Баҳодир Қобул. Тановор (ҳикоя)

1-дафтар

Иссиқ-совуқнинг дамини, тўртта ёмғирнинг намини, бир парча булутнинг ғамини кўтаролмай, бўлар-бўлмасга ҳовлиқиб, ҳишмаланиб, оғзи кўпириб келадиган довдир сел Аймоқ қалъасида Македония подшоси Файлакуснинг ўғли Искандардан қолган манжаниқнинг бутини айириб қўйнига солгандаям, Чингизхон Сартюзи қўрғонига узунасига экиб кетган учи айри сихнайзаларни тун қоронғусида занг-панги билан кураклари орасига қарсиллатиб қадагандаям, Қутайба Новқа Ота чиннихонаси кўксини чил-чил қилиб, исқотига тортилган чироқ синиқларини сидириб, куппа-кундуз кўзларига қуйгандаям бунчалик хўрланмаганди…
Ойқору Шунқор тоғларининг қишин-ёзин қиличдай ялтираб турадиган қорларининг оёқ учларидан бош­лаб ўрмалайдиган булоқлар жилғага, саноғига биров етмаган жилғалар сойларга, Каттасою Жум жумсойлар Санглоғу Кўкжарга бўй берадилар. Кўкжару Санглоқ Сангзорга дўнишини, шаҳар кўрган Сангзор ранги синиб, қучоқ етмас бели қилдай бўлиб, бир аҳволда Қили отини олишини, кейин Арнасой, Тузкон, Айдаркўл оралаб Сирдарёга, Сирдарёдан булутга кўчишини, булут осмонларни айланиб-айланиб қор бўлишини, яна келиб Ойқору Шунқорга тўдаланиши, тоғларга сингиши, арчазорларни яйратиши, булоқ бўлиб кўз очиши, жилға бўлиб тил чиқариб чулдираши, Санглоқда тошлар билан қучоқлашиб қўшиқ айтиши, Кўкжарда қизларга қўшилиб, бўрвакларига ёпишиб чопиши, Сангзорга келиб этакларини йиғиштириб, эрта-индин келин бўладиган бўйсиралардек малоҳат билан юришини, азалий ҳаёти шундай кечгани, ўйин-кулги билан ўтганини туш кўргандай бўлади. Ёр Яйлоқ ўтакасини ёриб келган тулпорлар хилват қирғоқда лабига лаб босишини, не бир баҳодирлар юзларини ювиб, одам зотига айтмаган тушларини у билан сирлашганини ёдга олганда, юраги ўйнаб, димоғи чоғ бўлади. Қучоғига қайноқ тўшини урган яланғоч-яйдоқ айғирларнинг елкасига осилиб, суйкаланиб, бўйниларидан эркаланиб ошганлари, ёлларини ялаб-юлқаб тушганларини қўмсайди. Бир вақтлар Бобуршоҳ бирров қўнган, ўша даврлар отдоши бўлган, ҳозирда “Сукунат қўрғони” атоғлиқ тепаликка уғруқ қароси кўринармикан, деганча кўз тикиб ўтади.
Ҳадди сиғмаса-да, аҳён-аҳёнда, йўли ўнг келиб Туркқишлоқ оралаган селова севишганлар яширинган, пана топган, масти-мустариқ ризқ терган, машойихлар булутдай, қароқчилар қуюндек ўтган, жаҳонгирлар чонғи (от устидаги тезкор кенгаш) чақирган, девоналар давра солган, парилар парда осган, лўлилар капа тиккан, шаҳидлар чироқ ёққан, оёғи Каттасойда, боши Авлиё Отага етган Жаркўча шавкату савобини бўйнига мунчоқ қилганча, гарду гуноҳини ювиб Каттасойга солади. Каттасой Жаркўча оёғини ювганидан ўзида йўқ талтаяди. Хурсандлигини кўкси қалқиб ён-теваракка билдирган бўлади. Ўқотар ялангига, Ўртабаланд қирига, Дунётепага. Ёқалаган сариқтол, жийда, ёнғоқларга кўз-кўзлаган бўлади. Жийдалар шундоқ ҳам очилмаган кўзларини баттар юмиб, кўрмасликка оладилар. Сариқтол кўринганга сарғайганча елкаси қисилиб, ким нима деса оғзига қарайди. Ундан гап чиққандаям биров елкалаб, ўтин қилмаган. Кетмондастаям. Ушлови йўқ. Қадими ёнғоқ яшинлар билан олишаверганидан, чақмоқ уравериб каллакланган, баҳайбат чандиқлари узоқдан кўриниб турадиган муштига иягини тираганча, ҳаммасини кўрганлигини шамолга қўшилиб бошини хиёл хам қилганча билдирган бўлади.
Най нағмани тош билан ўйнаган тўлқинлардан, карнай довруқ солмоқни шарраклардан, доира зарб сеҳрини томчилардан, танбур нола тортмакни доманага юзини ургандаги сасдан, ғижжак оҳ урмакни ҳансираган ҳарсанг тошларни ўзаро гурунгидан илиб олганини билмаганга олиб, кулиб-кулиб хотирлайди. Не бир ёвни йўлига пишқириб чиққанча ғов бўлган кунларни ўпкаси тўлиб тиниқ эслайди. Удамали бўйлаб Балхга етиб, қуюқ жийдазор оралаганда бирдан шўхлиги тутади. Ёш демай, ёши ўтган демай мажнунтоллар сочини тортқилаб, юлқилаб ўйнайди. Нуширавон, Кўчмаариқ, Мулкиушр ёқалаб ўйноқлайди. Совуқбулоқ билан учрашганда сунбулалар йўлдан уради. Сунбул исига бурканиб, сунбулга қўшилиб сумбулаланади. Бир исга, бир ҳисга чайқалиб эшилади. Ўтган-қайтганнинг хаёлини олади. Қилиғи ўзига ёқиб қолади. Ке­йин яна қўшиқ айтиб, ўйнаб-ўйнаб энади. Шамол энди бунақа шўхликлар ярашмаслигини, мавриди эмаслигини қир ташлаб билдирган бўларди.
Новқа Ота сувини ичганда ич-ичи бошқача бўлиб кетади. Ер қолиб, осмонда учишни илғаб олади. Хаёллари тезлашгани баробар, эсиям тиниқлашади. Зарафшон қаватига киргандан кейин Туятортар кучи билан дунёга сиғмайди. Бундай кучга тенг турган, икки кифтини танг тўлдириб суворий макон қилган, лашкаргоҳ бўлган кунларни эс-эс эслайди. Бир нарсасини йўқотиб қўйган-у, нимасини йўқотганини ўзиям билмайдиган бўйқиздек орқасига қараб-қараб келганча, Чолкўндига етганда ихтиёр-беихтиёр гапга кўнади. Сокин тортади. Шундай бўлиш кераклигини ўзиям сезади.

