Бахтиёр Нуриддинов. У дунё харидори (ҳикоя)

Узоқнинг иши қийин-да.
Ҳеч бунақа бўлади деб ўйламаганди. Отасининг сўнгги дамларида ёнида туролмади. Акаси билан укаси ҳар қалай бошида бўлишди. Иссиқ-совуғига қарашди. Охирги сўзларини, насиҳатларини эшитишди. У бўлса… ҳеч киммас, ўзига ўзи шундай баҳо берарди: кимга керак бунақа обрў… ўйлаган сари юраги эзилади.
–    Сизни отам узоқ кутди. Охирги кунлари фақат эшикка термулиб ётди. Бирон нима демоқчи бўлди шекилли. Бизга айтолмади, – деди укаси.
У индамади. Нимаям десин. Шаҳардан туриб ҳаракат қилганини айтсинми, ёки улгуриб келолмаганиними?.. Ўйлаб ўйининг адоғига етолмаяпти.
–    Ярим соат, бир соат илгарироқ қимилласанг бўларди-ю, ука! Олис йўл бўлса. Отамни сенга айтар сўзи боридийкан, – деди акасиям тўнғиллаб.
Нима қилсин, шундай бўлиб қолди. Вақтни ортга қайтариб бўлмаса. У билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Шундоғам ич-эти шалвираб бўлди. Энди ҳаммаси кеч. Ўзи билади ўзидан ўтаётганини. Ҳозир дашномнинг пайтими?..
Ҳолироқ жойга ўтди. Одамларга кўрингиси келмасди. Назарида ҳамма «Садқаи ўғил кет-э!» деяётгандек туюларди. Уларнинг нигоҳларига бардош беролмади. Укаси ёнига келди.
–    Отамнинг уч ўғли борлигини ҳамма билади. Ўзингизни опқочманг, ака. Қаторда туринг, – деди.
У укаси айтганидек қилди. Элни оғзига элак тутиб бўларканми. Шуниям гапиришмасин тағин.

* * *

Жанозада тумонат одам бўлди. Фотиҳадан сўнг бариси кетма-кет кўнгил сўрай бошлашди. Шу кўйи учов шомгача тик туришди. Отаси феъли кенг одам эди. Катта-ю кичикнинг ҳурматини қиларди. Адашмаган бўлса яқин атрофдаги етти қишлоқдан одам ёпирилиб келди. Маййитни қабристонга қўйиб қайтган пайти эътиборини оппоқ, баҳайбат ит тортди. Одамлар орасидан индамайгина дарвозахонага термулиб турарди. Ҳар бир кишига тикилади. Ҳеч ким унга парво қилмасди. У ҳам бир четда келган-кетганга қараб анча турди. Кейин кўчанинг нариги бетидаги қўшнининг девори тагига бориб, оёғини узатиб ётиб олди.
–    Ўша машҳур зотданми, дейман? – тоғасининг овози қулоғига чалинди.
–    Ҳа, шунақага ўхшайди! – деди амакиси ҳам тасдиқлаб.
–    Эшитардиму, ҳеч кўрмагандим бунақа итни. Анча ҳайбатли экан.
– Ҳа-а… Қанчалик рост билмадим-ку, мана шу Қорадарё бўйларида қадимда бир дев бўлган дейишади. У атрофдаги тўқайзорда кун кечирган экан. Ҳар тунда емиш излаб чиқиб наъра тортаркан. Унга ҳеч ким бас кела олмаган экан, – деб гап бошлади амакиси. Тоғаси жимгина эшитиб бош қимирлатиб ўтирарди. – Қишлоқда бир паҳлавон чўпон бўлган. Отини Қораяғир дейишганакан. У одамларнинг чорвасини ана шу девдан асраб боқаркан-у, ҳеч косаси оқармаскан. Унинг худди шунга ўхшаш Оқтой исмли баҳайбат ити бўлган эмиш…
Амакисининг гапи чала қолди. Бир тўпда одам фотиҳага келиб қолди. Тоғаси билан амакиси ўрниларидан туриб уларни кутиб олишди. Тиловат бошланди. Қироат қандайдир одамга ўтмишни эслатарди. Ёдига отасининг айвонда эртак айтиб берган кунлари тушди.
