Анвар Суюн. Оқтирноқ (ҳикоя)

Уни илк бор Ғўбдинтоғ этагида учратдим.

Қуёш нурлари нимжўш рутубатни кесиб, тираманинг ачимтир иссиғи забтига олганида яйдоқ далада лўккиллаб кетиб борарди. Аҳён-аҳёнда бийдай ялангликда ис олиб чопар, гоҳида бўйнини чўзиб шувоқлар орасига ҳезланиб тикилиб қоларди…

Ови бароридан келмаса, яна сомонпояси йиғиб олинган майдонга чиқиб оларди.

Одам оёғи узилган адоқсиз дашт саҳнида ундан бўлак қора кўринмайди. Пастқам тепаликларга яқинлашавергач, йўлини ўнгга бурди. Сел йўлида ҳосил бўлган жарликлар оралаб, шох-шабба ва қуш патлари уюлиб қолган қўқимларни ҳидлаб кўрди. Сўнг кунгай тарафдаги қиялама сари йўртиб кетди. Этакдаги тўқайга ўхшаш бодомзорда санғиб юрди: муллатўрғай қувди, ковулнинг қотган меваларини териб еди, эски қўшхонада1 алланиманинг қолдиқларини титкилади. Ичида овқатюқи қотиб қолган целофан идиш кузнинг енгил шабадасида пириллаб, итнинг оғзида осилиб борарди. Дарахт шохларидаги дашт қушлари елим халтанинг шитирлаши ва итнинг бир маромда йўртишини қизиқсиниб кузатиб туради. У ёввойи бодомлар орасидаги акас тагида оёқ илди. Тандирнинг оғзидек ковак ичига ер бағирлаб ўрмалай бошлади…

Сангзор ва Зарафшон орасидаги кимсасиз Ғўбдин даштига бу ит қаердан келиб қолган?. Қандай аянч қисмат одамлардан олис, овлоқ манзилга улоқтириб ташлаган? Қайси қилмиши бундай тақдирга рўбарў қилган? Ҳеч ким бундай саволларга жавоб бера олмас, очиғи, унинг ҳаёт тарзи ҳеч кимнинг хаёлига келмас эди. Ҳа-я, назардан батамом қолган, ташландиқ эмасди: болалаган кезлари кузатувда бўларди. Ишқибозлар зимдан пойлаб, изма-из юриб инини топарди; ҳали кўзи очилмаган кучукчасини хуржунга солиб, дунё топган калдек суюниб қайтарди. Чўпонлар: “Болалари бўрибосар бўлади”, дерди. “Биттаси икки қашқирга тенг!” деган гаплар ҳам улардан чиққан. Қизиқ, лақабиям турлича эди.

– Ғубурсойнинг кучуги, – деди бир куни опам гап орасида.

– Саройлининг саёқ ити! – жаҳл қилувди мешини ғажиб кетганида Зубайда қўшнимиз.

– Олаҳўкки! – деб эди раҳматли Исмат чўпон бир маъракада.

Исмат чўпоннинг нега Олаҳўкки деганига ҳалигача тушунмайман. Чунки унинг оласи йўқ, қизғиш малла, туғма чўнтоқ эди. Шалпанглаган қулоқлари, калта тумшуғи эт олган пайтлари ўзига ярашиб турарди…

Ўшанда олтинчими, еттинчими синфда, ишқилиб, кичкина мактабда ўқирдим. Болалар тўққизни битиргач, катта мактабга ўтарди. Шуниси эсимда. Кўпкарилаб кетган дадам бир ой деганда номозшом маҳали қайтди. Санчқи билан ғарамдан пичан суғираётувдим, отнинг узун-узун пишқириғи эшитилди. Дарвоза ёнидаги оққа бурканган отлиққа кўзим тушди: дадамни ҳам, Чамбил лақабли отимизни ҳам чарчоқ босиб турарди. Жониворнинг тарам-тарам ёлида, дадамнинг қайрилма мўйловида томчинусха сумалаклар бор эди.

– Қоронғи томда катта қилсанг, – Чамбилни отайвонга олаётувдим, отам кеча-бугун кўзи очилган кучукчани узатди. – Қопқир бўлади!

