1914 йил…
Бу воқеани бизга отамиз, отамизга бобомиз айтиб берган экан.
Ўша йил баҳор серёғин келди. Ҳаммёқ сувга бўкди. Туну кун, ҳафталаб ёмғир ёғди. Лой, ботқоқдан одамнинг эси кетди. Ёмғир ортидаги шамолни айтмайсизми?.. Қанчалик ёқимли бўлмасин, барибир, безор қилиб юборди. Ҳаммаси майли-я, дарахт гулларини тўкиб юборгани ёмон бўлди-да. Бу йил ўрик кам бўлса керак. Олча ҳам шундай. Анор энди гуллайди. Қимматчилик бўлмаса гўргайди. Ҳаётнинг тўкинлиги йилнинг келишига боғлиқ экан-да…
У эринибгина кўчага чиқди. Мудом гавжум бўладиган жойларда ҳам ҳеч зоғ йўқ. Ҳатто дўконлар олдида инсон зоти кўринмайди. Бу пайтда бирон кимса уйда ўтирмасди-ю, нима бало одамлар ишламай қўйишганми?.. Ёмғирдан сўнг ҳаммаёқ шилт-шилт. Шунга бўлса керак.
«Бунақа пайтда юриб бўладими? Пойабзал лойга ботиб қолади-ку. Ҳамма уйга беркинади-да», хаёл қилди у.
…Бугун зерикди. Ҳаётданмас, ўзидан. Шунчалар жирканч туюляпти. Мақсадсиз узоқ йўл босди. Тоққа қараб борди. Ўйлаб-ўйлаб шу қарорга келди-да. Ундан кечирим сўрайди. Қизи ҳам катта бўлиб қолгандир. Бирон марта кўргани бормаптиям. Кимга ўхшаркан? Қуйиб қўйгандек ўзи бўлса-я. Ҳар қалай зурриёди. Онасига тортса ҳам майли. Отасини танимас-ов. Бегонасираса керак. Албатта. Бунга ҳақли у. Қизини айблолмайди. Ҳамма қусур ўзида. Энди бошқача яшайди. Уларга меҳрибончилик қилади. Янги ҳаёт бошлайди. Ўтган кунларини, бари-барисини унутади…
Қўлидан келармикан?
Ўзини, ўзлигини йўқотиб бўлган одам-а! Яна эски дўстларини, айш-ишратни қўмсаб қолса-чи?.. Иродасини синайман, деб уларга азоб бериб қўймасмикин? Калласида минг савол. Бир тўхтамга келиши ҳам қийин кечяпти. Ҳаммасига қўл силтаб, қўлтиғига қўл урсами?.. Йўқ. Қарори қатъий. Боради. Остонасида бош эгади. Қўймаса ялинади, ёлворади. Тиз чўкиб гуноҳларидан ўтишини сўрайди. Нима қилиб бўлса ҳам буни уддалайди. Ёлғиз яшаш жонига тегди. Ўзига ишончи сўнмаган ҳали. Вужуди ёняпти. Юраги ўтда куяётганга ўхшайди. Кимдир косов билан кавлаётган чўғнинг ўзгинаси. Қип-қизил… Қанийди муздеккина булоқ суви бўлса, ютоқиб-ютоқиб ичса. Турфа азобда қийналса ҳам майлийди кейин. Жуда-жуда соғинди уни. Энди дилидаги тилига чиқяпти. Қачонгача юради яшириб. Олдин ҳам яхши кўрарди-ку, ахир.
…Кўз ўнгида биринчи бор учрашган кезлари гавдаланди. Отаси билан уларникига келганди ўшанда. Сочларини айри қилиб иккитага ўриб олган кичкинагина қизча эди. Ўн бир, ўн икки ёшлар чамаси бўлса керак. Бирга ўйнашганди. Тўптошни ўргатган. Қизиқ ўйин эди. Тўп тошдан учтасини олади-да, биттасини осмонга отади. У тушгунча шеригини қўйиб, иккинчисини илади. Яна такрорлаб, ердан тўрт тошни кўтаради. Кафтларига қўйиб, бармоқларининг терс тарафида сакратади. Уддалолмаганда қиқир-қиқир кулганди устидан. Қайта-қайта ҳаракат қилиб, ўрганганди. У бўлса ўйинини зимдан кузатиб турарди. Хатоларини секингина, мулойимлик билан тўғрилаб қўярди. Қўллари ерга ишқаланиб моматалоқ бўлиб кетганди. Ана шунақа. Ўйлаб кўрса у билан бўлган азоблар илк кунлардан бошланган экан. Нима қилсин уни ёмон кўролмаса.
