Лайлакқор эринибгина ёғар, Ортиқали иккимиз катта-катта одим ташлаб, бир маромда кетиб борардик. Баланд бўйли, чайир ва кўркам гавдали бу йигитнинг ота-бобоси мерган ўтган, ўзи ҳам табиатнинг танти ўғли эди. Милтиқ кўтариб далагами ё тоққа чиқса, унинг ови ўнгидан келмаган кун йўқ. Ҳатто кекса овчилар ҳам уни омади юришган йигит, деб мақташади. У кўпдан бери мени овга чорлар, бирга чиқсак, қуруқ қайтмайсан, деб ишонтирар эди.
Кузнинг оёғи, қишнинг боши. Биз ов қилишни мўлжаллаб жўнаган тоғлар сафида энг баланд ва салобатли бўлмиш Қорақия чўққиларини одатдагидек қалин туман ўраб олган. Шипшийдам далалардан, ташландиқ боғлардан ўтиб бормоқдамиз. Яланғоч дарахтларда ҳаёт нишонаси қолмаган, бошларини эгиб, тумтайиб туришибди.
Ортиқали: “Енгил, қуруқ қор ёққандан кейин ов яхши бўлади”, дер эди. Кеча шундай қор ёғди, мен катта овдан умид қилиб, дўстимга эргашгандим.
Қор ҳамон учқунлаб турибди, ҳаво анча совуқ. Шунга қарамай, бирпасда қора терга тушиб кетдим. Ҳар қандай кибр-андишани йиғиштириб қўйдим-да, Ортиқалининг изидан одимлай бошладим. Энди оёқ босишларим бир оз енгиллашгандек бўлди-ю, бари бир ўқтин-ўқтин гандираклаб кетаман. Бир баҳона топиб, ортимга жўнаб қолмоқчиман, бироқ орият йўл бермайди.
Буни сезган Ортиқали ўтмиш воқеалари, ота-бобосидан эшитган ов хотираларидан гап бошлади. Аввал лоқайдлик билан эшитдим, бора-бора қизиқиб кетибман. Баданимдаги тер қотиб, юрак уришим ҳам бир текис изга тушди. Шундай қилиб, тоғ этагига етиб келганимизни билмай қолибмиз.
Ортиқали тўхтади, милтиқни елкасидан олиб, камаридаги ўқлардан иккитасини жойлади. Сўнг бақувват кафтини елкамга қўйиб, менга бошдан-оёқ разм солгач, салмоқлаб деди:
– Мана, совитилган отдек бўлибсан, дўстим. Буёғига чарчамайсан. Овимизнинг барори ўзимизга боғлиқ…
Шундан кейин Ортиқали бугун бўладиган ов режаларини эринмай тушунтирди. Унинг уқтиришича, мен Қоратошнинг чап биқини бўйлаб ов қилиб, Қатортошга ўтар эканман, Ортиқалининг ўзи эса Қоратошнинг ўнг ёнбағридан бориб, Тешиктошга кўтариларкан.
– Шундагина бирор ўлжадан умид қилишимиз мумкин. Чунки мендан учган ёки қочган ов сенга, сендан қайтганлари менга тўқнаш келади, – деди овчи дўстим жўнаш учун чоғланиб.
Ортиқалининг ўзича “фол очиши” кулгимни қистатди. Илжайганимни сезиб қолиб, ўртоғимнинг жаҳли чиқмасин, деб тескари қараб олдим. Иккимиз икки тарафга қараб кетдик.
Мен катта-кичик тошлар орасидан эҳтиёткорлик билан ўта бошладим. Сал юрмай, какликларга йўлиқдим. Чўчиб тушиб, тепкини беихтиёр босиб юборибман. Какликлар осмонда-ю, ўқим беш метрча нарига – қорга санчилди. Эҳ, аттанг, ўқим бекор кетди-я! Какликларнинг гўзал парвозига маҳлиё бўлиб, уларнинг ортидан узоқ қараб қолдим. Улар Қоратошнинг ўнг томонига учиб ўтишган ҳам эдики, у ёқдан қўштиғ милтиқнинг кетма-кет гумбурлаган овози эшитилди. Юрагим ҳапқириб кетди. Сўнг оёқларимни оҳиста босиб, йўлимда давом этдим. Қийнала-қийнала ниҳоят айтилган маррага яқинлашдим. Шу пайт Тешиктош томонда қўштиғнинг яна гумбурлаган овози тоғларни янгратиб юборди. Сал ўтмай, ўша ёқдан бир гала каклик мен томон учиб кела бошлади. Мен уларнинг “ғийт-ғийт” овоз чиқаришларига, қанот қоқмай парвоз қилишларига тикилганча қаққайиб тураверибман. Какликлар мени кўриб қолдилар-да, дарҳол чап бериб, нариги тоққа ўтиб кетдилар. Мундоқ қарасам, қўлимда милтиғим отиш учқун шай турибди. “Ношудлигим қурсин, – дедим ўзимга дашном бериб, – менинг ўрнимда Ортиқалидек овчи бўлганда борми, камида уч-тўрттасини тушириб оларди…”
Ортиқалининг режасига аввал кулган эдим, энди чинакамига тан бердим.
