Муқаддима
Узоқ-узоқларга ясланиб кетган уммон қора тортиб кетганиданми, ётоғига бош қўяётган қуёшнинг уфқдан соҳилгача ажиб қизғиш олов йўлаги янада ёрқинроқ кўринади. Негадир мағриб осмонини узуқ-узуқ қора булутлар эгаллаб олган. Авваллари қуёш ва қора булутлар бунчалик бир-бирларига яқин келмагандек туюлади кишига. Яна одамни тонг қолдириб, соҳилга аввал бир-икки томчи ёмғир томчилаган бўлса, кейин шаррос ёғиб юборди. Табиат илмининг пухта билимдони бундан роса таажжубга тушиши аниқ. Аммо, равондаги тўгарак стол атрофидаги ўта расмий кийинган кишиларни борлиқнинг бу ажиб ва сирли иши ҳеч ҳам қизиқтирмайди. Қора костюм-шимли, олачипор бўйинбоғли йигит ўнг қўлига тақилган, ҳар бир рақами қаршисига майда жавоҳир қадалган соатига кўз ташлаб, қаршисидаги қалин ҳисоботга нигоҳини қадади. Муқовадаги ҳар бир сўз ёд бўлиб кетган бўлсада қайтадан ўқишга тушди. Унинг ёнидагилар эса бир-бирлари билан гаплашишарди. Ниҳоят, равоннинг бинога элтадиган йўлагида ногиронлар аравачасидаги костюм-шимли, қотмадан келган қария кўринди. Бақбақаси қуруқ ҳалтадек бўйинбоқ тугунчаси устига осилиб қолган, кўзлари косасидан ирғиб кетадигандек. Аравача равонга ғилдириб кириб келди. Қария ўз жойида – тўрда аравачасини тўхтатгач, йиғилганларни бирма-бир назаридан ўтказиб олди.
-Бу сафар менга янги нарсалар олиб келгансизлар, деб ўйлайман, – қария ўзини жилмайишга мажбур этди. Зўрма-зўраки жилмайганидан юзида тиришлар яна кўпайиб, оғриқдан азоб чекаётган кишига ўхшаб қолди. Унга яхшилаб разм солинганда жилмайиш ёки кулиш бу одамга умуман ярашмаслиги хаёлга келарди.
-Янги нарсалар доим сиздан чиққан, -ҳали ҳам тик турган олачипор бўйинбоқли йигит деди.
-Анъанамизга бу сафар ҳам давом эттирамиз унда. Муддаога ўта қолайлик, кириш қисмидан чекиниб.
Қария шилпиқ кўзларини бир нуқтага қадаб, жим бўлиб қолди.
-Бу дунёнинг ҳариталари ҳар куни чизилаяпти, чегаралар ҳар дақиқа ўзгараяпти, -хаёлларидан туйқус бош кўтариб деди қария. –Янги-янги уруш усулларини ўйлаб топишаяпти. Одамизотни унча-мунча нарса билан қолипга солиш энди имконсиз. Уларни ҳар қанча назорат этмайлик, ижтимоий тармоқлардаги ҳаётларини кузатиб, маълумотлар йиғмайлик, барибир одам боласи ўз моҳияти билан қолаверади. Режалар тузилади, ишлаб чиқилади, аммо тан олиш керак, қандайдир куч барибир ҳаётни ўз табиий оқимига солиб юбораверади. Гўё, азалдан шундай бўлган, интиҳо қадар шундай қолажак…
Ўтирганлар унинг ноодатий сўзларидан ажабланишиб, бир-бирлари билан кўз уриштириб олишди. Унинг гаплари осийнинг тазаррусига ўхшарди.
-Узр, мавзудан чалғиб кетдим, – у нигоҳини столдан узиб, ўтирганларни қайтадан назаридан ўтказди. –Лойиҳанинг назарий қисми якунланди. Энди иккинчи қисми, айтишим мумкинки, асосий қисми қолди. Россиядаги нишонимиз ишни бошлайди. Унинг жиноий тузилмалар орасида анча обрўли, таъсир доираси катта. Режалаштирганимиздек – афғонлар билан ишни бошлайди.
Қария нигоҳини олачипор бўйинбоқли йигитда тўхтатди.
-Анави алоқамиз эса лойиҳамизни тегишли шахсларга етказади, – у қўйнидан ялтироқ диск олиб, стол устига қўйди. Лойиҳа ғояси муаллифи бўла қолсин. Ишга киришаверсин.
