Озод Мўъмин Хўжа. Хўжа Муҳаммад Паррон

“Ҳазрат Хўжа Муҳаммад Парроннинг
қабрлари Бухородаги Тоқи Телпак
фурушон остидадир.Бу зоти шариф
миршабларнинг пирлари бўлган.”
“Икки юз етмиш етти пир”
С.Салим Бухорий

* * *

Бир пайтлар мен Ватанимиз тарихини ўрганиб, унинг ўтмишдаги буюк кишилари ҳақида қизиқиб маълумотлар тўплаб юрар эдим. Шундай кунларнинг бирида савол уйғонди: “Нега Ўзбекистоннинг – жуда кўп азиз-авлиёлар ўтган диёрнинг – адабиётида шундай улуғ зотларга бағишланган бадиий асарлар йўқ. Агар бу улуғ кимсалар бошқа мамлакатларда, масалан, Европада, яшаган бўлганларида, улар ҳақида китоблар ёзилган, фильмлар ишланган, бутун дунёга мана бизнинг аждодларни кўриб қўйинг, деб жар солинган, хуллас, бу зотларнинг шахси қанчалар улуғланган бўларди…”, деб ўйладим. Ва шу йўналишда ҳам ижод қилишга жаҳд қилдим.
Биз ўзимизнинг буюк аждодларимизнинг номлари-ни, ҳаётларини ва қандай ишлар қилганликларини билиши-миз хамда бутун жаҳонга маълум қилишимиз керак.
Қўлингиздаги тарихий қисса менинг бу йўлдаги иккинчи қадамимдир.
Муаллиф.

* * *

Ўн бешинчи аср охирлари.

Шу даврда Моворауннаҳрга шимол тарафдан Муҳаммад Шайбоний бошчилигидаги, ўзбеклар деб ном олган жанговар туркий халқ қўшинлари бостириб кирдилар. Бу саркарда, Чингизхоннинг тўнғич ўғли бўлмиш Жўчи авлоди, Сибирь, Олтой ўлкаси ва Дашти қипчоқ (яъни, ҳозирги Қозоқистоннинг шимолий қисми, ҳозирги Россиянинг жануби ва Украина ерлари) ҳукмдори, тарихда катта из қолдирган Абулхайрхоннинг набираси эди.
Ўн олтинчи асрнинг бошларида Муҳаммад Шайбоний Моворауннаҳрни тўлиқ забт этди. Ўзбеклар Туронзаминга кириб, ҳукмронлик қила бошлаганликлари учун, бу юртда истиқомат қилувчи ва туркий тилда сўзлашувчи барча бошқа халқлар ҳам шу даврдан бошлаб уларнинг номларини олдилар. Яъни, минг-минг йиллардан бери шу ўлкада ўз уруғлари номлари билан яшаб, умумий равишда турк ёхуд туркий деб аталувчи инсонлар ягона номга – ўзбек атамасига эга бўлдилар. Бу илк бор ташкил топган Ўзбеклар империяси эди.
Муҳаммад Шайбоний жангу жадалларда ҳалок этилгандан сўнг, тахтга унинг жияни, укаси Маҳмуд Султоннинг фарзанди, кучли шахс сифатида шаклланган Убайдуллахон чиқди. 1539 йилда у вафот этди. Ворислар ҳукмронликни эплай олмай Буюк Ўзбеклар империясида парокандалик вужудга келтирдилар. Натижада, табиийки, ушбу бой ва жаннатмакон юрт тахти учун қирғинбарот жанглар бошланди.
Ниҳоят, 1557 йилда, Абулхайрхоннинг бошқа бир авлоди – Абдуллахон II бутун Буюк Ўзбеклар империясини ўз измига бўйсундирди. Ушбу катта давлатга қуйидаги юртлар кирган эдилар: Моворауннаҳр, Тошкент воҳаси, Фарғона водийси, Бадахшон, Хоразм, Хуросон ўлкалари, Сайрам, Балх, Хисор, Ҳирот ва Қобул атрофлари.
Абдуллахон II ўз давлатининг равнақи учун катта ҳаракатлар қилди. Янги олтин ва кумуш тангалар зарб этдирди. Деҳқончилик ривожланиши учун ариқлар ва анҳорлар қаздирди. Ички ва ташқи савдо шарт-шароитларини тартибга солди. Шулар билан бир қаторда, ҳунармандчиликка ҳам катта йўл очди, янги-янги бозорлар, расталар ташкил этди.
Хусусан, пойтахт сифатида танланган шаҳар – Бухорода гумбазли кўча-бозорлар қурдирди. Жумладан, дўппифуруш-лар, телпакчилар, заргарлар, саррофлар у ерларда савдо қилишган. Бу жойлар тоқи заргарон, тоқи телпакон, тоқи саррофон каби аталганлар.

