Азизбек Норов. «Эйнштейн жумбоғи» (ҳикоя)

1

Декабрнинг асов шамоли тун бағрида ўзини ҳар ёнга уриб, бўридай увиллайди. Уйлар ҳам совуқдан жунжиккандай бағридаги чироқла­рини ўчириб, шамолга жўр бўлиб, қоранғи тун важоҳатини янада орттиради. Бироқ шу иморатлар биқинидаги тароватидан ғалати таассурот уйғота­диган икки қаватли бинонинг пастки қаватидаги деразада заифгина ёруғлик милтиллайди.
Токчадаги ёвғон, бир неча кун туриб қолган сабзавотлар хонага бадбўй ҳис таратарди. Сувоқлари кўчиб кетган деворга омонатгина суянган бир кимса эриган шамдек шумша­йиб ўтирарди. Унинг нигоҳи бир нуқтада – жаҳоний физик олим Алберт Эйнштейннинг тилини кўрсатиб тушган машҳур суратида* маъно-мазмунсиз ва шуурсиз қотиб қолганди. Олим ҳам унинг ҳолидан кулиб ўтиргандай эди гўё. Изғирин деразанинг салқи бўлиб қолган ойнасини бети­ним шапатилар, ёриқ жойларига тиқиб қўйилган пахтани итарганча, тўғри унинг ажин босган юзига уриларди. Унинг ёши энди қирқни ошган бўлсада, сочлари қордек оппоқ эди… Самонинг пар ёстиғи тешилгандай лайлак қор ёғарди. У изтироб тўла кўзларини юмиб олди. Ўшанда ҳам шундай лайлак қор ёғарди…

2

… Ички телефондан котибанинг майин овози эшитилди:
– Хайрли кун, Азим ака. Биринчи қор билан. Раҳбаримиз сизни сўраяпти.
Азим «Истиқлолбанк» хусусий банкининг бошқарувчиси эшигини журъатсизгина тақиллатаркан, миясида минг хил ўй чарх урар эди. «Нима гап бўлиши мумкин?» У ичкарида узоғи билан ўн дақиқача бўлди. Ўз хонасига келибоқ, уйга қўнғироқ қилди:
– Малика, бир хушхабарим бор. Қани, унинг нималигини топчи? – деди хотинига дабдурустдан.
– Хушхабар? Нима бўлиши мумкин?.. Айтаверингда. Биласизу, топишмоқларга тишим ўтмайди… Барибир тополмадим. Ўзингиз айта қолинг.
– Биласанми, мени кредит бўлими раҳбари этиб тайинлашди…
Маликанинг юраги ҳапқириб кетди. Ўзини пардек енгил ҳис этди. Оёқлари ердан узилгандай бўлди. Руҳи олис-олисларга парвоз айлади. Хотиралар эпкини эсди, улар мусиқий сонаталарга айланиб, уни аллалай бошлаганидан эрига тузук-қуруқ жавоб қайтаролмади. Азим билан у севишиб турмуш қурганди. Бошида ота-онаси Азим етим қолиб, меҳрибонлик уйида улғайгани боис, ўйланиб қолишганди. Бир томондан анча қаршилик қилишиб, қизларини бу муродидан қайтаришга жонларини жабборга бериб тиришишди, бошқа томондан эса иккиланишарди. Иккиланишда ҳар икки йўлга майл, мойиллик бўлади. Онасининг сўзи билан айтганда: «Бунақа оилапарвар йигитлар ҳозирги замонда анқонинг уруғи». Хуллас, қариндош-уруғ олдидан ўтишди. Икки ёшнинг орзу-омоли ушалди.

* * *

Янги лавозимни «ювиш» учун Азим бўлимининг барча ходимларини уйига, кечки зиёфатга таклиф этди. Зиёфат зиёфатдай бўлди. Ҳар ҳолда уззукун таъби тирриқ, айниқса, ҳамкасблар даврасида янада тундлашиб оладиган бош ҳисобчи Рустам Раҳимовичнинг қулфи дили очилганидан, бир марта ўйин-кулги авжига чиққанида семиз-гўштдор қўлларини кўтариб рақсга тушганидан зиёфат кўнгилдагидек ўтди, деса бўларди. Барча қадаҳ сўзлари Азимнинг шарафига янграганидан эса унинг истиқболи порлоқ бўлиши тайиндек эди. Модомики, даврадагилар­нинг ҳеч бири бунга эътироз билдирмаган бўларди.
Азим меҳмонлар билан хайр-хушлашиб, уйга қайтиб кирганида Малика газетага ўралган ўнтача сомсани қўлига тутқаздида, уларни кекса қўшниси Салим бобога элтиб беришини тайинлади. Жуда толиққанди. Кўзига момиққина ёстиғидан ўзга ҳеч нарса кўринмас, айни дам ундан қадрли нарсаси йўқдек туюлди. Шу боисдан, ҳозир кекса қўшниси билан эзмала­ниб ўтиришга сира хоҳиши йўқ эди. Улардан бир қават юқорида турувчи Салим бобонинг уйи­да йўқлиги эса айни муддао бўлди. Ё кекса қўшниси ҳар доимги одатига кўра эртароқ ухлаб қолган ё жиянлари ўзлари билан олиб кетишган. Азим хаёлидан ўтказганча, ортга қайтиб ош­хонадаги столга сомсани қўяркан, ёғ босиб қолган газетадаги «Эйнштейн жумбоғи» деб номланган сарлавҳага кўзи тушди. Диққати жам бўлди. Энгашди. Қизиқсиниб уни ўқий бошлади:

«ЭЙНШТEЙН ЖУМБОҒИ»

