Анвар Обиджон. Шомурод ҳасибфурушнинг футболга боргани (ҳажвия)

Азиз Несинга таъзим ила…

Бир тоғора ҳасибни кўтариб Шайхонтовурга чиқсам, кўчада одам танқис, ҳамма ўзини футболга урворибди. Харидорнинг кетидан қувиб менам стадионга кирдим. Кирдим-у, юрагим орқага тортди. Ёпирай! Ҳеч каснинг бошига тушгулик қилмасин-у, агар шунча одам тўйингга бостириб келса борми, узоғи билан икки минутда хонавайрон бўлмасанг, мана мен кафил.
Оломоннинг авзойи чатоқлигини кўриб, ҳасибни очишга юрагим бетламади. Хайриятки, бир барзангининг ёнида бўш жой қолган экан, тоғорани ўртага қўйиб ўша ерга ўтирдим. Биздан нима кетди, шу футболиниям бир кўрсак кўрибмиз-да, дедим.
Майдонга қарасам, ярми сариқ, ярми қизил майка кийган бевош ўспиринлар қирқта сигир боқса бўладиган ажриқзорни бемалол тепалаб юришибди. Ҳой, кўзингга қара, дейдиган одам йўқ. Тўсатдан жаҳлим қўзиди: «Ҳў, халойиқ! Бу зараркунандалар ҳаммаёқни тепалаворди-ку! Савобгарчиликка биргалашиб ҳайдасак бўлмайдими?»– деб бақирдим. Ёнимдаги барзанги «сизга қайси бири ёқмаяпти ўзи, акахон», деб пичинг қилувди, «барини ҳайдаш керак – сариқларниям, қизилларниям», дедим. Шунда олдинги қатордаги бир дингқулоқ шартта менга ўгирилиб «сариқларга яна тил тегизсанг, кўзингни ўйволаман», деди. Касалмандлигини ҳисобга олиб, у билан гап талашиб ўтирмадим, ўзи боядан бери шу одамга жуда раҳмим кептурувди. Бечоранинг тутқаноғи бор шекилли, тўп сариқларга тегса, тиззасини ўйнатиб, елкасини учирди. Қизилларга тегса, калласи «қалтир-қалтир, қалтир-қалтир» титрай бошлайди денг.
Ё тавба, шу ўйиннинг нимасини томоша қилишаркин? Тўпи бор ўйинчи югурса-ку бир нав, тўпи йўқлар нимага ҳакиллаб юрибди, шунга ҳайронман. Майсани топташганиям майли, кўпчиликнинг ичига шим киймай чиқишганиям майли, ҳеч бўлмаса, ўзидан каттани ҳурмат қилишни билмайди-я, бу ҳумпарлар. Қарангки, қора кийимли бир мўйсафид тили осилгудек бўлиб ҳали у ёққа чопади, ҳали бу ёққа чопади, қани энди ноинсоф ўспиринлар унга тўп беришса. Ҳатто, «мен бу томондаман, укажонлар», демоқчидек ҳуштак чалсаям парво қилишмайди денг. Буни кўриб яна зардам қайнади. Қўлимни оғзимга карнай қилиб: «Ҳў, тарбия кўрмаганлар! Отанг тенги одамга ҳурмат шуми?» – деб дўқ урдим. Ёнимдаги барзанги ниманидир кавшаб туриб, «вей, ака, алжирамасдан жим ўтиринг энди», деб кўзини олайтирди. Аҳвол шу-да, ҳақиқатни гапирсанг, дарров жиннига чиқаришади.
Тузи пастроқ гап айтиб барзангини сал музтар қилмоқчи бўптурувдим, каллам қўққисдан фойдалироқ томонга ишлаб кетди. Ие, тўхта-чи, Шомуродвой, дедим, бу ишкамба мабодо бизнинг фирмага қарашли ҳасибни чайнамаяптимикан, деб ўйладим. Тоғорага ёпилган сочиқ анча пастлаб қолганини кўрдим-у, шубҳам баттардан кучайди. У қарса-қурс чапак чалиб, «ур-ур, «Пахтакор!», «ур-ур, «Пахтакор!» деб ҳайқиришга тушганидан кейин ҳасибни егани аниқ сезилди-қолди. Ҳа, ҳасиб жуда кучли нарса. Барзангига қўшилиб, ҳасиб емаганларам бақира бошлашди. Шуниси қизиқки, улар қанча қаттиқ бақиришса, сариқ майкали ўйинчилар майсани шунча кўп тепалашди.