Гидикнинг мизожи яхши экан, сал кунда қора овқатга ўрганди. Қиш охирида тозидек ингичка, лекин бўйдор итга айланди. Икки қор босганида қишлоғимизнинг олди ити бўлди. Мен уни олти ой қоронғи томда сақладим. Шу боисмикан, дадам айтганидек, қопқир ва баджаҳл бўлди. Каттаравергани сайин қўни-қўшнилар сескана бошлагач, ҳовлимиз этагидан гуваладан ин қурдик. Белбаравар қозиқ қоқиб, бойлаб қўйдик. Аввалига оти йўқ эди, укам иккимиз дуч келган ном билан чақирардик. Ҳайит арафаси меҳмонга келган аммам бир-икки ҳайиқиб: “Ол, анов Оқтирноғингни?!” дегач, лақаби Оқтирноқ бўлиб қолди.

Бир сафар занжирини узиб, Қўзибой бобони босганида дадам қаттиқ бақирди.

– Миянг суюлиб кетганми? Ҳеч замонда итнинг занжирини чилвир билан илдирадими қозиққа?! – отам жаҳл билан Оқтирноқни катаги томон судраб борарди. – Симбуров солсанг, қилт этмайди-ку! Бўрига илакишган Олаҳўккидан бўлса бу…

Ногаҳон Олаҳўккининг зурриёди эканлигини билдим. Қўзибой бобони қопган бўлсаям меҳрим ошиб кетди. Чунки унинг болаларини ҳамма орзу қилар, айниқса, чўпонларнинг ишқибозчилиги зўр эди. Ич-ичимдан суюндим. Дадам кейинчалик нега сир сақлаганини айтиб берди. Олаҳўкки йилда бир марта, ёлғиз бола туғармиш. Бирагай кучук ниҳоятда олғир бўлармиш. Кучга тўлганида ҳар қандай қашқирнинг додини берармиш.

Яна, бўрини оладиган итни сиртлон ҳам дейишади. Сиртлонларнинг орқа оёғида олтинчи тирноғи бўлади. Тирноғи еттита, яъни қўшсиртлон итлар ҳам бўлади. Бунақалари жуда кам учрайди. Қишлоғимиз кексалари: “Улар бўри билан олишганида сиртлон тирноқлари иш беради”, деб кўп гапирарди. Оқтирноғимизнинг олд панжасида ҳам қўшсиртлони бор эди. Дадам: “Бунинг томирида қашқир қони оқаётир!” дегич эди пийпалаб эркалаганида.

Оқтирноқ уч қор босганида танатўш олди. Ўмровлари кенгайиб, бўйни қалинлашди. Шунга яраша панжалари ҳам йўғонлашди. Калласи хумдек эди. Овози дўрилдоқ – қандайдир ваҳимали жаранг сочарди. Уйимизга бегона келса ёки ҳамсояларнинг моли дарвоза ҳатласа, чунонам ташланардики, гоҳида занжирини узмасайди деб қўрқардим. Тенгқурларим ҳам ҳавас, ҳам ҳасад билан қарарди. Баҳайбат гавдаси, бўри келбати одамни ҳайиқтирарди. Айниқса, туғма чўнтоқ думи, тагидан кесилган қулоқлари янаям ҳайбатли кўрсатарди. Қизғиш кўзлари қўрқувга соларди кишини. Унинг яна бир ғайриоддий қилиғи бор эди: узун қиш кечалари увлаб чиқарди. Ҳар гал увлашдан олдин қисқа-қисқа ҳуриб оларди. Унинг бу ҳуриши кўпроқ чийиллаб-ғингшиётганга ўхшарди.

Ўлимидан кейин кўп ўйлаб юрдим: нега бундай қиларди? Қандайдир сири бормиди?.. Ҳалигача тагига етганим йўқ. Лекин, отамнинг “Ота томонига тортди-да!” деган гапи хотирамда.

Чамбилимиз энг катта солим – туяга ташлаган куни Оқтирноғимиз яна занжирини узди. Аввалига катагида жимгина ётган эди. Мен қўтондан қий чиқараётувдим. Дафъатан инидан отилиб чиқиб, қибла томонга силтаниб ҳураверди. Ҳовлимизни унинг мағрур ва дўриллоқ овози тутиб кетди. Ҳар силтанганида катаги баравар сакраб занжирини узгудек отиларди.

