишини тақозо қиларди. Ўзи ҳам жарроҳлик амалиёти қанча бўлса, шунча орқага сурилишини истарди. Билмади, назарида, ҳамма учун шу қулайроқ эди чамаси. Устма устига бу қурмағур амалиёт жараёнида қатнашмасликни устозларидан ҳар кўрганда ўтиниб сўрарди. Биринчидан уни яқиндан билгани бўлса, иккинчидан эркаклик ғурури йўл қўймасди. Қандай қилиб ахир! Яна ўзидан ҳам чўчиб қолди. Устига устак Чаманнинг онасини “Уни ўлдириб қўйманглар!” деган ёлворишлари қулоқлари остида қайта-қайта жарангларди. Чунки уни кўрганда доим вужудида титроқ турарди. Амалиёт чоғи қўллари қалтираб, ҳаммасини барбод қилса-чи! У шундан чўчирди. Лекин бунинг иложисини топиши қийин. Охирги пайтларда кўп жарроҳлик унинг иштирокисиз ўтмасди. Энди ортга ҳам йўл йўқ. Устозлари ҳатто уни эшитишни ҳам исташмади.
– Сен шифокорсан. Беморлар олдида бурчинг бор. Қолаверса, уларни сидқидилдан даволашга онт ичгансан, – деди профессор Раҳим Ниёз зарда қилиб.
– Улар қариндош-уруғларингмасми? – сўради Наримон Юсуф. Лочин жим турарди. Унинг учун бу саволларнинг жавоби йўқ эди.
– Бу ёғига ҳар қанақа шахсий қарашларингниям, эътиқод билан боғлиқ фикрларингниям ўзгартиришингга тўғри келади энди, – деди Раҳим Ниёз.
– Яна билмадим-у, аммо биз шифокорларга бунақа қоидаларнинг аҳамияти бўлиши керакмас. Мен онамни ўзим жарроҳлик билан тузатганман. Мана ҳозир саксондан ўтди. Худо умр берса яшаб юрипти, – деди Наримон Юсуф ҳам.
Унинг жасорати ҳақидаги афсонавий гаплар кўпчилик шогирдларини руҳлантирарди. Ҳақиқатан ҳам, бир пайтлар устозининг ўзи онасини жарроҳлик билан даволаган экан. Чунки у врач эди. Имкони бўла туриб, онасини ўлим билан юзма-юз ташлаб қўйиш ҳам ярамас иш бўларди ахир.
Ҳа-а… Очиғи бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаган эди. Устозларининг бу гапи ўзи учун яна бир дарс бўлди. Истайдими йўқми, биринчи навбатда, у шифокор. Ҳатто энг яқин инсонлари – отаси ё онасини даволаш керак бўлгандаям, буни унутмаслиги зарур. Аввало, тақдир. Аллоҳнинг иши бу. Аммо нима бўлгандаям, кимнингдир яшашига нималардир сабаб бўлади. Қўрқув шифокорни тушкунликка тортади. Қолаверса, ҳар қандай касални даволашга сўз берган. Ростданам бемор ким бўлишидан қатъи назар, бу унинг касби.

