Азим Баҳодир. SМS (ҳажвия)

Кўрмаганнинг кўргани қурсин.

Баҳор кунларининг бири эди. Холмат туснинг тўнғичи отасига сўнгги русумдаги мобил телефон совға қилди. Отанинг кўнгли тоғдек кўтарилди. Фарзандини умрингга умр, топганингга барака берсин, деб ичида дуо қилди. Суюнганини яширди. Сиртига чиқармади.

– Ўзимнинг эским ҳам бўлаверарди, – деди у, – бекорга харж қилибсан-да!

– Ҳозир ҳамма шунисидан тутаяпти, – деди ўғли отасининг раъйини англамай.

Замоннинг зайлига қаранг! Икки-уч йил аввал ҳаммани ҳайратга солган матаҳ бугун ҳеч кимга зарил эмас. Икковининг ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Пул учун одамлар нималарни ўйлаб топишмайди-я! Э-э, қойил! Мановиси экранидан бошқариларкан. Эрта-индин айтар гапингни тушунадигани ҳам ишлаб чиқилса, ажабмас. Холмат тус ёнғоқ япроғидек келадиган телефонни биринчи марта қўлига олганда шундай ўйлади.

У ҳафтанинг нари-берисида янги телефондан қўнғироқ қилиш, жавоб бериш ва SМS ёзишни ўрганиб олди. Ўғлидан қайта-қайта сўраб, мусиқа тинглашни-да билди. Айниқса, телефон хотираси лол қолдирди. Шапалоқдай қутига бир сандиқ кассетада жам бўлган ашула сиғганини кўриб, ўзига ишонмади. Замонавий телефон телевизор айтганидай ёмон эмас экан. Уни ўйлаб топган одамга қойил қолиш керак!

Чўпонлар отарини тоққа ҳайдаган куни Холмат тус саҳармардонлаб боғига келди. Рўмолчага ўралган телефонини чўнтагидан чиқариб, ангор ўртасидаги дарахт шохига илди. Ашула қўйди. Дилга ёқар мусиқа янгради.

Эрта турган бир кун ютади, дейди. Ҳақ гап. Тонг ёришиб, тоғ ортидан қуёшнинг юзи кўрингунча, Холмат тус тўққиз болорли хонанинг ўрнича келадиган ерни ағдариб улгурди. Ҳали нами қуримаган тупроқ ҳиди одамнинг димоғига хуш ёқарди. Дунёда бир-биридан муаттар ҳид кўп. Аммо тупроқнинг иси бўлакча. Одамнинг ғайратига ғайрат қўшади. Балки инсон тупроқдан яралгани учун шундайдир. Телефондан таралаётган ашулани қўшилиб айтаверганидан, ҳадеганда кетмон дастасини қаҳ-туф деб ушлайверганидан Холмат туснинг оғзи қуруқшади. Томоғини ҳўллаб олиш учун қайрағоч остидаги супа ёнига борди. Ўчоқ бошидаги офтобадан пиёлага сув қуйиб, сипқориб ичди. Чанқоғи босилмади, шекилли, пиёлага яна сув қуйди. Бу сафар ичишга улгурмади. Азондан бери чакаги ёпилмаган телефон бирдан жимиб, қисқа-қисқа товуш эшитилди: тиринг-тиринг.

Пиёладаги сувни ерга сепиб, пешонасидаги терни қўли билан сидириб-сидириб, Холмат тус телефон турган ерга югуриб келди. Олисроқдан  кузатган одам у чопганда тустовуқдай лапанглашини сезади. “Гугуртга кетиб” фильмидаги Ихалайненнинг худди ўзи. Балки Холмат исмига қўшилиб қолган “Тус” лақаби ҳам шундан.

Дарахт олдига келгач, у шохга илинган телефонни ушлаш-ушламасликни билмай иккиланди. Кафтларига боқди. Улар қоп-қора, кир-чир. Кафтларини бир-бирига уриб-уриб чангини қоқди. Яна қўлларини олдинга чўзиб, кафтларига қаради. Барибир кўнгли тўлмай, кафтини қорнига ишқаб-ишқаб, қайтадан тозалаган бўлди. Бу орада телефон яна жиринглади: тиринг-тиринг.

