Бахтиёр Нуриддинов. Мусаввир (ҳикоя)

Унинг кўзлари чиройли эди. 
Сочи қора. Юзи қорамағиз. Худди офтобда пишгандек кўринарди. Кўзлари эса, мовиймиди-ей… 
Ҳа-ҳа, мовийроққа ўхшарди. Ўт чақнаб турарди ундан. Қарашининг ўзи ҳар қандай юракни беҳаловат қиларди. Ёмонлигидан эмас, яхшилигидан. Эҳтиросга тўла эди у кўзлар. Буни тасвирлаш қийин. Лекин ҳархолда мовийроқ, мовий эмасди. 
Унинг суратини чизишга кўп ҳаракат қилиб кўрди. Бариси –юзи, қоши, сочи доимо ўзи ўйлагандек чиқарди. Фақат кўзлари, унинг кўзларини тасвирлашга нимадир етишмасди. Сирли эди улар. Ҳатто бисотида борки бўёқлардан унинг кўзларини рангини чиқариб бўлмасди. Бугун қанча ҳаракат қилмасин буни эплолмади. Туни билан ишлади. Бироқ ўзи истаган, қалби хоҳлаётган рангни топа олмади. Бироз осмонга – юлдузларга термулиб излади. Ниманидир топганга ўхшади. Фақат у рангни, у чизгиларни эмас. Минг бор хаёлан қиёфасини кўз ўнгига келтирди. Барибир уддалай олмади. Кўзларини, унинг қорачиғларини аниқ эслолмади. Яна бир бор кўрмаса бўлмайди. Уни унутган. Унутгани аниқ. Айниқса кўзларини. Уч йил бўлди кўрмаганига ахир… Кўз олдига келтира олмаяпти. Кўрмасдан чизолмайди. 
Хонага ширин, кўнгилларни хушловчи шабада кирди. Дераза пардаси бир қимирлаб жойига қайтди. Гўё унинг ёнига кимдир киргандай бўлди. Тонг яқин. Хонадаги сукунатни “чиқ-чиқ, чиқ-чиқ”лаган товуш бузади. Соат – уйнинг сўфиси деганларича бор. Вақт ўтишидан дарак бериб одамни ҳушёр тортгизиб туради. Қизиқ, соат неча бўлдийкин?.. – хаёлидан ўтказди у. Бутун уйда бешта соат бор. Бири ётоқхонадаги тагкурсида, бири иш столи устида, учтаси эса, деворга осиғлиқ. Ҳаммаси бир-биридан фарқ қилади. Уларнинг қайси бири тўғрилигини билмайди. Ҳар қалай рўпарасидаги – девордагига қарагани маъқул. Йигирмата кам тўрт. Ёнидаги, столдагиси беш дақиқа олдин. Уни спортчи дўсти совға қилган. Доим илгарилаб кетади. Хориждан келтирилган. Шаҳардаги уста соатсозларга созлатган. Барибир тўғриланмади. 
Қолган учтаси неча бўлган экан. Бориб кўрсамикин?.. Нима фарқи бор. Тахминан вақтни билди-ку! Ўзи дунёдаги соатларнинг ҳаммаси ҳар хил. Унда аниқ вақтни билгиси келса барисини солиштиришга тўғри келади. Ғарбда соат неча, шимолда неча?.. Нариги хоналарга чиқишга эриниб турибди-ку! Билмагани маъқул. Шусиз ҳам яшаса бўлади. Бироз чалғиди, ўзини унутди. Ҳамиша шунақа. Вақт фақат чалғитади. Ҳаммани гаранг қилади ёки бир лаҳзада нариги дунёга олиб кетади. Вақт шундай вахший. Ҳеч нимани, ҳеч кимни аяб ўтирмайди. Уни дўсти йўқ. Ушлаб турадиган куч ҳам. Фақат олдинга, олдинга илгарилайди. О, қанийди бардоши етса-ю, уйидаги ҳамма соатларни олиб чиқиб кўчага отса. Вақт бироз тўхтаса. Ёки уни орқага қайтаришни иложи бўлса-да. Йўқ бўлмайди. 