2-дафтар

Эгасиз уйнинг эшигига дайди ит ҳам чот кўтарармиш…
Эга эга бўлмаса, нега?
Устма-уст бўлаётган талотўп, ур-йиқит, ушла-ушла, қува-қув, қама-қамалардан юрак олдирилиб, қўрадан қочирилган, қочган, улоққан, беэга ҳайдов қўйлар кўзпана сойлар, арнаю ўнгирлар, шамол етмас камарларда битта-иккита бўлиб йиғилдилар.
Ҳаворда қолганларга эгаси ўлгандай тўқими осилиб, нўхтаси узилиб, айили судралган, афтидан эскидан чўпон эшаги ва эшак етовидаги озиб-тўзиб кетган ит келиб қўшилди. Жонлиқлар эшакни қора тортдилар. Ҳайдов бўлганлар чўпон-чўлиқли сурувдек кўринди…
Қасд кун экан, ой оғиш оқшомида жондор дориди. Дўлталар давра олишди. Қашқирлар тўдани тўрт тарафдан ўраб келди. Бир бошига қўш қашқир келган жонлиқнинг кунига тўзим берсин. Жондорлар аввалига жонлиқларни ҳуркитиб, қувалаб ўйнади. Кейин базм бошланди. Энасининг ортидан зориллаб эргашган қўзининг йўлидан бир эмас икки бўри чиқди. Бошқаси довдираб, йўлини йўқотиб, оёқ остида ўрмалашган тусоқ човини шарт узиб шеригининг олдига ташлади. Кучини қаерга қўйишини билмаганлар сутдан ажраб, кўкнинг таъмини билиб, диркиллаб қолган тўхлиларни эрмакка ёнбошига олиб ўтакасини ёрди. Кўпни кўрганлар кўзларга кўз қадаб жон суғурди. Оз бўлса-да, ҳидини олганлар дағ-дағ қалтираётган жонлиқларни панжалари остида ушлаб, қўрқувдан юраги ёрилишини баҳузур томоша қилдилар. Қон тўлиб ёрилган юрак ширин бўлармиш.
Қўрққанидан вовуллашниям унутган, қоча-қочнинг ваҳимасида қўйларнинг ўртасига кириб, ўмгагини ердан кўтаролмай қолган итни бўрилар аввалига ё тош, ё кесак деб ўйлашди. Итлигини билиб ёппасига ташланишди. Жон чиқар титроғида кўзлари жовдираб, аввалига ялтоқланиб, жон умидида ғингшиши-ю, лаҳзада бўлари бўлганлигини англаб, итлиги қўзиб, эсига тушиб ириллаши бўғзидан аримай ичаклари талош бўлди.
Қашқир шовурини сезган эчки борки, турган жойида тўрт оёқда сакрашга тушади. Бу қилиқ жондорларга аввалига бироз қизиқ туюлса-да, қизиқнинг қизиғи қон оқизиш, қонли лаб-лунжларни тилни бир қарич чиқариб, тамшаниб-тамшаниб ялаш эканлигини унутмадилар. Серсоқоллар зўр келганда жонҳолатда бақирилса-да, товуш чиқмаслигини шунда ё билдилар, ё билмадилар.
Эшак зоти борки, бўрини кўрса, бўри мени кўрмасин, деб қулоқларини тушириб, кўзларини беркитади. Қош-кўзидан тўдабоши, дўлтабўрилиги билиниб тургани кўзини беркитиб турган жониворга яқинлашди. Бошқалар иш ўргамчи шогирддек қараб турдилар. Дўлта хотиржам, каштасини келтириб аввал бўйнини, кейин навбатма-навбат орқа оёқларини керди. Ов бунақа бўлади, деганча совуқ босиқлик билан бир ҳамлада жонлиқнинг кекиртагига тиш босди. Ақлни қулоқдан олган бошнинг оғир дамсар уриб хўрсинишини ҳеч ким эшитмади. Чиройли ва қоп-қора кўзлардан оқаётган эгасизлик ёшларининг сўнгги бор йилтиллашидек кўргуликдан бўзарганча авзойи бузуқ келган Жавзо ойи ўзига тинч, элга нотинч бўлиб беланчак осди.