«Айтишларича, буюк физик Алберт Эйнштейн болалик чоғларида мантиқий бир топишмоқ ўйлаб топган. Сўнг ўзига ёрдамчи танлашда ҳам номзодларга айнан шу топишмоқни бериб, уларнинг мантиқий фикрлашини текшириб кўрган экан. Унинг ёрдамида оддий инсонлардан интеллектуал элитани ажратиб олиш мумкин. Бироқ одатда 98 фоиз аҳоли бу топишмоқни ечишга қодир эмас. Агар ўзингизни сайёра­мизнинг қолган икки фоиз кишиси сафига қўшишни истасангиз, жавобини топишга уриниб кўринг. Ушбу жумбоқнинг бир нечта талқинлари мавжуд. Эътиборингизга 1962 йили «Лифе» журнали­нинг декабрь сонидаги илк талқинини ҳавола этамиз:
1) Бешта уй бор. Уларнинг барчаси турли рангда.
2) Ҳар бир уйда бир нафар одам яшайди. Уларнинг миллати ҳар хил: япон, украин, испан, инглиз, норвегиялик.
3) Ҳар бир одам маълум бир ичкилик ичади, маълум бир савдо белгисидаги тамаки чекади ва маълум бир жониворни боқади.
4) Беш кишининг бирортаси ҳам бир хил ичимлик ичмайди, ҳеч ким бир хил савдо белгиси остидаги тамаки чекмайди ва ҳеч ким бир хил жонивор боқмайди.
Савол: Улардан қайси бири сув ичади? Ким зебра боқади?..»
– Вой! – Малика Азимни кўриб чўчиб кетди. Сўнг қўллари билан катта очилган оғзини беркитди. Гўё ўзга бир оламдан қайтиб келгандай Азим учиб тушди.
– Нега бақирасан? – қошлари ғижимланган матодек чимирилди.
– Сизни Салим бобоникида деб ўйлабман…
– Уйида йўқ экан, – хотинининг гапини кесди Азим.
– Сизни билмадиму, мен жуда толиқдим… ётаман, – Малика Салим бобога аталган сомсаларни идишга жойлаб қўйди.
Азимнинг лабидан кўчган табассуми хотинини ётоқхонагача кузатиб қўйиб, тағин кўзларини газетага тикди:
“… Ёрдам керакми? Унда эътибор беринг:
1. Инглиз қизил уйда яшайди. 2. Испан ит боқади. 3. Украиналик чой ичади. 4. Яшил уй оқ уйдан чапда жойлашган. 5. Яшил уй эгаси қаҳва ичади. 6. «Олд Голд» чекувчи киши шиллиққурт боқади. 7. Ўртадаги уйда яшовчи киши сут ичади. 8. Сариқ уйда яшовчи киши «Коол» чекади. 9. Норвегиялик биринчи уйда туради. 10. «Честерфиелд» чекувчи одам тулки боқув­чи киши олдида яшайди. 11. От боқадиган одам «Коол» чекадиган киши олдида истиқомат қилади. 12. «Луcкй Стрике» тамакисини чекувчи киши пўртахолли шарбат ичади. 13. Норвегиялик ҳаворанг уйда яшайди. 14. Япон «Парлиамент» чекади. 15. «Олд Голд» чекувчи одам сув ичадиган кишига қўшни туради.
Хўш натижа қандай? Яна ўйлаб кўринг.
1, 2, 3, 4, 5 уйнинг ранги қанақа? Унда қайси миллат вакили туради? У қандай ичимлик ичади? Қандай белгидаги тамаки чекади? Қайси жониворни боқади?»
“… – Сен ғоят қобилиятли одамлар ҳақида эшитганмисан?! Гапиииир!
– Йўқ… – йиғламсиради бола.
– Билишинг керак, болам. Эшита­япсанми, билишинг керак!
Тепакал, майкасидан қорни дўппайиб чиққан, жундор эркак беш-олти яшар боланинг юзига шапатилади.
– Йиғлама, йиғлама дедим!.. «Катта» одам бўлишинг керак, бо­лам! Қара, – у одатда болали оилаларда учраб турадиган тартибсизлик, яъни ҳар ёнда ўйинчоқлардай сочилиб ётган китобларни кўрсатди. – Қара дедим… Ўзи бир қоровулман… шундай бўлса ҳамки, қўлимга пул тушдими, уйга китоб ташийман, сенга… сен «катта» одам бўласан, пулдор… Мени… Бизни бу жарликдан қутқари­шинг зарур! Йўқса, бу лаънати ҳаёт, касалликдай ёпишиб олган йўқчилик биз­ни ҳароб қилади, ўз домига торта­веради, болам. Азим, ғоят истеъдодли бўласан…
Азим отасининг ҳамма гапининг ҳам мағзини чақолмас, бироқ унинг бор умиди эканини фаҳмларди.
– … Сен менинг нажоткоримсан! Умидимсан…
Отаси тескари ўгирилиб, дераза рахига кучсиз мушт туширди. Сўнг бошини хам қилиб, кенг елкалари силкиниб-силкиниб қўйди. Азимнинг кўзи жиққа ёшга тўлди…»
“ … – Отинг нима сенинг, «гений» бола?
– Меникими?
– Сеники, албатта, ўзимникини биламан.
Мактаб директори билан унинг ўринбосари кулиб юборишди.
– Азим… – қимтинибгина жавоб берди у.
– Яхши, Азимбой. Ҳамманинг оғзида сен, ўқитувчиларинг алқаб чарчамайди. Айтишларича, даҳо эмишсан. Шунга… танишиб қўяйлик дедик. Кун келиб сен «катта» одам бўласан. Шунда танимай қолмайсанми?
Улар тағин кулишди. Бу кулгидан директор хонасининг шифти ўпирилиб тушадигандек туюлди. Ҳар ҳолда Азим шу ўйда шифтга чўчиб тикилди, сўнг ер чизди…»
Олийгоҳда уни ҳамма «тирик энциклопедия» деса, банкда «даҳо» деб аташ оммалашди, бора-бора бу унинг лақабига айланди. Алалхусус, болалик йилларида ҳам, ёши улғайганида ҳам, йиллар давомида орттирилган лақабларига муносиб бўлди. Гарчи, юрак хуружидан эрта қазо қилган отасини йўқчилик гирдибодидан халос этолмаган эрсада, ўзини қутқара олди. Аммо оғиз тўлдириб, бахтлиман демоқ­қа журъати етмасди…
Ана шу хотира бамисоли кино тасмасидек хаёлидан лип-лип ўтаркан ўзини «Эйнштейн жумбоғи»ни ечишга қодирдек ҳис қилди. Тун ярмидан оққанига қарамай, қўлига қалам олиб, енгини шимарди. Қулай ўтириб олиб топишмоқни ечишга киришиб кетди.
– Ухламайсизми? – Ётоқхонадан хотинининг бироз ноз-ишва аралаш овози эшитилди.
– Ухлайвер. Бироздан сўнг ётаман.
Малика мусаффо тонгдек покиза, шудринг инган гулдек бахтиёр эди. Эрининг шу тахлит туришини ҳавас билан кузатиб турдида, кейинроқ ухламоқчи бўлган эридан андак оғринса ҳам, ҳиссиётни қўзғатиб юборувчи атири ифорини таратиб, келиб Азимнинг елкасидан қучди, тим қора сочларидан ўпиб қўйди.
– Чалғитасанда… – энтикди Азим ётоқхонага йўл олган хотинини кузатиб.