У телефонни авайлаб қўлига олди. Экранда ҳеч қандай рақам-пақам кўринмайди. Ё, тавба, деди ўзига. Аппаратнинг икки-учта тугмасини ўзича босиб кўрди. Уни икки-уч марта ўчириб ёқди. Фойдаси бўлмади. Шу пайт тугун кўтарган аёли келди. Эрининг авзои норасолигини кўриб, индамай супага дастурхон ёзди. Олиб келганларини қўйди. Термосдаги чойни чойнакка ағдариб, эрига қаради. Холмат тус телефондан бошини кўтарай демайди. Хотини овоз берди: ҳов, отаси, чойга келинг! Эри телефондан кўзини узмай, оёғи остидаги кесакларга қоқилиб-қоқилиб келди. Қўлини ювмай дастурхон ёнига чўкди.

– Ҳа, тинчликми? – деди аёли қовоғидан қор ёғай деб турган эрига. – Сўфи азон айтмай тимрайиб олибсиз?

Аёл сўнгги гапини кесатиброқ айтди.

– Манови баччағар ҳалидан бери тиринг-тиринг қилади, – деди Холмат Тус икки кўзини телефондан узмай. – На номер кўринади, на бошқа белги!

– Шунга ота гўри қозихонами? – деди хотини энди анча дадилланиб. – Мен бирор ерга ўт кетдими, деб ўйлабман. Олинг, чойингизни ичинг, совиб қолди.

Нонуштадан сўнг Холмат туснинг қўли ишга бормади. Кўнглига қил сиғмади. Боғнинг у бошидан бу бошига бориб, кунни кеч қилди. Қуёш ботай-ботай деб турган маҳал йўлдан ўтиб кетаётган Рўзи анжомнинг ўғлига кўзи тушди.

– Ҳов бола, менга қара! – деди у. – Отинг нимайди? Рўзининг ўғлимисан?

– Менман бова, – деди мўйлови сабза урган йигитча салом бериб. – Чориман.

У супага келиб ўтирди.

– Мановига тушунасанми, болам? – деб Холмат тус қўлидаги телефонни кўрсатди.

– Нима қилди? – деди йигит ҳайрон бўлиб. – Оқлигини айтмаса худди меникини ўзи.

– Пешиндан бери тиринг-тиринг қилади, – деди Холмат тус хўрсиниб. – Энди ўзиям, овозиям ўчди.

Рўзи анжомнинг ўғли телефонни қўлига олиб, ёқиб ўчирди.

– Бова, блокка тушиб қопти-ку, – деди у аппаратга имо қилиб. – Устасига кўрсатиш керак!

Холмат тус унинг гапини маънисига бормади. Йигит чолнинг аҳволини фаҳмлаб, им нотўғри киритилгани боис блокка тушганини ўзича тушунтирди. Компьютерда махсус дас­тур ёрдамида созлаш мумкин, дея қўшиб ҳам қўйди.

Иккови қишлоққа кириб келганда оқшом чўкиб бўлганди.

Рўзи анжомнинг  ўғли эртасига пешинга яқин келди. Холмат тус бу пайт хас-хазонга тўлиб-тошган қулоқбошидаги ўқариқни тозлаётган эди. У Чорини кўриб, қўлидаги кетмонни ўша ерга ташлаб, супа ёнига келди.

– Касалини топдингми? – деб сўради Холмат тус чойнакдаги совуқ чойдан иккита пиёлага қуйиб. – Ишқилиб, тузалдими?

– Устасига нима деган иш, – деди йигит дунёни қутқариб қолган қаҳрамондай гердайиб. – Имини буткул ўчириб ташладим.