* * *

Бу гумбазли кўча-бозор ҳозирги пайт – йигирма биринчи асрда ҳам мавжуд. Мабодо, Бухорога бориб қолсангиз, Баҳоуддин Нақшбанд кўчаси бўйлаб, Лаби Ҳовузнинг ўнг томонидан юқорига қараб юринг. Чамаси эллик-юз қадамлар ташласангиз, айтилган савдо расталарига дуч келасиз. Ва ўзига хос, Ўзбекистондаги ҳеч бир шаҳарда йўқ усти ёпиқ кўча-бозор манзарасини кузатасиз.
Мен, илк бор, ана шу ерда “Хўжа Муҳаммад Паррон” билан учрашганман.

* * *

2002 йил 16 февраль.

Шу куни хизмат сафари билан Бухоро томон йўлга тушдим.
Шариф шаҳарга ундаганлар маслаҳат беришди: ўз машинангизда борганингиз маъқул, чунки сизга керакли корхона ва ташкилотлар тарқоқ жойлашган, шахсий транспорт ишларни тез битиши учун қулай бўлади.
Мен, ўша пайтларда менга ёрдам бериб юрган бир йигитни – Ботир Исамухамедовни олиб, тонг отмасдан азим шаҳарни тарк этдим. Уч соатга етар-етмас йўл юриб Самарқандга келдим. Бу қадимий масканда бизнесҳамкорим Давлат Турсунов бизга қўшилди ва машина моторини қайта юргиздим.
Мўлжалимизнинг биринчи пункти, Бухородан ўн километрча берида жойлашган – Когон шаҳарчасига кириб келганимизда хали пешин бўлмаганди. Озроқ дам олгач, тушлик қилдик. Сўнг, бу ерда учрашишимиз лозим бўлган ташкилот раҳбари билан музокара ўтказдик. Асосий масалаларни эртага ҳал этишга келишиб – шароит шуни тақазо қилди, бориб меҳмонхонага жойлашдик. Юкларимизни у ерга қўйдик ва Бухоронинг қадимий қисми билан танишишга кетдик.
Чунки, биринчидан – мен илгарилари келганимда барча тарихий жойларни тўлиқ айланиб улгурмагандим, иккинчидан – ёрдамчим бу шаҳарга умуман келмаганди. Шариф масканни яхши биладиган Давлат Турсунов машинани Лаби Ҳовуз олдига қўйдирди. У ёғига пиёда айланадиган бўлдик.
Биз, қадимий кўчалар бўйлаб қадам ташлар эканмиз, икки шеригимни билмадим-у, менга, қандайдир кўзга кўринмас нурлар қалбимга тушаётгандек туюларди. Табиатим шундайки, жони-дилим – тарихни ўрганиш.
Ўз ўтмишини тўлиқ билмаган ҳалқ – буюк ҳалқ эмас!