…Бир куни Яғир чўпон одамларга ёлғизлигидан нолибди. Қишлоқ катталари маслаҳатлашиб уни сағир бир қизга уйлантиришибди. Яғир бой  қирқ кун хотини билан бўлиб, чўпонлик таёғини деворга суяб қўйибди. Ношукурликда. Бу вақт ичида дев одамлардан ҳар кунига бештадан қўй талаб қилибди. Бўлмаса қирон солиши аниқ экан. Қишлоқ кексалари кенгашиб Яғирнинг олдига боришибди. Бор гапни айтишибди. Паҳлавон яна чўпонликка қайтибди. Аммо дев қутургандан-қутурганмиш. Яғирбой у билан курашишга аҳд қилибди. Аммо хотини қаршилик кўрсатибди. Шунда ҳарчанд кўнмаса ҳам Оқтойни дарахтга боғлаб ёри билан қолдирибди ва ёнига катта идишда сув қўйиб:
–     Агар Оқтой сувидишга қарамай қўйса, ундаги сув айний бошласа билгинки, менга бирон кор-ҳол бўлган. Шунда итни қўйиб юбор, – деб тайинлабди.
Кунлар кетидан кунлар ўтибди. Яғир чўпондан дарак бўлмабди. Оқтой кечалари увлаб чиқармиш. Келин сувидишдаги сувга қараса айний бошлабди. Итни ёнига бориб, бўшатиб юборишга қўрқибди. Шунда Оқтойнинг ўзи олдинга ташланиб, тупроқ тимдалабди. Жон жаҳди билан занжирни ғажиб, ниҳоят узибди. Елдек учиб бориб эгасини топибди. Қараса дев чўпонни банди қилганмиш. Оқтой маҳлуққа ташланиб олишибди. Девни енгиб Яғир чўпонни озод қилибди.
Итнинг вафодорлиги ҳақида кўп ўқиганди. Болалигида отасидан эшитган бу эртакни эслаб итга қараб қўйди. Зотдорлиги ростга ўхшайди. Бу ҳикояни отасига бобоси айтиб берган бўлиши керак, амакиси ҳам худди ўзи эшитганидек ҳикоя қила бошлаганди.
Одам кўп эди. Келди-кетди тинмасди. Баъзилар итдан чўчигандек ўзларини четга торта бошлашди. У ҳатто пинагини бузмасди. Олд оёқлари устига бошини қўйиб, атрофга аланг-жаланг қарарди. Кимнинг ити экан, хаёлидан ўтказди у. Ҳеч кимга эргашмайди ҳам. Бу ёғи қизиқ бўлди-ку. Уч кун деганда ҳам яна ўша оқ ит пайдо бўлди. Энди одамларга яқинлашмасди-ю, узоқдан – чеккўча бошида туриб кузатарди. У қўшнилардан сўрашга ийманди. Унга эрмак топилганди. Аҳён-аҳён итга қараб чалғирди. Ҳатто отасининг биринчи пайшанбаси, якшанбаси, еттиси, йигирмасида ҳам жонивор келди. Фақат бугун қирқида кўринмади. Ўрганиб қолган экан. Зимдан у ёқ-бу ёқни қидирди. Кўринмади. Шомгача кутди. Келмади. Бирон кор-ҳол бўлдимикин?.. Хаёлига келган ўйдан алланечук бўлиб кетди. Нега бунчалик қайғурмаса. Эгаси боғлаб қўйгандир-да. Қаровсиз бўлмаса керак ҳойнаҳой. Бироз тинчланди. Жон куйдиришга арзимайди. Ахир бир жонивор бўлса.
…Одам ўтгандан кейин маросимлари жуда кўп бўларкан. Олдинлари аҳамият бермаганмиди, аранг қирқигача чидади. Эртага кетади.