Рўзи анжомнинг ўғли аппаратни ёқди. Экранда аввалига сув тўлқинига ўхшаш тасвир кўриниб, сўнгра сана ва вақтни тўғриланг, деган эслатма пайдо бўлди. Таажжубки, бу орада телефон яна тиринг-тиринглади.

– Ана-ана, кўрдингми? – деди Холмат тус ҳовлиқиб. – Яна эски қилиғини бошлади.

Ҳовлиқманг бова, ҳовлиқманг! – деди Чори. – SМS келди.

– SМS? Қандай? Қаердан? Кимдан? – деди Холмат Тус довдираб.

– Ҳозир, – деб Чори экранни кўрсаткич бармоғи билан нуқиди. – Эҳ-ҳе, SМS компаниядан келибди!

– Ўқи-чи, – деди Холмат тус. – Нима деб ёзибди? Яна об-ҳаво маълумотими?

– Йўғ-а! – деди Чорибой. – Танишишни хоҳлайсизми? Қизлар билан танишиш учун “Қ” ҳарфини, йигитлар билан танишиш учун эса “Й” ҳарфини 0670 рақамига юборинг, деб ёзибди.

– Гапни айлантирма – деди Холмат тус. – Ҳазиллашма, чинингни айт, бола! Салкам бованг тенггиман-а!

Унинг гапи йигитга оғир ботди. Холмат туснинг ёшини ҳисобга олди чоғи, Чори ортиқ сўз демади. Ўзингиз ўқиб кўринг, деб телефонни эгасига берди. Холмат тус SМSни ўқиди. Кўзига ишонмай, қайта-қайта ўқиди. Воҳ, ажаб! Ҳақиқатан шундай!

Телефон тағин тиринглади. Бу сафар Холмат тус уни овоз чиқариб ўқиди: “LOVE ёки SEVGI бош сўзини қисқа 6365 рақамига юбориб, ҳар кунлик севги латифалари, севги тостлари ва изҳорларини бир ҳафта ичида бепул олинг!”

Орадан уч кун ўтди. Ўша SМS воқеаси Холмат тусга ҳеч тинчлик бермасди. Бўлмағур хаёллардан чалғиш ниятида боғига одатдагидан эртароқ келарди. Бугун ҳам у тонг ёришмай келди. Кечадан чала қолган ишини давом эттириб, озгина ерни шудгор қилди. Ишга ҳафсаласи бўлавермагач, телефонни қўлига олиб, ўша кунги SМSларни яна бир марта ўқиди. Ҳамма, одамлар ўзгариб кетган, деб ўйлайди. Бўлмаган гап. Аслида, замон ўзгарган! Бизнинг даврларда қизлар билан танишиш учун қанча қир ошардик, сой кечардик. SМS билан ҳам севиб бўларканми? Эшитганим бор, бир газетда кимдир эр, биров хотин излаб, эълон берар экан. Тавба, энди бу ҳам модадан қолибди-да, деб ўйлади.

Кейин қайрағоч остидаги супага тўшак ёзиб, ёнбошлади. Ростдан ҳам шундаймикин? Қизларнинг қадри шу бўлиб қолибдимикин? Менга нима! Ё, SМS юбориб синаб кўрсаммикин? Йўғ-э, эшитган қулоққа яхшимас. Биров билса, эл орасида қандай бош кўтариб юраман. Ўғил-қизимга нима дейман! Онасининг олдида нима деган одам бўламан! Холмат тус бир ўнгига, бир сўлига ағдарилиб ўйлади. Чалқанча ётиб ўйлади. Бу ишлар унга тўғри келмайди. Бўлди, ҳаммасини унутади, вассалом!

Холмат тус хаёлига келган фикрдан уялиб, мийиғида кулиб-кулиб, яна ер чопа бошлади. Доимгидек телефондан мусиқа янграб турибди. Тонгги шабада тоғдан турли гиёҳларнинг ҳидини димоққа келтириб уради. У ишга берилиб кетиб ҳаммасини унутди. Кутилмаганда ашула бирдан тўхтаб, телефон яна тиринглади.