– Қара ановга! Нон-пон ташладингми? – деди опам ошхонадан чиққан пўчоқларни сигиримиз охурига тўкаётиб. – Оғилнинг сиртида дайди итлар юрибдими дейман.

Куракни олиб сиртга чиқдим. Шунда… ёнимдан бир кўланка ўқдай учиб, кўкрак бўйи девордан ҳатлади-ю, кўздан йўқолди. Сўнг итларнинг ғала-ғовури, айримларининг уввос солиб чийиллаши эшитилди. Ҳамза подачининг беткайлигида Оқтирноқ ўнга яқин ит билан олишиб ётарди. Йўқ, Оқтирноқ эмас, ўнга яқин арлони ит бир-бири билан олишиб ётган эди. Қулоғи кесилмаган қанжиқ беткайликда лўкиллаб кетиб борарди. Бирпасда болалар жам бўлиб итларни олкишладик. Мен қўнғир итни тагига босиб олган Оқтирноғимизга кишт бериб турдим. Қўнғир Оқтирноқнинг тагидан сибжирилиб чиқар, у эса зилдай гавдаси билан босиб оларди. Гоҳида тик туриб савашар, Оқтирноқ бир зарб билан қулатиб яна тагига оларди.

– Итинг ҳадисини билмаскан!

Кутилмаган хитобдан ортимга бурилдим. Исмат чўпон олишувни бамайлихотир, лекин синчков кузатиб турарди.

– Эшакдай гавдаси, туядай кучи бор! – чўпон ўзига ўзи гапирaётганмиди ёки менга айтаётибмиди англаб бўлмасди. – Икки марта Қўнғирнинг бўғизи тўғри келди. Эплолмади. Бир ҳамлада жулунини қайириб, майиб қиладиган савлати бор-а…

Лекин чўпоннинг айтгани бўлмади. Оқтирноқ рақибини босиб тураверди-тураверди. Бир маҳал жарнинг нишаблиги ўнгай келганда, Қўнғир сибжирилиб чиқди-да, тура қочди. Оқтирноқ жаҳд билан қувсаям ета олмади. Қўнғир думини чоти орасига олиб, қишлоқ оралаб кўздан ғойиб бўлди. Итимни судраб келиб, занжирини қозиққа қалин сим билан бойлаб қўйдим. Шу пайт бўйнининг остидаги жароҳатга кўзим тушди. Териси бир қарич кесилган эди. Силқиллаб қон томчиларди. Тасмасини авайлаб олиб, елкаси ва тўшидан арқон ўтказиб боғладим. Дадам келгунча катта энам иккимиз кепак қиздириб босдик. Эски рўмол билан бўйнини ўраб қўйдик.

– Нима бўлди бунга? – қош қорайганда узангидошлари билан қайтган дадам итни кўздан кечираётиб сўради. – Пичоқ билан тилгандек-ку!

Хуллас, дадам алламбало, ҳиди ўткир дорилар билан анча вақт муолажа қилди. Ҳар сафар малҳам сураётганида эски чопон билан тумшуғидан ушлаб турардим. Қиш адоқлаб, кўклам оёқлагунгача зўр бериб қарадик. Билмадим, аммамнинг катта ўғли келиб, Оқтирноқни олишувга олиб чиқмаганида ёки уни уриштиришига қарши турганимда бошқача бўлармиди…

Заман ака – аммамнинг катта ўғли, дадамнинг тўнғич жияни эди. Шу боисмикан, эркатойлиги бизникида ҳам ўтарди: уйга келса истаган ишини қилар, хоҳласа от минарди ёки “Жигули”мизни учириб келарди. Негадир отам кўп қаттиқ гапирмасди унга. Айниқса, Чамбилимизни терга пишириб келган кезлари “Айтинг, минмасин!” деб жиғибийроним чиқарди.

– У – меҳмон, сен – уй эгаси! – деб вазмин гап қотарди дадам. – Бир терлагани билан отинг ўлмайди. Қайтанга, пишади.