* * *

Лочин Чаман билан овора бўлиб ўз ҳаётини унутиб қўяёзганди. Ипак унинг оиласига ўта бефарқлигидан таажжубга тушиб борарди. Буни ўзи ҳам сеза бошлади. Охирги пайтларда ҳатто ўғли Темурбекни ҳам эркаламай қўйди. Кечга бориб жудаям чарчаб қолар, яна тонг саҳардан одатий иш куни бошланарди. Бир куни касалхонадан қайтса ўғли эмаклаб келиб, соғинган шекилли, қучоғига талпинди. У бўлса қайрилиб ҳам қарамади. Чарчаганди. Ўғлининг эркаланишларини эътиборсиз қолдириб, устига устак жеркиб берди. Ҳеч нарса ёқмаётганди. Ипак унинг бундай муомаласини кўриб, ҳайрон қузатиб турган экан.
– Ҳолим йўқ, – деди ўзини оқлаб унга қарата. Ипак индамади. Йиғлай бошлаган боласини бағрига босиб, тинчлантирган бўлди. Шу йўсин иккиси ҳам овунди. Лочин бутунлай ўзининг ўй-хаёллари қобиғига ўралашиб қолган эди. У ишидан, оиласидан эмас, ҳаётдан чарчагандек кўринарди аслида.
Ипак бу кунлар ҳам ўтиб кетар, деб чидарди. Сабр қиларди. Бироқ кун сайин Лочиннинг ноодатий, ҳурмача қилиқлари кўпайса кўпаярдики, камаймасди. Баъзан кечалари сурункали равишда уйга қайтмайдиган одат чиқарди. Ипак уни ҳам орқага отди. Навбатчилик кунларини-ку тушунади, аммо бу ҳол кетма-кет такрорлангандан кейин ораларига шубҳа тушди.
– Лочин ака, сизга нима бўляпти? – сўради бир кун ишдан кеч қайтганда Ипак.
– Ҳаммасини билишинг шартмас. Ишларим кўп, – ўдағайлади у.
Ипак яна индамай тилини тишлади. Бошқа лом-мим демади. Рўзғорнинг камларини ҳам айтолмади. Бир-неча кундан бери бозор-ўчарининг ҳам туби кўриниб қолганди. Амаллаб яна чидар. Аммо бу ёқда боласининг хархашалари. Унга у-бу қўшимча егуликлар керак. Сотиб олишга бўлса пул. Бир-икки марта оғиз жуфтлаганди уйнинг ижара ҳақини тўлаганини рўкач қилиб қўя қолди. Шу билан яна ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолаверди.
Ипак ҳам аввалига ишлари кўпайиб кетиб, чарчаб қолаётган бўлса керак, деб ўз ҳолига ташлаб қўйди. Кейинчалик бора-бора ҳамма нарса орқага қараб кетаётганлигини англади. Рўзғорларидан ҳам анча барака кўтарилди. Камомадларга дуч келиша бошлашди. Олдинлари ҳеч бундай бўлмасди. Ипак “Биз Лочин акамга ҳалал беряпмиз”, деган ўйга борди. Ўзича хафа бўлиб, ҳамма лаш-лушларини йиғиштириб, ота уйига кетмоқчи бўлди.
– Сизга оғирлигимиз тушётган бўлса бизни қишлоққа юборинг! – деди у дабдурустдан. Лочин индамади. Ипакнинг саволини жавобсиз қолдирди. У шу кунларда жарроҳлик амалиётига тайёргарлик кўраётган эди. Бутун диққати шунда эди. Ҳатто Чаманга зарур бўладиган баъзи камёб дориларни ўз маошидан олишга тўғри келганди. Унгаям жуда-жуда яхшилик қилишни хоҳларди. Чаманнинг олдида ўзини ҳам айбдор санарди. Ҳаммаси бошқача бўлиши мумкин эди-ку, шундай қилсам кўнглим таскин топар, деб ўйларди. Бир кўнгли бари гапни Ипакка айтсаммикан, деган ўйга ҳам борди. Аммо яна бари чаппасига айланишидан қўрқиб, шаштидан қайтди. Ахир Ипак Чаман ҳақида билса не кўйга тушиши мумкин?.. Устига устак эмизикли бўлса. Сути қочади. Яхшиси қандай бўлса ҳаммаси шундайлигича қолгани маъқул.
– Олдинда катта жарроҳлик амалиёти турибди. Мендан хафа бўлма. Шу синовдан ўтиб олай. Яна ҳаммаси изига тушади. Ҳозирча ўзинг эплаб тур! – деди ялинганнамо ва чўнтагидан бир тутам пулларни чиқариб, авайлабгина унинг қўлига тутқазди.
Ипак ҳаммасини яхши тушунарди. Ахир унинг кўз очиб кўргани-ку Лочин. Ҳаётини бахшида қилган. Уни жудаям яхши кўради. Пулларни ола туриб, мўлтиллаб кўзларига боқди.
– Керакли нарсаларни сотиб ол. Темурга яхши қара! – деди илтижо билан Лочин ҳам. Ипак итоаткор аёл. Унга ишонади.

