Бола ўчоқбошида эди.
Тарёк уриб ўтирган нашаванд чоллар орасидан отасининг бўғиқ ва заҳил овози эшитилди.
Шифтидан белга қадар тутун қоплаган ўн бир балор тарафга икки бўлак новвот, бир тугунчак парварда олиб жўнади.
– Чой! – деди отаси – Кўкчой дамла, аччиқ бўлсин.
Таъкидни ундан бўлак ҳеч ким эшитмасди. Меҳмонлар турли алфозда; қийшайиб, тебраниб, чайқалиб, мук тушиб, мудраб ўтирарди. Отаси пиёлани бўйнидан баланд кўтариб, боши эгик қотиб қолган эди гўё.
– Ҳозир, – деди парвардани дастурхонга сочаётиб.
– Нима дединг!?
Аччиқ шапалоқ боланинг чап юзини қизартирди. Сўнг қизиди.
Қишнинг суяктешар ва замҳарир аёзи нам тепган қабоқларини симмиллатди.
У ҳеч қачон тарсаки еб кўрмаганди.
– Гапнинг фаҳмига етмайдиган бефаросат! – Уй эгаси бир бўлак новвотни тилининг тагига ташлаб, чўлпиллатиб шима бошлади.
– Хўпнинг отаси ўлибмиди, аҳ, гўдаккина!? – Қотма бобой қўлини пешонасига тираб, кўзлари сузилиб чўкиб кетаверди.
Иссиқ ва димиқ ҳовирнинг зўридан дераза ойналари терчилай бошлади.