Заман ака эса билганидан қолмасди. Худди тоғбегидек кўнглига келганини қиларди. Шаҳарда дўхтирликка ўқирди. Шунинг учунми, ўрисча аралаштириб гапирарди. Ҳа-я, унинг оти аслида Заман эмас, Абдузамон! Негадир “абду”си тушгач, хунуккина “заман”га айланиб қолган.

– Ҳей, Боташ! – деди ўша куни кулчатойни еб бўлгач. – Давай, кучугингни обчиқ. Ҳозир чўботлар келади, уруштирамиз: бир қўй тикиб, гаров ўйнаганман.

Дадам эшитмадими ёки пайқамадими, ишқилиб, ҳеч нарса демади. Нима қилай деган маънода қараган эдим, парво ҳам қилмади. Дастурхонга омин айтилгач, ноилож қўзғалдим. Истар-истамас Заман аканинг ортидан тушдим. Оқтирноқ анчадан бери қозиқда турганлиги учун мени судраб чопқинлар, узоқдаги итларни кўрса ваҳима солиб ҳуриб қўярди. Ҳаш-паш дегунча атрофимизда тенгтўшларим кўпайиб кетди. Барчаси олишувни муҳокама қилиб борар, мен эса занжирни маҳкам қисиб олдинда йўртиб кетардим.

Каллалисойга етганда уларнинг қораси кўринди. Ўн чоқли бола увоққина бир итни ўртага олиб, бўйнини сийпар, елка ва оёқларини уқаларди. Ит шунга ўрганган, шекилли, тумшуғини чўзиб, гавдасини кериштириб, ажиб бир ҳолатда мазза қилаётгандек эди. Яқинлашаверганимизни кўриб, олдинма-кейин сойга тушишди. Сойнинг текисроқ жойини танлаб, майда тошлардан улкан айлана қилдик. Заман ака уларнинг Тенгбой дегич каттаси билан музокара қилди. Иккови ўртага бир қўйнинг пулидан тикиб, холис одам – ўнгатлик Қуролбой жўрамга бериб қўйди. Ашур ака ҳакам бўлди. Дарвоқе, Оқтирноқ уларнинг итини кўргач, шовқин солиб, силтаниб ташланса ҳам, у парво қилмас, эгасининг ортидан майда қадамлар билан йўрғалаб кетаверарди. Ҳайиққан-ҳайиқмаганини билиб бўлмасди. Доира ичига солиб, жангга ташлаганимизда ҳам ҳурмади. Фақатгина ириллаб, тишининг оқини кўрсатиб, илкис Оқтирноққа ташланди.

Биринчи бўлиб ҳужумни у бошлади. Итимнинг чап болдиридан олиб, пийпалаб ғажишга ўтди. Оқтирноқ улкан гавдаси билан суриб бориб ётқизди. Қарчиғайига оғиз солиб, пастга босди. Унинг бели майишиб, бир амаллаб Оқтирноқнинг чап томонига ўтиб, биқинидан олди. Ўша кез баҳайбат Оқтирноғимнинг қоядек ағдарилганини ва чўботлар ити илдамлик билан бўғзига чанг солганини кўрдим. Ичим идраб кетди. Оқтирноқ хириллар, менинг эса қоним қайнаб-тошарди. Даврадан қисилиб чиқиб ажратмоқчи бўлдим. Кимдир тирсагимдан тортди.

– Нима дейсан, итинг олдирганини тан оласанми? – деди Тенгбой Заман акага.

– Ҳе, нима деяпсан?! Ўлигини олиб кетасан лайчангнинг!

Заман аканинг шу гапидан кейин доира тарафга бурилдим. Оқтирноқ чўботлар итининг устига чиқиб, тўғрироғи, дустаман ётқизиб, қулоғини чайнаб-пийпаларди. Елкамдан тоғ ағдарилгандек, шу топда ўзим ғалаба қозонаётгандек эдим. Афсуски, рақибимиз ўта чайир, чайир ҳам эмас, қайиш экан. Чапдастлик билан буралиб, зилдай босиб турган кўланкадан халос бўлди. Иккиси ажрашиб, яна урушмоққа тушди.

– Ҳей, қаранглар! Кўктой дум ташлади, – деди қўшнимиз Ҳамроқул қичқириб.

Ҳақиқатан ҳам, чўботларнинг кўк ити шалвираб, гажак думи осилиб қолган эди.