* * *

Ўтган кунлар давомида яқинлари ҳам Чаманни жарроҳлик амалиётига руҳан тайёрлашди.
Унинг ҳолатини тасаввур қилиш қийин эмасди. Ҳар ким ўзидан ўтганини ўзи билади-ку. Унда қандай ўйлар кечган бўлса, Чаманга ҳам осон бўлмагани аниқ. Энг асосийси ҳамма таппа-тайёр. Ортга йўл йўқ. Шифокор сифатида энди ўз ишини бажариш қолди, холос. Бунинг устига бегона эмаслиги сабаб, унга ҳамдард бўлиши ҳам лозим. Тўғриси шу кунлар оралиғида икккови ҳам бир-бирларидан яна қочиб юришди. У билан дуч келиб қолмасликка уринди. Бу қочишларнинг адоғи кўринай демасди. Лекин барибир бир кун яна тўқнашишлари аниқ. Буни иккиси ҳам яхши билишади. Шундай ҳам бўлди. Бугун бариси тугайди. Аллоҳнинг амри билан Чаман ҳам дарддан бутунлай фориғ бўлади. Унинг қувончли, хурсанд чеҳрасини кўриш, ҳамма-ҳамманинг умиди.
Жарроҳлик хонасига Чаманни олиб киришганда бироз эсанкираб турди-ю, яна ўзини ўнглаб олди. У ҳушсизлантирувчи дорилар таъсирида сузилиб, қип-ялонғоч, ҳушсиз ётарди. Устозлари ҳеч нарсага аҳамият бермай, амалиётни бошлаб юборишди. Унинг эса бир он хаёли қочди. Чаман унга жилмайгандек туюлганди. Лочин фикрини жамлаб, ўзини қўлга олишга ҳаракат қилди. У шифокор ахир. Сал кам икки соат давом этган жарроҳлик муолажасида тиним билишмади. Ўзи ҳам кўрадиганини кўрди. Ҳеч қандай амалиёт бундай оғир кечмаганди. Ёки унга шундай туюлдими, билмади. Ҳар тугул пешонасидан реза-реза тер томарди. Айниқса гистология жавоби чиққунча кута-кута тоқати тоқ бўлди. Кўкрак бези ўсимтасидан олинган намуна лабаратория таҳлилига юборилганди. У ҳалиям ҳаммаси яхши бўлишига умидвор эди. Жавоб яхши чиқса амалиётни тўхтатишарди. Чаман ҳам қандай бўлса шундайлигича аёллик латофатини сақлаб қоларди. Даво чоралари ҳам ўзгарарди. Ташқарида унинг яқинлари ҳам ҳаяжон билан гистология жавобини кутишарди. Аммо… натижа у кутгандек бўлмади. Амалиётни охиригача давом эттиришларига тўғри келди. Ҳаммалари жуда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишди. Операция ниҳоялаганда Лочин ўзини ёмон ҳис қила бошлади. Боғлов пайти шошганча ташқарига отилди. Тоза ҳаводан чуқур-чуқур нафас олиб, бироз ўзига келгандек бўлди. Энди нима қилишни ўйларди. Қаёқларгадир бош олиб кетишни истарди. Шундай ҳам қилади. Фақат ҳозирмас. Чаман ўзига келсин. Аҳволи бироз ўнглансин. Касалларнинг аксарияти жонлантириш бўлимида ҳушига келиб, биринчи қиладиган иши шукроналик бўлса, иккинчиси эса, унсиз йиғлаш эди. Бу ҳолга кўп гувоҳ бўлган. Ўша онда энг яқин кишисини кўргиси келади. Албатта унинг олдида турмуш ўртоғи бўлгани яхши. Лекин шу пайт оралиғида Жасурни бирон марта учратмади.

