Уят бўлса ҳам очиғини айтай: севиб қолдим.
Аввалига ўзим ҳам ичимни жунбушга келтирган туғённи бепарвогина, оғзимни очиб ухлаб ётганимда кириб олган бешиктебратар бўлса керак, деб иккиланиб юргандим. Йўқ. Унақа эмас экан. Уни бошида ўзим ҳам танимаганимдан афсусдаман. Бу нақ севгининг ўзи эди. Мен уни навқирон йигирма ёшимда учратдим.
Такрор айтаман: севиб қо-о-лдим!..
Биз олдин дўстлашдик. Бу осон бўлмади, албатта. Оз мунча машаққат чекмадим. Э-э, асти сўраманг. Ундан кўра янтоқзорда думаласам, бунча азоб чекмаган бўлардим. У маҳвашни биринчи бор кўрганимда нимадир ичимда “шув” этиб кетди. Оғзимдан бир нарса отилмоқчи эди, томоғимга тиқилди. Юрагим қинидан чиқиб, халқумимга келган чоғи.
Хуллас, муҳаббат кўчасидан ўтиш мана шундай азобу уқубатдан бошланган. Энди мен уни тушунаман, у мени. Ҳали гаплашиб улгурмаган бўлсак ҳам, кўз қарашларидан буни аниқ биламан. Негаки у ҳамиша мулойим жилмаяди. Шунақа пайт мен ҳам атрофга уялинқираб қараб, кулиб қўяман. Уни ҳар куни ишга келаётиб йўлда – кўчанинг нариги, сўл тарафида узоқдан қарши оламан. Ўзим доим ўнгдан бораман. Яқинлашишга юрак дов бермайди. Ҳар тун турли режалар тузаман. Хаёлан изҳори дил қилиб чиқаман. Эртасига уни кўрганда бўлса… режаларимнинг ҳеч бири тўғри келмайди. Хаёл бошқа, ҳаёт бошқа деганлари шу бўлса керак-да.
Бугун дардимни унга айтишга қатъий қарор қилдим. Нима бўлса бўлар. Шарт унинг йўлини тўсдим. Ҳаммаси ўзим ўйлаганимдек юз берди. Журъат қилиб эндигина оғиз жуфтлаганимни биламан, кўзимдан ўт чақнади. Юзимга шунақанги тарсаки тушдики, сиз сўраманг, мен айтмай қўяқолай. Бунақа калтакни умрим бино бўлиб еб кўрмагандим.
Қизболани қўлиям шунақа қаттиқ бўладими?..
Тўғриси бу менга ёқимли туюлди ҳам. Барибир уч кун дуч келиб қолмаслик учун яшириниб, пана-пастқам жойлардан ишга қатнаб юрдим. Тўртинчи кун деганда чидолмадим. Юрак қурғур қўймади. Яна безовта бўла бошлади. Кўргим келди. Ҳеч нарса бўлмагандек рўпарама-рўпара ишга боравердим. Зимдан кўз қири билан бир-биримизни кузатардик, холос. Шунисига ҳам шукр. Асосийси ўзимга ишонч бор. Бир кун келиб унинг ғурури қалбим тафтига дош беролмай, муздек эриши аниқ. Шундай бўлишини жуда-жуда истардим.
Кун сайин ўтли нигоҳ ташлашларимга кўникиб қолди. Мен ҳам унинг ўғринча қарашларига ўргандим. Шу тахлит ойларни ўтказдик. Сўппайиб юравераманми, деган ўй калламни ҳар куни чирпирак қиларди. Ичимда ғалаён бошланди. Манзилини билиб, қариндош-уруғларини суриштириш пайига тушдим. Ишдан қайтар маҳалим битта-битта ёмғир томчилай бошлади. Бош кийимимни бостириб, орқасидан эргашиб боравердим. Анча юрдик. Ниҳоят тўғри йўл тугаб, муюлишга етганда кўздан қочди. Пайқаган бўлса керак-да. Қадамимни тезлатдим. Ўнгга бурилишда уч кўча, уч уй турарди. Бунақасини тушимда ҳам кўрмагандим. Қайси тарафга кетганини билиш қийин эди. Энди қайтмоқчи бўлганимда ўртадаги кўча бошида жойлашган уйнинг болохонаси чироғи ёнди. Қарасам у. Дераза пардасини бир очиб ёпди. Ҳойнаҳой кўрди-ёв. Шу ўйда болохонага тикилиб туравердим. Ёмғир тезлашгандан тезлашди. Ҳаммёғим шалаббо бўлди. Ва ниҳоят деразадан яна чироқ шуъла таратди. Энди у пардани очиб тилини чиқаргандек бўлди. Қайдам. Менга шундай туюлди. Этим жунжикиб кетди. Совуқданми, ё ҳаяжонланганимданми, тушунмадим. Туриб-туриб зерикдим. Энди қайтмоқчи бўлганимда, дарвоза эшиги ғийқиллаб очилди.