3-дафтар

Икки бошли калхат сурати туширилган хос вагонни етаклаган паровоз бир нарсадан қуруқ қолгандек ҳансираб, Самарқанддан саҳар мардонлаб ҳаллослаганча йўлга чиқди. Атрофни аччиқ-сассиқ ҳид босди. Хайрлашаётган баҳорнинг намтоб ҳавосига ўралашган қора тутун ичра поезд юрар йўлини тусмоллаб борарди. Яна сон текканидан ўзида йўқ хурсанд, истеъфодаги полковник, суд ҳайъати раиси Александр Николаевич Соколов вагон-ресторанда. Игна ютган итдай ориқ поручик-прокурор ва ҳуқуқ илмидан бехабар юзлаб аскарлар орасидан танлаб олинган тўрт нафар зобит – ҳайъат аъзолари раиснинг қош-қовоғига қарайдилар. Ҳайъат базми жамшид устида. Қурдагилар Жиззахга юборилган. Шаҳарни тозалаш буюрилган.
Анчадан буён ишсиз юрган, қозонга қоровуллик қилиб қолган полковник яна қўл остига одам берганликлари, униям эсга олиб қолганликларини шу вақтгача сездирмай келган бўлса-да, ичига икки томчи киргач жиловини бўш қўйди. Қўлидан ҳали кўп иш келишини, келгандаям катта ва довруқли ишлар келишини унутмаганликларини ҳар бир аъзога қайта-қайта уқтирди. Ҳазрати Олийларига таҳсинлар ўқиди.
Большой Михайловка станциясида сувхонасини сувга тўлдириб ҳаяллаган поезд яна йўлга тушди. Милютинскийда ўтинхонасига ўтин ғамлайди.
– Мени шахсан суд ҳайъатига бошчилик этиш учун таклиф қилдилар, – деди худди бошқалар буни билмайдигандек. – Судда бу итларни чивиндек эзиб ташлайман. Жиззахнинг ҳар бир дарахтига буларнинг ҳаром жасадини осиб қўяман…
Полковник шундай деганча, елкасида зўрға илиниб турган, беўхшов қизариб кетган бошини аранг кўтариб, рестораннинг у бошидан-бу бошига қараган, кўзи ўтмаса-да, қора-қураларни тусмоллаб тикилган бўлди. Ўрнидан турганди, тиззалари илкисдан букилди. Кўзойнаги отилди. Тик турганча, ичмоқчи бўлганини оғзига олиб боролмай, ёнбошга ағанади. Шунда поручик жонига ора тушди. Суяб қолди. Прокурор бош бўлди. Аъзолар раисни кўтарганча хос вагонга олиб жўнадилар.
Куропаткино разъездидан шитоб билан ўтган поезд Ломакино станцияси томон елдек учиб борар, Қароқчитоғ ортда қолган, Ғубдин этаклари босиб ўтилаётган, ҳадемай Милютинск станцияси қўнғироғи овози эшитилади. Поезднинг тўсатдан тўхтаётганлигини билдирган, боласини йўқотган аёлдай чинқириғи ва вагонларнинг орқама-кетин бир-бирларига қарсиллаб урилиши йўловчиларнинг ҳушини учирди. Темир изнинг адир тирсагидаги бурилиш ортида, йўл устидаги кўзга қадалган талотўп поезд ҳайдовчисию бошлиғиниям шошириб, гангитиб қўйган, шундан шошилинч дастакларини босишган, йўл сон-саноқсиз жутга тўлган, узоқдан худди бир қишлоқ одамни қатор қилиб, текис отиб ташлагандек тасаввур уйғотарди. Унинг наздида Оқпошшо аскарларини қўзғолончилар йўлга олиб чиқиб ўлдиргандек туюлган, қўзғолон иштирокчиларини суд қилувчи ҳайъатнинг шу поездда бораётганидан хабар топганлар интиқом учун поездни тўхтатмоқда эдилар. Яна Жиззах қўзғолони олдидан эгасиз авом темир йўллар бузилса, аскар келолмайди, деганча Тошкентдан келадиган Кауфман йўналишидаги Урсатовск ва Обручево станциялари изини бузганлари ёдига тушганди.
Поезд тўхтагач, бир муддат ҳеч ким тушмади. Деразаю туйнуклардан ҳарбий ҳийла ишлатилган, деган фикрда обдан кузатилди. Тирик жон қимирлагани сезилмагач, қўриқчи аскарлар ҳарбий интизом билан иккита-иккитадан тушишди. Милтиқларини дуч келган томонга нуқиб-нуқиб душман қидиришди. Топилмади. Кейин сўкиниб-сўкиниб, жутларни судраб четга олишди. Поручик қўриқчи аскарлардан ҳушёрликни оширишни, “туземец”лардан ҳар нарсани кутиш мумкинлигини бир қўлида тўппонча кўтарганча поезд зинасида туриб, ярим танасини чиқарганча бот-бот такрорларди.

