Азамат Қоржовов. У ёзувчи бўлмоқчи (ҳажвия)

Кимнингдир ёзганига офарин, кимнингдир ёзмагани учун раҳмат.
Асқад МУХТОР.

Ҳеч кутилмаганда, гўё булутсиз осмонда чақмоқ чаққандек, таҳририятга йигирматача ҳикоя қўлёзмасини кўтариб келди.
– Кимники? – дедим ҳайрон бўлиб.
– Меники, – пинагини бузмади у. – Ҳаммаси сенга. Бошқа ҳикояларимни “Пинак”, “Соғиндик”, “Ҳафтама-ҳафта” газеталарига, “Қасамхўр” журналига жўнатдим.
Оғзим очилиб қолди.
– Нима бало, ҳикоя ишлаб чиқарадиган фабрика қурдингми?
– Йўқ, ҳозирча оддийгина цех, – деди у. – Худога шукр, газета-журналлар кўпайиб, ҳикоянинг нархи ошиб кетди. Бир саҳифа ҳикоя нархи энг кам иш ҳақининг ярмига тенг. Хасис таҳририятлар учдан бирини беради. Аммо менга чўт эмас, курсдошжон. Бир суткада газета ҳажмича камида уч саҳифа ҳикоя ёзаман. Бу дегани – кимнингдир бир ойлик иш ҳақини бир кунда уйда ўтириб ишлайман. Қўлим соғ бўлса бас!
– Қўлинг?.. Ҳалиги… сен ўқиб юрганимизда мой сотардинг, шекилли. Қанақа қилиб адабиётга кириб қолдинг?
Курсдошимнинг кулгиси қистади.
– Нега унақасанлар-а? – дея кифтимга қоқди. – Сенларнинг фикрингларча, мойфуруш мойфурушлигича қолиши керак. Ким университетда тиришқоқ бўлса, аъло баҳоларга ўқиса, ижодкорлар тўгарагига қатнашса, ўшандан ёзувчи чиқади.
– Лекин сен ақалли битта китоб ҳам…
– Китоб ўқимагансан, демоқчимисан? Қўйсанг-чи, шунақа “детский” гапларни! Авваллари китобдан фойда йўқ эди. (Тағин шу гапимдан ҳам илинтираман, деб ўйлама!) Энди эса у хом ашё базаси. Ахир, китоб ўқимасдан шунча нарсани қаердан олиб ёзаман?! Кўчираманми?! Бе-е…
Билдирадиган эътирозларимнинг йўлини бир-бир тўсиб, ахийри кифтимдан қўлини олди. Назаримда, бироз жиддий тортгандек эди.
– Саҳифасига қанчадан тўлаяпсанлар? – сўради у.
– Чоп этсак, берамиз-да, эл қатори, – дедим мужмалланиб.
– Майли, ҳикояларим кўп, ғам емайман. Лекин курсдошлик ҳурмати, илтимос, бошқаларга қараганда минг сўм зиёд ёз. Гонорар олган куним ошга борамиз. Ичасанми?
– Ҳе, йўқ…
– Тавба, муштдан ҳам, гўштдан ҳам қуруқ қоласан-а! Ёзувчи дегани еб-ичишни, сайру саёҳатни, пул топишни ҳам билиши керак. Бўлмаса, ўзининг этагига чувалашиб юраверади. Еб турмасанг қандай ёзасан?!
– Ёзувчи бўлсак, балки сен айтгандай яшармиз.
– Ёзувчилар уюшмасига аъзо эмасмисан? Эсим қурсин, аъзо бўлиш учун камида иккита китоб чиқариш керак-ку, сенда ҳали биронта ҳам йўқ.
Шу пайт қўлёзмаларнинг бирини беихтиёр ўқий бошладим. Сарлавҳаси шундай эди: “Қабристондан топилган бахт ёхуд нариги дунёдан қайтган қизнинг никоҳи”.
“Ҳикоя” қуйидагича бошланганди: “Тун жуда ҳам зим-зиё бўлса-да, қабристоннинг нариги чеккаси замона зайлига биноан дўппайиб-дўппайиб кўзга ташланарди. Оғир, даҳшатли сукунат чўкарди. Одамнинг юрак уриши ўзига эшитиларди. Туман қуюқлашарди. Ярим кечаси, бунинг устига қабристон бўлишига қарамай, бўрон гувилларди. Қўрқинч янада ошарди…”
Лаънати “-арди” қўшимчалари бир зумда кўнглимни айнитди. Зим-зиё тунда қабристоннинг нариги чети кўриниб туриши-ю, туман қуюқлашаётганда бўрон гувиллаши умуман ақлга сиғмасди. Тошиб келган ғазабимни бўғзимда зўрға жиловладим. Рангим ўзгарганини сезди чоғи, курсдошим норозилик билдирди:
– Э, яхшилаб ўқидингми ё тушунмасдан афтингни бужмайтираяпсанми?
– Нега?.. Ёмон эмас… фақат… чоп этиш масаласини муҳаррир ҳал қилади, мен оддий адабий ходимман.