Бугун кечки йўлга чиқмоқчи эди:
–    Қирқига чидадинг, қирқ бирига ҳам чида! – дейишди аммалари.
Яна эллик иккисиям яқин. Бу маросимга болалари билан қайтиб келади. Эллик иккинчи кун майитнинг товони ёриларкан. Унга шундай дейишди. Бу осон бўлиши учун арвоҳга йўқлов керак. Пахтадан пилик ясалади. Сўнг мойга ботириб олиб, чироқ ёқишади. Ёнига беҳи новдаларидан қўйилади. Арвоҳ келиб унга ўтиради ва пилик шуъласида ўйноқлаб, хурсанд бўлади. Одамнинг руҳи шундай йўқланади. Ҳар тугул шунақа-да!.. Тирик вақтларида йўқлашга вақт тополмайсан. Ҳолидан хабар олишга эринасан. Дунёнинг ишлари, бола-чақа  дейсан, яна ошна-оғайни… Лекин бу удумларни ўтказиш шарт. Бир тарафдан тўғри. Шундай қилинмаса, эсдан чиқариб юборилиши аниқ. Ўлдинг – ўчдинг!

* * *

Оғасиям, инисиям ҳамон дакки беришдан чарчашмасди. У бўлса жониворни қидиришдан. Қаёқда қолдийкин. Ростданам кўникиб қопти шекилли. Ўтган кунлар давомида буни сезмабдиям. Майли тирик бўлса келар…
Кечки овқатга ҳаммалари жам бўлишди. Худди болалик чоғларидагидек. Акаси, укаси, синглиси, ўзи, онаси… Фақат қаторда отаси йўқ, холос. Шу ҳол унга озор берарди. Юрагининг бир четини нимадир пастга қараб тортқилайди. Бир кам дунё-да. Ўзича тасалли излайди. Йўқ. Ичидаги кемтикни ёпадиган ҳеч нарса йўқ, тополмайди. Ўтган ўтиб кетди. Йиғи-сиғи фойдасиз. Ҳеч кимни ортга қайтариб бўлмайди. Хоҳ кўзёшлар дарё бўлиб оқсин. Барибир… Валломатларининг ҳам бунга қурби етмайди. Фақат Яратгандан бошқа. Бироқ Тангри таоло буни истамайди. Ҳаёт қонунларини ўзгартирмайди. Бу тошга ўйилган битик. Тақдири азал дейди буни.
…Томоғидан таом зўрға ўтяпти. Аммо ейиш керак. Эрталабдан бери туз тотмади. Лекин қандоқ?.. Мажбурлаб, фақат мажбурлаб ютарди ҳар бир луқмани. Худди шундай. Бунча тансиқ бўлмаса бу таом. Шу бўлса керак-да унинг ризқи, туз-насибаси. Ҳали у учун ҳаёт олдинда. Базўр бўлса ҳам томоғидан ош-овқат ўтяптими, демак ейиш керак. Ҳа-ҳа! Яшаш учун ейди.
Унга нима бўлди. Бугун ҳатто йиғламадиям. Одамнинг бардоши метин бўларкан. Чидаркан. Ҳамма нарсага кўникаркан-да. Бироқ барисини чегараси бор.
Қаҳри қанчалик қаттиқ бўлмасин, отасининг ўрни билина бошлади. Ўзини танҳо сезяпти. Эсида, чайлада кутиб ўтиришни сўраганда қирга кетиб қолгани. Ўшанда отаси ярим кун қидирган. Қаттиқ шамол бўлганди. Тулкилар инидан чиқиб, изғий бошлаган. Тўқ қизил жониворни шунда яқиндан кўрганди. Ёнгинасидан чопиб ўтган. Юраги ёрилаёзганди. Отасини узоқдан таниган. Елкасига пиджагини ташлаб юрарди. Қучоқ очиб, чопиб борувди олдига. Аввалига қаттиқ уришди. Ерга қараб милт-милт кўзёш тўкканди. Сўнг иккаловлари туяни ўркачига ўхшаш адирликнинг илонизи йўлидан анчагача индамай юриб боришган. Отаси чидаёлмай, маҳкам бағрига босиб эркалаганди. Бошидан чақаларни айлантириб, ерга сочганди.