3

Соат тунги уч. Азим столга мук тушган ҳолда «Эйнштейн жумбоғи»ни топишга уринарди. Аммо ҳадеганда омади келавермади. Одатда бир ишга қўл урса, гўё у чайналган кассетадай то уни якунига етказмагунича миясида ғужғон айланаверарди. Алалхусус, бу дамларда мағрурлик ҳисси бутун қалб-қўрига сингиб, ўй-ха­ёлларини чилвир каби танғиб ташларди. Мана, навбатдаги қоғозни ҳам астойдил ғижимлаб ахлат қутисига улоқтирди. «Ўхшамаяпти, – хитоб қилди у асабийлашиб бошини қа­ш­ларкан. – Шунчалик мушкул бўлади, деб сира ўйламагандим». Боз устига, пастда ғуж бўлволган дайди итларнинг бетиним улиши, қарама-қаршисидаги соатнинг мудраб, бир текисда хуррак отаётгани – чиқ-чиқлаши, баъзан итларнинг улиши тиниб, соат чиқ-чиқламай қўйгандай туюлганда орага чўккан жимлик ҳам ғашига тегарди. Сўнг барчасига қўл силтадида, ўрнига чўзилди. Бироқ қандайдир ғалати ва нотаниш, нафсиламирини айтганда, қачонлардир таниш, аммо айни фурсат унутилган ҳис ич-этини сичқондек кемирарди. У ёққа ағанади, бу ёққа ағанади. Ғужанак бўлиб ётди. Тўлғонди. «Уфф» тортди. Саноқ сонларни йўқлади… қўйлар отари гув этиб ўтди… аммо излаганини тополмади. Ўрнидан туриб, тағин жумбоқни ечишга ури­ниб кўрмоқчи бўлди.
Малика субҳи оламда уйғонганида ёнида эри йўқ эди. Би­ринчи иш куни бўлгани боис эртароқ тургандир, деган ўйда ошхонага кириб қўлларига сиёҳ томган, сочлари пата­лак бўлиб кетган, нигоҳлари зўриққан ва бедор, кўзлар қонталаш, майкачанг Азимни бир нималар ёзаётган ҳолда учратди. Столнинг теварак-атрофини дон чўқиётган жўжалардай ғижимланган қоғозлар босиб кетганди.
Ажабланган Маликанинг баногоҳ кулгиси қистади:
– Ҳа, раҳбарларга ҳам осонмас эканда.
Азимнинг қовоғи кўпчиган хамирдай осилди:
– Гапни қисқа қилда, ошхонага йўрғала. Тезроқ нонушта тайёрла, бўлмаса… – гапини чала қолдириб, нигоҳини яна газетага тикдида, эшитилар-эшитилмас «кечикаман» деб гапини якунлаб қўйди.
– Тинчликми, Азим ака?
– Ишинг бўлмасин! Сенга нима дедим. Тезда нонушта тайёрла. Ишга кеч қоламан. – Бу гал ростакамига уришиб берди.
Малика эрига ажабланиб қаради, эри унга ҳеч қачон бу қадар қўрс-қўпол муомала қилмаганидан бироз довдираб, эшик бўсағасида қотиб қолди, сўнг лом-мим демай оғир қадамлар билан ошхонага йўналди. Нонушта тайёрлашга уринаркан, ҳаракатлари жуда секинлашиб кетди, гўё вақт тўхтаб қолганди. У Азимнинг феъл-атворидан мутлақо бехабар эканини ўйлаб сиқилди. Қулоғи шанғиллай бошлади. Айни шу дамда бутун уй, ўзи, эри, ошхона ва ҳатто ошхона буюмлари ҳам алаҳсираётгандай туюлди.
Азим эснаганича нонушта қилди. Малика эрини кузатгани эшик олдига келди. Шошилиб пойабзалини кияётган Азим шу дамда хотинига боққанида унинг ёш болага ўхшаб аразлаган нигоҳида «мендан кечирим сўраб, юзимдан ўпиб қўй» деган сўзларни уққан бўларди. Боқмади…
– Яхши боринг, Аз… – Маликанинг гапи чала қолди. Азим лом-мим демасдан эшикни «қарсиллатиб» ёпиб кетди. У пиқиллаб йиғлаб юборди…
… – Бугун соат 10:00 да бўлим ходимлари билан илк мажлисингиз бор. Тушликдан сўнг соат иккида эса «Ҳамкор-инвест» корхонасининг вакиллари билан учрашишингиз лозим, – дея ўткир атир ҳидига бурканиб котибаси кириб келди.
Бироз ўтиб иш столига ўндан ортиқ жилддаги ҳужжатларни келтирди. Азим қўл учида бироз ишлаган бўлди. Аммо эринчоғлиги тутиб ишлагиси келмади. Унинг камдан-кам ҳолларда ишдан бош тортиши эди. «Ғайратли йигит, меҳнатдан қочмайди. Менимча, кредит бўлимини ишонсак бўлади… тортади» деганди ўшанда банк бошқарувчиси ўринбосарига. Кеча ярим тундан бери кўнглини ғаш қилаётган «Эйнштейн жумбоғи»ни хаёлидан қанчалик чиқа­ришга уринмасин, бунинг уддасидан чиқолмади. Қўйнидан тартиб билан букланган газетани чиқариб яна топишмоқни ечишга киришди. «Бу гал албатта топишмоқнинг жавобини топаман» деб умид қилган бўлди. Гўёки тополмаса, иззат-нафсининг бурни ерга ишқалган, ғурури хўрлангандай туюлди. Танасидаги бутун томирларда иссиқ қон эмас, совуқ манманлик ирмоқ­лари оқаётганини ўзи ҳали англаб етмаганди.
Аввалига котибаси соат 10:00 да ходимлар билан мажлиси борлигини эслатди, соат иккига яқин эса «Ҳамкор-инвест» корхонасининг вакиллари билан учрашуви борлигини яна бир бор ёдига солиб хизмат бурчини ўтади. Солишга солдию, балога қолдида бечора. Икки ҳолатда ҳам Азим унга «Тинч қўйинг мени!» дея уришиб берди. Котиба жойига келиб ўтираркан, ўпкаси тўлиб кела бошлади. Одатда мудом «аёл бу – мўъжиза! Уларни эъзозлаш керак» дейдиган Азим тушь маҳалигача иккита аёлни бесабаб йиғлашга мажбур қилгани парвойига келмасди. Зеро, ўй-хаёлларини забт этган худбинлик чилвирлари таранг тортилганди. Унинг қиёфасида бошқача Азим намоён бўлаётгандек эди гўё.

