Асад Дилмурод. Нарвон (ҳикоя)

Турли лаш-луш, тақир-туқир ва аслаҳа ортилган арава тарақлаб шаҳар бўсағасидан узилди. Тўриқ зотли чўгир белига қўнган, тахминан элликни қоралаган, қирра бурни остидаги калта мўйлови думалоқдан келган оқиш бетига ярашган уста Пўлат, дунё оғиру енгилини тарозига солиб, паришон кулимсираб борарди. Ғилдираклари ғичирлаб айланаётган арава отамерос бўлиб, падари бузруквори ҳиди келиб тургани учун ҳам ундан ажралишни истамас, кўпдан бери ўғли Аслиддин ярақлатиб миниб юрган машинага кўпам қизиқмас эди.
Осмоннинг бир бурчида кулранг булутлар тўда­лаша бошлаган пайтда, хаёли алмисоқдан қолган шу уловдан кечган куни яп-янги машина совға қилишга ваъда берган Ризо амакка оғиб, пайваста қошларини мамнун чимирди ва руҳи айрича қанотланди.
Ҳамма ёқда қанақадир қотишмадан амаллаб тайёрланган бозори чаққон дурадгорлик буюмлари бодраб, ўзи ва ўғли Аслиддиндан омад қуши юз бурганда Ризо амак эшик қоққанини сира унутмайди. Оқу қорани холисона баҳолаш тарафдори бўлган мухлиси кўпларни мафтун этган ҳалигидақа матоҳларни ёқтирмасди. Натижада Тегана қишлоғида тикланган иморатига тўласинча бағдодий эшигу ром ўрнатишни маъқул топган ва уни йўқлаб келган эди.
Шартлашув ижросига киришган кунданоқ, Ризо амак билан қиёматлик оға-ини тутинди-ю, гўё уста Пўлат онадан қайта туғилди. Оғизга тушган ҳунари хонадон соҳибига мўъжизадек туюлар, дилига чексиз завқу шавқ ва ҳузур-ҳаловат бағишлар, қурилиш битган ҳамоно, худо йўлига худойи қилиш иштиёқида эди.
Ризо амак шодлигини ҳар нарсага қизиқадиган қалин улфатлари билан бемалол бўлишар ва мудом улар фикрини ҳурматлар эди. Ёшу қари, фақат уста Пўлат диди нозик ва феъли кенг одам эканини эмас, кун сайин салобат касб этиб, чиройи бениҳоя тиниқлашаётган данғиллама уйини ҳам боплаб таърифу тавсиф қиларди.
Аммо кўча-кўйда доим масту аласт тентираб, истаган одамига кафан бичишда суяги йўқ дўсти Қаршивой нимагадир уни менсимасди. Баъзан дуч келган жойда ёқасидан тутиб, сен олифта аслида худо қўшқўллаб урган дарди бедаво мирқуруқсан, бунақа керилишинг отангдан мерос молу давлат туфайли дея, пичинг юмалатиб ранжитар, қитиқ патига тегингани учун маза қилиб қаҳқаҳа отар эди…
Ризо амак киндикдош дўсти, ҳар қанча қуюш­қондан чиқса ҳам ўзини оғир-босиқ тутарди, сираси, аслида табиатан вазмин бўлиб, унча-мунчада жаҳл отига минмас, қолаверса, битта-яримтанинг дилини қавартиришни гуноҳи азим санар эди. Қайси куни эса, шом арафасида кўчадан севикли тулпорини қиморда ютқазган чавандоздай мунғайиб қайтди. Букилганча куйиб-пишиб, тез-тез тахта рандалаётган, қошу кипригига қиринди илашган уста Пўлат ва Аслиддин билан совуқ саломлашгач, ўчоқ бошида ими-жим куймаланаётган хотини Шодияга заҳрини сочди. Каттаю кичик мақтовга лойиқ топган қўш ошёнали иморатини, ҳар галгидек ғурурланиб эмас, лўм ютгандек тўрсайиб кузатди, кузатаркан, ич-ичини ёвуз бир махлуқ тинимсиз кемираётгани англашилар эди.
– Ҳе-ей, чойхонада… қаланғи-қасанғи каслар гувоҳлигида дўст деганим Қаршивой қулоққа тепти! – Ризо амак андак хотиржамлик ихтиёр қилгандан кейин юрагини тўкди. – Қанийди, қаро ер ёрилиб, тириклай қаърига кирсам!
