Бахтиёр Нуриддинов. Тушунтириш хати (ҳажвия)

–    Ҳеч қандай айбим йўқ, ўртоқ бошлиқ. Умрим бўйи чумолига зиғирча озор берган бўлсам ўлай агар. Унинг ўзи мени шунга мажбур қилди.
–    Ёзинг деди, – терговчи буйруқ билан, дағдағали оҳангда.
–    Нимани?.. – таажжубланиб сўради у.
–    Бор гапни. Бўлиб ўтган воқеаларни ҳаммасини.
–    Майли, майли ёзаман. Бироқ… Аввал мени эшитинг!
–    Вақт йўқ. Мана, сизга қоғоз-қалам. Яна саволлар борми?
У индамади. Ёзинг деяпти-ку! Яна нима керак. Гапириб бошни қотиргандан кўра, барисини ёзиб тушунтирган яхшироқ. Бу ёғи расмиятчилик…
Э-э, ҳаммасини ёзгани бўлсин. Ҳеч нарсани қолдирмайди. Бир бошдан, оқизмай-томизмай ёзади. Хўш, нимадан бошласин?.. Жамоадаги обрў-эътибориданмикин, ё ўзининг тенги йўқ мутахассис эканлигиданмикин? Хуллас, гап бундоқ!
“Меҳнат таътилидан ишга қайтсам, бўлимга янги бошлиқ келибди. Узун бўйли, қирра бурун, сочларини калта қилиб олдириб юрадиган олифтанамо ёш йигит. Юриш-туриши ҳам киборларча. Қадамини ҳам эриниброқ босади. Мен унинг янги бошлиқлигини қайдан билай, ахир. Тушимга кирибдими?.. Хонада бирга ўтирадиган ўзимизнинг Илғор укамиз, деб ўйлабман-да. Орқасидан қарасангиз қуйиб қўйгандек ўхшайди. Кира солиб (тескари қараб турган экан), қулоғига шунақанги чертибман-ки (бу бизнинг ҳар кунги ҳазилимиз эди), эркак кишиниям эти шунчалик нозик бўладими, қизариб кетди:
–    Кимсиз? – деди.
–    Арслон, – дедим узрнамо.
–    Таътилдан қайтдингизми? – деди яна.
–    Ҳмм…
–    Доим шунақа саломлашасизми?..
–    Кечирасиз! Сизни…
–    Майли. Шошаётгандим, кейинроқ гаплашамиз, – деди-ю чиқиб кетди.
Гуноҳим нима? Танимасни сийламас-да! Бир қарашда анчайин ҳаётни кўрган, жиддий одамга ўхшайди-ю, бироқ сўзларидан бир маъни уқмайсиз. Нима деяётганлигини азбаройи худо, суҳбатдоши тугул ўзи ҳам тушунмаса керак. Бир куни тилшуносликдан сабоқ бошлаб қолса бўладими. У тинимсиз гапирар, мен эса зўрға ўзимни ушлаб, жимгина ўтирардим.
– Мана масалан, – деди у кўрсаткич бармоғи билан тепага ишора қилиб. – Тилнинг ижтимоий ҳодиса эканлиги нимада? Албатта, тилнинг бойлигида. Тил ниманинг ҳисобига ривожланди? Албатта, янги сўзлар ҳисобига. Демак, сиз билан биз тилнинг юксалишига ҳисса қўшишимиз керак. Тўғрими?..
– Тўғри, – дедим ўртамиздаги гурунгдан оғзим ланг очилиб. Афтидан тайёр матнни ўқиб бераётганга ўхшади. Саволларига ўзи жавоб берарди. Ахир, у –  бошлиқ! Қўшилмасдан бўладими. Умуман, гаплари тўғри. Тилни бойитиб бориш эса, бошқа масала. Мен хаёл суриб бошлиққа эътибор бермабман. У киши қоғоз қоралаётган экан. Қараб турсам бир сўзни ёзишда анча қийналяпти. Охири бўлмади шекилли, бошини кўтариб:
– Қани айтинг-чи, “сўнгги”да нечта “г” бўлади?.. – деди.