-Хўп бўлади, жаноб, -деди олачипор бўйинбоқли йигит.
-Уни қўриқланглар, бизга охиригача керак бўлади.
-Яхши, жаноб.
-Бир нарса эсимга тушаверади, -қария негадир кўзларини юмиб олди. –Шантранж тахтаси устидаги ўйин. Тошларни керакли катакларга қўйсак бўлди, деб ўйлаганлар янглишади. Мен ҳаёлимда кўп шантранж ўйнайман, жуда кўп. Кўзимни юмдим дегунча тошлар кўриниб кетаверади. Ўйинларимда шоҳларни ўз пиёдалари ва сипоҳлари билан мот қилавераман. Жуда ғалати эмасми? Лойиҳамиз ҳам шундай – шоҳлар ўз аъёнлари томонидан мавҳ этилади. Антишантранж! Назаримда шундай ўйин усулларининг вақти келди.
Ёмғир кучайишда давом этарди. Дераза ромлари, эшикларга худди челаклаб сув урилаётгандек эди.
-Антишантранж… – ўйчан, ўзига ўзи гапиргандек деди қария. –Баъзида бу ўйиннинг ҳам қонун-қоидалари йўқдек кўринади. Бунда томонларнинг ўзи йўқ, худди соялар жанги!..
БИРИНЧИ ҚИСМ
Ўргимчак тўри
1
Ўргимчак тўри. Ғалати манзара. Тўр марказида қоп-қора ўргимчак. Қайсидир китобда ўқиганди – ўргимчаклар тўр четида ўлжасини кутиб ўтиради. Бирор майда ҳашарот тўрга тушиши билан яширинган жойидан чиқадида ўлжасига яқинлашади. Уни мустаҳкам ва пишиқ иплари билан ўраб-чандиб ташлагач, бечора ҳашаротнинг вужудига заҳарини юборади. Лекин бунисичи?! Ўлжа бўлмаса ҳам тўрнинг ўртасида. Шунда… ўргимчак катталаша бошлабди. Росмана уй билан тенг бўлибдида унга қараб, вишиллабдимией, пишқирибдимией, фарқига боролмади. Ажабо, унинг кўзлари ҳам кўп эмиш. Бир, икки, уч… олти… Ажабланганича унга тикилиб қолибди. Туйқус, қаршисида ўргимчак турганини англаб, ортига тисарилибди. Ўргимчак эса уни таъқиб эта бошлабди. Улкан тўрини ғалати силкитганича у томон бостириб кела бошлабди. Ўргимчак унинг ёнига келибди. Танасини қоплаган майда, ништардек туклари юзига тегай-тегай дермиш. Ўргимчакнинг ғалати товушлар чиқариб нафас олиши ҳам эшитилармиш. У оғзини очиб, заҳарли… тишларини яланғочлабди. Ҳанжардек совуқ тишлар унга яқинлаша бошлабди…
Бобур уйғониб кетганида авзойи бадани тердан жиққа хўл эди. Устидаги юпқа адёлни олиб ташлаб, ўрнидан турди. “Нега бунақа туш кўрдим?!”,- ҳайрон бўлди у. “Ўргимчак?”. Бир муддат ўйланиб тургач, ювиниш хонасига чиқди. Муздек сувга ювиндию миясига ўрнашиб қолган ўргимчакдан асар ҳам қолмади.
Ошхонага чиқмоқчи бўлганида ётоқхонадан телефони жиринглаб қолди. У дарров ётоқхонага қайтиб, телефонини қўлига олди. Телефон экранидаги ёниб турган ёзувни кўриб, ажабланди. Дарров яшил тугмачани босиб, қулоғига тутди.
-Ассалому алайкум, ўртоқ полковник.
-Ваалайкум ассалом, Эркинов, – овоз соҳибининг кайфияти яхши эканлиги сезилиб турарди. –Эрталабдан безовта қилишимни кутмаганмидинг?
-Тўғрисини айтсам, йўқ, ўртоқ полковник, – деди Бобур.
-Тўғри гапиришинг доим менга ёққан, Эркинов! Менга қара, соат ўнларга вақтинг қанақа? Маслаҳатли иш бор эди.
-Вақт топаман, ўртоқ полковник. Қаерда учрашамиз?
