Бахтиёр Нуриддинов. Ота ва ўғил (ҳикоя)

Ўзи одам шунақа, қариганда инжиқроқ бўлиб қоларкан. Ҳар тугул феъл-атвори ўзгараркан-да.
Ота шаҳарга умид билан келди. Қариганда орттирган дардига даво топарман деб ўйлаган бўлса керак. Ўғли ҳам ҳамма ишини йиғиштириб отасини шаҳардаги кўзга кўринган шифохоналарга олиб борди. Барча таниш-билишларини ишга солди. Манаман деган мутахассисларга кўрсатди. 
— Бўлмайди! — дейишди.
Нега бўлмас экан. Шундай катта шаҳарда отасининг бир дардига шифо топилмаса. Ўғил бўлиб фарзандлик бурчини адо этолмаса. Бу қанақаси?.. Бошқа жойга олиб борди. Энг зўр шифокор дейишди. Майли дунёни олсин. Фақат отасини даволаса бўлгани. 
Одам жуда кўп эди. Ҳамма шифо излаб келган. Навбатга туришди. Ҳаво иссиқ. Диққинафас бўлиб кетди. Отаси ўзидан баттар безовталанди. Анча навбат кутишди. Икки соатлар чамаси вақт ўтди. Ниҳоят ҳамшира қиз уларни чақирди. Икков бирга киришди. Миқтидан келган, кўзлари думалоқ-думалоқ шифокор ўта жиддий қиёфада қарши олди уларни. Аввалига отасини ётқизиб обдон у ёқ — бу ёғини текшириб кўрди. Савол-жавоб қилди. Касаллик варақаларини синчиклаб ўқиб чиқди. Сўнг отасини ташқарида кутиб туришини сўради. Ўғил тушунгандек бўлди. Отасини дарди жиддийга ўхшайди. Улар ёлғиз қолишди. Шифокор фикрларини жамлай олмай бошини ушлаб анча турди. Гапни нимадан бошлашини билмай каловланарди. Бироздан кейин у бошини сарак-сарак қилиб, ачингандек бўлди. Сўнг ўша бедаво чаён ҳақидаги ўзи билган барча нарсаларни тўкиб солди. Ҳақиқатдан ҳам дарди оғир эди. Шифокор ўзини ожизлигини билдиргиси келмади чоғи:
— Бўларди. Озгина кечикибсизлар, — деди.
Унинг гаплари ёлғон туюлди назарида. Ҳақиқатни айтгиси келмади. Нима бўлганда ҳам катта шаҳарда номи чиққан ахир… У шифокорни олдидан «лом-мим» демай чиқиб келди. Отаси унга умид билан қараб турарди. Ўғил бўлса жим. Худди оғзига толқон солиб олгандек эди. Кечгача кирмаган эшиги, учрамаган одами қолмади. Қаерда нажот учқуни бўлса олиб борди. Чиқмаган жондан умид. Бироқ ҳаммасидан бир хил гап эшитарди: «Бўлмайди!»
Бу сўзни шундай ёмон кўриб қолдики, ҳатто қулоқлари тагида акс-садо бериб шанғиллаётганга ўхшарди. Буни отаси билмайди. Ўғлим ҳаммасини уддалайди, деб ўйлайди. Ахир катта шаҳардан анқонинг уруғини топиш мумкин. 
Ҳеч қаердан умид қолмади. Кечга яқин уйга қайтишди. Эшикни очишларига беш яшар ўғли отасининг қучоғига отилди.
— Бобом келдилар, — деб маҳкам бўйнидан қучоқлаб олди.
Отаси ҳамма дардини унутворди. Бола меҳри уни юмшатди. Отаси сотиб олишга қачон улгура қолган экан, набирасининг қўлига турли ўйинчоқлар, ҳар хил ширинликлар тутқазди. Ўғли бобосининг тоби йўқлигини билмайди. Отасини олдига келиб xурсандлигидан бир нималар деб чуғурларди холос. Барча ўйинчоқларини олиб келиб бобосига «кўз-кўз» қиларди. Бирма-бир номларини айтиб, таништирарди. 
Отасининг мадори йўқ. Шундай бўлса ҳам билинтирмай набирасининг саволларига эринибгина жавоб берарди. 
— Энди мени уйимда яшайсизми? – сўрарди ўғли.