–    Бундан кейин қулоқсизлик қилмагин, – деб пичирловди.
Эркалашларини соғиняпти. Меҳрини қўмсаяпти. Наҳот ўзини дунёга келтирган зот йўқ энди. У ёлғиз… Жигарларичи, оға-иниларичи?!.. Уларга бир-бир зимдан разм солди. Овқат ейишяпти. Ҳаммалари очиққан. Билмади. Унга шундай туюляпти.
Онаси:
–    Ол! – деб овқатга ундади.
Унинг бўлса иштаҳаси йўқ. Бир қошиқ овқатни у лунжидан бу лунжига олиб узоқ чайнаб ўтирарди. Яқинлари қатори мажбур еди. Кўнгли хира тортганди. Ҳеч ёришмасди. Қандаям ёришсин.
Ҳаммалари овқатланиб бўлиб, қўлларини сочиққа артишди. Онаси дуо қилди. Яратгандан оиласига хотиржамлик сўради. Кейин:
–    Энди уй-уйларингга боринглар! Қирқ кун аза тутдинглар. Етар. Эшик-элга ҳам қаранглар! – деди вазмин овозида, ўзи истамаса ҳам.
Бироздан кейин қўни-қўшниларни чақиртирди. Улардан битта-битта ҳамроҳ қилиб ҳаммаларини кузатди. Таомил шундай-да. Онаси ҳам толиққанди. Ҳар кунги маросимлар чарчатган кўринади, туришга ҳам мажол тополмади. Ҳамма кетди. Фақат у қолди.

* * *

Узоқнинг иши қийин-да.
Унга ҳеч ким ҳамроҳлик қилолмайди. Эрта бўлса ўзи кетади. Якка-ёлғиз. Ҳамроҳсиз. Дара, довон ошиб… Тонг саҳар йўлга чиқади. Ишқилиб шу тунни тинч ўтказиб олса бўлгани. Юраги ғаш.
Онаси билан ёлғиз қолишди. Гаплашишга ҳоллари йўқ эди. Фақат бир-бирларига термулиб ўтиришарди. Анчадан кейин акаси билан укаси қайтиб келишди.
–    Укам кетмай гаплашволсак дегандим, – деди онасига акаси.
У ҳайрон бўлди. Даккилардан қулоқлари энди тинганди. Онаси ҳам «Нима бўлди?» дегандек киприк қоқди. У елка қисиб, индамай ўтираверди.
–    Боғни сотмоқчимиз, – деди укаси ҳам.
Онаси бир қалқиб тушди.     
У ҳам буни кутмаганди. Қулоқларига ишонмади. Тўғри эшитдими ўзи?!.. Қулоқлари остида укасининг гапи шанғиллай бошлади. Сотишмоқчими?.. Ота боғни-я. Етимқирда катта боғлари бор эди. Отаси парваришларди. Ростданам қондошлари шу ишни қилишадими?!
–    Нима учун? – қатъий овозда сўради онаси.
–    Ким қарайди бўлмасам? – саволга савол билан жавоб берди акаси.
–    Сс… сизлар-чи?! Ахир, отанг…
У ёғини айтолмади онаси. Қирқ кун эзғиланган юракка бу гаплар оғир эди. «Нима бу, синовми ё чолининг бу дунёда чала қолган ишларими?! Фарзандлари охирига етказиб қўймоқчидир балки. Оталарининг сўнгги тилаги шудир-да», ўйларди муштипар она.
Ҳаммаси қоронғи ва мавҳум. Тушунмаяптими ёки тушунишни хоҳламаяптими?.. Шундай бўлиш керакдир. Онаси ростданам толиққанга ўхшайди. Нажот билан унга термулди. У ҳамон жим ўтирарди. Нимаям дерди. Қарор айтилди-ку.