Не кўз билан кўрайки, у тўғри мен тарафга келарди. Нима қиларимни билмай қолдим. Шу алфозда қочворсаммикин, деган ўй бўғзимдан хиппа бўғди. Кўзларимни маҳкам юмиб олдим. Зора менга парво қилмай ёнимдан ўтиб кетса. Ундай бўлмади. Кўзларимни очганда қаршимда жилмайиб, соябон кўтариб турарди. Даҳшат юз берди. Юрагим пуфакдек ёрилиб кетишига сал қолди.
У бамисоли гўзаллик маъбуди эди. Кўзимга шундай кўринди-да.
– Ивиб кетманг, – деди қўнғироқ овозда ва соябонини узатди.
Лом-мим деёлмадим. Тилим танглайимга ёпишиб қолди, шекилли, соябонга қандай қўл узатганимниям билмадим.
– Қорнимам очди, – дедим талмовсираб. Қиз киноя билан, лекин жудаям чиройли табассум қилди. Кета туриб:
– Ош бўлсин, – деди қўлимга ишора қилиб. Тушунмадим. Нима демоқчи. “Бармоғингни тишла”, деганими бу?!.. Ортидан қовоғим осилди. Ҳафсалам пир бўлиб, ўпкаламоқчи эдим, кафтларимни нимадир куйдира бошлади. Хаёл билан сезмабманам. Қиз тушмагур соябон билан бирга қоғозга ўралган иккита қайноқ варақи сомса ҳам тутқазган экан. Хурсанд бўлиб кетдим. Йўл-йўлакай совимасидан паққос туширдим. Кўнглим жойига тушиб, уйга қайтдим.
Эртасига эраталабдан йўл ёқасида уни пойладим. Узоқдан қораси кўринганда секин юришга тушдим. Гўё ўзимни кўрмаганликка солдим. Ортимдан етиб келди. Худди билмагандек кетавердим. Ўзи гапиришини кутдим. Ишхонагача шундай келдик. Ҳеч нарса демади. Галварслигимни англаганимда эса у ичкарига кириб борарди.
– Кечаги учун раҳмат. Мазали экан, – дедим ортидан бақириб.
У мулойим жилмайди.
Шу кўйи кунлар бирини бири қувиб ўтаверди. Индамасдан икковимиз ишга келамиз. Одатдагидек қайтамиз. Орада яна бир уйига кузатиб бордим. Бу сафар еганим иссиққина гулхоним бўлди, холос. Ҳалигадовур отини билмайман. Ҳамон сўрашга ийманаман. Негаки, уни… Аммо буни айтолмайман. Кўнглига озор етказмай, дейман. Авайлайман. Ўзимга ўзим савол бераман: Қачонгача?.. Яна бир куни шашт қилдим. Ҳовлимиз этагида – дарахт учида қип-қизариб пишиб етилган, чулдирвоқи укаларимдан омон қолган бир донагина олмани эрта тонгда узиб тушдим. Йиқилишимга оз қолди. Ёмон бўлардим-да. Уни ўйладим. Қанийди машаққат чекканимни билса. Олиб бориб унга узатдим. Юзи олмадек қизариб кетди. Ийманиб бўлса ҳам олди. Демак у ҳам… майли айтмай қўя қолай. Буни ўзим биламан. Ҳеч бўлмаса исмини сўрай. Аммо у югургилаб қочиб қолди.
– Отинг нима? – дедим аранг ортидан сенсираб. Овозим чиқмаганга ўхшади. Эшитмади, деб ўйладим. Жим кузатиб тикилиб туравердим.
– Ҳаёт, – деди ниҳоят орқасига қарамай ичкари кираётиб.
Билдим-ку барибир.
Ўзимда йўқ хурсанд бўлдим. Теримга сиғмай кетяпман. Яна овозини эшитгим келяпти. Кун бўйи уни ўйлаб ишим унмади. Паришонхотир бўлиб қолдим-ов. Қилган ишларимдан устанинг ичи чиқмади. Ҳа айтгандай, дурадгорга шогирд тушганман-да. У бўлса йўлнинг нариги бетидаги гул дўконида ишлайди. Ҳар куни уста билан бешик ясаймиз. Сумакни ичини очаётганимда:
– Эсинг оғиб қолибди. Хаёлинг жойидамас сен боланинг, – деб дакки берди.