4-дафтар

Ўйиннинг зўри ё бозорда, ё мозорда бўлади. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Катта, зўр ўйинларнинг сопи ҳамиша ўзидан чиқарилган. Ҳали Жиззах Ўрдасида қирғин бўлмасдан олдин, Ўрданинг шундоқ биқинидаги бозорнинг икки қоровули “отасидан қолган мулк”ни бўлиша олмай жанжаллашганди. Бозорнинг кирди-чиқдисидан топадиган бир парча қаттиқ нон кўп кўринди. Худо урган шундай ношукурлик кунларнинг бирида ур калтак-сур калтак бошланди. Қоровуллар жанжал нимадан бошланганиниям, нимага Ўрда ўт ичида қолганиниям билишмади. Бозорда кунда ўн уруш, юз жанжал. Шулардан бири бўлса керак, дейишганди. Кейин билишдики, Ўрдадаги жанг катта жанглардан. Бозор кўрганлар бундай кунларда бировни ўйламайдилар. Бошни бирор панага тиққан маъқул. Сассиқ бўлсаям. Тирик қолса бўлди. Бошқанинг кўзи оқиб тушсаям киприги қилт этмайдиган бозор кўрган қоровуллар жангга ўзларича аралашдилар. Тўғрироғи, бирови олдинроқ ҳаракат қилди. Пайтдан фойдаланди. Занг босган ва тўппончалиги қолмаган темирни адоватдаги қоровулнинг ҳовличасига кўмди. Фалончиям қўзғолонга аралашган, қатнашган, ҳовлисининг пистон жойида тўппончаси бор, деб маъмурларга чақув етказган. Солдатлар келган, кўрсатилган жойни ковлашган, тўппончани топишган. Қўшиб ҳовлининг эгасиниям олиб кетишган.
Шаҳарга адоғсиз дабдабаю асъаса билан кириб келган суд ҳайъати бошламасига шу ишни кўриши, кўзини пишитиши, Оқ пошшо одамларининг гапини икки қиладиганларнинг кўзини мошдай очиб қўйиши керак эди. Ҳайъат кўрадиган ишларнинг гуноҳкорлари кўча, раста, бозорлардан тутиб келинган, оддий тирикчилик кўйида куймаланиб юрган кишилар бўлиб, чақувга учраб охранка агентларига пора беролмай қамалган, баъзи бир бойлар ҳукуматга садоқатларини кўрсатиш учун ушлаб берилган камбағаллар, бемаврид бу масканда макон топганлар эди.
“Ўта муҳим жиноятчи”ни солдатлар қуршовида олиб кирдилар. Оқловчининг қорасиям кўринмади. Суд бошланди. Тўқиллатиб стол устига қўйилган бир энлик занг босган темирнинг тўппонча эканлигини фақат уни кўтариб юрганларгина илғашди. Сўров бош­ланди.
– Тўппонча сеникими?
Собиқ қоровул тўппонча деган нарсани иккинчи бор яқиндан кўраётганидан қўрқиб кетди. Бир марта уйидан ушлаб кетишаётганда қўлига бериб қўйишганди. Қўни-қўшни ўртасидан қўл бойлиқ, бўйинда тўппонча билан солдатлар олдига тушганди ўшанда. Солдатларнинг биқинидаги тўппончаларга қарашга юрак бўлмаган. Ранг дам оқарди, дам кўкарди.
– Тўппонча меники эмас.
– Бу душманлик ва туҳматдан бошқа нарса эмас, – ўшқирди прокурор.
Банди яна нимадир демоқчи бўлганди, тақиқлашди. Бўғзига келган сўз ҳолини ўзгартириб, бўғилганидан ёш бўлиб тирқиради. Аъзойи баданини қуюқ қора тер босди.
Кейин тўппончани ундоғига-бундоғига айлантириб кўришди. Бир зобитни чақириб, унинг ишлаш-ишламаслигини текшириб кўришни буюрдилар. Зобити шошиб қолди. Тўппончанинг ишламаслигига ақли етмайдиганлар қандай суд ўтказаётганига ҳайрон бўлиб раисга қараганди, заҳриолуд башарага дуч келиб, ҳайрон хаёлиям эсхонасидан чиқиб кетди. Орадан бир соатдан ортиқ вақт ўтди. Ҳайъат бетоқатланди. Яна бир зобитни гап нимадалигини билишга жўнатдилар. Сукунат.
Тўппончанинг овози чиқмаётганлигидан бандининг бетига қон югургандек бўлди. Тетикланди. Қани энди шу ҳолатда бўлсаям умрини ўтказаверса. Шунда, шунда бирдан осмону ерни ларзага солиб ўқ овози эшитилди. Назарида, худди тўп оғзига уни боғлаб отишгандек ҳуши қолмади. Ташқарида, қаердадир, қандайдир қуролдан отилган дайди ўқ бехато келиб шакар томирига урилгандек, тик бўй йиқилди. Ҳайъат аъзолари масала ҳал, дегандек, бир-бирларига ро­йиш бериб қарадилар. Раис икки соатдан буён ниманингдир расмини солиб ўтирган, китоб деса китобга, супра деса супрага ўхшамайдиган бесўнақай икки бетли жилдни бир-бирига қарсиллатиб уриб, стол устидаги кумуш қўнғироқчани каштасини келтириб чалганча, суд якунланганини билдирди.