–    Боғ отамдан мерос. Ҳаммамизга асқотади ҳали, – деди анчадан сўнг аранг акаси билан укасига қараб.
–    Кўчиб кел унда! – кескин жавоб қилди акаси.
У яна жимиб қолди.
Гапга онаси аралашди.
–    Катта боққа отангни меҳнати сингган. Ҳеч бўлмасам йили ўтсин, – деди чорасиз алфозда.
–    Унгача ҳамма дарахтлар қуриб битади, – деди укаси кескин, гапни чўрт кесиб. – Менинг… қарашга вақтим йўқ.
–    Мениям ишим бошимдан ошиб-тошиб ётибди, – қўшилди акаси. – Сен келиб қаролмасанг керак?
Бу аниқ эди. Оға-инисининг режаси пухта. Қаршилик қилишнинг иложи йўқ. Бир томондан улар ҳақ. Боққа қаров керак. Парвариш қилинмаса дарахтлар қурийди. Уволи бор. Ҳеч кимга керакмас бу. Ҳозир битта гап ҳам ортиқча. Сўнгги сўзни онаси айтади. Лекин жим. Нимаям десин бечора онаси. Бошига тушган дардни эндигина унута бошлаган эди. Орадан ҳеч қанча ўтмай яна бу ғавғо.
Онаси ўрнидан қўзғалди. Секин юриб, ичкари уйга кириб кетди. Чироқни ёқиб дераза ёнига ўтириб олди. Ўғиллари ортидан тикилиб турарди. Онаси қўлига тасбеҳ олиб, бирма-бир ўгира бошлади. Акаси билан укаси ўрнидан даст туриб, чиқиб кетишди. Сукутни розилик аломати, деб билишди. Ўзи ҳам шундай эди. На илож. Уларни йўлдан қайтаришга ҳеч кимда куч ҳам, истак ҳам йўқ эди. Шу аснода ўтирган ўрнида кўзи илинди. Анча мизғибди. Бироз дам олгандек бўлди. Ташқаридаги ғала-ғовурдан чўчиб уйғонди. Вақт ҳам алламаҳал. Тун ярим бўлишига қарамай онаси ҳануз тасбеҳ ўгириб, бир нималарни пичирлаб ўтирарди. Айвондан ҳовлига қаради. Ишком тагидаги сўрида акаси билан укаси, яна аллакимлардир бир-бирлари билан баҳслашишарди. Ҳойнаҳой боғ савдосига ўхшайди. Уйқусираган кўйи жим кузатиб турди. Онасининг нигоҳлари ҳам икки дераза оша уларга қадалганди. Борган сари кўзларидан реза-реза ёш сизарди. У онасининг олдига кирди. Ёнига тиз чўкиб маҳкам қучди. Қўлларини юзларига босди. Болаларча суйкалиб ёлворишга тушди.
–    Хўп десангиз сизни ўзим билан олиб кетаман, – деди.
Онаси лом-мим демади. Кўрпасининг қатларини тимирскилаб, қинли пичоқни олиб унга узатди.
–    Шуни отангдан ёдгорлик деб бил, доим ёнида олиб юрарди. Йигит кишининг кўрки, ҳамиша ҳамроҳ, дерди!
Бироздан сўнг:
– Сенга бошқа ҳеч нима беролмайман, – деб қўшимча қилиб қўйди айбдордек ерга боқиб.
Нима керак яна. Шунинг ўзи кифоя-ку!..
–    Кулала-кулала! Мени ўғлим кула-а-лаа…а! – отасининг овози эшитилгандек бўлди қулоқлари остида. Укасининг тўйи куни кўрпага шундай ётқизишганди. Отаси чалғитишга улгурмасданоқ уста ишини бажариб бўлганди. Укаси чинқириб йиғлаб юборувди. Ҳаммалари бирин-кетин олдига киришганди юпатишга. Сўнг амма-холалари ширинликлар сочишувди. Ур – тўполон қилиб териб олишган ўртоқлари билан. Отаси бўлса, укасига тухум билан мана шу пичоғини тутқазганди. Одат шунақа шекилли. Йигит бўлганига ишора бўлса керак-да.