4

Бир ҳафта давомида узлуксиз «Эйнштейн жумбоғи»ни ечишга ҳаракат қилди. Лекин ҳар сафар унинг бу уринишлари зое кетарди. Шу кўйда бир ойни ҳам ўтказди. Унинг наздида бамисоли тақвим жадвалидан қайсидир ой варағини бир зумда юлиб олгандай ўтди бу кунлар. Азим инсон учун даҳшатли бўлган – вақтни ҳис этолмай қолганди. Ўтган бир ой давомида хотинига умуман эътибор бермай қўйди. Худди уйда ўзи танҳо яшайдигандек. Хотини сал оғиз оча­диган бўлса, жеркиб берар, оғзидан яхши сўз чиқмайдиган бўлиб қолди, ҳатто ичиб келганида хотинини урадиган одат чиқарди. Аммо Малика сабрдан сарғайишни маъқул кўрди. Азим ишхонадаги ишларни ҳам унутди. Бутун кунни «Эйнштейн жумбоғи»ни ечишга сарфларди. Вақт ўтган сайин у қўполлашиб борар, асабийлик уни деярли ҳар дақиқада «йўқларди». Ташқи кўринишига эса чидаб бўлмасди. Соқоллари ўсиб, ёноқлари бўртиб чиққан, кўзлари киртайиб қолганди. Кўп ўтмай сочига оқ оралади. Ишда ҳам тушликка чиқмай «Эйнштейн жумбоғи»ни ечишни маъқул кўрарди. Тушлик қилмагач, негадир тез-тез боши оғрийдиган бўлди. Аммо бора-бора бунга кўникди чоғи, боши оғримай қўйди. Барибир ичини ит тирнарди. «Наҳотки, мен «Эйнштейн жумбоғи»ни ечолмасам?! Ахир, ўта билимдон эдимку. Бунга нега тишим ўтмаяпти? Ақлим ўтмаслашиб қолдимикин ё? Битта Эйнштейннинг топишмоғини тополмасам, шунча ўқиганларим қаёққа кетди унда? Наҳотки, мен дунёдаги икки фоиз билимдон кишилар қаторига кирмасам? Нима учун унда одамлар мени «гений», «даҳо» деб атайдилар? Нега?!» Азим муваффақиятсизликка учраганида алам билан ҳар гал шу сўзларни хаёлидан ўтказар, жазавага тушар, асабийлашарди. Шу кунларда тез-тез отаси тушига кирадиган бўлди. Тушлари ҳам бир хил тарзда кечар. Тун эмиш… отаси ундан ўн-ўн беш қадамча нарида эмиш. Ёнига борай деса оёғи ўзига бўйсунмас, бақирай деса, овози чиқмасмиш. Қандайдир кўринмас ва бақувват қўл уни маҳкам тутиб турармиш. Бу қўллардан юлқиниб чиқай деса, улар гўё омбирдек янада қаттиқроқ сиқармиш… Кўп ўтмай уларнинг орасидаги масофа кенгайиб, ўртада кичкина сойлик пайдо бўлибди. Отаси ҳам оғиз очмас, фақатгина ўғлига ғамгин тикилармиш… мудом шу жойда уйғониб кетадиган бўлди. Сўнг ўз-ўзига гапирадиган одат чиқарди. Ҳадеб «бу худбинлик эмас, бу мағрурлик эмас» дерди.
Паришон юраверганидан қўшнилари­нинг берган саломини ҳам эшитмас, улар эса ортидан пичир-пичирлашиб қолишарди. Асаби рубоб торларидай таранглашаверса, манзарга чиқиб чекадиган бўлди. Гарчи хотинига ёқмасада, чекишда ҳам, ичишда ҳам ас бўлиб олди.
Азим яримлаб қолган сигаретани кулдонга эзғилаб ўчирди. Чап кўзи кўкарган Малика балконга чиқиб эрига ҳадиксираб сўзлай бошлади:
– Азим ака… Азим ака, сизга нима бўлаяпти ўзи? Авваллари унақа эмасдингизку, қандай бахтли ҳаёт кечирардика?.. Азим ака, сизни нима жин урди? Рўзғор ишларига ҳам эътибор бермай қўйдингиз. Мен биланку умуман ишингиз йўқ… Озиб кетганингизни қаранг… Меъёридан кўп чекаяпсиз, ичаяпсиз, ҳатто… менга қўл кўтаряпсиз ҳам…
Малика йиғламоқдан бери бўлиб эрининг ортидан қучди. Азим жаҳлини зўрға босиб турарди.
– Қўйинг шу топишмоқни… Шу топишмоқ­ни ўйлаб топган Нютоннинг уйи куйсин.
Азимнинг лабида заҳарханда табассум ўйнади:
– Бу топишмоқни Нютон эмас, Алберт Эйнштейн ўйлаб топган, ғалча.
– Нима фарқи бор. Ахир, бу бемаъниликку!
– Бемаънилик?
Азим ўзини тутиб туролмади, асаб торлари таранглашиб, «ғазаб» куйини ижро этди. Маликани тағин дўппослади. Бироқ саҳари мардонда уйғонганида Малика ётоқхонада ҳам, ош­хонада ҳам, умуман уйда йўқ эди, унинг ортидан жавонлардаги кийим-кечаклари, майин нигоҳлари, ёқимли табассуми, хушбўй ифорлари ҳам эргашиб кетганди. «Ҳойнаҳой онажони­синикига кетиб қолган бўлса керак, – ўйлади Азим. – Ўзи кетар ёр-ёр, ўзи келар ёр-ёр». У бу оилавий можарога жиддий эътибор қаратмади. «Қайси эр-хотин урушмай, тортишмай яша­япти» деб қўйди ўз-ўзига тасалли бериб.