— Албатта, — базўр жилмаярди отаси. Вақт сайин дард зўрайиб, оғриқ аста
кучайиб бораётганлиги юзларидан сезилиб турарди. Кўзлари ҳам киртайиб қолганди. Ўғилнинг отасига қараб юраги эзилди. Мажолсиз тақдирига лаънат ўқиди. Наҳот отаси кўз ўнгида сўлиб борса. Уни дунёга келтирган якка-ю ёлғиз суянчиғи ўзи бу ёруғ оламни тарк этса-я! 
— Ё тангрим! Ўзингдан ўзгада нажот йўқ. Отамга умр бер, — деб йиғлаб 
юборди айвонга чиқиб ўғил.

* * *

Эртасига тонг саҳарда отасининг ҳазин инграшидан уйғонди. Туриб қараса аранг бомдод ўқияпти. Ўғли қачон тура қолган экан синчковлик билан отасининг хатти-ҳаракатларини ёнида кузатиб ўтирарди. Бобосига тақлид қилиб, бир нималарни такрорлаб пичирларди. У ўғлининг бу қилиғидан жилмайди. Отаси нонушта пайти ўғлига:
— Болaларни яхши тарбия қилинглар, — деди. – Бугун қайтаман. Уйни соғиндим. Қорадарёни шоввалари тушимга кириб чиқди… Анорларам гуллагандир.
Қишлоқдаги уйларининг ҳовлиси этагида катта анор боғлари бор эди. Отаси эсини танибдики ўзи парваришлайди. Боққа сув Қорадарёдан келарди. 
«Она дарё, — дерди отаси Қорадарёни. — Ҳаммага ризқ олиб келади. Агар у бўлмаса бу жойларда бир гиёҳ унмасди. Шуни билиб қўйгин ўғлим!».
— Бугун бошқа шифокорларга кўрсатаман, дада. Ҳали яхши бўлиб кетасиз.
— Йўқ, — деди қатъий оҳангда отаси. — Худони ишига аралашма.
Ўғли индамади. «Бироз қолинг» ҳам дея олмади. Отасини одатини билади. Айтдими бас. Ўшани қилади. Ўзини нотавонлигидан ўкинди. Туриб отасини даволатиб шифохонадан чиққанида елкасига ташлайман, деб атаб қўйган янги чакмонини олиб чиқди. 
— Бунинг нимаси?.. Қўйсанг-чи! Топганларингни ўзларингга сарф қилинглар. Дунё ғанимат. Яхши яшанглар. Невараларимни едириб-ичиринглар. Наслимиз чироғи шулар, – деди отаси.
— Келинингиз билан бирга олувдик. Сизга тўғри келади, — деди базўр ўғли.
— Қуллуқ бўлсин, дада! – деди келини ҳам кира солиб. 
— Раҳмат, — деди отаси ўксик товушда. – Кўп яшанглар…
Отаси дуо қилди. Ўғли бобосига «Кетиб қолманг», деб роса хархаша қилди. Маҳкам оёқларига ёпишиб олди. Отаси уни тепага кўтармоқчи бўлди. Қуввати етмади. 
— Ҳеч бўлмаса неварамни бағримга босишга ҳам қўймайди бу қурмағур, — 
деди секин жилмайиб. — Мени кўргани борасанми?..
Ўғли бошини қимирлатди.
— Сенга анор чивиқдан от ясаб бераман. Шунақасини кўрганмисан?..
— Йўқ.
— Мен сендақалагимда ўшандайини минганман.
— Ўзиздақасидан ясаб берасизми? – эркаланди ўғли.
— Албатта. 
Бола овунди. Қария йўлга чиқди. Кўнглига қил ҳам сиғмаётганди. Ҳарчанд яширишга уринмасин ўғли буни билиб турибди. 
— Кузда анор ейман десанг, баҳорда анорзорга сувни яхши тараш керак. Бўлмаса гул тўкворади. Қарабсанки, ҳосил ҳам йўқ, — деди отаси йўлда. 
Ўғли индамади. Ўзини ёғига ўзи қовурилиб борарди. 
— Сен кўпам сиқилма. Ҳаммаси худодан. Ўзи шифо берса, одам боласининг ризқи узилмайди.
— Керак бўлса хорижга жўнатаман, дада. У ёқда бир пасда даволашади.
Отаси истеҳзо билан кулди.