Узоқдан қораси кўзга ташланди. Худди ўзи. Ҳалиям ўша-ўша: қадди-қомати, юриш-туриши. Озгина улғайгани билинибди, холос. Бироз тўлишганроқми-ей. Кўзига шундай кўринди. У ниманидир олиб, қайтиб уй ичкариси томон юрди. Кетиб қоладигандек, қўққисдан бақириб юборди.
– Анор! Анор!! Аноргул!!!
* * *
Аноргул ажойиб қиз эди. Шўх, ҳушчақчақ. Ерга урса осмонга сапчийдиган. Болалигида уни «болари» деб аташарди. Йўқ бўлиб қолса, албатта гулзордан топишарди. Гулларни яхши кўрарди-да. Сўзлари майин, суҳбати эса ширин қизалоқ эди. Жудаям гаплашгиси келарди одамнинг. Ҳеч кимни зериктирмасди. Хушҳулқ, одобли… Гапирганда доим ерга қараб оларди. Яна болаларча кулимсираб қўярди. Табассуми ҳам бошқача эди. Жилмайишини айтмайсизми?.. Қишлоқдагилар йиллар тез ўтганини унинг улғайганидан билишди.
– Аноргулам кап-катта бўп қопти-я. Кечагина арғимчоқ сакраб юрган кичкина қизча ойдек тўлишиб, гулдек очилибди-ей!.. – дейишарди димоғларини кўтаришиб.
Унга совчи қўймаган қолмади. Ёши ҳам, қариси ҳам… Э, одамда сал уят бўлсин экан. Замоннинг зайли ҳам бор бўлсин-а. Отаси тенгилар ҳам бир оғиз солиб кўришди. Остона ҳатлаб ўтган одамнинг сон-саноғи йўқ. Унинг чиройини эшитган одам уни-буни баҳона қилиб кириб келаверишади. Нима, кўчада сув йўқмиди?.. Баҳона ҳам эви билан-да. Қақраган чўлда яшашмайди-ку. Ота-онасиям безор бўлишди. Бир куни:
– Қизим, энди катта қиз бўлиб қолдинг! – дейишди тагдор қилиб.
У индамади. Ҳаммасини тушуниб турибди. Хаёлида мингта ўй. Келган-кетганларга ҳам бир-бир узоқдан – зимдан бўлса ҳам назар ташлаган. Нима қилсин?.. Ҳеч қайсиси кўнглига ўтирмади ахир. Барисига рад жавоб қилувди. Бироқ болалигида бирга тўптош ўйнаган ўша йигитни ўйлаганда ҳамон юраги ҳаприқади. Дардини ҳеч кимга айтолмайди. Ахир бу ҳали кўнглининг тубида ётган бир хилқат, холос. Ўзи ҳам билмайди нималигини. Аммо ўйласа қитиғи қўзийди. Ўша ичидаги туйғулар жимирлаб, жунбушга кела бошлайди. Қани уни бир кас тушунса. Отаси бошқа уларникига олиб бормадиям. Ўзлари ҳеч келишмади. Ё отаси билан тортишиб қолишганмикин?.. Ундаймасдир. Ахир отаси билан унинг дадаси дўст-ку! Ҳар нарса бўлиши мумкин. Вақт кутиб ўтирмас экан. Онаси жон ҳолига қўймай қўйди: биронтасини танла, дейди. Қандай қилиб ёқмаганни ёқтиради. «Қиз бола палахмон тоши» эмиш. Нега унақа!? Тош жонсиз-ку. Унда бўлса юрак бор. Ҳали тирик, дук-дук уради. Кимгаям зарил бу нарсалар. Ундан сўраб ўтиришармиди?