-Ҳар доимги жойда, Эркинов. Демак, соат ўнда сени кутаман.
-Худди шундай, ўртоқ полковник.
-Яхши, унда учрашгунча.
Бобур телефонни ўчириб, диванга ўтирди. Полковникнинг эрта тонгдан безовта қилишига қараганда ўта муҳим иш бор. Бўлмасам, кечроқ телефон қилиб, қилинадиган ишни айтиб ҳам қўяверарди. Кутилмаганда унинг ёдига тушидаги ўргимчак тушди. Бобурнинг ички туйғуси қандайдир жиддий иш уни кутаётганини айта бошлади.
У ўтираркан девордаги суратига қаради. Зобит кийимида, кўзлари беғубор, лабларида табассум зоҳир этган. Йигирма уч ёшда эди, сурат олинганида. Ўшанда у ҳали жуда ғўр, бу йўлдаги оқу–қорани билмасди. Бу йўлда у фақат турфа рангли тасвирларни кўраман, деб ўйлаганди. Лекин, ёши улғайиб, кўп нарсаларни тушуниб етди. Айниқса, тоғлардаги ўша машъум ҳарбий амалиётда яралангани, кўз ўнгида дўстларини йўқотганида бу шунчаки ўйин эмаслиги, биргина нотўғри қадам тубсиз ўпқонларга тортишини тушунди. Унинг танлаган йўли фақат ҳарбий полигонлардаги ҳарб амалиётларию тоғлардаги шартли нишонларни снайперлик винтовкасида уриб тушириш эмасди. Ўлим ва ҳаёт ўртасидаги шафқатсиз кураш эди.
Бобур ўрнидан туриб, ошхонага чиқди. Деразани очдию кўзлари яна сарғайишга тушган япроқларга тушди.
Мактабда ўқиб юрганида кимё ўқитувчиси тажриба кўрсатишга ваъда берганди. Ўшанда бутун синф футбол майдонига йиғилган, ўқитувчи ўртага шиша идишларни қўйиб олиб, тажриба ўтказганди. Суюқ моддага рух кукунлари ташланганида сарғиш–қизил тутун бурқсиб, кўкка ўрлаган, димоғи қўланса ҳидга тўлганди. Ҳар гал куз келиб, дов–дарахтлар сариққа ўранаётганида негадир ўша тажрибани эслайверарди. Гўё ўша сариқ тутун кўкка эмас, дарахтларга ўрлаб, чирмовуқдек тирмашиб, яшил япроқларда гард бўлиб ўтиради. Аммо, бу йилги куз бошқачароқ туюлди унга. Куз энди ўша тутуннинг қўланса ҳидини ҳам димоғига келтириб урди. Ётса ҳам, турса ҳам димоғида бадбўй бир нарса туриб қолгандек туюлаверади…
2
Кейинги вақтларда унинг қулоқлари остидами ёки ҳаёлидами қанақадир куй янграйверади. Олдинига карнайнинг гулдурак товуши. Кейин, сурнай товуши эшитилади. Сўнг, иккаласининг товуши омухталашиб, улуғвор бир куйга айланади. Худди саваш олдидан аскарларнинг руҳини кўтарадиган куй. Ҳар гал у янги–янги нарсаларни кашф этаверади бунда. Улуғворлик. Қудрат. Жанговарлик. Мағрурлик. Раҳматлик отасининг жойнамоз устида мағрур ўтириши ёдига тушаверади. Қариндош–уруғи ва яқинлари қўлларини дуога очишганда ўзини қандай қудратли ҳис этади. Ўша туйғу ана шу куйдан сўнг қалбида яна меҳмон бўлгандек. У бир вақтлар Искандар навбаси ҳақида ўқиганди. Аслзода асирлар ғолиб ҳоқон шарафига навба ижро этишаркан.
“Бу нима?”, – ўйга берилиб қоларди у. “Мен учун чалинаётган Искандар навбасими?..”. Шу ўй ҳаёлидан ўтардию мийиғида кулиб қўя қоларди. Аммо, кўнглида у уни яқин кунларда улуғ ишлар кутиб турганини сезарди. Қандайдир катта иш. Полковник Ёдгоров қўнғироғи тахминини тўғрилигини исботлагандек бўлди.
У дарров ювиниб, кийиндида аёли тайёрлаган нонуштага ҳам ҳафсала қилмай кўчага чиқиб кетди.