Уста тўғри айтади. Ҳар куни шу. Аҳволим тобора ёмонлашарди. Айниқса у ишга қатнамай қўйганда аниқроқ билинди бу. Икковимизнинг ҳам шууримизда бир нарса айланарди гўё. Буни биламиз-ку, аммо унга етишмоққа шошилмасдик. Кейинчалик бекор қилганлигимни тушуниб етдим. Бироқ кеч эди. Сўнгги пушаймон – ўзингга душман.
Ҳар куни йўл қарайман. Аммо унинг қораси ҳам кўринмасди. Ҳафта ўтдиямки, у йўқ. Шундай гарангсиб анчагача юрдим. Кутдим. Ундан дарак бўлмади. Кечга яқин уйидан хабар олишга аҳд қилдим. Бордим. Болохонанинг чироғи ёниқ. Нигоҳ қадаб туравердим. Жойимдан қимирламадим. Бирон кимса қарамади. Беихтиёр олдинга қадам ташладим. Биров чиқиб қолармикин, деб ўйладим. Ҳеч зоғ кўринмади. Секин дарвоза эшигини очиб, ичкарига кирдим. Ҳовли саҳнида бир кишига рўпара бўлдим. Ҳойнаҳой отаси. Жудаям тушкун ҳолатда эди.
– Кел, – деди бепарвогина. – Ким керак?..
– Ҳаёт, – дедим кўриша туриб.
– Тепада, – деди болохонага ишора қилиб.
Индамай зинадан кўтарилдим. Ҳар бир пилапояга қадам босганда юрагим қалқирди. Кириб борганимда Ҳаётни тепасида шифокорлар турарди. Бошида муштипаргина бир аёл ўтирибди. Онаси бўлса керак, қовоқлари қизариб кетган…
Мени кўриб Ҳаётнинг кўзлари чақнаб кетди. Ўзимни ғалати ҳис қилдим. Бу ишимдан уялдим. Ахир ҳали танимаган хонадонга сўровсиз бостириб киргандим-да.
– Нимага келдингиз? – деб пичирлади у ҳайрон бўлиб. Хурсандлиги юз-кўзидан сезилиб турарди.
– Кўринмай қолдинг, – дедим хавотирланиб. Шифокорлар онасига бир нималарни тушунтирарди. Ҳаёт ўша кундагидек жилмайди. Онаси унга эътибор ҳам бермади. Ўрнидан туриб шифокорларни ташқарига кузатиб чиқди.
– Яхши юрибсизми? – деди яна юзига кўрпани тортиб беркинганча.
– Ҳа, – дедим. – Ўзинг-чи, тузукмисан?
– Яхши.
– Нимага бормай қўйдинг?
– Касалман, – шундай деб жим бўлиб қолди. Бироз ўтиб, – Шудрингда очилган гул бўлсайди, – деди кулиб.
Шу пайт эшик тарақлаб, онаси кириб келди. Кетмоқчи бўлиб ўрнимдан турдим. Онаси “Ким?” дегандек имо билан қизига қаради.
– …
– Яхшимисиз, ўтиринг! – деди онаси.
– Раҳмат. Мен борай, эрталаб олиб келаман.
Чиқаётиб киприк қоқиб хайрлашдим. Онаси мениям кузатди. Ташқарида бояги одам билан шифокорлар гаплашарди. Дарвозахонага етганда элас-элас уларнинг “Эҳтиёт қилинглар. Узоқмас…” деган сўзлари эшитилди.
Уйга қайтиб туни билан ухламадим. Ҳовлимиздаги гулзорда ўтириб чиқдим. Шудринг тушишини пойладим. Хаёлимда бўлса шифокорларнинг гапи тинимсиз чарх урарди. Субҳидамда уйқу енгибди барибир. Кўзим илиниб, алаҳсираб қолибман. Ёмон туш кўрганманми, қўрқувдан чўчиб уйғондим. Кўзимни очсам, гуллар қийғос очилибди. Шам тушиб, қуёшда товланиб турган эндигина барг ёйган ғунчалардан териб гулдаста ясадиму у томон шошдим. Бориб эшигининг тагида каловланиб, тўхтаб қолдим. Иккиланиб турганимда онаси чиқиб келди. Ҳовлига сув сепаётган экан.
– Келинг, киринг! – деди самимий.