Яна бир кун аранг чидади. Эрта деганда ўттиз адирлик узоқ қариндошларидан совчи бўлиб бир уй хотин келишди. «Қўйнимдан тўкилса қўнжимга» қабилида, онаси шуларга муомалани қуюқроқ қила бошлади. Ўғиллари чавандозмиш. Кўрди узоқдан, айиқполвоннинг ўзгинаси. Отнинг белини синдиради. Ўзларига сийлов. Кечаси билан даҳлизда йиғлаб чиқди. Худога ёлворди. Оҳ чекди. Жонини олса ҳам майли, фақат у келсин. Бўлмаса тоққа қочиб кетади. Нолалари етиб борган чоғи, эрта тонгда уста Йўлбарс ясаб берган ровот халқалари таққиллади. Ростдан ҳам улар – отасининг қадрдон дўсти. Нега бунчалар йўқ бўлиб кетишди. Ҳали кўрсатади. Кўришганда қарамайди.
Отасининг ҳам чеҳраси ёришди. Анор бошқа боғда ўсмайди, деган фикридан қайтди. Ҳақиқатанам шунақами?! Аммо рост. Олма боғда анор кўрмаган.
Онаси оёғини қўлига олиб қизининг олдига чопди.
– Анор, қара, сухсурдай йигит экан. Бунисини қайтариб кўр-чи, нақ миянгда ёнғоқ чақаман-а. Отаси дадангни ўртоғи-я тағин, – деди икки муштини устма-уст ишқаб.
Хуллас, тўй. Онасининг раъйини қайтаролармиди. Ўзига қолса-ку, яна бироз оёқ тирарди. Нозини кўрсатарди. У ҳам бир изтироб чексин-да. На чора. Розилик берди. Кузда – анор пишиғида тўйлари бўлди. Ўша куни даст кўтариб, олов атрофида айлантирганда чўчиб тушди. Куёв бўлгур худди сезгандай тўйхонага шошди. Ҳуркак оҳу-я, деб ўйлаган бўлса ажабмас. Олиб кириб, айвонга туширди. Хотин-халаж: «Келин келди, келин келди!» деб ичкарига тортқилашди. Дарчадан кўриб турди. Куёвжўралар куёвболани чирпирак қилиб, тинмай осмону фалакка отишди. Уни иккинчи бор яқиндан гўшангада кўрди. Анча келишган, билаклари ҳам бақувват йигит бўлибди. Мўйлов ҳам қўйиб олибди. Кўзи тушиб «пиқ» этиб кулиб юборди. У ҳайрон.
– Устимдан куляпсизми?! – деди.
– …
– Мени танимадингиз, а?..
– Йў…ўў-қ, – деди қитиғ-патига тегиб эркаланиб.
Ўша куни нималар бўлганини ўзларидан ташқари фақат худо билади. Ҳаётнинг бахтли лаҳзалари эди.
Бу кўп давом этмади. Атига уч ой.
– Тушунгин, – деди бир кун тунда. – Ҳамма йигитлар тоққа чиқиб кетишяпти. Якка ўзим қололмайман.
– Отангиз амин бўлса. Бекка айтса бўлди-ку.
– Фақат ўзингни ўйлама, – деди аччиқланиб.
Шундан сўнг ҳаммаси остин-устун бўлиб кетди. Уйга маст-аласт кеч қайтадиган одат чиқарди. Баъзан келмасдиям. Кечаларни ёлғиз ўтказадиган бўлди. Бунга кўникиб ҳам қолди. Қўпол эркалашларига ҳам чидади. Унинг бекчилигини тўйдан кейин билганди. Умр у ўйлаганчалик доим бир текис кечмас экан. Шу орада ҳомиласи ўзини кўрсатди. Бу эрини қизиқтирмадиям. Одатдаги муносабат давом этаверди. Бир куни ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ қўполлик қилди. Балки тузукроқ эътибор қилмагандир. Ё ўзини ёмон кўрсатиш учун шундай қилдими, барибир тушунмади. Қайнотаси бекчилар шунақа баджаҳл бўлади, деди. Тонг саҳар лаш-лушларини йиғиштириб уйига жўнаворди. Уч кун сиғди ота-онасиникига.
– Турмушда келишмовчиликлар бўлади, чида! – дейишди.
У индамади. Яна бир неча кун кутди. Орқасидан кечирим сўраб келишини истади. У бўлса аксинча – озод қуш эди. Энди отаси аралашди.
– Маҳалла-кўйда бош кўтаролмай қолдим. Қизингга айт, эриникига қайтиб борсин! – деди.