Чинорларнинг қуюқ соясидаги ўриндиқларда жуфт–жуфт ўтирган йигиту қизлар, болаларини сайрга олиб чиққан ёш оналарни демаганда хиёбон гавжум эмас. Хиёбон ўртасидан ўтган, тош плиталар ётқизилган кенг йўлакнинг икки четидаги ўриндиқларда шахмат сураётган одамларни ҳам кўриш мумкин. Бобур уларни оралаб ўтаркан, ҳайрон қоларди: одамлар ўйинга қандай вақт топишаркин?! Шундай ҳаёлда ўриндиқлар ёнидан ўтиб бораркан, таниш овоздан ўйлари бузилди:
–Эркинов!
У юришдан таққа тўхтаб қолди. Полковник Ёдгоров! Бобур овоз келган тарафга ўгирилдию ўриндиқда газета ўқиб ўтирган 50–55 ёшлардаги, тўладан келган, тепакал кишини кўрди. Унинг қаршисида доналари тартиб билан терилган шахмат тахтаси. Буни кўриб Бобур жилмайди.
–Ассалому алайкум, ўртоқ полковник!
–Ваалайкум ассалом, Эркинов, бормисан бу ёруғ оламда!?–полковник Ёдгоров ўрнидан турди.
–Борман, ўртоқ полковник.
–Ўзгармабсан, Эркинов! Худди кечагидексан!
Полковник Саид Ёдгоров бундан йигирма йиллар аввал бир вақтлар дунёни зир титратган КГБ нинг келажаги порлоқ ёш зобити эди. Аввал Москвада, сўнг Ленинградда хизмат қилди. Хизмат поғоналарида аста кўтарилиб бораётганида чоклари сўкилишга тайёр қизил империя парчаланди. Ёш зобит Ёдгоров бир муддат Россияда юрди, сўнг барибир юртига қайтиш кераклигини тушуниб, Тошкентга қайтди.
Бобур шахмат тахтасида бир текис сафланган доначаларга ишора қилиб, яна жилмайди.
–Ўртоқ полковник, ўзингизга қарши ўйин бошладингизми?
–Йўқ, Эркинов, принципларимни унутибсан, шекилли! Университетда мен бир муқояса қилардим, ёдингдами?
–Ёдимда, ўртоқ полковник. Демак, геополитика!
Бобур университетда таҳсил оларкан полковник Ёдгоров ҳафтада бир марта лекция ўқирди. Айниқса, геополитика кўп талабаларнинг севган фанлардан эди. Ёдгоров талабаларга бир масалани тушунтираркан столи устига доначалари териб қўйилган шахмат тахтасини қўйиб оларди. “Ҳурматли талабалар”, –дерди у. “Аслида бу бир ўйин, аммо ўйинни ким олиб боради, ўйинчилар! Ана шу ўйинчилар геополитикада… сиёсатдонлар дейилади. Шахмат доначалари эса… қани менга айтингларчи, ҳурматли талабалар, доначаларни рамзий равишда нима десак бўлади?”. Гавжум аудиториядаги талабалар бир–бирларига навбат бермай бирдек: “Одамлар! Одамлар!”, дейишар, Ёдгоров эса жилмайганича уларни кузатиб ўтирарди. “Фақат одамларми?”, –сўради Ёдгоров. “Ҳа! Ҳа, одамлар!”. Ёдгоров бошини сарак–сарак қилганди, ўшанда. Шунда, илк қаторларда ўтирган Бобур қўлини кўтариб, жавоб беришга рухсат сўраганди. “Марҳамат, эшитайликчи!”. Бобур жавоб берганди: “Устоз, агар шахмат тахтаси сиёсат майдони бўлса, унда доначалар нафақат жамият ва ундаги одамлар, балки…”, –Бобур бир муддатга сукут қилган, жим–жит бўлиб қолган аудиторияда пашша учса билингудек эди. “Нима экан?”, –унга саволомуз қараб турарди Ёдгоров. “Устоз, менимча доначалар булар сиёсатнинг моҳиятини белгиловчи манфаатлар, ёки… газ, нефть, фойдали қазилмалар…”. “Ёки, умумий қилиб айтадиган бўлсак, ўйинчи, яъни сиёсатдонга нима керак бўлса ўша!”, – “ёрдам” бергандек бўлганди Ёдгоров. “Тўғри!”, –деганди Бобур.
“Исмингиз нима?”, –сўраганди Ёдгоров.