– Биродари азиз, қўйинг ўша қасамхўрлар сардорини! – деди уста Пўлат дангал, кафтини йилтираётган дўнг пешонасига босиб. – Ўзига туппа кесмаган, бировга угра кесар экан!..
– Ифф, энанг ўлгур аслида ҳақ-да! Чироқёқар ўғил-қизим йўғ-у, кошона тиклашга бало борми?! Во дариғ, кимга қолади ёки нариги дунёга орқалаб кетаманми?!..
Ризо амак титраб-қақшаб кўксини чангаллади, пойма-пой кесатиқлари эса тошни тешгудек кес­кин жарангларди. Оҳуникидай маъсум қароқларида ҳалқа-ҳалқа ёш йилтираётган Шодия анордек эзилаётганига қарамай, ўзини кардек тутаётганди; мусича каби беозор жавдирагани сайин аламзада эр қизиган тандирга калла тиққандек баттар тутақар, пушти куйган хотин билан чимилдиққа кирган кунини тинмай лаънатлар эди.
Орадан бирон ҳафта ўтиб, таъна-дашном ва кинояга тўйган Шодия изиллаб йиғлаганча қизлик уйига жўнади. Натижада шундоқ ҳам ҳайлавотдек ҳувиллаган ҳовли-ҳарам файзи бутунлай йўқолди. Нав­батдаги кўргиликка чидолмаган Ризо амак шўрлаган пойдевор каби чўкаверди. Шанба пешинда ислимий нақшлар зарбланган дарвозадан Қаршивой саланглаб кирганда тақдири азалдан нолиганча ўз ёғига қоврилиб ўтирарди. Жаржағ ошнаси хотини аразлагани баҳона яна устидан мағзава ағдаришини сезиб, тўнини тескари кийди. Бит кўзлари янаям қисилган меҳмон, айвонга зеб берган ўймакорий устунларни нописанд кузатиб, дарҳол жуфтак ростлагач, лаби лабига тегмай жаврай кетди.
Ризо амак ҳасратини жон қулоғи билан тинглаган уста Пўлат ичини қиринди сидираётган эди. Сўнг Қаршивойни қишлоқдан бадарға қилиш лозим деган фикрда тўхтади. Ахир, қулай фурсат топган ҳамоно қорамолу йилқи, хас-хашак ва ўтин ўғирлаб сотадиган, учоворада эса кўкрагига уриб кариллайдиган, ҳатто келгусида бутун қишлоқ пойини ўпишига ишоралар берадиган нусхага энг муносиб жазо шу эмасми?!
Яқинда мачитдаги қиш-қировли мавсумга асраб қўйилган саржинни пинак бузмай қия қилворибди, бу билан қаноатланмай, қачондан бери худо уйига беминнат яраб келган, муҳими, қадимда шу қишлоқда яшаган пиру муршидлар нафаси теккан нарвонни ўмарибди. Қарғишга учрагур, бўлаклаб ўчоғида ёқибди-ю, из қувган намозхон касларга емак пиширгани бошқа чораси қолмаганини айтиб, куйдирилган калладек тиржайибди. Айни шу қилмиши учун кўрнамак, дарахтга боғланиб тошбўрон қилинса ва ўлиги қутурган итларга-да ташланса кам!..
Ризо амак куйинишича, ҳалигача шифер ёки тунука билан ёпилмагани сабабли, ҳар йили ёз охири ёки кузак аввалида мачит томига ҳашар йўлида андава тортилади. Анча сермашаққат бу тадбирни нарвонсиз амалга ошириш амри маҳол, буни ўз кўмачига кул тортишдан бошқа ғаму ташвиши йўқ Қаршивой қаёқдан ҳам тушунсин, имонини куяга едириш эвазига бўлса ҳам қора қозони қайнаб турса кифоя-да…
– Оғайни, ўша нарвон тез-тез тушимга кирмоқда, – номаълум нуқтадан нигоҳ узмай сўйланди Ризо амак. – Илтимос, янгисини тузаб беринг, муносиб сийлов эса биз тан!..
Тўғриси, уста Пўлат вақти тиғиз, шартнома талабини қачон уддалаши ва қачон қўли бўшаши қоронғи, қолаверса, яна бир мижоз анчадан бери зориқиб йўлини пойлаётган эди. Барибир кутилмаган таклиф дилига чироқ ёқиб, аста-секин дардига айлана борди. Ёруғ дунё хайру эҳсон ва ҳиммат билан устувор эканидан огоҳ этаётган бу ҳолдан мамнун эди: жамики эзгу ният, орзу-умидни жам этган улуғ вазифа билан юзлашгандай айрича орзиқар ва кўз ўнгида мачит томига мингашиб турган кўркам нарвон гавдаланар эди.