Униям ўжарлиги тутди. Келмаса ўзи қайтмайди. Қайнона-қайнотасига ҳам «йўқ», дейди. Ҳафта ўтдиямки, дарак бўлмади. Онасига ачинди. Икки ўт орасида қолганди. Шу орада унинг аскарликка ёллангани қулоққа чалинди. Онаси тоққа – тоғасиникига кетишни маслаҳат берди. Шундай ҳам қилди. Ўша жойда қизи дунёга келди. Ҳар қандай қийинчиликларга чидади. Тоғу тошда пода ҳам боқди, лой қориб кичкинагина кулба ҳам тиклади. Қачонгача сиғинди бўлиб бировни уйида яшарди. Хуллас ҳаракат қилди. Аммо юраги тўрида у. Уни, фақат уни кутди. Фарзандини кўргани келар ҳеч бўлмаганда, деб ўйлади. Қизи бешга кирдиямки, дом-дарак йўқ.
Бугун тонгда кутилмаганда рўпарасидан чиқди. Жулдур кийимда, юзлари тирналган. Қаерда бунчалар қаҳрамонлик кўрсатганини сўрамадиям. Осмондан тушдими, остонада туриб, ялиниб ёлворди. Ноилож ичкарига қўйди. Қаршисида жимгина ўтирибди. Нима қилсин. Бўйнига осилиб йиғласинми?! Ё қувиб солсинми?.. Яна тақдирга тан берди. Ўзини қисматнинг қучоғига отди. Бу ёғи Яратганнинг иши. Нима бўлса бўлар.
Қизи пишиллаб ухлаб ётарди. Унинг шовқини-ю дупуридан қизчаси уйғониб кетди. Нима бўлаётганини тушунмай кўзларини ишқалади. Икковининг важоҳатини кўриб, орқага тисарилди.
– Энамга тегманг, илтимос, энамга тегманг!.. – деб қичқириб йиғлаб юборди юзларини икки қўли орасига беркитиб. Унинг онасидан бошқа ҳеч кими йўқ эди. Ҳатто бу атрофда ўзи тенги ўртоғиям… Югуриб бориб қизини бағрига босди.
– Кетинг! – деди жон ҳолатда. – Қайтиб келманг!
– Қизим, қизим! – деб ёлворгудек бўлиб эмаклаб ёнига борди у.
– Алдаманг, – деди қизи ҳам йиғламсираб.
– Мен сени яхши кўраман.
– Ёлғон гапиряпсиз. Мени отам ёмонларни ҳайдагани кетган. Оқ отда келади, – деди хиққиллаб.
У индамади. Аноргулга қаради. Туриб ташқарига отилди. Орқасидан чиқолмади. Кетишини хоҳламасди. Бошқа чораси ҳам йўқ эди. Неча йил кутганди бу кунларни.
– Қайта қолинг бегим, – дея олди холос пичирлаб ортидан.
Бу сўзларни эшитмагани аниқ эди.
* * *
Калласида оқ от. Қаёқдан топади уни? Бунақаси фақат беклардагина бўлса. Худди ўшандек арғумоқни шаҳарга борганда кўрган. Аммо барибир излайди. Энди у қизини ўйларди. Катта бўлиб, ақлини таниб қолибди. Аноргул уни тушунар, аммо қизи-чи?.. Оиласига шундай қабул қилмаслигини англаб турипти. Ҳамма айб ўзида. Уларни ёлғиз ташлаб қўйди. Шу кўйи уч кун сандирақлаб юрди. Чўпонларнинг ўтовида тунади. Чора қидирди. Тоғнинг этагига бориб йилқибоқарга уюрдан бўз отини бериб туришни сўради.
– Синалмаган, ёввойи йўрға бўлса. Ҳали жиловланмаган ҳам, – деди йилқичи.
Барибир туриб олди. Отбоқарни авради. Кечаси билан қимиз ичиб, маст бўлишди. Унга дунёни ваъда қилди. Охири кўндирди. Уюрдан ажратишга бир кун вақт кетди. Жонивор асов эди. Уч-тўрт кун эгар, жабдуқ тақиб қўлга ўргатишди. Икки ҳафта ўтиб тонг саҳар яна Аноргулнинг ёнига борди. Отнинг пишқиришидан биринчи бўлиб ташқарига югургилаб қизи чиқди ва қувончдан осмонга сакрай бошлади.
– Отам келди оқ отда!.. Отам келди-ии! – деб бақирди ўзида йўқ хурсанд бўлиб.