* * *

Жонлантириш бўлимидан даволаниш бўлмасига олингандан сўнг ҳам Лочин Чаманга кўриниш беришни хоҳламай юрди. Иккиси ҳам асли шуни исташарди. Вақт олий ҳакам. Ҳали ҳаммаси ўз измига тушади. Бунга ишонишади. Лочин шу орада анча-мунча ишларини ҳам қилиб олди. Тадқиқотлари билан шуғулланиб бироз ўзини чалғитди. Шу тариқа кунлари аросатда ўтарди. Ишдан бўшаш ҳақида узоқ ўйлади. Бир қарорга кела олмай қийналди ҳам. Негаки кўп беморларнинг даволаниш босқичи унинг чекига тушганди. Бу бўйнига солинган ипсиз сиртмоқ эди. Уларни шундай ташлаб кетиш ҳам инсофдан эмасди. Шу сабаб яна бироз вақт ўтказишга тўғри келарди. Ичидаги ўйлари ҳам икки қутбга бўлинган эди. Бири уни беморлари билан шу ерда қолишга чорласа, бошқаси эса, кетишга ундарди. Шу иккиланиш асносида узоқ ўйлади. Икки-уч кунни шундай маънисиз ўтказди. Кейин бироз ўзига келиб Чаманнинг аҳволидан хабар олишга ўзида куч топди. Хонага кириб борганда унинг ёнида Жасур ўтирарди. Бошида нима қиларини билмай бир муддат каловланди. Шу пайт Жасур ўрнидан туриб:
– Бу яна сенми? – деди пичинг билан. У индамади.
– Яхшимисан? – деди бироздан кейин истар-истамай қўл узатиб.
– Бошқа йўли йўғмиди, йигит? – деб бақирди Жасур кутилмаганда тумшуғига мушт тушириб. Лочин чап беришга ҳам улгурмади. Униинг ҳаммасидан хабари бор эди. Чаман “Жасур ака!” – дея чинқириб юборди. У қаттиқ зарб таъсирида орқага қалқиб, деворни тагига бориб узала йиқилди. Ётган жойида ўзини ўнглашга ҳаракат қилиб кўрди. Аммо бўлмади. Бошини эгилган ҳолда сарак-сарак қилиб чайқатди. Сал-пал ўзига келди чоғи туришга уринди. Жасур яна ташланмоқчи бўлганди, хонадаги аёллар уни тўхтатиб қолишди. Бўлмаса ҳоли не кечишини ўзи ҳам билмасди. Бирпасда хонага одамлар йиғилди. Ҳамширалар икки ёнидан ушлаб, уни турғизишди. Ўзиям эшшакдек кучи бор экан бу овсарни. Даволовчи шифокор келиб, аввал уни курсига ўтқазди ва кўз қорачиғларини текшириб кўрди. Ҳаммаси жойида шекилли, сўнгра Чаманнинг олдига бориб уни тинчлантирди. Бироздан кейин Лочин ўзига келиб, индамай хонани тарк этди. Негаки Жасурни олдида ожизлигини кўрсатишни истамади. Чиқаётганда Чаман ҳам қовоқларини пастга қилиб: “Кетинг. Кераги йўқ!” – деган ишорани қилди. Лочин уни сўзсиз тушунди.
Жасур бўлса унинг ортидан таъқиб қилиб чиқди. Анча ҳовуридан тушгандек эди. Охири тақдирга тан берганга ўхшарди. Лочин айтмаса ҳам рўпарасидаги курсига чўкди. Бироз нафасини ростлаб:
– Касали жиддийми? – деб сўради.
– Анча, – деди у ҳам бефарқ.
– Номи нима экан?.. – яна сўради бетоқат бўлиб у.
– Айтолмайман. Барибир тушунмайсан.
– Айт!.. – бақирди Жасур сабри чидамай.
Лочин бироз иккиланди ва:
– Оти йўқ, – деди. – Тушуняпсанми, оти йўқ!
– Даво топадими?
– Фақат Худодан!..
– Унда мен нима қиламан?!..
– Билмайман. Билганим унга ҳозир жуда кераксан. Сенинг ёрдаминг зарур. Далда бер, ёнида бўл! – деди қатъий.
– Бўлолмайман, тушуняпсанми, бўлолмайман! – деди Жасур ғижиниб.
– Унда ўзинг биласан.
У шундай деб ундан узоқлашди. Жасур бошини чангаллаганча қолди. Касалхонада бунақа вазиятлар онда-сонда бўлса ҳам учраб турарди. Бу ҳолни ҳам одатдагидек аёлларнинг турмуш ўртоқларини жиззакиликларига йўйиб қўя қолишди. Асли шундай бўлгани ҳам дуруст эди. Жасур билан пачакилашиб, ади-бади айтиб ўтиришнинг мавриди эмасди. Бу уларнинг ҳаёти. Фикрини бўлмагани маъқул. Қандай яшаш бўлса, уларнинг ихтиёри. У ўз вазифасини, бурчини бажарди, холос. Энг асосийси Чаманнинг соғлиги, кайфияти аста-секинлик билан ижобий тарафга ўзгара бошлагани эди. У икки ўт орасида қолганди. Бир қарорга келишга қийналиб юрувди. Жасур бир зарб билан ақлини киритиб қўйди. Йўқса хаёллари ҳам бузила бошлаганди. Агар уни қайта учратиб қолса, унга катта раҳмат айтади. “Жасур, сендан мингдан минг миннатдорман. Агар билсанг, заррача ҳам хафа бўлганим йўқ. Сенинг ўрнингда бўлганимда мен ҳам шундай қилармидим балки!” – деб ўйларди. Энди мақсади аниқ. Кетади. Ҳаммасини бошидан бошлайди. Афсусланмайди, чунки бу йўлни ўзи танлади. Унинг охирги қарори шу.