Фаҳмича, эски нарвон ўрнига ўрин қўйиш нияти Ризо амак оромини бузгани тангри таоло иродасидир. Бир жиҳатдан бу ҳиммат балки кўпам таҳсинга арзимас, аммо бошқа томондан эътиборга лойиқ, ҳартугул амалга ошса катта савоб буюради, сўнг тирноққа зор хонадонни қуршаган мудҳиш кўланка тоабад чекинса ва эру хотин кўнглида илдиз отган умид дарахти гуллаб мева тугса ажаб эмас…
Бугун ғира-шира тонгда уйғонган уста Пўлат миясидан дастлаб шу мулоҳазалар кечган эди. Муздек совуқ сувда ювинаётиб, Аслиддин кеча Ризо амак уйи­да тунаб қолганини эслагач, хотини Гулойимга бирон ҳафта қайтмай ишлашга мажбур эканини тушунтирди. Шоша-пиша нонушта қилгандан кейин, калта думи билан эриниб пашша қўриётган чўгирни аравага қўшиб, асосий ташвишини вақтинча тўхтатиш ва мачитга аталган нарвонни бутлашга бел боғлади. Ҳовлиси яқинидаги дўкондан ҳар хил мих ёнида алиф ва бўёқ харид қилди, нарвон маромида бўялса қору ёмғирга чидамли бўлади ва узоқ умр кўради-да…
Мана энди уста Пўлат айрича ғайрат ва шижоат билан шаҳардан ўн бир чақирим наридаги Тегана сари ошиқаётир, нарвон битмагунча Ризо амак ичидаги кирпи тинчимаслигини тахминлаб жилмайгач, қобирғалари саналиб қолган чўгирни савалади. Каноп-чарм ипдан тўқилган анчайин йўғон қамчи эти қочган сағрисини ўйиб юборса-да, нимагадир жонивор умуман пинак бузмас, жадаллаш ўрнига тушовланган каби баттар имиллар, хавотир аралаш зорли кишнар эди, ажабо, бир балони сезди шекилли?..
Уста Пўлат аста елка қисувдики, кўкдан бир нидо келиб, аллақайда нимадир тегирмон дўлидек гулдиради. Сўнг илоҳий овозлар тўрғайлар ғужурлаши ва шамол ҳуштаги билан бирлашиб, одамзод яқин-ўртада кўрмаган даҳшатли довул қўпди. Тизгин узган довул оч бўридек қутуриб увуллар, дуч келган нарсани коптокдай ўйнатар, ҳатто жимирлаётган осмон сийнасига чанг солар эди; сўнг имиллаётган қирчанғи, шалдироқ арава ва уста Пўлатни юмалоқ-ёстиқ қилганча қайгадир суриб кетди.
Инон-ихтиёридан бутунлай жудо бўлган уста Пў­лат ноилож ўзини эркин қўйворди. Булутлар соя солган бўшлиқ бўйлаб ярадор қушдек ўмбалоқ ошиб учарди. Кутилмаган сирли парвоз шудринг қуришидай қисқа муддат давом этди. Қўрқув ичра шўнғиб бора-бора, осуда чайқалаётган анча йирик теракзорни илғади. Сўнг теракзор ўртасида қорайиб турган эҳромсимон қум уюмига чалпакдай ялпайиб тушди. Беҳад қаттиқ урилгани боис кўзларидан ўт сачраб, танаси юзлаб бигиз санчилгандек қақшаб оғрий бошлади. Шундай бўлса ҳам қадимий мачитга аталган эҳсон насия бўлганини барибир хотирлади, ҳайҳот, энди Ризо амак сочини битталаб юлса керак…
Ним кўкиш ва пистоқи пўпанаклар қоплаган қум­ликда тахминан ярим соат бемажол инқиллаб ётди. Бунақа аҳволда лоши қузғунлар еми бўлишини тасаввур қилгач, беланги каби аранг қўзғалиб, мажақланган арава ва тил тортмай ўлган қирчанғига афсус нигоҳини қадади. Ўзи омон қолганига шукрона айтиб, сиртини ғадир-будир тош девор ўраган бир неча юз таноблик бадқовоқ дарада, довул изидан келган зилзила туфайли қон қақшаган далаю дашт сатҳидан камида ўн етти метр қуйида қўним топганини аниқлади…
Навбатдаги тонг отганда кўксини охиратга кафансиз ва жанозасиз сафар қилиш қайғуси сим-сим кемираётган эди. Дарада қўрқув ва чорасизлик эгизакдай ёнма-ён урчишини туйиб энтикар экан, гўё қайси бир номдор сардор амри билан илкис минглаб тўп отилди, йўқ, бот-бот гумбурлаб фалак тоқи қулади. Аввалгидек бутун борлиқ беланчакдай тебранар, залворли гранит қоялар ва ҳатто қирлар наридан берига қасирлаб кўчар, қамишу юлғун аралашиб ўсган жарлигу ўнгирлар тубидан юракни ларзага солувчи ингроқ ва нолалар таралар эди.