Холмат туснинг шумлиги тутди. Таваккал қилди. SМS ёзди. Ҳадеганда ҳеч қандай жавоб келавермагач, ҳаммаси шунчаки ўйин, деган хаёлга борди. Ишидан уялди. Офтоб урган терида яноғи қизаргани сезилмади. Кетмонини қўлига энди олиши билан яна телефон тиринглади. SМS келибди, шоша-пиша ўқиди: “Бизнинг танишув хизматимиздан фойдаланганиз учун ташаккур! Марҳамат қилиб, жинсингизни кўрсатинг! 1 эркак. 2 аёл.”

Холмат тус бир рақамини ёзиб жўнатди.

Тиринг-тиринг.

“Икки хонали сон билан ёшингизни теринг!”

Холмат тус каловланди. Ёшини ростини ҳам, ёлғонини ҳам ёзишни билмади. Бир фурсат иккиланиб, дуч келган иккита рақамни босди.

“Кимни излаяпсиз? 1 эркак. 2 aёл”

“2”

“1 севги. 2 оила қуриш учун. 3 дўстлик. 4 мулоқот.

“1”

“Вилоятни кўрсатинг.”

“1 Анд. 2 Нам. 3 Фар. 4 Тош. 5 Қаш. 6 Сур. 7 Бошқа”

“5”

“Исми қайси ҳарф билан бошланувчи қизлар билан танишмоқчисиз?”

“А ёки Б”

 “Марҳамат қилиб фақат биттасини тангланг!”

“Б”

Тиринг-тиринг.

“Рўйхатдан ўтиш учун сизга хабар юборилди.”

Тиринг-тиринг.

“8100 рақамига nick танлаб, уни ёзиб юборинг. Иккита нуқта қўйиш ҳам ёдингиздан чиқмасин.”

Холмат тус худди SМSда ёзилганидек қилди.

Тиринг-тиринг.

“Баракалла! Мана шундай олға юришда давом этинг! Омад ёр бўлсин!”

Охирги хабарни ўқигач, Холмат Туснинг оғзи қулоғига етди. Қувонганидан қўлларини бир-бирига ишқаб, турган ерида сакраб-сакраб олди. Белининг қуввати ҳали яхшилигидан мийиғида кулиб қўйди. Бироқ навбатдаги SМS келавермаганидан кўнгли андак хижил бўлди. Вақт гўё тўхтаб қолгандек эди. Сония сайин хуноби тошиб борарди. Не қиларини билмай, боғ теварагини икки-уч марта айланиб чиқди. Кутиш азоб, илҳақлик машаққат. Унинг тоқати тоқ бўлди. Аламини нимадан олишни билмасди. Қўлидаги аппаратни бармоқлари билан қаттиқ қисимлади. Кафтидан ғичир деган овоз эшитилди. Кейин телефонини синдириб қўйишидан чўчиб, ҳозирги ишим аҳмоқликдан бошқа нарса эмас, деб ўйлади. Барибир ҳовури босилмади. Ён-верига аланглаб, оёғи остида ўралашиб юрган итини кўриб, унинг оч биқинига боплаб тепди. У ғингшиб-ғингшиб нари кетди.

Тиринг-тиринг!!!

Холмат туснинг чиройи очилди. Зум ўтмай SМSни очиб ўқиди.

“Cалом”

“Ва алайкум”

“Мен Барноман. Исмингиз нима? ”

“Холмат”

“Холли йигит экансиз-да!”

“Ҳа, энди, шунақароқ”

“Холиз қаерда?”

Холмат тус нима деб жавоб ёзишни билмади. Воҳ, дариғ! Қурмағур минилмаган тойга ўхшайди-ку, деб ўйлади. Бўлмаса, ҳали танимаган-билмаган одамига шундай савол берадими, аёл дегани.

Тиринг-тиринг.

“Ҳазиллашдим. Хафа буманг.”

– Ҳей, ҳазилинг ҳам қурсин, – деди Холмат тус ўзига гапириб. – Одамнинг капалагини учирдинг-ку!