– Диққат билан ўқи-да, жўра. Мана… манави ҳикоям дурустроқ.  “Фантастика” деёлмайсан, ахир бўлган воқеа бу.
Сарлавҳага қарадиму димоғимга қўлёзмаданми, муаллифданми, бадбўй ҳид урилди, аллақаерда қуртлар ғимирлади. “Хотин кимники ёхуд ярим кечаси аёл талашган эркаклар”.
Во дариғ, даҳшатга тушиб ўқишга тутиндим: “Қосим ака ишдан ярим тунда келарди. Қараса, чироғи ёниқ турарди. Нима гап экан, деб чопиб кирса, уйининг тўрида маҳалла оқсоқоли ўтирарди. Дастурхон ёзилган, хотини эса чой-пой ташиб хизмат қилиб юрарди.
– Қосим, – деди маҳалла оқсоқоли, – хотининг менга ёқиб қолди, энди у меники. Агар севсанг, юр, ҳовлига чиқиб, муштлашамиз. Ким ғолиб чиқса, хотин шуники.
Азбаройи жаҳли чиққан Қосимнинг муштлари ҳинд киноларидагидек тугиларди.
– Майли, юр! Сўнгги томчи қоним қолгунча хотиним учун курашаман! – деди Қосим.
Иккови даҳшат билан муштлашарди. Ернинг нафақат чанги, балки гўнги ҳам чиқиб кетарди. Гарчи думлари ва шохлари бўлмаса-да, иккови бамисоли ҳўкизга ўхшарди.
Жанг соатлаб давом этарди. Ахийри, Қосим ҳавога сакраб, маҳалла оқсоқолининг ўпкасига икки оёқлаб тепарди. Маҳалла оқсоқоли йиқиларди. Қосим эса оёқ учида унинг дуч келган жойига шарқона зарбаларини йўлларди. Ниҳоят, Қосим ҳавога уч марта сакраб, ҳар гал товони билан рақибининг устига тушиш баробарида “ия-я!” деб бақирарди.
– Дадаси, ғолиб бўлишингизни билардим, – деб Қосимнинг хотини югуриб чиқиб, йиғлаб бўйнига осиларди. Қосим ҳам қувончидан йиғларди.
Шунда маҳалла оқсоқоли ўрнидан турарди. Уст-бошини қоқарди-да, томоқ қириб олгач, кўкка боқиб, муножот қиларди:
– Ё тангрим! Наҳотки, мен енгилдим?! Доим енгилавераманми?.. Бевалик ҳам жонга тегди…”
Қўлёзмани ортиқ ўқиёлмай стол устига ташладим. Қаршимда курсдошим ҳамон тиржайиб турарди.
– Қалай, зўрми? – деди у. – “Заголовка” ҳам, сюжет ҳам “коммерческий”. “Обложка”да эълон қилинса “любой” одам ўқийди, тираж ошади. Отвечаю!
Бироз  танқид қилишга журъат этдим:
– Бадиийлик етишмаяпти, дўстим.
– Қизиқмисан?! Бу давлат нашрлари учун ёзилмаган-ку! Одамлар чарчамасдан, зерикмасдан, тез ўқишлари учун қисқа гаплардан фойдаланганман. Мураккаб, узун гапларнинг “вобше” кераги йўқ.
– Лекин…
– Э, чап томонинг билан турганмисан?! Нега бунча инжиқланасан? Ҳақиқий санъат асари ёзиб келсам, чоп этасанми? Йўқ! Чунки ҳақиқий санъат асарига биринчи ўринда фалсафа қўшаман, кейин психология. Иннанкейин табиат тасвири ва лирика. Қани, айт-чи, фалсафийлашиб кетган, психология берилган ҳикояни бозорда ким ўқийди?! Мен сенга айтсам, адабиёт назарияларингнинг ўзи нотўғри. Ҳикоя қисқа бўлиши керак, қайта ишланиши керак, бир неча ой ташлаб қўйилиб, сўнгра бегона кўз билан қараб чиқиш лозим дейилади. Буям етишмайдигандек қўлёзмани бошқаларга ўқитиб, фикрларини олиш шарт… Туф-е! Бунақада ижод қилиб бўладими! Масалан, мен ўзим ёзган ҳикояни қайта ўқиб чиққунча яна битта ҳикоя ёзиб ташлайман. Энг аҳмоқона тушунча – “қисқа ёзишим шарт” деб ўйлаш. Қисқа ёзсанг, биринчидан, қалам ҳақи кам бўлади, иккинчидан, ҳозирги одамлар тушунмай қолади. Билсанг, ўша адабиёт назариясининг ўзи қалин китоб. Нега қисқа ёзмаган? Энг қизиғи, ўша адабиётшунослар тўғри маслаҳат берса, нега биздагилар юз йилдаям Нобель мукофоти олишолмади? Ҳе, ҳаммаси нотўғри! Одам қамоқдаям асар ёзаверади. Агар қисқалик зарур бўлганида, “Уруш ва тинчлик” танқидга учрарди. Киночилар битта ҳикоядан икки соатлик фильм ишлолмасди. Ҳозирги замонда қўлёзмангни ўқийман, маслаҳат бераман, деб қайси ёзувчининг кўзи учиб турибди?! Бир неча ой ташлаб қўйиш ҳақида-ку гап бўлиши мумкинмас. Пул масаласини катта холам ҳал қиладими? Европада ёзувчиларнинг асарлари сиёҳи қуримасдан қўлма-қўл бўлиб кетган. Гапнинг қисқаси, дўстим, санъат асарини ёзишга шароит йўқ. Квартирада юрибман, “дом” олишим керак. Кейин машина дегандай… Айтмоқчи, ҳалиги масала. Менга уй, машина бериб, икки йил юқори маош тўлаб боқадиган одам борми?