– Илоё Ўзинг асрагайсан!..
Уста Пўлат нуқул шундай деб шивирларди, илтижоси Худо томонидан инобатга олинишини теран ҳис этар, шу сабаб сал бўлса ҳам ўзини хотиржам тутар, бариси хайрли ва безиён якун топиши, бола-чақаси ҳузурига соғу саломат қайтишидан умидвор эди. Ҳаётда мўъжиза кўп, масалан, мудҳиш тасодиф кўпинча омаддан дарак берувчи шафқатли заруратга уланиб кетиши янгилик эканми?!
Орадан қаторлашиб кунлар ўтди, қайси бир эрта ибодат билан машғул бўлиб ўтирар экан, яна даҳшатли довул қўзғалди ва борлиқ пишқираётган денгиз кафтидаги кемадек силкина кетди. Салдан кейин бутун дарани ўлик сукунат қоплаб, чанг-тўзон ва рутубат қўйнида афту башаралари моматалоқ кимсалар кўринди.
Худо ҳақи ишониш қийин: анча олдинда қаншари ёрилган Аслиддин ва торгина пешонаси ғурра Қар­шивой туртина-суртина одимларди; гўё улар ҳали ҳеч ким билмаган ва қадам қўйиб улгурмаган хазиналар ороли сари шошилишар эди. Айни пайтда, қовоқларидан қор ёғдиришар, кутилмаганда зуҳур бўлган сиру синоат тагига етмоқчидек, бир-бирига асабий тарзда ғудраниб гап қўшишар ва ниманидир тусмоллашар эди.
Андак сочу соқоли патакланган Аслиддин отасини кўргандан кейин ўзини тетикроқ кўрсатишга тириша бошлади. Чўпдек ориқлаб, йирик-йирик қўнғир кўзлари хийла киртайган, лаблари гезарган, бурни сўппайган ўғлон мамнун кулимсираб кўнгил сўради. Нимагадир мажақланган аравадаги усталик анжомларини қўлтиқлаб олган бўлиб, гоҳо уларни оҳиста меҳр билан силаб қўярди…
– Эвоҳ, бизни ким халос қилур, бўталоғим?!
– Дада, худойим бир йўлга бошқарар, – деди Аслиддин, уста Пўлат умр бўйи авайлаган ва ҳамма вақт оғир-енгилга яраган аслаҳалар орасидан тишлари ўткир аррачани ажратиб. – Менимча, отажон, бир амаллаб нарвон ясамоқ лозим. Мановилар ҳам қўллашса керак…
Зилзила рўй берган ва нимасидир бижғиган ўрага ўхшаш мудҳиш дара асирига эврилган дамдан, худодан тўзим тилаб, сабру қаноат қилиш билан бирга, кўпроқ ноумидлик, гумон ва ўкинч домида бўғилаётган уста Пўлат сал енгил тортди, демак, асосан фалокат ваъда қилаётган маконни албатта бўйсундириш мумкин, бунинг учун эса, кўпчилик бир тану бир жон бўлиб тер тўкиши зарур…
 Чиндан ҳам уста Пўлат руҳи қанотланди, энди нуқул кўзига тош девор гирдидан бошланувчи нажот манзили кўринарди. Фақат ўша манзил сари элтувчи хайрли таклиф чумолидек уймалашаётган турқи совуқ тўда аҳлига зиғирча ёқмаганини туйиб ғашланди. Пишиллаб ҳаво симираётган Қаршивой кимдир арпасини хом ўргандек ётсираб мўлтирар, гоҳо оғзидан кўпик сочган кўйи телбавор депсинар эди. Баттол гоҳо ясси бурнини жийириб, бел оғритишу кафт қавартириш эмас, ҳаракат қилиш пайтини билиш муҳим ва долзарб эканини айтиб чулдирар эди.