5-дафтар

Поездлар қоп-қора дудга ботиб, эрмакка совуқ шамол қувиб келади.
Граф Лев Николаевич Толстой: “Ғарбликлар бош­қаларни ўлдирмоқ ва ўзларини ҳалок қилмоқ учун Шарққа қараб йўл олдилар. Сабаблар бир-бирига мос келиш қонунига кўра”, – деб ёзганда давр бир бўлса-да, макон бошқа эди. Бир даврнинг бўлак маконида сафар йўналиши ўзгача бўлди. Шимолликлар Жанубга қараб йўл олдилар.
Аввалига чучмал ҳаракат бўлиб туюлган, искабтопар олимлар ёрдамида ўлжанинг чўғи аниқланиб, сўлакни келтирадиган иштаҳа йўли очилиб, уруш ўчоғига ўтин қаланган, кейинги очиқ босқин яраларига пўстин кийдириш учун келтирилган пойинтар, бачкана сабаблар бир-бирига тўғри келмаса-да, келгандек кўринганини исташгани учунгина оқиям-сариғиям ўйлаб кўришни ўзига эп кўрмасди: Николайнинг тупроғи тилла Туркистон заминига ишқивозлиги ва бу ишқивозликнинг, биринчи навбатда, тийиқсиз генераллар, тажовузкор зобитлар, оч аскарларнинг кайфиятига мос келиши; ҳам Ғарб, ҳам Шарқ урушларида шарманда бўлган Чор армиясининг қуролсиз аҳолини эзишга ва айни вақтда бароқ кўппакдан қўрқар, суманги санқини қувар қудратини намойиш этишга бўлган чегара билмас завқи; ақли танг қотиб, қиличи занг босган тор кўнгилли бекларнинг зарни кўрганда кўзини зарнигор касали бутунлай қоплашининг мутлоқ аниқлиги; тўрт овора бир бутундан кўра яримта-юримта бўлсаям азони бетаҳорат чақирилган номи айтилиб туришни исташдек ҳаром хаёллар оғушининг устун келиши; қандайдир оломоннинг бундай саховатли ерларда яшашликка аллақачон ҳуқуқи бекор қилинганлигини гўллигига бориб англамаётганликларини англатиш ҳирси; серсув, унумдор ерларда мужиклар эгалик қилишларига шахсан Олий ҳазратнинг ўзи фатво берганлиги; шунинг учун, айтайлик, Жиззахдек геосиёсий, барча йўллар учрашадиган, қуруқ чўп ҳам гуллаб тилла туғадиган ерда, яна шаҳарда сартлар (ўзбеклар)нинг яшашлари тўғри эмаслигини тушунмаётганликлари; қирғинга дин эмас, зулм ва зўравонлик сабаб бўлганлигини англашни истамаслик; бадгумонликнинг сиёсатга айланганлиги; ҳукм юритишда мантиқнинг айният қонуни бузилган тимсоҳ софизми кундан-кунга саноқсиз тишини қайраб, қон тепган кекирдагини кўрсатаётгани ва бу бузуқиликнинг тарафдорлари зўравонлар эканлиги; малака ҳосил бўлиш эгри чизиқлари тўғридан-тўғри найзаларга, қиличларга айланганлиги; эгоизмнинг эгоцентризмга аллақачон ем бўлганлиги; уят ва ҳаёсизлик ҳиссидан маҳрумликнинг ҳукумат деб аталиши; яхлит рефлектор ҳаракатлар системасидаги қисмларнинг ўз ишини бирин-кетин бажаришдан иборат функционал қонуниятнинг бузилиши; ҳис-туйғулар уйғотувчи манбаларнинг тубанлашганлиги; босиб олмишларнинг босиб олинмишлардан савод ва одоб даражасининг пастлиги сезилганлиги ва бунақа савод анчадан буён савод саналмаслигини англамаётганликлари; Андижон қўзғолонида Британия, Жиззах қўзғалишида Туркиянинг қўли бор, деб айюҳаннос солиниши ва охир-оқибатда бу гап-сўзларнинг пилта милтиқ сассиғидек жийиғи чиққанлиги; баҳамжиҳат бўлиб, тинч-тотув яшашни хуш кўрадиган Туркистон аҳлини ўзини-ўзи ейдиган олаканалар маконига айлантириш истаги; ҳақиқатни билиш санъатининг мантиқий усуллар ва методик қоидалар системасининг худбинлик манфаатларига бўйсундирилиши каби миллион-миллионлаб сабаблари бор эди.
Поездлар ҳайҳотдек вагонларни юкка тўлдириб зўриққанча, ҳавони булғаганча келган ерига қайтади…