* * *

Ўша куннинг ўзида ишдан бўшади. Устозлари ҳам қаршилик кўрсатишмади. Уни тушуниб туришарди.
– Қачонки қайтмоқчи бўлсанг тортинмай келавер. Сен бу ерда кераксан, – дейишди улар ҳам худди Чекатошлоқдан кетаётганда бош шифокор айтганидек. Яна пойтахтдаги бир-икки касалхоналарга ишга боришни таклиф қилишди. Бунга йўқ демади. Кетиш олди Чаманни кўргиси келди. Шунчаки аҳволидан хабар олмоқчи эди. Ёнига кириб борганда у юзини девор томонга терс ўгириб, китоб ўқиб ётарди. Унинг сочлари олинган, билаклари кўкариб кетган эди. Билдики, аллақачоноқ кимёвий даволаш босқичига ўтган. Қўлида нина излари бор эди. Нур ҳам олаётган бўлса керак. Шундай эса-да икки ёноғи қип-қизил, худди етилган олмадек эди. Кўриниши ёмон эмасди. Чиройли. Ҳаммаси кўнгилдагидек. Лочинни кўриб у билан бирга турган беморлар хонадан чиқиб кетишди. Чаман китобдан бош кўтариб, унга қаради. Бошига танғиб олган рўмолини пешонасига тушириб, у билан саломлашди.
– Ассалому алайкум! – деди мулойим овозда.
– Ваалайку ассалом, – деди у ҳам одоб билан саломига алик олиб. Унинг аввалгидек асабийлашлари кетиб, ўзига анча ишончи ортгани кўриниб турарди. Юзларига ҳам аввалгидек, гул сотиб юрган пайтларидаги каби табассуми қайтган эди. Бу ўзига жуда ярашиб турарди.
– Менга унақа қараманг, – деди бошини пастга эгиб Чаман. – Сиз қидирган ҳеч вақо йўқ энди менда.
– Нимага ундай дейсан. Мен шунчаки сендан хабар олгани келдим. Шифокоринг сифатида.
– Биламан, – деди у.
– Ҳали кўрмагандек бўп кетасан. Мени айтди дейсан. Ҳаммаси ортда қолди. Ўғилчангни катта қилиб, тўйлар қиласан…
Чаман бошини кўтариб, унга қаттиқ термилди. Лочиннинг гапларидан юзлари ёришиб борарди.
– Сизга ишонаман, – деди жилмайиб.
– Буям Яратганнинг бир синови-да.
– Ҳаммасини биламан.
– Ҳаётда фақат ҳаракат қилиш керак.
– Сиз куйинманг. Буни уддалайман.
– Жуда яхши. …Бугун бу касалхонадан кетяпман. Сен билан хайрлашгани келувдим.
– Янами?.. – сўради таажжубини яшириб ўтирмай. Лочин индамади. Тўғрироғи жўяли бир гап айтишга журъат тополмади.
– Яхши боринг унда, – деди у тескари қараб.
– Ўзингни эҳтиёт қил!
– Хўп.
– Балким энди ҳеч қачон кўришмасмиз, – деди Лочин унинг ёнидан кетгиси келмай.
– Буни Худо билади.
– Тўғри айтасан…
У ростдан ҳам яна бироз қолиш учун баҳона қидирарди.
– Лочин ака! – деди Чаман уни кетаётганини кўриб.
– Нима? – деб ортига қайтди Лочин.
– Мени қучинг.
– Телбалик қилма.
– Ирганвотсиз-ми?
– Ундаймас.
– Унда ўпинг!
– Эсингни еб қўйибсан.
Лочин шундай деди-да, унинг ёнида турган кўзгуга қаради. Бу фикр калласига қандай келганига ўзиям ҳайрон эди. Чаманнинг чиройли, думалоқ юзлари унда акс этиб турарди. Лочин оҳиста уни олиб, ғайришуурий тарзда лабларига қаттиқ босди.
– Яхши қиз бўл! – деди қалтироқ овозда.
Чаман кулди. Бироз ўтиб:
– Ашнақа қиласизда, – деди пичирлаб андижонча шевада. У яна нималардир демоқчи бўлганди Лочин шартта ўрнидан туриб, шиддат билан чиқиб кетди. Шундай қилмаса унинг тентаклиги тутганди.
Бу воқеадан кейин у анчагадовур таъсирланиб юрди. Ҳарқалай ўзининг ҳам фикри бироз чалғиди. У Ипакни ўйларди. Чунки касалхонадан кетиши сабабини унга қандай тушунтиришни билмасди. Алдашга эса, виждони йўл қўймайди. У эндигина шаҳарга ўрганганди. Нима қилгандаям фақат мана шу ерлардан кетса бўлгани эди. Қолганини ўйлаб кўради. Балким устозлари айтганидек яна қайтиб келар. Ҳозирча шуниси маъқул. Бу ҳақда Ипакка ҳам айтмади. Унинг аҳволини кўриб, озроқ саросимага тушди-ю, кейин вазиятни англаб, ўз ҳолига ташлаб қўйди.
– Қишлоққа, онангни олдига қайтишни хоҳлайсанми? – деб сўради тунда дабдурустдан ундан. Ипак ҳайрон бўлди.
– Йўқ! – деди кескин ва қатъий оҳангда. Шу билан бу ҳақда бошқа гаплашишмади. Чунки Ипак тунов куни ораларида бўлиб ўтган тушунмовчиликлардан кейин эндигина ўзига келаётганди. Эртасига туриб, тўғри устозлари тавсия қилган – шаҳарнинг нариги чеккасидаги касалхонага йўл олди. Озгина узоқлиги бор-у, аммо қатнаб ишласа бўларди. Асосийси Чаманни кўрмаса, ундан узоқлашса бўлгани. Шундай қилса ҳаммасини тезроқ унутар. Чаманнинг тузалиши ҳам енгилроқ кечади шунда. Даволаш босқичлари ҳали узоқ давом этади. Сочлари ҳам бир неча бор тўкилиб, чиқади яна. Уни ҳар гал кўрганда уялиши аниқ. Иккисига ҳам яхши бўлади шундай қилса. Бунинг учун катта ирода шартмас. Унга шароит яратиб бериш керак фақат. Кейинчалик кўришганда яна: “Қочқоқ!” – деса ҳам майлига. Муҳими у эмас. Ҳар қандай таъна-дашномларга чидайди. У учун Чаманнинг соғлиги, саломатлиги – ҳаётга қайтиши, яшашга бўлган ишончи муҳимроқ. Билмоқчи бўлганларга очиғини айтади: уни ҳижронга ташлаган у эмас асли. Озорларини кўтариб, ҳижрон азобларида айрилиққа чидаб, айбсиз айбдорга айланганди, холос. У Чаманни ташлаб кетмади. Уларнинг бошидан ўтган барча ишлар бу тақдир тақозоси билан бўлди. Иккисига ҳам яхши бўлишини истади. Шуларни ўйлаганда барибир ич-этини ерди. Нимадир бутун борлиғини кемираётганга ўхшарди. Бу армонми… ё ҳижронми, тушунмасди. Тўғрироғи тушунолмасди. Янаям аниқроғи тушунишни истамасди. Балким шуниси яхшироқдир.