Ноилож қолган ота-бола афсусланиб бош чай­қади, сендақа нодону нокаслардан маймунлар подаси авлороқ маъносида хўмрайиб, терак йиқитиш ва буташга киришиб кетишди. Саробу рутубат кўмган, етти қават ер остида ўрнашгандек туюладиган дара сукунатини, фақат аррача шиғиллаши ва ойболта дук-дуки эмас, тобора бетоқат тепаётган юраклар гупиллаши ҳам бузаётгандек эди. Аҳён-аҳёнда жўровоз хуррак янг­раб, коинот ва замин оралиғида барча ҳаракат тўхтаб қолгандек туюларди, хурракдан иборат бўларди гўё ёруғ олам…
– Ўғлим, фақат биз эмас, анови каслар ҳам тутқун, – деди бир пайт уста Пўлат, ағдарилган теракларга кўз қирини ташлаб. – Шундай экан, бизни бир четга қўйишсин-да, аввало ўзлари ғамида қимирлашсин! Ҳар ким жилла қурса ўзи учун куйса яхши-да!..
Қовоқлари шишган Қаршивой, иттифоқо уйқуси қочиб, хасу хашакдан иборат кўрпада қўнқайиб ўтирар, тобора аллатовур хитланаётган уста Пўлат арзига қулоқ тутаётган эди. Бит кўзлари ғубор қўнган ойна парчасидек хира ялтирар, сочлари сихдек тикрайган эди. Қачондир ғоздек бўйнини чўзиб, яна сафсата сўқиштирди. Тегишли дамда етарлича фаол бўлиш учун алоҳида имтиёзи борлигини ва бу имтиёзга ҳеч қачон хиёнат қилмаслигини қизишиб таъкидлар экан, ногаҳон таърифи йўқ бир ёввойи истак чақнаб сўнди нигоҳида…
– Деворга танбур чертган маъқул, дада!..
– Рост айтасан, аслида қадимдан шунақа, бў­талоғим, – деб хўрсинди уста Пўлат, пойтеша дастасига кўксини тираб. – Тақдири азал кимларгадир му­қаддас, кимларгадир ўйинчоқ!..
 – Кеча наъматак ва ёввойи олча териб юрсам, бўзлоқда яктак кийган бир мўйсафид учради. Анча дилкаш ва одамохун экан, чин дилдан эшилиб узоқ суҳбат қилди. Ўша банда фикрича, тақдир анвойи гул тўла муаззам боғу бўстон, инсон эса унинг ҳуснига лаққа учиб адашган ва доим адашиб юрадиган содда йўловчи! Ким билсин, – бир зум ўйга толиб давом этди Аслиддин, – балки бошқачадир, яъни қадим дунё одам кўнглида адашган шунчаки бир зарра…
Ойболтани тиндирмай ишлатаётган Аслиддин, омонат жаҳон аро ўзим ҳам бир йўловчи деган фикр­га борди чамаси, мийиғида сокин кулди ва тилини тишлади. Беҳад чарчаган ўғлининг ботини ва зуҳурида рўй берган ўзгариш уста Пўлат назаридан четда қолмади. Сўнг хавфу хатари бисёр дарада ёлғиз кун кечираётган, кўҳна дунё ҳақида ўз хулосасига эга бўлган донишманд қария бўй-бастини тасаввур қилишга уринди. Агар дўппи жуда тор келса, албатта уни ёрдамга чақиришади, жилла қурса оғир нарвонни кўтаришда кўмаги тегиши мумкин, маълумки, у тош девор билан бемалол тенглашмоғи учун камида ўн етти метр бўлиши лозим…
Шундай улкан нарвон ясаш осон эмаслигини билишгани учун ота-бола тинмай қимирлашига тўғри келди. Аниқроғи, йиқитилган баҳайбат ва йўғон ёғочларни ўтмаслашган яроқлар билан аввал буташар, сўнг ку­йиб-пишиб пўстлоғидан айиришар, қону зардоб ютиб йўнишар эди. Вақт билдирмай ўтиши, бинобарин, кафтларидаги оқимтир пуфакчалар тирсиллаб ёрилиши ва шилинган терилари туз сепилгандек ачишига парво қилмай, матонат билан тўхтовсиз жон койитаверишди. Охири анча ингичкалашиб, енгиллашган ёғочлар пайванд усулида жипс уланиб, ўймоқчаларига бақувват таёқлар қоқилди. Тушдан кейин эни учига томон торайиб борган баҳайбат нажоткор рўпарада кўндаланг ётар, орзу-ҳаваслари ушаладиган хайрли онлар яқин эканидан огоҳ этаётган эди.