Тиринг-тиринг.

“Севги борлигига ишонасизма?”

“Ҳа, ўзиз-чи?”

“Ман ишонаман. У ҳақда шеърлар ҳам ёзганман.”

“Йўғ-эй?”

“Ўқиб кўрасизми? Жўнатаман.”

“Майли.”

“Гуллар доим қўлингда бўлсин,

Лекин тикони ботмасин.

Севги доим сени топсин,

Лекин яраламасин.”

“Зўр чиқибди.”

“Яна битта юборайма?”

“Фарқи йўқ.”

“Эрмак қилиб ҳамма қизга гап отгунча,

Дўстлар билан тун бўйи гап сотгунча,

Ҳар хил тушлар кўрмай тонг отгунча,

Иболи бир қиз топиб уйланволинг.”

Афсуски, SМS ёзиш пулли. Тағин долларда ҳисоб-китоб қилинади. Йўқса, ҳамма ишини йиғиштириб, бир-бирига изҳорлар битиш билан машғул бўлармиди? Яна ҳам Яратган билгич! Холмат тус SМS кетидан SМS жўнатавериб, пулини тугатди. Қишлоқдаги пайнетга бориб келишга эринди. Излаган имкон топар, дегани рост экан. Ўйлаб-ўйлаб йўлини топди: Абдуғани пайнетга қўнғироқ қилиб юборинг, деган бепул SМS жўнатди. Орадан икки-уч дақиқа ўтиб, ҳисоб тўлдирилгани ҳақида хабар келди.

Бунинг ҳеч қандай ҳайрон бўладиган ери йўқ, назаримда. Қишлоқда ҳаёт шаҳарникидан кескин фарқ қилади. Одамларнинг аксариятини қўлига ойлаб пул тушмайди. Бунга дўкондору қассоблар аллақачон кўникиб кетган. Қишлоқдошларига у-бу нарсани қарзга бериб юбораверади. Абдуғани Пайнетнинг Холмат тус телефонига пул ўтказишининг боиси ҳам шу. У не-не одамларнинг телефонига насияга пул ўтказиб бермаган дейсиз?! Қарз қиёматга қолмайди, албатта. Қўли пул кўрганлар ҳисоб-китоб қилиб кетади, топмаганлар  кузда ҳосил кўтарганда, қарз эвазига олма-ёнғоқ беради. Абдуғани пайнет йиғилган маҳсулотни шаҳарга келтириб, бозорда пуллайди. Бундан бир-икки сўм фойда ҳам кўради. Айрим қўли калталар қарзини бермаса ҳам Абдуғани пайнет хафа бўлмайди. Кетса, тўрт-беш сўм пулим қишлоқдошларимга кетибди-да, деб ўйлайди. Эртага яхши-ёмон кунимга шулар ярайди, дейди.

Холмат туснинг рақамига пул тушгунча бир неча марта SМS келди. Кетма-кет жўнатилган шеърларни ўқиб, унинг шоирлиги тутди. Зўр тўртлик ёзиб, анойи эмаслигини билдириб қўймоқчи бўлди. Афсус, ҳеч қандай шеърни ёддан билмас экан. Ёшлигида китобда ўқиганларининг бир-икки қаторини чала-чулпа эслади, холос. Бунинг ўзи етарли эмас. Шунинг учун ҳар куни телефонда эшитадиган қўшиқлардан бирининг тўрт қаторини ёзиб юборишни эп кўрди.

“Қирқ қулоч сочингни ёйдинг торга-ей,

Кўнгил бердим сендаккина ёрга-ей,

Кўнгил берсам сендаккина ёрга-ей,

Сен туриб мен осилайин дорга-ей.”

Холмат тус ўзича ишидан мамнун эди. SМS­нинг жавобини илҳақ бўлиб кутди.

Тиринг-тиринг.

“Бу нима?”

“Шеър”

 “Амир Олимхон даврида ёзилганма?”

