Ҳабиба Икромова. Аёл қадри (1989)

Шу йил бўлиб ўтган Республика хотин-қизлар Совети пленумида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масаласи даврнинг долзарб муаммоси сифатида талқин қилинди. 1987 йили бўлиб ўтган Ўзбекистон хотин-қизларининг V съездида ҳам турмушимиз тарзи ва меҳнатга оид ижтимоий масалалар кўтарилган эди. Гарчи бу борада хотин-қизлар кенгашлари олиб бораётган ишлар ҳақида маълумотлар, қарорлар, рапортлар кўпаяётган бўлса ҳам корхоналарда, қишлоқ советларида, студент ва ўқувчи қизлар даврасида амалга оширилаётган тадбирлар аёлларимиз меҳнатини, турмуш тарзини ва маданий савиясини оширишга керагича таъсир этолмаяпти.

Масалан, республикамиз пахта далаларида хизмат қилаётганларнинг аксарияти ҳали хотин-қизлар эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Уларнинг меҳнатини муҳофаза қилиш, маданий савияларини ошириш, фарзандлари учун боғча-яслилар ташкил этиш кўнгилдагидай эмас. Аёлларимизнинг, асосан, қишлоқ аёлларининг фаолияти ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Маҳаллий ташкилотларда, колхоз ва совхозларда уларнинг қизиқишлари, орзу-истаклари билан ҳеч ким ҳисоблашмайди. Ойлик нафақалари вақтида тўланмайди. Болаларни боғча ва яслиларга жойлаштириш муаммоси колхозларимизда ҳалигача ҳал қилинмаган. Мавжуд боғчалар ҳам ибтидоий усулда.

Тўғри, ишлаб чиқариш корхоналарида аёллар меҳнатини муҳофаза қилиш, санитария-гигиена нормаларини йўлга қўйиш борасида қатор тадбирлар амалга оширилаяпти. Бу ҳали денгиздан бир томчи холос!

Хотин-қизларимиз ва фарзандларимиз ҳаётини муҳофаза қилишда экологик омиллар таъсирини ўрганиш бўйича олимларимиз, айниқса шифокорларимиз олдида катта вазифалар турибди. Фикримизча, кенгашларимиз хотин-қизлар ҳаёти ва меҳнатига оид қуйидаги:

—  медицина соҳасида — аёлларимиз саломатлигини, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, болалар ўртасида юз бераётган ўлим билан боғлиқ касалликларни камайтириш;

—  иқтисодий соҳада — хотин-қизларни шароитига мос меҳнат билан таъминлаш;

—  ижтимоий соҳада — хотин-қизлар маданий савиясини ошириш, меҳнат шароитини яхшилаш масалаларини ҳал қилиши лозим.

Мана шундай долзарб ишлар мавжуд экан, хотин-қизлар кенгашлари ўз имкониятларидан тўла фойдаланишлари лозим. Бунинг учун шу покланиш ва қайта қуриш даврида барча шарт-шароитлар мавжуддир. Бу борада бизнинг тоғдай таянчларимиз — эркакларимизнинг яқиндан ёрдамлари ҳар қачонгидан зарур. Чунки, кейинги икки-уч йил оралиғида республикамизда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган хотин-қизларимизнинг ўзўзларига ўт қўйиб юбориш ҳоллари содир бўлдики, бу ҳар бир онгли кишини ташвишга солмасдан қолмайди.

Боғчаларни озиқ-овқат билан таъминлаш жуда ёмон аҳволда. Бир сўз билан айтганда, аёлларимиз бошида мингта ташвиш.

Бизнинг социалистик жамиятимизда аёл ўз қадр-қимматини билган, ҳақ-ҳуқуқини таниган, ҳам ахлоқий, ҳам маънавий тарбия топган бўлмоғи шарт. Уларнинг ҳаётга енгилтаклик билан муносабатда бўлишларига чек қўйишимиз, уларни сабр-тоқат билан тўғри йўлга солишимиз керак. Ахир, улуғ Ватан уруши йилларида бир этак фарзанди билан бева қолганларида ҳам оналаримиз турмуш қийинчиликларини зукколик билан енгганлар.

Ўзбекистон халқ рассоми Чингиз Аҳмаровнинг «Ширин» асари

Масалан, менинг волидам 5 фарзанд (энг каттамиз 13 ёшда эдик) билан қолиб, отамни урушга кузатганлар. Сўнгра моддий эҳтиёж тақозо этиб, отамнинг ўрнига, заводга бориб ишладилар. Демак, у даврда аёлларимиз ҳозиргилардан кўра матонатлироқ, сабр-тоқатлироқ экан-да!

Биз эса, тўкин-сочин бир даврда яшаяпмиз, фарзандларимизнинг усти бут, қорни тўқ. Унда нега кўзимиздан ёш аримайди? Унда нега гулдай фарзандларни қолдириб ажралишлар содир бўлаяпти?

Демак, ёшларимиз маънавий тарбиясида қусурлар анчагина экан. Шунинг учун ҳам ёшларимизнинг оиладаги муносабатларида омонатлик сезилиб турипти, яъни ёш оилалар бўлар-бўлмас гап-сўзлардан тўзиб кетаяпти.

Хўш, бунинг олдини олиш учун нималар қилишимиз керак? Аввало қиз-ўғилларимизни эътиқодли, меҳр-муҳаббатли қилиб тарбиялашимиз лозим. Бунинг учун аввало биз катталар оилада ўрнак бўлишимиз, уларнинг камол топишини назорат қилишимиз мақсадга мувофиқроқ бўларди.