Қайноқ кўпикка пишган ота-бола ажиб туйғулар оғушида қисқа муддат нафас ростлади. Сокин жимирлаётган, худди осмон билан ўпишаётгандек туюладиган тепага қарай-қарай, сабру қаноат хислати устида баҳслашиб, яна дадил енг шимаришди. Энди олдинда аввалги синовлардан бир неча чандон муҳим ва мураккаб синов кутаётганди; ҳалига қадар бир бандага кўриш насиб этмаган ҳаддан ташқари бесўнақай нар­вонни ўйдим-чуқур тош девор бўйлаб суриш уввало осон эмасди.
Барибир ота-бола кейинги босқич ижросига ҳам қулоқ қоқмай дадил киришди, дастлабки онларда нар­вон оғирлиги унча билинмади; иш бир қадар енгил борди. Кейин эса ота-бола заранг ерда аранг омоч тортаётган ҳўкиздек рўй-рост чирана бошлади. Орадан тахминан бирон соат ўтиб, дард устига чипқон бўлди-ю, нарвон учи чўзинчоқ тоғорага монанд юзагина ёриққа тиралиб қолди.
Кутилмаган лаънати тўсиқни даф этиш чоғида, тўсатдан бир неча йирик харсанг қалдираб кўчди ва ёруғ дунё билан баравар ўзларини тамом унутган шоввозлар қийқирганча сапчилаб кетишди. Оромлари бузилгани боис улар сўкинишар, бир-бирларини туртишар, еб қўйгудек ўқрайишар ва ҳатто тақдирдан ёзғиришар эди. Турли иқрорлардан тўйишгач, бемалол давра қуришди-да, валломат ва хашаки одамлар саргузаштлари ҳақида, ким ўзарига латифа айтишга киришиб кетишди…
Қайтадан хуррак садолари тарқалганда ота-бола нарвонни ёриқдан ўтказиш ниятида қасдма-қасд чиранаётган эди. Аста-секин уринишлари бир қадар унумли бўлди, аммо ногоҳ бариси сувга оқиб, нарвон шиғиллаб пастга сирпанди. Расвои жаҳон кўргилик, жонларига оташ қалаб, бир неча марта такрорланди. Ҳар гал савилни беллари узилгудек тарзда инқиллаб зўрға кўтаришар, ўчакишаётган тош девор сиртидан амаллаб атиги ярим-бир қарич силжитишар, куч-қувват йиғиш ва навбатдаги жангга пухтароқ замин яратиш илинжида қисқа муддат тўхташар эди.
Ярамагур шоввозлар эса, бир-бирлари пинжига тиқилиб, ширин тушлар кўриб, ҳамон хотиржам муд­рашади. Чиндан ҳам улар гўё не-не маломатга шоҳид ўтган дара рўпара қилган жумбоқни ғафлат сеҳри орқали ечишга аҳду паймон қилишган эди. Уйқудан самарали фойдаланиш борасида Қаршивой улардан зиғирча қолишмасди. Айни лаҳзада нечундир устидан совуқ сув қуйилгандек сесканиб уйғонди. Бир жойда қимирламай турган залворли нарвонга энсаси қотиб тикилгач, тинкаи мадори қуриган ва ҳансираб нафас олаётган ота-болани уқувсизликда айблади.
Қаршивой қизарган бит кўзларини юмганда ота-бола қайсарликни беҳад ҳаддидан оширган тош девор билан охирги қатра куч-қувватларини сарфлаб олишаётган эди. Хуррак садолари остида, тағин неча бор ўлиб тирилишгани номаълум, бир эрта қўллари ниҳоят баланд келиб, баҳайбат нарвон тош девор билан бўйлашди, тош девор енгилиб, қайсарона шижоатга тан берган эди.