Ажабо! Унга худди шаҳарнинг қоқ ўртасида гавжум жойда бўри кўргандек ҳайрон тикилдим. У ҳам менга шундай қаради. Кўзларимиз бир нуқтада тўқнашди.
– Билмайсизми?.. – деди аста.
– Биламан, – дедим бироз каловланиб.
– Нечта? – яна сўради.
– Учта, – дедим шумлик билан. Бироз жаҳлим чиққан бўлса ҳам билдирмадим.
– Тўппа тўғри, – деди у ёзганига ишора қилиб.
– Аввал нечта бўлган?
– Иккита.
– Мана кўрдингизми. Аввал тилнинг эски грамматикаси бўйича иккита “г” қўлланган бўлса, биз бугун янгичасига учта қўллаяпмиз, шундайми?
– Шундай.
Тўғриси, суҳбатнинг охири қандай бўлиши менга қизиқ туюлди. Эскиларнинг: “Оғзи қийшиқ бўлса ҳам бой гапирсин”, дегани эсга тушиб, уни қўллаб-қувватлаб туришга қарор қилдим. Эътибор берсам, бояги сўзни ҳақиқатдан ҳам мен айтгандек ёзди. Индамадим. Бошлиққа бир нима деб бўладими?.. Бироздан сўнг:
– Яна ходимларимиз қайси сўзларни қўллашда қийналади, биласизми?.. – деб қолди.
– Йўқ, – дедим қизиқсинаб.
– Кўп ходимларимиз “х” билан “ҳ”нинг фарқига етишмайди. Шунинг учун улар бераётган ҳужжатларнинг аксариятида хато учрайди. Асли икки ҳарфнинг ўртасида “дум” бор, холос.
– Шубҳасиз, – дедим унинг қиёфасига қараб. У номаълум оролга тушиб қолган Робинзонга ўхшарди. Мени эса, Жумавой деб тасаввур қилаётган бўлса ажабмас. Ҳа айтгандай, шундай бўлиши табиий. Негаки бошлиқ билан танишувимиз жумадан бошланганди. У қоғозни тўлдириб хонадан чиқиб кетди. Ҳалиги мен бошлиққа адаштирган укамиз Илғорбек суҳбатимизни эшитиб турган экан, пиқиллаб кулиб юборди. Елка қисдим… Анчадан кейин бошлиқ:
– Ғирт чаласавод экансиз-ку! – деб жаҳл билан кириб келди. Тап этгизиб қўлидагиларни столга ташлади. Бу гапни кимга айтди англамадик. Кейин билсам, у иш юзасидан катта бошлиққа хат-ҳужжат ёзган экан. Қаёқдан билибман. Катта бошлиқнинг феъли таранг. Олиб кирган хат-ҳужжатини ўқиб чиқиб юзига отибди…
Қулоғига чертганим ҳолва экан, катта бошлиқ унинг кўзи остига қизил чизиқ тортибди…
Алқисса, у каминани ёмон кўриб қолди. Турсам ўпоқ, ўтирсам сўпоқ қиладиган бўлди. Айбим нима?.. Бошлиққа мана бундай ёзасиз, деб ўргатмайман-ку! Ҳа-а, бу кунлар ҳам ўтар-кетар. Сўкиш эшитиб қолмай, деб ишга вақтли келаман. Бирон баҳона қолдирмай дейман-да, яна.
Бир куни ишхонада фаррош аёл мени кутиб турган экан. Қўлида иккита елим халта. Нима қилай, деб сўради. Чиқиндилар қутисига обориб ташлашини айтдим. Фаррошда ҳам айб йўқ. Мен икки йилда бир пойабзал олиб киядиган одам, янги бошлиқни бир кунда уч хил оёқ кийимда юришини қаёқдан билибман: каттаконлар қабулига бошқа, мажлисларга бошқа…
Иш билан ташқарига чиққандим. Бир маҳал… хонада жанжал. Бошлиқнинг овози эшитиляпти. Кирайми-кирмайми, деб кутдим. У ичкарида нимадир қидиряпти. Дағдаға билан мулла Илғор укамиздан сўрайди, билиб турибман у шубҳасиз елка қисяпти. Шартта ичкарига кирдим. Менга кўзи тушиб сал тинчланди:
– Шу ерда елим халтачаларда пойабзалларим турувди, кўрмадингизми? – деди мулойимлик билан. Фаррош чиқиндилар қутисига обориб ташлаганини айтдим. Сўнг, ўзим рухсат берганлигимни қўшиб қўйдим. Фиғони фалакка чиқди…
–    Ҳали яп-янгийди-я! – деб ташқарига отилди.