“Билмадим.”

 “Севги ҳақида шеърлариз йўқма?”

Холмат тус  халқ термаларидан ёдида қолган энг сара икки сатрни юборди.

“Ошиқ бўлдим арпанинг сомонига,

Ўлим берсин қизларнинг ёмонига.”

Тиринг-тиринг.

“Ахмоқ қиляпсизма?”

Холмат тус хафа бўлди. Боиси у мақтов эшитишни, шоир бўлиб кетинг, деган гапларни кутганди. Ёшлар шоирларининг китобларини ўқимаганига афсус чекди. Жилла қурса, иккита-учта шеърини ёд олмаганига ўзидан ранжиди. Бугун шоири замондан кўпи бўлмаса! Аммо… Ҳозир ўзидан ўпкалашнинг мавриди эмас эди. Қандай қилиб бўлмасин вазиятдан чиқиш керак. Шу пайт адабиёт ўқитувчисининг ҳар ким ўз қобилиятини кўрсата билиши керак, деган гапини эслади. Ҳамма шеър ёзганда мен ҳам тўрт қатор қораласам, осмон узилиб тушармиди, деди. Кейин ёзганини овоз чиқариб ўқиди. Ўзига манзур бўлди чамаси, SМS қилиб юборди.

“Кунлари севдим деб айтолмасам,

Аразламанг, жоним аразламанг.

Тунлари ёнингизда ётолмасам,

Аразламанг, мендан аразламанг!”

Тиринг-тиринг.

“Яшанг! Гап йўқ”

Тушлик олиб келган хотини уйга кетар чоғ қўлига пул бериб, пайнетдан рақамига ўтказиб юборишини буюрди. Дунёда ўзбек аёлларидек яхши хотин топилмаса керак. Эрини салкам пайғамбардек улуғлайди. Айтгани айтган, дегани деган. Холмат туснинг аёли ҳам қишлоққа кириши билан бошқа ишга чалғимай, тўғри пайнет будкасига борди. Абдуғани пайнет қаттиқ муқовали дафтарга ниманидир ёзиб ўтирган экан.

– Ука, пайнетингиз ишлаяптими? – деб сўради аёл салом бериб. – Акангизни номерига пул ташлаб юборинг!

– Ҳозир, янга, – деди Абдуғани пайнет қилаётган ишидан бошини кўтариб. – Кеча пешинда ҳам пул ташлагандим-ку. Дарров тугабдими? Нима бало, сиз бу ёқдан, акам у ёқдан телефонда гаплашаяпсизларма дейман?

Аёл йўл-йўлакай Абдуғани пайнетнинг гапини ўйлади. Кўнглида ғимирлаган шубҳалар ҳақиқатдай туюлди. Охирги пайтда эрининг ўзгача қадам босаётгани сабабини тушунгандай бўлди. Эрининг кеча-кундуз телефонни қучоқлаб юриши бекорга эмас! Эри ойда бир соқолини қиртишламас эди. Ҳозир кунора юзига устара тортади. Тағин одеколон ҳам сепишни канда қилмайди. Ё тавба, одам ҳам шунчалик тез ўзгариши мумкинми?

Кеча тасодифан эрини тошойна олдида кўриб қолди. У пуфакдек шишган қорнини дам ичига тортиб, дам эркин қўйиб кўрарди. Кейин деярли қора толаси қолмаган сочини бир ўнг­га, бир сўлга тараб текислади. Қилган ишидан кўнгли тўлди, шекилли, тошойнага яқинроқ бориб, лунжларини қўли билан тортиб-тортиб, юзига шаппатлади. Аёл уйига етгунча эрининг икки-уч кун ичидаги ана шундай ғалати-ғалати қилиқларини кўз олдидан ўтказди. Юракка санчилган алам суяк-суягигача ўтиб кетгандек бўлди. Жаҳли чиқиб, ҳозироқ боққа бориб, эрининг ёқасидан олишни кўзлади. Кейин шайтонга ҳай берди. Бўлиши мумкин эмас, деб ўзини ишонтирди. Чунки шу кунгача эрининг бегона аёлга ҳатто кўз қирини ташлаганини сезгани йўқ. Бўлар-бўлмас хаёлларга борганидан уялиб, ўзини койиди.