— Сеникига базўр келдим, у ёққа йўл бўлсин. Илигимда қувват йўқ. Ўз уйинг — ўлан тўшагинг. Ҳеч нарсани ўйламайсанам. Бугун уйга етволсам бўлди. Оёқ-қўлимни чўзи…ииб дам оламан. Онанг менга яхши қарайди. Шифокорларинг такаббур бўп кетибди. Сен бўлсанг катта шаҳарга ўрганиб қопсан. 
Инсонни хаёли чексиз. Бир зумда дунёни айланиб чиқади. Ўғли хаёлга толди. Отаси буни сезди. Ўзининг ожизлигидан сиқиляпти, деб ўйлади. 
— Эҳ болам-а. Кўп ўқибсану уқмабсан. Дунёни ҳеч кимга боғлаб бермаган. Худога шукр, яхши яшадик. Сизларниям ўқитдим. Уйли-жойли қилдим. Етмиш йил ёмон ёшмас. Армоним йўқ, — деди дадиллашиб. – Яна нима қолди?.. Ҳеч нарса. Бу ёғи энди зерикарли… Яна билмадим. Бироз вақт берса биргалашиб невараларни тўйини қилардик.
Отаси жилмайди. Ўғли яна индамади. Қовоғини уйиб олди. Бўғзида нимадир пахсадек қотиб турарди. Оғзини очса аниқ ўкириб юборади. Тўлиб турибди. Кўзёшлари ҳам қабоғини ёрай деяпти. Кўзини олиб қочди. 
…Кеч тушди дегунча ака-укалар кўчага чиқиб олиб йўл пойлашарди. Ўтган кетганни кузатишарди. Оёқ товушларига қулоқ тутишарди. Кўчада бирор зот қолмаса ҳам улар термулиб ўтиришаверарди. 
Ит, мушукларнинг девор оша чопишлари бошланарди. Қишлоқ қурбақаларининг ваққиллашари-ю, калтакесакларнинг соатга ўхшаб чиққиллашари авжга минарди. Вақт ўтарди. Отаси бўлса келмасди. Кўзларини уйқу босарди. Ака-укалар совуқдан жунжикиб бир-бирларига яна ҳам яқинроқ ўтириб, қунушиб олишарди. У эснаб ишқалана бошлаганда акаси:
— Ухлаб қолма, ҳозир дадам келади…
Кута-кута тинкалари қуриганда бир пайт тун пардаси очилиб ростданам отаси пайдо бўларди. Келишган, ҳайбатли. Юрганда ҳам «гурс-гурс» этиб ерни тепиб қадам босадиган. 
Яқинлашганда ҳаммаёқни отасини иси босиб кетарди. Ўзгача ҳиди бор эди.
— Ие-ие, мени боботойларим-ку! Бу ерда нима қиляпсизлар?.. Отангларни кутяпсизларми?.. Баракалла, баракалла полвон ўғилларим. Қани юринглар-чи! – дерди ўктам овозда, пешонасидаги терларини артиб.
Ҳаммалари қувнаб кетишарди. Айниқса укаси. Дадасини бўйнига осилиб оларди. Отаси бирма-бир меҳр билан эркаларди. 
Ўттиз йил бўлибди шунгаям.
Шуларни ўйлаб кўнгли ёришди. Отаси ўғлига қараб қўйди. Уни кайфияти яхшиланганини кўриб хурсанд бўлди. Хайрлашаётиб узоқ бағрига босиб турди. Худди болалигидагидай отасини ҳидини туйди. Нафасини жудаям яқиндан ҳис қилди. Худди авваллардагидек. Қўйворгиси келмасди. Ноилож хайрлашдилар. 
Отаси жўнаб кетди.

* * *

У кунлари қандай ўтганини билмади. Ҳафта, ой… Нохуш хабарни ким унга етказаркин. Ундоқ бўлмади. Ҳеч қачон одамни айтгани бўлмайди. Ўйлаганидек яхши хабар ҳам, ёмон хабар ҳам эшитмади. Отанг сени сўраяпти, деб чақиртиришди уни. Тез етиб борди. Отаси аксинча набирасини сўради.
— Боботойим қани, — деди эркалаб.
Ўғлини чақирди у. Набираси кела солиб бобосини қучди. Отаси туришга ҳаракат қилиб кўрди. Аммо бўлмади. Тўшакка михланганди. Набирасини олдида ўзини бардам тутишга уринди. Кўрпалари қатидан анор новдасидан ясалган узун ҳивични олди ва набирасига узатди. Отаси тушмагур барибир айтганини қилибди.
— Бу сенга, — деди инқиллаб.