“Бобур”.
“Сиз жуда тўғри жавобни айтдингиз, қойил қолмасдан иложим йўқ, Бобур!”.
Ўша кунги маъруза Бобурнинг дарров ҳаёлидан ўтди.
–Методларим ҳеч ёдингдан чиқмабди, Эркинов! Қани, ўтирайликчи.
Улар ўриндиққа ўтириб олишди.
-Исмингизнинг маъносини биласизми? –сўраганди ўша маърузада полковник, унинг куч ва шижоат ёғилиб турган бўй-бастини кўздан кечириб олиб.
-Биламан, -деганди у. – Йўлбарс, дегани.
-Тўғри, -аудиторияга юзланиб, давом этганди полковник Ёдгоров. –Бу исм соҳиби ўз номини тарихга ўчмас ҳарфларда битиб кетди. Зоҳириддин Муҳаммад Бобур! –сўнгги сўзларни чертиб-чертиб айтганди у. Геополитика ҳақидаги дастлабки маърузасини эмас, бошқа нарсалардан сўзлаб кетганди:
-Бундай аждодларнинг қони вужудимизда оқаётгани бизларнинг ким эканлигимиздан гувоҳлик беради. Бизга ортиқ таърифу-тавсифларнинг кераги йўқ, – у шундай дегач, Бобурга яна бир бор қараб қўйганди.
Ҳар бир маърузасида полковник албатта бирор бир тарихий сиймога тўхталиб ўтарди. Султон Маҳмуд Ғазнавий, Султон Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Зоҳириддин Муҳаммад Бобур… Алимқули амирилашкар, Мадаминбек… У миллий ғурур ҳақида кўп гапирарди. Буюк аждодларнинг насли буюк, буюкларнинг лафзи ҳам, амали ҳам буюк! –дегани Бобурнинг ҳеч эсидан чиқмасди.
–Хўш, аҳволларинг қалай, тузукмисан? –сўради полковник.
–Ёмон эмас, ўртоқ полковник, худога шукр! Таътилни мазмунли ўтказишга ҳаракат қилмоқдаман.
–Барибир университет талабаси бўлганинг билинади, Эркинов. Йигитлар менга мақолаларингни келтириб туришади. Ўқиб, бир маза қиламан, Эркинов. Шунақа гапларни қаердан оласан, а?
Бобур яна жилмайдию “билмайман”, дегандек елка қисиб қўйди.
–Илмий ишинг якунланиб қолдими?
–Қаёқда дейсиз, ўртоқ полковник. Танаффуслар кўпайиб кетаяпти.
–Танаффус?! Ҳа, дарвоқе, танаффус қилиб туриш керак, Эркинов. Шунда илмий ишлар анча баракали давом этади, нима дединг?
–Тўғри, ўртоқ полковник.
Бобур ўша машъум амалиётдан сўнг салкам тўрт йилга мажбурий таътилга чиқди. Аввалига ҳарбий госпиталда олти ойлар даволаниб, ўзига келгач, бўш ўтиришни лозим топмай, ўзи ўқиган университетга қайтди. Устозлари билан маслаҳатлашиб, кўнглига яқин мавзуни танлаб, илмий ишини бошлади. Энди у машҳур ойномаларда эълон қилинаётган илмий мақолаларни тўплар, ўқирди. Ўрганган кўнгил ўртаниб қўймас, дегандек барибир ишига қайтгиси келар, аммо жисмоний ҳолати тўлиқ тикланиб улгурмаганди. Ўтган йили уни полковник Ёдгоров чақиртириб, тиббий кўрикдан ўтказдирди. Вақти келса уни хизматга чақириш ваъдасини берди.
–Мен сенга яна танаффусга чиқиш таклифи билан келдим, –Бобурнинг ҳаёлларини бўлди полковник.
Бобурнинг юзи жиддий тортиб, сўради:
–Қанақа танаффус, ўртоқ полковник.
Ёдгоров лабларини чўччайтириб, ҳиёбонда гўдагини атак–чечак қилдираётган ёш онага қараб қолди.
–Наркотиклар транзити ҳақида эшитганмисан? –дабдурустдан сўраб қолди у.
–Республика ҳудуди орқалими?
Ёдгоров кўзларини она ва боладан узиб, Бобурга қараб, тасдиқ ишорасида бош ирғади.
–Фақат умумий гапларни, ўртоқ полковник.