Бу пайтга келиб булутлар тарам-тарам тусга кирди, қуёш ҳам мўралай бошлади. Қатортош шамол тегмайдиган, ҳовончадай дим ва иссиқ жой экан. Шунинг учун бўлса керак, бу тоғнинг қори ҳам доим аввал эриб кетади. Қуёш кўриниши билан димоғимга баҳор иси урилгандек бўлди. Тошлар орасидан қулай жой танладим-да, икки кафтимни бошимга ёстиқ қилиб чалқа ётганча атрофни кузата бошладим. Нақадар гўзал! Тошлар орасидан турли кўкатлар дадил бош кўтармоқдалар. Қуёш тафтидан эрий бошлаган қор суви тошлардан “чак-чак” томиб, кўкатлар остига сингиб кетмоқда. Аллақаердан учиб келиб, бехосдан ёнимга қўниб олай деган тоғ чумчуғи қаттиқ чириллади-да, нарироқдаги тошга тушиб, панароқ жойга беркинди. Кейин бошини секин чиқариб, менга қаради, чўзиб-чўзиб сайради…
Тешиктош томондан ҳар замон-ҳар замонда ўқ отилади: “Гум-ум, гум-ум!” Тоғлар ларзага келиб, акс садо беради. Гумбурлаш овозларини эшитганимда юрагим яна орзиқиб тушади, мендан тузук овчи чиқмас экан, деган нохуш фикр юрагимга соя солиб ўтади.
“Э, ов бўлмаса, табиатдан роҳатлансанг-чи, нодон!” Шу фикр кўнглимга келиб, юзимни қуёшга тутганча кўзларимни юмиб, ҳузур қилаётган эдим, қандайдир қушларнинг майингина қанот қоқишлари қулоғимга чалинди. Секин кўзимни очдим. Бироқ ҳеч нарса кўринмасди. Шундан сўнг, ўрнимдан қўзғалиб, тошлар орасидан мўраладим. Ана менга ов! Эллик-олтмиш метр чамаси наридаги катта керага устида бир гала ёввойи каптар ўтирарди. Юрагим қаттиқроқ тепа бошлади. Мен изламасам ҳам ўзлари келиб қолганини қаранг! Ишқилиб, энди булардан қуруқ қолмай…
Ҳаяжонимни боса олмай, қўлларим титраганча милтиқни ердан кўтардим. Қўндоқни ўнг елкамга қўйиб, чап кўзимни юмдим-да, галанинг қоқ ўртасини мўлжалладим. Ўзларига қаратилган ажалдан тамоман бехабар бу қушлар ороланиб таранишар, бир-бирларини ялаб-юлқашарди. Юрагим “жиз” этгандек бўлди. Сал турсам, ўқ узолмай қоладиганга ўхшайман. Кўзимни чирт юмдиму, тепкини босиб юбордим! Гумбурлаш билан бирга, кучли зарб мени орқага силтаб ташлади. Каптарлар гуриллаб ҳавога кўтарилди. “Наҳотки ўқим яна бекор кетди?!” Шу пайт тошдан-тошга урилиб, пастга қулаб тушаётган каптарни кўриб қолдим! Қувончдан энтикканимча, сакраб туриб, ўлжам томон югурдим. Жон талвасасида типирчилаётган каптар ёнига етиб келиб, қўлимни чўздим-у, бўшашиб туриб қолдим. Менинг айбим билан бир беозор қуш жон бераётган эди. Бунинг устига, шу зумда юз берган антиқа синоат мени баттарроқ лол қолдириб, қалбимни зирқиратиб юборди. Не кўз билан кўрайки, узоқлашиб бораётган каптарлар орасидан биттаси ажралди-да, тўппа-тўғри мен томон шиддат билан учиб кела бошлади. У бор-йўғи ўн метрлар чамаси нарига, бояги каптарлар ўтирган жойга келиб қўнди. Боёқиш бетоқатланар, чиройли бўйнини чўзиб тўрт томонга аланглар, ҳар қандай хавф-хатарни унутиб, йўқотиб қўйган жуфтини ахтарарди.
Кўнглимдаги хурсандчилик ўрнини ўз-ўзимга нафрат ва қандайдир азоб ҳисси қоплади. Бироқ, начора, эндиги афсусдан фойда йўқ. Назаримда ўзим ҳам тош устида мунғайиб ўтирган каптар аҳволига тушиб қолгандим.
Шу пайт тошдан-тошга сакраб Ортиқали етиб келди. У ёнига ўнтача каклик осиб олганди.
– Э, ҳа… овлар чакки эмас-ку, дўстим, – ҳазиллашди у ўлиб ётган каптарга имо қилиб. – Энди қайтамизми?
Мен маъюс бош ирғадим. Кўнглимга ҳеч нарса сиғмас эди.
Катта йўлга тушиб олганимиздан кейингина қўлимда ҳеч нарса йўқлигини Ортиқали пайқаб қолди.
– Ие, ўлжанг қани? – деди у ажабланиб.
– Мендан овчи чиқмас экан, тушириб қўйибман…
– Зарари йўқ, – деди Ортиқали. – Хафа бўлма, бу сафар дуруст ов қилолмаган бўлсанг, мана кўрасан, кейинги гал ишинг албатта юришиб кетади. Томнинг бошига бирдан чиқиб бўлмайди-да, ошна! Манави какликларнинг ярми сеники, энди қовоғингни оч, келишдикми?
“Майли”, дегандай бўлдим. Негадир бу ҳақда суҳбатлашгим келмасди. Ортиқали бугунги чиройли ови тафсилотларини сўзлар, мен бўлсам, ўқтин-ўқтин қанот қоқиб, олис уфқлар сари учиб кетаётган ёлғиз каптарни ўйлардим…
“Ҳаёт” газетаси,
2010 йил 7 октябрь сони.