Тортинибгина улар билан кўришдим. Ҳаётнинг олдига кириб борганимда деразадан қуёш нурлари тушиб турарди. Шунданми, юзлари сўлғин кўринди. Гулларни кўрсатиб, токчадаги гулдонга солиб қўйдим. Хурсанд бўлди. Индамасдан бироз ёнида ўтирдим. Онаси чойнак-пиёла кўтариб келиб қолди. Ҳижолат бўлиб ўрнимдан турмоқчи эдим, қўлидагиларни қўйиб, мени қайта жойимга ўтқазди. Худди эски қадрдонлардек қайноқ чой қуйиб узатди. Оғзим куйиб, шоша-пиша хўпладим. Ичимга иссиқ кириб жонландим. Ҳаёт зимдан кузатиб турган экан, кулиб қўйди. Чеҳраси очилганидан кўнглим жойига тушди. Қайтаётганимда онасидан унинг касалини сўрадим. Аммо айтмади. Ёрдам беришим мумкинлигини билдиргандим:
– Фақат худодан, – деб йиғлаб юборди.
Қўлимдан нима келарди. Ҳали устадан қўл олиб улгурганим йўқ. Кунларим шундай мазмунсиз ўтарди. Ишга келаман. Уста айтган юмушларни бажараман. Сўнг кеч кирганда Ҳаётни кўчаси томон югураман. Болохона чироғига бир кўз ташлаб, кўнглим жойига тушиб, уйга чопаман. Саҳармардонда шудринг қўнган гуллардан териб, кунора унга олиб бораман. Ота-онам ҳайрон. Менга нима бўлаётганини сўрашади. Ўзим айтолмайман. Ниҳоят, бир куни отамга ёрилдим. Бор гапни айтдим. Отам ўйланиб, уч кун жим юрди. Бир қарорга келолмай қийналди чоғи. Кейин онамга маслаҳат солган кўринади. Икков бир тўхтамга келишдими, мени ёнларига чақириб ўртага олишди.
– Бу савдо ҳамманинг бошида бор, – деди отам охири.
– Келаётган шанба амма-холаларинг билан уларникига – савдога бормоқчимиз, – деди онам ҳам. – Ҳамма гапни шундан сўнг гаплашамиз.
Мен индамай ер чиздим. Неча кунлардан бери бошимни ғовлатиб, чирмаб ташлаган тугун ечилгандек бўлди. Катталар ўйлаб иш кўришади. Улар нима қарор қилишса розиман ахир.
Эртасига устахонага борсам уста нимадир ясаяпти. Ёрдам бериб юбордим. Одам бўйи баробар. Нималигини сўрамадим. Ёғочларини меҳр билан уста айтгандай қилиб силлиқлаб чиқдим. Четларига нақш ўйдик. Кейин билсам масжид имоми буюртма қилган экан. Ясаганимиз тобут эди. Юрагим орқага тортиб кетди. Савобли иш, дея ўзимни овутдим.
Қўлинг анча келиб қолибди, деб уста мақтади. Парво қилмадим. Мен учун муҳими шанба. Ҳали уч кун бор. Орада чоршанба, пайшанба, жума турибди. Худди довондек кўринди назаримда. Бу кунларни қандай ўтказганимни билмайман. Шанбада уйга қайтганимда беш яшар укам “Куёвбола. Куёв-куёв”, деб масхара қилиб қочди. Онам ҳаммаси кўнгилдагидек бўлганини, тузалганда тўй қилишларини айтди. Қувондим. “Бўлди-бўлди” бўлди…
Аммо у тузалиш ўрнига, кундан кун ёмонлашарди. Орада келин сарполар ҳам жўнатилди. Ҳар куни унинг ҳолидан хабар олиб келаман. Оиласидагиларнинг олдида ётсирамай қолдим. Борганимда кенжа синглиси “почча” деб одамни ҳижолат қила бошлади. Ҳаёт эшитиб, хандон отиб кулади. Нима қилсин, бечора. Унга насиб қилган бахт шу бўлди, холос.