Текин ейилган ҳасибларни ҳисоб-китоб қилволиш учун тоғорани бу томонга олиб барзангига яқинроқ сурилган пайтимда қизил майкали ўйинчилардан биттаси тўсатдан тўпни илиб қочди. Зинғиллаганича бориб, дарвозага шунақанги варанглатиб тепдики, ҳатто оёғидаги ботинкасиям учиб кетди. Тўп дарвозанинг у бурчагига, ботинка бу бурчагига кирди. Стадион ўти ўчган самовардек жимиб қолди. Олдимдаги дингқулоқ «Вой-е-ей!» деб кўкрагини чангаллаганича, шилқ этиб тиззамга йиқилди. Орқадаги боланинг лимонадини олиб, бетига сув пуркаганимни биламан, ҳалиги дингқулоқ бирдан уввос солиб, ўрнидан туриб кетди-ю, «кўзни единг, итвачча», деб бўкиришга тушди. Қарангки, шошилишда лимонадга қўшиб оғзимдаги носниям пуркаворибман. Хайриятки, дўхтирлар бор экан, уни мошинага босиб касалхонага опкетишди. Юрагинг пачава бўлгандан кейин, тўп уришни биладиган томонга ишқибозлик қилсанг ўласанми, деб ўйладим.
Ақлли одамнинг садағаси кетсанг арзийди. Тўп киритилгандан кейин қора кийимли мўйсафид ниҳоят ўспиринларни муросага келтириб, сариқларни бу томонга, қизилларни у томонга ажратиб ташлади. Тўғри-да, қайсидир донишманд майдонни илгаритдан теппа-тенг бўлиб берган экан, бировнинг томонида пишириб қўйибдими? Агар мақсад тўп киритиш бўлса, ўзингни тарафингдаям тап-тайёр дарвоза турибди, бошқаларникига уришинг шартми?
Мўйсафид шўрлик шунча уринди-ю, куйиб-пишганини барибир чиппакка чиқди. Ҳуштак чалиниши биланоқ, безори ўспиринлар ҳасибдаги гуруч билан қиймадек яна бир-бирига аралашиб кетишди.
Бир пайт баданимнинг қитиғи келгандек бўлди. Мундоқ қарасам, барзанги қўшнимнинг кўзи ўйинда-ю, қўли оёғимда ўрмалаб юрибди, тимирскиланиб ниманидир қидиряпти. Индамасам, қўлини чўнтагимга суқадиган чамаси бор. «Ҳў, акаси, ҳасиб бу томонда», дедим. Эндигина айбини бўйнига қўймоқчи бўлиб турувдим, тўс-тўпалон тағин авжга чиқди. Сариқ майкали ўйинчилар бу вақтда нариги дарвозани ўраб олишган экан. Улардан биттаси тўпни юқоридан қиялатиб тепган эди, бехосдан бошқасининг калласига тегиб, дарвозага кириб кетса бўладими. Стадионда қиёмат бошланди, қўрқиб тоғорамни қўлимга ушлаб олдим.
Шериклари тўп урган ўйинчининг ёнига келиб, калланг ёрилмадими дегандек бир-бир кўнгил сўраб кетишди. Боши лат еган у ёқда-ю, бу ёқдаги ишқибозлар унга ачинганидан «Ув-в!» деб юборишди. Кейин ўйинчининг калласи бутунлигини кўриб суюниб кетишди шекилли, бир-бирини янги келин-куёвдек «чўлп-чўлп» ўпа бошлашди. Барзанги қўшним мени қучоқлаб, даст кўтарган пайтда, кўргиликни қарангки, тоғорам қўлимдан бехос чиқиб кетди. Одамларнинг устидан бошма-бош сирғаниб бориб, пастроқда бир даранглади-ю, шу-шу қайтиб дараги бўлмади. Ҳе, ўша футболингни кароматидан ўргилай, деб йиғламсираганимча ташқарига юрдим. Дарвозадан чиқаётган чоғимда томошабинларнинг ҳайқириғи орасидан қадрдон тоғорамнинг товушиям эшитилгандек бўлди. Ишқибозларнинг: «Ур, ур, «Пахтакор!» – дейишига мослаб «даранг-даранг», «даранг-даранг» қилади-я жонивор.
Хуллас, ўшандан буён ҳасиб сотгани стадионга бормайдиган бўлдим, аммо-лекин мистоғорам нодонлик қилиб «Пахтакор»нинг ишқибозларига қўшилиб кетди. Ҳа, тоғорамнинг шўри қурсин-а, «Пахтакор» олий лигага чиққунча даранглайвериб, илма-тешик бўпкетмасайди.
1986 йил.