Бугун кундузи у билан учрашади. Қаердалигини билади. Шаҳарнинг четидаги уйида. Аниқ ўша жойда. Уни бошқа борар манзили йўқ. Яқинларининг бари юз ўгиришган. Дўстлари ташлаб кетишган. У ожиза, у… Узоқроққа кетишга қурби етмайди унинг. Тезроқ тонг ота қолсайди. Энди қуёшни кўргиси келяпти. Унинг тафтига бироз тоблангиси бор. Шунақа, туни билан совқотди. Тонг шамоли жунжиктирди. Кимнингдир пинжида эркалангиси, оёқларини қучиб, силаб эркалагиси келди. Кўзини уйқу босганди. Ширин хаёллар осмону фалакка олиб чиқиб, элитди. Бироз мизғиди. Тушида севгилисини кўрди. Ўзи ўйлаганидек унинг висолига етгану, мафтункор кўзларига қараб-қараб тўймасмиш. Севгилиси хандон отиб куларкану, бирданига гўзал юзлари ёлмоғизникига ўхшаб ўзгараркан. “Ол-а, тушга нималар кирмайди”, деди ўзига ўзи уйғониб кетиб. Қуёш нурлари кўзларини олиб, чизаётган расми ҳам худди тушида кўрганидек алланечук бир қиёфа касб этиб кетди. 
– Ё алҳазар, ё алҳазар. Астағфурулло, астағфурулло! – деб юборди ҳайратидан. 
Ўрнидан туриб ювиниш хонасига борди. Юзларига муздек сув сепди. Бир сесканиб ўзига келди. Сўнг нонушта тайёрлашга чоғланди-ю, қўли бормади. Яхшиси кўчага чиқиб муюлишдаги чойхонада енгилгина у-бу еб тамадди қила қолади. У ерда ҳар куни янги қаймоқ бўлади. Яна иссиққина гижда нон ёпилади. Борди. Чойхоначи уни илиқ кутиб олди. Дарров олдига бир чойнак чой билан, тандирдан эндигина узилган нон олиб келиб қўйди. Таниш ҳид… Худди онасининг ўзи тандирдан энди узиб олдига қўйгандек димоғини эркалади. Болалигини эслатди. 
Бироздан кейин чойхоначи лапанглаб, эҳтиёткорлик билан кўтариб сопол косада янги қаймоқ келтирди. Унинг кўзлари қувнаб кетди. Иштаҳаси очилди. Чойнак, пиёла, косадан бошқа чойхоначи олиб келган бари нарсаларни паққос туширди. Қорни тўйиб лаззатланди. Вужудида қандайдир тин туйди. Роҳатбахш шабада юзларини силаб ўтди. Туни билан танасини босиб турган чарчоқдан асар ҳам қолмади. Тўйиб-тўйиб тоза ҳаводан нафас олди. Олдига чойхоначи келди. Унинг елкасида сочиқ, қўллари кўксида, тавозе билан турарди. У бу лаззатларга ҳақ тўлаши керак эди. Уларнинг ҳаммаси атига бир пул. Дунёда энг арзон нарса бу лаззатланиш, завқланиш бўлса керак. Қувончга ҳатто пул ҳам тўламайсан, деб ўйлади. Қитмирлиги тутиб, ўзига умид билан қараб турган чойхоначига салмоғидан кўпроқ ҳақ тўлади. Чойхоначи шу заҳотиёқ пулларни санаб, ортиғини қайтариб берди. 
– Кўп бериб юборибсиз, – деди унга қатъий. 
– Олинг, мен розиман, – деди хурсандчилик билан чойхоначига. – Менга яхши хизмат қилдингиз. 
– Бу мени ишим. Ортиғи керакмас.