6-дафтар

Раис қачондир, нимадандир, жуда қаттиқ қўрқиб, юзи шу ҳолатда қотиб қолганлиги, киприк қоқмаслиги, мудом бақрайиб туриши, томоқ қиришидан заҳар томиши билан ном чиқарган эди. Прокурор саводсизлигини эгнидаги ҳашамдор формаси бекитиб туради, деб ўйлайдиганлардан бўлиб, зобитларни нақшинкор хумларга ўхшатганлар хато қилмасди.
Сўроқ пайтида раис бандилардан бир-икки оғиз гап сўраган бўлиб, бошини аввал ўнг томонга, кейин чап томонга буриб, навбатни ҳайъат аъзоларига ҳавола этар, бироқ уларда ҳам гапириш истаги топилмасди. Рўйхатга белги, чизиқ чизиш билан овора эдилар. Прокурор ва ҳимоячининг гапларидан сўнг қўлларидаги қалам билан бандига ўтир ишорасини қилишар, сўроқ навбати бошқасига келарди. Шу зайилда бир кунда режага асосан юз одамнинг ишини кўриш вазифаси зиммаларига юкланганди.
Савол-сўровнинг қаттиғи саводсизда бўлади. Гўштга етган итдай навбат прокурорга тегиши билан кўзойнаги ва сап-сариқ қоши оралатиб аввал рўйхатга, кейин бандига бошдан-оёқ тикбўйин қараб, қурбақани авраётган илондек бўйнини беўхшов чўзиб-чўзиб, аввал ўнг бош бармоғини чап енгига, кейин чап бош бармоғини ўнг енгига тиқиб, худди билакларига тегиб кетган енгларини ажратгандек киборлар қилиғини қилиб, кўнгилни айнитар даражада қўсқи-қўлансиқ-палағда товуш билан ишини бошларди. Одатда, банди прокурорнинг саволига тушунмас, қайта сўрашга журъат қилолмас, қайта сўраш мумкинлигини ўйлаб кўрмаган ҳам ёки жавоб берса-да, прокурорнинг найранг тўрига ўз ихтиёри билан бўлмаса-да, қатъиятсизлиги, гўлу овсарлиги ортидан илиниб қолардики, гапираётган гапи ўзига зарар келтираётганлигини фаҳмламасди. У энди қаердан билсинки, бир “гап” учун наинки бир уй ё ўн уй, балки минглаб уйлар куйиб кетса, хонумонлар тутаса, нафақат бир шаҳар, балки бутун бошли бир мамлакат хароб бўлса…
Аммо, таржимон прокурорнинг айёрлигини пайқаб қолиб, саволларга шарҳ бериб, авом тушунадиган тилга ўгира бошлайди. Шу тариқа уч-тўрт банди прокурор чангалидан қутулишга эришди.
Прокурор билди. Энди таржимоннинг кўзига қаттиқ тикилиб, саволларини дона-дона қилиб талаффуз қилар, лекин таржимон диққат қаратмас, ишига собит турарди…
Прокурор кўрдики, ов бароридан келмаяпти. Таржимонга ташланди.
– Сиз, Мирзо Абдуҳолиқзода, менимча, саволларимни нотўғри таржима қиляпсиз. Бир оғиз гапимни достон қилиб етказишнинг нима зарури бор. Гапимга гап қўшмай, айнан таржима қилишингизни талаб қиламан!
– Прокурор жаноблари, сиз адабий тилда гапиряпсиз, агар мен гапингизни айнан ва сўзма-сўз таржима қиладиган бўлсам, қишлоқ одами сизга нима деб жавоб беради? Жавоб берган тақдирда ҳам саволга мувофиқ келмайди, англашилмовчилик юзага келади. Агар саволингизни очиқроқ, аниқроқ баён қилсангиз, менинг шарҳ бериб ўтиришимга ҳожат қолмасди.
– Бу ёғи сизнинг ишингиз эмас! Вазифангиз – айнан таржима қилиш, тушундингизми? Сиз менга йўл кўрсатманг! Мен ўз ишимни яхши биламан.
– Кечирасиз, жаноб прокурор, менинг вазифам саволингизни бандига тушунтириб бериш, токи у саволга тушуниб жавоб берсин, зеро, бу ерда инсоннинг тақдири, ҳаёт-мамоти ҳақида гап кетяпти.
– Такрор айтаман, саволимга илова қилманг, мен нима десам, айнан таржима қилинг, сизни бу ерга таржима қилиш учун олиб келганлар, – деганча қаҳр билан столга мушт солди.
Ҳайъат, бандию соқчилар, текинидан қуруқ қолгандек йиғилган томошабинлар бир чўчиб тушди.
Таржимон суд раисига мурожаат этди:
– Раис жаноблари, мени ҳарбий суд мажлиси таржимонлигидан озод қилишингизни сўрайман. Мен прокурор талабини бажара олмайман ва виждоним олдида гуноҳкор бўлишни истамайман.
Суд танаффус эълон қилди. Кейин маслаҳат хонасига прокурорни чорлади.
– Александр Николаевич, таржимоннинг хатти-ҳаракати жонимга тегди.
– Бу ерда ҳиссиётга берилмаслик керак, азизим Василий Петрович. Маълумотингиз, унвонингиз вазифангизга тўғри келмаслиги важидан Тошкентда озмунча одам билан сану манга бориб сизни сўрамаганмидим. Мана, кўриб турибмиз, тажрибангиз ҳам ҳаминқадар…
– Александр Николаевич, ўзингиз биласиз, бунча одамни айбдор деб топиш учун начальник охранканинг бир протоколи камлик қилади. Биргина гувоҳимиз бор. Лекин, унинг “танимайман” дейиши ҳам асоссизга ўхшаяпти. Шунинг учун мен юристча гаплар билан уларнинг бошини гангитиб, ўз тилидан илинтирмоқчи бўлаяпман. Таржимон эса ишимга халал беряпти, агар у халақит бермаганда қанчасини тумшуғидан илинтирардим. Бунинг ўрнига русчани яхши гапира олмайдиган чаласавод таржимон топганимизда яхши бўларди.
– Василий Петрович, жуда соддасиз-да, нима, Тошкент қароридан хабарингиз йўқми? “Бу итларнинг ҳеч бирига омонлик йўқ”, деган гапни эшитмаганмисиз?
– Қандай хабарим бўлмасин. Юристлик маҳоратинг­ни ишга сол, деган эдингиз, шунга амал қилиб…
– Яхши, тайинлаганимдек, чалкаш саволлар билан чалғитинг, гап олинг. Прокурор деган номингиз бор. Русчани тушунмайдиган маҳаллийларга эътибор қаратмайман. Сиз ҳам шундоқ қилинг, бироқ русчани биладиган адвокатлар ва томошабинлар чатоқ. Улар қанақа одамлигини билиб бўлмайди, демакки, ишониб ҳам. Мабодо масала қандай ҳал бўлаётганининг исини олсалар, ҳукумат шаънига бўлмағур овозалар тарқатадилар. Албатта, ҳукумат бундайлардан қўрқмайди, лекин ҳарбий судимизнинг нозик жиҳатлари бор. Тушунгандирсиз? Қанчалик оғир бўлмасин, ҳозир чиқиб, таржимондан кечирим сўрайсиз. Бу шахсий иш эмас, умум иши. Умумга фойда келтириш учун шахсийнинг баҳридан ўтиш керак. Шу ишингиз билан очилган пардани ёпган бўласиз, – деди дўлтабўридай ёвуз босиқлик билан. Кейин қўшиб қўйди.
– Бу ерни ҳозирча Туркистон дейдилар.