Пичоқни қинидан суғириб бироз томоша қилди. Худди ўзи. Отасининг пичоғи. Безаклари кўзни қамаштиради. Болалик чоғларида шунга ҳавас қиларди. «Ҳай-ҳай, тиғи ўткир-а. Қўлингни кесволасан», деганди бир кун боғларидан катта бир олмани узиб, арчимоқчи бўлиб қўлга олганда отаси. Бахтиёр дамлар эди… Пичоқни сопига тикилиб анча турди. Сўнг қинига тиқиб, чўнтагига солиб қўйди.
Бироздан кейин:
–    Бирга кетақолинг, илтимос. Невараларингиз ҳам хурсанд бўлади, – деди яна онасига суйканиб.
Онаси индамади. Пинагини ҳам бузмади. Нигоҳини ташқарига қадаб, жим ўтирарди.
–    Отангни чироғини ким ёқади мен кетсам!? – деди бирпасдан кейин ғамгин товушда.
–    Акам, қолаверса укам бор-у, – деди у беихтиёр.
Онаси бошини сарак-сарак қилди. Тасбеҳнинг тез-тез шиққиллаган овози эшитила бошлади.
–    Йўқ, – деди онаси қатъий. Яна нималардир демоқчи бўлиб оғиз жуфтлади-ю, аммо айтолмади. Бу пайт ташқаридаги ғала-ғовур тинди.
–    Ҳаммаларинг ҳам мени болаларимсан. Ўла ўлгунимча шундай бўлиб қолади. Барингизниям яхши кўраман. Шундан бошқа нарса қўлимдан келмайди, болам.
Онасининг овозида титроқ бор эди. Лунжлари пастга осилиб, ўзини тутолмай қолди. Кўзёшлари томчилаб, пиққиллаб йиғлаб юборди. У ғазабдан қўлларини мушт қилди. Шу топда нима қилишини билмасди. Бу дунёнинг барча азобларидан халос бўлишни истади. Аммо бунга журъат қаёқда. Ақлу ҳуши ўзида эмасди. Важоҳат билан ташқарига отилди. Сўрида ҳеч кимса кўринмасди. Қийиқча устида бир даста пул сочилиб ётарди. Бу унинг улуши эди. Шу чоқда одам зотининг барчасидан нафратланиб кетди. Кулишини ҳам, йиғлашини ҳам билмади. Яна ичкарига қаради. Онаси кўзларида ёш ташқарига тикилиб ўтирарди. У кўчага чиқди. Гарангсиб анча юрди. Қаёққа борарини билмасди. Йўл отасининг боғи сари етаклади.
Ҳаммаёқ зим-зиё. Бирон шарпа кўринмасди. Хаёлида ёлғиз қолган онаси.
–    Оҳ онам-а. Мени муштипар онажоним-а. Дунёга келтириб, ювиб-тараб, вояга етказган меҳрибоним онам-а, – деярди пичирлаб.
Дарахтларнинг шитир-шитиридан боққа келиб қолганини англади. Барглар шабадада шивирларди. Қулоғига ёқимли эшитилди. У боғ ўртасидаги катта ўрик дарахти тагига бориб чўккалади. Танасини қучиб, бир-икки бошини урди ва:
–    О, Етимқир! -деди маҳзун.