* * *

Нима бўлгандаям “Тўғри қилдим”, – деб ўйларди. Иккиланмади. Янги ишхонасининг бироз йироқлигини айтмаса, ҳаммаси кўнгилдагидек. Илмий ишиниям бошлаб юборди. Ҳали тадқиқотларини эълон қилиш керак. Фанда бир янгилик яратишнинг ўзи эмас – асил мақсади ҳам шу. Бу осонмас албатта. Аммо ҳаракат қиляпти. Чаманнинг касаллиги уни яна ҳам кўпроқ ишлашга ундарди. Ҳамма дарднинг давоси бор бу дунёда. Уни шубҳасиз топади. Лочин шундай деб ўзига ўзи таскин изларди. Ипак бошқа жойда иш бошлаганини эшитиб қолиб, анчагача тумтайиб юрди. Ундан изоҳ сўради. Очиғи унга нима дейишни билмасди.
– Қачонгача у шохдан бу шохга сакраб юрасиз? – деб бироз ранжидиям. Унинг гапларида ҳам жон бор эди. Бари даккиларига тўлиқ қўшилади. Қолверса, дарахт ҳам бир жойда кўкаради ахир. Асосийси, Ипакнинг ўз оиласи атрофида бўлаётган ишларга бефарқ эмаслигида эди. Бу Лочинни жуда қувонтирди. Ипакка Чекатошлоқдан бош олиб чиқиб кетиш осон бўлмаганди. Унда ҳам сабабини тушунмаганди. Тўғрироғи, Ипакка тушунтиришни эп кўрмаганди ўзи. Ҳозир ҳам қандай изоҳ беришни билмасди. Бирон ҳафтача Ипакни тинчлантириб, кўнглини олишга, у ёқ-бу ёқдан гапириб, чалғитишга ҳаракат қилди. Бунга бироз эришгандай ҳам бўлди. Чунки ҳамма нарсани, эски хотиралар-у, ҳаётнинг турли икир-чикирларини унутиб хотиржам яшай бошлаганди. Охирги пайтларда у-бу ишлар билан бўлиб, оиласигаям вақт ажратолмай қолган экан. Шу бугун тушдан сўнг уларни бир хиёбон айлантирса деганди.
– Қуёш қаёқдан чиқа қолди? – деди Ипак ҳам пичинг билан унинг қарорини эшитган заҳоти. – Тез-тез тергаб турсам бўларкан-да.
Лочин беўхшов ишшайди. Кейин:
– Ўғлимизга шаҳарни кўрсатмоқчиман, – деди у ҳам сир бой бермай.
– Ҳмм… – лабини бурди Ипак. Охирги пайтларда у ҳам қадрини билдириб, ҳурматталаб бўла бошлаган эди. Уни тушунади. Бу барча аёлларда кузатиладиган ҳолат. Чунки авваллари аёл киши фақатгина севикли ёр бўлса, фарзанд кўрганидан сўнг у она ҳам ҳисобланади. Бу дегани уларнинг ҳаётда бир пағона баландлаганини англатади.
– Онаси билан бирга, албатта, – деди эътиборсиз унга жавобан Лочин ҳам киноя билан.
Бу гапидан кейин Ипакнинг чиройли қийшаяётган лаб-лунжи ўз ҳолига қайтиб, буришаётган юзи ёриша бошлади. Шу десангиз кейинги вақтларда Темурбек ҳам одам танийдиган бўлиб, анча улғайиб қолганди. Отасини кўрганда унга интилиб, қувончдан сакрашларини айтмайсизми? Нима деса тушунади яна. Ҳа демай бир ёшга тўлади. Тетапоя бўлиб қолган. Улар биргалашиб, иссиқ кийимларини кийдириб, йўлга чиқишди. Ипак ҳам хурсанд бўлди. Куз чиройли фасл. Ҳаммаёқ заъфарон тусга кирган. Унинг устига хазонрезги манзаралар одамни димоғини янаям чоғ қилади. Кайфиятини кўтаради. Илҳом бағишлайди. Ҳаётга муҳаббатини оширади. Ўзи ҳаётда энг яхши кўрган фасли куз. Жуда-жуда ёқтиради. Бу яна ўша куз эди. Ҳа-ҳа. Олтин япроқлар хазонга айланаётган, унинг шодлигу қувончига, муҳаббатига, шодон кунларига шерик бўлган; икки қалбни бир-бирлари билан учраштирган ўша йилдаги кузга ўхшарди. Кўзларига ишонмайди. Буни асло кутмаганди ҳам. Айни чоғ яна ўша гулчи қиз беихтиёр рўпарасидан чиқиб келиб:
– Гул олиб кетинг. Чиройли гуллар. Аёлингизга совға қиласиз. Бу гуллар бахт келтиради. Тонг саҳарда ўзим терганман. Шудринглари қуриб улгурмаган ҳали, – деб йўлини тўсди.