Қизи у томон чопиб борди. Ота ўзини довюрак кўрсатмоқчи бўлиб, отнинг жиловини тортди. Жонивор ҳуркиб, депсинди ва қўққисдан кишнаб юборди. Олд оёқларини кўтариб, сакрай бошлади. Қизига шикаст етказиб қўйишдан қўрққан ота кутилмаганда мувозанатини йўқотди ва отга қаттиқ қамчи солди… От борган сари тезлашарди. У ортиқ эгарда ўзини тутолмай қолди. От бир сакраганида эгардан учиб кетди. Бутун вужудида оғриқ турди. Қимирлатса, ҳаммаёғига санчиқ кирарди. Ҳаммаси лаҳзада юз берди…
Бир маҳал йиғлаганча югургилаб Аноргул келди, ёнига чўккалади.
– Жоним, – дея инқиллади уни кўриб.
Аноргул нима қиларини билмай, иззиллаб қолди.
– Мени кечир… – деди у пичирлаб илтижо билан.
– Нега унақа дейсиз… – Аноргул қўллари билан оғзини тўсди. Унинг ортидан қоқилиб-суриниб қизи ҳам етиб келди.
– Отажон!.. – деди қучоғига отилиб.
У туришга ҳаракат қилди. Аммо бўлмади. Ичи эзилиб кетганга ўхшарди. Аноргул секин қизини тортди.
– Қўй, дийдорига тўяй!.. – деди ялиниб. Қизи жажжи бармоқлари билан юзини силади.
– Худди ўзинг, Анор?.. – деди у қизини эркалаб.
Хотини жавоб бермади.
– Нега шу пайтгача жимгина юрдинг, а? Оти нима?.. – деб сўради ҳолсизланиб. Кўзи юмилиб кета бошлади. Бошига оғриқ кирди. Осмон чирпирак бўлиб айланаётгандек туюлди. Назарида худди баландликдан қулаётганга ўхшади. Жангда ҳам бунақа аҳволга тушмаганди. Аноргулнинг қўлларига маҳкам тирмашди.
– Мени қўйворма, Анор. Қизимни бир бағримга босай… – деди хириллаб. У ўзининг абгор аҳволидан ўзи уялиб, кўзини «чирт» юмиб олди.
– Кўзингизни очинг!.. Туринг, туринг! – деди қизи отасининг бўйнидан қучоқлаб.
Энди унга барибир эди. Ниятига етди. Қизини бир лаҳза бўлса ҳам меҳр билан бағрига босди-ку! Душман қўлида ўлгандан кўра, мана шу ерда жони узилгани дуруст. У ҳушидан кетди. Ўзини осмонда учаётгандек ҳис қилди. Булутлар билан бирга сузаётгандек эди гўё. Сўфитўрғай овози эшитилди.
Алаҳсирай бошлади. Кўзига Аноргул кўринди. Юм-юм йиғлаяпти. Ие, нима бўлдийкан?! Уни йўқотиб қўйганди-ку! Кулгиси қистади. Аноргул билан бирга экан. Ёнида қизи. Унинг исмини билмайди, холос. Нега Аноргул айтмади?..
* * *
– Ифор!.. Қизингизнинг оти Ифор! – дея пичирлади Аноргул такрор-такрор.
У эшитмагандек бўлди. Гаплари қулоғига кирдимикан?.. Нима қилса экан?.. Атрофга олазарак боқди. Бирон зот йўқ. Сўфитўрғай бир жойда турганча сайраяпти. Шамол суриб кетади, у яна жойига келади. Бу ҳол қайта-қайта такрорланади.
Шу маҳал узоқдан тоғасининг қораси кўринди. Халлослаб етиб келди.
– Айтдим-а, булар жимиб кетди, деб! – қичқирди у. – Қимирлатма! Бели синганга ўхшайди. Ҳозир аравани қўшиб келаман.
Тоғаси югургилаганча қайтиб кетди. Бироздан кейин арава билан келди. Уни эҳтиётлаб аравага олишди. От жойидан қўзғалди.
– Ишқилиб, мен ўйлагандек бўлмасин-да. Одам бўлиши қийин унда, – деди йўлда бора туриб тоғаси. Бирпасдан сўнг: – Ўзи одаммиди?.. Ҳайвоннинг ўзгинаси, – деб ғудраниб қўшиб қўйди.
