Зубайда Ишмонова (1951)

Зубайда Ишмонова 1951 йилда туғилган. Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетини тугатган. У ўзбек ва қорақалпоқ тилларида ижод қилади.

КЎЗГА ЯҚИН ЮРТ

Гулдуросли ўтмиз, чақинмиз,
Бир тиним йўқ: на ёз, на қишда.
Энди бизлар эркка яқинмиз,
Ғам, қайғули кунлар олисда.

Мўл-кўл мева бизга боққин деб,
Гуллаётган боғ-бўстонимиз.
Юртинг сенинг кўзга яқин деб,
Тилар шуни Ўзбекистонимиз.

МАНЗАРА

Сўритоклар изидан кетиб,
Узум қўлларини кермоқда.
Севганининг васлига етиб,
Шафақ қизил, тонг оқармоқда.

Дов-дарахтлар ўзини билиб,
Кунлар узун, қариб бормоқда.
Тилла балиқ тилдан тутилиб,
Ликиллайди сувда, қармоқда.

ГАП СИЗДА

Отни аравага қўшиб тортсангиз,
Кўчар қувончингиз момиқ чаноққа.
Олма, анжиридан сиз ҳам тотсангиз,
Тушар пок меҳрингиз қорақалпоққа.

Чиқармас сўнг қўлдан йиллаб ва ойлаб,
Серҳосил далалар, яшил хиёбон.
Қўйгач дилингизга меҳрини жойлаб,
Болдек тилингизда дашту биёбон…

…Дадил келажакка ҳисса қўшсангиз,
Юрар минг газ нари сиздан фалокат.
Адо, жудо бўлмас ғамин ёзсангиз,
Шукур, энди озод, обод мамлакат.

Ҳур халқ толеидан нурафшон диллар,
Ўстирдик ўғил, қиз қолсин деб изда.
Шамолдек зувиллаб, ўтар ой, йиллар,
Эрк, ихтиёр қўлда, ҳамма гап сизда.