Қўлларига бир қучоқ оқ, пушти, қизил атиргулларни тутқазди. Журъатига қойил. Ўзи унинг ўрнида бўлганда бундоқ қилолмасди. Чаман! Ҳа-ҳа. Чаман… Бу унинг ўзи эди. Бошида кўзларига ишонмади. Яна учратаман, деб ўйламаганди. Хурсанд бўлганидан бақрайиб қолди. У бўлса кўзларига қаролмасди. Лочин зимдан юзларига термуларди. У бўлса барибир қарамади. Вужудидаги бари ҳисларини яширишга ҳаракат қиларди-ю, эплолмасди; ўзини аввалгидек қувноқ кўрсатмоқчи бўларди-ю, уддалолмасди. Гулларни олаётганда бармоқлари бармоқларига тегиб кетди. Танасини титроқ босди. Чунки шу бармоқлари билан вужудининг бир бўлагини юлиб олганди. Чаман бошини эгиб олди. Нигоҳлари билан ер чиза бошлади. Ўз-ўзидан уялиб кетди. Бироз ҳижолатга ҳам тушди. Аммо унинг яна ҳаётга қайтганидан хурсанд эди рости. Соғ-саломат эканлигидан боши осмонга етди. Бунга ишонарди. Очиғини айтса, қайта кўришишдан умидини узганди. Аслида бундан маъни ҳам йўқ эди. Тўғри, унга нима бўлганини жуда яхши билади. Сунъий аъзо2 билан ҳам анча йиллар яшаса бўлади. Буни унга тушунтиришнинг ўзи ортиқча. Ҳаммасига кўникишига, ҳаётга яна олдингидек мослашишига ишонганди. Шу билан бирга у чидамли, қатъиятли, ҳар қандай дардни енгишга ҳам қодир эди. Аслида ундан шуни истаганди. Лочин ёнида бўлса, унга ишониб қолган бўларди. Яшаш учун курашдан тўхтарди. Дард билан муҳаббат бирлашиб, уни тамом қиларди. Шуларни тушуниб, унга ёмонликни раво кўриш – бу бадбахтлик эди. Жасурнинг ҳам уни ташлаб кетганини орқаворотдан эшитганди. Ноинсофлик қилибди, деб ўйлаб, хавотир олганди. Сирасини айтганда ҳаётда жасурдек кўринган инсонларнинг бари қўрқоқ бўлади. Чунки улар кўпинча ўзларидан ўзлари қўрқади. Келажагидан хавотир олишади. Алал-оқибат ўзлари билмаган тарзида ҳаётда барча топганларидан ҳам айрилишади. Аммо Чаманнинг иродасига қойил. Барисини енгиб ўтди. Шу ўринда ўзини ҳам оқламайди. Бунга умуман ҳаққи йўқ. Оқлашга ҳам уринмайди. Фақат бир нарсани яхши билади. Ҳижрон Чаманни яшашга ундади. Ҳажр ўтининг оташин тафтидан ҳаётга қайтди. Бугун неча йиллар олдин юрагида тугилган тугун ечилди. У хафа бўлишга ҳақли. Буни тушунади. Шу топда “Фақат бошингни эгма Чаман. Доим мағрур бўл! Сен жасоратлисан. Тушуняпсанми?.. Дунёдаги энг кучли аёл сен бўласан!” – деб далда бергиси келди. Аммо ундай қилишга журъати етишмайди. Чунки у мисоли кучсиз бир олчоқ…
Лочин гулларни олиб, чўнтагидан бир сиқим пулларни чиқарди-да, унга узатди. Ипак кузатиб турган экан:
– Кўпмасми, – деди унинг довдирашларига ҳайрон қараб.
– Йўқ, – деди кўзлари олма-толма бўлиб: – Бундай бахт келтирувчи гуллар учун жуда кам, – қўшиб қўйди аранг кулишга ҳаракат қилиб.
Аёли тушунмади. Шуниси ҳам тузук асли. Чаман ноилож пулларни олди. Чунки улар энди бир-бирларига бегона кишилар эди. Иккиси ҳам буни яхши ҳис қилиб туришарди. Чаман ўта ҳижолатли аҳволда қолди. Пулларни олишга олди-ю, лекин энди нима қилишни билмай тарашадек қотиб турарди. Шу топда кичкинтеккина ўғли пилдираб келиб, уни бу ноқулайликдан қутқарди.
– Ойи манга бейинг! Манга, манга… – деди унинг қўлларидаги пулларни тортқилаб. Чаман шу онда нима бўлаётганини англамасди. Ўғли пулларни олиб, фарқлолмаса-да, эркаланиб бирма-бир санай кетди.
У аёлини етаклаб ундан узоқлаша бошлади. Ипак ўғли Темурбекка атрофдаги ҳунармандлар ясаган осори-атиқаларни тушунтирарди. Ортига қарашни истамасди. Чаман уларни кузатаётган бўлиши керак. Яна кўзлари жиққа ёшга тўлгандир. Эҳтимол йиғлаётгандир ҳам. Балки милт-милт сизиб, пастга томаётган томчи-томчи кўзёшлар у билан бирга кезган, бахтли онларини ўтказган – мана шу йўлларда қолган – мудҳиш хотираларга тўла изларини юваётгандир. Буни билмайди, билишни ҳам хоҳламайди. Ҳа-ҳа. У шунақа бераҳм, баттол одам. Бағритош. Золим. Чунки шундай қилиши керак. Унинг яшаши учун ҳам яна кетиши шарт. Аммо билиб қўйинг, ҳа-ҳа, билиб қўйинг одамлар, у уни жуда-жуда севарди… Уни шунчалар севганидан ҳатто қуёш нурларидан-у, гуллар ифоридан қизғанарди. Лекин буни ўзи ҳам билмасди, сезмасди. Фақат бахтига, муҳаббатига эришиш учун кун-у тун вақтнинг тезроқ ўтишини кутиб яшаган эди. Аммо хато қилган экан. Ҳа-ҳа. Шундай. Ҳаммаси худди шундай…
У у учун шунчалар суюкли эдики, охирги пайтларда бир кўрмасдан туролмасди. Бу ёлғонмас. Севиб қолганини тушунмаган экан, холос. Қанийди ҳозир ўтган кунларни ортга қайтаролса эди.