– Йўқ, – дедим энсам қотиб.
– Демак, санъат асариям йўқ, – дея у қош қоқди. – Болаларинг нон деб турса, ҳеч ким тушунмайдиган мураккаб асар ёзишга қўлинг борадими? Ҳечам-да.
– Барибир бу яхши эмас. Хўп, ҳикоя ёза бошлабсан. Ҳеч қурмаса бир марта таҳрир қилиб чиқ. Манави жумлангга қара: “Чумчуқ жуфтакни ростлаб қоларди”. Унинг югурганини ҳечам кўрмаганман.
Курсдошим қўл силкиди.
– Ўзинг тўғирлавор-да, жўра, нега таҳририятда ўтирибсан?! Юз фоиз тайёр асарнинг ўзи йўқ. Муҳаррир, адабий ходим, мусаҳҳиҳ аталмиш жониворлар матбуот ўрмонида бежиз пайдо бўлмаган. Уларга ҳам иш қолдириш керак ёзувчи зоти.
Анча вақтдан бери кўрмагандим бу ажабтовур курсдошни. Дарров қопиш одобдан эмас, деган хаёлда зўрға чидаб ўтирдим. Ҳамма нарсанинг мавриди бор. Эртага ҳеч вақоси чоп этилмагач, қўнғироқ қилади. Ўшанда ётиғи билан тушунтирарман.
Хайрлашар вақтида ҳам тилимнинг учидаги гапни айтолмадим: “Илтимос, ёзишни ташланглар! Тирикчилик учун бошқа касб  топинглар! Адабиётни булғаш гуноҳ-ку, биродарлар!..”
Аммо-лекин чучварани хом санаган эканман. Орадан икки ҳафта ўтар-ўтмас, бир шотири ҳовлиқиб келди.
– Ока, материалларни беринг, устоз ҳикояларим бекор туриб қолди деб “нервничит” қилаяпти. Ўзингиз тушунасизу Тошкандаги тўрт-бешта окахоннинг газити ёзги “мертвий” сезонда ташаворган. Тиражни кўтармасак уятли бўп қоламиз.
Ҳикояларни қайтариб бердиму, енгил нафас олдим. Худди кабинетимдаги шкафда бир тўда чўчқа боласини қамаб ўтирган каби безовта эдим-да, ахир.
Ўша курсдошимга иши тушадиган таҳририятлар бормикан, деб қаттиқ ҳайратда эдим. Ҳали бу ҳолваси экан. Ҳикоялари уч-тўрт ой мобайнида бирйўла олти-етти газетада чоп этилгач, майда газеталар аввал чиққан эски  ҳикояларини ярим нархида сотиб олиб, пайдар-пай боса бошлади.
Бир йилдан кейин уни танимай қолдим. Буқадек семириб кетибди.
– Гонорарларингни ҳисоблаб кўрдим, – дедим ярим ҳазил оҳангда. – Ҳафтасига бир юз эллик минглар ишлаяпсан. Бу – ойига ярим миллиондан ошади, дегани. Етадими?
– Шуям гапми? – керилди у. – Ишлаган одам хор бўлмайди. Куним фақат гонорарларга қолгани йўқ. Мойфурушликни қайтадан йўлга қўйдим.
– Демак, бозордасан?
– Бозордаман. Яна бир қўшимча даромад манбаини топдим. Ҳузуримга мукофотталаб ёшлар, обрўталаб ўқитувчилар, шуҳратталаб қаламкашлар кўп келади. Ўзларининг номидан ҳикоя, шеър ёзиб, чоп этишимни илтимос қилишади. Менда ҳикоя ҳам, шеър ҳам тиқилиб ётибди. Ўттиз-қирқ мингдан нақд пуллаяпман. Зўр ёзиб қўйганларимни ўз номимдан чиқараман. Тўрт-беш йилда Нобель мукофоти ҳам олсам керак. Ма, ўқи!
Сарлавҳага кўз ташлайман: “Бокира келиннинг ғойиб бўлган иффати ёхуд бузуқ қайнотанинг мудҳиш қилмиши!”
Қайд қилиб юбораман.
– Ие, мазанг йўқми? – дейди курсдошим. – Емайсан-да, емайсан! Рангинг оппоқлигидан сезгандим…
Шунда калламга ажойиб фикр келади: доришунослик соҳасида қайт қилдирувчи янги дори кашф этилди. Унинг “асар”ларини дорихоналарда сотиш керак!