Ҳивични юқори қисми нақшинкор ўйилиб гавроннинг нозик, ички пўстлоғидан тўқилган ип билан боғланганди. Худди отга юган таққандек эди. Ўғли болаларча қувониб кетди. Ҳивич отни миниб хонани бир айланиб чиқди.
— Сенга ёқдими?.. – деди.
— Зўракан бобо, — деди набираси.
Отасининг дарди зўриқиб борарди. Ўғиллари буни сезиб туришарди. Акаси ўғлини ҳивич оти билан секин кўтариб олди.
— Бобонг бироз дам олмоқчи, — деди.
Отаси буни хоҳламади.
— Ўз ҳолига қўй, — деди зўрға оғир оҳангда. – Қувончини бузма!
Акаси ўғлини пастга туширди. 
— Боғишамолда эртаки оқўриклар пишган бўлса керак. Егим келяпти, — 
деди отаси.
— Бориб келайми? – сўради укаси.
Отаси унга қаради.
— Сен териб келақол, — деди отаси. 
— Хўп бўлади, — деди у ўғлини ёнига олиб.
— Қайтишда Оқбулоқни сувидан ҳам ола келинглар. Ичгим келяпти, — деди отаси кўзлари ёниб. – Зора мадор бўлиб тузалиб кетсам.
Ўғил тушунди. Отаси набирасига ожиз кўрингиси йўқ. Ўғли бобосини ҳамиша кучли, ҳамма нарсадан қўрқмас, деб билади. 
Боғишамолда ростдан ҳам отаси айтганидек оқўриклар ранг олибди. У қуёш нурида товланаётган каттакон ўрик мевасига қўл чўзди. Узаётганда ичидан нимадир «чирт» этиб овоз берганга ўхшади. Юраги қалқиб кетди. Аъзойи баданида титроқ турди. Сезди, отасига нимадир бўлган. У шошилди. Пишиб етилган оқўрикларни териб саватни тўлдирди. Ўғли бўлса, қийғос очилиб ётган лолақизғалдоқларни кўзи қиймай, бир даста териб олди. Йўлда Оқбулоққа киришди. Аввал сувидишни тўлдиришиб, сўнг ўзлари ҳам ичишди. Булоқ суви ростдан ҳам шифобахш эди. Ичганда танани яйратарди. Отасининг сўнгги умиди шу. Зора шифо топса.
Ота-ўғил уйга қайтишди. Юрган сари йўл узоқлашаётганга ўхшарди. Янаям илдамроқ ҳаракат қилишди. Ўғли ариқ бўйларидаги чучмомаларга алангларди. Термоқчи бўларди, отаси тортқилаб қўймасди. Уйларига яқинлашганда дарвоза ёнида одамлар йиғилганини кўрди. Ўғли ҳам эсидан чиқиб қадамини тезлатди. Юриб келдими, югурибми билолмади. Фақат дарвозахонада шошиб йиқилиб тушай деганда уни қўшнилар ушлаб қолишди. Ўғли кира солиб бақира кетди.
— Бобо, қаранг сизга нима олиб келдим. Ҳаммаси қип-қизил… Қаранг!!
Улар кечикишганди.
— Қачон?!.. — сўради у икки билагидан ушлаб турган одамлардан. Дунё кўзига қоронғу бўлиб кетганди. Унга ҳеч нарса кўринмасди. Кўз олдида мавҳум чизгилар, тушуниб бўлмас шарпалар ғимирларди холос. Ҳеч ким унга жавоб қилмади. 
— Ярим соат бўлди, ярим соат! – деди укаси ҳиққиллаб.
Акаси шиддат билан югуриб бораётган ўғлини тўхтатди. Қўлидаги лолақизғалдоқларни олмоқчи бўлганди, бермади.
— Ўзим бобомга обораман, — деди эркаланиб. У ҳеч нимани тушунмасди.
— Бобонг ухлаб қолди. Кейин олиб кириб берасан, хўпми? – деди акаси. Ўғли «хўп» дегандек бошини қимирлатди. 