Сўнгги сўз ўрнида

Ўша куннинг эртаси янги иш жойига бориб, яна ишдан бўшади.
Бу ёғи ҳаммаси тақдир ҳукмига ҳавола. Қишлоққа – Чеккатошлоққа кетади. Тошкентни буткул тарк этади. Қарори қатъий. Кимгадир меҳрибон, кимгадир омадли, ўзи учун эса шафқатсиз бўлган мана шу шаҳардан кетса бас. Уни кўрмаса, ўйламаса бўлгани. Қолганига чидайди. Шундагина кўнгли жойига тушади. Бутунлай кетади. Ҳа-ҳа. Кетади одамлар!
Уни ҳозир оиласи бор. Фарзанди ҳам кап-катта бўлиб қолган. Ёнида унинг меҳрибон онаси – Ипак доим у билан бирга. Уни ҳам яхши кўради. Чунки якка-ю ёлғиз боласининг онаси, ҳаёти у билан фақат. Бу ёғига Ипаксиз бир сония ҳам яшай олмаса керак. Ҳадемай яна кўпайишади. Лекин Чаманни ҳам бошқача кўради. Бу юрак иши. Бутун умр уни унутолмайди. Бир зум ҳам ўйламай туролмайди. Чунки уни жонидан ортиқ севган, севади ҳам. Чаман унинг соф муҳаббати. Чаман юрагида, қалбида доим ёнма-ён яшайди. Шундай. Чаман унинг кечмиши бўлса, Ипак унинг қисмати. Бошқа ҳеч гап…
– Мени айбламайсиз деган умиддаман, одамлар! Чунки Чаман яхши қиз. Хотираларимда шундай қолади. Ҳозиргача у билан ўтган кунларни эслаб таскин оламан. Унинг бу дунёда борлиги мен учун энг катта бахт! Ишонинг, ризқ-насибам тугаб, бу дунёдан кўз юмаётган чоғимда ҳам қулоқларим остида унинг қўнғироқдек овози жаранглаб туради: “Гул олиб кетинглар, чиройли гуллар! Яқинларингизга совға қиласиз. Бу гуллар бахт келтиради…”

2020-2022 йиллар, Андижон-Тошкент

–––––––––
Чалақурсоқ – оч-наҳор.
Сунъий аъзо – протез.

“Ёшлик” журналининг 2022 йил 9-10-сонида “Чаман” номи билан эълон қилинган.