5

Шу аснода орадан кунлар, ойлар ўтди. Та­нишлари унинг абгор аҳволига қараб туриб, инсон шунчалик ҳам ўзгариши мумкинми, дея ишонгилари келмасди. Олдинги жуссадан асар ҳам йўқ. Эти устихонига ёпишиб қолганди.
Эрталаб ишга келганида янги котибаси унга хат борлигини айтди. Олдинги котибаси унинг қўполлиги ва жиззакилигига чидолмай ишдан бўшаб кетган эди. Мактубни очиб қараса суддан экан. Турмуш ўртоғи ажрашиш тўғрисида судга ариза берибди. Азимнинг ичидан зил кетди. Икки лунжига худди қизиб турган дазмол босилгандай бўлди. Карахт бўлди-қолди.
Малика Азимни кўп кутди. Азим уни қанчалик дўппосламасин барибир эрини севарди. Ўзгаришига умид қилди. Кечирим сўраб келишини кутди. Кўзларини деразадан тикилганча шўрқиллагани шўрқиллаган. Аммо эридан хат-хабар бўлавермагач, тақдирга тан бериб ажрашишга қарор қилди. Азим­нинг кўнгли бироз ийигандек бўлди. Хаёли жойига келди, карахтлик тарқади. «Эртагаёқ бориб Маликани онасиникидан олиб келаман. Бақам­ти ўтириб ҳаммасини келишиб оламиз. Менинг у билан ажрашиш ниятим йўқ. Менга нима бўла­япти ўзи?».
Бироқ эртага бунинг мавриди бўлмади. Ишхонага борганида бошлиғи бўшаш тўғрисида ариза ёзишини буюрди. У нима учун деб сўрамади. Сабаби ўзига аён эди. Аксинча, ичида бошлиғига шу вақтгача думини тугиб юбормаганига таҳсин ўқиди, бошлиғи уч-тўрт бор тартибга чақирганида, дакки берганида юзига безбетлик ниқобини тақиб оладиган бўлди. Муҳим буйруқ ва қарорларни имзоламай қўйган, расмий ташкилотлардан келган мактубларни бир четга улоқтираверар, оқибатда бўлим ишлари орқага кетиб қолди, мижоз ҳамда ҳамкор корхоналар билан эса умуман ишламай қўйди. Ходимлар ўз билганларича иш юритишмоқда. Ойлик ҳисоботлар тайёрланмай қўйди. Қўполлиги туфайли деярли ҳар куни қўл остидаги ходимларни ҳақоратлаб, ранжитарди. Сўнгги вақтларда эгнига ювилмаган кир-чир кийимларни илиб юрганидан, улардан бадбўй ҳид тарқалаверар, котибаси исқирт бошлиғини кўрганида бурнини жийирар, унга яқин йўламасликка ҳаракат қиларди. Хўжалик ишлари мудиридан ҳар ҳафта боғлам-боғлам оқ қоғоз ва ён дафтарчалар олишдан чарчамасди. (Буларнинг бари «Эйнштейн жумбоғи»ни е­чиш учун керак бўлганда). Ишдан бўшатиш учун бундан бошқа яна қандай сабаблар бўлиши керак? Хуллас, бошлиғи билдирган ишонч бошида чил-чил синди.
Азим лаш-лушларини йиғиб, индамай тўппа-тўғри уйига жўнади. Ойлар бир-бирини қувлаб ўта­верди. У эса «Эйнштейн жумбоғи»ни ечмоққа уринишдан чарчамас, бироқ, унинг тинимсиз меҳнати ҳеч самарасини бермасди. Баъзида у бир ҳафталар топишмоққа эътибор бермай юрди. Аммо бу жасорат кўпга чўзилмас, жумбоқни ечишга бўлган бемаъни иштиёқ, худбин қай­сарлик ва касаллик унга канадек ёпишиб олганди. Бироқ инсон наҳотки, бир нарсага шунчалик қаттиқ боғланиб қолиши мумкинлигига ҳайрон бўларди. «Рафиқамни эртага олиб келаман» деган сўзларининг охири йўқ эди. Азим дастлабки ойларда иш қидирмади. Йиғиб қўйганларини сарфлаб ётди. Одатда 24 соат уйда бўлар, баъзида томоққа ул-бул харид қилгани пастдаги дўконга тушиб чиқарди. Тилида ва дилида бир калом тушмасди: «Бу худбинлик эмас, бу мағрурлик ҳам эмас».