–Ҳорижлик наркокорчалонлар Ўзбекистон орқали олтинчи транзит йўлини яратиш устида иш бошлаган. Уларнинг ким экани, нималарни режалаштираётганлари маълум, –шундай дегач, у негадир қора пиёдани олдинга чиқарди.
Қора пиёданинг олдинга чиқарилганини кўриб, Бобур жилмайди.
–Бу ўйинда қоралар биринчи бошлайдими? –сўради у.
–Ҳа, чунки бу ўйиннинг қонун–қоидалари йўқ, Эркинов!
–Тушунарли, –Бобур оқ пиёдани қора пиёда қаршисига қўйиб қўйди.
–Аммо, амалда юришни биз биринчи бошлаган бўламиз!
Ёдгоров кулиб, Бобурнинг элкасига қоқиб қўйди.
–Ҳали ҳам бутунсан, Эркинов!
–Сабоғингизни олганмиз, ўртоқ полковник!
Ёдгоров унга қараб, бош ирғаб қўйди. У Бобурни кўп йиллардан бери билар, нафақат унинг билими, балки садоқатига ҳам тан берарди. Ёдгоров собиқ Иттифоқ ҳарбий мактабларида саводини чиқарганидан бирор кишининг садоқати ёки ишончлилига таъриф бермоқчи бўлса “у билан разведкага бирга борса бўлади”, дерди. Унинг учун Бобур ҳам ана шундайлардан эди. Собиқ Иттифоқ тарқагач ҳам Ёдгоровнинг қўл остида кўплаб садоқатли ва ишончли йигитлар хизмат қилишди. Бирор ходими ортидан полковникнинг раҳбарлар қаршисида юзи шувут бўлгани йўқ.
–Сенга мен эмас, Ватан сабоқ берган, Эркинов.
–Ватаним омон бўлсин, ўртоқ полковник. Ватаним бор, мен борман! –Бобурнинг юзи жиддий тортди.
–Омон бўл, Эркинов. Сендақалар бор, Ватан кам бўлмайди!
–Қандай вазифа бор, ўртоқ полковник? –Бобур суҳбат мавзусини кескин ўзгартириб, мақсадга ўтиб қўя қолди.
–Маҳфий амалиётни бошлаймиз. Шартли номи: “Олтинчи коридор”. Шунда иштирок этасан, Эркинов.
–Маъқул, ўртоқ полковник. Ишни нимадан бошлашим керак?
–Ҳозирча маълумотлар билан танишиб турасан, –Ёдгоров ёнига ташлаб қўйган қалин жилдни олиб, унга узатди.
–Мендаги маълумотлар шунда, Эркинов. Уларни синчиклаб ўрган, таҳлил қил. Ишга киришганингда асқотади.
–Хўп, ўртоқ полковник.
–Шубҳам йўкки, миянгда аллақачон режалар тузила бошлаган, топдимми?
Бобур яна жилмайди.
–Шундай деса ҳам бўлаверади, ўртоқ полковник.
–Баракалла! Хўш, режангнинг бир учини очасанми? –сўради кулиб Ёдгоров.
Кутилмаганда Бобурнинг ёдига бу тонг кўрган туши тушди. Ўргимчак. Унинг ҳанжардек совуқ, ўткир тишлари. Ҳаммасидан ҳам таажжубланарлиси – тўр марказига туриб олгани.
–Ўргимчак… тўри! –деди у ўзига–ўзи гапиргандек.
Ёдгоров унга саволомуз қараб қолди.
–Ўргимчак тўри марказига бориши учун аввал тўрнинг бир ипини топиш керак. Кейин марказга боришимиз осонроқ.
–Мантиқ бор, Эркинов!
–Ўртоқ полковник, ахир ўзингиз айтардингиз, аввал мантиқ, кейин фалсафа!
–Тўғри, Эркинов. Мантиқсиз фалсафа эса, сафсата!
Ёдгоров шахмат тахтасига бир муддатга тикилиб тургач, Бобурга юзланди.
–Ҳозирча сенга айтадиганларим шулар. Сенга берган маълумотларим билан танишиб бўлганингдан кейин яна бафуржа маслаҳатлашамиз.
–Яхши, ўртоқ полковник.
Полковник Ёдгоров ўрнидан туриб, қўлини узатди. Бобур унинг узатилган йўлини сиқиб қўйгач, ҳайрлашишди.