Ўз бобокалонлари ҳаёти билан қизиқмаган инсоннинг, фақат инстинктлар асосида яшовчи ҳайвондан нима фарқи бор?
Инглиз файласуфи Френсис Байрон айтганки, сиз қадимий йўлларга қаранг – уларнинг қайси бири тўғри ва текис бўлса, ўшандан юринг!
Улуғ ёзувчимиз Абдулла Қодирий эса, мозийга қараб иш кўрмоқ хайрлидир, деган.
Мен умримнинг ўн беш йилини физика фанини ривожлантиришга бағишлаганман. Бу соҳада мен маълум муваффақиятларга эришган, билим ва мушоҳада доирамни анча кенгайтирган бўлсам-да, бу аниқ фанга юрагим жиз этмади. Вақт келиб, мени ижод, фалсафа, тарих ва бизнес ўз комига тортди.
Мана, ҳозир Бухоронинг қадимий кўчаларидан юриб борар эканман, дилим яйрарди. Ажиб ўй-ҳаёллар мени чулғар экан, уччаламиз усти гумбазли қатор расталар олдидан чиқиб қолдик. Бу ерда сотувга қўйилган моллар, асосан, чет эллик туристларга ва бошқа шаҳардан келган меҳмонларга мўлжалланган экан: сопол идишлар, гиламчалар, турли тақинчоқлар ва зардўзи-ю атлас кийимлар. Уларни томоша қилиб, аста юрар эканмиз, мен ёнимизда ёрдамчимнинг йўқлигини сезиб қолдим. Ортимга қарасам, у тўхтаганча бир нуқтага тикилиб қараб турибди. Оҳиста унга яқинлашдим. Ва кўзим шу расталарнинг бир бурчида пишиқ ғиштдан ишланган қабрга тушди. Унга ёпиштирилган мармар тахтачага ёзиб қўйилганди: “Хўжа Ахмати Паррон”.
Олдига келганимни пайқаб у менга ўгирилди ва жилмайди.
– Бирор авлиёнинг қабри эканми? – сўрадим мен.
– Ҳа, — жавоб берди у.
Мен қабрнинг ёнгинасида ўтириб ўз молларини сотиб ўтирган одамлардан сўрадим:
– Бу зот қандай инсон бўлганлар?
Уларнинг бири – аёл киши дарҳол жавоб қилди.
– Жуда кароматлари кучли бўлган! Ёмон кимсаларни ўзларининг бир нафаслари билан учириб юборганлар! Шунинг учун, бу авлиёни “Паррон” деб аташган.
– Паррон – учириб юборувчими? – сўради Ботир.
Олдимизга яқинлашган Давлат сўз қотди:
– Ҳа, шу маънони англатади.
Шундан сўнг, биз тарихий жойларни томоша қилишни давом этдирдик.
Мен шунда, илк бор, тарихимизда Хўжа Аҳмад Паррон деб аталмиш авлиё ўтганини билгандим.

* * *

2006 йил 19 сентябрь.