6

Бир куни Азим беҳуда исроф бўлган қоғозларни йиғиштираётганида уларнинг ичидан уч ой олдин суддан келган ажрим аризасини кўриб капалаги учди. Ўз қарорларини ўзгартириб ке­лишлари учун суд томонидан ажратилган вақт ўз поёнига етганди. Эртага суд. Ҳар ҳолда, расмий хатда кўрсатилган сана эртага келади. Ё адашаяптими? Эҳтимол. Ахир, у вақтни ҳис этмай қўйганига анча бўлганку. Бироқ одатда, кўнгил бир нохушликни сезганида, унинг хатар борасидаги тасаввурлари рўёби шу қадар аниқ-тиниқлик касб этадики, алал оқибат улар ўртасида деярли фарқ учрамайди. Унинг ҳасратга лиммо-лим тахминини деворда осиғлиқ, асл қиёфасини йўқотган, четлари буришиб-тиришган йил тақвими ҳам тасдиқлаб турарди: эртага суд! Ҳеч қандай ҳис-ҳаяжонни ифодаламайдиган, қатъий ва бирор-бир саволга «нон-насиба» қолдирмаган сўзлар бир-бири билан чаплашиб, гўё балиқдек қоғоз узра суза бошлади. Шу тобда Азимнинг кўзларини юпқа парда қоплагандай бўлди… Туни билан хотиралар лаззатидан энтикиб, намиққан киприклари қирғоқларига уйқу кемаси келмади, яқин йўламади ҳам.
Эртаси куни қоқ пешинда ўтган судда Маликага аризасини қайтариб олишини айтган барча гаплари ҳавога учди. Бироқ Азим бўш келмай судьяга «ажрашмоқчи эмасман!» деб оёқ тираб олмоқчи эди. Ҳар ҳолда қайсарликда мулоҳаза нима қилсин. Аммо хотинининг кўзларига боқиб туриб унда ўзига нисбатан ҳеч қандай меҳр учқунини кўрмади, у Малика қиёфасида ўзга инсон пайдо бўлганини фаҳмлаб қолди. Таассуфки, вақтни ортга қайтаришнинг имкони йўқ. Йўқса, дунё дунё бўлмасди. У таслим бўлди. Икки томоннинг розилигига биноан уларни қонуний равишда ажратишди. Ўртада фарзанд бўлмагани ажримни осонлаштирди. Назарида, Маликасиз ҳаёти ранглидан оқ-қора тасвирли ойнаи жаҳонга айланиб қолгандай бўлди.
Кўпинча барча нарсани назоратимиз остига олишга уриниб, фурсат бой берилсада, гоҳида ҳаммасини ортга қайтаришга ҳақли ва қодирдек ҳис қиламиз. Бу алдамчи ҳиссиёт эса аламдан дийдаси оқариб, ўртанган кўнгилга таскин беради, холос. Нега деганда, босиб ўтилган изларни кеча ёққан қор қоплаб кетганидай, ортга йўл доим ҳам бўлавермас, қачонки масала ху­сусийликдан умумийликка кўчар экан, демакки, қаердадир хоҳиш-иродамиз билан бошқа шахс­нинг хоҳиш иродаси албатта тўқнашади, у билан ҳисоблашмай кўрингчи.

