Аслиддин Алимардонов. Орол, бобом ва мен (эссе)

Орол денгизи ҳақида эшитсам ёки бирор нима ўқисам ўпкам тўлиб кетаверади. Лекин йиғлай олмайман. Худди сигаретни чуқур тортганимдагидек ачимсиқ тутун бўғзимни ачиштиради.
Мана ёшим ўттизлик довонни забт этиб турибди, шу пайт­гача Оролни бир бора бўлса-да, кўзим билан кўра олмадим. Қорақалпоғис­тон Республикаси узоқмас, машинада юрилса 16 соатда етса бўлар…
Машинам бор.
Ишхонадан рухсат сўралса, раҳбар тушунадиган одам – йўқ демайди…
Дабдурустдан қарор чиқариб, бир ёқларга “йўқолиб қоладиган” одатимга эса оиламдагилар кўникиб кетишган.
Аммо ўзим-да англолмаётган қандайдир бир важ сабабли сафар ортга сурилиб келяпти.
Орол – аслида бобомнинг мақсади эди.
Бироқ Иккинчи жаҳон урушининг захида ўпкасини шамоллатган бобомни зардобдард эрта енгиб, дунёсига тўйиб-тўймай, биз набираларининг роҳатини кўролмасдан кўзлари очиқ кетди.
Бобом ҳақиқатда ноёб киши эди…
У кишига энг яхши таърифни отам берган: – Бундай авлод бошқа келмайди…
Ёшлигимда тенгдошларим фазогир, прокурор, ҳоким бўлиш ҳақида хаёл қиларди.
Мен Орол бўйида яшашни орзу қилардим. Қирғоқ бўйида уй солиб, ҳар кун балиқ овига чиқсам, тутилган балиқдан “уха” пишириб, бобомга ичирсам ўпкаси тез тузалиб кетади, деб ўйлардим.
Ўша пайтлар худди “Сусамбил”дек бир оҳанрабоси бор эди Оролнинг…
Эсимни таниган пайтимдан бўлса керак, бобом доим бир гапни такрорларди: – Оролга борсам тузалиб кетаман.
– Отамга айтинг оборади, – дердим.
– Йўқ, иккимиз боришимиз керак. Бунинг учун эса сен тезроқ катта бўлишинг лозим, – дерди.
Ҳатто бобом вафотининг эртасига отамдан аламангиз бўлиб: – Сиз обормадингиз Оролга, шунинг учун ўлди, дея арз-дод қилганман.
Шунда отам индамасдан мени маҳкам бағрига босганди.
Маълум вақт ўтиб билсам, бобом Орол эртагини фақат менга айтиб юрар экан…
Ҳеч кимга ҳатто боласига-да хизмат айтишни эп кўрмайдиган одам эди-я…
Худди “Чол ва денгиз”даги каби бўлди…
Яқинда бир журналист ўкинч билан “Денгиз чекиниб кетибди, кўриш учун махсус “жип”да борилар экан” қабилида ёзди…
Томоқ қирдим…

* * *
Хуллас, хабарлар оқимида “Олимлар: Орол денгизи тикланмоқда” ҳаволасини кўриб, дардим янгиланди. Ичимда илойим шундай бўлсин, дея пичирладим.
Бунгача Орол фожиасини, гарчи гидробиолог бўлмасам-да, ўзимча ўрганиб юрардим.
Мактаб кутубхонасидаги бадиий асарларда Орол ҳақида ўқирдим. Биттасида асар қаҳрамони Оролга бориб, ўпкасини даволаш илинжида консерва заводида ишлайди…
Университетда таҳсил олаётганимда доцент Қ.Алланов “Марказий Осиё давлатлари географияси” маърузаларининг бирида Оролга алоҳида тўхталиб ўтган.
Орол ўнгланиши учун нима қилса бўлади?
Биринчиси, Россиядан Ўзбекистонга қараб канал қазиш. Жуда катта лойиҳа. Амалга ошиши душвор. Камига каналнинг бир қисми Қозоғистон ҳудудидан ўтар бўлса, трансмиллий чегара деган нарсалар бор…
Иккинчиси, Орол денгизи ҳудуди ер қаърида жуда катта ерости денгизи бор. Тепага артизан қувурлар орқали чиқариш мумкин. Жуда катта лойиҳа. Амалга оширар бўлса, сейсмологик муаммолари бор.
Учинчиси, Каспий ва Орол денгизини ажратиб турадиган тоғ тизмасида ўзига хос ғор – сув йўли мавжуд. Тарихга назар солинса, Орол гуркираган пайти Каспий қурийди. Ҳозир Каспийнинг суви кўп. Ҳеч чора кўрилмасдан кутиб турилса, Орол ўз-ўзидан қайта тикланиши мумкин.
Шунингдек, фисқу фужур гаплар ҳам эшитганман. Эмишки, собиқ Иттифоқ даврида Орол денгизига махсус кимёвий модда ташланган ва у сувни босқичма-босқич буғлатиб юборган. Ўтган йили Озарбайжонга сафар қилган сўзбир жўрамиз у ерда бир ҳайдовчи билан гаплашиб қолибди. Қардошимизнинг айтишича, Орол бағрига жуда катта нефть захирасини қучиб ётган эмиш.
Қарайверилса, бу қабилдаги гаплар чиқаверади.
Ростини эса Худо билади…

* * *
Кейин ташвишларга буткул ғарқ бўлиб, Оролни бир муддат унутдим.
Хабарча сабаб, яна бобом ҳақда ўйлай бошладим.
Баъзилар гўзаллик нобуд бўлмаслиги учун унга дахл қилмаслик керак, деб ҳисоблайдилар. Табиатнинг бокира, киши қадами етмас жойлари борлиги шундан. Бу ҳам тўғри, аслида.
Аммо яна шундай одамлар борки, мақсадларига яқин келсалар-да, орзу забтига шошилмайдилар, кафтларига инай деб турган нақд жавоҳирни армон атаб, манзил-йўналишларини бошқа жойга жўрттага буриб юборадилар.
Кишиларни мақсад, орзу қандай руҳлантириб турса, “ижобатдан кейин нима бўлади” қабилидаги онгости савол қўрқитиши-да мумкин. Бундай пайтда армон-ла яшашнинг пайига тушиб қолгувчилар бор.
Хом сут эмган бандамиз. Тан олиш ҳам бир марднинг иши.
Энди билсам, бобом шундай қилган экан.
Азобли уруш хотираларидан чалғиш, турмушнинг майда-чуйда деди-дедиларидан овуниш учун ҳам Оролга бормаган. Истаса-да…
Тақдир нимани раво кўрса, мағрур туриб қабул қилган.
Бошда айтдим: булар шунақа авлод эди.
Бизчи?..

«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 8-сон