Орада анча баҳс бўлди. Биров ундай, биров бундай деди. Тортишувга ҳакам – Ашур ака нуқта қўйди:

– Яна бир марта қўямиз, қайси бири босса шуниси ғолиб!

Итлар майдонга тушиши билан аввалги шижоатга минди. Олдинига тик туриб савашди. Бунда Оқтирноқнинг қўли баланд келди. Ўнг панжаси билан Кўктойни уриб ағдарди-да, сағрисидан босди. Оқтирноқнинг тик туриб савашишда ғалаба қилиши аниқ. Чунки унинг танаси рақибиникидан анча йирик эди. Кўктой жуда чаққон ва урушишнинг ҳадисини олган экан. Чапдастлик билан ўнгланиб, Оқтирноқнинг чотига тиш ботирди. Ётган жойида бир ағдарилиб, Оқтирноқнинг орқа томонига ўтиб олди. Шунда итимнинг орқа ўнг оёғи чўзилиб, ноқулай туриб қолди. Кўктой шуни пойлаб турган эканми, орқага тисарилиб Оқтирноқни резинадек чўза бошлади. Бояқиш ҳеч нарса қила олмас, фақат ортига қараб ирилларди. Тағин ичимга ваҳима тушди. “Бор-е!” деб ажратиб олиш учун доира томон юрдим. Кўктой энишда эди. Тисарилиб тортавергач, тобора пастлайверди. Кутилмаганда Оқтирноқ илкис ортига буралиб силтанди. Кўктой яна унинг тагига тушди. Оқтирноқ рақибининг чаккасига оғиз солиб пийпалайверди…

– Бўлди! – деди чўботлар орасида биров йиғламсираган овозда. – Итимни ўлдириб қўяди.

Ашур ака қўлидаги халачўпни Оқтирноқнинг оғзига солиб буради. Кўктой озод бўлди ва қимир этмай тилини осилтириб тураверди. Оқтирноқ чўлоқланиб четга чиқди.

– Ҳо-ов, болалар! – кўзи қисиқ бола туйқус гап бошлади. – Манов кучук четлади – ютқизди!

Тағин баҳс бошланди.

– Келинглар, охирги марта майдонга туширамиз! – Ашур ҳакам жанжалнинг олдини олиш учун муросага келтирмоқчи бўлди. – Қайси бири енгаркан?

Мен норози бўлдим. Қонга беланган Оқтирноққа ичим ачиди. Айниқса, тинган кўзлари, осилиб турган тили, чотидаги кесик жароҳати раҳмимни келтирди. Заман ака зўрлик билан даврага тортди. Оқтирноқ судралиб борди. Лекин… Кўктой ириллаб у ер-бу ерига чанг солганда ҳам айиқдек бепарво турди. Сўнг оғир қадамлар билан айлана четига чиқди.

Чўботликлар калака қилиб кулишди. Заман аканинг жаҳли чиқди. Муштдек тошни олиб Оқтирноққа улоқтирди. Тош унинг биқинига текканида бир силтаниб тушди.

– Тфу, бунинг дальтоник1, ҳа, қип-қизил дальтоник! – деди Заман ака жаҳлини жиловлай олмай. – Бунинг фақат уйингга келган бегонани, қўшнининг молини кўради. Манов лайчани кўрмайди. Уни кўриш учун кўз керак, юрак керак!

Мен Оқтирноқни етаклаб қияга ўрладим. Болалар тарқалишди. Зиён асабига урган Заман ака сой ўртасида ҳамон шунга ўхшаш гапларини такрорларди:

– Бўрини олади десам, чиниминан кўппак-ку бу! На олишишни билади, на чап беришни. Ғирт дальтоник: уйга бегона келса босиши керак, мол-ҳол остона ҳатласа ўтакасини ёриши керак. Ўргилдим, сенга ўхшаган Оллаҳўккининг боласидан. Касал – бу!

Кечқурун мол-ҳолни тинчитиб уйга кирганимда дадам қоракисалик чавандозлар билан гурунглашиб ўтирган экан.

– Заман жиян кўринмайди?! – деди чой кўтариб кирганимда.