7

Азимнинг қисмати тарихини чизаётган тақдири азалнинг ҳеч кутилмаганда оқ рангли мўйқалами ниҳоя қилиб, у қора ранглисига ўтганди гўё. У тақдирга, шўр пешонасига лаънатлар айтиб ичкиликка муккасидан кетди. Олти ой давомида аламини ичкиликдан олди. Кайфи тароқ кунлари уйдаги ҳамма жиҳозларни (улар ҳам саноқли ва ғариб кўринишга келиб қолганди), буюмларни синдирар, бироқ барча нарсани ҳар ёнга улоқтиришга борган қўли «Эйнштейн жумбоғи» босилиб чиққан газетага келганда, ғаройиб тарзда ўз кучини йўқотарди. Нари борса, бир ғижимлаб қўяр, кейин эса худди дазмоллагандек саҳифаларни қўли билан оби-тобида текислаб чиқарди. Орадан анча вақт ўтиб ҳовури босилгач, яна Алберт Эйнштейннинг жумбоғи жавобини излай бошлади. Бир куни бош эгиб, Маликанинг яшаш тарзи қобиғида йўқлигига кўника олмай қайнонасининг уйига йўл олди. «Уйларини сотиб, бошқа шаҳарга кўчиб кетишган… айнан қаерга экани ҳеч кимга маълум эмас» худди музейдаги антиқа экспонантга обдон разм солаётгандай синовчан бақраётган кўзларнинг пастки қисмида тўхтовсиз очилиб-ёпилаётган оғизлардан ўзига керакли шу сўзларни илиб олди. «Кимсиз? Исмингиз нима? Уларга қариндошми­сиз? Нега уларни қидириб юрибсиз?» каби саволларни жавобсиз қолдириб, келган йўлига равона бўлди. Азим бирин-кетин учраган руҳий зарбалардан сўнг гангиб юрди. Бошини қайга уришни билмасди. Бу орада йиғиб қўйган пулларининг ҳам таги кўриниб, даста-даста пуллар ҳам худди ўзига ўхшаб тирриқлашиб қолди. Азим дастлаб беш-олтита ташкилотларга иш сўраб борди. Иш берув­чилар унинг соқолли юзига, тўзиган кийимлари, яғири чиқиб кетган шимига боқиб уни ҳайдаб солишди. Кейин у иштаҳасини пасайтириб мактаб, боғчаларнинг ҳисобчи лавозимларига умид боғлади. Ташқи кўриниши берган илк таассуротни суҳбати билан тумандай тарқатсада, бироқ таълим муассасаси раҳбарлари унинг иш фаолияти тўғрисидаги ҳужжат билан яқиндан танишганлари­да, қандай айб ила бўшатишганликлари маълум бўлгач, унга «қисқартириш» келган дея оппо-осон ва сийқаси чиқиб кетган баҳона билан эшикларини ёпишди. Азим кетма-кет ёпилган эшиклардан энди буёғига ўз мутахассислиги бўйича ҳеч бир жойда қўним тополмаслигини англади. Кейинчалик пул топиш учун ҳар қандай ишга рози бўладиган бўлди. Мардикорлик қилди, қурилишларда ишлади. Ҳар қандай пулнинг иси таралган барча тешикка бурун тиқди. Тадбиркор қўшнисининг машинасини ижарага олиб, киракашлик қилишни бошлагунича ҳеч бир ишда қўним топмади. Аввалига ишлари бироз юришгандек бўлди. Наҳот, унинг келажак йўлини белгилаётган илоҳнинг қора мўйқалами ёзишдан тўхтаган бўлса? Бироқ. Юрса ҳам, турса ҳам нуқул ха­ёлида «Эйнштейн жумбоғи»ни ўйлайверганидан бир марта машинани йўл четидаги бетон тўцинга уриб олди. Бетон – бетонда! У машинанинг олд томон ўнг қанотига гўё қоғозни ғижимлагандай қаттиқ шикаст етказганди. Нима ҳам дерди: «Камбағальни туянинг устида ҳам ит қопади». Уйини сотиб пулнинг бир қисмини машинани таъмирлаш учун устахонага берди. Қолган пулга яқинларидан қарз-ҳавола қилиб топганларини қўшдида, шаҳар чеккасидаги овлоқ бир жойдан кўримсизгина, шароитлари ўзига яраша бир хонали уй сотиб олди. Бу уй кўпроқ кулбага ўхшаб кетарди. Шу тахлит йиллар ўтавергач, «Эйнштейн жумбоғи»ни ечишга бўлган истаги пасая борди. Азим шу йўсинда ўн олти йил киракашликда умргузаронлик қилганини ҳам пайқамай қолди. Ҳеч ким унинг қиёфасига боқиб, ёши қирқда деб сира ўйламасди. Оппоқ сочлари, ажин болалаган юзлари, қартайиб қолган кўзларига боқиб, ҳеч иккиланмасдан ёшига олтмишни берса бўларди. Шу йиллар ичида онда-сонда тушига машҳур олим, физик, ихтирочи Алберт Эйнштейн кириб турарди. Сочлари оппоқ, нигоҳлари теран олим ҳар сафар Азимнинг устидан кулгани кулган: «Эй нотовон банда, оддий бир топишмоқни ечаман деб умринг ўтдию, яна ўзингни «даҳо» деб ҳисоблашингга ўлайми?.. Бошдан баланд сакраб бўлмайди… Falle
runter aus dem himmel und schleife deine kenntnisse**… – Эйнштейн гоҳ ўзбекча, гоҳ немисча сўзлар, яна тушунарсиз тильда алламбалолар гапирарди. – Шуни билиб қўйки, бу ақлинг билан ҳеч қачон топишмоғимни ечишга қурбинг етмайди. Жўжа улғайганида бургут эмас, товуқ бўлганидек, сен ҳам ҳеч қачон даҳо бўлолмайсан, аксинча, кексайганинг сари ақлий даражанг пасая бораяпти. Тушун­дингми?! Ха-ха-ха!». Бу тушлардан сўнг оловга сув пургалгандек Азимнинг иштиёқи гуриллаб ўт олар, ғазаби қайнаб, «топишмоқни албатта ечаман» дея ўзига-ўзи ваъда берарди.