Қаёқдан билибман, ўртоқ бошлиқ! Кўнглимда заррача ғараз бўлса тилим танглайимга ёпишсин. Азбаройи билганим йўқ. Агар елим халтачалардаги “яп-янги” пойабзаллигидан хабардор бўлганимда фаррош аёлга чанг-чунгини артиб яна жойига қўйишини тайинлардим. Билмаганим айбимми?!..
Шу денг, фаррош аёл ҳам анча фаросатли экан. Елим халталарни чиқиндилар қутиси ичига ташламай, ёнига қўйибди. Фақат бетартиб  одамлар ҳам бор-да, сабзавотларнинг ачиган чиқити тўкилибди, холос. Бошлиқ ҳурсанд. Озгина у ёқ – бу ёғини артиб, дераза рахига қуритгани офтобга қўйди.
Шунда билдим бошлиқнинг ёлғончилигини. Пойабзалларини “яп-янги” девди-ку. Унақамас шекилли. Хонани бироз қўланса ис босди. Ўткирмас-у, ҳар қалай димоққа урди. Чидадик. Ахир, бошлиқники! Дастрўмолимни бурнимга босдим. Шу пайт алам билан:
–    Ҳайвон, – деган хитоб эшитилди. Қарасам, бошлиқ тепамда серрайиб турибди. Биринчи кундагидек кимга айтганини Илғорбек билан яна англай олмай қолдик.
–    Арслон, – дедим юмшоқлик билан бошлиқ отимни ёдидан чиқарган бўлса керак деб ўйлаб.
–    Ҳайвон!! – деди такрор ўшқириб. Билдимки, мени сўкяпти. Ўзингиз айтингчи, ўртоқ бошлиқ, сизнингча шунда нима қилишим керак эди?..
Ўрнимдан тураётиб қўлим қай алфозда жағига борганини билмай қолдим. Беихтиёр юз берди ҳаммаси. Ахир одамман. Ҳар қандай сўкишга чидаб туролмайман. Отим Арслон, холос. Шифокорларга ҳам ҳайронман. Дарров ишни сизгача чиқаришибди. Ҳаммаси тасодиф эканлигини билишмаган бўлса керак-да, ўртоқ бошлиқ. Бор гап мана шу. Йил. Сана. Имзо”.
Терговчи тушунтириш хатини ўқиб мийиғида кулди. Кўзойнак тагидан унга анча синчков тикилиб:
–    Ҳаммасини ёздингизми? Ҳеч нарса эсиздан чиқмадими? – деди.
–    Йўқ ўртоқ бошлиқ. Бари шу. Ўзимдан “қўшмадим”.
–    Майли сизга рухсат. Манави қоғозни олинг.
У қулоқларига ишонмади.
–    Қамамайсиз-ми? – деди ҳайрон.
–    Йўқ! – деди терговчи уни ташқарига кузата туриб. – Сиз қўлингизга эҳтиёт бўлинг, у йўлига!.. Келишиб кетасизлар ҳали. Бир жойда ишлайдиган одамлар…
У терговчини гапи тугамаёқ, фикридан қайтиб қолмасин тағин, деган ўйда тура солиб шошганча чиқиб кетди. Терговчи ҳайрон бўлиб ортидан:
–    Қўлингиздаги қоғозни қоровулга бериб кетинг! – деб бақириб қолди.
Албатта. Қоровулга қоғозни бериб кетади. Ҳатто терговчининг жудаям яхши, олийжаноб инсон эканлигини ҳам айтади.

2013 йил.