Аноргулнинг ҳуши ўзида эмасди. Ҳамма нарса жонсиз, рангсиздек кўринарди кўзига. Араванинг ғижирлаган овози эшитилади, холос. От нимадандир ҳуркиб тўхтади. Орқага тисланди, тоғасининг қистови билан яна олға юрди. Охирги пайтларда қишлоқда турли миш-миш тарқалган, хуфялар бекнинг аскарларини қидиришаётганини айтишарди. Аммо ҳозир Аноргулга буям аҳамиятсиздек эди. Қизи эса нима бўлганини тушунмай ёнида борарди.
– Жони қаттиқ бунинг, – деди тоғаси. – Умринг азобда ўтадиган бўлди, жиян. Ўлиб қолмасин-да. Тағин товонига қолмайлик.
Аноргул индамади. Ўзини койий бошлади. Шунақа бўлишини ўзи хоҳлаганди-ку. «Бўйнинг узилсин» демаганмиди? Деганди! Худди шундай қарғаганди. Овоз чиқариб айтмаган бўлса ҳам, кўнглидан ўтказганди. Нега шундай деди-я?.. Қизи учун яшасин. Тирик етим бўлиб, отасини узоқ кутди. Етдим деганда, йиқилмасин яна.
– Ўзинг ёрдам бер, Тангрим! – деди пичирлаб.
– Нима дейсан? – ортига ўгирилиб тўнғиллади тоғаси.
Аноргул оғиз очмади.
У жим, Ифордан кўз узмай борарди. Бўлиб ўтган воқеаларга ўзини айбдор, деб ҳис қиляпти чоғи.
Тоғаси қаттиқ-қаттиқ гапирсаям, барибир яхши одам. Уни ҳакимларга яхшилаб қаратди, муолажа қилдирди. Сўнг уйига қайтариб олиб келди. Туни билан қизи иккови ёнида ўтириб чиқишди. Ташқарида ёмғир шаррос қуярди. Гупиллаб тупроқ ҳиди келади. Ҳа демай ёз киради, пишиқчилик бошланади. Кузгача тузалиб кетади. Қизи учун парваришлайди. Анор пишса, сувини сиқиб ичиради. Минг дардга даво дейишган-ку. Оёққа турғазади ҳали.
Ифор ухлаб қолди. Тонгга яқин ўзининг ҳам кўзи илинибди. Туш кўрибди. Анорзормиш. Анорлар қийғос гуллабди. Ҳаммаёқ қип-қизил. Иккалови бир-бирини қувалашиб юришибди. Бирданига оёқ остидан тубсиз жарлик чиқибди-ю, улар қулай бошлашибди. Қандайдир куч Аноргулни тутиб қолибди. «Аноргул!» ҳайқириқ келибди қоронғулик қаъридан.
– Мадрим ака!.. – деб чўчиб уйғониб кетди.
Қизи отасининг тепасида жимгина термулиб ўтирибди. Кўзларидан мил-милт ёш оқяпти.
– Отам мени чақирди, – деди қизи йиғламсираб.
Шу маҳал эрига ҳам жон кирди. Лаблари қимирлади. Шошиб пешонасига қўлини қўяётганда:
– Ифф…фор, – деди пичирлаб.
Бу тақдирнинг инояти эди.
Деразадан қуёш нурлари тушди. Яна умидвор кун бошланди. Ифор хурсанд бўладиган бўлди.
* * *
Мадрим олти ой деганда оёққа туриб, яна қора тўқайга қайтди. Бўртоғ этакларида қўним топди. Бекнинг қазоси еткач, ўрнига бек бўлди. Узоққа кетмади, атрофда юриб ўзининг қишлоғини хавф-хатардан ҳимоя қилди. Аноргул Ифорни тарбиялади.
Чеккатошлоқнинг тугаши – Яйдоқнинг бошланишида қабристони бор. Ҳозир улар ўша жойда. Ҳали ҳануз аҳён-аҳён қилинган хиргойилар ўтган кунларни эслатиб туради.
Мадрим кетди Бўртоққа,
Қачон қайтар бу ёққа?
Шамол увиллаб қочди,
Анор гулларин сочди.
“Sado” газетасининг 2014 йил 24 апрель ва 1,8 май сонларида чоп этилган