Апрелнинг ажойиб тонгларидан бирида истараси иссиқ журналист йигит Азимнинг машинасига ўтириб қолди. Йўл давомида суҳбатлашиб яхши чиқишиб қолишди. Журналист машинадан тушар чоғида Азимга ўзларининг газетаси янги сонини беришни унутмади. Азим кечга тортиб уйга келгач, зерикарли кечки овқатдан сўнг ойнаи жаҳонда футбол кўрди. Кўп ўтмай унданам безиди. Дераза яқинига келиб, ташқарига қиё боқди. Кўзлари теварак-атрофни кўрмас, аксинча, улар ўй-хаёлларида чувалашиб ётарди. Безовта эди. Ич-ичидан аллақандай нохушликни сеза бошлади. Ўйлаб қараса, ҳаммаси жойида. Хавфсирашга ҳожат йўқ. Бироқ қандайдир кўнгилхирачилик юз берадигандай. Чувала­шиб ётган хотиралари қармоғига машина хўжайи­нига ижара пулини тўлайдиган муддат яқинлашиб қолгани илиндию, таъби янада хиралашди. Де­раза олдида тик туришдан безиб, ёнбошладида, ҳалиги газетани кўздан кечира бошлади. Ўрта саҳифани очганида қўлидан газета шилқ этиб тушиб кетди. Кўзлари косасидан чиққудай бўлиб, санчилган юрагининг оғриғидан букилиб қолди. Газетада орадан 16 йил ўтиб ўша «Эйнштейн жумбоғи» газетхонлар ҳукмига ҳавола этилганди. Орадан 16 йил ўтиба?! Азим бу топишмоқни ечмай, унутганига бир йилдан ошган, аммо, гоҳида тунда сиқилган пайтлари топишмоқни ечиб кўришни канда қилмасди. Негаки, бу нарса 16 йилдан буён такрорланавериб одат тусига айланганди. Азим чўнтагидан дағал ҳамёнини чиқарди. Ҳамён ҳаддан ташқари қўпол, беўхшов тикилган, эскириб кетганидан чирк бойлаганди. У ҳамёндан кўп йиллик ҳамроҳи – букланган газета қийқимини чиқарди. Газета парчаси аллақачонлар сарғайиб кетган, букланиб сийқаланган четлари кирмато билан елимлаб қўйилганди. Ундаги ҳарфларнинг ранги ўчиб, қоғози ёйилиб кетганди.
– Энди менга эскиси керак эмас, – юзи ғамгин тус олиб, ҳаётини барбод қилган мақолани ахлат қутисига улоқтирди.
Газетада қайтадан босилган «Эйнштейн жумбоғи»ни ҳафсаласизлик билан еча бошлади. Бироқ қўл учида амалларни бажараркан, улар ўз-ўзидан осонгина ечила бошлади. Азим пешонасини тириштириб, энди астойдил киришди. Бироздан сўнг «Эйнштейн жумбоғи»ни ечишга муваффақ бўлди. «Нега жавоби тўғри чиқди?» Башарти бу саволни ўзига 16 йил аввал берганида, шубҳасиз, кулавериб ичаги узилган бўларди. Аммо айни вақтда хурсанд бўлишдан кўра кўнгли маъюс тортиб қолди.
– Нега жавоби чиқди?.. Ёки орадан 16 йил ўтиб, ақлли бўлиб қолдимми?.. Ҳеч нарсага ту­шунмаяпман, эй Худо!.. Ўзинг мени имондан айирма… Асло бундай бўлиши мумкин эмас…
У тушунмовчилик чангалида аёвсиз ва бераҳмларча эзғиланарди. Саросимага тушиб, ишонқирамаган нигоҳда топишмоқ­нинг жавобини тағин текшириб чиқди. Йўқ, адашмабди. Ниҳоят, 16 йиллик изланишлардан сўнг «Эйнштейн жумбоғи»нинг жавобини топибдида… Шундай экан, нега хурсанд бўлмаяпти. Қани ўша узоқ кутилган ҳаловат, мағрурлик нашидаси? Шу пайтда Алберт Эйнштейн машҳур тилини кўрсатиб тушган сурати ромидан оғиб ўтиб, тўппа-тўғри уни­нг қаршисига келдида, Азимнинг бўйнидан буққандек бўлди, кўз олди қоронғилашди. Нафаси сиқилгандай оғзини каппа-каппа очди. Пешонасидан реза-реза бўлиб тер оқди. Барчаси шубҳали. 16 йил давомида эртанги кун билан яшаб келганига топишмоқни е­чишга бўлган умидсиз мақсад сабаб бўлганди. Мана, топишмоқни ечди ҳам. Энди у нимани мақсад қилиб яшайди? Нимага интилади? 16 йилнинг деярли ҳар дақиқасида «Эйнштейн жумбоғи»нинг саволларига тикилавериб-тикилавериб, унинг ҳар бир сўзи, ҳар бир ҳарфи ёд бўлиб кетганди. Тунда унинг уйқусини бузиб, топишмоқнинг исталган жойидаги сўз ёки қаторни сўранг, у бир зум ҳам талмовсирамай айтиб берган бўларди. Бу жумбоқ уни тунлари ҳам, тушларида ҳам безовта ва таъқиб қиларди. Янги газетадаги топишмоқда эса бир сўз эриш, ўзгача туюлди. Югуриб бориб бироз олдин ахлат қутисига ташлаган 16 йиллик «қадрдони»ни қўлига олди ва янгиси билан солиштира бошлади. Барча саволлар тўғри. Лекин эски газетада топишмоқ­ни ечишга кўмак берувчи сўзларнинг бири, яъни «Норвегиялик ҳаворанг уйда яшайди», деган сўз янгисида «Норвегиялик ҳаворанг уй олдида яшайди», дея ёзилганди. «Нега булар бир-биридан фарқ қилаяпти?» хўрсинди у. Фурсат ўтмай боши деворга урилгандек бўлди. У ҳаммасини тушунди. Ҳамма, ҳаммасини! Аслида ёрдамчи сўз «Норвегиялик ҳаворанг уй олдида яшайди», бўлган. Аммо эски газетада биргина «олди» сўзи тушиб қолдирилиб, катта хатога йўл қўйилган. Шунинг учун ҳам ҳар гал жавоб тўғри чиқавермаган. Тўғри ҳам чиқмасдида!.. Биргина «олди» сўзи эмас, Азим­нинг 16 йиллик умри ҳам тушиб қолганди.

_______________________________
* Сурат фотосуратчи Сейсс томонидан 1952 йилнинг 14 мартида олимнинг 72 ёшида тасвирга олинган. Суратларнинг асл нусхаси 9 дона бўлиб, улардан бири 2009 йили аукционда 74 минг АҚШ долларига сотилган.** Осмондан тушиб билимингни чархла (немисча).

«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 5-сон