Чойхоначининг гапларидан у яна ҳам ҳайратланди. Ҳаммаси ўзи ўйлаганидек бўлиб чиққанди. Ундан қувончу шодликка ҳақ олишмади. Ҳаёт жуда ҳам завқли ва гўзал кўринди кўзига. Мана шундай кайфиятда севгилиси яшайдиган даҳага келиб қолганини ҳам билмай қолди. Вақт чопқиллаб бир зумда ўтар эди. Қаршисида ўзи учун қадрдон бўлиб қолган унинг уйи турарди. Ҳаммаси таниш, аввалгидек. Ҳеч нарса ўзгармаган. Ўша йўлак, ўша дарахтлар… Унинг ўзи-чи? Буни билмайди. Секин уйнинг деразаси томон юрди. Ҳеч ким кўринмади. Шарпа берди. Кимдир пешвоз чиқиб уни кутиб олишларини истади. Аммо ундай бўлмади. Эшик олдига келиб тирқишидан қаради. Бирон зотдан дарак йўқ. Юраги ҳаприқди. У томон талпина бошлади. Уни кўргиси келарди. Эшикни аста тақиллатди. Ичкаридан кимнингдир эринибгина юргани эшитилди. Бу ўша. Қадам олишларидан сезди. Худди ўзи. Ҳозир эшикни очиб ҳайрон қолади. Кўз ёши қилади. Қувонганидан бўйниларига осилиб эркаланади. 
Ўйлаганларининг барини тескариси бўлди. Эшик очилди. Остонада бир дунё бўлиб у турарди. Анча тўлишган. Қовоқлари шишган. Эгнидаги енгилгина шойи кўйлак бутун жисмини унга кўз-кўз қилади. Олдинги латофат, аввалги жозибадан асар ҳам қолмаганди. Ҳали уйқуси очилмаган кўзлари билан, унга бошдан оёқ разм солиб чиқди. Уятсизларча кўзларини лўқ қилиб:
– Тонг саҳардан қайси қурумсоқ экан, деб ўйлабман. Бу ёққа келмас эдингиз-ку. Нима, ёмонроқ туш кўрдингизми?.. – деди худди ҳар куни бир бор кўрадиган таниши мисол унга иршайиб.
Бу саволдан у бутунлай гарангсиб қолди. Тили танглайига ёпишгандек эди. Унга нима бўлди. Ким бу?.. Нега бунақа гапиради. Наҳотки унинг ўзи. Калласида хотиралар… Ширин туйғулар. Ҳаммаси ғовлаб кетди. Ҳеч нимани илғаб бўлмаяпти. Қанийди қаршисида турган бошқа бир аёл бўлса… Кўриб турганларининг ҳамммаси туш бўлсайди. 
Йўқ. Афсуски унинг ўзи эди. Куну тун унга ҳаловат бермаган, ойлар, йиллар давомида кутиб яшаган севгилиси, муҳаббати. 
Ҳа-ҳа, у ўша эди. 
Уйга қайтар экан қалбида унга тинчлик бермай келаётган туйғулар бир-бири билан тортишарди. Наҳотки уч йил унинг васлида яшади. Ҳар кун уни қўмсади. Унга етишмоққа ҳаракат қилди. Бу унчалик қийин эмасди. Йигирма чақиримгина йўл. Манзили ҳам аниқ эди. Кечириш керакми ёки унутиш?.. Билмайди. Бу икки хилқатнинг ўртаси нега бунчалар тубсиз чоҳ бўлмаса. 
У устахонасига қандай қайтганини билмади. Кира солиб қўлига мўйқаламини олди. Барини, бугун гувоҳи бўлган ҳамма нарсаларни тасвирлашни хоҳларди. Шундай ҳам қилди. Сийдам матони ҳар-хил бўёқлар билан бўяй бошлади. Тинмай чизарди. Ҳамма-ҳаммасини жон-жаҳди билан акс эттиришга ҳаракат қилди. Лекин унга эски хотиралар ҳалал берарди. Уларни барчасини унутишни истади. Уни эслатувчи барча нарсаларни, ҳатто уч йил давомида чизган унинг қиёфасини ҳам йиртиб ҳовлига улоқтирди. Куну тун ишлаб чиқди. Саҳарга яқин кўнгли хоҳлаган, бир неча йил уни беҳаловат қилган, бугун эса жисму жонига малҳам бўлувчи янги бир сурат яратди. Излаган чизгиларини топган эди. Мана улар… 
Аёлнинг қоп-қора, узундан-узун сочлари мисол зим-зиё тун. Илонизи йўллар. Ўн беш кунлик ойнинг акси тушган кўл. Ойдинда очилиб, ботқоқликка гўзаллик бахш этиб, товланиб турган оппоқ нилуфар гуллари. Уларнинг орасидан меҳр билан боқиб турган алланечук ранглардаги кўзлар акс этган эди.

2012 йил, 5-сон «Гулистон» журнали.