Энди ота-бола мамнун ҳолда бир-бирини қутлар, бир-бирига икки дунё саодатини тилар, фақат негадир қошига чорлаётган нарвон сари йўлагани шошилмас эди. Дийдаси мумдек эриётган Аслиддин пичирлаб дуо ўқиётган падарини қайта-қайта орзиқиб қучарди. Сўнг ақлу ҳушини йиғиб, қонталаш кафти орқаси билан манглайидаги реза-реза терни аста сидиргач, теракзор этагидан сочу соқоли ун сепилгандек оппоқ, нигоҳи сўлғин нуроний кимсани хотиржам етаклаб келди.
Ўрасига чўккан чағир кўзлар қария неча марталаб турмуш аччиғу чучуги билан тўқнашганини ифодалаб безовта порлаётганди; озғин бетини эса ажин шудгорлаб юборганди. Қисқагина салому аликдан сўнг, у қисмат чоҳида ажал фариштаси саналмиш Азроилни интиғу интизор кутаётганини узуқ-юлуқ изоҳлар экан, жимгина хаёл сураётган уста Пўлат хотираси ногоҳ тирилди. Ҳар қандай гумон ноўрин: қаршисида гулдай ҳунари касодга учраган ва сармоядан қийналиб букилаёзган қалтис пайтда иззат-икром билан йўқлаб келган Ризо амак тутдек тўкилиб турарди, ҳайҳот, шўрликни етти пуштига татийдиган аламу андуҳ ва армон охири буккан-да…
– Бовурим, охиратга шошмак бефойда!..
Холисона лутф Ризо амак дил торларини муло­йим чертган ва ичида маддалаган ярага малҳамдай хуш ёққан эди. Буни теран ҳис этган уста Пўлат терисига сиғмай қувонди. Айрича рағбатланган Аслиддин эса, Ризо амакни авайлаб орқалади-да, нарвоннинг илк поясига қадам босди. Бутун ҳуш-хаёли ва эътибори нажот манзилини тезроқ ишғол қилишга йўналган эди. Натижада хуррак нохосдан тингани, ўрнини ола-ғовур, дўқ-пўписа ва пичир-кучир эгаллаб, вазият тамом ўзгарганини сезмади. Масту масрур ва сергак уста Пўлат эса барисини дарҳол пайқади, ёпирай, уйқупараст шоввозлар ақл бовар айламас шовқину сурон билан қўзғалишган эди; тўлиб-тошиб кетган эди дара турфа ҳайқириқларга…
Рафторидан заҳар томаётган, бир қоши иккинчиси устига сапчилаган Қаршивой маъшуқаси васлига етган ошиқдай бахтиёр эди; фалакда юзаётган офтоб гўё фақат унга атаб ҳовуч-ҳовуч нур тўкаётганди. Баччағар қўлига илинган силлиқ қора қайроқни боши узра телбаларча силкитар, гупиллатиб қадам ташлаганда ер гўё бағри тилиниб зорланар, йўқ, чор-ночор аҳволда чўкиб борар эди.
– Ҳой, Ризо амак эшигига боғланган кўппак, мавридини топиб ҳаракат қилиш энг катта ҳунар деганимда, шубҳа қилган эдинг! Энди бу фикримга кўзинг жўлайиб ишонасан!..
Қаршивой совундек кўпирди, орқадан ҳаллослаб югураётган шоввозлар қурмагурга тақлидан тўтидек сайрашарди. Шериклари қўзғалиб қолгани учун ғашланган Қаршивой, менга халақит қилманг маъносида олайгач, бутун кучини билагига йиғиб, қайроқни ҳаволатиб улоқтирди. Тахминан бир ярим килолик қайроқ нарвон бўйлаб эҳтиёткор тарзда жадал ўрлаётган Аслиддин қулоқ-чаккасига қарсиллаб тегди. Дафъатан рўй берган даҳшатли ҳодисага осмон ҳам, замин ҳам афсусу надомат чеккан бўлса керак.
– Қирчинингдан қийилгур, занғар!..
Ақлга сиғмас бунақа бедодликни кутмаган ва хамирдек бўшашган уста Пўлат яраланган арслон каби ўкириб наъра тортди, тош девордан гумбурлаб акс садо қайтгач, совуқ кулаётган Қаршивой тумшуғига келиштириб мушт солди-да, тақирда беҳол чўзилган Аслиддин билан Ризо амак ёнида елкалари титраниб тиззалади. Айнан шунақа бўлиши шартдек, Қаршивой бепарво тиржайгани ва оҳиста лапанглаётган нарвонга тирмаша бошлагани бағрини янаям баттар ўртаб юборди.