Мактаб ислоҳоти муносабати билан 9—10 синфларда ўқув программасига янги «Оилавий ҳаёт этикаси ва психологияси» фани киритилди. Бу омади гап бўлди. Аммо ушбу фан бўйича халқимиз урф-одатлари, миллий анъаналарини эътиборга олиб ёшларимизни ҳаёт (турмуш)га тайёрлай оладиган ва ранг-баранг мазмунли мисоллар билан тушунтирадиган дарслик ҳалигача йўқ! Очиқ айтишимиз керак, бу маорифчиларимизнинг, ноширларимизнинг айби. Наҳотки «Просвешение» нашриётида чоп этилган «Оилавий ҳаёт этикаси ва психологияси» қўлланмаси ёинки Т. М. Афанасьевнинг 413 саҳифадан иборат «Оила» номли китоби ўзбек миллий маданияти талабларига мос тушса?! Наҳотки, республикамиз олимлари ўзбек ўқувчиларининг турмуш тарзига доир конкрет мисоллар негизида ибратли фикрлар ёритилган ҳамда миллий оилаларнинг ахлоқий тарбиясидаги ўзига хос психологик ҳолатларга кенг ўрин ажратилган дарсликлар яратиш имкониятига эга бўлмасалар!

Мамлакатимиз тараққиётини жадаллаштириш учун илмли ёшлар керак. Шу сабабли ўрта маълумот олган ўғил-қизларимиз ўз илмларини ошириш борасида ҳунар-техника билим юртлари, техникум ва олий ўқув юртларига кириб ўқийдилар. Ушбу даргоҳларда ҳам «Оила этикаси ва психологияси»нинг II қисмидан сабоқ олишлари шарт. Бундай қўлланма ёшларимизга ҳам ахлоқий, ҳам маданий тарбия бериши шубҳасиз. Бордию ноширларимиз, мутахассисларимиз ташаббуси билан шундай дарслик яратилиб, ушбу қўлланма шахсий гигиена қоидаларини ҳам ўз ичига олса, ибратли иш бўларди. Ана ўша вақтдагина ёшларимизнинг онги ҳар томонлама мукаммал шаклланарди.

Республикамиз қишлоқларида истиқомат қилаётган хотин-қизларимизнинг турмуш тарзи эътибор талабдир. Бу борада қилинадиган ишлар ҳали кўп! Жумладан, қишлоқ хўжалиги экинларини экиш, йиғиб-териб олиш борасида аёлларимиз — асосий ишлаб чиқарувчи куч. Пахта етиштиришда эса асосий меҳнатни — завжаи муҳтарамаларимиз бажаради. Қишлоқларимизда меҳнат қилаётган аёл тонг-саҳардан уй-рўзғор юмушларини бажаради: нон ёпади, фарзандлари ва хизматга шошаётган турмуш ўртоғига нонушта тайёрлайди, мол-ҳолга қарайди, сўнг нари-бери татиниб далага отланади. (Шу ўринда эркакларимизга таъна қилишимиз балки ўринсиз бўлар, ҳар ҳолда, оиланинг моддий таъминоти уларнинг зиммасида. Чопиқ қилиб, пахта териб рўзғорни тебратиб бўлмайди). Шу алфозда аёлларимиз фарзандларининг ўқиши ва тарбиясига кўнгилдагидай эътибор бера оладими? Албатта, йўқ!

Далада эса, чопиқ, ўтоқ, ягана, чеканка… жазирамадан, чанг-тўзондан толиққан аёл кун оғиши билан яна оиласи бағрига — фарзандларига интилади. Уларнинг меҳнат вақти тонгдан шомгача. Яна супур-сидир, ўчоқ билан дастурхон орасида бўзчининг мокисидек қатнаш, кир-чир. Аёл шўрлик тун ярмидан оққанда ўринга чўзилади. Ана шундай меҳнат жараёни, дала ишлари бошланиши билан то кеч кузгача давом этади. Қани энди у аёлда маданий дам олиш, ҳордиқ чиқариш учун бўш вақт. Республикамизда 200 мингга яқин аёлнинг меҳнати етарли муҳофаза қилинмаяпти. Улар ҳаво босими ифлосланган, санитария ҳолати ёмон шароитда меҳнат қилмоқдалар. Баъзи бир корхоналарда балоғат ёшига етмаган қизларимиз ҳам меҳнатга жалб қилинмоқда. Янгийўл уй жиҳозлари фабрикаси, Жиззах аккумулятор заводларида иш шароити аёл организмига мутлақо тўғри келмайди. Ис гази нормадан 10 баробар ортиқ бўлган корхоналарда ҳам аёллар меҳнатга жалб қилинган. Ахир қишлоқ хўжалигида қўлланилган ва қўлланилаётган пестицидлар, гербицидлар ва бошқа кимёвий дориларнинг аёл организмига салбий таъсир қилаётгани ҳақида яна қанча гапириш керак. Дунёга келаётган гўдакларимиз нимжон, ранги заъфарон, касалмандлигининг, республикада камқонлик, болалар ўлимининг юқорилигига бош сабаб шулар эмасми ахир?!

Юқорида шарҳланган аёл меҳнати омили давлат нуқтаи назаридан қаралиши, бугунги куннинг долзарб масаласи сифатида ўрганилиши шарт. Шунингдек, бу албатта жамоатчиликнинг доимий эътиборида бўлиши, инсонийлик нуқтаи-назаридан таҳлил қилиниши, тадбирлар белгиланишига эришишимиз керак. Ана шундагина оиламизга фаровонлик, хонадонимизга тотувлик, қут-барака олиб киришимиз мумкин.

Келинглар, азиз дугоналар, муҳтарама оналар ва нозик табиатли қизларимиз, ўз қадримизни тиклаш, назокатли ва нафосатли бўлиш учун ҳаракат қилайлик.

Ҳабиба Икромова, техника фанлари доктори, профессор

«Гулистон» журнали, 1989 йил, 4-сон