7-дафтар

Юлдузлар, минглаб юлдузлар тартиб билан Ғарбдан Шарққа айланади. Ер шари миллионлаб жондору жонлиқлар бошини елкалаб, ўз ўқи атрофида Шарқдан Ғарбга томон ўгирилади. Бир танасига бир бош берилган одам қаёққа юришини билмай, кўринганга қўшилишиб жўнайди.
Аввалига йигирма мингдан зиёд эркак зотини сўроқ-сўровсиз ўққа дучор қилган, кейин ўқ ҳам хайф деб ҳисобланиб, совун суртилган дорларга тортилган шаҳар ва шаҳар атрофи бўри талаган қўрадек ҳувиллаб қолди. Кундуз куни қидириб, қари чол ва норасида гўдаклардан ўзга эркак зоти топилмас бўлди. Қочгандан қирилган кўп бўлди. Эгасиз экинзорлар одам бўйи ғалласини кўтаролмай ер билан битта бўлиб ётар, ишлашга қурби етганларни илингани ўлдирилган, қочолгани бедарак, ушлангани турмада, суд бўлгани Сибир, “омади чопгани” мардикорликка олиниб, учи-қийри йўқ ўрмонзорларнинг гадой топмас, борса-келмас хилватларига жўнатилган эди. Шаҳарнинг ушланган жойидан вагонларга урилган дайди-дуйди, оч-яланғоч, соч-соқоли битлаб, ҳадемай етиб келадиган мужикларга бўшатиш лозим.
Жиззах шаҳри, Боғдон ва Сангзор вулусларида қариялару ёши қайтганлар, аёллару болалардан бўлак қўзғолонда иштирок этганлигини гумон қилиш мумкин бўлган ҳеч бир зот қолмади. Эгасизларга қўзғолон иштирокчиларини зудлик билан тутиб беришлари ҳақида буйруқ берилди. Мабодо уч кунда буйруқ бажарилмайдиган бўлса, аҳоли уй-жойидан мосуво бўлиб, чўлу биёбонга бадарға этилиши олдиндан тузилган режага асосан маълум қилинди.
1916 йил 7 август. Соат ўн икки. Фармон ўқиб берилди. Унга кўра эгасиз эл биёбонга сургун қилинган. Кун қизигандан-қизиган. Саллотлар ва отлиқ казак­лар қиличу найзаларини яланғочлаб, милтиқларини ўқталиб, нотавонларни тўрт томонга ҳайдаб шаҳар четидаги дала – Учтепага тўпладилар. Оч саллотлар аҳолининг охирги бурда нонини қўлидан юлқиб, шу жойнинг ўзида кавш қайтарар, бир бурда қотган нони бор одам гуноҳкор саналган кун эди.
Эгасидан ихлоси қайтган итдек бўйни эгилган ҳардамхаёл улус отлиқлар олдига тушди. Номигагина кўйлак-иштон вазифасини бажарадиган латта-путтага ёпинганлар гирёну нолон даштга қараб судралди. Бадбахт далага юзланган гўдаклар, аёллар ва кексаларнинг оҳу воҳи оламни бузди. Ташналик азобидан лаблари гезариб судралаётган минглаб қари-қартанг, аёлу гўдакларни осмондан офтоб, ерда тош куйдиради. Олдинда гиёҳ ҳам унмайдиган, ўз оти ўзи билан Бадбахт дала. Орқада милтиқ ва қилич ўйнатган саллоту отлиқ. Бир бошга қўшотлиқ мирзо тиғ кўтарган. Мадорсиз, йиқилганни қўндоғ ва тепкини зўри ўзига келтириб қўяр, отлиғининг оғзидан “собаки” тушмас, соллоти “сукина дети” деганча бет-кўзинг демасди.
Асад ойи димиққанча ярми сенга, ярми менга дегандек қиличини тик кўтариб чиқди.