Уста билан иккимиз ясаган тобут битган эди. Тагига анбар ҳам тайёрлагандик. Олиб ҳам кетишди. Яна ўзимизнинг ишимизга – бешик ясашга тушдик. Аввалгидек одатий кунлар бошланди. Устахонага келаман, уйга қайтаман. Ора кун Ҳаётларникига чопаман. У тузалай демасди. Озиб-тўзиб кетганди. Ранглари ҳам сарғайган. Аммо истараси иссиқ. Чиройи ҳануз ўша-ўша. Одамнинг эсини оғдиради. Кўзлари кулиб туради. Уни соғиндим. Икки кундан бери иш билан бўлиб кўролганим йўқ эди. Чарчаб ухлаб қолибман. Кечроқ турдим. Қуёш аллақачон нурларини ёйворган. Шабнамдан асар ҳам йўқ. Шундай бўлса ҳам қўшнилардан сўраб, бир қучоқ гул уздим. Ўзимизники тугаганди. Ҳаётни хурсанд қилмоқчи эдим. Апил-тапил нонушта қилиб, уларникига чопдим. Аҳволи оғирлашибди. Олдига қўйишмади. Қўлимдаги гулдастани кўриб, ҳамма ҳайрон эди. “Ким бу жинни?” дейишган бўлса ажабмас. Онаси гулларни олиб, болохона деразаси токчасидаги гулдонга солиб чиқди. Ҳар қанча хархаша қилсам ҳам олдига киритишмади.
– Яша, Ҳаёт! Ҳаракат қил!.. – дедим ич-ичимдан келган титроқни ушлаб.
Устахонага бориб пешингача искана билан бешик тувагига жой ўйдим. Уста кечроқ келди. Бироздан кейин таҳорат олиб, жанозага, деб чиқиб кетди. Бутун борлиғим товонларимга чўкиб, увишиб қолди. Югурмоқчи бўлдим. Бироқ куч тополмадим. Юришга ҳам мадорим йўқ эди. Устанинг ортидан чўккалаб қолдим. Аҳамият бермади.
Шу кўйи қанча ўтирганим эсимда йўқ. Судралиб етиб борганимда дарвозахонада уста икковимиз ясаган анбар турарди. Атрофида одамлар айланишарди. Уч тўрт киши алвон рангли чодир ўрашаётганди. Бироз ўтиб, бир тўда одамлар тобутни кўтариб чиқишди. Бу ўз қўлларим билан ясаб, сайқаллаган матоҳ эди. Дод деворгим келди. Айюҳаннос солиб йиғламоқчи бўлдим. Ўзимни зўрға ушладим. Қанча ҳаракат қилмай, барибир тутиб туролмадим. Кўзёшлар сизиб киприкларимни намлади. Онаси билан сингилларини кўриб юрагим янаям эзилди. Айниқса кенжаси “Опажон” деб пилдираб, анбарнинг у ёғидан бу ёғига чопиб ҳиққиллаганда ўзимни қўйишга жой тополмадим. Онам қилган сарполарни тобут устига ёпишганда ичимдаги дард отилиб чиқди. Ўкирворай дедим. Ҳушим учиб, йиқилишимга сал қолди. Орқамдан кимдир маҳкам ушлади. Уста экан. Мени кўриб ҳайрон қолди, шекилли. Ёнида Ҳаётнинг отаси турарди. Шу пайт тобут кўтарилди. Хотин-халаж йиғиси авжга минди. Одам кўп эди. Қабристонга қўлма-қўл узатиб борилди. Шу онда қўлларимни мажақлаб ташлашса рози эдим. Кўзимга дунё қоронғу бўлиб кетди.
Ўзимга келиб қараганимда ҳеч ким қолмаганди. Дўппайиб турган тупроқ устида эрталабда териб келтирган гулларим қуёш нурида ял-ял ёнарди. Чеҳрам ёришди. Унинг жилмайибгина қип-қизил олмани ушлаб, гулзор ичида турганини кўргандек бўлдим.
“Ҳаёт, ҳаёт!”, дедим пичирлаб.
Ҳали мен билан узоқ яшайди.
Ҳар тонг гулларнинг япроқларига шудринг қўнганда, Ҳаётнинг нафасини сезаман. Дарахт шохларининг учида офтобда етилиб қирмизи олмалар пишганда, хаёлан беғуборгина юзларини чизаман. Ўзим ясаган бешикда чинқириб болалар йиғлаганда, хушчақчақ овозини эшитгандай бўламан. Қуёш бош кўтариб заррин нурларини заминга сочганда, меҳр тўла қалбининг иссиқ тафтини туяман.
Борлиқ ларзага тушиб чақин чақнаса-ю, булутлар юм-юм йиғласа, унинг севинч тўла милт-милт тўкилган кўзёшларини эслайман.
Ҳа-ҳа! Ростдан ҳам эсим оғиб қолди, шекилли. Айрилиқ – ўлимдан қаттиқ. Уни телбаларча севганман. Умрбод севаман ҳам. Эй ёронлар! Уят бўлса ҳам, сўраганларга секингина очиғини айтинглар, девона деб ўйлаб юришмасин тағин, севиб қолганман, севиб…
2013 йил, 4 декабрь.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг
2014 йил 21 февраль 8- сонида эълон қилинган