– Пў-ўшт, ҳе-е-ей, шумғи-и-ияларр!..
Қаршивой ушбу хитобни тез-тез томоқ йиртиб такрорлар, фавқулодда асабий товуши аллақачон дилини қуршаб улгурган қурум заҳрини ифодалаб жаранглар эди. Қаҳру ғазабдан какрадек кўкарган шоввозлар эса, барака топгур Қаршивой турқини илк марта кўриб тургандек, бутунлай ётсираган кўйи томоқ йиртиб чинқира бошлашди. Сўнг шу қадар жазава ва жунун билан хириллаб, алпанг-талпанг гурсиллаб олға йўртишдики, олдиларини тўсадиган ҳеч қандай ғов йўққа ўхшарди, ҳозир ҳеч қанақа ғов йўқ эди улар учун бу оламда…
Кўзлари қонга тўлган дароз йигит абжирлик бобида Қаршивойни бир чўқишда қочирар экан, баттол учраган кимсани тап тортмай хасдек четга суриб ташлар ва ғўлдираб кўксига муштлар эди. Ҳадемай қутурган қоплон каби нарвонга ёпишиб, энтикканча ғолибона мушт дўлғади. Пешқадамлик қўлдан кетишини сезган Қаршивой дарозни тепмоқчи бўлди. Аммо у илкис чап берди ва башараси ғалати кўпчиган рақибини билагидан ушлаб қаттиқ силтаворди. Барваста қоматини тутолмай гангиган ва аъзои баданига ваража югурган Қаршивой оҳу фиғон чекиб қуйига шўнғиди.
Омади кулиб боққанига бутунлай ишонган дароз эса, қошу кўзларини ўйнатиб, қичиғи зўр қўшиқ хиргойи қилиб, поядан пояга эпчилона сакрай бошлади. Аттангки, қўшиқ авжига етмасдан бурун аллаким пойчасидан шиппа ушлаб, ҳап сеними дея, жаҳд билан илкис тортди. Бунақа бўлишини кутмаган дароз, бирдан бўйнига сиртмоқ ўралгандек нафаси ўчиб, кўзлари ола-кула ҳолда йўқлик сари қанот қоқди…
Нарвон усти ва остида вужудга келган талотум кучайгани сайин уста Пўлат ўзини фаҳму фаросатдан қисилган гумроҳга қиёслар ва мағфират сўраб худога ёлборар эди. Гоҳо тутақиб, ҳой, барака топгурлар, нимани бунча қизғанасиз, бу матоҳ кўпга ярайди ва ҳамма учун етиб-ортади, дейиш учун ҳозирланар, бироқ томоғига ёнғоқдай нарса таранг тиқилгани боис тили буралмас эди.
Ур-йиқит, қўйма-қўйма ва ғалва муттасил авжига миниб, нақд қиёмат қойимга эврилгач, бесўнақай нар­вон тош девордан аразлаган каби, ногаҳон бир ёнга қийшайди. Воажаб, нарвон турли сўқмоқларда адашиб пушаймонга чулғанган, эртаси қоронғи ҳорғин йўловчи аҳволида эди. Алал-оқибат буткул мувозанати йўқолди-ю, талаша-тортиша чарчамаган ва шу эрмакдан масту масрур каслар билан биргаликда, қияликдаги ўпқон қирғоғига шалоплаб қулади. Ғаройиб ўлжани зулмат қоплаган ва ҳаёт асари йўқ ўпқон юҳодек ямламай ютиб юборди.
Кўкси увалиб хўрсинаётган уста Пўлат, аслида хом сут эмган одамзод ёзуғини ўз қўли билан битар экан, дея ғудранди-ю, кўз ўнги қорайиб, қумлоқ сайҳонга чор-ночор чўзилди. Тонгда жунжикиб уйғонсаки, жи­гаргўшалари аллақачон ўзларини ўнглашибди. Қис­қа ҳол-аҳвол сўрашгач, аввал дарани чор тарафдан ўраган тош девор, сўнг пайраха ва пўстлоқ орасидаги ойболтага зимдан қаради. Ҳалигина Қаршивой ишлатган қайроқ билан ойболтани эринмай узоқ қайрагач, яланг ўмганини адл кўтариб, теран сукунат қўйнига кирган теракзор сари ошиқди, аррача тутган Аслиддин хиёл оқсаганча изма-из дадил одимлар, ранг-қути учган ва беҳол инграб қўяётган Ризо амакни суяб олган эди…

“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 1-сон