8-дафтар

Поездлар жанубдан шимолга сургун этилганларни, шимолдан жанубга янги ер эгаларини пешма-пеш ташийди. Шимолга кетаётган вагонлардан чакиллаб қон, заҳардек ялтираб зардоб томади. Зардоблар темир изларни тешиб юборгудек бўлади. Поездларнинг қилиғи шамолга ёқмайди. Уни таг-туги билан азот кўтариб ургиси, айниқса, энг бошида келаётган, қора тутуни билан дунёни булғаётган қозонқоринни ёмон кўради. Ичи дардга тўлиб кетади. Дарди чанг-тўзон бўлиб осмонга ўрлайди. Тентираб тўрт томонга чопади. Дардларини дарё тушунади. Дарёнинг дарди шамолникидан зиёд эканлигини сарғайган икки бети – доманаси билдиради. Дарё дарё бўлиб бунчалик хўрланмаганди. Ҳушини эсхонасидан чиқарган нарса Каттатоғнинг қадим арчаларининг ғорот этилиши, Ўсмат Ота, Навқа Ота, Боғмозор Ота мозоротлари устигача ястаниб келган арчазорнинг бир бошидан кесилиб юзига отилиши эди.
Неча бир босқинда арчалар элни асраганди. Пана бўлганди. Бир туп тизза бўйи арчани биров кесолмасди. Бир арчада қирқ йигитнинг ризқи бўлади, деганча эл арчани асрар, арча тоғни безар, шодликлар булоқ бўлиб, қўшиғи дарёга оқарди. Каттатоғнинг бир шохидан энган сувга Самарқанду Бухоро, бир шохига кунчиқиш бетдагилар тирикчилиги қараб қолган. Поездман дегани шақилдоқ илондек билтанглаб келди-ю, ҳамманинг ранги ўчди. Эга, эга бўлмаса нега, – деган гаплар шу вақтларники дейишади.
Дарё ўз онаси, ўз болаларини оқизиб кетаётганидан, қутқара олмаётганидан, қутқаришга кучи етмаслигидан қирғоқларга бош уриб югуради. Дард оғир, кўргулик зил келади. Балолиғ босинқиратади. Аламини кимдан олишга, ҳасратини кимга айтишга ақли етмай қўлига илинганни олиб чопади. Қирғоқлар этагини тошга тўлдириб ортидан эргашади. Минг йиллар олдин икки тоғни муросага келтириб, орадан йўл очганига пушаймон бўлай дейди-ю, шаштидан қайтади. Шамол бир дарё бетида, бир қирғоқларда ялангоёқ изиллайди. Кўз кўрган еридан ажраган, камига етти бўлакка нимталанган, йўргакдек ғўлаланган арчанинг дарди бу дунёга сиғмайди. Ғўлалар сув юзида, пўртаналарда айланишар экан, бир-бирига бош қўйишиб, гоҳ гирдобда, сувўрада уймаланиб қолишади, гоҳ шарракларда юракларини ҳовучлаб, кўзларини чирт юмиб олишади. Ҳали дарёдан чангакда томоғидан тортиб чиқарилиб, сергитиб, қуритилиб, поездларнинг ўчоғига ўтин бўларлариям бор. Ўшанда уларнинг оҳини биров эшитмайди. Эшитган тушунмайди. Тушунган тескари қарайди.
Зорланган Сангзор бўлади. Зорлангандан Сангзор зорланади.
Шундай кунларнинг бирида темир йўлнинг икки чеккасини, сассиқ шпаллар орасини ёриб қизғалдоқлар бош чиқаради. Бир-бирининг қўлидан маҳкам ушлаган қизғалдоқлар. Худди вагонлардан чакиллаб томган қонларнинг изсиз йўқолиб кетмаганлигини таъкидлагандек, қад ростлайдилар. Шаҳидлар чироғидек, йўқ бошидек қип-қизил бўлади. Шамол уларни танийди. Кела-сола юзларини силайди. Сувсаб қолган бўлса керак, деб шошганча булутни қувиб, олдига солиб келади. Қизғалдоқзор тўйинган бўлади. Тоғлар кўзларини ишқалаб ҳайратдан ёқа ушлолмай қоладилар. Уларга қўшилгиси келади. Тошлар такбир айтадилар. Тухумбошлар тошча бўлмайдилар. Шунда икки тоғдан ўзига ёқа ясаб олган Темир Қопқани Илонўти тарафдан келган паровознинг ҳаммаёқни жийитиб ўтиши бузади. Кўзи ачиб, нафаси тиқилган дара ёқа тутамлаганча данг қотади. Қизғалдоқзор тик туриб қарши олади. Қўрқмайди. Бу бошлар темир изларга қўйилиш учун яратилмаганлигини билдириб қўймоқчи бўлади. Хаёл қилади. Хаёлида борлиқ алвондан-алвон эмиш. Ҳатто Бадбахтдалаям. Шамолга айтмоқчи бўлганди, Яланғоч кўрсаткич бармоғини лабига босди. Қизғалдоқзор тушунган бўлди, елкаларига парчинланган изларни шамолга қўшилиб бир силтаб олади. Кўпни кўрган шамол яна ўнг эсишидан умидвор бўлади. Ҳуриллаб, ям-яшил арчаларни қадимгидек пирпиратгиси келади. Яланғоч оёқларини сувга солиб, бир қўлини Танги, бир кафтини Чонғи қирларига тираганча тек қотади. Бир кўнгли дарадаги ғорга кир, дейди. Бошқаси қўли бойлиқ бўлмаган бир ўзи қолганини иддао қилади. Дунёларни тентираб-тентираб, айланиб-айланиб келаркан, йўлма-йўл саболар сочини маҳкам ўриб юпатади, шаббода кўнг­лини ёритади, муштипардек ҳилпиллабгина турган елпин кўнглини кўтаради, гармселни ҳовурдан туширади, сурон солишга силласи етмай қолган тўзонларга тўзим тилайди, довулга айланмоқ орзусидагиларга қувват бўлади, камонларга ўқ бўлиш ғайрати билан ўсаётган новдаларни силаб-сийпаб ўтади, елкасига кун, кўксига эпкин тегишига илҳақ мустаринларга нигоҳ ташлаганча, кўпга қўшилганлар оҳудек улиб, шерболадек кулиб, дарёни дардидан дамма-дам дарак олгани қайтиб келаверади.
Катта айрилиқлар ва улуғ топишишлар ҳақидаги қўшиқ ёлғиз айтилмаслигини сағаналардаги ёзиқлар эслатади. Куйиниям.
Ҳур шаббода, ҳуриллаган шамол, ҳурлик олиб келадиган шамол йўлига кўз тиккан Ой улуғ армон ку­йига эш бўлади. Ўзини ўн иккига бўлиб улуғ армонлар қўшиғини, улуғ армонлар ушалиши қумсови қўшиғини айтиб, ўзи айланиб, ўзи ўргилиб, ўроғини эл бошидан авайлабгина сирмайди.

Сунбула-ё, сунбула…
Бу дунёда бормикан-а, юрак бағри бутуни,
Бу дунёда бор бўлса, юрак бағри бутуни,
Қоғоздан ўчоқ қилай-а, гулдан қилай ўтини.
Сунбула-ё, сунбула…

Янги ой – Сунбула элга тинч, ўзига нотинч бўлганча, қоши икки ёққа осилиб, аҳли асрорга сир улашиб ёсин тортади. Катта юлдузлар азалий ўринларида итоат билдириб, ҳурмат ва сукут билан бўйин эгадилар. Йўқолган юлдузлар ўрни ўпирилиб тушган эгасиз очиқ гўрдек мунғаяди. Чархи фалак, оғма фалак отига ярашиғ йўлида давом этади. Юлдузларнинг ўтиш йўлидаги тўғри кўтарилиш ҳисобини топиш ҳамманиям қўлидан келавермайди. Чўмич юлдуз тўнкариғлиқ қозонда юлдуз шопириб тураверади…
Миррих мағрур кезади. Қараган, юзланган томонидаги яшнаган нарсаларни қийратмай қўймайди. Зуҳрага қараган, Зуҳра қараган жонлар ором олади. Орзу юлдузи – Аторуд кимга яқинлашса орзу-тилакларга кўмилиб, орзулари орзуларга уланиб, улаб яшайди. Қути ўчмайди. Етти қароқчи тутқич бермай кўчиб юрадилар…
Эгалик итларнинг ҳуришиям дадил-дадил чиқади. Эгасини кўрганда, албатта.
Эга эга бўлмаса, нега.
Эркалик эгалик уйга ярашармиш…

«Ижод олами» журнали, 2018 йил, 5-сон