Шу зарб билан тепадан беш олтита оқ ўриклар оёқлари остига потирлаб тушди. Биттасини олиб оғзига солди. Тоза етилибди. Отасига раҳмат айтди. Яна бирини олиб еди. Танасига қувват кирганга ўхшади. Бироз дадиллашди. Таскин топгандек бўлди. Шу пайт оёқларнинг дупур-дупур товушидан чўчиб тушди. Одамникига ўхшамасди. Ортига қараса тунов кунги ит. Ўзи томон чопиб келяпти. Қувониб кетди. Тирик экан. Думини ликиллатиб олдига келди. Баҳайбат бу маҳлуқ, худди қадрдонлардек оёқларига суйкалди. Шундагина тушунди унинг бегона эмаслигини. Ҳа-ҳа. У отасининг ҳамроҳи, боғнинг қўрувчиси… Бу аниқ. У итни бўйнидан маҳкам қучоқлаб олди. Шу тахлит анча турди. Ит қимир этмади. Қаршилик ҳам қилмади. У қоронғу тунда ўзига ҳамроҳ топилганидан хурсанд бўлди. Юнгларидан силаб эркалади. Икков боғ айланишди. Сўнг чайлага борди. Устунда осиғлиқ турган халтадан бир бўлак қуритилган гўштни олиб итга ташлади. Анчадан бери овқат емагани кўриниб турарди. Озиб-тўзиб кетганди. У ҳам бир ямлашда ҳаммасини паққос тушириб, яна умидвор қаради. Халтадаги бари гўштни итнинг ёнига отди.
Шу пайт чайлага нуроний, оппоқ соқоллари селкиллаб, ўзига ярашиб турган саксон ёшлар чамасидаги мўйсафид кириб келди. Ит билан бўлиб сезмабдиям.
–    Хуш келибсан ўғлим, – деди ёшига хос вазминлик билан.
–    Хушвақт бўлинг, – деди у ҳам.
–    Қайтяпсанми?.. – сўради яна худди эски танишлардек.
–    …
–    Мен қўшни боғданман. Отанг билан қадрдон эдик. Мана бу ҳужжатларни олиб қўй. Боғники. Отанг раҳматли қачонлардир боғ сотилса харидор бўлишни тайинлаганди. Кайвони одам эди раҳматли. Аввалдан билган чоғи. Мен дўстим айтгандай қилдим. Асли пуллар ҳам отангники. Боғдан бўлса хавотир олма. Мен кунда шу ердаман. Қаровсиз қолмас.
У ҳижолат бўлиб ўрнидан қўзғалди. Қўлидаги қоғозларга узоқ термулди. Ёзувларга кўз югуртирди. Бошини кўтарганда мўйсафид йўқ эди. Нима бўлганига тушунолмади. Тушмасмикин деб юзини чимчилаб кўрди. Ким эди бу?.. Худди ҳазрати Хизрбувага ўхшайди-я. Боғни сотиб олиб ўзларига қайтаргани учун отасига яна раҳмат айтди. Отасининг тадбиридан кўнгли қуёшдек ёришиб кетди.
Тонг шамоли эса бошлади. Дарахтлар бир хилда чайқаларди. Узоқдан шафақ кўринди. У ташқарига чиқди. Кетмоқчи бўлди. Ит билан хайрлашиб йўлга тушди. Жонивор жилғагача ортидан эргашиб борди. Фақат адирликка чиқа бошлаганда тўхтаб қолди. Қаёқдандир кучли шамол кўтарилди. Жилғадаги чархпалак ғийқиллаб ҳаракатга келди. Шундагина билди боққа сув чиқмаётганини. Бирданига ҳаммаёқни чанг-тўзон қоплади. Ит вовиллаб у ёқдан – бу ёққа чопа бошлади. Гўёки жилға у учун чегарадек эди. Етимқирда боғ ястаниб ётарди. Бепоён адирликлар алланечук гўзал бўлиб кўринди кўзига. Тепаликка етиб пастга эниб бошлаганда итнинг узун-узун улиши эшитилди…
Ув-вв…
Ҳамма нарса ортда қолганди. Уй, қишлоқ, қир-адир, ит ва яна дераза ортидан ёлғиз мўлтиллаб термулиб турган онаизори, оппоқ соқолли мўйсафид… бари бариси хотиралар тубига чўкаётганди.

2013 йил.