Эртасига хотини тушлик келтирганда Холмат тус боғнинг тоғ этагидаги лолақизғалдоққа бурканган адирларни томоша қилаётган эди. Аёлини кўрмади. Аёл қўлидаги нарсаларини чеккага қўйиб, супада қалашиб ётган кўрпачаларни тартибга солди. Эрининг ёстиқ остида қолиб кетган телефонини олиб, кўринадиган жойга қўйди. Кейин чойнак-пиёла ювишга ариқ томонга кетди. Шу пайт телефон тиринг-тиринглаб, SМS келди. У на йўлида юришини, на ортга қайтишини билди. Боиси, эрининг нарсасига ҳеч қачон рухсатисиз қўл теккизмаган эди. Қалбида уйғонган ғулғула уни бир умрлик одатини бузишга ундади. SМSни ўқиди. Кўзига ишонмади. Қайта-қайта ўқиди. Баданидан совуқ тер чиқиб, супага ўтириб қолди.

Олисдан аёлини кўрган Холмат тус бир-бир босиб, супа ёнига келди. Хотинининг докадек оқариб кетганини кўриб: “Тинчликми?”, деб сўради. Аёли ҳеч сўз демай, ўрнидан туриб, этагини қоқди-да қишлоқ томонга тез-тез юриб кетди. Холмат тус нима бўлаётганига тушунмай ортидан қараб  турди. Илкисдан нимадир ёдига тушиб, ҳамма чўнтагини қўли билан пайпаслаб чиқди. Телефони йўқ. Кейин кўрпача устида турган телефонни кўриб, нима бўлганини фаҳмлади.

Холмат тус саратонни боғидаги супада ўтказди. Иссиқ-совуғидан ўғил-қизи хабар олиб турди. Оқшомлари ҳам шу ерда тунаб қолди. Аёли эса ўша кетганча, қайтиб ўликмисан ё тирикмисан, деб сўрамади.

Тоғда биринчи қор ёғди. Ҳаво анча салқинлади. Бу ерда оқшомда тунаб қолиш ўз жонига қасд қилиш билан тенг. Бир кечада совуқдан касаллик орттириб олиш ҳеч гапмас. Дала-даштга отар ҳайдаб кетган чўпонлар аста-ас­та қишлоққа қайтмоқда эди. Боғларда инсон зотининг қораси кўринмайди. Холмат тус ҳам кўрпа-тўшагини йиғиштириб, асрдан бери уйга кетишга чоғланади. Энди қишлоққа жўнайман деганида, арзимаган нарсани баҳона қилиб, яна шу ерда куймаланади. Кўз олдида аёлининг аразли чеҳраси жонланиб, кўнгли хижил тортади. Уйга кетай деса, ҳеч оёғи тортмайди. Буёғи, кетмаса ҳам бўлмайди. Ёмғир ана ёғай, мана ёғай, деб турибди.

Холмат тус келганда ҳовлида ҳеч ким йўқ экан. Томоғини қириб, шу ердалигини билдирди. Ичкаридан ўғли чиқиб, қўлидан нарсаларни олди. Кейин биргалашиб уйга киришди. Урчуқ чўзиб ўтирган аёли салом бериб, ишида давом этди. Қизи дастурхон ёзди. Таом сузилди. Буғи чиқиб турган ошга ота энди қўл чўзганди, яна телефон жиринглади: тиринг-тиринг. Холмат тус эътибор бермади. SМSни ўғли аввал ичида, кейин овоз чиқариб ўқиди: “Fanbox порталида романтик танишувлар! 7007 га қўнғироқ қилинг! Бепул!”

Улар кулиб юборишди…

“Ёшлик” журнали, 2015 йил, 12-сон