Қарийб тўрт ярим йил ўтгач, яъни 2006 йилнинг 19 сентябри куни, иккинчи марта худди шу жойга келдим.
Бухорога бу галги сафаримнинг сабаби – Ҳазрат Саид Амир Кулол ҳақида асар ёзиш учун маълумот йиғиш эди. Худди шу куни эрта тонг шариф шаҳарга етиб келгач, Ёзувчилар уюшмасининг Бухоро бўлими раҳбари, шоир Тошпўлат Аҳмад ёрдамида Лаби Ҳовуз ёнидаги хусусий меҳмонхонага жойлашдим. Сўнг мўлжалимдаги ишларни амалга оширдим.
Кечки пайт, мезбон хонадонга қайтдим-да, Хўжа Аҳмад Парронни зиёрат қилай деб, ўша, Абдуллахон II даврида қурилган гумбазли кўча-бозор сари йўл олдим.
Чунки, шунча вақт мобайнида мен у зотни эсимдан чиқармагандим. Дуолар ўқиганимда, ҳосил бўлган савоблардан ушбу авлиё руҳига ҳам бахшида қилиб турардим. Очиғини айтаман, менда тарихда ўтган авлиёлар ҳаётига, уларнинг кароматларига ва атроф-муҳитга ўтказган таъсирларини билишга қизиқиш жуда катта. Шунинг учун, ўлкамизнинг қай чеккасига бормай, у ерларда қандай машойихлар ўтган – ўтмаганлигини суриштираман. Ва уларни албатта зиёрат қиламан.
Гумбаз-бозорга киришим билан чап қўл томонда таниш, пишиқ ғишт билан қопланган қабрга кўзим тушди. Фақат ундаги исми-шариф ёзилган мармар тахтача ўзгартирилганди. Эскиси олиб ташланиб, янгисига араб алифбосида “Хўжа Муҳаммад Паррон” деган ёзув битилганди. Авлиёнинг исмини нега ўзгартиришибди, деб хайрон бўлдим. Шу ердан тўрт-беш қадам нарида мўъжаз хонтахта қўйиб, унинг устига турли сувенир маҳсулотлар териб, сотаётган истараси иссиқ, эллик ёшлар атрофидаги кишига кўзим тушди. Ва бу инсонга яқинлашиб савол бердим.
– Тақсир! Кечирасиз, сиздан бир нарса сўрасам майлими?
– Бемалол, қулоғим сизда! – деган жавобни эшитгач, хайронлигимни билдирдим.
У киши тушунтирди.
– Шаҳримиз тарихчилари аниқлашди. Бу авлиёнинг асл исми Муҳаммад бўлган экан.
– Раҳмат, маълумотларингиз учун. Яна бир нарсани сўрамоқчи эдим: Хўжа Муҳаммад Паррон нафаслари билан ёмон кимсаларни пирпирак қилиб учириш қудратига эга бўлганмилар?
– Ҳа, шундай дейишади. Бу гап бекорга чиқмаган бўлса керак.
– Тақсир, ўзингизнинг исми-шарифингиз нима? Менинг бу нарсаларга қизиқаётганимдан хайрон бўлманг, чунки ёзувчиман, номим – Озод Мўъмин.
– Хурсандман, сиз билан танишганимдан. Лекин, исмингизни эшитмаганман.
– Бу табиий. Чунки, асли олим бўлганман ва ижодим сермаҳсул эмас. Илгари фантастика ёзардим. Ҳозир криминал ва тарихий асарлар битаяпман. Ўзингизнинг номингиз нима?
– Исмим – Абдусамад Саидов. Ёзувчи экансиз, сизга жуда кўп нарсаларни айтиб беришим мумкин.
– Зўр бўларди! – дедим мен ва хитоб қилдим, — Бу маълумотларни қаердан билишингизни ҳам айтинг!
– Ёшлик чоғимда Қосимжон ота деган кишидан эшитганман, – деди Абдусамад ака ва менга бир қанча маълумотлар берди.

* * *

Мен энди қизиқарли тарихий воқеаларни бошлайман. Диққат билан ўқинг. Ва бу маълумотларни онгингизга мустаҳкам жойланг – чунки, сиз ушбу асар билан танишаётган экансиз, фақат яхши ейиш, яхши кийиш, яхши машина миниш, яхши уй қуришни ўйлайдиган ва бу билан мақтанишни истайдиган, ўзининг дунёқарашининг ўта торлигини ҳис қилмай, инстинктлар асосида яшайверадиган, чўнтагида пули бор-у, ўзи ғирт авом одамсифатлар қавмига эмас, онгли ва олий инсон зотига мансуб кишисиз.
Мен тарихни жонлантиришдан аввал сизни огоҳлантириб қўяй: бу асар Абдусамад акадан эшитганларим, хамда бошқа жойлардан йиғилган маълумотлар асосида жамлаб, бир бутун қилиб, бадиийлаштириб ёзилди.

Китобнинг тўлик версиясини сақлаб олинг