Йилнинг сўнгги ойи эди. Кутилмаганда номаълум бир касаллик қаттиқ хуруж қилиб қолди. Дўхтирларнинг айтишича, бу дард аллергиянинг бир тури эмиш. “Тез ёрдам” ғирра бориб олиб келдию ташлади-кетди. Бир кишилик палатага жойлаштиришди. Хотиним ҳам қаттиқ шамоллаган, бечора хайҳотдай ҳовлида ёлғиз ўзи қолди. Туни билан лайлакқор шундай қалин ёғдики!.. Энди, эшитган тақдирдаям, қишлоқдан бирон одамнинг йўқлаб келиши даргумон. Учинчи кундирки, иштаҳа хуруж қилади. Дўконларга чиқиб ул-бул харид қилай десам, “Тез ёрдам” тушмагур шошираверганидан пул олиш ҳам эсга келмабди. Касалхонага кимнинг иши тушган бўлса, парҳезни яхши тушунади… Шундай қилиб десангиз, Салтиков-Шчедриннинг бир мужик боққан генералига ўхшаб ўтирибман. Яна навбатдаги тун бошланди. Дам олиш хонасидаги телевизордан таниш хонанданинг ширали овози эшитилмоқда. Бир кўнгим, кириб ўзимни овунтириб ўтирсаммикин, деб ўйлайман-да, дарров фикримдан қайтаман: “Оч қоринга қўшиқ на хожат?..”
Ўринга чалқанча ётиб кўзларимни юмдим: “Зора ухлаб қолсам”. Бўлмади. Барибир, дам олиш хонасига кириб бордим. Дарров бир оромкурсини бўшатиб бердилар. Хонандалар навбатма-навбат куйлашяпти, раққосалар хиром айлашяпти. Давра зўр, яхши бир байрам зиёфати ўтказилаётган экан. Навбат хилма-хил ноз-неъматлар тортишга келди. Ана кабобу сомсалар, буғи уфуриб турган ош!.. “Кўрмоқ бор-у, емоқ йўқ”, деган гапнинг асл маъносига энди тушундим. Тоқатим тугаб палатага қайтдим: “Кўзимни юмиб ётаверсам, ухлаб қоларман”.
Эшикдан кириб ҳайрон бўлдим. Чиқаётиб чироқни ўчирган эдим, ёниб турибди. Столда эса ихчамгина бир тугун, ёнида иккита ёпган нон! “Ёпирай, тушимми ё ўнгимми?” Дарров тугунни ечдим. Пахта гулли косада иссиққина ош, устида салмоқли гўшт бўлаги! “Буни ким олиб келдийкин, нега эгаси йўқ?” Йўлакларни, кутиш залларини айланиб изладим. Таниш одам кўринмайди. “Ҳа, топдим, — ўзимча хулоса ясадим. — Хотиним қизимникига қўнғироқ қилиб айтган. Қизимнинг вақти зиқ бўлса, куёв машинасида олиб келган-да, хонада йўқлигим учун ташлаб кетаверган. У шунақа камгап, тортинчоқ. Қорин сурнай чалиб турганда ош келтирганни қидиришнинг ўзи бемаънилик. “Ол, косани бу ёққа, Асадбой!”
Ош тушмагур ёғлиққина экан. Бир зумда пок-покиза туширдим. Электр човгумда чой қайнатиб, майдалаб хўплаб, роҳат қилдим денг. Қорин тўйди, очлик даф бўлди. Энди қизимга қўнғироқ қилай, бемаҳалда бунақа овора бўлиб юришмасин.
— Гулноз, қор қалин, яна қоронғи бўлса. Ҳусанга айт, бемаҳалда машина ҳайдамасин. Менда ҳамма нарса ошиб-тошиб ётибди, касалхонанинг овқатлариям чаккимас, айни бизбоп экан…
— Ада, нималар деяпсиз, тинчликми ўзи?
— Ия, ошни сизлар олиб келмадингларми? Мен ойинг хабар бергандир деб ўйлабман.
— Қанақа ош? Қишлоқнинг телефони ишламаётибди. Нима? Касалхонага тушиб қолдингизми? Ҳозироқ етиб бораман! Касалхона овқатларини менам жуда яхши биламан. Ўзингиз тузукмисиз?
— Ҳай-ҳай, шошма, қизим! Эҳ, негаям телефон қилдим-а…
Хуллас, қизимни аранг қайтардим. Бироқ эртага азонда албатта етиб келадиган бўлди. Мен эса ўйга толдим: “Бу тугунни қайси меҳрибон ташлаб кетдийкин? Нега кутиб турмайди? Буёғи қизиқ-ку! Э, ким бўлсаям идишига келар, муҳими, қорин қайғусидан қутулдим”.
Мазза қилиб ухлабман, туману булутлар тарқаб, ҳаво очилиб кетибди. Бу ердан Қорақоя тоғлари дераза оша баралла кўринаркан. Қордан оппоқ пўстин кийган қоялар ярақлайди. Зиғирчаям ғубор йўқ. Кайфиятим чоғ, дардим ҳам туман-булутлар билан бирга изсиз ғойиб бўлибди. Енгилгина бадантарбия қилиб, ювинишга тутиндим. Шифохонанинг чаққоной қизлари нонушта ташлаб кетдилар. Чойни дамлаб, пиёлани энди оғзимга олиб борган эдим, қаршимдаги қўшни палатадан аёл кишининг зардали овози эшитила бошлади: “Анқайиб ўтирмай, уёқ-буёққа қараб юрсангиз бўлмайдими? Ўзингизга ўхшаб лаллайган ўғлингиздан бериб юборасизми ош деганни?”
— Овозингни кўтарма, — аёлига танбеҳ берди қўшни хонадаги норғул йигит. — Ҳа, энди, шу одамга буюрганакан-да. Ёши улуғ, дардиям анча оғир шекилли. Қўявер, савоби бизга тегади.
— Савобидан ўргилдим! Кеча очдан-оч ётибсиз-да? Жилла қурса, идишларимни олиб беринг, обкетай.
— Э, қўйсанг-чи, шу замонда одам оч қоладими…
Мен ётган ўн иккинчи палата эшиги секингина чертилди. Ўзимни ҳеч нарса билмаганга-эшитмаганга солиб, “кираверинг”, дедим-да, кўзларимни юмганча ётавердим.
— Кечирасиз, амаки, кеча ўғлимиз бир идиш қўйганакан, — норғул йигит ўнғайсизлана-ўйғайсизлана воқеани тушунтирди.
— Қарздор бўб қолибмиз-ку, ука! Осмондан тушган ош экан, совиб қолмасин деб…
— Э, нималар деяпсиз, амаки! Ош бўлсин, мингдан минг розимиз!
Касалхонадаям, уйга чиққанимдан кейин ҳам норғул йигит билан учрашиб қолганимда “осмондан тушган ош” ҳақида эслашиб, кулишиб юрдик.