Чидаб туролмадим. Оқтирноқнинг аянчли ҳолидан ичим эзилиб кетганди. Назаримда, ўлар ҳолга келганди у. Ҳиқичоғимни базўр босиб:

– Заман кетди, Оқтирноқни ўлдириб тинчиди! – дедим йиғламсираб.

Полвонлар бири олиб-бири қўйиб мени тинчлантирди. Дадамга ҳаммасини айтиб бердим.

– Парво қилма! – маслаҳат берди тўрдаги шопмўйлов меҳмон. – Бундан бу ёғига кечқурунлари бўшатиб, эрталаб бойлаб қўй. Шунда пишади, уқдингми!

– Тўғри айтасиз, Оқбўта ака! – дадам маъқуллаб гап қўшди. – Бунинг кучуги занжирини узиб бўшалмаса, бўш қўймаймиз-да. Шунга ўнглаб уруша олмаган. Уззукун бир қозиқда тургандан кейин қайдан билсин?

Шу билан гап ўзани бошқа томонга бурилди.

– Ҳайвондир, одамдир, нимаики бўлмасин, сал эркинлик керак, кўпга аралашиб туриш керак, – пиёлани кафтида ўйнаб ўтирган Абдул чапақай дегич қўшилди орага. – Бу – ит экан. Ўнгатлик Шукур ҳосилотнинг гап-сўзидан умуман ҳафсалам пир бўлди. У шаҳардаги Толли жиян билан томир бўламан деб хўп кўрди. Болалари бўшанг, шекилли, муроди ҳосил бўлмагач: “Ўғлинг ўнгли бўлмасаям қийин экан”, деб нолиб юрибди. “Минг қистасам ҳам, шаҳарга бормади шўрингқурғур”, деди у куни тегирмонбошида. Нима эмиш, куёв бўлмиш шаҳарлик қизлардан ҳайиқармиш.

– Ээ, Абдул ака. Ҳосилотнинг болалари уйдан кўчага чиқмаган, бешикдан тушганидан бери сурувнинг кетидан эргашиб юрган бўлса, – шопмўйлов полвон гапни илиб кетди. – Уларда нима гуноҳ, асли Шукур зиқнани уриб кетган. Битта-яримини ўқитганида ёки мундай бир элга аралаштирганида боланинг ўзи қизни етаклаб келарди.

Ҳангома анча чўзилди. Пешма-пеш чой дамлаб, қайнатманинг косаларини йиғиб олдим. Ойим хамир ийлаб, кулчатой тадоригига киришаётган эди…

Эрталаб Чамбилни яккамихга олиб, қўйларга арпа бераётганимда қўноқлар турнақатор бўлиб уйдан чиқди. Аввал дадам билан, сўнг катта энам ва ойим билан хайрлашдилар. Ғовга етганида Абдул чавандоз жиловни тортиб менга юзланди:

– Бўрибосарингни ҳар оқшом бўш қўй, улим. Ўтган-кетган итлар билан талашаверса, ўйини кўпаяди. Ҳадемай қашқир билан довлашадиган бўлади.

Дафъатан Оқтирноқнинг катаги тарафга қарадим…

У кўринмасди. Молларнинг охурига емиш ташлаб, теваракни кўздан кечирдим. Қозиғига илдирилган занжирга кўзим тушди: бир учи катакнинг ичига кириб кетган эди. Уясининг тўри чуқур ва зах экан. Аввалига “маҳ-маҳ”лаб чақирдим. Қиё ҳам боқмади. Занжиридан тортиб, чиқармоқчи бўлдим…

Катагининг тўрида ғужанак бўлиб, тош қотиб қолган эди.

Дадам иккимиз Каллалисойга судраб кетаётганимизда Қўтирқоянинг устида нимадир чўнқайиб ўтирарди. Белдан ошаётганимизда бир-бир қадам ташлаб пастга энди. Оқтирноқни кўмиб, устидан тупроқ тортгунимизча қияда ўтирди. Сўнг бир маромда лўккиллаб дашт томонга йўл солди. Белга кўтарилганимизда қори кетиб, қора-қўнғир тус олган майдонда кетиб борарди. Узоқлашгани сари бепоён дашт саҳнида кичик нуқтага айланиб, тунд табиат қўйнига сингиб бораётгандек эди.

“Ёшлик” журнали, 2015 йил, 8-сон