У ичкарига кирди. Отаси юзларидан нур ёғилиб ўринда ётарди. Қўлидаги оқўрикларга тўла саватни ва оқбулоқни сувини отасининг ёнига қўйди. Энди улар ҳеч кимга керак эмас эди. Ичидан кўзёш отилиб келди. Кўзларини маҳкам юмиб олди. Барибир «дув-дув» ёш сизиб чиқди. Ўзини тутиб туролмай «отажон» деб ўкириб юборди. Ташқаридан қари онасининг «бегим»лаб йиғлагани эшитилди. Сўнг акасини, кейин укаси, синглисини… Кетма-кет амакиларини овозлари эшитила бошлади. Салдан кейин ташқарида ўғлининг «Бобожон!» деган чинқириғи ҳаммаёқни ларзага солди. У типирчилаб ичкарига талпинарди. Аммо қўйишмасди. 
— Бобомни бир кўрай, — деб ялиниб ёлворарди ўғли. Уни ҳеч ким тушунмасди. Ҳатто нолаларига қулоқ ҳам тутиб кўришмасди. Ўғлини муштдек қалби ўзининг катта йўқотишини ҳис қилаётганди. Уни ташқарига чиққиси келди. Ўғлини бағрига босиб-босиб йиғлашни истади. Шу пайт катта амакиси келиб елкасидан тутди.
— Чиқинглар энди, уят бўлади! – деди кўзларини белбоғини бурчига артиб.
У ташқарига чиқиб бир четда қаровсиз шумшайибгина ўтирган ўғлини ёнига бориб, отаси ўзини сўнгги бор қучганидек маҳкам қучоқлаб олди. Бошини елкаларига қўйиб унсиз йиғлади. Ўғли отасининг бу ҳаракатларидан эсанкираб қолди. Бир пасдан сўнг йиғидан тинди. Жажжи қўллари билан отасини сочларини силади. У ўғлининг болаларча меҳрини туйди. Худди ўзи болалигидагидек отасини соқолли юзларига юзини босиб эркалангани каби. 
— Йиғламанг, дада! – деди ўғли қатъият билан. У иродасизлигидан уялди. Ўғлини олдида бундай қилмаслик керак эди. Вужудидаги титроқни, ўкинчни тутиб торолмагани учун ўзини койиди. Ўғлини танбеҳидан кейин унинг отаси эканлигини ҳис қилди. Ўғлини юпатмоқчи бўлди. Аммо бунга ҳожат йўқ эди. Ўғли кўзёшларини артиб:
— Йиғламасам бобомни кўрсатишадими? – деди жиддий қиёфада. Унинг атрофида лолақизғалдоқлар сочилиб ётарди. Отаси совға қилган ёғоч от ҳам бир четда ишком устунига осилиб қолганди. У секин ўғлини қўлидан ушлаб ичкарига юрди. Остонада уларни йўлини онаси тўсди. 
— Сўнгги бор видолашсин, — деди у. 
Онаси анча чўкиб, жимитдеккина бўлиб қолганди. Қовоқлари ҳам қизариб кетибди. Онаси набирасини бобосининг олдига олиб борди. Ўғли катталардек мағрур турди. Охирги бор бобосини юзларига тўйиб-тўйиб қарарди. Қанчалик ўзини ушлашга ҳаракат қилмасин термулган сари кўзларидан ёш сизарди. Ҳеч кимга билинтирмасдан «пиқ-пиқ» этиб яна йиғлаб юборди. Отаси ўғлининг ёнига бориб кўтариб олди. Хаёлида ўғил бўлиб отасини сўнгги йўлга кузатиши, ота бўлиб эса ўғлига ўрнак бўлиши, унинг келажаги ҳақида қайғуриши кераклигини ўйларди. Отаси ҳам бобосини шундай қилганига, вақти келиб ўғли ҳам ўзини мана шундай абадият сари элтишига ишонарди. 
Ўша куни туни билан ёмғир ёғиб чиқди. На ўзини, на ўғлини уйқуси келмади. Ота-бола ташқарига чиқишди. Отасини уйида чироқ ёниқ эди. Дераза токчасида бўлса саватга солинган оқўриклар, сувидишда Оқбулоқнинг суви турарди. Ойдин тунда оппоқ ёмғирлар шаррос қуярди… Ўғли бобосини уйига кириб сопол идишга Оқбулоқнинг сувидан бир коса қуйиб чиқди.
— Ичинг! – деди отасига узатиб.
Ўғлини сўзидан этлари жимирлаб кетди. Овозида отасиникига ўхшаш куч бор эди. У беиихтиёр сувни бир кўтаришда барисини симирди. Кийимлари шалоббо бўлиб кетганди. Бўшаган идишни кўрган ўғли секин чўнтагидан оқўрикларни олиб ея бошлади…

2012 йил, 21 сентябрь 
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси